FATTOHHON.COM
« Все новости
Ранг-тасвир оламида рассомлар кўплиги сир эмас, аммо улар орасида ўз ўрнини топган, ўз дасхатига эга бўлган ва ўз асарлари билан миллий ранг-тасвир ривожига ҳисса қўша олганлари кам. Ўзбекистон Халқ рассоми Муборак Йўлдошев ана шундай тенги йўқ рассомлардан биридир.
Унинг асарларида Ватанимизнинг бой тарихи, буюк шахслари, ҳамда улуғ достонларига бўлган алоҳида меҳру муҳаббат акс этади! Айниқса, унинг асарларидаги тарихий бадиий қаҳрамонлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди!
“Гўрўғли”,
“Алпомиш”, “Зардўшт” композициялари,
машҳур асарларнинг балетлари ва операларига ишланган асарлари, жумладан, “Тоҳир ва Зуҳра” (опера), “Лайли ва Мажнун”, “Нурхон”, "Бибихоним" (балет) эскизлари миллий руҳияти ва ўзига хослиги билан ажралиб туради. Рассом нафақат композиция, балки портрет, пейзаж ва натюрморт жанрларида ҳам, ўз истеъдодини намойиш эта олган ижодкор бўлиб, унинг ижоди ўзбек санъати тарихидаги бебаҳо дурдона асарлардан иборатдир.
Муборак Йўлдошев 1934 йил Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида таваллуд топган. Душанбедаги Камолиддин Беҳзод номли Республика бадиий билим юртини, ҳамда Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. Машҳур бастакор Мухтор Ашрафийнинг тавсиясига кўра, ўз меҳнат фаолиятини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида бошлаган. Сўнг, Самарқанд опера ва балет театрида ҳам фаолият юритган. Шунингдек, Тошкент театр ва рассомчилик институтида педагогик фаолият ҳам олиб борган. Муборак Йўлдошев юртимиз бўйлаб кезиб, қадимий шаҳарлар, қишлоқ ҳаёти ҳақида ҳам асарлар яратган. У кўплаб нашриётлар билан ҳам ижодий ҳамкорлик қилган. Муборак Йўлдошев Республикамиздаги ва кўплаб хорижий кўргазмаларнинг доимий иштирокчисидир.
Ўзбекистон Халқ рассоми Муборак Йўлдошев бу йил 81 ёшга тўлар экан, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳам, унинг ижодига бағишлаб, “Жўшқин ранглар тасвири” деб номланган 15 дақиқали ҳужжатли фильм тайёрлади!
Мазкур ҳужжатли фильмда, рассомнинг дунёга келишидан тортиб, унинг ўзига хос мураккаб ҳаёт йўли, ижоди, асарлари ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, ижодкорнинг фикрлари, унинг дунёқараши ва ўйлари акс этади. Машаққатли мусаввирлик йўлини танлаган ва унда ўзлигини топган, танлаган йўлидаги ҳамроҳи ҳамиша меҳнат бўлган, меҳнати ва истеъдоди ортидан қадр топган инсон Муборак Йўлдошевнинг ҳаёт ва ижод йўли чиндан ҳам ибрат бўлгуликдир.
Санъат, истеъдод қондан қонга ўтади, дейдилар. Мусаввирнинг икки фарзанди, яъни икки қизи ҳам ўзи каби санъат оламига бегона эмас. Бир қизи Нигина истеъдодли дизайнер бўлса, иккинчиси эл ҳурматидаги хонанда Манзура Йўлдошевадир.
Ўзбекистон Халқ рассоми Муборак Йўлдошевни муборак 81 ёшида ҳам, ижоддан тўхтамаслигига ва янада кўплаб асарлар яратишига тилакдошмиз.