FATTOHHON.COM

« Все новости

НИЛУФАР УСМОНОВА: ОИЛАДА ЭНГ МУҲИМИ ИШОНЧ БЎЛИШИ КЕРАК! 11.04.2014 12:44

Foto (15)

Аёл санъаткорлар орасида, оилани ва санъатни баробар олиб бораётганлари ичида, энг фаолларидан бири бўлган бу санъаткор, ёш бўлса ҳам, кўпгина ютуқларга эриша олган. Ижодга шу қадар берилган бу санъаткор, ҳаттоки ҳомиладорлик вақтида ҳам, янги қўшиқлар яратиб, клиплар суратга олдиришдан чарчамади. Шунингдек, барчани ҳайратга солиб, Халқаро танловларда ҳам ўз кучини синаб кўрди. Бугунги кунда, ўз мухлисларига эга, қўшиқларини ёшу қари бирдек севиб тинглайдиган хонанда Нилуфар Усмонова бугунги суҳбатдошимиз.

  Foto (14)

- «Туркнигоҳ»даги иштирокингиз кўплаб шов-шувларга сабаб бўлди! Мазкур Халқаро танлов ғолиби, сиз билан дуэт куйлаш таклифини билдирган эди. Лекин, негадир бу дуэт ҳали ҳам янграмади?

- Ҳозирги кунларда дуэтдошим Фарид билан бу дуэт устидаги ишларни битиряпмиз. Қўшиқ сўзларини мен ўзим ёздим. Чунки, Фарид тарафдаги шоир қўшиқ сўзларини ёзишни эплай олмабди. Биз эса шунча пайтдан бери сўзларини ёзиб беришларини кутгандик. Кейин ўзим инглиз тилида ёзиб бердим. Мен турк тилида ёза олмайман-ку. Қолаверса, барибир бизнинг шоирларга етмас экан, ишлаганингизда, “қачон илҳомим келса” деб ўтиришмайди. Уларда эса, қачон илҳомим келса, ўшанда ёзаман, дейдиганроқ экан. Шунинг учун ҳам, бу дуэт сал чўзилиб кетди. Энди турк тилидаги вариантиниг сўзларига, менимча аяжонимга мурожаат қиламан! Ҳозирда шу дуэтни тайёрлаш арафасидамиз, қўшиқ тайёр бўлгач, унга клип суратга олишни бошлаймиз.

 

- «Туркнигоҳ»даги иштирокингиз ўзининг учун қандай бўлди? У ерда кўнглингиздан нималар ўтди?

- Тўғрисини айтсам, мен учун жуда ўзгача, ҳамда ёқимли бўлди. (самимий кулиб) Маза қилдим! Мен яхши, ижодкор инсонлар билан мулоқотда бўлишни яхши кўраман. У ерда ҳам иштирокчилар, кўплари шундай яхши, кўнгли тоза инсонлар экан! Бўлажак дуэтдошим Фарид билан бизни танишиб, уни менга дуэт таклиф қилишига бир журналист сабабчи бўлди! У келиб, бизни иккимизни ҳам чақириб, биргаликда турганимизда бир савол берди. Шундан дуэт куйлаш фикри туғилди. “Албатта, уриниб кўрамиз” дедик. Шу билан дуэт куйлайдиган бўлдик! Бундан ташқари, у ердаги иштирокчиларнинг кўплари, “юлдуз” эмасди. Масалан, биз ўз юртимизда санъаткормиз, ижодда фаолмиз! У ерда эса, 10 нафари ростмана “юлдуз” бўлса, қолганлари танловма танлов қатнашиб, ижодда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилаётганлар эди.

 Foto (13)

- Биринчи марта, у ернинг саҳнасига чиқишингиз қандай кечди?

