FATTOHHON.COM
« Все новостиМуҳтарам Президентимизнинг 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, бадиий сўз санъати, унинг ривожи йўлида меҳнати сингган ижодкорлар хотирасини ардоқлаш борасида кўрсатилаётган эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси сифатида, миллий адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккурини янада юксалтириш, ёш авлод қалбида миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан катта ҳисса қўшган Ўзбекистон Халқ Шоири Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллиги, юртимиз бўйлаб нишонланмоқда.
25 апрель куни «Туркистон» саройида Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Мазкур кечани Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон Абдумўмин Ўтбосаров ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сухандон, дубляж актрисаси Дилдора Рустамова олиб боришди.
Концерт дастуридан аввал, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов,
“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Ж.Қосимов,
Ўзбекистон халқ артисти А.Рафиқовлар сўзга чиқиб, ўз фикрларини баён қилишди.
Кеча аввалида шунингдек, Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди ҳақида янги ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Ҳужжатли фильмда Муҳаммад Юсуфнинг таълим берган ўқитувчиси, синглиси, яқинлари у ҳақидаги хотиралар ҳақида сўзлаб, шунингдек, у ижод қилган ва фаолият юритган даргоҳлар кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, кеча давомида Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира Саломова юқори даражадаги эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик сўзларини айтиб ўтди.
Концерт дастурида кўплаб хонандалар Муҳаммад Юсуф шеъри билан куйланган қўшиқлардан ижро қилишди.
Концерт дастурини хонанда Шаҳноза Отабоева “Ўзбекистон” қўшиғи билан бошлаб берди.
Сўнг, Ўзбекистон Халқ ҳофизи Ўлмас Саиджонов, Ўзбекистон халқ артистлари Матлуба Дадабоева, хонандалар Элмурод Аҳмедов ва Фурқат Ашуралиев, Зайнаб Худоёрова ва Азизбек Талабоевлар, ўзбек миллий мумтоз қўшиқларидан “Адолат тановари” ва “Зор этдинг”ни куйлашди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева “Айлагач” қўшиғини ижро қилди.
Концертда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вакиллари ҳар доимгидек, ўз ишига ўта масъулият билан ёндошди.
Концерт дастури давомида Ўзбекистон Халқ артистлари Озодбек Назарбеков “Ошиқман” қўшиғи билан,
Зулайҳо Бойхонова “Бир қадам” қўшиғи билан, Гулсанам Мамазоитова “Ватан” қўшиғи билан,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Анвар Ғаниев “Жайрон” қўшиғи билан,
Абдулла Шомағрупов “Мужгонларинг” қўшиғи билан,
Абдурашид Йўлдошев “Қизғалдоқ”,
Самандар Алимов “Мелодрама”,
Ҳосила Раҳимова “Чанқовузим”,
Алишер Файз “Юр, муҳаббат”,
Тўлқин Жабборов хонанда Роҳила Рўзимова билан биргаликда “Ярашибдур”,
“Ниҳол мукофоти” совриндорлари Зиёда “Кўнгил” қўшиғи билан,
Маъсума Болтабоева “Кашмирида” қўшиғи билан,
“Дурдона” гуруҳи “Ватаним” қўшиғи билан иштирок этдилар.
Йиллар ўтар экан, инсонлардан уларнинг яхши ишлари, фарзандлари, ҳамда хотира ва инсоний фазилатлари қолади. Шоир Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташласак, фақат ибратли жиҳатлари кўплигига амин бўламиз, ҳамда, бундай бахт ҳар кимга ҳам берилмаслигини ҳис қиламиз. Чунки, ижодкор ўзининг қисқа умри давомида, жуда кўплаб ишларни амалга оширишга, муҳими халқ қалбидан жой олишга улгура олди. У ўз шеърлари билан ўзига ҳайкал қўя олган, халқнинг эътирофига сазовор бўлган, ўзбек элининг характери, туйғулари ва ҳаётини ўз шеърларида ўзи каби камтарин, содда ва самимий акс эттира олган ижодкор эди...
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - Муҳаммад ака устозимиз Муҳриддин Ҳолиқов билан ҳамкорликда ижод қилган эдилар. Шу сабаб, мен ҳам у киши билан танишганман, хонадонларида кўп бўлганман. Жуда ҳам камтарин инсон эдилар. Ўзларини машҳур инсонлардек тутмасдилар, содда, самимий эдилар! Катта-кичик демасдилар, ҳамма билан яхши муносабатда бўлганлар. Ҳозир ҳаёт бўлганларида 60 ёшда бўлар эканлар. Лекин, шу қисқа ҳаёти давомида, ўзининг ижоди билан халқимизнинг қалбида чуқур из қолдирдилар. Мен ўзим, шоирлар орасида, бунчалик халқ орасига сингиб кетган шоирни билмайман! Чунки, бошқа касб эгалари ҳам, Муҳаммад Юсуфнинг шеърий китобларини сотиб олиб, шеърларини давраларда ўқишади. Эътибор қилсангиз, халқ оғзидаги шеърларнинг кўпи Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари. Шундан ҳам кўриниб турибдики, халқимизнинг юрагига кириб борган, чуқур ўрнашиб олган шоирлардан бири. Мана бугун у кишининг хотирасига бағишлаб, катта кеча ўтказиляпти ва бу кечада иштирок этиш, биз учун ҳам шараф!
Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова: - Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ўқиб, шу шеърлар асосида яратилган қўшиқларни тинглаб, катта бўлганмиз. Уларнинг шеърлари бошқа шоирларникидан халқчиллиги, самимийлиги ва оддийлиги билан ажралиб туради. Айнан, Ватанпарварлик ҳақидаги шеърлари жуда ҳам ёқади. Бугун айнан, Ватанпарварлик тўғрисидаги шеърлари асосида қўшиқ яратганман. Бугун илк маротаба куйлайман! Шу қўшиғим, халққа манзур бўлсин, деган ниятдаман. Муҳаммад Юсуф билан шахсан муомалада бўлмаганман, аммо Фарғонада ўқиб юрган вақтларимда, у кишини яхши инсон, деб эшитганман. Ҳозир оила аъзоларига чин қалбимдан соғлик тилайман!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев: - Бугун севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган хотира кечасида иштирок этяпман. У киши билан ҳаёти давомида кўришиб, ижод қилмаган бўлсак ҳам, лекин, уларнинг шеърий китобларидан фойдаланиб, “Биз бахтли бўламиз, худо ҳоҳласа” деган шеърлари асосида бир қўшиқ тайёрлаганмиз. Уни ҳам мухлислар яхши кутиб олишган, у кишининг ижодидан шу қўшиқни куйлаганимдан хурсанд бўлганман. Бу қўшиқнинг шеъри менга илк марта эшитганимдаёқ ёқиб қолганди. Бугунги тадбирда эса, устозлар маслаҳатига кўра, устозимиз Муҳриддин Холиқовни ҳам эслаб ўтган ҳолда, Муҳаммад Юсуф шеъри асосида, лекин бир пайтлар Муҳриддин Ҳолиқов ижро қилган “Қизғалдоғим” қўшиғини ижро қиляпман. Бу инсонлар қисқа ҳаётлари давомида жуда ҳам катта ижод қилиб кетишган. Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ўқиганимда, уларда ҳар қандай инсонга тушунарли бўлган сўз танлаш маҳорати ҳам мени қойил қолдиради. Бу шеърларни куйга солиб куйланганида, юракни ларзага солади. Шоирнинг охирати обод бўлсин!
“Ниҳол” мукофоти совриндори Зиёда: - Муҳаммад Юсуфнинг ижоди ҳақида гапирадиган бўлсам, таърифга тил ожиз! Чунки, ҳаётий шеърлар ёзганлар. Уларни жуда кўплаб шеърлари манзур бўлган, кўп ўқиганман. Қани эди, шу инсон ҳаёт бўлганида албатта, бирга ижодий ҳамкорликни таклиф қилган бўлардим, тўғриси! Бугун уларнинг хотира кечасида иштирок этяпмиз. Кеча жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтмоқда. Кўплаб болалигимдан таниш бўлган қўшиқлар янграмоқда, уларнинг барчасини матни, Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб.
Муҳаммад Юсуф ҳақида:
Муҳаммад Юсуф Андижон вилоятининг Марҳамат туманида 1954 йил 26 апрелда туғилган. 2001 йил 31 июлда вафот этган.
Шоир ўрта мактабни тугатгач, Республика Рус тили ва адабиёти институтида таҳсил олган. Унинг дастлабки шеърлари 1976 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган. Сўнг, 1978-80 йилларда, Китобсевар Республика Жамиятида, 1980-86 йилларда эса, “Тошкент оқшоми” газетасида, сўнг, 1992 йилгача Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, 1995 йилгача эса, “Ўзбекистон овози” газетасида, Ўзбекистон Ахборот агентлигида ишлаган. 1995-1996 йил Давлат ва Жамият қурилиш академиясида ўқиб, 1997 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаган. 1998 йилдан буён Ўзбекистон Халқ шоири. Кўплаб шеърлари тўплам сифатида босиб чиқарилган. Жумладан, илк тўплами “Таниш тераклар” 1985 йилда босилиб чиққан. Шунингдек, 1987 йилда “Булбулга бир гапим бор”, 1988 йилда “Илтижо”, 1989 йилда “Уйқудаги қиз”,“Ҳалима энамнинг аллалари”, 1990 йилда “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, 1991 йилда “Бевафо кўп экан”, 1992 йилда “Эрка кийик”, шунингдек, “Осмонимга олиб кетаман”, “Кумуш”, “Юр, муҳаббат кетдик бу ердан”ва бошқалар...
Афсуски, бевақт ўлим, шоирни айни ижоди гуллаган вақтда ҳаётдан олиб кетди... Шоирнинг охирати обод бўлсин!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар X Frame media production студияси Асқар Носиров