FATTOHHON.COM

« Все новости

БАЙРАМГА СЮПРИЗ? 08.03.2014 10:19

 0_c2807_5113105_XL

1. 8 март учун энг яхши совға?

2. 8 мартга онангизга қачон илк марта совға қилганингиз ёдингиздами ва бу нима эди?

3. Шу куни ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

4. Шу куни рафиқангизни ранжитиб қўйганмисиз?

5. Рафиқангизга шу куни кутилмаган бир сюрприз уюштирганмисиз?

  Фото (6)

Актёр Адиз Ражабов

1. (ҳазил билан) Келинглар рафиқамга қўнғироқ қилиб сўраймиз? Менимча, сийқаси чиққан гапларни бир четга суриб қўйсак, энг яхши совға олмослар, қимматбаҳо шубалар бўлса керак! (жиддийлашиб) Энди жиддий гапирадиган бўлсак, барибир бу эътибор! Шунинг учун ҳам, кўпчилик гапиради. Эътибор, бир дона атиргул бўладими, ширин сўз бўладими, фарзандни ўз онасига ўз қўли билан ясаган открыткаси бўладими, энг асосийси, бу эътибор! Эътиборнинг ёнига, ўзингиз кўнглингизга яқин олган совғангиз ҳам бўлса, нур устига аъло нур бўлади!  

2. 8 ёшларда эдим, 2 синфда ўқиётган вақтим, ўзимиз дарсда чиройли гуллар чизиб, открытка ясаб, ичига табрик ёзиб совға қилганман. Аммо, ҳалигача сақланиб қолмаган.

3. (ҳазил билан) 8 март куни биринчи навбатда, қўл телефонларимни ўчириб, ғойиб бўламан! (кулади) Албатта, бу ҳазил! (жиддийлашиб) 8 март аёлларимизни, оналаримизни хурсанд қилиш учун, бир сабабчи кун! Шу куни уларнинг қувончини кўриб, ўзим ҳам жуда хурсанд бўламан!

4. Йўқ, қачон! Байрамда яхши эмас! Ўзи рафиқамни деярли ранжитмасликка ҳаракат қиламан.

5. Йўқ, ҳали йўқ. Ҳозирча ўйлаяпман. Ўзи 8 мартда, туғилган кунларда кўпинча ишда бўламан. Съёмкада банд бўламан. Шунинг учун ҳам, одатда гул билан бирор чиройли совға ҳадя қиламан.

  Фото (5)

Актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров

1. Байрам учун энг яхши совға бу, албатта эркак аёл кишига бирор совға бериши эмас, энг муҳими, бу айнан ўша санани кутиб, ёки қараб ўтириши эмас, чунки ҳар қандай кун, масалан, 27 августми, 4 январми, ҳар қандай кунда, ўзи севган, ҳурмат қилган аёлини, рафиқасини, онасини, қизини, қариндош аёлларни, эъзозлаб, чин дилдан совға қилгани яхши! Дейлик, ҳеч бир сабабсиз, “Сизларни борлигингизни ўзи бахт, қувонч” деб, совға ҳадя қилсангиз, қандай кун бўлишидан қатъий назар, байрамдек чиройли бўлади. Энг яхшиси, албатта, бу эътибор! Эътиборли бўлиш керак! 8 март куни ҳам, албатта эътибор қилган яхши, мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Менимча, совғани ёмони бўлмаса керак.

2. Мактабда ўқиётган вақтларимда, меҳнат дарсида ўз қўлимиз билан гуллар, открыткалар ясаб совға қилганмиз. Улар жуда бир қиммат бўлмаса ҳам, эътибор бўлган. Кичкина бола бўлганмиз, онамиз учун шундай нарсалар ясаганмиз. 3-4 синфларда ўқиётган вақтларим эди. Кейин каттароқ бўлганимда, институтда ўқиётган вақтларимда, Омскка борганимда, у ерда пуховой рўмолларнинг яхшилари бўлар экан. Ўша ердан пуховой рўмол олиб келгандим. Биринчи, ўз пулимга сотиб олиб, олиб келган совғам ўша эди.

3. Тўғриси, 8 март ҳам яхши кун, лекин мен ҳадя, ёки сюрприз учун айнан 8 март келишини пойлаб ўтирмайман! Юқорида айтганимдек, рафиқам, менга тегишли жигар бўлган аёлларни, ҳоҳлаган куним табриклайман!

4. (ўйланиб, эслашга ҳаракат қилиб) Билмадим, балки бўлгандир? Биз ҳам оддий инсонмиз, уришиб ҳам қолишимиз, аразлашиб қолишимиз мумкин. Лекин, ҳеч санасини эслай олмадим. (кулади)

5. (кулади) Кутилмаган совғалар қилганман. Фақат 8 март куни эмас!