- Тўғриси, кўнглимда қўрқув бўлди! Яъни, саҳна тўғри маънода жуда ҳам улкан ва маҳобатли эди! Техника аъло даражада! 85 талаб инсон саҳна ёнига туриб олиб, “Саҳнага чиқ, чиқма, бу ёқда тур” деган гаплар йўқ! Саҳна ёнида фақат 2 та оператор туради. Улар программист билан алоқада бўлиб, программист уларга махсус алоқа орқали, “мана бу санъаткор тайёрлансин” деб хабар қилади. Биз иштирокчилар эса, ҳаммамиз бир хонада кутдик. Бошқа ортиқча одам йўқ. У ердан битта-битта чиқиш навбати келган иштирокчини чақириб, олиб чиқишади. Йўлак бўйлаб, юриб саҳна ёнига келасиз, сиз билан алоҳида камерачи суратга олган ҳолда келиб, сизни кузатиб қўяди. Сизни йўлак бўйлаб юриб келаётганингизгача экранда кўрсатилади. Оператор сизга белгиланган жойда туришингизни айтади. Кейин, “сенинг вақтинг” деганда олдинга чиқасиз. Чироқлар ўчади, жонли ижро, сиз куйлаб саҳнага чиқасиз! Ҳаммаси ажойиб! Тўғриси, яккахон концертимни ўша ерда, ўша саҳнада бўлишини орзу қилдим!

 

- Яккахон концертингизни мухлисларингиз жуда ҳам узоқ кутиб қолишмадими?

- Чиндан ҳам жуда узоқ кутиб қолишди. Бунинг учун узр сўрайман. Билмадим, балки бу буржимга боғлиқдир? Мен Ҳамал буржи остида туғилганман! Ҳамал буржи остида туғилганларнинг миясида фикрлари, ишлари жуда кўп бўлади! Ҳамма режаларига улгургиси келади. (кулади) Ҳаммасини баравар бошлаб, ҳаммага топшириқларни бериб қўйиб, сўнг яхшилаб кузатади. Қани қайси бири ўхшаяпти? Ўша ўхшаётганини эплаб олиб, кейин бошқаларини бошлайди! Менда ҳам шундай бўлди! Ўтган йили онамларни 50 ёшлик юбилейи бўлди! Мен бу нарсага жиддий қарашим керак эди! Чунки, примадонна бу! Ундан ташқари, “Туркнигоҳ”га тайёрланишим керак эди! У ердаги иштироким ҳам маълум бир муддат вақт олди. Чунки, Туркияга бориб, у ерда маълум бир муддат бўлиб, иштирок этиб, юртга қайтдим. Қайтганимда эса, Янги йил арафаси эди. Қарабсизки, Янги йил дастурларига тайёргарликлар, қолаверса, янги клипимни суратга олиш ишлари, шу билан вақт ўтиб кетди. Табиийки, концерт дастурига улгуролмадим. Қолаверса, мен тўлиқ жонли ижрода концерт бериш ниятидаман.

 

- Ташқи кўринишингизда ҳам, ўзгариш юз берибди. Сочларингизни калтароқ қилиб қирқтирибсиз? Бу имидж ўзгартиришми?

- Сочларимни қирқтиришга тўғри келди. Чунки, бўятгандим, бўёқ таъсирида куйиб, бироз тўкилди. Шундан кейин, калта қилиб, қирқтирдим. Яна ҳам, ҳозир анча ўсди.  Ўзи яна ҳам калта ва креатив қилиб кестирмоқчи эдим, аммо буни мухлисларим тушунишмаса-чи, деб фикримдан қайтдим. Билмадим, балки кейинроқ барибир шундай қиларман?

 Foto (12)

- Ҳаётда ўзи сиз кимгадир ҳавас ёки ҳасад қилганмисиз?

