FATTOHHON.COM
« Все новости
Юртимизда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” ҳар йили 1 октябрда кенг байрам тарзида нишонланиб келинади! Бу устозларга бўлган чексиз ҳурмат ифодасидир!
Мазкур байрам муносабати билан 30 сентябрь куни “Туркистон” саройида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари, мураббийлар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” республика кўрик-танлови ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ватанимиз келажаги бўлган ёшларимизни ҳар жиҳатдан етук ва баркамол этиб тарбиялашда ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ардоқли касб вакилларининг меҳнатлари, истиқлол йилларида юксак қадрланмоқда. Таълим соҳасидаги юзлаб устоз-мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланганлар. Улар орасида ҳаттоки Ўзбекистон Қаҳрамонларигача бор.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев, Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.
Тадбирда халқимизнинг севимли санъаткорлари иштирокида катта концерт дастури бўлиб ўтди.
Унда, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова,
Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева,
Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Исмияминова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобилова,
“Ниҳол” мукофоти соҳибаси Гуласал Абдуллаева,
“Сурхон” гуруҳи ва бошқалар иштирок этишди.
Концерт режиссёри “Эътироф” мукофоти совриндори Ҳайдарали Қосимов
Тадбирни Ўзбекистон Халқ артисти, сухандон Абдумўмин Ўтбосаров ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон, дубляж актрисаси Дилдора Рустамова олиб боришди.
Инсоннинг илк устози, бу унинг ота-онаси, сўнг ибрат олган ўзидан ёши катта ака-опаси, кейин эса, ёши катта яқинлари бўлсалар, ундан сўнг илк бора ўқиш ва ёзишни ўргатган, жондан азиз бўлган “Она”, “Ватан” сўзларини ёздирган, катта ҳаёт остонасига қадам қўйишда қўллаб-қувватлаб, ўз сабоқларини аямаган, меҳрибон устозлардир!
Алишер Навоий устози Жомий таърифида шундай ёзади: “Устоз Жомий ўзларининг ёзган биринчи шеърларини менга кўрсатиб, ўқиб берардилар. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки қуёш чиққанида, қуёшдан таралган нурлар ҳаммадан аввал ерга, тупроққа тушади. Жомий менинг устозим, энг яқин дўстим, бунинг ҳам ажабланарли жойи йўқ, чунки гулга энг яқин турган тикандур!” Бу фикрлари билан Навоий устозини қуёшга, гулга тенглаштирган. Чунки, ҳамиша устозларнинг шогирдлар олдидаги меҳнатлари, заҳмати қанчалик улкан эканлигини Навоий ҳамиша ёдда тутган.
Ардоқли касб эгалари, минглаб ниҳолларни катта ҳаётга кузатиб, баркамол авлод келажагига муносиб ҳисса қўшаётган устозлар, ҳамиша халқимиз ҳурмати ва эътиборида!
Касб байрамингиз муборак бўлсин, азиз устоз ва мураббийлар!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Сардор Азимовга миннатдорчилик билдирамиз