FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбековнинг шогирдлари даврасидаги “Япроғимиз азим чинорнинг” концерти репетициялари (МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!) ва концертнинг илк кунидан (МАЪЛУМОТГА ЎТИШ) сайтимизда маълумот берган эдик.
Эндиликда, мазкур концерт ҳақида батафсил!
Концерт режиссёри Саъдулла Абдуллаев.
Концерт дастури Comedy Uz резидентлари билан ҳамкорликда тайёрланиб, Ҳасан (Иноятилло) Ва (Даврон) Ҳусан (Aza Comedy) алоҳида фаоллик кўрсатишди!
Концерт декорацияси синф хонаси тарзида тайёрланиб, санъаткорнинг шогирдлари парталардан жой олишди.
Устоз сифатида намоён бўлган санъаткорни шогирдлари “Атрофингизда биз сарсон, чиройлисиз ҳаммадан” деб кутиб олишди.
Санъаткор ҳам, “жуда ошириб юбординглар, унчалик эмас” деб, ўқитувчилик вазифасини бажаришга киришди. Устознинг алоҳида йўқламасидан сўнг, навбатма навбат санъаткорнинг шогирдлари ўз маҳоратларини намойиш этиб, ўз қўшиқларини куйлашди. Ҳаммаси табиий дарс жараёнидек, фақат бугунги кунда санъатда, ҳаётда ва санъаткорларда учрайдиган муаммолар, турли ҳолатлар, юмор орқали кўрсатиб берилди!
Уй вазифаси сифатида баннерга суратга тушишни ҳам шогирдлар қойиллатишди!
Хонанда Азизбек Бекмуродов 5 йилдан буён шу синфда эканлигини “сиз дарс берган синфингизда қанча ўқисак ҳам оз” деб, оқлаб, қўшиқлар кетма-кетлигини бошлаб берди.
“Дилсўз”ни “унута олмаётган” Беҳзодбек Эшонов
устозининг “Энди Дилсўзга бахт тила!” деган маслаҳатидан сўнг, эндиликда Гуласал ҳақида ўйлаб қолди!
Гуласал Абдуллаеванинг қўшиғини тинглаб,
унга гул ҳам тақдим қилди!
“Жонли ижро” мавзуси кўтарилгач, Ҳасан (Иноятилло) “Жаҳонгир Позилжоновнинг синфига ўтамиз” деб, синф-саҳнадан чиқиб кетди!)))
Ва (Даврон), “жонли ижрони томоқдан ёки қориндан айтган яхшими?” деб билгиси келди ва устоз томонидан “ўзи юракдан айтган яхшию, сен қориндан айтаверсанг ҳам бўлади” деган жавобни олди!
-Жонли ижро бекорга жонли дейилмайди, унинг юраги бўлади, у яшаб туради, юраги уриб туради! Мухлисларнинг ҳам тўппа-тўғри юрагига кириб боради! Шунинг учун ҳамиша жонли ижрога тайёр туришинглар керак! Халқимиз жонли ижрони яхши кўради!- деб, шогирдларга сабоқ берди устоз.
Устознинг “фонограмма нима учун керак?” деган саволига, “мана ўзимизда ҳам бор”, деб қайтиб келган Ҳасан “8-9 та зўр қўшиқ қилиб, пул ишлаш учун керак”лигини айтган бўлса))))),
Ҳусан “Фонограмма аслида Англияда ихтиро қилинган, Америкада ривожлантирилган, бизнинг тўйларда эса, фан даражасига кўтарилган!” деб жавоб берди.
Ниҳоят, шогирдлардан бири тўғри жавоб қайтарди: - Фонограмма радио, телевидениеларда, клип олиш жараёнларида фойдаланилади. Гала-концертларда ҳам фойдаланилади. Чунки, ҳар битта хонанданинг созандалари созларини созлагунча, анча вақт кетади. Шунинг учун ҳам, фонограмма ишлатилади.
Ҳусан ҳам, ўз навбатида устозига “баъзи алдоқчи хонандалар, концерт баннерига “фонограмма” деб, ёзиб қўйиб, ўзлари 20 кунлаб жонли ижрода концерт беришлари” ҳақида айтиб ўтди.
Хонандалар Фурқат ва Элмуродлар қўлларида дутор билан куйлаганда, Озодбек Назарбеков ҳам улар билан жонли ижрода “Куйла дилкаш дуторим” қўшиғини куйлади.
Сўнг, устоз, шогирдларига санъаткор учун 2 та нарса жуда ҳам муҳимлигини билдирди: -Биринчиси туғма истеъдод, истеъдоди бўлса уни болалигидан ҳамма сезади ва истеъдод ўз эгасини тинч қўймайди! Иккинчиси, ижод, яъни меҳнат! Тинимсиз меҳнат қилган санъаткор, албатта ўз орзуларига эришади!
Ҳасан яна қитмирлик қилиб, доскадаги устоз чизган шаклни “шулар бўлса, ҳамма ишимиз яхши бўлиб кетар экан-де!” деб, хориж валютасига айлантириб қўйганда,
санъаткор устоз шаклни ўзгартириб: -Мана шу соль калити қўлингда бўлса, албатта ниятингга эришасан! Демак, истеъдод ва меҳнат!- деб, барчанинг олқишига сазовор бўлди!
Айниқса, “беш баҳо” билан боғлиқ саҳна кўриниши ўзгача бўлди! Устоз “беш баҳо” учун шогирдларига қўл телефонларини олиб, унга телефон қилиб, яхши кўришларини айтишларини айтди. Сўнг, дарҳол ҳазиллашганлигини айтиб, томошабинларга мурожаат қилиб: - Гоҳида “беш баҳо” учун, ёки яна бошқа бир нарсалар илинжида, вақтимизни ва маблағимизни аямаймиз! Лекин, бир кунда бир маҳал, бир дақиқа вақт ажратиб, оналаримизга қўнғироқ қилиб, “Онажон, мен сизни яхши кўраман” дейишга вақт топа олмаймиз. Ҳаммани қўл телефони бор, шу ишни ҳозир қилайлик! Бир минут вақт кетади! –деб, ҳаммани онасига қўнғироқ қилишга ундади. Залда томошабинлар чиндан ҳам, безовта бўлиб, оналарига қўнғироқ қилганлар бўлди. Баъзилар уланди, баъзилар эса улана олмади. Мана шу бир минут ва санъаткорнинг мурожаати, томошабинларни жуда ҳам таъсирлантирди! Қарсаклар тинмади!
Озодбек Назарбеков: - Қўнғироқ қилиб, туша олмаганларга ҳам шахсан мен ҳавас қиламан! Онангизни борлиги бу давлат! Энг катта бойлик, энг катта бахт, мана шу! Онажонлар, бежизга сизларни эсламадик, сабаби, устоз ва мураббийлар кунида, энг биринчи табриклашимиз лозим бўлган инсонлар, булар оналаримиз! Чунки, ҳар қандай инсоннинг биринчи устози, бу она! Онажонлар, бахтимизга ҳамиша омон бўлинглар! Устозлар байрами муборак бўлсин!
Санъаткорнинг Ватанимиздаги ўзгаришлар ва Ватан ҳақидаги қўшиқлар ҳақидаги сабоқлари ҳам шогирдларга керакли сабоқлардан бўлди!
Озодбек Назарбеков: - Юртимизни бутун дунё таниб, ҳаммаёқ, Хива, Бухоро, Самарқанд, барчаси кундан кунга кўрк очиб боряптики, бир ойдан кейин борсанг ҳам танимай қоласан! Шу даражада тез гуркираб, ривожланиб, обод бўлиб бормоқда! Ҳар бир санъаткор ўз туғилиб ўсган жойи, Ватани ҳақида меҳр билан, ёниб куйлаши керак! Ватан ҳақидаги қўшиқлар, санъаткор юрагининг энг тўридан отилиб чиқади!
Концерт давомида санъаткор бир неча шогирдларини илк марта катта саҳнада, халққа таништирди!
Булардан Даврон Темиров билан бирга “Лола” қўшиғини биргаликда куйлашди!
Санъаткорнинг ҳамма шогирдларию, залдаги томошабинларгача уларга жўр бўлишди!
Қўшиқ тугагач, томошабинларнинг олқишлари ва қарсаклари анча вақт тинмади!
Сўнг, шогирдларининг илтимосларига кўра, устознинг ўзи ҳам, Бобур ғазали билан “Шайдо қилибсен” қўшиғини сўнг, “Ҳай, майли” ҳамда “Келгин гулим” қўшиқларини ижро қилди.
Ҳасан “бир жойга бориб келишингиз керак” деб, устозни кетишга ундагач, устоз ҳам, “мажлисга боришим керак” деб, “ўқувчиларни” Алишер Файзга “ишониб” топшириб кетди.
Лекин, устоз ҳали кетиб улгурмай, Алишер Файз ҳам, ўзини худди ўқитувчидек тутаётган эди, ҳали кетиб улгурмаган устознинг кўзи тушиб қолди ва Алишер Файз устозидан “мен вақтинча дедим” деган танбеҳни эшитиб олди.
Хуллас, Алишер Файз география ўқитувчисига айланиб, “Тошкентдан Хоразмгача” қўшиғини тақдим этиб бўлгач, “ўқувчиларни” тинчлантириш учун, уларни “Устозлар куни”га тайёргарлик кўришга ундади.
Натижада, яна бир неча шогирдлар ўз қўшиқларини томошабинларга тақдим этишди.
Устоз мажлисдан қайтгач, шогирдларга сабоқ бера туриб, Ҳасан Ва Ҳусанлар билан Шекспир асаридан машҳур бир саҳнани кўрсатиб берилиши ҳам, томошабинларнинг олқишларига сабаб бўлди!
Ўз навбатида санъаткор ҳам, томошабинлардан уларни тўғри тушунишларини сўраб, эътибор учун таъзим қилиб, эътибор ҳам ўз вақтида бўлиши кераклигини айтиб, астойдил миннатдорчилик билдириб ўтди!
Сўнг, Баҳром Назаровни доскага чақирган устоз, ундан уй вазифасини бировдан кўчирган, кўчирмаганлигини сўрашни ҳам “унутмади”!
Санъаткор концерт якунида ўзининг “Гул”, ҳамда “Биламан” қўшиқлари билан бирга янги Атоий ғазали билан “Дилбар” қўшиғини ҳам тақдим этди!
Озодбек Назарбеков концертни якунлар экан, томошабинларга, мухлисларга чексиз миннатдорчиликлар, самимий тилакларини билдириб, уларни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан чин дилдан табриклади!
Концерт якунида барча шогирдлар устоз билан бирга “Устозлар” қўшиғини куйлашди!
“Замин” студияси раҳбари, режиссёр Саъдулла Абдуллаев: - Бу концертдан асосий мақсад, Озодбек Назарбековнинг кўплаб шогирдлари бор! Шогирдларини ҳам, халқ олдида олиб чиқиш, кўрсатиш, ҳисобот бериш, халқ шогирдларининг қўшиқларини қандай қабул қилаётганлиги, буларнинг камчилик ва хатоларини тузатишдан иборат. Биз саҳна кўринишларини мактаб, Назарбековнинг мактаби, деб олдик. Шогирд-устоз рукнида олиб борилди! Санъаткор ҳам, шогирдларига бермоқчи бўлган ўз ўгитларини ҳам бериб ўтди! Ўз навбатида шогирдлар ҳам, устозга бермоқчи бўлган саволларини беришди. Буни кўриб, санъаткорнинг шогирди бўлмаганлар ҳам, “ҳа, устоз ва шогирд шундай бўлиши керак экан” деб ўзларига хулоса чиқаришади. Мақсад, бу ердаги санъатга бўлган ҳурмат, муҳаббат, шуларнинг ҳаммасини кўрсатиб ўтиш ният қилинганди. Қолаверса, саҳнада кўп нарса импровизацияга йўналди. Масалан, ўз навбатида, саҳнада қўшиқ айтаётган инсоннинг ўзини саҳнада тутиши, шу билан бирга, мухлисларнинг қайси ҳолатда ўтириши, мухлисларнинг ножўя вақтда гул бериши, ҳақида айтиб ўтилган бўлса ҳам, мухлислар қўшиқнинг ўртасида саҳнага гул олиб чиқиб беришмоқда. Шундан келиб чиқиб, яна бир нарса туғилди ва маслаҳатлашиб, агарда спектаклда актёр ва актриса роль ўйнашаётган вазиятда гул олиб чиқиб берилса, қандай ҳолат бўлиши мумкинлиги, томошабинга янада тушунарли бўлиши учун кўрсатиб берилди. Мисол учун, Дездемонани Отелло бўғаётган вақтда, мухлислар унга гул олиб чиқиб беришса, Отелло гулларни қайси ҳолатда қабул қилади? “Раҳмат” деб, гулни оладими? Мана шу каби ҳолатлар ҳам кўрсатиб берилди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Сардор Азимовга миннатдорчилик билдирамиз