FATTOHHON.COM
« Все новостиКуни кеча “Истиқлол” санъат саройида “Фарзандларимизга меҳр қўлини узатайлик” деб номланган Хайрия гала-концерти бўлиб ўтди!
Бу Хайрия гала-концертининг ўзгача жиҳати шундаки, унда имконияти чекланган болажонлар, эл севган санъаткорлар билан бир саҳнада, биргаликда дуэтлар ҳам куйлашди!
Бу ажойиб концерт имконияти чекланган болажонларга чексиз қувонч бағишлади!
Болалар саҳна ортида ҳам, санъаткорлар билан суҳбатлашиб, бирга қўшиқлар куйлаб, суратларга тушишди.
Бу хайрия гала-концертида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Халқ артистлари Зулайҳо Бойхонова,
Гулсанам Мамазоитова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз,
Абдурашид Йўлдошев,
Зиёда,
“Ниҳол” ва “Эътироф” мукофотлари совриндори Улуғбек Раҳматуллаев,
хонандалар Ҳилола Ҳамидова,
Ботир Қодиров,
Милена Мадмусаева ва бошқалар иштирок этишди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - Бугунги дастур, шахсан менинг ижодий фаолиятим давомида ҳеч қачон учрамаган, ажойиб ўзига хос дастур бўлди! Сабаби, бу ерда имконияти чекланган фарзандларимиз, профессионал даражада, ҳаттоки касбимиз эгаларини ҳам ҳайрон қолдирадиган даражада қўшиқлар куйлашди! Санъаткорларда ҳам болажонлардан кам бўлмаган ҳаяжон бўлди, негаки уларнинг чиқишларини халқ жуда ҳам яхши олқишлар билан кутиб олди! Бу эса, имконияти чекланган фарзандларимизга Давлатимизнинг эътибори туфайли, шунингдек улар учун фидокорона хизмат қилиб, тарбиялаётган тарбиячилари, ўқитувчиларининг меҳнатидир! Уларни ҳақиқий қаҳрамонлар, деб айтиш мумкин. Улар ўз ишига фиодокорона ёндошиб, болажонларга бор меҳри, қалбини бериб, тарбиялаганликлари яққол кўриниб турибди. Чунки, бу болажонлар нафақат саҳнада, балки тайёргарлик жараёнларида ҳам, фақат офарин, олқишларга сазовор бўлишди. Улар аввал спорт йўналишида ҳам ўз маҳоратларини намойиш этиб келишган, лекин бугунги кунда биринчи марта, катта саҳнада санъат томонлама ўзларини кўрсатишди! Бу ёшлар, бугун уларга бўлаётган муносабат жавоби сифатида, яна ҳам катта ютуқларга, энг юқори марраларга эришадилар, деб ўйлайман.
Хайрли ишни, ҳар ким ҳар доим қилиши керак, дейишади халқимизда. Чиндан ҳам, бу хайрия гала-концерти имконияти чекланган болажонлар учун чинакам байрамга айланиб кетди! Бу эътибор, меҳр уларни келажакда янада олдинга интилишга ундайди, янада юқори натижаларга эришишга руҳлантиради, деган фикрдамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
фотолар учун фотограф Сардор Азимовга миннатдорчилик билдирамиз