  Фото (4)

Хонанда Улуғбек Раҳматуллаев

1. 8 марта энг яхши совға, менимча, авваламбор, албатта эътибор бўлса керак. Қолаверса, совғани қиммат ёки арзони ҳам бўлмайди, деб ўйлайман. Билмадим, негадир аёлларга мен совға сифатида, биринчи бўлиб, гулдан бошқасини тасаввур қила олмайман. Бу гул билан бирга қилинадиган эътибор бўлса керак. Чунки, гул бу табиий гўзал совға! Табиий гўзаллик! Шунинг учун ҳам, табиий гўзаллик билан ширин сўз, биринчи навбатдаги чиройли совға бўлса керак, деб ўйлайман.  

2. Кичкиналигимда,  оиламни қоғозга сурат қилиб чизиб, “8 март билан!” деб ёзиб, 8 сонини қирқиб, ёнига қоғозлардан гуллар қилиб, ясатиб, совға қилганман. 1 синфда ўқиётган эдим, устозимиз бизни шу нарсага ундаганлар, ўргатганлар. Бу 1988 йилда қилинган иш эди...

3. Ёшликдан қандайдир ота-онага нисбатан меҳр, ота-онани ҳурмат қилиш, улар сени эркалаши ва сен уларни хурсанд қилиб, қувонтира олишинг кичкиналикдан инсонга завқ бағишлайди! Ҳозирги кунга келиб, катта эътибор қила олаётганлигимдан хурсандман! Шу куни ўзимни жуда зўр ҳис қиламан!

4. Ҳеч қачон рафиқамни бу куни ранжитмаганман! Ўзи тўғриси, рафиқамни ранжитмайман. Агар бир хилларида кайфиятим йўқ бўлиб қолиб, ҳар доимгидек муносабат қилмай қолган бўлишим мумкину, (бу ҳолат ҳам жуда камдан кам бўлади!) аммо, ранжитиш, қаттиқ гапириш деган нарса бизнинг оилада умуман йўқ! Биз бир-биримизни тушунамиз ва қадрлаймиз!

5. (меҳр билан) Тўғриси, бундай ишни жуда кўп қиламан. Шундай одатим бор, айнан байрамни кутиб ўтирмасдан, шунчаки, уйга кечқурун рафиқам учун чиройли голланд атиргулларидан гулдаста билан шоколад, ёки совға кўтариб келадиган одатим бор! Ахир ўзингиз жондан ортиқ кўрган аёлингизни ҳар доим табриклашингиз, қувонтиришингиз учун, менимча, байрамни кутиб ўтириш шарт эмас!

 Фото (7)

“Болалар” гуруҳи хонанда Тоҳир Содиқов

1. Аёл кишига энг яхши совға, менимча, бир букет, чиройли гуллардан гулдаста, лекин ўша букетга яна қўшимча равишда замонавий, модага мос, чиройли совға бўлса, яхши совға бўлади!

2. Кичкиналигимда, 4-5 ёшлар вақтимда, табрик ёзиб, гулларнинг суратини чизиб, совға қилганман.

3. 8 март мен учун қандайдир бошқача кун! Мен ўзим совға беришни жуда ҳам яхши кўраман! (кулиб ҳазил билан) Бир тарафдан оилада аёллар жуда ҳам кўп бўлса, ўйланиб ҳам қолар экансан, қолаверса, чўнтакка ҳам салбий таъсир қилиб қоладиган пайтлари ҳам бўлади... (жиддийлашиб) Лекин, шунга қарамасдан, ҳамма аёлларимизга бир хилда чиройли қилиб, совға қилишга ҳаракат қиламан!

4. Йўқ!

5. Рафиқамга ҳамиша кутилмаган сюрпризлар уюштираман! Байрам бўлиши шарт эмас! Ўзимдан ўзим, ҳеч кутмаганда, нималардир уюштиришларни жуда яхши кўраман! Лекин, анча йиллардан буён шундай қилиб келаётганлигим учун, ҳамма бунга ўрганиб қолган! Доим нимадир ўзгача сюрприз кутишади! (кулади) Ҳаттоки,у даражада ҳайратланмай ҳам қўйишган!

2022182021_7 

Актёр Йигитали Мамажонов

1. Менимча, ҳар доим энг яхши совға бу эътибор, меҳру оқибат! Энг қимматбаҳо совғани ҳам эътиборсиз ва меҳрсиз совға қилсангиз, қадри бўлмайди.

2. 4 ёшлигимда, қоғоздан ясалган юракчанинг ичида гул билан, чиройли совға ясаб, ҳадя қилганман. Мен боғчага бормаганман, ўзимдан ўзим, хаёлимга шундай совға ясаш келган.

3. Йўқ! Ўзи рафиқамни ранжитмасликка ҳаракат қиламан! Уни асраб-авайлаш, менинг бурчим! Жонимдан ортиқ кўраман ва қадрлайман!

4. Шу куни ўзимни қандайдир ҳимоячи, деб ҳисоблайман. Ўзи ҳамиша шундай-ку-я, лекин, бу куни шу ҳис жуда кучли даражада бўлади.

