FATTOHHON.COM

« Все новости

ЗУҲРА СОЛИЕВА-КОМЕДИЯ БЎЛИБ ЯРАЛГАН РАФИҚА! 08.04.2014 10:28

Foto (11)

Актриса Зуҳра Солиева ўз маҳоратини кинодаги илк ролларидаёқ намойиш қила олган, биринчи роллариданоқ мухлислар кўнглидан жой олган! Уни кўриши билан ҳамманинг юзига самимий табассум югуради ва ўз қадрдонини қўргандек қувонишади. Чунки, унинг қаҳрамонлари халққа яқин инсонлар. Актрисанинг ўзи ҳам, самимий ва хушчақчақ аёл.

 Foto (18)

- Ҳозирги кунда ижодингизда қандай янгиликлар?

- Ҳозирда бир нечта фильмлардан таклифлар бўляпти. Уларни кўриб чиқиб, билиб, маъқул бўлганларига суратга тушишга розилик билдиряпман. Яқинда суратга тушган фильмларимдан бири “Кўргим келади” фильмининг премьераси бўлиб ўтди. Унда комик эмас, жиддий роль ижро қилганман. Шунингдек, шу кунларда “Ёшлар” телеканали томонидан суратга олинаётган янги сериалдаги бош ролга ҳам тасдиқландим. Суратга олиш ишлари яқин кунларда бошланса керак.  

 

- Машҳурлик сизни қанчалик ўзгартира олди?

- Мени машҳурлик ўзгартира олмади. Мени олдиндан билганлар “ўша-ўшасиз” дейишади. Ўша институтда ўқиб юрганимда билганлар, “Ҳамза” метросидан театргача пиёда юрган вақтларимда мени билганлар, оёғимдаги этигимнинг таги тешилиб, янги олишга пулим бўлмай, оёғидан сув ўтиб, совқотганимни билган инсонлар, мени кўрганда, “ҳали ҳам характеринг ўша-ўша” дейишади. Лекин, бир тарафдан озгина ўзгардим, дилим оғриган жойга бормайдиган бўлдим! Дилимни оғритган инсоннинг ёнига бормайдиган бўлдим. Олдин, дилимни оғритган инсоннинг ҳам ёнига бораверардим, ҳозир эса йўқ. Мана шу тарафлама, кичик ўзгаришим, ўзимга ҳам ёқяпти! Ўша инсон дилимни оғритганми, оғритишини билсам, бормайман! Чунки, унга ўхшаб, менда ҳам битта дил! Мен ҳам кимнидир фарзандиман! Кимдандир “ундайсан, бундайсан” деган гапни эшитгандан кўра, ўша инсоннинг ёнига бормай қўя қоламан! Яқинда яна Дейл Карнегининг психологик асарини ўқиб чиқдим. Ўшанда ҳам шу нарса афоризм тарзида ёзилган экан, “Дилингиз оғриган жойга борманг, дилингизни оғритган инсон ёнига борманг!” Психологияда, “негатив” дейди, бизда “кўз, суқ” дейди. Бу ёмон нарса.

 Foto (14)

- Ижодингиздаги илк машҳурликни қачон ҳис қилгансиз?

