FATTOHHON.COM
« Все новости
Шахзода: - Мен биринчи марта Озодбек ака Назарбековнинг концертида бўлишим! Тўғрисини айтсам, бу концертдан ҳайратдаман! Концерт менга ниҳоятда манзур бўлди! Жуда ҳам катта таассурот олдим! Озодбек акани авваламбор, камтарлиги ва инсонийлиги учун ҳам жуда ҳурмат қиламан! Уни оддий инсонлар, атрофидаги ёрдамчилари ва ҳамкасблари билан муомаласини ҳам кўрганман, ҳамда самимийлиги, муомала маданиятини ҳам жуда ҳурмат қиламан! Бугун эса, бу инсонни профессионаллиги учун, унга бўлган ҳурматим янада ошди! Ўзим ҳам хонанда бўлганлигим учун, бугун у киши амалга оширган ишни қанчалик қийинлигини ҳис қилдим. У 3 соат давомида жонли ижрода куйлади! Бу шунчаки куйлаш эмас, балки ҳар бир мухлис, тингловчининг юрагига етиб борадиган даражада ижро қилди! Ҳар қандай хонанда ҳам, 3 соат давомида тўлиқ жонли ижрода куйлай олмайди. Масалан, мен ўзим мана шу 3 соатни қандай ўтиб кетганлигини сезмай ҳам қолдим ва шу 3 соат давомида бир дақиқа ҳам чалғиганим йўқ. Саҳнадан кўз узмай концерт кўрдим, дастур жуда ҳам қизиқарли эди. Менга концертдаги режиссёрлик иши, дастур ҳам жуда манзур бўлди. Концерт дастури жуда яхши ўйланган, рақслар чиройли саҳналаштирилган, раққосаларнинг ҳар бир ҳаракати қўшиқ сўзларига мос, ҳаттоки ўша рақслар орқали хонанданинг қўшиқда нима демоқчи бўлганлиги, фикрлари етказиб берилган. Концерт репертуари ҳам жуда бой, менга қўшиқлардан “Онам” қўшиғи жуда ҳам манзур бўлди! Шунингдек, яна инсонларнинг бир-бирига сотқинлиги ҳақидаги “Қанча?” қўшиғи ҳам жуда маъноли! Менга дастурдаги ҳамма қўшиқлар ёқди, чунки уларнинг барчаси дилдан куйланган, уларда юрак бор эди! Буни биргина мен эмас, балки бутун зал, тингловчилар ҳис қилишди! Дастурда ўйлантирадиган чуқур маъноли, дардли қўшиқлар ҳам бор эди, шунингдек жуда шўх, дилдан қувонтирадиган тароналар ҳам. Саҳна декорацияси, умуман саҳна ҳам жуда юқори дид билан тайёрланган. Созандалар ҳам, жуда маҳоратли, 5 ойлаб репетиция қилганликлари билиниб турибди! Шунча кўп созандаларни йиғиш, улар билан репетиция қилиш, яна уларни мана шундай бехато ижро қилдира олиш, бу жуда мураккаб иш! Либослар ҳам дид билан тайёрланган. Концертда ҳамма нарса пухта ўйланган, саҳнадан тортиб, либослар, рақсларгача, ҳаммаси юқори дид билан ташкиллаштирилган.
