FATTOHHON.COM
« Все новостиОдатда, шоубизнес соҳасидаги инсонлар, бошқалар назарида фақатгина ижод билан машғул бўлган инсонлардир. Улар баъзида бошқаларда, оилада қўлини совуқ сувга урмайдиган инсондек гавдаланишади. Айниқса, шоубизнесдаги эркакларни умуман, оила юмушлари, бола тарбиясидан бироз йироқда, деб ўйлашади. Лекин, бугунги лойиҳамиз, бундай фикрларни бутунлай инкор этади. Шоубизнес вакиллари нафақат меҳрибон ота, оила бошлиғи бўлибгина қолмай, балки баъзида фарзандларига қарашни ҳам, уддалай олишади!
АКТЁР АДИЗ РАЖАБОВ 1 ҚИЗЧАСИ БОР
Боланинг таглигини алмаштириш...
1. (самимий кулиб) Йўқ, бу иш қўлимдан келмайди, тўғриси! Қила олмайман.
Бола йиғласа...
2. Бола йиғласа, қўшиқ айтиб бераман! (кулади) Қўшиқ айтиб берсам, йиғлашдан тўхтаб овуниб қолади. Ҳаттоки, ухлаб ҳам қолади.
Болани сиз билан бирга ўйнагиси келса...
3. Ҳамма ишни бир четга суриб, фақат бола билан банд бўламан! У билан ўйнайман, эркалатаман. Чунки, бола билан қанча бирга ўйнаш мумкин? Ярим соат, қирқ беш дақиқа, ёки бир соат бўлиши мумкин. Ўша муҳим ишингизни бир соат кейин ҳам қилиш мумкин! Болангиз, ҳамма ишингиздан муҳим!
Энг яхши кўрган буюмингизни синдириб қўйса...
4. (кулиб) Жаҳл қиламан, лекин бурнимни тишлайман! (кулади) Ҳазил, нима ҳам қилардим? Болани уришиб бўлмаса? Жаҳлим чиқса ҳам, кулиб қўя қоламан. Жазолай олмайман, тўғриси!
Меҳмон келганда одобсизлик қилса...
5. Ҳали кичкинаю фарзандим. Билмадим, катта бўлса, кўрамиз. Ўзи, билмадим, менимча, сал тушунтириб қўйиш керак.
Нақд бир кун давомида болага қараб туришга тўғри келса...
6. Агар шундай ҳолат юз берса, бемалол қараб тура оламан. Чунки, бола билан ўйнашга мингта ўйин бор!
Саида Вахобова