- Кўпроқ ҳавас қиламан. Энди, ичиқоралик кимда йўқ? Аммо, инсон ўша ичиқораликни ичига кўмиб юбориши ва ҳамма нарсага фақат яхши назар билан қараши керак! Дейлик, ўша сиз ёмон кўрган инсоннинг омади келиб қолди, сиз кўп нарса ёзгансиз, лекин унинг битта нарсаси хит бўлиб қолди. Албатта, ғалати бўласиз, аммо, “майли, кейинги сафар меники хит бўлади” дейиш бошқа, аммо, “анави нима қилдийкин, мен ҳали сендан ўтаман” деб ҳаракат қилиш ёмон бўлади. Шунинг учун ҳам, менимча, фақат ҳавас қилиш керак. Мен ўзим фақат ҳавас қиламан. Менда бўлмаса, бошқада бўлса, мен доим ҳавас кўзи билан қарайман. Олдин, “нимага бунга омад келаверади, ахир сохталигини биламану, у бунга арзимайдиган инсон, ахир” дердим. Лекин, вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўяр экан. Руҳияти кўтара олмайдиган инсонга кўпроқ бериб юборар экан, ўша инсонни ўша муваффақият еб қўяр экан! Кўтарилиб туриб, йўқ бўлиб кетар экан...  Юлдузликни, мансабни руҳияти кўтармайдиган инсонлар ҳам бор. Улар ўша, юлдуз бўлиб кетиб туриб, руҳияти кўтара олмай, кутилмаганда йўқ бўлиб, ижоди сўниб кетишади. Уларни инсонлар ҳам унутиб юборишади. Шунинг учун ҳам, ҳавас билан яшаш ва ижоддан тўхтамаслик керак.

 

- Ҳар гал катта саҳнага қадам қўйганингизда, айнан нималарни ҳис қиласиз?

- (самимий кулиб) Биринчи навбатда “Намунча одам кўп” дейман. Кейин эса, хаёлимга “сал озсам бўларкан” деган фикр келади. “Семиз кўринмаяпми?” дейман. Бу ўша саҳнага қадам қўйганимдаги илк секундларда юз беради. Қўшиқни бошлаб олганимдан кейин, буларни унутиб юбораман ва фақат қўшиқ ичида яшайман.

  Foto (8)

- Ҳозирги кунда 3 та фарзандли бўлгандан кейин ҳам, қоматингиз ҳамманинг ҳавасини келтирмоқда. Қандай қилиб бундай қоматга эришдингиз? Бугунги кунда кўпчиликни бу савол қизиқтирмоқда.

- Авваламбор, 6 ой муддат парҳез тутдим. Нон емадим. Бу муддат ичида ошхонада таом тайёрламадим. Чунки, овқат пиширсам, еб қўявераман. Ўзим тайёрламасам, ўзимга керакли, парҳездаги нарсани ейман. Баъзилар овқат пиширса, ўзи емайди, ўша пишираётганда қорни тўйиб қолгандек бўлади. Менда эса, бундай эмас! Қанча овқат пиширсам ҳам, ўтириб олиб, болаларимга қизиқиб, еб қўяман. (кулади) Чунки, оилада кўпчиликмиз, кўпчилик бўлса, парҳез қилиш жуда қийин. Бир ўзингиз бўлсангиз, ҳеч нарса ўтмайди ҳам. Бундан ташқари, маълум бир муддат рақсга қатнашдим. Кейин маълум бир муддат тренажерда машқ ҳам қилдим. Ҳозир ҳам, интервьюдан кейин машғулотга боришим керак. Баҳорга чиройли бўлиш керак!

 

- Ҳозирги кунда шоубизнесда баъзи хонандаларнинг рейтинг даражаси гўёки бир хилдек турибди. Бунга нисбатан сизнинг фикрингиз?

- Агар сиз журналистлар назарида шундай бўлса, демак, чиндан ҳам шундай. Чунки, сизлар халқ билан санъаткорлар ўртасидаги  вакилсизлар. Демак, биринчи навбатда ишлаш керак! Мени ўзимда шошилиб ишлаш одати йўқ! Мен ўзим секин ишлайман ва буни биламан! Чунки, мен сифатни яхши кўраман! Маблағим, вақтим ҳаттоки соғлиғим кетса ҳам, сифат бўлмагунча, “майли” деб қўйиб юбора олмайман! Шундай деб юбориш мумкин бўлган пайтлар ҳам бўлган, аммо мен бундай қилмаганман!

 

- Ўз қўшиқларингизни қайси жиҳати билан мухлисларга манзур бўлади, деб ўйлайсиз?

- Қўшиқ куйласам, мен биринчи навбатда уни ўзимдан ўтказишим керак. Ўзимдан ўтказсам, ўша қўшиқ қандайдир жонли бўлади! Масалан, қўшиқ тинглаганингизда уни ҳис қилиб тинглайсиз. Нима учун ҳамма қўшиқчини эшита олмайсиз? Ахир хонанда кўп бўлса, аммо баъзилари бақиришдан ёки пичирлашдан нарига ўта олмайди! Минг дардли сўзлар бўлса ҳам, сиз уни тушуна олмайсиз! Чунки, ўша қўшиқни юраги бўлмайди! Хонанда қўшиқни ўзидан ўтказиши керак! Қўшиқни “сўзлари дардли, чиройли экан”, деб тушуниб, тушунмай куйлайдиганлар кўп. Мен қўшиқ сўзларини ёзганда, ўзимдан келиб чиқмаган ҳолда ёзмасам, куйлай олмайман! Чунки, мен ҳар бир қўшиғимда 30 фоиз бўлса ҳам, ўзимники қўшиб, тўғрилайман. Ҳар бир қўшиғимда ўзимни кўришим керак. мана шундай, деб тушунтираман, ўшандан келиб чиқиб, қўшиқ сўзларини ёзишгандан кейин, агар жуда ўтказиб юборилган бўлса, ўзгартиртираман, чунки ўз ҳаётимни 100 фоиз ҳеч кимга очмайман! Қўшиқда 30 фоиз ўзимники, яъни ҳаётимнинг қайсидир жиҳатларини қолдиришим керак! Ана ўшанда ўзимга мос қўшиқ бўлади.

  Foto (11)

- Санъатда қандайдир бир ўзингиз учун чегара қўйганмисиз?

- Бировни ортидан гап кавлама, шунда сен билан ҳам ҳеч кимнинг иши бўлмайди! Бировни ғийбат қилиш, ортидан гап кавлашни ёмон кўраман.

 

- Инсон, айниқса ижодкор, ёши катта бўлган сари нимага аҳамият бериши керак, деб ўйлайсиз?

- Ёшига ярашган қилиқлар қилиши керак, деб ўйлайман. Бачканаликдан сақланиши керак, назаримда.

 

- Онангизни нимани яхши кўришларини биласизми?

- Онамларни катта нарса билан хурсанд қила олмайсан! Онамларни кичик бўлса ҳам, ўйламаган ва хаёлига келмаган нарсалар билан қувонтирса бўлади! Мен ўзим эса, ҳар хил совғаларни яхши кўраман! Совға ўртача бўлиши керак эмас, деб ўйлайман! Оддий бўлса ҳам, оригинал бўлишини ёқтираман! Ҳайратга солиб, “вой” деб юборадиган бўлиши керак! Креатив совғаларни ёқтираман! Гуллардан эса, атиргулларни яхши кўраман! Кўпинча, оддий кунларда ҳам менга гул совға қилишади. Эрталаблари гул юборишади, баъзи мухлислар бор, танишлар бор. Қолаверса, ўзимни турмуш ўртоғим ҳам, эрталабдан гул ҳадя қиладилар. Бу қандай ёқимли! Бу совға эмас, бу эътибор, деб биламан.

 

- Ўзингизни фарзандларингиздан олган биринчи совғангиз?

- Улар менга ҳар куни совғалар беришади! (самимий кулиб) Ҳар куни уйда, мен учун нималардир ясаб ўтиришади! Катта ўғлим Саидаъзамхон биринчи марта, бувиси эккан гулларни, яъни тувакда ўсган фиалка гулларини узиб, менга “ойижон, табриклайман” деб олиб келиб берган! Ойим, “ана бошланди!” дегандилар. Кейин боғчага боргач, ҳар хил гуллар, нарсалар чизиб, “для мамочки” деб ёзиб, олиб келиб совға қиладиган бўлган! Ҳозир иккинчи ўғлим Иброҳимхон шундай, ҳар куни уйда менга атаб, нимадир чизиб, ясаб ўтиради. Туркия билан ижодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномам бор эди. Ўша шартноманинг устига ўғилларим ёғли қалам билан яхшилаб, гулларнинг суратини чизиб ташлашибди! (кулади) Буни ишхонадагиларга қандай айтаман, деб роса ўйладим. Охири ўша қоғозни ишхонага олиб келдим. “Нимага олиб қўймадингиз? Нега болаларни қўлига берасиз?” дейишди. Кейин, уялиб, уялиб, ноилож Туркияга қайта қўнғироқ қилиб, “болаларим шундай иш қилиб қўйишибди” деб тушунтирдим. Улар ўша шартномани қайтадан юборишди. Деворга чизиб ташлашлари, аллақачон оддий ҳолатга айланган! Сумкаларимгачага чизиб ташлашади! Яхшиямки, чизганни, сумкадан ўчирса бўлар экан. (қўлидаги сумкани кўрсатиб) Бунга иккинчиси чизган. Катта ўғлим бўлса, доим менга келиб иккита кичкинамнинг чизишларини “сотади”! (кулади) “Ойижон, қаранг, чизишяпти!” дейди. Чизаётган бўлса, менга келиб айтгунча, қўлидан олиб қўй! Йўқ, менга келиб айтиши керак. Ёш болали хонадон ўзи шундай бўлади. Ғийбат йўқ, ҳар хил гаплар йўқ, фақат шовқин, ўйин, мана шундай ишлар, хурсандчилик қилиб ўтирамиз!

 Foto (10)

- Ҳозирги турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз? Қандай кўнглингизга йўл топганлар?

- Ишда танишганмиз, иш юзасидан танишиб, аввал дўстлашиб, кейин кўнгил қўйиб, оила қурдик. Йиллар сайин, эътибор билан кўнглимга йўл топа олганлар.

 

- Турмушга чиқиш таклифини қандай берганлар?

- Оддий бўлган, турмуш қуриш таклифини билдирганларида ўйлаб кўришга вақт сўраганман, кейин эса, ўйлаб кўриб, “мен тайёрман” деб айтганман. Жуда бир романтика бўлмаган.

 

- Оилада бир-бирингизни қўл телефонларингизни текшириш одати борми?

- Йўқ! Оилада энг муҳими ишонч бўлиши керак. Биз бир-биримизга ишонамиз, тушунамиз. У киши менинг касбимни тушунадилар.

 Foto (9)

- Ҳозирги кунда сиз англаб етган ҳақиқат?

- Битта иш қилишдан аввал яхшилаб ўйлаб қилиш керак экан. Тўғри қиляпман, кейинчалик нима бўлади, ўзимга ўзим зиён қилиб қўймайманми, деган саволларни ўзингизга бериб кўришингиз керак экан. Мен ўзи чўрткесарман, баъзида таваккал ҳам қилиб юборишим мумкин. Аммо, инсон барибир ўйлаб иш қилиши керак экан, ичингиз ёниб турган вақтда, “мен шунга кўника оламанми” деган саволни инсон ўзига бериб кўриши керак экан! Инсон ўзи учун ҳалол бўлиши керак! Кўпчиликни кўраман, бировларнинг ёнида ўзини ҳалол кўрсатмоқчи бўлишади. Кўнглида нима борлигини эса, ёлғиз Оллоҳ билади. Нима қиласан, бундай қилиб? Яхшиси, ўзинг учун, Оллоҳ учун ҳалол бўл! Йиллар ўтган сайин, шу нарсаларни англаб етдим. Бундан ташқари, шуни ҳам англадимки, мен барибир юрак тарафлама, ёлғиз инсонман, дилимда ёлғизман. Чунки, мен ёлғиз фарзандман. Турмуш ўртоғим, фарзандларим бўлса ҳам, дилимда ҳамон ёлғизлик сақланиб қолган. “Ёлғиз бўриман” дея оламан. Тўғри, дўстларим, яқинларим кўп. Лекин, ўзим билан ўзим ёлғиз бўлиб оладиган одатим бор. Бу тўғрими, ёки нотўғри, тушунтириб бера олмайман! Характеримдан келиб чиқиб шундай.

 

- Отангизни сизга айтган қайси ўгитига ҳозирга қадар амал қиласиз?

- Мен болалигимда дадамлар билан кўп кўришмаганман. Аммо, охирги пайтларда кўпроқ кўриша бошладик. Дадам менга танбеҳ бериб, ёки нимадир ўргатмаганлар. Доим дуо қилганлар, ҳозир ҳам фақат дуо қиладилар. Ҳеч қачон, танбеҳ бермаганлар, ижодимга ҳам аралашмаганлар. “Ҳаммага яхшилик қил, қариндош-уруғлардан доим хабар олиб тур, яхши инсон бўлиб, катталарнинг дуосини ол” дейдилар. Бу гапларни аяжоним ҳам кўп айтадилар.

 

- Аёл кишининг кучи нимада, деб ўйлайсиз?

- Аёллигида! Аёл киши худди резинка каби, ёнмайди, куймайди, синмайди, эриб кетмайди, жуда ҳам чидамли ва эгилувчан бўлади! Аёл кишининг аёл киши бўлиб яралганлигининг ўзи қийин, менимча. Чунки, фарзанд кўриш ҳам, уларни катта қилиш ҳам, аёлнинг бўйнида! Ҳозирги кунда эса, аёлларнинг кўпчилиги ишлаяпти, оила тебраяпти, ҳаттоки шу нарса ҳам, аёлларнинг бўйнига тушяпти! Аёлларнинг бўйнига ўтмаган, шу нарса ҳам қолмади! Аёллар нега кўп касал бўлишади? Чунки, кўп сиқилишади, аламларни ичга ютишади. Аёл киши ўзини севиши, авайлаши керак. Аёл бўлиб яралгани учун ҳам, барибир Оллоҳга шукур қилиши керак. Барибир, бахтга ишониши керак. Баъзилар фарзандсизликдан сиқилади, бир хилларида оилавий бахт йўқ. Аммо, сўраса, барчасини вақти келиб, Оллоҳ албатта беради, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, аёл киши сиқилиши, ўзини эзиши керак эмас. Ҳамма нарса топилади. Бу менинг шахсий фикрларим, албатта.

 Foto (7).jpg

- Уч фарзанднинг онасисиз. Ҳам оилани, ҳам ижодни баравар олиб боряпсиз. Бунга улгуриш осон кечмаётган бўлса керак? Негаки, сиз ҳаттоки ҳомиладорлик вақтингизда ҳам ижоддан чекинмадингиз!

- Ҳа, албатта, осон эмас. (меҳр билан) Айниқса, кичкинам ҳақиқий ўт, олов! Тили чиқяпти! Акасидан гапларни ўрганяпти. Масалан, ҳали кичкина бўлганига, “ойижон” сўзини тўлиқ айта олмай, “ойдон” дейди! “Бу ёққа кел, шимингни алмаштириб қўяман” десам, “йўқ” деб, югуриб юради. Роса шўх бўлган, тўғриси, бунчалик шўх болани кўрмаганман! Бировнинг боласи бўлсаю, гапирардим. (кулади) Нарсаларни шунақа кўп синдиради. Атайлаб эмас, тасодифан, қўполлик билан тегиб кетиб синдиради. Дейлик, битта ўйинчоқ олиб келсангиз, уни қанчага олганингизнинг умуман аҳамияти йўқ, 2 секунд, синдириб, сочиб ташлаши учун етарли! Ўша нарса унинг қўлига тушиши билан синади! Энг жони қаттиқ нарса ҳам, унинг қўлларига дош бера олмайди! (кулади) Бир куни қарасам, кияман деб турган туфлигимнинг пошнаси йўқ! Ҳайрон бўлиб, қарасам, мана шу учинчи ўғлим Сулаймонхон, қўлида туфлигимнинг опшнасини кўтариб, ўйнаб юрибди! Ўша пошна шунақа қаттиқ эди, минг урининг, барибир чиқара олмасдингиз! Қандай қилиб, йўлини топди, билмайман! Янги идиш-товоқлар сотиб олмаётганлигимга ҳам анча бўлиб қолди! Ишонасизми, битта ҳам тўлиқ комплект идишларим қолмаган! (кулади) Ҳаммасини боплаган! Шу ўғлим сал каттароқ бўлиб олсин, кейин янгиларини сотиб оламан, дейман. Чунки, янги олганимнинг фойдаси йўқ, барибир яна олиб синдиради! Ёш бола бўлса, нима ҳам қила оласиз? Майли, синдиравер, майли чизавер, дейман. Деворларга чизган жойларини артиб, ювиб қўявераман. Баъзида, “нега деворга чизяпсан?” деб сўрасам, хафа бўлгандек бўлиб, бир бурчакка бориб олади. Кейин бир пас қарамай турсам, ўша ерда туриб олганча, ўша бурчакда деворга чизиб турган бўлади! Нима ҳам дея оламан, ёш болани урмайман-ку! Иккинчи ўғлим Иброҳимхоннинг характери эса, бутунлай бошқача! У мени доим кечқурун ишдан келганимда кутиб олади! Уч марта “Ассалому алайкум” деб қайтариб салом беради! Лекин, негадир мени “сиз”лай олмайди! “Яхши келдингми”, “Ана-анани айтдингми” дейди. “Ҳа, яхши келдим, ана-анани айтдим” дейман. “Девоналарни айтдингми” дейди, бувисининг қўшиғини ҳам аралаштириб юборади. Баъзида қўшиқларимни кўпини, “айтдингми”, деб санаб ҳам чиқади. “Ҳа, айтдим” десам, “Чиройли бўлиб келдингми, устингдаги чиройли экан” дейди. Меҳрибончилик қилиб, қўлимдан сумкамни олади, оёқ кийимимни ечсам, чиройли қилиб тахлаб қўяди. Ўзининг пластмасса ўйинчоқ стаканига сув қуйиб, “ич” деб, менга олиб  келиб беради. Роса меҳрибон! Келишим билан, шу заҳоти уйдан, салом бериб чиқиб келади! Катта ўғлим Саидаъзамхон бўлса, ғирт интеллегент! “Здравствуйте, как вы мамочка?” деб сўрашади. Ҳаммани айбини, мен йўғимда нима қилишганини менга етказиб беради. “Иброҳим овқат егандан кейин қўлини ювмади. Мен унга қўлингни юв, дедим” ва ҳоказо... Хуллас, уйда зерикмайман! Қолаверса, турмуш ўртоғим ҳам, болалар тарбиясида менга ёрдам берадилар.

 

- Аёлларда ҳар бир фарзанд дунёга келганидан сўнг, қандайдир дунёқараши ўзгаради. Сизда ҳам шундай бўлганми?

- Ҳа, лекин, тўртинчиси бўлса, билмадим, дунёқарашим қандай бўлади? (самимий кулади)! Биринчи фарзандим дунёга келганимда, аёл киши эканлигимни, оналик бахтини тушунганман. Лекин, барибир болалигим бор эди. Иккинчи фарзандим дунёга келганида эса, оиланинг нималигини тушуниб етдим. Учинчисида эса, аёллик бахтини, бу ҳаётда ўрним қандайлигини тушуниб етдим.

 Foto (7)

- Онангизни сизга яқин орада берган танбеҳлари?

- “Уйда кўпроқ бўл”, “Болалар тарбиясига эътиборли бўл. Учта ўғил, учта эркак, уларни жамиятга керакли инсонлар қилиб, тарбиялашинг керак!” дейдилар.

 

- Кўпинча қайноналарнинг ўғлини келинидан қизғаниши ҳақида эшитиб қоламиз. Сиз ҳам 3 ўғилнинг онасисиз. Сиз ҳам, келажакда ўғилларингизни келинларингиздан қизғанган бўлармидингиз?

- Бўлиши мумкин. Менимча, мен ҳам қизғансам керак. Ахир шунча қийналиб, операция бўлиб, туғиб, катта қилгандан кейин, кимдир келиб, ўзиники қилиб олмоқчи бўлса, албатта, қизғанишим табиий. Мен истардимки, бўлажак келиним, оилам десин, ака-укаларнинг иноқлигига раҳна солмасин! Агар ака-укаларни уриштирадиган, ажратадиган бўлса, ўша куниёқ, бундай келиннинг баҳридан ўтиш керак, деб ўйлайман. Энг ёмон кўрганим, ака-укаларнинг уришиши! Бундан ташқари, келинларни пулнинг ортидан қувиши, эрини ҳаддан ортиқ қизғанишини ҳам ёқламайман! Домла-фолбин, ёки шундай жойларга қатнайдиган бўлса, ундай келиндан шу заҳотиёқ воз кечиш керак, деб ҳисоблайман. Бўлажак келинларим, қайси миллат, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, иймон-инсофли бўлсин! Ўқиган, уққан, оқ-қорани таниган, яхши оиладан, тарбияли бўлсин! Яхши оила деганим, ўта бир бадавлат эмас, ота-онаси яхши тарбия бериб, ота қаттиққўл бўлиб, ҳалол пулига катта қилган, диёнатли бўлсин!

  Foto (5).jpg

- Аёлларда йўқ қайси хислат, менда бор, деб ўйлайсиз?

- Жуда ҳам очиққўнгиллик! Жуда ҳам! Бошқа аёллар бундай эмас! Мен жуда ҳам очиқман, бошқа аёллар ўзларини тутиб туришни, баъзи гапларни гапирмаслик кераклигини билади. Лекин, мен ундай қила олмайман! Бирор иш қилиб қўйсам, ёки хато қилсам, албатта, шуни ҳамма яқинлар, танишларга гапиришим керак! Сир сақлай оламан, лекин, бировнинг сири бўлса, сақлай оламан! Яъни, ўша пайтда ўша сирни айтган инсонга маслаҳат бераман ва 2 кун ўтар-ўтмас, ўша сир ҳам ёдимдан чиқиб кетади. Биров ўз ҳаётини гапириб берса ҳам, кўпи билан 4 кун ёдимда туриши мумкин. Кейин ўз-ўзидан эсимдан чиқиб кетади. Аммо, ўзимга келганда, ундай эмас! Ўзимга тегишли гап бўлса, ҳеч қачон эсимдан ҳам чиқмайди, бошқаларга ҳам айтиб беравераман! Дилимдаги тилимда! Лекин, ўзим бу ишимни ёқламайман!

 

- Ҳозирги кунда иш сиз учун нимани англатади?

- Иш бу, биринчидан депрессия дориси! Ишлайдиган аёл ҳеч қачон депрессияга кириб қолмайди! Ҳозир бу касаллик ҳар бир инсонда бор, деса ҳам бўлади. 3 кун уйда ўтирсангиз, сиқила бошлайсиз. Иккинчидан, иш менга маблағ келтиради. Учинчидан, иш туфайли янги таниш-билишлар, дўстлар орттириш мумкин. Тўртинчидан, иш туфайли, вақтни мароқли ва яхши ўтказиш мумкин. Бундан ташқари, иш менга кўп нарсаларни, ҳаёт дарсларини ўргатади.

  Foto (1)

- Эркаклар чиройли ва ақлли аёллардан чўчийди, дейишади. Шу фикрга қўшиласизми?

- Қўшиламану, лекин ҳамма эркаклар шундай аёлни ҳоҳлашади, орзу қилишади! Аслида, эркаклар гўзал ва ақлли аёлдан рад жавоби олишдан, “йўқ” деб юборса-чи, деб қўрқишади! Қўрқиб, қўрқиб, гапиришга ҳам журъат қила олмай кетишади... Кўнглига йўл топишга ҳаракат ҳам қилиб кўришмайди. Аслида, ҳаракат қилиб кўриш керак! Балки, ўша чиройли ва ақлли аёлга, ёқиб қолар? Имкониятни қўлдан бой бермай, ўша аёлнинг ёнига бориш керак!

Саида Вахобова

  Foto (3).jpg