FATTOHHON.COM
« Все новостиҲОЗИРГИ КУНДА ТИНИМСИЗ ИЖОД БИЛАН БАНД БЎЛГАН УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ ЯНГИ “СЕВГИ, БАЛКИ БУ ЖАННАТ” ФИЛЬМИГА САУНДТРЕК КУЙЛАДИ!
Улуғбек Раҳматуллаев: - Режиссёр Рустам Саъдиевнинг таклифи билан у кишининг катта экранларга чиқиши кутилаётган янги фильми “Севги, балки бу жаннат” учун саундтрек куйладим. Бу фильм учун “Беном” гуруҳи, Сарвар ва Комил томонидан махсус яратилган қўшиқни тинглаб кўрганимда, менга жуда ҳам манзур бўлди ва рози бўлдим. Бундай чиройли қўшиқ ҳар доим ҳам яратилавермайди! Одатда баъзи ижодкорлар фильм суратга олгач, хонанданинг репертуаридан бирор қўшиқни олиб, саундтрек қилиб қўя қолишади. Лекин, бу ерда фильмга атайлаб саундтрек учун махсус қўшиқ ёзилган. Мен шу тарафини ҳурмат қилдим. 14 март куни 17.20 да бу қўшиқ “Ўзбегим таронаси” радиосида премьера бўлади! Тез кунда бу қўшиқни фильм видеолавҳаларидан йиғилган кўриниши ҳам, томошабинларга тақдим қилинади. Бу режиссёр Рустам Саъдиев билан саундтрек борасидаги биринчи ҳамкорлигимиз бўлса, лекин фильмлар борасида иккинчи марта ижодий ҳамкорлик қиляпмиз. Чунки, бундан бир неча йиллар аввал бу режиссёрнинг “Вой-дод сумалак” фильмида роль ижро этганман. Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб бу қўшиқ учун “Беном” гуруҳи, Сарвар ва Комилга ўз миннатдорчилигимни билдириб қўймоқчиман. Қўшиқ менга жуда ҳам ёқди. Ўйлайманки, бу гуруҳ ва Рустам ака билан ижодий ҳамкорлигимиз келажакда давом этади ва ўз самарасини ҳам беради. Қўшиққа тўхталсак, жуда ҳам маъноси кучли бўлган маҳзун тарона! Инсонни ўйлантириб қўяди. Шуни ҳам айтиб ўтмоқчиман, янги мусиқий альбомимда ҳам, кетма-кет маҳзун тароналар куйлаяпман. Маҳзунликка қаратилган қўшиқларим кўплигига тингловчилар ҳам “Улуғбек нега маҳзун қўшиқларни кўп айтяпти?” деб ҳайрон қолишмасин, бунинг сабаби, бундай қўшиқлар кетма-кет тўғри келиб қолганлиги, мен сўровнома ўтказиб, “қандай қўшиқлар куйлашимни истайсизлар?” деганимда, 90 фоиз мухлисларим “Сизга кўпроқ маҳзун тароналар ярашади!” деганларини ҳам ҳисобга олиб, шу қўшиқларни яратдик.
Қўшиқни мени таъсирлантирган жиҳатлари, биринчи навбатда, маъноси бўлди! Иккинчидан, менга мусиқаси ҳам жуда манзур бўлди! Куйлагинг келадиган қўшиқ! Шундай сўзлари бор: “Гулзордан, боғ ичидан танлаган гулим, тиконли гул экан, адашибман”, мана шу инсонга қаттиқ таъсир қилади! Нақаротида ҳам, “Севги балки бу жаннат, ёки бу қисмат, бу синов” деган сўзлари бор... Менимча, қўшиқ ҳақида минг марта гапиргандан кўра, 14 март куни қўшиқ премьерасини тинглаган маъқул!
Сарвар ва Комил, “Беном” гуруҳи: - Рустам Саъдиев бизга бу қўшиқ яратиш таклифини берганларида жуда ҳам хурсанд бўлганмиз. Бу қўшиқни Улуғбек Раҳматуллаев ижро қилади, деганларида яна ҳам қувондик. Чунки, Улуғбек Раҳматуллаев билан ижодий ҳамкорлик қилиш режада бор эди, ўзлари билан келишган ҳолда, анчадан буён концертларда кўришиб қолсак, ҳар доим ижодий ҳамкорлик бошлашни режалаштирардик. Айнан, мана шу фильм саундтрекидан ижодий ҳамкорлигимиз бошланди. Улуғбек Раҳматуллаев билан ҳам боғланиб у кишининг фикрларини тингладик. Ўзимиз қандай тасаввур қилган бўлсак, шундай қўшиқ яратдик. Рустам акага ҳам, Улуғбек Раҳматуллаевга ҳам манзур бўлди. Жуда ҳам қийин яратилди, чунки қўшиқда фильмдаги бош қаҳрамоннинг характери, ҳолати талқин қилиниши керак эди. Қўшиқ 10 кун давомида ёзилди, ҳаттоки кечалари ухламай, телефонда гаплашиб, ижод қилинди. Бу қўшиқнинг ёзилиш жараёнида Улуғбек Раҳматуллаев, Малайзияда эдилар. Улуғбек Раҳматуллаев келгач, қўшиқни тинглаб кўриб, маъқул топиб куйладилар, қўшиқ ёзилди. Тўғриси, бундай ижрони кутмагандик! Улуғбек Раҳматуллаевнинг санъатига, маҳоратига қойил қолдик! Қўшиқни кутганимиздан ҳам аъло даражада куйлаб бердилар!
Демак, асло ўтказиб юборманг, 14 март, соат 17.20 да “Ўзбегим таронаси” радиосида юлдузли ҳамкорлик асосида яратилган, Улуғбек Раҳматуллаев куйлаган саундтрек премьераси!
Саида Вахобова