- Тошкентда ижод қилганингиздан кейин, бу ерда ҳамма намойиш қилинаётган фильмлар ва спектаклларга тушишади. Ҳоҳласангиз, ҳоҳламасангиз ҳамма танийди. Ҳали фильмларда ҳам суратга тушмай туриб, театрда “Андишали келинчак” спектаклида роль ижро қилган вақтларим эди. Бозорга яқин жойда яшардим. Бозорга борганимда, ўша ердаги бозорчилар мени кўриб, спектаклдаги ролимни эслаб танишганида хурсанд бўлганман! “Бойвачча” фильмида роль ижро қилиб, у фильм катта экранларга чиққандан кейин эса, тўғриси, бунчалик таниламан, деб кутмагандим. Ҳаттоки, танилганлигимни билмагандим ҳам. Ўша вақтларда театрдагилар билан Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятлари бўйлаб, спектакль намойиш қилиб юрган вақтларимизда, дублёрим бўлмагани учун ҳаммаёққа ўзим борардим. Ўша вақтларда машҳур бўлганлигимни билдим. Ролим характерли жиддий роль эди, спектаклнинг ўзи мавзуси ҳам жиддий одам савдосига қаршилик мавзусидаги спектакль эди. Шунга қарамай, саҳнага чиқишим, кўринишим билан қайси вилоятда бўлмасин, спектакль қўйишимиз билан, ҳамма нафақат қарсаклар, балки бақириб, олқишлашлар билан кутиб ола бошлашди! Мен, “бу ростдан ҳам менга бўляптими”, деб ишонмадим! Қарасам, партнёрларимга ҳалақит беряпман, чунки қарсаклар тугамаяпти! Мен ҳамон ролимни ижро қила олмай, саҳнада турибман, чунки қарсаклар, олқиш ва бақиришлар тинмаяпти! Гапириб, роль ижро қилай, десам бақириш, олқишлар ичида овозим эшитилмайди! Буларни тугашини кутяпман, тугамаяпти, партнёрлар орасида жуда ноқулай бўляпти! Бақириш, олқишлар устига амаллаб ролимни ижро қилиш учун гапираман десам, овозим ҳам бўғилиб қолди! 12 та вилоятда юрибмиз, бир кунда 3 маҳал спектакль қўйилади. Охири, ўйлаб, бақириш, олқишлар тинмаётганлигини кўриб, “мусиқани баландроқ қўйинглар, мен ролимни овозсиз мимикалар билан ўйнаб чиқиб кетаман” дедим ва овозим очилгунча шундай қилиб, ижро қилганман. Подвалдан чиқадиган жойим бор эди, “Ойгул” дейишим керак, шундай дейишим билан, одамлар бақириб, олқишлашга тушишарди. Мен бу нарсадан қўрққанман ҳам. Дугонам актриса Шодия эса, “Нимадан қўрқасан? Қарагин! Ахир бу актёр, актрисаларнинг орзуси-ку!” дерди. “Йўқ, бу қарсаклар менинг бошимга кўп нарсалар олиб келиши мумкин” деганман.

  

- Театр саҳнаси сизни соғинмадимикан?

- Театрдан кетишимни “шундай бўлиши керак экан” деб қабул қилдим. (самимий) Агар кимгадир халақит берган бўлсам, демак, анча олдинга кетибман. Бундан ҳам олдинга кетаман, деб ўзимга мақсад қилдим. Билмадим, балки қаердадир мен ҳам хато қилгандирман, беайб парвардигор. Қарс икки қўлдан чиқади. Балки, қаердадир мен ҳам ёшлик қилгандирман? Лекин, театрни жони дилим билан яхши кўраман. Ўша театрда Зуҳра Солиева бўлиб шаклланганман. 8 йил штатсиз, ойликсиз ишладим. Берилган кичик ролларни ижро қилганман, менга каттароқ роль беринглар, ҳам демаганман. Бир тарафдан эзиламан ҳам, 8 йиллик меҳнатимнинг қадри шу бўлдими, деган хаёллар ҳам бўлади. Лекин, театр мен учун армон бўлишини ҳоҳламайман, театрни жуда ҳам яхши кўраман, мен барибир театрга қайтаман, чунки мен театр актрисасиман.

 

- Унда қачонларга театрга қайтиш ниятидасиз?

- (кулиб) Кўпайишиб олайлик! Ҳозирда режамда биринчи кўпайиш турибди! Ҳозирча янгилик йўқ, лекин шунинг арафасидамиз. Санъаткорлар нега кеч бахти очилади, кеч оила қуриб, кеч фарзанд кўришади, дейишса, вақтимиз билан имконимиз ва ҳоҳишимиз кўпинча тўғри келмас экан! Олдин ёлғиз яшаганлигим учун бу нарсани билмасдим! Энди ўйлаб қарасам, кўпайиш учун ҳам вақт ажратиш керак экан!

 Foto (20)

- Турмуш қуришингиздан аввал қарашларингиз қандай эдию, ҳозир қанчалик ўзгарди?

- Турмуш қуришдан аввал, қарашларим 16 ёшли қизникидек эди. Турмуш қургач инсон, турмуш салобатини сезар экан. Турмуш қурган аёл ундай қилса бўлмайди, бундай қилса бўлмайди, эрига қараши керак. Мен бошида турмуш ўртоғим битта гапирса, “а” деб, баландроқ овозда гапириб ҳам юборардим. (самимий) Чунки, эркак киши билан қандай муомала қилишни билмасдим, сабаби йигитлар билан ҳам “юрмаганман”, эркак киши гапирса, аёл киши пастроқ келиши кераклигини ҳам билмасдим. Шунинг учун ҳам, худди бир маҳалладош ўртоғим ёки бир курсдошим билан муомала қилгандек, муомала қилиб, ҳаттоки тортишиб ҳам кетдим. Турмуш ўртоғимга раҳмат, мени тўғри тушуниб, “мен эрингизман-ку, эрингизга ҳам шундай муомала қиласизми?” дедилар. Шундан кейин тушундим ва сал баландроқ гапириб, нимадир деб юборсам, дарҳол, “узр” дейдиган бўлдим! “Кечирасизу” деб, паст овозда ўз фикримни айтадиган бўлдим. Ўзимни пастроқ тутишни ўргандим.

 

- Турмуш ўртоғингиз оилангизга олиб кирган, жорий қилган бирор чиройли одат?

-Мен ўзи водийликларнинг ҳамма одатларини яхши кўраман. Ўзи Ўзбекистонликлар меҳмондўст халқ, лекин улар ичида энг олий даражада меҳмон кутадиганлар, бу водийликлар! Турмуш ўртоғимни ҳам жорий қилган чиройли одатларидан бири меҳмондўстлик! Кейин, уларни ўзини бир чиройли одати бор, оилада ҳеч қачон гина сақламайдилар! Тортишув бўлиши мумкин, лекин бир соатдан кейин ҳеч нарса бўлмагандек гапириб кетадилар. Бу водийликларнинг ҳам энг яхши одатларидан бири. Айб менда бўлса ҳам, турмуш ўртоғим ҳеч гина қилиб, аразламайдилар!

 Foto (19)

- Турмуш қурганингиздан сўнг, ўзингизни қайси одатингизни ташлашингиз қийин кечди?

- Овқат қилмаслик одатимдан воз кечишим жуда қийин бўлди! Чунки, ўзим ёлғиз яшаган вақтларда бир ўзимга овқат қилиб ўтирмасдим. Қолаверса, ишим кўп, шунинг учун ҳам, кўпинча кўчада овқатланардим. Агар ҳавас қилиб, овқат қилсам ҳам, бир ўзим ея олмасдим, доим дугоналаримни бирга овқатлангани чақирардим.

 

- Ҳозир одатда кунингиз нимадан бошланади?

- Эрталаб, уйқудан кўз очганда, куламан ва “кўзим очилганига шукур, бугун куним зўр ўтади, йиғлагандан фойда йўқ, бу оламда ҳамма нарса яхшиликка” деб ўрнимдан тураман. Қуёш чиққан бўлса, деразани очиб, чуқур нафас оламан. Кейин ўзимни процедураларим бор, ҳар хил доривор гиёҳлардан, лимондан ичадиган настойкаларим бор. Ўшаларни ичаман. Юзимни парвариш қиламан ва 10 дақиқа жисмоний машқ билан шуғулланаман. Кейин нонушта тайёрлайман. Нонушта тайёрламагунча турмуш ўртоғимни уйғотмайман. Нонуштадан сўнг, турмуш ўртоғимни ишга кузатаман. У киши битта нонушта тайёрлаганимни яхши кўрадилар. (кулади) Чунки, у кишининг дадаси ошпаз бўлган, ўзлари ошпаз, мен уларчалик яхши тайёрлай олмайман. Тўғри, пиширган овқатларим ёқади, лекин ўзимнинг кўнглим тўлмайди. Бизда Самарқандда таомлар бошқача тайёрланади, водийда эса бошқача. Бизнинг оилада дадам ўргатганлар, ўта оғир, жуда ёғли овқатлар кам бўларди. Кечки соат 18.00 дан кейин овқатланмасликка ҳаракат қилардик. Буларда бўлса, фарқи йўқ, бундай қоидалар йўқ экан.

 Foto (17)

- Турмуш ўртоғингизга энг ёққан ролингиз?

- “Бойвачча” фильмидаги ролим! Лекин, турмуш ўртоғим ҳали мен билан танишмай туриб, мени билмай туриб, шу фильмдаги ролимни кўрганларида, “о, шундай хотининг бўлса, урди худо!” деган эканлар! (кулади) Тақдирни қаранг! Шундай деб туриб, барибир менга кўнгил қўйиб қолганлар. Фаришталар ўшанда, “шу гапингга, шу аёл хотининг бўлсин” деб омин қилишганми? Бир хил пайтлар, уйда сал жаҳл қилсам, кулиб юборадилар ва “сиз комедия бўлиб яралган экансиз, асалим” дейдилар.

 

- Сиз учун аёллик бахти?

- Аёллик бахти, севилишда деб биламан! Севишда эмас, севилишда! Севсам қанийди, деган аёлларга, аксинча, “севилиб яшанглар” деган бўлардим! Аёл севилса, севилиб яшаса, меҳри ҳаммага етади. Ўзи бизнинг аёллар севилмаса ҳам меҳрибон. Севилган аёлнинг кайфияти ҳам яхши бўлади, ўзини бахтли ҳис қилади, фарзандига ҳам кўп меҳр беради. Энг асосийси кам йиғлайди! Севишдан кўра, севилиш муҳимроқ!

 Foto (2)

- Ҳозир санъатда яқин дугонангиз борми?

- Аввал ҳам актриса Шодия Тўхтаева эди, ҳозир ҳам. Шодияни бирга ўқиган вақтимдан ҳам аввал, институтга кирмасдан аввал танийман. Бизларни курсдошим Умид таништирган. “Зўр қиз, характери сенга ўхшайди” деганди. Кейин бирга ўқидик, театрда ҳам бирга ишладик. Ўзи ҳамма билан яхши муносабатдаман, лекин кам кўришамиз. Мени ҳеч кимга гинам, ёмонлигим йўқ.

  

- Ҳеч ўз касбингизда рақобатни сезганмисиз?

- Мендан яхшиси чиқиши мумкин. Мендан ёмонроғи чиқиши, мендан 10 баробар яхшиси чиқиши мумкин. Лекин, мендек Зуҳра чиқмайди-ку! Тўғрими? Рақобатдан қўрқмайман! “Вой, мана бу чиқибди, мен қолиб кетаман” деб, дилимни ҳам, йўлимни ҳам ёпганимдан кўра, ҳоҳлардимки, ҳамманинг омадини берсин! Ҳақиқий маҳорат эгасими, чиқсин! Чеккада қолиб кетмасин!

 

- Ёшлигингизда амалга ошмайди, деб ўйлаган қайси орзуйингиз, бугунги кунга келиб, амалга ошди?

- Актриса бўлиш орзуйим амалга ошди. Амалга ошмайди, деб ўйлагандим. Раҳматли Фотимам билан бирга орзу қилгандик. Икки киши ўрнига бир ўзим актриса бўлдим.

  Foto (3)

- Ўз ижодингизга четдан назар соласизми?

- Четдан нзар соламан. Биласизми, қандай ҳис-туйғу пайдо бўлади? Мени бундан ҳам кўп нарса қилишга қурбим етади. Мана шу нарсани қила олмай ўтиб кетаман, деб ҳам қўрқаман. Ноумид бўлмаслик керак. Шунинг учун ҳам ишончимни йўқотмайман. Худо берган маҳорат борми, ҳеч қачон чеккада қолиб кетмай, янада олдинга интилишга ҳаракат қиламан. Яхши роль ўйнайсан, дейишадию, ўша яхши ролни бермасликлари мумкин. Ўша нарса мени ижодимда сал хафа қилиб қўяди.

 

- Ўзингиз қандай роль ижро қилишни ҳоҳлардингиз?

- Фарқи йўқ, ҳар қандай ролни ижро қила оламан. Чунки, институтда ўқиган вақтларимда устозим Мунаввар Абдуллаева менга “сен кўп қиррали актрисасан!” деганлар. Қолаверса, ўзимга ҳам ишонаман. Биринчи берилган, танитган роль комедик роль бўлганлиги учун ҳам, комедик ролларни уддалаб кетдим. Қолаверса, мақтаниш эмас, чин дилдан айтяпман, комедик актриса бўлиш ҳам осон эмас. Қолаверса, мен каби эпизодик роль билан танилиш ҳам жуда катта нарса! Эпизодик роль ўйнаб, бош ролни ўйнаганлар даражасида юрганим учун, халқимнинг меҳри учун, тақдирдан миннатдорман.

  Foto (16)

- Лекин, роль танламаслик, ҳамма ролларни ҳам ижро қилавериш, бир куни келиб томошабинларнинг меъдасига тегиб қолишидан чўчимайсизми?

- Йўқ! Чунки, олийгоҳда олган билимимга, ўзимдаги бўлган маҳоратга ишонаман. Қолаверса, меъдага тегмайдиган даражада ижро қилиб беришга ҳаракат қиламан! Бу нарсани бир мен эмас, ҳар қандай актёр, актриса ўйлайди. “Бунақа ролни олдин ҳам ўйнагандим, томошабинларнинг меъдасига тегмасмикан, ёки ҳамкасблар ичида минус бўлмасмикан” деб, ҳамма ўйлайди! Шунинг учун ҳам, актёр, актрисада интилиш, изланиш, ҳаракат, меҳнат, бўлиши керак! Шунда роли ҳам меъдага тегмайдиган, аксинча мухлисларини кўпайтирадиган даражада яхши чиқади.

 

- Ижоддан, тўйдан ташқари, яна бошқа касбингиз ҳам борми?

- Йўқ. Тўйларда ҳам ўртакашлик қиламан, қўшиқ ҳам куйлайман. Уни касб деб эмас, хобби деб биламан. Бошқа касбим йўқ.

 Foto (15)

- Қайси ролингизда жуда ҳам қийналгансиз?

- Ижро маҳорати тарафлама қийинчилик бўлмаган. Аммо, партнёр тарафлама қийинчилик бўлган. Бир фильмда актёрлик маҳорати йўқ бир актёр билан партнёр бўлиб, роль ижро қилишга тўғри келиб қолди. Жуда қийналдим! Баъзилар актёр бўлмаса ҳам, роль ижро қилишни билади, маҳорати бор. Зеҳни ўткир, ролни ёдлайди, қаерда қандай ижро қилиш, нима дейиш кераклигини билиб туради. Лекин, актёрлик маҳорати бўлмаса, роль ижро қилишни билмаса, нечта дубль бўлса ҳам, ҳаттоки ролни қандай ижро қилиниши кераклигини кўрсатиб берсанг ҳам, ижро қила олмай, қараб турса, ундай инсон билан роль ижро қилишдан қийини бўлмаса керак!

  

- Агар режиссёр бўлганингизда ўзингизга қандай роль бермаган бўлардингиз?

- Тошбағир, тошюрак инсон ролини! Юраги ғазабга тўлган инсон ролини бермаган бўлардим. Чунки, мен ҳаётда ҳеч кимга ёмонлик қила олмайман! Ўша тошбағир инсонни ўйнаб бера оламан, лекин тошбағир бўла олмайман. Лекин, “Кўргим келади” фильмида салбий роль ижро қилдим, томошабин қабул қилди. Кўриб, кулиб юборишмади, ишонишди. Бу ҳам, актёрлик тарафлама ютуғим, деб ўйлайман. Бу фильмнинг суратга олиш ишлари ҳам осон кечмаган, неча марталаб ростдан йиқилганман! Бошим билан ростдан урилишимга тўғри келган, каскадёрсиз ўзим бажардим, чунки ролимнинг табиий чиқишини ҳоҳлаганман. Бошим неча кунлаб ғурра бўлиб юрган.

Foto (13)

 

- Онангизнинг қайси ўгитларига ҳалигача амал қиласиз?

- Онажонимнинг ўгитлари кўп. Ҳеч кимга ёмонлик қилма, болам, дейдилар. Мана шу гапга ҳар доим амал қиламан.

 

- Нима деб ўйлайсиз, ҳозирги кунда инсонлар ўртасида қандай муносабат йўқолиб кетяпти?

-Бир-бирига бўлган ишонч йўқолиб кетмоқда. Ишонч бўлмаса меҳр ҳам бўлмайди, меҳр ҳам бера олмайсиз.

  Foto (7)

- Ташқи кўринишидан кучли кўринган инсонларни, аслида кўнгли нозик, дейишади.

- Мен энди (кулиб) ўзим тўла бўлсам ҳам, кўнглим озғин! Қалбимнинг шу даражада нозиклигини энди биляпман. Баъзилар, гавдамга қараб, шарт гапиради, деб адашади. Масалан, баъзи гапларни менга тегмайди, дейишади. Аслида шунақа тегади, эсимга тушса, кўзимга ёш оламан! Энди ёшим сал катта бўлиб, шундай бўляптими, дейман. Йўқ, аввал ҳам шундай бўлганман, лекин илгари ёнимда эркалигимни кўтарадиган ҳеч ким йўқ эди, уйдагилар узоқда эди. Шунақа камситилган кунларим ҳам бўлган, у гапларни биров сизга айтса, юзига қарамай кетасиз, лекин мен индамай, ичимга ютиб, сабр қилиб, “хўп бўлади” деганман. Балки, ҳозирги кўнглимнинг нозиклиги ўшаларнинг асоратими? Бирор гап гапирган инсонни ҳам тушунаман, у оддий гап бўлиши мумкин, лекин менга оғир тегиши мумкин.

 

- Ҳозирда сиз суратга тушган янги “Қора мушук операцияси” фильмининг премьераси кутилаётган экан. Номидан кўриниб турибдики, бу қандайдир бошқача фильм.

- Ҳа, бу фильмга чақиришганда, ролим ҳақида унчалик ҳам тасаввурга эга эмасдим. Кейин, суратга олиш майдонида, ҳаммасини тушундим. Мақтаниш эмас-ку, лекин ролимни яхши ижро қилибман. Бунга овозлаштириш жараёнида амин бўлдим. Чиндан ҳам, бу бошқача фильм. Фильм экранга чиққач, томошабинлар ўзлари кўриб, хулоса чиқаришади, деган фикрдаман. Фақат шуни айтишим мумкин, ролим характерли, мимикалари ўзгарадиган роль! Қаҳрамоним шундай аёлки, эри унинг ҳоҳишини бажарса, “дадажониси” деб эркалаб гапиради, агар унга ёқмайдиган гап гапириб қолса, дарров характери ўзгариб “кетдик бу ердан” деб қоладиган аёл! Унинг ичида 2 хил аёл бор! Яъни, ичида иккинчи “мен”и бор! Ўзига керакли вақтда ўзгарадиган бундай аёллар ҳаётда ҳам учрайди. Бошқа пайт менсимайроқ туради, иши тушса, дарров хушмуомала бўлиб қолишади. Фильм ҳатти ҳаракатли юморга бой комедия.

 Foto (12)

- Ўзингизни иштирокингиздаги қайси фильмни қайта-қайта кўришингиз мумкин?

