FATTOHHON.COM
« Все новости“Ориат доно” радиосида журналист Акмал Мирзонинг “Чой устида” дастурининг навбатдаги меҳмони
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Эътироф” мукофоти совриндори Зиёда бўлди! Шунингдек, дастурда биз ҳам иштирок этдик.
Зиёда радиога турмуш ўртоғи Элдоржон билан биргаликда келишди. Дастур ҳар доимгидек тўғридан тўғри эфирда кечди. Дастур давомида эфирда албатта, Зиёданинг қўшиқлари янграб ўтди.
Акмал Мирзо радиотингловчилар билан саломлашгач, сўз навбатини Зиёдага берди,
Зиёда ҳам тингловчилар билан саломлашди.
Сўнг, Акмал Мирзо Зиёдани бу йил Мустақиллик байрами арафасида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олганлиги билан табриклаб, бу хушхабарни эшитгандаги ҳолати ҳақида савол берди.
Зиёда: - Мустақиллик айёмига бағишланган байрам репетицияси вақтида бу ҳақида эшитдим. Аввалига ишонмадим, “алдаяпсизлар-а?” дедим ҳам. Лекин, ҳақиқатдан рост экан! Биринчи навбатда, ота-онамга, хўжайинимга яъни турмуш ўртоғимга биринчи бўлиб етказдим! Жуда ҳам хурсанд бўлишди! Чунки, фарзанднинг ютуғини кўриш, ота-она учун бахт! Менга Муҳтарам Президентимиз томонларидан камтарона хизматимизни юксак баҳолаб, мана шу мукофот лойиқ, деб берилган экан, бу мукофотни худо ҳоҳласа оқлайман. Қўшиқларимда, кийиниш услубимда, одоб бўйича ҳам, ўзимнинг мухлисларим учун намуна бўлишим керак, деб ўйлайман.
Акмал Мирзо:- Ўша пайтда, репетиция пайтларида кўп нарсани сезмагандирсиз, лекин, мана байрам ўтди, энди “эй, тўхта Зиёда” деб, ўзингизга ўзингиз савол берасиз.
Зиёда: - Энди бу жуда ҳам катта мукофот! Орзуйим эди, орзуйим ушалди! Хизматларга борганимда, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилова” дейишяпти! Олдин, фақатгина Зиёда, деб мурожаат қилишарди. (самимий кулиб) Ҳақиқатдан ҳам бошқача бўлар экан... Лекин, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” дейишганида, аввал бошида ҳайрон бўлдим, ҳаттоки шокка тушиб қолдим! “Ростдан? Алдаяпсизларми?” деган ҳолатлар бўлди. Кейин уйга боргандан кейин, битта ўтириб йиғлаб олдим! Чунки, бу меҳнатларимнинг самараси, жуда ҳам хурсандман!
Акмал Мирзо:- Кузатганман, бундай нарсалар сизга жуда қаттиқ таъсир қилади. “Эътироф” тақдимот маросимида ҳам кўрганман, ҳазиллашиб айтилган гапларни ҳам жуда жиддий қабул қилгансиз. Барибир нима бўлган тақдирда ҳам, ҳужжатлар тақдим этилган, сиз бундай қувончли воқеаларга тайёр турмайсизми?
Зиёда: -Барибир билиб бўлмайди-ку! Ишонмаслик ҳам керак эмас, ишониб ҳам қўйиш керак эмас... Ишониб қўйсангиз ҳам ундан ёмони йўқ. Лекин, шу бугунги кунга насиб қилган экан, бундан жуда ҳам бахтиёрман!
Акмал Мирзо:- Хаёлда ўзингизга савол: “Қайси меҳнатларимга”? Тўғри, сиз ҳозир мақтанмайсиз, аммо, тингловчилар орасида сизнинг ҳамкасбларингиз, сиздан кейин ижод йўлига кирганлар бор-да!
Зиёда: - Энди, бу ерда кўпчиликнинг меҳнати бор, бир ўзимнигина эмас! Бизни жамоани! “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасини! Барча мени қўллаб-қувватлаган инсонларнинг хизмати бор! Ота-онамни, мени оиламни, устозларимни! Бу мукофот, ҳамма-ҳамманики!
Акмал Мирзо:- Бу қувонч, бу мукофот елкангизга катта масъулият юклаганини ҳам ҳис қилиб улгурдингизми? Бу жуда оғир юк! Чунки, бу “Ўзбекистон Халқ артисти” унвони учун берилган “аванс”дек гап! “Ҳаракат қил, ижодкор!” дегандек... Масъулиятни ҳис қилиш бошландими?
Зиёда: -Албатта! Ҳис қиляпман! Бошланди! Қўшиқларимга қарамасам бўлмайди! Тадбирларга борамиз, қўшиқларимнинг сўзлари алоҳида эътибор бермасам бўлмайди! Қўшиқларимни мазмунига урғу беришим керак! Бу ёғига янада жиддийроқ, ижод қилишни бошлайман!
Акмал Мирзо:- Кимдир унвон олганда катта бўлиб қолдимми?, дейди.
Зиёда: - Кимдир қариб қолдимми, дейди. (самимий кулади)
Акмал Мирзо:- Унвон бир пайтда эълон қилинади ва Конституция байрамимиз арафасида топширилади. Инсон ўзини худди бир катта бўлгандек ҳис қилади. Сизда ҳам шундай бўлдими?
Зиёда: - Ҳа! “Катта бўлиб қолдимми?” дедим, яқиндагина “Ниҳол” мукофоти совриндори эдим, дедим. Лекин, бу ўзига яраша катта бахт!
Акмал Мирзо:- Чиндан ҳам катта бахт, бу! Чунки, шунчалик ижодкорлар орасида, бу унвонга сазовор бўлдингиз! Ўз мухлисларингизга эгасиз! Яна бир бор муборак бўлсин! Атрофингиздагиларнинг сизга муносабатлари ўша-ўша! Хурсандлар! Лекин, беш қўл баробар эмас! Энди, сизга душман бўлмаса ҳам, ҳасад қиладиганлар кунора кўришадиганлар орасида ҳам бўлиши мумкин. Сезиб улгурдингизми?
Зиёда: - Йўқ... ҳали... Ҳамма яхши муносабат билдиришяпти.
Акмал Мирзо:- Йўқ, душманларингиз эмас. Қандайдир шошиб қолишадию, буни табриклар вақтида ҳам сезсангиз бўлади. Қандайдир чуқур урғулар бериб табриклайдиганлар...
Зиёда: - Йўқ, ҳамма илиқ муносабат билдирди! Ҳаммадан хурсандман!
Шундан сўнг, телефон орқали берилаёдиган саволларга ўтилди. Илк телефон орқали берилган савол, “Ниҳол” мукофотини олгандаги ҳаяжонлар, ҳамда “Нега-нега?” клипи ҳақида бўлди.
Зиёда: - Албатта, “Ниҳол” мукофотини олганимда жуда ҳам ҳаяжонли бўлган! Ойбек, Нигора билан биргаликда олганмиз, у пайтда “Акфа-медиа”да бўлганмиз. Давлатимиз томонидан бу мукофот берилганда, бошимиз кўкка етган! 3 йил қатнашиб, кейин олганмиз! “Нега-нега?” клипи ҳақида айтадиган бўлсам, бу ўзимнинг ҳаётимдан олинган эмас! Кўпчилик, “бу клип ўз ҳаётингиздан олинганми?” деб савол беришади. Йўқ! Мени ҳаётимдан олинмаган, лекин ҳаётда бундай воқеалар кўп бўлади. Ўшалардан олиб, клип суратга олганмиз!
Кейинги саволлар Зиёданинг қўшиқлари ҳақида бўлди.
Зиёда: - Энди, бу қўшиқлар замон талабими, ёшларимизга ёқаётгани учунми, шунинг учун хонандалар ҳам кўпроқ, қўшиқларни ёшларбоп қилиб, “ла-ла-лай, на-на-най” деган сўзлар қўшиб айтиляпти, урфга айланди. Лекин, барибир ўзимизнинг ўзбекона, жиддий қўшиқларимиздан ҳам айтиб туриш керак, деб ўйлайман!
Телефон қилганлардан бири, Зиёданинг қўшиқларидан ҳам сўради ва бунга жавобан Зиёда ўша сўралган қўшиқларни администратори томонидан дискка ёздириб, бериб юборишини маълум қилди!
Акмал Мирзо:- Тарози палласига қўйиб кўрсак, концерт учун ёзилган қўшиқларингиз кўпми ёки йил давомида мунтазам мухлисларга ҳавола этиладиган қўшиқлар кўпми?
Зиёда: - Тўғрисини айтсам, иккалови ҳам кўп! Чунки, оммага ҳавола этилган, оммалашган қўшиқларни кўпроқ концерт дастуримизда ижро этамиз!
Акмал Мирзо:- Кўпчилик янги ёзилган қўшиқни концертда синаб олади. Мухлислар эътиборига қараб, ўша қўшиққа кўпроқ куч берилади.
Зиёда: - Тўғрисини айтсам, биз ўша қўшиқни кўпроқ чиқариб, радиоларда айлантириб кўрамиз. Агар у қўшиқ тингловчиларга маъқул келса, ўша қўшиққа клип суратга олдирамиз. Лекин, ҳеч ундай концертда синаб кўрмаган эканман. Тўғри, концертда янги қўшиқлар ҳам куйлаймиз, аммо шундай қилиб, кейин клип суратга олиш, хаёлимга келмаган экан.
Акмал Мирзо:- Концертингиз жуда ҳам ранг-баранг бўлади. Концертни кўраётган томошабин ҳоҳлаган жойида бурилиш бўлиб, ўзгача қўшиқларнинг гувоҳи бўлиши мумкин! Лекин, мунтазам йил давомида мухлисларингиз эътиборига ҳавола этиладиган услуб бузилмайди?
Зиёда: -Йўқ!
Акмал Мирзо:- Авваллари ўзбекона услубда “Қаро кўзлар”, “Эй муҳаббат” қўшиқлари бўларди. Сиз айтмаяпсиз эмас, йил давомида мухлисларга ҳадя этишни канда қилиб қўйгандексиз...
Зиёда: - Ҳақиқатдан ҳам тўғри айтяпсиз. Ҳозирда кўпроқ эстрада қўшиқларига урғу бериб юбордим. Ана энди, пайти келди, яна ўзимизни миллий қўшиқларимиздан тақдим қилиб, сўзга урғу бериб, эстрада қўшиқларимизга ҳам, шу нарсаларни киритсам бўлади, албатта!
Акмал Мирзо:- Сизга бир савол бермоқчиман, фақат бу саволга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист сифатида бошқачароқ жавоб беришингизни ҳоҳлардим. Хонандаларимиз муҳаббат ҳақидаги қўшиқларга қанча керак бўлса, сарфлаб қўшиқни ёзади, клип суратга олдиради. Қанча керак бўлса, сарфлаб уни ойнаи жаҳон, радиоларда айлантиришади. Лекин, Ватан мавзусидаги, ота-она мавзусидаги қўшиқларга келганда, “ҳозир бизда имконият йўқ-да...” деган гаплар...
Зиёда: - Йўқ, йўқ, менда ундай нарса йўқ! Мен мақтанишни ёмон кўраман, бу мақтаниш эмас. Лекин, ҳақиқатдан Ўзбекистон ҳақида қўшиқ куйлаганман, клип суратга олдирганман, айлантирганман! Мухлислар учун, Мустақиллик арафасида ҳамма телеканалларда айлантирганмиз. Бундай нарсадан қочмайман!
Яна телефон орқали берилаётган саволларга ўтилди. Савол Зиёда вилоятлар бўйлаб концерт бериши ҳақида бўлди.
Зиёда: - Албатта, вилоятларда ҳам концерт дастуримизни уюштирамиз, водийга ҳам борамиз. Режамизда бор. Чунки, олдинлари ҳам вилоятларда концерт берганмиз. Ҳаттоки, ҳомиладорлигимда ҳам концертлар берганмиз. (кулади) Яхши қарши олишган. Шундай мухлисларимиз борлигидан хурсандман. Мухлисларимиз бўлса, деб орзу қилганман. Бирга суратга тушишса, дасхат олишса, хурсанд бўламан! Бирга суратга тушмайдиган одатим йўқ! Мухлисларимни борига шукур, дейман.
Акмал Мирзо:- Ансамбллар ҳақида, яъни элимиз танийдиган санъаткорлар ансамбллари ҳақида гап кетмоқда. Сизни ҳам жуда ҳавас қиларли ансамблингиз бор! Баъзиларда асли ўзи созанданинг ўзи йўқ. Кимдир ансамблига кирса бўлди, гитарани қийшиқ ушлаб олади, чапақайми, дейсиз. Сизда эса, созандаларингиз сизнинг ижодингизга енгил қарашмайди! Уларнинг тўйларда чалишлари ҳам таҳсинга сазовор!
Зиёда: - Ҳақиқатдан ҳам созандаларимиз жуда ҳам яхши! Ўз устиларида ишлашади. Энди ўз составимни жуда мақтасам ҳам бўлмайди. Лекин, ҳақиқатдан ҳам жуда яхши созандалар! Кўпларини ёшлари мендан катта, фикрларини билдиришади. Мен ҳечам эътироз билдирмайман, фикрларини қабул қиламан.
Акмал Мирзо:- Хонанданинг ижодини тарбиялайдиган созанда, ҳам дейишади!
Зиёда: - Мен ҳам ўзимни фикрларимни айтаман, улар ҳам тўғри қабул қилишади! Ҳеч бир-биримиз билан уришган ҳолатлар бўлмаган! Бўлмасин ҳам! Составимиз билан жуда ҳам аҳил, иноқмиз! Буни ўзингиз ҳам биласиз!
Телефон орқали “Моҳитобимсиз” қўшиғи ҳақида савол бўлди ва Зиёда бу қўшиқ Рустам Тўлашев билан ҳамкорликда яратилганлигини, бу ижодкорни ҳурмат қилишини, улар билан яна ҳамкорликда ишлаш нияти борлигини, айтиб ўтди.
Акмал Мирзо:- Боя, катта бўлиб қолдим, шекилли, деган гапдан сўнг, энди тингловчилар сизни қўшиқларингиз тарихини сўрашяпти. Мана яна бир тингловчи смс орқали “Севади ёрим мани” қўшиғингиз тарихини, ҳамда “турмуш ўртоқларини жуда ҳам севадиларми?”, деб сўраяпти!
Зиёда: - Энди бу қўшиқ тарихига келадиган бўлсак, (кулади) турмуш қурдим, ҳаётни кўрдим, севиб-севилдим, бундан хурсандман, деб шу қўшиқни куйладим. Бу қўшиқ буюртма асосида эмас, ўз-ўзидан шундай нарса келди ва тезда шу қўшиқни ижро этдим.
Акмал Мирзо:- Неччи ёш бўлди, ўғилча?
Зиёда: - Худо ҳоҳласа, (кулиб) 2 ёш бўламиз!
Акмал Мирзо:- Лекин, қойил қолиш керак, 2 ёшли боласи бор одам, қўшниникига чиқишга вақти бўлмайди. Энди, болангиз ҳам 2 ёш бўлса ҳам, қандайдир белгилар берадими?
Зиёда: - Ўғлим 2 ёш бўлса ҳам, “уйдан кетманг, ойи кетманг” дейди. “Шарқ тароналари”га кетаётганимда, “ойинг Самарқандга кетяпти” дейишганда, “ойи Самарқандга кетяпсизми?” деди. Энди ҳозир кийинсам, “ойи Самарқандга кетяпсизми?” деяверадиган бўлди! (кулади) Нимадан кўпроқ қийналаман? Хизматларда кўп бўлиб, фарзандимни кўра олмай қоламан. Уни дийдорига тўймасам, қийналиб кетаман... дилим қийналади, тўғриси...
Акмал Мирзо:- Фарзандингиз ҳам жуда сизга ўрганмаганлиги билиниб турибди! Концертингизда, саҳнага олиб чиққанингизда ҳам, “адамга бораман” деб талпинди!
Зиёда: - Йўқ, йўқ... адашяпсиз, ундай эмас! (кулади)
Акмал Мирзо:- Энди биз Элдор томонмиз! (кулади)
Суҳбатга аралашмай ўтирган Зиёданинг турмуш ўртоғи Элдоржон ҳам кулиб юборди.
Шундан сўнг, телефон орқали Зиёдага табриклар бўлди.
Акмал Мирзо:- Энди бу йилги режалар?
Зиёда: - Бу йилги режалар, клипларимиз, қўшиқларимизни мухлисларимизга янада кўпроқ тақдим этиш! Ҳозир ҳам “Яхши қол” деб, номланган таронамизга клип суратга олдик. Тез кунларда премьера қиламиз. Унда бош ролларни актриса Асал Шодиева ва актёр, хонанда Азиз Раметов ижро этишди. Уларга ҳам катта раҳмат! Концерт масаласига келсак, бу йил эмас, келгуси йилда ўтказамиз!
Акмал Мирзо:- Зиёда ва унинг жамоаси деганда, фақат созандалар эмас, яна кимларни мана шу жамоага қўшсак бўлади?
Зиёда: - Темур ака, Шукур ака, яна фикр берадиган инсонлар ҳам кўп!
Акмал Мирзо:- Баҳодир Низомов ва Умид Обидов, бу йигитлар сизни яхши ижодий ҳамкорларингиз, укаларингиз, бу йигитлар ҳозир бошқаларга ҳам яхши қўшиқлар ёзишмоқда. Лекин, ёмон эмасу, аммо нимагадир уларда сизникичалик муваффақиятли чиқмаяпти! Унақа кўп хонандалар билан эмас, маълум бир хонандалар билан ишлаш керакмикан? Баъзи улар томонидан ёзилгану, бошқа хонандалар куйлаган қўшиқларни тинглаб, “шуни Зиёда айтганда бошқача бўларди” деган фикрлар ҳам келяпти! Бошида уларнинг бастакор сифатидаги қўшиқлари сиз томонингиздан ижро қилинди. Уларни катта бўлиб, бир йўлга солиш, “бошқалар ёзма қўшиқ” деб, қизғаниш эмас, сиз куйлаган қўшиқлари, “Йил қўшиғи 2014” тақдирлаш маросимида, йил қўшиғи бўлди! У йигитларга қандайдир маслаҳатлар бермайсизми?
Зиёда: - Энди уларга фақат менга ёзгин, демайман-ку! (кулади)
Акмал Мирзо:- Ундай демайсиз, лекин бастакорлар ҳам чегараланиши керак! Ёзаётган қўшиқларини кимларга беришда чегараланиши керак!
Зиёда: - Тўғрию, лекин улар ҳам фақат мен билан ишлаб қолишмаяпти-да. Бошқалар билан ҳам ишлашяпти. Лекин, эшитиб, ҳақиқатдан ҳам хурсанд бўламан! Мен ҳам уларни болалигидан танийман. Баҳодир қўшнимизнинг жиянлари бўлади. Болалигида кўчада айлантириб юрардим, энди шу бола менга қўшиқ ёзяпти! Ўзи болалигидан қизиқарди! “Акфа медиа”да ишлаганимда ҳам, “опа” деб, ёнимга келарди. Жуда ҳам яхши бола!
Акмал Мирзо:- Негадир шунча йиллардан бери куйлаётган бўлсангиз ҳам, айнан шу йигит ёзган қўшиқларни куйлай бошлагач, эстрадага кириб, айнан ўзингиз қидирган нарсани топгандек бўлдингиз! Мана асли, мен қидирган нарса!
Зиёда: - (кулади) Ҳаттоки, ота-онам ҳам, ижод тарафлама Баҳодир билан жуда мос тушгансизлар! Фақат сенга ёзаверсин, деб қўйишади! Йўқ, опа, дейман! Энди улар ҳам ҳақиқатдан ишлаши керак! Ижод қилиши, интилиши керак! Яқин кунларда, яна менга мана бундай янгиликлар қилиб беринглар, Умид, Баҳодир, деб айтганман! Яна 5 та қўшиғимиз бор! Мухлисларимиз учун тақдим этамиз! Яна бир ижодкор бор, Фурқат Бобожонов! Яқиндагина фарзандли бўлдилар, табриклаймиз! Ижодларини жуда ҳурмат қиламан! Улар ҳозирги кунда кўпроқ аранжеровкага урғу бердилар. Лекин, яна биргаликда ишлаш ният бор!
Шундан сўнг, Акмал Мирзо барчага ташриф учун миннатдорчилик билдириб, тингловчиларга самимий тилаклар билан дастурни якунлади.
Биз ҳам ўз навбатида “Ориат доно” радиоси раҳбариятига ва Акмал Мирзога миннатдорчилик билдирамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Мирсаид Зоҳидовга миннатдорчилик билдирамиз