FATTOHHON.COM
« Все новости
АКТЁР МУҲАММАДИСО АБДУЛХАИРОВ
Наврўз айёми бу янги фасл, уйғониш, янги йил! Кўкламнинг бошланиши, кайфият кўтарилади! Янги кун бошланади! Наврўз куни, ҳамманинг қувончи чексиз бўлади.
Ҳар бир йил, 43 йиллик Наврўз айёмларининг ҳар бири мен учун эсда қоларли! Чунки, ҳеч бири, мен учун, назаримда, бир-бирини такрорламайди! Ҳар бири бир-биридан гўзал ва бир-биридан эсда қоларли бўлади! Ҳаммаси файзли ўтади! Ҳар Наврўз байрами ҳар хил ўтади, гоҳ дўстлар даврасида, оилада, гоҳида ишда ҳам бўлиб қоламиз! Наврўз кунлари съёмкада бўлиб қолган кунларимиз ҳам бўлган! Наврўзда бошқа вилоятларда бўлган кунларимиз ҳам бўлган. Масалан, водийда, Хоразмда бўлганмиз! Ўша ерда мухлисларни Наврўз байрами билан табриклаб келганмиз!
Онам раҳматли ҳар йили сумалак тайёрлардилар! Улардан сумалак тайёрлашни ўрганганман! Жуда зўр тайёрлайман, деб кафолат бера олмайману, лекин тайёрлай оламан. Ҳозир кўп қаватли уйда истиқомат қилганимиз учун, сумалак тайёрлашга имконият йўқ.
ХОНАНДА, АКТЁР ВА РЕЖИССЁР ЖАҲОНГИР ПОЗИЛЖОНОВ
Наврўз байрами, нафақат мен учун, балки барча учун катта аҳамиятга эга байрамлардан бири! Наврўз деганда кўпчиликнинг кўз олдига, деҳқон бобо, экин экиш, кўклак келади! Наврўз янгиланиш, уйғониш ва яшариш, демакдир! Қишдан чиққач, Наврўзнинг келиши, янги йил, янги ишлар бошлаш, деб ўйлайман! 31 декабрда янги йил кутадию, худди шундай Наврўз айёми ҳам, бизнинг миллий Янги йилимиз!
Ҳар йили Наврўз айёмини хурсандчилик билан кутиб оламиз! Йилдан йилга яхши ва завқли бўлади! Мени бир одатим бор, ҳар йили баҳор, Наврўз келганида, ҳовлига кўчатлар олиб келиб экаман! Жой бўлмаса ҳам, топаман!
Болаликда Наврўз кунлари варраклар учирардик! Ҳозир эса, катта бўлгач, ижодимиз билан кутиб олиб, байрамларда инсонларни ижодимиз билан қувонтирамиз.
Наврўз байрамида, сумалак, ҳалимлар тайёрланса ҳам, албатта ош ёддан чиқмайди! Наврўз куни бизда барибир ош дамланади! Шу куни ўзим оилам учун ош дамлайман! Шу куни фарзандларим боғларга, Наврўз байрамларига чиқишади.
ХОНАНДА ВА АКТЁР САМАНДАР ҲАМРОҚУЛОВ
Наврўз айёми, биринчи ўринда энг ёқимлиси, баҳор фаслининг келганлигини билдириши, сабаби, мен ўзим қишда туғилган бўлсам ҳам, иссиқ фаслларни, илиқ ҳавони жуда ҳам яхши кўраман! Баҳор бу уйғониш фасли, табиат уйғонади. Ҳамма нарса янгиланади. Қорлардан кейин, табиат жуда ҳам гўзал кўринишга киради. Баҳор, Наврўз менга сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражадаги ҳиссиётларни беради!
Ҳар бир Наврўз айёми ўзгача! Мени ўзим учун энг ёддан чиқмайдигани, Наврўзда катта майдонда чиқиб қўшиқ айтганларимиз! Бизнинг байрамимизни ўша пайтда, бутун дунёга транслация қилиниб, бутун дунё кузатади. Шундай катта саҳналарда чиқиб, қўшиқ айтганларим, энг ёдда қоларли йиллар бўлган.
Ҳар Наврўзда ҳамма яқинлар, танишларни байрам билан табриклаймиз! Баҳорий Наврўз таомларидан тайёрлаймиз! Ҳамма баҳорий таомлардан татиб кўришга ҳаракат қиламиз. Бундан ташқари, сумалаклар, ҳалимлар тайёрлашларда, байрамларда иштирок этамиз! Менга сумалак, онамлар тайёрлаган кўк сомсалар ёқади!
АБДУРАШИД ЙЎЛДОШЕВ
Наврўз айёми бу, табиатнинг уйғони байрами! Деҳқонларимиз ҳам, қишки таътилдан чиқиб, яна ўз ишларини бошлайдилар. Наврўз бу, ўзимизнинг миллатимиз анъанаси, миллий байрамимиз! Наврўз байрами, деганда, ҳақиқий бир ўзбекона байрам кўз олдингизга келади.