- “Ўзимдан ўзимгача”, “Бўрилар” фильмлари. Айниқса, “Бўрилар” фильми мен учун қадрли. Чунки, шу фильмга Зебо Наврўзова чақирганлар ва бу роль бир зумда ҳамманинг ёдида қолган роль бўлган. Кейин, бу фильмда кўриб, Жаҳонгир Позилжонов “Бойвачча” фильмидаги ролимга чақирганди. Ўшанда менга жуда қийин бўлган, масъулият катта эди, негаки Жаҳонгир Позилжонов менга “Сиз фильмнинг бошида чиқасиз, сиз фильмни қандай бошласангиз, фильмнинг ҳаёти, сизнинг эпизодингизга боғлиқ” деган. Ўшанда суратга олиш жараёнида, ўша ролимдаги шунча гап бирданига қаердан келганига ҳайронман, шунчалик ролга киришиб кетганман! Менга ҳаттоки, “шунча гапни ёдлаб, шунақа тез айтишнинг ўзи бўладими?” дейишган. Лекин, мен ёдламаганман, масъулият кучли бўлган, ролга астойдил киришганман! Инсонларнинг ишончини оқлаш туйғуси менда кучли, шу ҳам ёрдам берган.

  

- Ижоддан чарчаган вақтларингиз ҳам бўладими?

- Йўқ, ижоддан ҳеч қачон чарчамаганман! Чарчаш ҳисси энди келганида, биринчи шундай фикрлар хаёлимга келади: “Бу кунларни қанчалик кутдим! Қанчалик орзу қилдим! Қанча синовлар, қийинчиликларни енгдим! Қанча гаплар эшитиб, йиғладим! Энди нега нолийман?” деб чиқиб кетаман.

  Foto (4)

- Ҳозирда қандай хатони кечира олмаган бўлардингиз?

- Ажратишни, камситишни кечира олмаган бўлардим. Олдин, ҳаётимда камситишлар бўлган. “Ҳа, майли” деб кетаверардим. Энди бу нарсани кечирмайман! Ё ўша ернинг ўзида ҳал қиламан, ёки ўша инсон билан алоқани узиб қўя қоламан!

 

- Турмуш ўртоғингиз юзингизга айтадиган камчилигингиз борми?

- Ҳа, (кулиб) бироз тўлишяпсиз, дейдилар. Мен эса, “энг муҳими, қалбим чиройли” деб жавоб қиламан! Кейин улар ҳам, “ўзи қалбингизни севиб қолганман-да!” дейдилар. “Мендан озғин, мендан қомати чиройлини топишингиз мумкин. Лекин, мендек қалби тоза, қалби чиройли инсонни 80 кирганда ҳам қидирасиз” дейман! Фикримга қўшиладилар!

  Foto (10)

- Комик роль ижрочилари ҳаётда жиддий инсонлар бўлишади, деган фикрга қўшиласизми?

- Кимнинг қандайлиги характерига боғлиқ. Мен ўзим ҳаётда ўта жиддий эмасман. (кулади) Яхши кайфиятда юраман, кулгили нарсаларга кулиб юбораман! Кейин атрофимдагилар ҳам, “Зуҳра Солиева-ку, кулгисидан танидик” дейишади! Экранда қандай бўлсам, ҳаётда ҳам шундайман. Ҳаётда қандайдир амплуага кириб олмайман. Экранда қандай танилган бўлсам, ҳаётда ҳам шундай бўлиб юраман, демайман.

 

- Роллар борасида амплуангизни ўзгартириш ниятингиз борми?

- Албатта, роллар беришса, ўзгартира оламан.

 Foto (1)

- Ўзингиз қандай жанрдаги фильмларни ёқтирасиз?

- Мистика! Руҳлар ҳақидаги фильмларни кўришни яхши кўраман! Келажакка бориб қоладиган, ўтмиш тарих замонларга саёҳат қиладиган фильмларни кўришни ёқтираман.

 

- Сўнгги маротаба қачон йиғладингиз?

- Бугун эрталаб йиғладим. Раҳматли Фотимамни эсладим. Энди бу ўз юрагимга таскин беришми, ёки ўзимни тинчлантиришми, билмадим. Мана шундай бўлмаганда, бундай бўлмасдими, дейман. Фотима ўлмаганда мана шундай бўлмасмиди, ҳозир у билан юрган бўлардим, деган хаёлга фикрлар келади.

  Foto (5)

- 1 апрел куни ким учундир ёлғончилар куни бўлса, ким учундир ҳазил байрами! Сиз учун-чи? Шу куни кимнидир алдаганмисиз, ёки сизни алдашганми?

- Театрда ишлаганимда, шу куни репетиция, деб чақиришган. (кулади) Ўзим эса, Самарқандда поликлиникада ишлаганимда ҳаммани шу куни роса алдардим. Ҳамма ишонарди. Бош шифокорнинг котибаси эдим. Бир куни 1 апрелда, “Бош шифокор жаҳл билан чақиряпти” деб, атайлаб бир хирургни уйидан чақиртирганман! У хирург узоқда турарди, оқ халатлар кийиб, шошиб югуриб келган. У қандайдир нохуш ҳодиса юз берди, деб ўйлаган. Чунки, фақат нохуш вазият ёки бемор билан боғлиқ ўта оғир вазият бўлса, хирурглар уйидан чақириларди. Ўша куни у хирургнинг дам олиш куни эди, бечора шошиб, хавотирда келган! Мен эса, сир бой бермай, “кеча нима қилгандингиз? Бош шифокор жаҳлда, тез киринг!” деганман. (кулади) У ҳам Бош шифокорнинг ёнига хавотирда кириб, “Чақирдингизми? Тинчликми?” деса, Бош шифокорнинг жаҳли чиқиб, “Тушунмадим, сизни ким чақирди? Бугун дам олиш кунингиз бўлса, нега келдингиз?” деганлар. (кулади) У хирург кун ора ишларди, ўша куни дам олиш куни, нима хаёлда келган! Бош шифокоримиз дарҳол бу менинг ишим эканлигини англаганлар ва мени чақириб: “Ҳа, сизни ишингизми?” деганлар. Мен ҳам, ўзимни йўқотмай, “бугун 1 апрель бўлса, уришмассиз” деганман! Бош шифокор бўлса, “1 апрель бўлса, шунча узоқдан, уйидан ҳам чақириб алдайдими? Мана шу ердагиларни алданг!” деб ўзимни уришганлар! (кулади) Ўзим роса гап эшитганман! Ўша алданган хирургнинг ўзи бўлса, “Хайрият, ҳеч қандай ҳодиса юз бермабди, ҳазил экан-ку” деб хотиржам бўлган, мени койимаган ҳам.

Бу ерда Тошкентда эса, турмуш қурмасимиздан олдин, 1 апрель куни турмуш ўртоғимни алдаганман. Унда гаплашиб, турмуш қуришни ният қилган вақтларимиз эди. 1 апрель куни уларга “мен бошқасини севиб қолдим” деганман. (кулади) Турмуш ўртоғимнинг жаҳллари чиқиб кетган! Мен у кишига бошида айтгандим, “бир-биримизга ҳеч қачон ёлғон гапирмаймиз, майли, агар қачонлардир бошқа кимнидир ёқтириб қолсак, бир-биримиздан яширмай айтамиз! Чунки, вақт ўтиб туйғулар ҳам ўзгариши мумкин. Бир-биримизни алдагандан кўра, шундай қилганимиз яхши” деганмиз, бир-биримизга сўз бергандик. Мен ҳам 1 апрелдан фойдаланиб, боплаб ҳазил қилганман. У киши, 1 апреллиги эсларида йўқ, “ким экан у?”, деб роса жаҳллари чиқиб кетган. Кейин ҳазиллашганимни билгач, “унақа қўрқитманг жоним, сизни ўзи зўрға топдим-ку” деганлар (кулади).

 

Саида Вахобова

1951081621_7_0

Фотолар учун X Frame media production студияси фотограф Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз

 

 Foto (21)

Foto (8)

  Foto (9)

Foto (6)