5. Сюрпризлар уюштирганман! Лекин, сир бўлақолсин! Чунки, ўта шахсий! Сюрпризни ўрнида қилиш керак, айтиб қўйсангиз сюпризлиги қолмайди! Бу йил ҳам, албатта, сюпризсиз ўтмайди!

  Фото (3)

Хонанда Шербек Шодиев

1. Аёлларга чиройли совға, бу чиройли гуллардан гулдаста, ҳамда ёнида қандайдир эсда қоладиган сувенир совға! Албатта, ширин сўз, яхши кайфият!

2. Онамларга биринчи қилган совғам бу настарин гул бўлган! Тахминан, 7-8 ёшларда эдим, атайлаб пул йиғиб, сотиб олганман.

3. Бу мен учун баҳорий байрам! Шу куни ҳақиқатдан ҳам баҳорнинг кириб келганини ҳис қиламан! Аёллар гулга қараб қувонганда, мен уларнинг хурсандчилиги менга янада завқ бағишлайди.

4. Йўқ, бу рафиқам билан кутиб оладиган биринчи 8 март бўлади. Худо ҳоҳласа, ранжитмасам керак.

5. Тўғриси ҳозир шу ҳақида ўйлаяпман! Бир нарсани амалга оширмоқчиман, кутилмаган ва қувончли бўлишини истайман.

  Фото (2)

Актёр ва режиссёр Соҳиб Аббосхон

1. Менимча, гул.

2. Кичкиналигимда, оддий дафтар варағига сурат чизиб, совға қилганман. Тахминан, 5-6 ёшларда бўлсам керак. Онани расмини чизиб, ёнига гуллар чизиб, ёш болаларга хос, албатта.

3. Ҳар доимгидек. Жуда бир ўзгача воқеа бўлгандек эмас.

4. Менимча, йўқ! Аксинча, олдин ранжитган бўлсам, ўша куни ярашиб олганмиз.

5. Барибир, кутилмаган сюприз бўлмайди, деб ўйлайман. Чунки, шу куни барибир қандайдир бир ўзгача муҳит бўлади ва сюпризлар кутилади-да! Аммо, бир куни сюприз эмас, кутилмаган воқеа бўлган. Шу куни ёнимда пулим қолмаган, шунда машинамда, худди таксидек, бир неча инсонни манзилига етказиб қўйиб, ўша пулга гул ва совға сотиб олганман. (самимий кулади)

  Фото (8)

Хонанда Сардор Раҳимхон

1. 8 март учун энг яхши совға, менимча, ҳар доимгидек эътибор! Чиройли ширин сўз! Табрик! Гул ва бир антиқа совға! Энг чиройли совға бу ўзингиз қўлингиз билан яратган совғангиз! Агар бунга имкониятингиз ва вақтингиз бўлса, нимадир ўзингиз ясаб, ёзиб, куйлаб совға қилсангиз, жуда ҳам чиройли бўлади. Масалан, мен рафиқамга тўйдан олдин “Зора” деб номланган қўшиғимни совға қилганман!

2. Болалигимда, боғчада, мактабда открыткалар ясаб, гул билан совға қилганман. Эсимда қолгани, биринчиси эмас, албатта, аммо мактаб даврида, тахтага, михни куйдириб, 8 мартга “Онажоним сизни табриклайман!” деб, яна нималардир ёзиб, совға қилганман.

3. Тўғрисини айтайми? (кулиб) Шу куни ўзимни жуда камбағал ҳис қиламан! Чунки, ҳар доим нимагадир пулим етмай қолади! Яқинлардан ташқари, қариндош бўлган аёллар ҳам кўпгина, ҳаммани табриклаш керак! Хафа қилиб қўйсангиз бўлмайди... Ўзимизнинг уйда 5 та аёл киши, улардан ташқари, келинойиларим, қариндош-уруғлар, хуллас, шу куни миллионер бўлиб қолсаму, ҳаммага совғалар қилаверсам, дейман!

4. Йўқ, рафиқам биринчи навбатда, назари тўқ, ҳечам совғаларга эътибор қилмайди. Нима олиб келсам ҳам, хурсанд бўлиб қабул қилади. “Авваламбор, ўзингиз соғ бўлсангиз бўлди” дейди. Ҳечам рафиқамни хафа қилмаганман. Кўпинча 8 март куни совғани кечаси олиб кираман, агар ухлаб қолган бўлса, уйғотиб бераман, кутилмаган совға бўлади, хурсанд бўлади.

5. Кутилмаган сюпризлар қиламан, кўп бўлган. Масалан, жуда катта гулдаста ясатиб, пастга қўйиб, “юр, бир нарса кўрсатаман” деб, олиб тушиб, ҳадя қилардим. Ёки ўзим ортимда совғам билан яшириниб олардим, укам рафиқамни чақириб тушарди. Кутилмаган сюприз бўларди. Лекин, жуда бир катта сюпризларга ҳали улгурмадим. Бўлиб қолар? Ҳозирча яна ўйлаяпман!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова