FATTOHHON.COM

« Все новости

“КЎРГИМ КЕЛАДИ” ФИЛЬМИ ПРЕМЬЕРАСИ ОЛДИДАН! ДИЛНОЗА КУБАЕВАНИНГ ЎЗГАЧА РОЛИ! 27.02.2014 09:17

IMG_4083_новый размер IMG_4085_новый размер

"Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмаси билан “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Зиё” бадиий фильми ҳақида аввал ҳам маълумот берган эдик. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!

IMG_4100_новый размер

Эндиликда эса, бу фильм “Кўргим келади" номи билан катта экранларга чиқиш арафасида!

Сценарий муаллифи:           Мурод Муҳаммад Дўст

Постановкачи режиссёр      Жавоҳир Қосимов

Иккинчи режиссёр:             Баҳриддин Айназаров

Постановкачи оператор      Музаффар Юсупов

Ролларда:   Дилноза Кубаева, Ҳусан Жўраев, Мубина Назирбоева,  Сайёра Юнусова, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Зуҳра Солиева ва бошқалар...  

  IMG_4099_новый размер

Дилноза Кубаева бош роль ижрочиси: - Менга топширилган қаҳрамон, санъатда ўз ўрнига эга бўлган хонанда, шу билан бирга бошига кучли синов тушган она, аёл! Фильмда профессионал актёрлар ансамбли жамланган, яхши жамоа, ҳамма ўз иши учун жон куйдирди. Хонанда аёл роли мен учун янгилик бўлди. Бу фильмда, менинг қаҳрамонимда жуда катта юк бор, ўйлантирадиган кучли психологик саҳналар бор. Бу ролимни бошқа ролларимдан фарқлари, бири касби, чунки у хонанда, шунингдек, иккинчиси руҳиятидаги фарқ, у жуда кучли аёл! У аёллик шаънига доғ туширмай, синовлардан муносиб ўтишга ҳаракат қилади. У жуда ҳам сабрли ва матонатли!

  IMG_4077_новый размер

Баҳриддин Айназаров иккинчи режиссёр: - Бу фильм асносида бир инсон тақдири акс этган. Чунки, ҳар бир бадиий асар, албатта, инсонларнинг тақдирига қурилади. Шу орқали, уларнинг кечинмалари ва ҳаётдаги зиддиятлари, қувончу ташвишлари, камчиликлари шу бадиий асарда бериб борилади. Фильмда ўз санъати билан элга танилган аёлнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Инсон ҳаётга қадам қўяр экан, ўз ўрнини топиш жараёни, ҳаётида учрайдиган қандайдир бир зиддиятлар борлигини, шу орқали инсон ўз тақдирини қандай қуриш ва қура олиш-олмаслигини мен шу асарда кўрдим. Чунки, барибир ҳаётда ҳамма нарса осон кечмайди. Инсон синовлар олдида букилмаслиги, ўз кучи ва меҳнатига ишонган ҳолда, олдинга қадам ташлаши кераклиги ҳақида, ҳикоя қилиниши, асар мақсади эканлиги, менга маъқул бўлди. Бу фильмда бош қаҳрамон хонанда бўлганлиги билан, унда бу ролни хонанда эмас, профессионал актриса Дилноза Кубаева ижро қилмоқда. Негаки, фильмда асосан, қаҳрамоннинг хонандалигига эмас, унинг дарди, кечинмалари, ҳаётига асосий урғу берилган. Бу билан, хонандалар бу дард ва кечинмаларни бера олмайди, деган фикрдан йироқдаман. Лекин, бу ролни профессионал актриса ижро қилиши керак эди! Суратга олиш жараёнларида, бу ролга Дилноза Кубаевани танлаб, асло янглишмаганлигимизни билдик.

  IMG_4052_новый размер

Тоҳир Саидов актёр: - Менинг ролим, ҳеч қаерда ишламай, хотинининг бозорда савдо қилиб топганига шерик бўлиб, уйда ўтирган бир масъулиятсиз эркак образи. Энди бундай ролларни ҳам кимдир ижро қилиши керак. Чунки, ҳаётда ҳам ҳар хил инсонлар бор. Шундай бир инсонлар, бу ролимни кўриб, ўзини кўзгуда кўргандек бир сесканиб кетиб, тўғри хулоса чиқариб, тўғри ҳаётга қадам қўйса, бу ижодкорнинг бахти ҳисобланади.

  IMG_4030_новый размер

Зуҳра Солиева актриса: - Бу фильмдаги ролим бошқа ролларимдан фарқ қилади. Қаҳрамоним, ҳаётда ҳам аёл, ҳам эркак бўлган, эркакдек ишлаб пул топган, оилани боққан, уйга қараган, рўзғорни эплаган аёл! Бу ролимни яна бир асосий фарқи шундаки, мен шу пайтгача ҳеч қайси ролимда ўлмаганман! Бу ролимни айнан шу жойини ижро қилаётиб, қонни кўриб, қўрқиб кетдим! Ролни ижро қилиб бўлиб, ўрнимдан турганимда, ролда ўзимни “ўлган”лигимни ҳис қилганимда, чинакам қўрқув пайдо бўлди! Биринчи марта съёмкада шундай қўрқишим! Ўзи ҳаётда қондан қўрқмайман! Лекин, бу ерда ўзим билан боғлиқ бўлганлиги учун, қолаверса, ҳамма жуда ҳам ишонарли ижро қилаётганлиги учун ҳам, муҳитни кўриб, тўғриси, биринчи марта, бундай нарсани ҳис қилиб, қўрқиб кетдим! Бу қаҳрамонимни мен ўзим қораламайман, чунки уни ҳам тушуниш керак, у уйда ҳам эркак, ҳам аёл бўлган, яримта гап кам, битта гап ортиқча, ҳаётда эркак бўлишдан чарчаган аёл!

  IMG_4069_новый размер

Фильмда бир оилавий ҳолат орқали, одамгарчилик, сабр каби инсоний хислатларнинг улуғланиши кераклиги кўрсатилади. Аёл матонати, ишончли тарзда ифода этилган “Кўргим келади” фильми, томошабинларга манзур бўлади, ҳамда уларни фикрлашга чорлайди, деб ўйлаймиз.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

IMG_4017_новый размер