Мен учун 2002 йилги Наврўз айёми жуда ҳам эсда қоларли бўлган! Ўшанда, Республикамизда ўтказиладиган энг катта Наврўз байрамида қатнашганман! Бу мени ёшликдаги энг катта орзуйим бўлган. Шу Наврўз байрамида қатнашиш мени, биринчи қадамим бўлган.
Болаликда Наврўз байрамида, ота-онам билан сайлларга бориб, байрамларга қатнашиб, бувимларни кўргани борардик. Оддий байрамдек кутиб олардик. Ҳозирда эса, бу байрамда ўзимиз саҳнада иштирок этиб, алоҳида кўшиқлар тайёрлаб, бошқача кутиб оламиз! Байрамни эндиликда ташқаридан тамоша қиладиган мухлислар, томошабинлар сафида эмас, ижодкорлар, иштирокчилар сафида бўламиз. Наврўз байрамига атаб, алоҳида қўшиқлар ёзиб, юртимизнинг боғларидаги байрамларида қатанашиб, қўшиқлар куйлаб, ўз ижодимиз билан юртдошларимизни хурсанд қилиш билан ўтказяпмиз!
Мен сумалак ва ҳалимни жуда яхши кўраман! Наврўз таомларидан агар ўзимга қоладиган бўлса, кўк сомса тайёрлай оламан. Лекин, уйдагилар қўйишмайди! Чунки, умр йўлдошим жуда ҳам пазанда аёл ва барча таомларни у ўзи тайёрлайди.
РЕЖИССЁР ВА АКТЁР ЖАВЛОН ШОДМОНОВ
Наврўз бу янгиланиш ва яшариш байрами! Қишдан баҳорга чиқиш, дарахтларнинг, бутун борлиқнинг ям-яшил, яшарган тусга кириб, кўклак нафасини ҳис қилиш! Баҳор менинг энг ёқтирган фаслим! Инсон кўзини қувонтиради! Наврўз бу миллийлик! Наврўз деганда, кўз олдимга миллийлик келади! Болалар варраклак учиришади, сумалаклар, ҳалимлар пишириб, сайллар ўтказилиб, байрам нишоналади! Бу байрам, бизнинг миллийлигимиз рамзи!
6 ёшлигимда. Наврўз байрами куни варрак сайлида иштирок этиб, биринчи ўринни олганман! Энг ёши кичик қатнашчи сифатида ғолиб бўлганман! Ўша болалигимдаги энг эсда қоларли байрам бўлган! Болалигимда сумалак ейишни жуда яхши кўрардим. Дадамлар, бизни оилавий сайлларга олиб чиқардилар. Ойимлар эса, ҳар Наврўз сумалак пиширардилар. Ўзим ҳам жуда аниқ тайёрлай олмайману, лекин сумалак қилиш жараёнини тахминан биламан. (самимий кулиб) Агар пиширсам, ҳеч бўлмаса ранги ўхшайди, деб ўйлайман. Ёшлигимдан Наврўз байрамини бир ўзгача, орзиқиб кутаман! Лекин, ҳозир иш билан банд бўлиб, афсуски, ўз фарзандларимни айланишга олиб чиқа олмаяпман! Аммо, бу йилги Наврўзни оилам билан кутиб олишга ҳаракат қиламан!
“ШОД” ГУРУҲИ
Баҳор келди, дегани, бу Наврўз, дегани! Баҳор деганда, ям-яшил, кўкатлар, дарахт гуллари кўз олдимизга келади! Ҳамма ўзгача, кўтаринки кайфиятда бўлади! Баҳор, Наврўзда янги фикрлар келади, ҳамма қувонади. Баҳор бу инсонни кўнглидаги қишки ғуборларни аритувчи, кўнгилдаги қувончларни уйғотадиган фасл! Наврўз бу биз учун биринчи рақамли байрам!
Наврўз байрамини биз гуруҳ аъзолари жуда зўр кутиб оламиз! Ҳар биримизнинг уйларимизда сумалаклар тайёрланади! Оилавий даврада, қўшиқлар куйлаб, жуда чиройли кутиб оламиз! Наврўз байрами биз учун олий даражадаги байрам! Бундан ташқари, биз кўпинча Наврўз байрами арафаси вилоятларга, байрамларга бориб, инсонларнинг кайфиятини кўтариб, хизмат қилиб келамиз. Тошкентнинг ўзида ҳам кўплаб байрамларда иштирок этамиз.
Болалигимизда сумалак тайёрланганда, сумалакдан тош топилса, уни ювиб, ёстиқ тагига яшириб қўяр эдик. Чунки, ўша пайтларда сумалак тошини топиб олиб, ёстиғинг тагига қўйиб қўйсанг, “аъло” баҳоларга ўқийсан, дейишарди. Бу ҳам бир яхши ният бўлганда-да! Сумалак кавлаганда ҳам, фақат яхши ниятлар айтиларди!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова