FATTOHHON.COM
« Все новости
Бу актёр томошабинларга жиддий ролларидан ҳам кўра, кўпроқ комедик роллари орқали севимлидир. Аммо, у нафақат комедик, балки драматик ролларни ҳам маромига етказиб ижро қила олади! Нафақат кино, балки аввал театрда ҳам, муваффақиятли фаолият юритган. Ҳозирги кунда экранга чиқаётган фильмларнинг қарийб 80 фоизида бу актёрни кўришимиз мумкин! Кўпчилик режиссёрлар бу актёрни ўзларининг “омад тумори” деб билишади. Бугунги cуҳбатдошимиз халқимизнинг севимли актёри, кўплаб мукофотлар эгаси актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров.
- Ўтган суҳбатларимизнинг бирида театрга қайтиш истагим бор, дегандингиз?
- Тўғри. Театр саҳнасига қайтишга ўзимда ҳоҳиш жуда ҳам катта! Лекин, кинога ҳам, театрга ҳам бўлган иштиёқим, муҳаббатим, интилишларим бир хил. Мисол учун, кино яхши, театр ёмон, ёки театр яхши, кино ёмон, деб айта олмайман! Чунки, иккаласи ҳам меҳнат талаб қиладиган ижод. Шунинг учун ҳам, ҳозир театрга бир–иккита ғояларим бор. Бу албатта, пантомима йўналишлари бўйича. Мисол учун, чет элларда бўладиган фестивалларга, гастролларга ҳали ҳам таклиф қилишмоқда. Англияда ҳар йили “Шекспир фестиваллар” бўлади, Германияда ҳам “Клоунский пантомима” бўйича фестиваллар ўтказилади. Ўша ерларга таклиф қилишмоқда. Лекин, энди сал вақт масаласи муаммо бўлганлиги учун ҳам, мени сал қўлим тегмасдан турибди. Аммо, Худо ҳоҳласа мени театр саҳналарида ҳам мухлислар кўришлари мумкин.
- Режиссёр сифатида ўз спектаклингизни саҳналаштириш ниятингиз ҳам борми?
- Мен кўпроқ актёрман. Лекин, тўғри “Боз масхарабоз” деган бир спектаклни саҳналаштирганман. Бу нарса жуда ҳам катта меҳнат талаб қилади. Ярим йиллаб вақт кетади, жуда кам бўлганда ҳам 3-4 ойлаб вақт кетганлиги учун ҳам, қайтариб айтаман менда вақт масаласи муаммо бўлганлиги учун ҳам, ҳозирча узримни сўраб тураман.
- Ўз ижодингизга четдан назар солганмисиз?
- Ҳа, назар солганман, нега назар солмайман?
- Бир бегона инсон сифатида, нималарни кўришингиз мумкин?
- Бу ҳамма санъаткорда, ҳамма ижодкорда бўладиган нарса, ўзига – ўзи барибир ёқмайди. Мен ҳам кўринишимдан, ишимдан 100 фоиз қониқарли гап айта олмайман. Ўз ишимдан қониқмайман. Ўзим учун бу, шахсан ўзимнинг фикрим! Бошқалар қандай баҳо беришади, билмадим. Ҳаққоний баҳони бошқалар беришади. Ўзингиз берган баҳо, барибир пуч баҳо бўлади.
- Ўзингиз учун таъсирли бўлган ролингиз?
- Ўзим учун таъсирли бўлган ролларим, битта ёки иккита эмас, нечта фильмда ўйнаган бўлсам, ҳаммаси ўзим учун таъсирли. Гоҳида минус, гоҳида плюс. Уни икки оғиз сўз билан гапириб бериб бўлмайди! Чунки кўпгина фильмларда роллар ижро этганман. Ҳаммаси қониқарли, қониқарсиз. Ўша фильмларни кўрганда, “кўп жойларини мана бундай ижро қилган бўлардим, ёки бундай қилмаган бўлардим”, дейман. Шунинг учун ҳам, энг таъсирлисини эътироф эта олмайман.
- Образ таъсирига тушиб қолган пайтларингиз бўлмаганми?
- Йўқ, йўқ. Унақа нарса бўлмаган! Чунки, бизлар актёрмиз, ролга тез кириб, тез чиқа олишни билишимиз керак! Энди, тўғриси ролдан чиқа олмайдиган актёрларни, мен тушунмайман. Менда ундай ҳолат бўлмайди. Актёр ролга тез кириб, тез чиқа олиши керак, деб ўйлайман.
- Ижоддан ташқари яна нималар билан шуғулланасиз?
- Ижоддан ташқари, фақат оилам билан банд бўламан. Мисол учун, бозорларга, магазинларга борамиз. Уларга кўпроқ вақт ажратгим келади.
- Ижоддан ташқари ҳам даромад манбаингиз ҳам борми?
- Йўқ, бошқа даромад манбаим йўқ. Фақат ижодда, даромадим ҳам, ҳаётим ҳам, умуман ҳамма нарса ижодда!
- Томошабиннинг меъдасига тегиб қолмаслик учун актёр нималардан сақланиши керак, деб ўйлайсиз?
- Қайтарилишдан сақланиши керак, деб ўйлайман. Томошабинни меъдасига тегиб қолмаслик учун, кўпроқ янгилик яратиш керак, деб ўйлайман. Ўзи актёр кўп нарсага риоя қилиши керак. Фақат мени айтган нарсаларим эмас, жуда ҳам кўп нарсаларга аҳамият бериши керак. Ўзим ҳам бундай нарсаларга кўп риоя қила олмайман. Ҳамма нарсага амал қила олмайман. Қўлимдан келмайдиган нарсалар бор. Мисол учун, эринчоқлигимиз бор. Нафснинг қули бор. Айтайлик кўп нарсаларга амал қила олмаймиз. Ҳоҳлаймизми, йўқми, амал қилиш жуда ҳам қийин. Шунинг учун қўлимдан келганча амал қиламан. Лекин, амал қилишга интилиш, ҳаракат бор. Энди қанчалик ўхшаш, ўхшамаслигини вақт кўрсатади!
- Машҳурлик сизни ўзгартирдими?
- Машҳурлик мени нисбатан ўзгартирган барибир, ҳоҳлайсизми, ҳоҳламайсизми, барибир гоҳида кибрга кириб кетар экансиз. Лекин, мен кўпинча бу нарса билан курашаман! Камтарин бўлишга ҳаракат қиламан. Кўпчиликнинг кўнглини олишга ҳаракат қиламан. Гоҳида ўзингиз билмаган ҳолда бировнинг кўнглини ранжитиб ҳам қўяр экансиз. Шундай ҳоллар ҳам бўлиб қолар экан. Шунинг учун ҳам, боя айтиб ўтганимдек 100 фоиз амал қилиш қийин масала.
- Кимнидир дилини қаттиқ оғритиб қўйганинигизни эслай оласизми? Ёки ёдингизда узоқ муддат сақланиб қолган ҳолат бўлганми?
- Бўлган... Бунақа ҳолатлар кўп бўлган. Ҳаммасини санаб ўта олмайман. Энди ўрнида ранжитган ҳолатларда, барибир бекордан бекорга эмас, албатта. Ўзим, ўзи бекордан бекорга уришиб кетадиган инсон эмасман! Баъзида хазилкашман, хушчақчақман. Унақа даражада агрессив инсон ҳам эмасман. Лекин, сал жаҳлимни ўйнаб қўйса, ёки сал у бу нарсаси ёқмаса, мен ҳам агрессив бўлиб қолишим мумкин. Қарс икки қўлдан ахир. Ўз-ўзидан ҳеч нарса бўлмайди. Чунки, барибир ҳом сут эмган бандамиз. Бир хилларида уришиб қоламиз, калтак ҳам еганмиз. Бизларни ҳам уришишган, бизларни ҳам ҳақорат қилишган. Барибир бу ер думалоқ экан. Бир вақт сиз кичкина бўлсангиз, кейин кимдир кичкина бўлади. Менимча, дакки ейишлар, кимнидир хафа қилишлар, бугун сизни хафа қилишганлари, бу эртанги бўладиган хатоларни тўғрилашингизга кўпроқ ёрдам бўлади, деб ўйлайман. Шулардан хулоса чиқариб, мулоҳаза юритиб, эртага ҳаётда қоқилмайсиз.
- Ўзингизни ҳам кимдандир узр сўраган вақтларингиз бўлганми?