Улуғбек Раҳматуллаев: - Концерт жуда ҳам ажойиб бўлди! 100 фоиз жонли ижрода! Саҳна декорацияси ҳам жуда ажойиб. Бир нарсани ҳам айтиб ўтмоқчиман, мени концертимда ҳам бошловчи бўлмайди ва мен ҳар доим шу нарса ҳақида ўйлардим. Баъзида, бошловчининг ўзи бошловчилик қилиб концерт ўтказиши нотўғримикан?, дердим. Чунки, баъзилар бошловчи бўлиши керак, ҳам дейишади. Лекин, мен негадир концертларимда ҳеч бошловчи бўлишини тасаввур қила олмайман. Хонанданинг ўзи томошабинлар билан жонли мулоқот қилган ҳолда концерт олиб борса, чиройли бўлади, деб ўйлардим. Бугун шу нарсани Озодбек акамнинг концертида кўриб, ўзим ҳам бу нарса четдан кузатганда ҳам, чиройли чиқишига амин бўлдим! Чунки, концертда Озодбек акамни ўзлари бошловчилик қилиб, томошабинлар билан жонли мулоқотда бўлишлари, ҳазиллари жуда чиройли чиқди! Бундан ташқари, яна бир нарсага аҳамият бердим, концертда янги қўшиқлар ҳам жуда кўп айтилмай, ўша халқ севган, талаб қилган қўшиқларнинг кўплари айтилди! Шу жиҳатлари ҳам менга жуда манзур бўлди! Бундан ташқари, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, концерт дастури 3 соат бўлди! Кузатишимча, бошқа жонли ижродаги концертларнинг кўпчилиги бир соат, бир ярим соат бўлади, узоғи 2 соатга бормайди. Озодбек акам бўлса, 3 соат жонли ижрода куйлаб, чарчамадилар. Яна 3 соат қўшиқ айтишларига кўзим етди. Мен Озодбек акамда ижодда янги нафас, янги клапан очилганлигини ҳис қилдим. Уларни янгидан бир ижод уммонига шўнғиб кетганликларини сездим. Концерт ҳам, ижро ҳам аъло даражада! Мен бу ҳақида Озодбек акамга концертдан сўнг, фикрлашганимизда ҳам ўзларига айтдим. Агар ҳақиқий қалби тоза пок инсон бўлса, бу концертдан хато ва камчилик қидирмайди, деб ўйлайман. Аксинча, фақат самимий олқишлайди. Мен ҳам шундай концерт берай, деб ният қилади. Мен ҳам бугун, мана шундай концерт берай, деб ният қилдим. Бир нарсага ҳам қойил қолдим, мухлислар ҳеч қаерга кетиб қолишмади. Ҳеч ким ўрнидан қимирламади, ҳамма маза қилиб, концерт кўришди! Гап бўлиши мумкин эмас! Мен бу концертда ҳам миллийлик, ҳам европача руҳият, бутун жаҳон стандартларига мос концерт руҳиятини ҳис қилдим. Гўёки, концертда ўтириб, бутун дунёни кезиб чиққандек бўлдим! Шунингдек, Озодбек акамни Бобур ғазалига куйланган қўшиқлари ҳам ажойиб чиқибди ва ҳақиқий янгилик бўлди! Бундан ташқари, “Қанча?” қўшиғи ҳам, жуда ҳам ёқди. Озодбек акамни инсонийлик фазилатлари, саҳнада ҳар бир келган меҳмонга алоҳида эътибор, ҳар бирини алоҳида ҳурмат қилганларига қойил қолдим! Таҳсинга лойиқ! Бугунги шобизнес даражасида энг юқори поғоналарда турганликларига хос ва мос эканликларини бугун яна бир марта исботладилар! Ҳар доим соғ-саломат бўлсинлар! Шунча кун жонли ижродаги концерт! Чиндан ҳам тан бериш керак! Шу инсонга қараб, яхши ният қилиш керак! Мен, бугун бу концертга яна келаман, деган ният билан кетдим. Масалан, мен ўзим ўтган гал концерт дастуримда 3-4 тагина қўшиқни жонли куйлагандим. Озодбек акамни концертларини кўрганимдан сўнг, жонли ижрода яна ҳам кўпроқ куйлашим керак экан, яна ҳам жонли ижродаги қўшиқларимни кўпайтиришим керак экан, деган фикрга келдим. Бу инсондан, у кишининг концертидан катта куч олдим, десам ҳам бўлади.
Cаъдулла Абдуллаев концерт режиссёри: - Бу галги концертда асосан, жонли ижрога урғу берилди! Аввалги йилги концертларга нисбатан, саҳна кўринишлари ҳам бошқача! Жонли ижрода бўлганлиги учун, созандалар ҳам кўп, бир қатор жойлашган. Эътибор берган бўлсангиз, оммавий кўп раққосалар иштирок этадиган рақслар ҳам йўқ. Конпьютер графикасидан яна чиройли фойдаланилди. Саҳнанинг поли ҳам, орқа кўринишлар ҳам ҳаммаси экранлардан иборат. Баъзи бир қўшиқларга мультипликация ҳам қилинган. Ўша мультипликацияда кўринган маликанинг экрандан тушиб келиб, саҳнада пайдо бўлишига ҳам эътибор бердик. Чуқур маъноли қўшиқлар ҳам бор, масалан, “Қанча?” деган қўшиқ, ундаги хонанда томонидан айтилаётган сўзлар ҳам, экранларда ёритишга ҳаракат қилинган ва фалсафий ёндошилган. Бобур ғазалида эса, биз Бобур суратлари, миниатюра асарларидан фойдаланганмиз. Концерт дастуридаги ҳамма қўшиқлар менга ёқди. Эски қўшиқларга ҳам янгича услубда мусиқий кўриниш берилган.
Саида Вахобова
Фотолар учун X Frame media production студияси фотограф Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз