FATTOHHON.COM

« Все новости

НИЛУФАР: ҲАЁТГА ОЙНА ОРТИДАН ҚАРАГИМ КЕЛМАЙДИ!  25.03.2014 12:46

Nilufar (3)

Хонанда Нилуфар ўз ижодий фаолиятини биринчи бўлиб, “Сетора” гуруҳининг иккинчи таркибида бошлаган. Сўнг, яккахон хонанда сифатида, 2011 йилдан ўз истеъдодини намоён қила бошлади. 2013 йилда унинг “Тантанам” қўшиғи, Йилнинг энг машҳур қўшиғи бўлди ва бу ҳолат ҳозиргача давом этмоқда!

 Nilufar (6)

Нилуфар ўзи ҳақида: - Болаликдан жуда ҳам санъатга қизиқишим катта бўлган. Оиламдагилар жиддий соҳа эгалари, яъни ҳуқуқшунослар ва шифокорлар. Аммо, уларда ҳам санъатга қизиқиш кучли бўлган, лекин давом эттиришмаган. Масалан, бувим чанқовуз чалишни, аммам эса рубоб чалишни яхши кўришарди. Дадамлар доира чалишга қизиқадилар, онамлар эса, рақсни жуда яхши кўрардилар. Мен эса, қўшиқ айтишни жуда ҳам ёқтирардим, лекин хонанда бўламан, деб ўйламаганман. Ҳаттоки, хаёлимга ҳам келмаган. Уйдагилар  эса, мендаги қизиқишни ҳам, ўзлариники каби, ўтиб кетади ва жиддий бир касбни танлайди, деб ўйлашган. Табиийки, мен ҳам Иқтисодиёт университетини танладим. Аммо, бундан олдин “Тарона рекордс” студиясида жуда кўплаб талабгорлар орасидан кастингдан муваффақиятли ўтганман. Оиламдагилар аввалига “йўқ” дейишди, лекин, кастингдан ўта олганимни кўриб, ишим билан танишиб чиқишгач, бу соҳанинг ҳам қийинчиликларини тушуниб, жиддий қабул қилиб, розилик беришди. Ҳаттоки, қўллаб-қувватлай бошлашди. “Сетора” гуруҳидагилар билан ҳозир ҳам яхши муносабатдаман, ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган, гуруҳдан биринчи бўлиб чиқиб кетмаганман. Гуруҳдаги қизлар билан, агар ҳозир ҳам кўришиб қолсак, саломлашамиз. Гуруҳ тарқалиб кетгач, мен ўз яккахон ижодий фаолиятимни бошламоқчи бўлдим. Янги қўшиқ ва клип учун тайёргарлик кўраётган вақтларим эди. Афсуски, кутилмаганда машинада автоҳалокатга учрадим. Бундан сўнг, ҳаётимда катта йўқотиш бўлди, онам вафот этдилар. Шундан сўнг, маълум бир муддат ижодимда танаффус бўлди. Орадан вақт ўтиб, ижод ҳақида ўйладим. Ижодимни қайси йўналишда давом эттиришни ўйлаб юрганимда, тасодифан “Сетора” гуруҳида бирга ишлаб, бизга қўшиқлар ёзиб берган, шоир ва бастакор Якзонни учратиб қолдим. Яъни, дугоналарим билан кафеда овқатланиб ўтирганимизда, у ҳам ўша кафега кириб келаётган экан. Шундан кейин, яна бир марта учрашиб қолдик ва Якзон менга “қўшиқ ёзиб бераман” деди. Шу билан илк яккахон ижодим бошланиб кетди! Демак, хонанда бўлиш, менинг тақдирим экан! Илк қўшиғим, “Жим бўл!” деб номланган эди. Бу сўзни қўпол маънода тушуниш керак эмас. Бу қўшиқда, қаҳрамон ўз севган инсонининг ўз муҳаббатига эриша олмай ҳадеб ёлғон сўзлагани учун, унинг ёлғонларидан чарчаганлигини билдиришга, шу сўзни ишлатган. Яъни, “жим бўл, бошқа гапирма, ёлғонларингдан чарчадим” маъносида. Бошида мен бу қўшиқни айтмайман ҳам, деганман. Аммо, қўшиқ маъносини тушунгач куйлашга рози бўлганман.

 

- Ижодингизда “Гранд” Радиоси бош муҳаррири Иброҳим Аҳмедов билан ижодий ҳамкорлик қандай бошланди ва сиз учун қандай аҳамият касб этди?

- Радиога қўшиқларимни олиб борганимда, танишиб, гаплашдик. Ўшанда улардан ҳамкорлик таклифи бўлди. Яхши таклиф бўлгани, ҳамда Иброҳим Аҳмедов ҳам яхши ижодкор бўлгани учун рози бўлдим. Тўғри, ҳар бир инсоннинг диди ҳар хил бўлади. Аввалига ижодда фикрларимиз қарама-қарши келди. Лекин, биз ҳар тарафлама муҳокама қилиб, ижод борасида бир қарорга келдик. Иш ва ижод борасида қатъиятли инсон, ижодни, ижодкорни яхши тушунади.

  Nilufar (24)

- Яккахон хонанда сифатида ижод қила бошлагач, ўзингиз учун нималарни кашф этдингиз?

- Яккахон хонанда сифатида ижод қила бошлагач, ҳамма нарсага ўзим эътибор билан, катта аҳамият берадиган бўлдим. Масалан, қўшиқнинг қоралама нусхасидан тортиб, шеърларигача синчковлик билан аҳамият берганим учун, мусиқада ҳам кўп нарсани тушуна бошладим. Тўғри, гуруҳда ишлаган вақтим ҳам мусиқани тушунардим, лекин охиригача эмас. Яккахон ижод бошлагач эса, ўзимни кўнглим ёқтирган мусиқани ва шеърни танлайман, ёқтирмаган сўзларимни ўчириб ташлай оламан. Қўшиқнинг яратилиш жараёнидан то тайёр бўлгунича ўзим иштирок этаман. Ўша ижод намунам ўзим истагандек бўлишини ҳоҳлайман. Ўшандагина у қўшиқни, юрагим жимирлаб, дилдан куйлай оламан! Томошабинга ҳам ўша даражада етказиб бера оламан ва ўйлайманки, юракдан куйланган қўшиқ, албатта юракларга етиб боради! Лекин, тўғриси, ҳамма нарсани инсон ўзи қилиши, ўша яратилиш жараёнида бошдан оёқ иштирок этиш, албатта тайёр қўшиқни куйлашдан қийинроқ. Чунки, қўшиқни тайёрланишидан бошлаб, токи студияда ёзилиши, кейин эса, унга клип суратга олдириш ва ротациясигача ўзингиз қилишингиз қийин. Лекин, ўша қўшиқ тайёр бўлиб янграганда, клипингиз намойиш қилинганда ва томошабинларнинг қарсаги янграганида, ҳамма чарчоқларингиз бир зумда чиқиб кетади. Айниқса, концертларда чиққанимда, инсонларнинг қарсагини эшитиб, ўзимда йўқ хурсанд бўлиб кетаман.

 

- Дўстларингиз ҳам юзингизга айтадиган камчиликларингиз  ҳам борми?

- Дўстларим менга кўпинча, “жуда кўп ўйлайсан” дейишади. Тўғри, таваккалчи эмасман. Чиндан ҳам, бирор ишни қилишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўраман. Авваллари жуда кўп ўйлардим. Энди эса, сал камроқ ўйлашга ҳаракат қиляпман, анча енгил қарайдиган бўлганман. Масалан, ҳаттоки бирор нарса ёқмаса ҳам, “майли” дейдиган бўлдим. Лекин, олдинлари “йўқ, мана шу нарса идеал бўлиши керак!” деб туриб олардим.

 Nilufar (14)

- Нилуфарнинг кўнглидан қандай йигитлар жой олиши мумкин?

- Энг асосийси кўнгли тоза инсон бўлсин! Лекин, бу дегани бўш, содда дегани эмас. Эркак киши бўш, содда бўлиши керак эмас, назаримда. Авваламбор, оиласи учун ҳаракат қиладиган инсон бўлиши зарур. Яъни, эркак киши оиланинг устуни бўлиши керак! Тўғри ҳаётда идеал инсон бўлмайди, аммо идеалга яқин инсон бўлиши мумкин.

 

- Кунига қанча вақт вокал билан шуғулланасиз?

- Ҳозирда ишлар кўпайиб кетганлиги учун ҳам, бир ҳафтада бир марта вокалга боряпман.

  foto(4)_151

- Клиплар суратга олдираётганингизда нималарга аҳамият берасиз?

- Авваламбор, қизиқарли чиқишига эътибор бераман. Сокин қўшиққа клип суратга олдирсам ҳам, албатта чиройли чиқишини, кўрсатилаётган манзаранинг чиройли бўлишини ҳоҳлайман. Бундан ташқари, албатта мазмунига ҳам қарайман ва ғояси оригинал бўлишини истайман, шунга ҳаракат қиламан.

 

- “Тантанам” клипингиз ҳаммага манзур бўлди. Бундан кейин ҳам, мана шундай сюжетли, турли қиёфадаги қаҳрамонлар, компьютер графикаларидан иборат клиплар суратга олдириш режангизда борми?

- Йўқ, ҳаммасини бундай комедия, ёки эртаксифат қилгим келмаяпти. Агар масалан, ҳар доим, комедияли бўлса, бир хиллик юзага келиб қолади. Шунинг учун, қўшиқларимнинг мазмун ва моҳиятига қараб, клиплар суратга олдираман.

  foto(2)_195

- “Тантанам” қўшиғингиз ва клипингиз жуда ҳам оммалашди. Унинг бунчалик муваффақиятли чиқишини кутганмидингиз?

- Бу клип ғояси Санжар Маткаримов ва Наримон Султонхўжаевга тегишли бўлиб, ғоя менга бошиданоқ маъқул бўлган. Лекин, тўғрисини айтсам, қўшиқни тингловчиларга ёқади, деб ўйлаганману, аммо бу даражада бўлади, деб кутмагандик! Ўша вақтда бир гала-концертда чиқишим керак эди. Концертга шу қўшиқ билан чиққанимда, шунақа яхши кутиб олишди, ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Ўзи доим янги қўшиқ чиқараётганингизда “қандай реакция бўлар экан?” деб қўрқасиз. У қўшиқ эса ҳали кўп жойда “айлантирилмаган”, кўп прома қилинмаган эди. Ҳали клип ҳам суратга олдирмагандим. Концертда эса, бу қўшиққа шунақа кўп қарсак бўлди, бундан жуда хурсанд бўлганман. Ҳали клип суратга олмай туриб, бу қўшиқ кўп жойда янграй бошлади ва кўпчилик менга бу ҳақида гапиришди. Масалан, машиналарда, бозорда, рингтонларда янграй бошлади! Кейин эса, шу қўшиққа клип суратга олдириш фикри туғилди ва кўриб турганингиздек янада оммалашди. Бундан албатта, хурсандман. Ижодкор учун ҳар бир қўшиқ қадрли ва ҳар бир қўшиқ юракдан яралади, деб ўйлайман. “Тантанам” қўшиғимнинг клипида Оппоғой ролини ҳам ўзим ижро этганман. Тўғриси, буни ҳам кўпчилик танқидчилар мақтаганларига хурсанд бўлдим. Баъзида кўриб, “ростдан ҳам буни ўзим ижро қила олдимми?” деб қўяман. Чунки, у ерда ҳам актёрлик маҳоратини кўрсата олиш керак эди.

 

- Ўз гўзаллигингизни асраш ва сақлаб қолиш учун нималарга тайёрсиз?

- (самимий кулиб) Тўғрисини айтсам, ўзимга жуда ортиқча қараш учун вақтим ҳам йўқ. Тўғри, ташқи кўринишимга қараб, бунга ишониш қийин. Аммо, бу ҳақиқат. Масалан, фотосессиялар, съёмкалар учун ўзимга қараб, пардоз қилиб келишим мумкин. Лекин, бундан ташқари, қандайдир ниқоблар қилиб, юзни парваришлашга вақим етишмайди! Аммо, тўғриси, шундай ишлар ҳам қилишга ҳам, вақт ажрата олишни орзу қилардим. Лекин, иш кўплигидан бунинг сира иложи йўқ. Энди ташқи кўриниш доим яхши бўлиши учун, менимча, биринчи навбатда инсоннинг кайфияти яхши бўлиши керак! Агар кайфиятингиз яхши бўлмаса, кўзлар қизариб турса, ҳеч қандай макияж, безаниш фойда бермайди. Кайфият яхши бўлса, ҳамма нарса манзур бўлади ва ёқади, ҳам. Ҳаттоки, жуда бир пардоз қилмасангиз ҳам, кўзларингиз қувониб, кулиб турса, сизни кўриб, атрофдагиларнинг ҳам кайфияти кўтарилади. Кайфият яхши бўлмаса, минг пардоз қилинса ҳам, билинади ва ҳеч кимга ёқмайди, инсоннинг ўзига ҳам ҳеч нарса ёқмайди. Шунинг учун ҳам, инсон гўзал бўлиши учун биринчи навбатда, кайфият аъло даражада бўлиши керак.

  Nilufar (31)

- Биринчи мусиқий альбомингизни қачон чиқармоқчисиз?

- Ҳозирда биринчи мусиқий альбомимни ёзиш ишлари тугалланмоқда, мусиқий альбомга ном танлаяпмиз.

 

- Фильмларда суратга тушишга таклифлар бўлмоқдами?

- Биринчи бўлиб, “Тилим қурсин” фильмига саундтрек куйлашга режиссёр Жаҳонгир ака Аҳмедов томонидан таклиф бўлган. Алишер Узоқов билан “Тилим қурсин” деб номланган дуэт-қўшиқни ижро қилганмиз. Шу тарзда кино оламига биринчи қадамим саундтрекдан бошланди. Ўшанда бу таклиф берилгач, қўшиқ ёзилишидан 2-3 соат аввал қўшиқ матни берилганди. Ўзи ундан аввал Алишер Узоқов билан дуэт куйламоқчи эдик. Лекин, биз сокинроқ қўшиқ куйламоқчи бўлганмиз. Кейин, саундтрек таклифи бўлгач, бирга саундтрек куйладик. Кейинчалик, “Лафз” фильмида кичик роль ижро этдим. Актрисаликка унчалик қизиқмасдим. Аммо, фильмда суратга тушиш жуда қизиқарли жараён экан. Ҳозирги кунда ҳам фильмларга анчагина таклифлар бўлмоқда.

  Nilufar (23)

- Ҳаётдаги принципларингиз нималардан иборат?

- Тўғрисини айтсам, мен принциплар билан яшамайман. Мени ҳар кунимдан хурсанд бўлиб, қувониб яшагим келади. Тўғри, ишимга, оиламга кучли масъулият ҳис қиламан. Ўзимдан ҳам, атрофимда бирга ишлайдиган инсонлардан ҳам масъулият талаб қиламан! Аммо, ҳаётга ойна ортидан қарагим келмайди, қандайдир сал енгилроқ қарашни истайман. Ҳамма нарсани мураккаблаштиришни ҳоҳламайман. Ижод қилиб, ижод ва ҳаётдан зақланиб яшагим келади.

 

- “Юлдузлик касали” ҳақида фикрингиз?

- Билмадим, агар “юлдузлик касали” менга келганида, анча олдинроқ келган бўларди. Олдин ҳам келмаган, ҳозир ҳам йўқ.


- Сиз учун саҳна?

- Мен учун саҳна, бу ҳаёт!

 Nilufar (8)

- Саҳнага қадам қўйганингизда нимани ҳис қиласиз?

- Биринчи навбатда, ҳаяжондан ташқари хурсандчиликни ҳис қиламан. Саҳнага чиққанимда, ҳаттоки касал бўлганим ҳам ёдимдан чиқиб қолади. Масалан, яқинда бир концертда чиққанимда, бетоб эдим, юқори температура билан саҳнага чиқдим. Чиқиб, қўшиқ куйлашни бошлашим билан барчасини унутдим. Ижодни, касбимни шунчалик яхши кўрганимдан, саҳнадан куч-қувват олдим, десам ҳам бўлади. Ижод мен учун куч-қувват манбаи!

 

- Нилуфар ошхонада?

- Тўғрисини айтсам, ошхона учун бироз вақтим етишмайди. Чунки, мен шошиб, бирор нарса тайёрлагим келмайди. Бирор таом, масалан, салат тайёрласам ҳам, шошмай, хотиржам, жон-дилимни бериб тайёрлагим келади. Аммо, вақт етишмаслиги туфайли, шошиб тез-тез тайёрлашга ҳам тўғри келади.

  foto-(4)_1_8

- Ҳаётингизда содир бўлган бирор унутилмас ҳодиса?

- Ўтган Янги йил кириб келаётганда, мен радиода жонли эфирда эдим. Ўшанда Иброҳим ака (“Гранд” радиоси бош муҳаррири) мендан “қайси қўшиқни танлаймиз” деганларида, “ DJ Пилигриммнинг “Дилим” қўшиғини қўяйлик. Бу қўшиқ менга жуда ҳам ёқади.” деганман. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, Янги йилга яқин ўша “Дилим” қўшиғини,  DJ Пилигримм билан дуэт тарзида куйладик. Тўғрисини айтсам, бундан ўзим ҳам ҳайронман. Чунки, ўшанда, бу қўшиқни шундай, эгаси билан дуэт тарзида куйлаш, хаёлимда ҳам йўқ эди, кутмаган ҳам эдим. Бундан келиб чиқиб, айтмоқчиманки, инсон ҳаётида кутилмаган ҳодисалар ҳам бўлар экан, фақат инсон яхши нарсалар ҳақида ўйлаши, яхшиликка ишониши керак экан! Чунки, инсонда жуда катта ҳоҳиш бўлса, ўша нарса албатта, амалга ошар экан!

 

- Ҳозирги кунда собиқ “Сетора” гуруҳининг иккинчи таркибида бирга ишлаган қизлар билан алоқалар борми?

- Қўл телефонимни алмаштиргач, уларнинг телефон рақамлари ўчиб кетиб қолди. Лекин, юқорида айтиб ўтганимдек, мени улар билан муносабатим яхши. Кўришиб қолсак, саломлашаман. Чунки, улар билан биргаликдаги фаолиятимни ва  у даврларни фақат яхшилик  билан тилга оламан. Мен гуруҳимизни яхши кўрардим.

  Nilufar (2)

- Танқидга муносабат?

- Ўша танқид, далиллари билан аниқ исботланса, “мана бу ерда шундай нотўғри қилгансан” деса, мен ўзимга қараб, бир фикрга келаман. Мен ўзимга нисбатан жуда ҳам талабчанман ва доим танқидий назар билан ёндошаман. Агар танқид рост танқид бўлса, мен буни тан оламан. Лекин, ноўрин танқид бўлса, тўғриси эътибор қилмасликка ҳаракат қиламан.

 

- Тайёр бўлган қўшиғингизни биринчи бўлиб кимга эшиттирасиз? Эшиттирган инсонларингизнинг фикри қанчалик муҳим ва бунга қанчалик аҳамият берасиз? “Ўзгартиринг” дейишса, ўзгартирасизми?

- Албатта, яқин инсонларимга эшиттираман. Уларнинг фикрлари билан ўзгартиришим мумкин. Чунки, битта менинг фикрим билан қўшиқ яхши бўлиб қолмаслиги ҳам мумкин. Уларнинг фикрлари ҳам мен учун муҳим. Чунки, улар тўғрисини айтишади. “Зўр”, деб мақташмайди, камчилиги бўлса, очиқ айтишади. Яқинларимнинг менга шу тарафи ёқади. Ахир, мен ҳам қўшиғим халққа ёқишини, муваффақиятли чиқишини истайман.

  uh1a2170_novyy-razmer

- Сизни нима кўп ўйлантиради?

- Биринчи навбатда, қўшиқларимни халққа ёқишини, камроқ фойдаланилган мавзуларда қўшиқ яратишни истайман. Ўз ишим ҳақида ўйлайман.

 

- Шоу бизнес сизни нималарга ўргатди?

- Шоу бизнес менга ижод борасида мустақил бўлишни ўргатди. Ижодда ҳамма нарсани ўзим танлашни, ўзим мустақил қарор қабул қилишни ўргандим.

  foto(21)_45

- Пиарга муносабат?

- Пиар бу дунё миқёсида ҳам бор нарса. Шунинг учун, пиарга яхши муносабатдаман. Лекин, менимча, ҳар қандай пиар чегарадан чиқмаслиги керак, деб ўйлайман.

 

- Ижтимоий тармоқлардан фойдаланасизми?

- “Инстаграмм”да ўзимман. “Одноклассники” сайтида ҳам ўзим, лекин кўпинча вақтим бўлмаганида, администраторим фойдаланади. Бошқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга вақтим йўқ.

  Nilufar (21)

- Ижоддан ташқари, яна нималарга қизиқасиз?

- Хорижий тилларни ўрганишга қизиқаман. Ҳозир инглиз тилида янада билимимни оширишга ҳаракат қиляпман.

 

- Имиджингиз билан ким шуғулланади?

- Асосан, ўзим. Фақат клипларда имиджмейкерларга мурожаат қиламан. Аммо, уларнинг иши ёқмаса, ўзим ўзгартираман. Иккита клипимда имиджмейкер, дизайнер ҳам ўзим бўлганман. “Сен” ва “Соғиндим” клипларимда.

 Nilufar (26)

- Вақт ўтиб, касбингиз учун пластик операция қилдиришингиз мумкинми?

- (самимий кулиб) Агар Ҳолливуд юлдузи бўлсам, пластик операция қилдирган бўлардим. Албатта, бу ҳазил. Биласизми, менга аёл киши қандай қариса, шундай чиройли бўлади, деб ҳисоблайман. Бу пластик операция қилдирган ҳолатда, қаригандан кўра, яхшироқ, назаримда. Менга аёлларнинг табиий қаригани кўпроқ ёқади. Масалан, ёши улуғ аёлларимизни қаранг, юзларидан нур ёғилади. Самимий, нуроний, чиройли. Табиийликка нима етсин!

 

- Ҳаётда тақлидга муносабатингиз?

- Инсон бировни такрорласа, ўзлигини йўқотади, деб ўйлайман. Бошқа инсонларга ҳам бу сохталик билинади.

  Nilufar (7)

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

Фотолар учун X FRAME MEDIA PRODUCTION студияси

Фотограф Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз

uh1a3384_novyy-razmer_1

foto(75)_4

Nilufar (34)

2031091821_7

 

Nilufar (9) Nilufar (4)

Nilufar (13)