- Албатта. Кимнидир билмасдан, ёки ноўрин шунчаки хафа қилиб қўйган бўлсам, албатта узр сўрайман! Кези келганда, мен айбдор бўлмаган пайтларимда ҳам, бориб узримни сўраганман! Чунки, менга душман керак эмас. Менга дўст керак. Қолаверса, кимнидир мендан ноўрин ранжиб юришини ҳам истамайман.
- Ўзингизни кек сақлайдиган одатингиз борми?
- Йўқ. Унақа одатларим йўқ.
- Съёмка майдонида ҳеч режиссёрларга талаб қўясизми?
- Талаб эмас, таклиф киритишим мумкин. Мана бу ерини бундай қилсак бўлмайдими, ёки бунақа қилмайлик деб. Энди, агар режиссёр жуда суст бўлса, табиийки кўпроқ таклиф киритаман. Лекин, яхши режиссёрлар бўлса, уларга мен таклиф ҳам киргаза олмайман. Чунки, уларга таклиф киргазишга ўрин йўқ. Шунинг учун, агар сустроқ режиссёрлар бўлса, ўзимнинг саҳналаримда ташаббусни ўз бўйнимга оламан.
- Ундай ҳолатлар кўп бўлганми?
- Кўп бўлади. Лекин, айнан қайсилигини айта олмайман, чунки ҳаммаси дўстларим. Энди баъзида вазиятдан ҳам келиб чиқади. Қолаверса, ўзингизни ҳам ижод қилгингиз келади.
- Ҳаёт театр саҳнаси, биз унда актёрлармиз, деган ибора бор. Мана шу ибора сизни ҳаётингизга қанчалик яқин?
- Жуда ҳам узоқ! Чунки, мен ҳаётда умуман роль ўйнамайман. Лекин, бир хилларида ҳоҳлайсизми, йўқ, роль ўйнашингизга тўғри келиб қолади. Аммо, мен ўшанда ҳам, ҳаётда роль ўйнамасликка кўпроқ ҳаракат қиламан! Лекин, барибир бундоқ олиб қарасангиз, спектакль ҳам, кино ҳам, ҳар қандай новеллалар ҳам, эпизод ва этюдлар ҳам ҳаётдан олинади. Театр саҳнаси, ёки кино экранида кўраётган ҳолатларингизга, ҳаётда минг марталаб дуч келасиз. Менимча, Шекспир бу гапни, ўша мақсадда айтган!
- Ҳаётда ҳам роль ўйнашингизга тўғри келган, ёдда қолган бирор воқеа бўлганми?
- Йўқ бўлмаган! Мени ўзим бу нарсани ёқтирмайман. Чунки, ҳаётда кўп кўраман. Баъзи актёрлар ҳаётда ҳам роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам мен бу нарсани ёмон кўраман. Ҳаётда ҳар қандай вазиятда ҳам, инсон аслидагидек қолиши керак, деб ўйлайман. Ёлғонни, суньийликни ёқтирмайман.
- Ҳозирги кундаги ҳаётий қарашларингиз?
- Аъло даражада. Чунки, 2001 йилда “Энг яхши театр актёри” мукофотини олганман. 2007 йилда Давлат мукофотини олганман. 2011 йилда M&TVA бўйича “Энг яхши актёр” мукофотини қўлга киритдим. “Дўстлик” ордени билан тақдирландим. Бу ҳаммаси олий мукофотлар! Меҳнатларимизни юқори баҳолаганликлари учун мингдан минг миннатдорман!
- Агар сизга тақлид қилишса?
- Агар кимдир менга тақлид қилса, мен бундан хурсанд бўламан. Демак, мен ҳам бошқалар яхши кўриб тақлид қиладиган актёрлар қаторига қўшилганимдан хурсанд бўламан.
- Агар кимдир сизга бошдан оёқ тақлидни бошласа-чи? Сиздек кийинса, гапирса, ҳаммасини кўчириб олса?
- Мен бундай нарсаларга умуман эътибор қилмайман! Менга ўхшаб кийинса, гапирса, умуман ўхшамоқчи бўлса, бош устига, бу ўзининг муаммоси. Мен бундай нарсаларга эътибор қилмайман, агар сезиб қолмасам, албатта. Лекин, менга шунчалик тақлид қилиб, ўхшамоқчи бўлса, демак, у мени ҳурмат қилар экан! Менга шунчалик ўхшамоқчи бўлса, нега хафа бўлишим керак, хурсанд бўлмайманми?
