FATTOHHON.COM
« Все новости“Ўзбеккино” Миллий агентлигида 7-10 сентябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтажак “Хитой киноси кунлари” олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Мазкур матбуот анжуманида, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбари Аҳмаджон Умаров, Кино-видео ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, реклама-ахборот ва маънавий тадбирлар бўлими бошлиғи Музаффар Акрамов, Хитой Халқ Республикасининг юртимиздаги элчихонаси вакиллари, жумладан, элчихонанинг муваққат ишлар вакили Цзо Янь Вэй ва биринчи котиби Жэнь Яньган иштирок этишди.
Шунингдек, матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ҳам иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбари Аҳмаджон Умаров: - Мазкур тадбирдан мақсад, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро комиссиясининг маданий-гуманитар масалалар бўйича кичик қўмитаси баёни ижросини таъминлаш, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқаларни янада ривожлантириш, Киноматографияни янада ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашиш, ҳамкорликдаги лойиҳалар муҳокамаси, янги фильмлар ишлаб чиқаришдан иборат. 7 сентябрдан 10 сентябргача бўлиб ўтадиган мазкур Хитой киноси кунларида 6 та фильм намойиш этилади. Хитой кунлари очилиши 7 сентябрь куни “Самимий севги” (Genuine Love) фильми намойиши билан бошланади.
Хитой Халқ Республикасининг юртимиздаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Цзо Янь Вэй: - Мен авваламбор, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбари Аҳмаджон Умаровга, мазкур тадбир ва ҳамкорлик юзасидан чуқур миннатдорчилик билдираман! Хитой киноси кунлари Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришда муҳим тадбир, деб биламан. Хитой кунлари доирасида жами 6 та фильм намойиш этилади. Булар: Чеанг Пой-Сойнинг “Маймунлар қироли” (The Monkey King), Чэн Ганнинг «Чет эллик энага» (When Peking Family Meets a foreign Aupair), Вонг Кар-Вайнинг «Буюк уста» (The Grandmaster), Ван Жингуаннинг «Или дарёси» (Never Look Back), Вэй Шининг “Паром” (The Ferry) фильмларидир! Тадбирда намойиш этиладиган фильмлар орқали, Ўзбекистонлик томошабинлар хитойликларнинг кундалик турмуш тарзи билан танишишлари ва менталитет жиҳатдан хитойликлар ўзбекларга қанчалар яқин эканликлигини ҳис қилишлари мумкин. Масалан, Хитой киноси кунларининг очилишида намойиш этиладиган “Самимий севги” (Genuine Love) фильмини олсак, мазкур фильм ҳаётий воқеаларга асосланган бўлиб, унда она муҳаббатининг қанчалик буюклиги ҳақида ҳикоя қилинади. Бу фильм “Тяньшань” кинофабрикаси томонидан суратга олинган бўлиб, фильм режиссёри Шерзод Ёқуб ва фильмда бош ролни ижро этган Қундуз Зайтая ҳам очилиш маросимида иштирок этадилар. Улар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан фильмлар суратга олиш, ҳамкорлик ҳақида ўзаро фикр алмашадилар.
Кино-видео ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш, реклама-ахборот ва маънавий тадбирлар бўлими бошлиғи Музаффар Акрамов: - “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Халқаро алоқаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор бермоқда. Масалан, шу йилнинг ўзида Европа киноси кунлари ҳафталиги ўтказилди. Энди эса, Хитой киноси кунлари доирасида турибмиз. Буларнинг ҳаммаси Халқаро муносабатларни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг довруғини, ўзбек киносини бутун дунёга олиб чиқиш борасидаги амалий ишларнинг ифодасидир. Жорий йил охиригача Тошкентда Япон киноси кунлари, Корея киноси кунларини ҳам ўтказиш режамизда бор. Бундан ташқари, энг яхши ўзбек фильмлари саралаб олиниб, Хитойда Ўзбек киноси кунларини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Олдимизда турган Хитой кунлари доирасида намойиш этиладиган фильмларга келсак, уларнинг барчаси бир-бирига ўхшамаган ўзига хос фильмлар бўлиб, улар Хитой маданияти, санъати, оддий инсонларидан тортиб, замонавий технологияларини ҳам қамраб олган.
Мазкур «Хитой киноси кунлари» Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номли киносаройида бўлиб ўтади. Шунингдек, Хитой делегацияси вакиллари 8 сентябрь куни Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида ва Республика Байналмилал маданият марказида ҳам учрашувлар ўтказишни режалаштиришган.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Сардор Азимовга миннатдорчилик билдирамиз
![]()
![]()





