FATTOHHON.COM

« Все новости

ТОҲИР СОДИҚОВ: БУ ГАЛГИ КОНЦЕРТИМ ЎЗИМ УЧУН ҲАМ ЯНГИЛИК БЎЛАДИ! 05.03.2014 10:32

Tohir Sodiqov (1)

Бу хонандага доим “ҳеч қачон қаримайди, ҳамиша ёш” деб таъриф беришади! Чиндан ҳам, у тенгдош санъаткорлар ичида ёш кўринади. Нафақат аввал, балки ҳозир ҳам, санъаткорлар ичида энг машҳурларидан ва тинимсиз ижод қиладиганларидан бири! Ҳар йили анъанавий тарзда шоу ўтказади. Ҳар йили янги дастур, янги қўшиқлар ва клиплар билан мухлисларни қувонтиради. “Болалар” гуруҳи Тоҳир Содиқов бу йил ҳам, “Истиқлол” санъат саройида, 7,8,9 март  кунлари ўзининг “Болалар шоу”сини ўтказмоқда! Концерт эса, кутилмаган янгиликларга бой бўлиши кутилмоқда.

 Tohir Sodiqov (2)

- Бу йил ҳам анъанага айланган “Болалар шоу” дастурингизни ўтказмоқдасиз. Бу йилги концертингиз аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади?

- Бу йилги концерт дастуримизни, ҳали Ўзбекистонда кўрилмаган янги замонавий жиҳозлар билан билан ўтказмоқчимиз! “Мейпинг шоу” тарзида, мени ўзимга ҳам бу нарса янгилик! Тўғриси, ҳаммасини айтиб берсам, қизиғи қолмайди! Ўйлашим бўйича, бу шоу 2014 йил Ўзбекистонда биринчи марта қилинаётган шоулардан бири бўлади!

 

- Сир эмас, “Лазерли шоу”ни биринчи бўлиб, сиз амалга оширгандингиз! Кейин эса, бу оммалашиб кетди. “Мейпинг шоу” ҳақида ҳам кичик бўлса-да сирни оча оласизми?

- Кўп санъаткорлар декорациялар қуришади. Бизнинг шоуда эса, бу нарса голограммада бўлади! Бу концертнинг режиссёри ҳам, бошқа ижодкорлари ҳам ўзимиз! Яъни, “Болалар” гуруҳи! Концертни сирини кўп оча олмайман! Бир сўз билан айтганда 3 D шоу! Бошқа бу тўғрида ҳеч нарса айтмайман. Қўшиқларимиз жуда ҳам кўп, 280 тадан ошиқ, концертга саралаб оламиз! Ҳозиргача, концерт учун 5 та янги қўшиқ ҳам тайёр! Нега буларни радиоларда премьера қилиб, эълон қилмаяпман, чунки биринчи бўлиб, “Болалар шоу”да премьера бўлишини ҳоҳлаяпман! Ўзи биз концерт берганимизда мухлисларимиз билан хайрлашишимиз жуда ҳам қийин бўлади. Ҳаммамиз, концертни давом этаверишини ҳоҳлаймиз. Лекин, ҳамма нарсани ўз чиройли бошланиши ва чиройли якуни бўлиши керак. Томошабинлар ҳам уйларига боришлари керак.

 

- Нима учундир 2013 йил давомида мухлисларингиз анъанага айлангандек хит қўшиқларингизни тингламагандек бўлишди...

- Энди бир кун ундоқ, бир кун мундоқ. Концерт жуда ҳам масъулиятли иш, асосий тайёргарлик концерт учун бўлиб, вақтимиз етишмаганлиги сабабли, аввалги йилда қолиб, тақдим қилинмаган қўшиқларимиз, энди янграйди!

  Foto (9)

- Афсусланиш ҳисси сизга қанчалик яқин?

- Бу ҳис, ҳамма инсонларга яқин бўлганидек, менга ҳам яқин! Чунки, “эҳ, афсус, мана шу ерда, мана шу қўшиғимни мухлисларимга ижро қилиб бера олмадим. Ёки қандайдир техник сабабларга кўра, ниманидир қила олмадим, етказиб бера олмадим” деб, ўзимни ниятларимга ета олмаган вақтимда, албатта, мен ҳам афсусланаман. Лекин, жуда бир катта афсусланиш бўлмаган.

 

- Ҳар бир инсонни машҳурлик қайсидир маънода, барибир ўзгартиради. Сизни-чи?

- Бу ҳақида аввал ҳам айтганман. Машҳурлик инсонни аввалига ўзгартиради! Лекин, ўзини ушлаб олган инсон, ўзини ушлаб олади. Масалан, 1993 йилда мен билан авария ҳодисаси содир бўлганди. Ўша пайтда, ёш ва жуда машҳур санъаткор сифатида, элга танилгандим. Кутилмаганда, авария бўлиб, оёғим синган, қарабсизки, ўйлашга жуда кўп вақтим бўлган! Ётибман, оёғим синган, осилиб ётибди, ўйлаганман. Бир кунда, ҳамма бор нарса йўқ бўлиб қолиши мумкин экан! Бундан фикрлаш қобилиятига эга инсон, ўзи учун керакли хулосаларни чиқариб олар экан! Шунда, ўша 1993 йилнинг ўзидаёқ, менда ўша юлдузлик касалликлари, ҳаммаси ўтиб кетган!

 

- Сиз учун камтарлик ва кибр чегараси?

- Иккови ҳам чегараланган. Чунки, шоубизнес шундай бир соҳаки, у чексиз! Камтаринликни, тўғриси, сал бизнинг ишга таъаллуқли эмас, деб ўйлайман. (самимий) Қандай қилиб камтарин бўлиш мумкин? Агар сизни марказий телевидениеда кўрсатишса, сиз бутун дунёга машҳур санъаткорлар билан суратга тушиб турсангиз, қандай қилиб, камтарлик бўлади? Ўзингиз камтар бўлсангиз ҳам, одамлар учун камтарин бўла олмайсиз! Чунки, бу шоубизнес, миллионта одамни эмас, улар ичидан сизни телевизорда кўрсатишади, сизни қўшиғингизни миллионлаб одамлар учун радиода қўйишади, битта сизни интернетга қўйган маълумотингизни 20 минглаб одам кўради, бундай ҳолатда қандай камтаринлик бўлади? Кибрга агар келадиган бўлсак, асосийси булардан ҳаволаниб, юлдузлик касалига чалиниб кетиб қолмаслик! Юлдузлик касаллиги ҳақидаги саволга эса, юқорида жавоб бериб ўтдим!

 Foto (8)

- “Болалар” гуруҳи дейишади, лекин солист сифатида фақат сизни кўрамиз. Яқинда эса, кутилмаганда, ““Болалар” гуруҳи аслида тарқалиб кетган”, деган гап-сўзлар ҳам пайдо бўлди. Бу гаплар ростми, қандайдир келишмовчиликлар юз бердими?

- Йўқ, ҳеч қандай келишмовчилик бўлмайди! Кузатиб келаётган бўлсангиз, 20 йилдан буён фақат олға! Шу гуруҳ доим бўлсин, мен қанча яшаётган бўлсам, шунча вақт шу гуруҳ ўз иш фаолиятини олиб борсин, деган менда шиор бор! Энди, албатта гуруҳнинг ривожланиши учун, янада яхшироқ мусиқачиларни ишга олишимиз мумкин ва бу табиий ҳол. Келиб бизга ўз ишини кўрсатса ва биз муносиб топсак, “Болалар” гуруҳининг айтаётган қўшиқларини жонли асбобларда чалиб, маромига етказса, мен албатта, янги мусиқачиларни оламан ва гуруҳни ёшартиравераман. Ёки ёши улуғ, тажрибали гитарачи, барабанчиларни оламиз. Гуруҳни шу тарзда карьерасини ўстирамиз. Лекин, жуда бир кўп ўзгаришлар бўлгани йўқ! Чунки, ўша Вагиф Зокиров, Темур Гайнуддинов, Тофик Мордухаев, асосий состав шу. Бас-гитарист ўзгарди холос. Бошқа ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ.

 

- Бастакорлик билан ҳам ўзингиз шуғулланасизми?

- Албатта! Мен кўп нарсаларга қизиқаман! Техникага ҳам қизиқишим катта. Янгидан янги техникаларни ўрганиб, Вагиф Зокировни бир вақти бўлмаганда, (чунки у жуда кўп санъаткорларга қўшиқлар ёзади) ўзим ҳам, 50 фоиз ишни ўзим бажариб туриб, вақтдан ютиш мақсадида, мен ҳам мусиқа ёзадиган дастурларни ўрганиб, ўзим қандайдир янгиликлар қилмоқчи бўлиб, эртадан кечгача мусиқа ҳаётида яшашга ҳаракат қиламан. Биринчи бўлиб, ўзим ёзган, мусиқаси, сўзлари ҳам ўзимники бўлган қўшиқ, “Соғиндим-ку сени” қўшиғи эди!

 

- Сизни бироз инжиқроқ санъаткор, дейишади. Бу характерми, ёки ўзига хос имидж?

- Бу имидж эмас, бу менинг характерим бўлса керак. Чунки, инсон хонанда бўлгандан кейин ҳар хил вазият бўлади. Яъни, мисол қилиб айтганда, аппаратура сифатида бўлса, мен шу нарсани ижарага оламан, тўғрими? Шунинг учун маблағ тўлайман! Лекин, мана шу маблағни тўлаганимга яраша, шулардан сифат талаб қиламан! Шу техниканинг сифатли даражаси учун пўл тўлайман, шу сифатни улардан сўраб оламан. Нима учун микрофон яхши ишлаши керак эмас? Нимага аппаратурачини ҳеч ким танимайдию, залда ўтирган 4000 та томошабиннинг микрофон ишламаганига, ёмон гаплари, менга қаратилиши керак? Хонанда қўшиқ айтишни билмас экан, ундай экан, бундай экан, деган гаплар чиқиши керак? Ваҳоланки, бу ёқда аппаратура бор! Инжиқ, албатта инжиқ бўлади-да, одам. Авваламбор, биринчидан, мен ҳар битта одамни меҳнатини жуда ҳам юқори қўяман. Менинг ҳам меҳнатимни кимдир пастга уришини ҳоҳламайман. Шунинг учун, балки мени инжиқ дейишса керак!

 Tohir Sodiqov (8)

- Ўзингизни концертингизда ҳам шундай аппаратура ўчиб қолиш ҳолатлари бўлганми?

- Албатта, бўлган! Ток кетиб қолиши бор, ёки микрофон яхши созланмаган! Ёки қайсидир мусиқачига монитор қўйилмаган ва у билан қандайдир чалкашлик юз бериб, мусиқа унга кейинроқ етиб келиб, у бошқа партияни бошқа вақт чалиб қўйган. Шундай ҳолатлар бор. Техник сабабларга кўра, бундай нарсалар, афсуски, тез-тез рўй бериб туради! Шунинг учун ҳам, ҳоҳлардимки, шу аппаратурачилар ҳам, олдин, кимга аппарат қўяётганликларини ўйлаб кўришса, бу нарсалар билан биз 25 йилдан буён шуғуллангандан кейин, уларнинг аппаратурасини ўзидан ҳам яхшироқ биламиз. Кўпинча, суст, ҳали ўқимасдан туриб, иш кучи деб, шу нарсани профессионал даражадаги техниклар, қандайдир одамни ўтказиб қўйишади. У бола ҳаттоки, пультни ҳам бурашни билмайди, у болани биз билан ишлашга лаёқати бормикан? Биз эса, ўзимиз биламиз, қаерда нима жойлашганлигини, қайси бири овозни юқори кўтаради, ҳаммасини биламиз. Шуларга қараб, ишланиши керак. Мен шунинг учун ҳам талаб қиламанки, пулини тўлаганимдан кейин, менга шунга яраша, ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб қўйишсин! Шунга яраша, яхши сифат бўлсин! Бу нарса профессионализмдан келиб чиқадиган ҳолат. Агар ҳамма нарса профессионал даражада чиройли бўлиб ўтадиган бўлса, мухлисларга ҳам чиройли қўшиқлар етиб боради, қолаверса, ўтирган томошабин ҳам, ўзига яраша олган билетига рағбатланиб, уйига концертдан яхши таассуротлар ва яхши кайфият билан кетади!

 

- Ўзингизни оилада қандай отаман, деб айта оласиз?

- Билмадим. Лекин, болаларимга ҳеч қачон йўқ демайман! Шулар ҳеч кимдан кам бўлмасин, деб ҳаракат қиламан. Лекин, сал қаттиқ тураман, чунки мен ўзим уйда кам бўлганлигим сабабли, болаларга асосан, менинг умр йўлдошим қарайди. Аммо, ҳаммасини келишилган ҳолда қиламиз. Масалан, кимга нима олиб бериш, қайси ўқишга кириши, буларни ҳаммасини маслаҳатлашамиз. Лекин, мен ўзимни яхши отаман, деб биламан. Болалар тарбиясида ўзимга хос усулим бор, албатта. Масалан, қизларга мулойимроқ, эркалаб ўстириш керак, ўғил болаларга қаттиқ туриш керак.

 

- Фарзандларингизни ҳеч жазолаган вақтларингиз ҳам бўладими?

- (кулиб) Энди болаларни қандай жазолайсиз? Бурчакка турғазиб қўясиз, ёки Ipad ини, қўл телефонини олиб қўясиз. Мана шу жазолаш! (кулади) Энди, овқат бермай, подвалга қамаб қўймайсиз-ку!

  Foto (7)

- Фарзандларингиз келажакда сизнинг соҳангизни давом эттирмоқчи бўлишса?

- Йўқ, ўғлим ҳали кичкина. Лекин, ким бўларкин, кўрамиз. Аммо, бу гап қизларимга тегишли эмас! Улар шоубизнесга умуман аралашишмайди. Қиз бола учун энг яхши касб шифокорлик, деб ўйлайман. Лекин, қизларим ўзлари ўйлаб, ўзларига муносиб касбларни эгаллашсин, деган фикрдаман.

 

- Қизларингиз ҳам “Болалар” гуруҳининг мухлисими?

- Албатта! Улар фақатгина “Болалар” гуруҳини эшитишади ва чет элдан эса, янги-янги замонавий гуруҳларни эшиттираман. Мен уларни назорат қиламан. Уларнинг дидини ривожлантириш ва ўстиришда жуда ҳам катта роль ўйнайман, деб ўйлайман. “Мана бу қўшиқни эшит, буни эшитма” дейман. Менда шундай одат бор! Кучли назорат қиламан! Улар мени ҳамма қўшиқларимни яхши кўришади. Айниқса, “Кел яшайлик биз бирга” қўшиғимни жуда ҳам яхши кўришади, қолаверса, эски қўшиқларимни ҳам, овозимни бошқача бўлганлигини қизларим эшитиб, “вой, овозингиз шунақамиди?” деб, қизиқиб тинглашади.

 

- Рафиқангизни сизнинг қўшиқларингиздан энг яхши кўриб тинглайдигани?

- Менинг рафиқам, менинг қўшиқларимни ҳеч қачон яхши кўрмаган, яхши кўрмайди ҳам, деб ўйлайман. Балки, бу ўзига хос ўйиндир? Ёки бошқадир? Мени бу нарса ҳар доим формада ушлаб туради. Мана бу қўшиқ яхши, дейиши мумкин. Лекин, менинг қўшиғимни ҳеч қачон яхши демайди! Бўшашиб, ёки “ана бўлди, ёқибди” деган ҳолатни кўришни ҳоҳламайди, шекилли.

 Foto (6)

- Кўплаб қизларнинг номига қўшиқ айтгансиз. Рафиқангиз Шаҳнозахоннинг номига ҳам қўшиқ айтиш ниятингиз борми?

- Ўзи ҳамма қўшиқларим унга аталган-ку! Унга атаб айтаман! Севги ҳақидаги барча қўшиқларим, унга аталган! Исмига атаб айтишга келсак, исмини реклама қилиб нима қиламан.

 

- Аёл киши уйда ўтириши керак, деган фикрга муносабатингиз?

- Бу жуда ҳам, тўғри фикр! Билмадим, аёл киши уйда ўтириши керак, фарзандларни тарбияси билан шуғулланиши керак. Рафиқам ҳам уй бекаси.

 

- Дўстларингиз сизни юзингизга айтадиган камчиликларингиз ҳам борми?

- Албатта, мени дўстларим шундай дўстларки, ҳаммаси камчилигими очиқчасига юзимга айтади. Мен шундай дўстларни танлаганман! Асосий камчилигимга келсак, кўп сигарета чекиб қўяман! Шунинг учун бир хилларида овозим етмай қолади. Жуда ҳам қийин. Сигаретани ташлашга уриниб кўрдим, ҳеч ўхшамаяпти! Шу салбий одатимни йўқотсам, шуни энг асосий камчилигим, ўйлайман. Чекишни ташласам, жуда ҳам яхши иш бўларди. Ўзи ёш улғайгандан кейин инсон, озгина ўз соғлигига ҳам қараши керак. Бир хилларида мен шу нарсани тошу тарозисини билмай қоламан. Ўзимни ҳали ҳам ёш деб ўйлаб, гуруҳнинг ҳам оти “Болалар” бўлгандан кейин, шижоат билан ишлаш ҳали ҳам қолмаган. Лекин, ҳамиша спорт билан шуғулланаман, “беговой дорожка”м бор, унда ҳар куни 6 км югураман.

  Foto (1)

- Ёшлигингиздаги қайси одатингиз сизни ҳамон тарк этмаган?

- Бир нарсага уринсам, ўша ишни охиригача қилиб, ниҳоясига етказаман! Ҳеч қачон ташлаб кетмайман! “Кеч бўладими, кундузми, қор ёғадими, ёмғирми, мен постимдан кетмайман”, дейдию, худди шундай характерим қолган!

 

- Нимадандир тушкунликка тушган ҳолатларингиз бўладими? Бундай ҳолатдан қандай чиқасиз?

- Авваламбор, мен ҳеч қачон тушкунликка тушмайман! Ўзи муаммолар нима учун берилади? Уларни ҳал қилиш керак! Ўғил бола, ҳар доим ҳар қандай қийинчиликлар дуч келса ҳам, ўшани енгиб ўтишга ҳаракат қилиши керак! Ўғил бола тушкунликка тушиши керак эмас, деб ўйлайман. Тушкунликка тушиш, менинг тушунчам бўйича “бўлди, мен энди ҳеч нарса қила олмайман” деган гап, бу менинг характеримга тўғри келмайди!

 Tohir Sodiqov (6)

- Ота-онангиз ва оила аъзоларингизни ижодингизга муносабати?

- Ота-онамни ижодимга муносабати, ҳозирги вақтда жуда ҳам яхши. Чунки, “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлдим, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” деган юксак унвонга сазовор бўлдим. Улар ҳозир жуда яхши муносабатдалар. Тўғри, бошида биринчи қарши ҳам бўлишган. Олдинги вақтларда, яъни айнан 90 йилларда гитара чалганларни, безори болалар деган тушунча бўларди. Ҳозир у нарса йўқ, шукур! Ҳамма санъатга ва санъаткорга яхши муносабатда!

 

- Клиплар борасида, асосан ғояларни қаердан оласиз?

- Асосан, ғоялар қўшиқларимнинг сўзларига қараб ўзи чиқади. Мен ҳеч қачон режиссёрлар билан ҳам келишмайман. Мен ҳоҳлаган нарсамни режиссёрга унинг маблағини тўлаб, буюртма қиламан! Мени нима ҳоҳлаётганимни яхшироқ биламан. Режиссёр телевизорда кўрган қандайдир бир клипини олиб, менга плагиат қилиб, рус санъаткори ёки бошқадан олиб, менга қўйиши мумкин. Бундай ҳолатларни мен кўп кўрганман. Ўзбек клипмейкерлари кимдандир ўғирлашади. Чет эл қўшиқчисидан олиб, ўзбекчага мослашади. Уни бунга, буни унга, дегандек! Унинг дўпписини бунга, буникини унга кийдиришади. Мен бундай нарсани билганимдан кейин, режиссёрлар билан умуман ишламайман, ўзим режиссурани, жуда ҳам яхши фикрлашни биламан!

  Foto (3)

- Ёшликда ўз олдингизга қўйган мақсадларингизни неча фоизига эришдингиз?

- Тўғрисини айтсам, 30 фоизига эришганман, 70 фоизига эришиб бўлмаган. Ўша вақтда собиқ Совет Иттифоқи эди... Ҳозир энди, эришса бўладиган вақт келганда, унақа энергия йўқ! Бола-чақа, ҳар ишлар дегандек...

 

- Бугунги кундаги қўшиқларни ёшларнинг тарбиясига қанчалик таъсир кўрсатмоқда, деб ўйлайсиз?

- Қўшиқчилик санъати ўзи ҳар доим таъсир кўрсатади. Чунки, қандайдир танқидий қўшиқлар бўладими, ёки Ватанга бўлган севги-муҳаббатни ўстириб, унга бўлган фидоийликни ривожлантирадиган қўшиқлар керак! Буни ёшлигимизда тушунмасдик, энди-энди тушуняпмиз. Чунки, дунёни кўряпмиз, бошқа давлатларга боряпмиз. Қаерда қараманг, ўз гимни янграса, ўрнидан туриб олишади, ўз Ватанини яхши кўришади. Шу нарса бизнинг ўзбекларда ҳам янада кўп бўлса, яхши бўлади, деб ўйлайман. Чунки, Ўзбекистонимиздек давлат йўқ! Масалан, оддий бир мисол, хорижга борсангиз, нормал овқатлана ҳам олмайсиз! Нима ейди улар, гамбургердан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Миллий овқати ўша гамбургер. Бизни Ватанимизда-чи, битта ўзбек миллий ошхонасини олсангиз, 500 дан ортиқ таомлар бор! Тарихимиз ҳақида-ку, гапириб тугата олмайсиз!

 

- Ўз ҳаётингиздан келиб чиқиб куйлаган қўшиғингиз ҳам борми?

- Мен ҳеч қачон бу нарсага аҳамият бермаганман! Лекин, албатта қайсидирлари бўлиши керак. Чунки, қандайдир яшаш жараёнидаги воқеалар, шуларга қараб қўшиқлар ёзилади. Ўзим шеър ёзаман, куй басталайман, шунинг учун ҳам, кўпи ўз ҳаётимдан олинган бўлиши керак, менимча.

  Foto (2)

- Санъатни тарк этиш, деган тушунча, сиз учун нимани англатади?

- Санъатни тарк этиш, яъни обрў борида кетиш керак, деб ўйлайман. Кейин қанақадир бошқа бизнес бўлса, шу нарсага ўз ҳиссасини қўша оладиган бўлса, фақатгина шунда, кетиш мумкин. Мен ҳозир бу нарсани ўйлагим ҳам келмаяпти! Ўйламаймн ҳам!

 

- Ижоддан бошқа даромадингиз ҳам борми?

- Ижоддан бошқа даромад йўқ!

 

- Чирой аёл киши учун, биринчи навбатда муаммо ва жазодек, гап, дейишади. Эркак киши учун-чи?

- Биласизми, эркак киши маймундан салгина фарқ қилса, етарли ҳам, дейишади. Лекин, мен бу фикрга қўшилмайман! Чунки, агар биз шоубизнес сферасида ишлаймиз, санъаткор нормал кўринишга эга бўлиши керак! Бу гап нафақат санъаткорлар, балки ҳаттоки бу соҳадаги фотографларгача тегишли, деб ўйлайман. Баъзилар, атайлаб, хунукроқ суратингизни олиб, шуни қўймоқчи бўлишади. Бу нарсага мен тушунмайман. Менинг фикримча, санъаткор инсон барибир, эркак киши, яхши кўринишда бўлиши керак! Айниқса, 40 ёшдан кейин! Ўзига қараши керак! Қизлар ва аёллар учун эса, бу глобал муаммо! Қизлар, аёллар, масалан, семиришдан, юзини нимадир бўлишидан қўрқишади. Лекин, мен инсоннинг ички фазилатларига ҳам баҳо бераман.

 

- Ўз вақтида ёш санъаткор йигитлар ичида энг кўрками ҳисоблангансиз. Ҳозир ҳам, 40 ёшдан ошган санъаткорлар ичида, энг ёш кўринадиганларидансиз. Сизга кўркамлик ҳеч муаммо келтирмаганми?

- Йўқ! (кулиб) Ташқи кўриниш борасида жуда бир қайғурмайман. Энди пластик операцияларга ҳали вақт бор, деб ўйлайман. Лекин, балки, 50 ёшдан кейин яна 16 ёш бўлиб оларман?

 Tohir Sodiqov (7)

- Ҳаддан ортиқ қизларнинг эътибори, сизга муаммо туғдирганми?

- Бу ҳар доим муаммо туғдиради. Энди, уйланган инсонга ҳам қизлар кўпинча телефон қилиб қолишади. Бу нарса, албатта, ёнингиздаги умр йўлдошингизга ёқмайди. Табиий ҳол, рашк қилади. Яна ўйлайди ҳам, “бу санъаткор бўлса, бўш вақти кўп, мен йўқ вақтимда у-бу нарса бўлиб қолмасин” дейди. Энди ёш қизлар “концертингизга тушаман, сиз яхши қўшиқ айтасиз” деса ҳам, рафиқангизни рашки келиши мумкин. Лекин, менда ундай нарсалар муаммо келтирмайди. Мен ўзи қизлар телефон қилишса, хотинимнинг ёнида ҳам гаплашавераман! Чунки, иш юзасидан гаплашаман, масалан, концерт бўйича! Масалан, кимдир мухлис сифатида телефон қилиб, “қўшиғингиз яхши экан” деган маънода гапириши мумкин. Улар билан ҳам гаплашиш керак-ку! (кулиб) “Йўқ, ҳозир хотиним бор эди, гаплаша олмайман” деб телефонни қўйиб қўймайсиз-ку! Рафиқам баъзида хафа ҳам бўлади, лекин доим кейин тўғри тушунади. Лекин, ўта бир жиддий муаммо бўлмаган!

 

- Продюсерликка қўл уриш ниятингиз борми? Ёки бир продюсерлик маркази очиш?

- Продюсерликка қайсидир маънода қўл уриб бўлганмиз. Нечта санъаткорлар, мана шу бизнинг шоудан чиққан. Бу ҳам продюсерлик! Лекин, молиявий тарафдан, маблағ сарфлаб продюсерлик қилмаганман. Йўқ! Мен битта нарсани биламан, санъатга тўғри, маблағ керагу, лекин инсонда яна битта нарса борки, худо тарафидан берилган қобилият, ёки уни бошқарадиган санъатга берилган куч, агар бошқарса, ҳеч қандай пул ҳам, бошқа нарса ҳам, роль ўйнамайди! Шундоқ юзага чиқиб кетиб қолади. Кўп санъаткорлар, масалан, Тошкентдан эмас, вилоятлардан келиб, санъатда қандай катта ютуқларни қўлга киритишмоқда! Чунки, уларда санъатга бўлган куч, уларни худо берган қобилияти, санъати, кўтарган! Чунки, қобилиятни ушлаб бўлмайди! Маблағ билан юзаки артистларни чиқарса бўлади, 5-6 йил ва бўлди! Қиз бола санъаткор бўлса, турмушга чиқиб олгунча, йигит киши бўлса, уйланиб олгунча, машина олгунча ижод қилиши мумкин. Агар мен продюсер бўладиган бўлсам, фақатгина маблағ тикмасдан, қобилиятларига йўл кўрсатадиган продюсер бўла оламан!

 

- Ҳар куни ўзингизга қандай талаблар қўясиз?

- Эрталаб соат 07.00 да тураман, кечқурун 24.00 да ухлайман.

 

- Ҳозирги кунда инсонлар орасида нима йўқолиб кетяпти, деб ўйлайсиз?

- Ҳозирги кунда инсонлар орасида ҳеч нарса йўқолиб кетаётгани йўқ. Аксинча, кўпайиб кетяпти! Интернетга мойиллик ва қарамлик кўпайиб кетмоқда! Ҳаммани қўлида қўл телефони, мен ўзим машина ҳайдайман ва бу ҳолатдан қўрқаман ҳам, чунки кўплар қулоғида наушник, машина ҳайдаб кетишади. Улар учун ҳаёт йўқ, ҳеч ким йўқ! Ҳамма нарса виртуал, қизлар билан танишиш ҳам, гаплашиб, учрашишлар ҳам виртуал бўлиб кетган! Сал қўл телефонини отиб юбориб, кўчага чиқиб, ҳаётни ҳам кўриш керак!

 Tohir Sodiqov (3)

- Ўзингиз фарзандларингизга қай даражада интернетни чеклагансиз?

- Назорат бор! Чунки, интернет соҳасида кўп нарсаларни биламан. Фарзандларимга интернет борасида назоратим кучли, улар интернетни фақат яхши тарафларидан фойдаланишади. Яъни, ўзига керакли бўлган китоблар, аудиокитоблар, ўқишига зарур бўлган нарсалар, конспект, рефератлар, маълумотларни топишда, шу нарсаларга қараб ўрганишда, янгиликлар ва об-ҳаводан бохабар бўлишда, қизларим замондан ортда қолмай ҳар хил мода янгиликларини ўрганиб,  пардозларни ўрганишда фойдаланишади. Асосан, керакли жиҳатлари шулар.

 

- Ҳозирги кунда умуман фильмларда суратга тушмаяпсиз?

- Фильмларда суратга тушиш учун, мен ҳозирги пайтда, иш олиб бораётган фаолиятимдаги маблағни тўлашса, мен қандайдир вақтимни ажратиб, кинода суратга тушишим мумкин. Агар у нарсани тўлай олишмаса, менга бу нарса керак эмас.

 

- Мухлислар фикри сиз учун қанчалик муҳим?

- Ўзи фақатгина мухлислар деб, ишланади, ижод қилинади. Санъат мухлислари учун ижод қилади. "Эй, мухлислар нимани билади, қўшиғим мусиқачсилар орасида зўр бўлса, бўлди" дейдиган санъаткорлар жуда ҳам қаттиқ адашишади! Чунки, бизни юлдуз даражасида ушлаб турганлар ҳам мухлислар, ижод ҳам мухлисларни деб қилинади. Мухлиссиз санъаткор, санъаткор эмас!

 Tohir Sodiqov (5)

- Ижодга илк кириб келган вақтларингиз, нималар сизга қийинчилик туғдирган?

- Ооо... 90 йиллар, ўша пайтларда яхши гитаралар бўлмасди! Гитара топсангиз, струна, симлари бўлмасди. Оддийгина аппаратдан аппаратга улайдиган шнурлар бўлмасди! Ҳозирги шароитлар, техникалар, булар эртакдагидек! Агар 90 йилда мана шундай техникалар менда бўлганида борми, мен ҳозир билмадим, қай даражада ижод қилган бўлардим?! Ўша пайт эса, эҳ, студия битта дона бўларди! Санъаткор кўп, студия битта! Вақт тақсимланган, бир соат, бир соатгина вақт бериларди! Шу бир соатгина вақтда қўшиғингизни айтсангиз, айтдингиз, бўлмаса, бўлди, кетдингиз! Яна қанча вақт кутиб навбат олардингиз. Ҳозир-чи, биттагина “припев”ни айтишади, уни кўчиришади, бўлди. Билмадим, менимча, ҳозирги кунда бу шароитларни қадрига етиш керак!

 

- Ҳаёт ва ижод сизни нималарга ўргатди?

- Авваламбор, санъаткор кўп гастрол сафарларида юриб, кўп инсонлар билан мулоқотда бўлса, ҳар ҳил инсонлар билан бир хил даражада мулоқотда бўлгандан кейин, ўзига яраша психолог бўлиб қолади! Инсоннинг кўзига қараб, қандай инсонлигини билиб оласиз. Сиздан нима ҳоҳлаётгани ҳам шундоқ сезилиб туради.

 

- Санъаткорлар ичидаги дўстлик қай даражада бўлиши мумкин?

- Санъаткор ҳеч қачон бир-бирига дўст бўлмайди! Дўст бўлса ҳам, фақат аввал чиққанлари бир-бирига дўст бўлиши мумкин! Чунки, иккови ҳам ҳамма нарсага эга, иши яхши кетмоқда, машҳурлик ҳам бир хил. Ўшалар дўст бўла олишади. Масалан, мен катта санъаткорлар билан дўст бўла оламан, лекин ёшлар билан дўст бўла олмайман. Чунки, улар ҳар доим менга ғараз билан қарайди. Мен бу нарсани ҳам биламан. Қандай қилиб? Масалан, у 500 соатлаб ишласа, мен эса, 2 соатда зўр бир қўшиқ айтиб қўйиб, унинг қўшиғини “уриб” кетиб қолсам, у менга қандай қилиб дўст бўлади? Бўла олмайди! Бу рақобатчилик! Фақат соғлом рақобатчилик!

 Tohir Sodiqov (4)

- Ҳозирги кунда, аниқ шогирдим, деб чиқара олган, кўрсата оладиган шогирдингиз борми?

- Шогирдлар кўп! Менда шу нарса йўқ! Мана шу менинг шогирдим, деб мақтана олмайман! Мен ҳеч қачон устозлик қилмаганман, мен уларга фақат йўлини кўрсатганман!

Саида Вахобова

Foto (4)