- Шогирд олиш ниятингиз борми?
- Шогирд олиш ниятим бор. Фақат мен, шогирдни репетитор сифатида ўқита олмайман. Бу қўлимдан келмайди, чунки педагогика деган тушунчага амал қиламан. Педагогика бу олийгоҳда бўлади. Менинг уйимга келиб, мен билан бир-икки соат гаплашиб ўтирган билан у шогирд актёр бўлиб қолмайди. Шогирд билан ҳар хил машқлар қилиш керак, ўзини ҳар хил функциялари бор. Ўшаларга риоя қилиш керак, ҳар куни ишлаш керак, унга таҳсил бериш керак, ўшанда у актёр бўлиш мумкин. Мени уйимга келиб, 2 та анекдок айтиб, бўлган воқеалар тўғрисида гаплашиб ўтирса, у шогирд бир зумда актёр бўлиб қолмайди. Шунинг учун, мен фақат ўқиб чиққан шогирдларга ёрдам беришим мумкин. Ўқиб чиқмаган бўлса, мен унга ёрдам бера олмайман.
- Мухлисларга энг кўп айтадиган сўзларингиз?
- (самимий) Мухлисларга энг кўп айтадиган сўзларим, мухлисларим кўпаяверишсин, камаймасин! Ҳаммаларини ҳамиша юзлари ёруғ бўлсин! Ўтиб кетган ва кириб келаётган байрамлар муборак бўлсин! Ҳар кунни байрамдек ҳис қилайлик! Инсонни нафас олаётганининг ўзи ҳам катта байрам! Шунинг учун ҳам, танимиз соғлиги, кўзимиз нури борлиги, юриб, турганимиз, эшитаётганлигимиз, ҳоҳлаган нарсамизни еб, ҳоҳлаганимизни кийганимизга шукур! Ҳар бир дақиқа, ҳар бир лаҳзанинг қадрига етайлик, дейман! Мухлисларимиз ҳар бир дақиқа, ҳар бир лаҳзадан унумли фойдаланишни, худонинг ўзи берган умрдан, неча йил берган бўлса ҳам, ўшандан мантиқан унумли фойдаланишларини, ҳамиша юзлари ёруғ бўлиб, ўзларидан ёруғ из қолдириб кетишларини истардим.
- Ўзингиздаги қайсидир одатингизни камчилик, деб ҳисоблайсизми? Қайси бирини очиқ айта оласиз?
- Камчилик ҳар қандай инсонда бўлади. Камчиликсиз инсон бўлмаса керак. Масалан, эринчоқроқман. (самимий) Агар эринмаганимда спорт залларига бориб, сузиш билан шуғулланганимда, балки қоматим ҳам, кўринишим ҳам бошқача бўлиб, унча-бунча актёрлар нонини топа олмай қолган бўларди! (кулади ва ҳазил аралаш) Майли, уларга ҳам қийин бўлмасин, деб сал семириб, хунукроқ бўлиб юрибмиз! Камчиликлар кўп, айта оладиганим бор, айта олмайдиганим бор...
- Ролларингиз орасида қийинлиги тарафлама, соғлигингизга таъсир кўрсатганлари ҳам борми?
- Ҳар бири, ҳар қандай роль соғликка таъсир қилади. Ҳар бир актёр роль ижро қилаётганда, микро, мини инсульт, мини инфаркт касалликлари клеткалари битталаб очилаверади. Ҳимоя тизимлари сусайиб, ўша касал бўлишга мойиллиги кўпаяди. Мени қайсидир ролимни баландроқ, қайси биринидир пастроқ қўядиган одатим йўқ! Чунки, ҳаммасида бир хил меҳнат кетади, ўзига яраша машаққатлари бўлади. Ҳеч бир ролим осон кечмаган, барибир. Лекин, менда, битта ролга кириб қолиб, ундан таъсирланиб, ундан чиқа олмай қолиш ҳолати бўлмаган.
- Режиссёр сифатида сиз ўзингизга қандай роль бермаган бўлардингиз?
- Бу саволга жавоб бера олмасам керак. (ўйланиб) Билмайман. Менимча, бесоқолбоз ролини бермаган бўлардим.
- Атрофингиздаги инсонларга энг кўп таърифлайдиган иборангиз?
- Соғ бўлишсин, омон бўлишсин, дейман.
- Роль танламайсиз, лекин ўзингизга, бу бир кун келиб, бундан томошабинларнинг кўнгиллари қолиши мумкин, деган хаёл келмайдими?
- Мен худодан кўп сўрайман, томошабинларни мендан кўнгиллари қолмасин, дейман. Бу меҳнат, гоҳида ўхшайди, гоҳида ўхшамайди. Бу ижод, ҳар бир ижод шундай бўлади. Агар томошабинларнинг озгина ғашини ўйнаётган бўлсам, минг бор узр сўрайман.
- Болалигингиздаги қайси характерингизни соғинасиз?
- (самимий кулиб) Беғуборлигим! Албатта, беғуборликни соғинасиз. Пул керак эмасди, оила ташвишлари йўқ, ўзингиз билан ўзингиз овора, ўзингизга хон, ўзингизга бексиз! Лекин, четдан қаралса, бу ҳам ғалати нарса, танҳолик эмас бу ҳам барибир, ота-онагиз, акаларингиз, опа-синглингиз бор, кўпчилик билан биргасиз. Лекин, ўзингиз алоҳида турмуш қурганингиздан сўнг эса, барибир кўп нарсани бўйнингизга оласиз! Кўп нарса зиммангизга тушгандан кейин, ўшаларни бажаришга мажбурсиз, оилангиз, рафиқангиз, фарзандларингизга жавоб беришингиз керак, бу энди бошқачароқ ҳаёт! Лекин, барибир ўйлаб қаралса, ҳамма нарсанинг ўз гашти бор! Ҳамма нарса ўз вақтида бўлгани яхши.
- Ҳозирги кунда инсонлар орасида қандай туйғулар, айнан нима йўқолиб кетяпти, деб ўйлайсиз?
- Оқибат йўқолиб кетяпти! Биринчи ўринга пул қўйилиб қолаётганлиги ёмон бўляпти! Инсонлар орасида қўрқув ҳам йўқолиб кетяпти. Рашк ҳам йўқолиб боряпти, назаримда. Масалан, кўзингга қараб туриб ўғирлик қиладиганлар, ёлғон гапирадиганлар бор, қўрқишмайди ҳам. Шу қўрқув йўқолиб кетаётганлигидан эмасми, масалан, мен 43 ёшга кирган бўлсам, дадамлар билан ҳозир ҳам бирга ўтирсам, ўз-ўзидан терлаб кетавераман. Бўлмаса, бир нотўғри иш, ёки бир хато қилиб қўймаганман! Лекин, бир хато иш қилгандек, уларнинг салобати, важоҳати босиб, терлаб кетавераман. Ортиқча гап гапира олмайман! Гапларини эшитиб ўтираман, эътироз билдирмайман. Лекин, атрофга назар солсам, у ер, бу ерларда ёш-ёш ҳали 20 ёшга ҳам чиқмаган болалар, ҳали бир ишни қойиллатмаган бўла туриб, ота-онасига қараб ўқраяди, гап қайтаради, ҳақорат қилади. Бу ҳаётда бундай ҳодисаларнинг кўпларига гувоҳ бўлганман! Лекин, негадир ёшим кичиклигида бу нарсани гувоҳи бўлмаганман. Ҳозир ота-онасини судга бераётганлар бор, беҳурмат қилаётганлар бор. Бу ҳам оқибат ва қўрқув йўқолиб кетаётганлигидан эмасми? Мен 9 синфда ўқиётган вақтимда, бир йигит синфдош қизнинг юзидан аста ўпиб қўйганлиги учун, ўша қиз тараф уни қаматиб юборишига сал қолган! Ҳозир эса, кечирасизу 9-10 синфда ўқийдиганлар орасида нима ишлар бўлиб кетмаяпти? Лекин, ҳаммаси эмас, албатта. Аёлларимизда ҳам, озгина ибо ва иффат йўқолиб кетаётгандек, назаримда. Албатта, ҳаммаси эмас! Масалан, ўзбек аёли елкаси очиқ кўйлак киймасди, атлас, миллий матоларимиздан тикилган кўйлаклар йўқолиб кетгандек, фақат шим кийганлар кўпроқдек... Лекин, вилоятларимизда ҳали ҳам бор, масалан, аёл киши тўхтаб туради, эркак киши ўтиб кетгандан кейин аёл киши ўтади. Шаҳарда эса, у нарса йўқ, “нима қилибди?” деб шарттакилик билан олдинга ўтиб кетаверади. Ибо, иффат, ҳаё йўқолиб кетаётгандек, назаримда. Балки янглишаётгандирман? Лекин, шунчалик юртимизнинг тинчлигига шукур қиламан! Юртимиз тинчлигини, хотиржамликни қадрлаган ҳолда, айтмоқчиман, тинчлик, фаровонлик, бизга кўз қорачиғимиздек қадрли нарсалар, уларга қўшимча равишда, баъзи аёлларимизга ибо, ҳаё, баъзи эркакларимизга иймон, Ватанга ҳурмат, шу фаровонликка ўз ҳиссамни қўшай, деган бир интилишлар ҳам бўлганда, нур устига аъло нур бўларди!
- Катта экранларга чиқиши кутилаётган “Чапани куёв” фильмидаги ролингизга тўхталиб ўтсангиз?
- Бу фильм ҳақида тўхталиб ўта олмайман, чунки, у фильмда роль ижро қилганимда, ўзим тушунмадим. Бир нарсалар суратга олингандек бўлди, қўлдан келганича ижод қилинди. Лекин, сустроқ ижод қилинди, назаримда. Аммо, сценарий рисоладагидек эди...
- Ишдан уйга борганингизда сизни биринчи бўлиб ким кутиб олади?
- Биринчи бўлиб, кичик ўғлим кутиб олади! Ундан кейин рафиқам кутиб олади. Агар катта ўғлим ўқишда бўлмаса, у ҳам кутиб олади. Катта ўғлим шу кунларда кўпроқ бандроқ, коллежда ўқийди, инглиз тилига боради.
- Ўзингиз роль ижро қилган қайси фильмни қайта-қайта кўргансиз?
- Ҳеч қайси фильмимни қайта-қайта кўра олмайман! Премьерадан кейин, деярли ҳеч қайси фильмимни кўра олмайман. Чунки, ижодкорнинг ўз ишидан қониққани бу тириклигида ўлгани, назаримда.
- Ўз касбингизни ўзингизга ёқмайдиган жиҳатлари ҳам борми?
- Кабимни ўзимга ёқмайдиган тарафи йўқ! Лекин, касбимни ёқмайдиган инсонлар, ёқимсиз қилиб, кўрсатиб қўйишади! Шу тарафлари бор!
- Дунёда дўст ва душман йўқ, фақат ўргатувчилар бор, деган иборага қўшиласизми?
- Йўқ, қўшила олмайман. Аммо, буни нотўғри, деб ҳам айта олмайман! Чунки, ҳамма дунёга ҳар хил қарайди! Дунёда эса, дўст ҳам бор, душман ҳам бор! Ақл ўргатадиганлар ҳам бор, олам бир гулдаста, ҳар хилидан бор. У гулдастанинг ичидан кутилмаган “гуллар” ҳам чиқиб қолади! Шунинг учун ҳам, бир нарса, деб олдиндан айтиб бўлмайди!
- Актёр сифатида давомчингиз борми?
- Худо ҳоҳласа, катта ўғлим Ақойиддин Муҳаммад 16 ёшда, операторлик йўналиши бўйича коллежда ўқияпти! Кичик ўғлим Ҳумойиддин Муҳаммадда сал актёрлик қобилиятини сезиб турибман, лекин буни вақт кўрсатади. Ҳозирча кичик ўғлим 6 ёшда, катта бўлаверсин-чи, худо ҳоҳласа, актёр бўлса керак.
- Рафиқангизнинг касби?
- Рафиқам Холидахоннинг касби олий маълумотли уй бекаси! Кўз тегмасин, чиройли оилам, фарзандларим бор, тинч-фаровон юртда яшаяпмиз! Ватанимиз тинч, севимли касбим бор, бахтли инсонман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар муаллифи: X Frame Media Production студияси фотографи Аҳрор Назиров