FATTOHHON.COM
« Все новости
«Ниҳол» мукофоти совриндори Дилсўз (Гўзал Жуманиёзова) учун бу йил ўзгаришлар йили бўлди. Хонанда бу йил турмушга чиқди, ҳозирда ҳомиладор, она бўлишга тараддуд кўрмоқда. Лекин, шу билан бирга ижодни ҳам тўхтатиб қўйгани йўқ! Дилсўз бугун “Диллашув” саҳифаси меҳмони.
- Бошида янги хонадонга кўникиш қандай кечди? Барибир келинлик юмушлари дегандай...
- (Самимий кулиб) Янги хонадонга тез ўрганиб кетдим. Чунки, турмуш ўртоғимнинг оиласи билан олдиндан борди-келдимиз бор эди. Қайнота-қайнонам, қайнопамлар ҳам таниш, бу оилани билардим, шунинг учун ҳам, янги хонадонга ўрганиш менга қийинчилик туғдирмади. Турмуш ўртоғим Фаррух акам билан 7 йилдан буён гаплашиб, синаб дегандек, бир-биримизга кўнгил қўйиб, турмуш қурдик! (кулади) Бу сирни энди очяпман!
-Таниқли бўла туриб, муносабатларни 7 йил давомида оммадан сир сақлашнинг ўзи бўлмайди! Муҳаббат тарихингиз қандай бошланган? Қандай танишгансизлар?
- Турмуш ўртоғим билан биз ўзи бир шаҳардан, яъни Навоийданмиз! Бир шаҳарда, битта туғруқхонада туғилган эканмиз! Орамизда 10 кун фарқ бор, холос! (кулади) Оналаримиз бирга ишлаб, дугона бўлишган экан! Қайнонамлар, ўшанда туғруқхонада, менинг онамларга “сен қиз туғдинг, мен ўғил кўрдим, қизингни ўзим келин қиламан” деган эканлар! Ўша гапга фаришталар “омийн” дейишган экан! Орадан йиллар ўтиб, биз коллежда ўқиётган вақтимизда яқинроқ танишиб қолганмиз. Аввал, бир-биримиз билан яқин таниш эмасдик! Коллежда бошқа-бошқа курсларда ўқирдик, ўқиш ва коллеждаги тадбирлар юзасидан гаплашиб, телефонлашиб турардик. Коллежда ўқиётганимизда турмуш ўртоғим Фаррух ака мени севиб қолганларидан сўнг, оналарига, нияти жиддийлигини айтганда, улар ҳам ҳайрон қолиб, “сизлар туғилганингиздаёқ мен бу қизни келин қиламан, деб айтганман-ку” деган эканлар. 18 ёшдан бошлаб бизнинг муносабатларимиз жиддийлашган. Бунга Наврўз байрами сабаб бўлган! Ўшанда Наврўз байрами тадбирларига бирга қатнашганмиз. Шу тарзда муносабатларимиз жиддийлашган, шундан бошлаб, ўз-ўзидан негадир “сиз”лаб мурожаат қиладиган бўлдим. Коллежни битираётганимизда, Фаррух акам севги изҳор қилганлар. “Сени севаман, уйланмоқчиман” деганлар. (кулади) Коллежни тугатганимиздан сўнг, Фаррух акам Тошкентга ўқишга топширадиган бўлдилар, мен эса, Навоийдаги ўқишга топширадиган бўлдим. Узоқлашиш, бизни аксинча яқинлаштирди! Кам кўриша бошладик, аммо кўнгиллар яқин эди! У киши мен Навоийда қолаётганлигим учун ҳам, мендан айрилиб қолишдан бироз қўрққанлар ҳам.
- Шу инсон сиз кутган, тақдирингизга ёзилган инсон эканлигига қандай ва қачон амин бўлдингиз?
- (Ўйланиб) Ўйлаб қарасам, кўп нарса ўз-ўзидан мос ва тўғри келган. Характерларимиз, бир-биримизни тушуниб кетишимиз, қолаверса, оилавий тўғри келганимиз, ҳар тарафлама мос эдик. Йиллар давомида бу менинг тақдиримдаги, мен кутган, мени бахтли қила оладиган, мени севадиган инсонлигига амин бўлдим!
- Турмуш қуриш, тўй ҳақидаги жиддий таклиф қачон бўлган?
- Бошидан, илк севги изҳориданоқ муносабатларимиз жиддий бўлган. Баъзиларга ўхшаб, шунчаки қиз-йигит бўлиб, гаплашмаганмиз. Бошидан уйланмоқчилигини айтганлар, тўй ҳақида орзу бўлган. Иккимиз ҳам, “худо ҳоҳласа санъат йўлидан борамиз, санъаткор бўламиз, кейин тўйимиз бўлади, оила қурамиз” деб ният қилганмиз! Иккимизни ҳам ниятларимиз бир хил бўлган! Шукур, яхши ниятларимиз амалга ошди, тўйимиз ҳам бўлди, бахтли яшаяпмиз! (кулади) Вақти-соати бу йил экан. Мени хонандалик борасида шартномам бўйича, бу йил, охирги йил эди! Ундан аввал турмушга чиқиш, албатта ноқулай бўларди, чунки оила, фарзанд кутиш дегандек. Шунга ҳали ёшмиз, ишлаб, сал кўриниб, ижод қилиб, кейин оила қурамиз, деганмиз. Шартнома тўлиқ тугашини кутсам эса, яна вақт ўтарди, шартноманинг тугаш йилида оила қурсам, шартнома тугаганда фарзандли ҳам бўлиб оламиз, ижод ҳам давом этаверади, деб режалаштиргандик. Қолаверса, ўқишимиз ҳам бор, ўқиш билан ҳам санъатни, ҳам оилани баравар олиб бориш, вақт, ҳаммасига улгуриш масаласида, жуда қийинчилик туғдириши мумкин эди.
- Оилаларингиз таниш экан, турмуш ўртоғингиз қайнонангизга сизга уйланишини айтгач, оилалар ўртасидаги муносабатлар, қайнонангизни муносабатлари қандай бўлган? Биринчи совчиликка келишлари қандай бўлди?
- Оилаларимиз янада яқинлашишни бошлади! Ҳар байрамда келди-кетди бўларди! Биринчи совчилик анча олдин, институтда биринчи курсда ўқиётганимда бўлганди! Ўшанда бизни унаштиришган!
- Демак, унаштирилганингизни шунча вақт сир сақладингиз?
- Ҳа! (кулади) Вақти-соати етгунча оммага ошкор қилишни истамадик! Ўшанда унаштириб, нон синдиришган! “Белгили” қилиб қўйишган. Ўзи биринчи совчилик куни мен, жуда уялганман, чунки улар жуда кўпчилик бўлиб келишган, холалари, катта бувиларигача келишган эди, шунга жуда уялиб, мен ҳам бувимникига кетиб қолганман! (кулади) Ёш бўлганман, ахир, хижолат бўларкан одам...
- Қайнонангизнинг сизга муносабатлари?
- (меҳр билан) Қайнонамларни характерлари жуда зўр! Қайнона эмас, ҳақиқий онамлардек! Келин эмас, қизларидай кўрадилар! Аввал, оилавий борди-келди қилган вақтларимиз қандай яхши муносабатда бўлсалар, ҳозир ҳам шундай! “Битта қизим, иккита бўлди” дейдилар. Қайнонам ҳам, Қайнотам ҳам, доим “қизим” дейишади, “келин” деган сўзни эшитмадим ҳам, унақа чақиришмайди ҳам, худди ўз фарзандидай қабул қилишган!
- Қайнонангизнинг касбингизга муносабатлари қандай бўлди?
- Қайнонамлар Руқия ойижоним ўзлари санъатни жуда яхши кўрадилар! Турмушга чиқаётганимда ҳам санъатни давом эттиришимни билганлар ва жуда яхши муносабат билдирганлар. “Бегим” қўшиғимни жуда яхши кўрадилар, қўл телефонини чақириш қўнғироғига қўйиб олганлар!
- Биринчи марта оқ кўйлак кийганда нимани ҳис қилдингиз?
- Оқ либос кийиш ҳар бир қизнинг орзуси! Шу орзуга етганлигим, ҳис-ҳаяжон, покликдан иборат қандайдир ўзгача ҳиссиётни сездим! Бир сўз билан айтганда бахтли онлар...
- Тўй либосингизни қайси жиҳатига қараб танладингиз?
- Тўй либосини администраторим Ўткир аканинг рафиқаси, ҳамда бир дугонам билан бирга бир кунда танладик. Кун давомида 2-3 ўзим ёқтирган энг яхши либослар салонларига кириб чиқдик. Балки инжиқ бўлмаганимгами, кўнглимдагидек кўйлакни бир кунда топдим! Аввалига кўриниши ёққани, кийганда ёқмади, баъзи ёққанларини бўлса, ўлчами тўғри келмади. Кейин кутилмаганда бир салонга кирганимда, шу тўй куни кийган либосим кийиб кўрганимдаёқ лойиқ келди ва кўзгуга қараганимда юрагим “жиз” этди, ўзимни маликалардек ҳис қилдим! (самимий кулади) Чунки кийиб кўриш жараёнининг ўзидаёқ мени маликалардек қилиб, безантиришди. Ўша вақтда хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди. Тўй либоси танлашда иложи борича бежирим ва нафис бўлишига аҳамият бердим. Жуда ҳам кўзга ташланишмаслиги ва шу билан бирга, жуда ҳам одми бўлмаслиги керак эди! Шунингдек, жуда очиқ ҳам бўлмаслиги керак эди!
- Турмушга чиққандан сўнг, кийинишингиз қанчалик ўзгарди?
- Йўқ, турмушга чиққанимдан сўнг, кийиниш борасида ҳеч қандай таъқиқлашлар бўлгани йўқ, аввал қандай кийинсам, ҳозир ҳам шундай кийинаман! Ўзи олдин ҳам очиқ кийинмаганман, очиқ кийинишни ёшлигимдан ёқтирмайман.
- Тўйдан сўнг, тез орада ҳомиладор бўлганлигингиз, яна тўй кунидан “фотошоп” қилиб тарқалган суратлар гап-сўзларга сабаб бўлди...
- Энди, (кулиб) турмушга чиққач, ҳомиладор бўлиш табиий ҳолат, менда бирдан, тез бўлди. Ниятимиз холис экан, ўзи тўйдан кейин бирданига ҳомиладор бўлиб, тезроқ фарзанд кўришни орзу қилгандим. Чунки, ёшим 25 да, айни фарзандли бўладиган ёшдаман. Энди, Худонинг бериши, шукур! Тарқалган суратларга келсак, кимлардир суратларимни “фотошоп” қилиб чиқишди, ўзим ҳам инстаграмда кўрдим. Энди, нима дейман, санъаткорлар, хонандалар ҳақида гап-cўзлар доим бўлган, бўлади. Битта мен қолиб кетган эканман! (кулади) Шу қиз ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти, шу қиз ҳам қолиб кетмасин, дейишган бўлишса керак.
- Ҳомиладорлигингизни билганингизда нимани ҳис қилдингиз?
- О... жуда ҳам хурсанд бўлдим! Ҳақиқий бахт! Болаларни жуда ҳам яхши кўраман. Ҳар бир турмушга чиққан қизнинг орзуси, она бўлиш! Дугоналаримнинг ҳаммалари турмушга чиқиб, 2-3 фарзандли бўлишган. Уларни кўриб, болаларига ҳавас қилардим, мен ҳам оила қурганимда, шундай фарзандларим бўлса, деб орзу қилардим. Аввалига кўнглим беҳузур бўлганида, шунчаки ёқмаган овқат еган бўлсам керак, дегандим. Кейин бу ҳолат қайтарилавергач, текширтириб, ҳомиладорлигимни билганимда, қувончдан бошим осмонга етди! Биринчи бўлиб, турмуш ўртоғимга айтганимда, “ота бўламан” деб, ўзларида йўқ хурсанд бўлиб кетдилар! (кулади)
-Ҳомиладор ҳолатда, тўй хизматларига бориш қийинчилик туғдирмадими?
-Йўқ, ҳомиладорлик енгил кечяпти. Ҳозирча қийналмаяпман, ҳаммаси яхши. (кулади)
- Уйда келинлик вазифаларини қанчалик уддалаяпсиз?
- 25 ёшга кирган қизнинг қўлидан ҳамма нарса келиши керак! Ўзи азалдан уй ишларига уқувим яхши! Лекин, касбим юзасидан сал камроқ хизмат қилаяпман. Сабаби, қайнона-қайнотам Навоийда яшашади! Биз эса, Тошкентдамиз! Шунинг учун, тўйдан сўнг, бироз вақт бориб, хизматларида бўлдим. Кейин эса, рўза вақтида уларникида бўлдик! Ўзи уларнинг ёнида бўлсам, яхши бўларди! Кетганимиздан сўнг, қўнғироқ қилиб ўзлари ҳам буни айтдилар, “биз билан яшаганингда яхши эди, сенга жуда ўрганиб қолдик” дедилар. Лекин, энди иложи йўқ, ижодимиз Тошкентда! Лекин, кейинчалик ҳаммамиз бирга яшаш ниятимиз бор! Ҳозирча бирга яшашни ўзлари ҳам ҳоҳлашмаяпти, “ҳали бақувватмиз, ҳамма нарсага улгурамиз, сизлар ижодингизни қилинглар, ҳозир сизларга халақит бермайлик. Эртага фарзандли бўлганингизда ёрдамлашамиз” дедилар. Лекин, кейинчалик барибир бирга яшасак керак, чунки турмуш ўртоғим уйда кенжа фарзанд!
- Қайнонангизга хизмат қилганда, қайси ишни қила олмадингиз? Тан олиб айта оласизми?
- Менимча, мен қила олмаган иш бўлмади! Қайнонамлар ҳам, ундай ҳамма ишдан камчилик қидирадиган аёл эмаслар!
- Тошкентда, Навоийда ҳам, келин бўлгач, чиқиб кўча эшик олдини супуришингиз қандай бўлди?
- О... Тошкентда ҳам, Навоийда ҳам қўшнилар чиқиб қарашлари, бу одатий ҳол. (кулади) Уйдан чиқиб кетишимгача, қаерга кетишимгача кузатиб туришади. Нима кийиб чиқди, қандай кийинди, қизиқишади! Яхши сўрашишади, ҳурмат қилишади, санъаткор бўлганим учунми бошқа келинларга қараганда менга эътибор кучлироқ! Тошкентдаги уйимизда ҳам, ҳамма уй юмушларини ўзим қиламан, кўча эшик олдини супурганимда, қараб кузатиб туришлар бор. (кулади) Ҳаттоки, қўшнилар бир-бирларидан “уйда овқат қиладими? Иш қиладими? Ахир санъаткор-ку, уйда иш қилишни биладими?” деб ҳам сўрашар экан! (кулади) Ахир Санъаткор ҳам инсон-ку, уйда иш қилиши табиий.
- Ошхонада қандай бекасиз?
- Яхши бекаман! Турмуш ўртоғимга ҳамма пиширган таомларим ёқади. Ўзлари ҳам овқат танламайдилар, овқат борасида инжиқ эмаслар. Аммо, суюқ овқатларни унчалик ёқтирмайдилар.
- Турмуш ўртоғингиз ва сиз ҳам хонандасизлар. Оилада Рашк? Кимда кучли?
- Ҳозир иккаламизда ҳам нормал! (кулади) Бошида уларда жуда кучли эди! Энди шоу бизнесга кирган вақтларимда, улар жуда рашкчи эдилар! Шунақа рашк бўлардики! Ўша пайтларда рашкдан жуда ҳам қийналганман! Кейин-кейин, атрофимдаги ижодкорларни кўриб, билиб, ҳамма менга яхши кўз билан синглисидек муомалада бўлишини билиб, 100 фоиз ишондилар! Ҳозир қаерга борадиган бўлсам, уларга айтаман, тушунадилар. Лекин, ўша пайтларда, менга осон бўлмаган! Чунки, ўринсиз рашк, ижодкорга халақит беради, ҳаттоки қўшиқ айтгим келмай қолган вақтлар ҳам бўлган. Кейинчалик тушунгач, менга қанчалик қийин бўлганини билдилар.
- Турмуш ўртоғингиз ҳам хонанда. Сиз уларнинг атрофидаги қизларга қандай қарайсиз?
- Энди тўғри тушуниш керак! Эркак хонанданинг клипига қиз тушади, эркак тушмайди-ку! (кулади)
- Турмуш ўртоғингиздан кўра, таниқлисиз! Улар бунга қандай қарайдилар?
- Бу нарсани ўзлари ҳам тан оладилар. Улар ижодга мендан бир неча ой ўтиб, кириб келганлар. Улар билан менинг атрофимдаги санъаткорларнинг давраси бошқа. Энди, ҳозир ўзлари ҳам ҳаракат қиляптилар. Яккахон бўлиб, миллий йўналишда ижод қиляптилар. Ўзи ниятлари ҳам бошидан шу эди. Ўзларини алоҳида ижод йўлини бошладилар.
- Ижод борасида, қўшиқлар борасида маслаҳатлашасизларми?
- Албатта! Кўп маслаҳатлашамиз! Деярли гаплашадиган мавзуларимизнинг кўпи санъат борасида! Чунки, бир соҳадамиз! Кўпинча фикрларимиз ҳам бир жойдан чиқади.
- Ёш оиласизлар, баҳслашасизларми? Аразлашиб қолинса, ким биринчи бўлиб гапиради?
- Баҳслашиш бўлиб туради. Фақат бир марта аразлашганмиз, (кулади) биринчи бўлиб мен гапириб кетганман. Чунки, эркак киши ғурурли бўлади, барибир биринчи бўлиб гапириб кетмайди, менимча. Сиз ҳам гапирмай, аразлаб юравермайсизу... Барибир оилада Эркак кишининг гапи биринчи ўринда туриши керак! Асосий, ҳал қилувчи гапни эркак киши гапиради!
- Танқидга қандай қарайсизлар? Масалан, улар сизни, ёки сиз уларни танқид қилсангиз?
- Агар мен танқид қилсам, уларни жаҳллари чиқиб кетади! (кулади) (меҳр билан)“Менга ўргатма! Ундай қилма!” дейдилар. Кейин улар ҳам менга танқид қилиб гапирсалар, мен ҳам, “эээ, йўқ” дейман! (кулади) Ташқи кўриниш борасида танқид қилмайман, чунки кийинишда дидлари яхши! Кийиниш борасида, бирга кийим танламаймиз, улар ўзларига оладилар, мен ўзимга оламан. Улар менга бирор кийимни “кийманг” десалар, киймайман! Лекин, мен уларни олдин соч фасони борасида, танқид қилардим. “Сочингизни тепага кўтарманг” дердим. (кулади) Ҳозир соч фасонини ўзгартирганлар, ўзгартириб, танқиддан қутилдилар. (кулади) Ўзи ўша соч фасони ҳам ярашарди, аммо менга ёқмасди. Энди вақт ўтиб, жиддийлашдиларми, шунга соч фасонини ўзгартирдилар.
- Турмуш қургач, қарашларингиз қанчалик ўзгарди?
-Турмуш қургач, ҳаётга бўлган қарашларим жиддийлашди. Оилага масъулият биринчи ўринга чиқди! Қаерга хизматга борсам ҳам, оиламнинг шаъни зиммамда эканлиги ёдимда туради!
- Тўйдан сўнг, хонанда сифатида тўйларга чиқишингизга янги оила аъзоларингизнинг муносабатлари?
- Бу борада олдиндан келишиб олганмиз! Битта соҳадамиз, тушунадилар. “Тўйга чиқишимга қаршилик қилмайсизми?” деганимда, рухсат бердилар. Фақат, “узоқроқ жойларга сал камроқ тўй олинглар” дедилар. Лекин, ўзлари атрофимдагиларни ишончли инсонлар эканлигини яхши биладилар. Ижод бошлаганимда, атрофимда фақат яхши, ишончли инсонларни учратганига, доим шукур дейман! Қайнонамлар ҳам мени тўғри тушунадилар, бу мени ишим эканлигини биладилар!
- Сизнинг фикрингизча оила мустаҳкамлигининг сири нимада?
- Оила мустаҳкамлигининг сири кўп нарсага боғлиқ! Биринчи ўринда, бир-бирини тушуниб билишда, ишончда ва муҳаббатда, деб ўйлайман! Аёл киши барибир бир поғона пастда туради, деган гап ҳам бор. Бу ёмон гап эмас, барибир аёл киши, эрининг гапига кириб, “хўп” деб, ҳурматини жойига қўйиб, оилани сақлаб туриши керак. Чунки, ҳаммаси аёлнинг қўлида, деб ўйлайман. Агар баланд келмоқчи бўлиб, тинмай гап қайтарса, у оила, оила бўлмайди!
- Турмуш ўртоғингиздаги айнан қайси жиҳатлар сизни ўзига қаратган? Сиздаги қайси жиҳатларга уларга маъқул бўлган?
- Шўх, самимий, у киши билан гаплашиб ўтирсангиз, зерикмайсиз. Мен ўзим жиддий бўлганлиги учун, агар иккаламиз ҳам жиддий бўлганимизда, зерикиб ўтирган бўлардик. Жуда ҳам оқкўнгил инсон, фильм кўрсалар ҳам таъсирланиб кўзга ёш олишлари мумкин. Мен тўғримда эса, улардан сўраш керак! Ўзлари биринчи ўринда, оддийлигингни яхши кўраман, дейдилар.
- Қайси қўшиғингиз уларга ёқади? Қўшиқларингиз ичида уларга аталгани ҳам борми?
- Йўқ, уларга аталган қўшиғим йўқ, ҳозирча! Лекин, куйлаш ниятим бор! Биргаликда дуэт куйлаш ниятимиз ҳам бор! Улар ҳам менга бағишлаб қўшиқ куйламоқчилар! Турмуш ўртоғимга миллий руҳдаги қўшиқларим кўпроқ ёқади! Қўшиқларимдан айниқса, Озодбек ака Назарбеков билан куйлаган дуэтимиз “Ака-сингил”, ҳамда ўзимни “Отажон” қўшиғим ёқади.
- Ҳаётдаги энг катта ютуғим нимада деб ўйлайсиз?
- (ўйлаб) Орзуйимга эришиб санъат йўлида ижод қиляпман, танилдим, қўшиқларим тингловчиларга манзур бўлмоқда! “Ниҳол” Давлат мукофоти эгаси бўлдим! Севган инсонимга турмушга чиқдим, фарзанд кутяпмиз! Буларнинг ҳаммаси мен учун жуда катта ютуқ, жуда катта бахт! Кўз тегмасин!
- Тўйдан сўнг, турмуш ўртоғингиз билан бир-бирингизга талаблар қўйдингизларми?
- Мен тўйга чиқишга рухсат олдим, тушундилар. Лекин, у киши қўйган талаб, кечаси юрмаслик бўлди! Яъни, кечаси овоз ёзишга студия олмайман! Ҳамма қўшиқларни кундузи ёзаман! Ўзи аввал ҳам шундай эди! Яъни, турмуш қурмай туриб, севги изҳор қилиб, турмуш қурамиз, деб гаплаша бошлаган вақтимиздан талаблари шу бўлган! Лекин, тадбирлар билан бирдан кутилмаганда чақириб қолишлари мумкин, шундай пайтда бирга боришга ҳаракат қилардилар, бора олмасалар, телефон қилиб турардилар. Ҳозир эса, бирга боришлари мумкин.
- Турмушга чиқаётганда онангизнинг қилган насиҳатларидан қай бири қулоғингизда қолди?
- Онамларни ҳар битта гаплари қулоғимда! Биринчи навбатда, “уйга гап ташима”, деганлар. Бу гапни айтмасалар ҳам, атрофдагилардан кузатиб, биламан! Уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаслик керак! Онага ҳам ҳамма гапни айтавермаслик керак, айтадиган гап бор, айтилмайдиган гап бор! Онангизга ҳар бир гапни, ҳар бир кичик уришганни ҳам келиб айтаверсангиз, барибир она, сиқилади, асаби бузилади, шуни ўйлаб, хафа бўлади. Натижада, эрингизни онангизга ёмон кўрсатиб қўйишингиз мумкин! Оилада эса, эру хотин уриши, дока рўмолнинг қуриши! Эру хотин ярашиб кетаверади, онанинг кўнглида эса, ғашлик қолади! Шунинг учун ҳам, фақат онани хурсанд қиладиган яхши гапларни айтиш керак!
- Фарзанд кутяпсиз, онангиз сизнинг тарбиянгизда қўллаган қайси усулларни ўз фарзандингизга қўлламоқчисиз?
- Биринчи навбатда, эркалатиб юбормаслик керак! Мен битта қиз бўлганимга, онамлар мени бекаму кўст вояга етказганлар, лекин шунда ҳам биттагина қизим, деб эркалатиб юбормаганлар! Мен ҳам эркаланиб кетмаганман! Ўзим ҳам болалардаги ортиқча эркаликни ёқтирмайман! Яъни, тарбиясиз эркаликни назарда тутяпман! Масалан, боласини кўнглига қараб, оғзидан чиққанини олиб беради, одобсизлик қилса, оғзидан ёмон сўз чиқса, шўхликка, эркаликка йўйишади. Менимча, фарзандга яхши тарбия бериш керак! Масалан, меҳмонда ўзини қандай тутиш, кўчада, уйда қандай одоб, ҳаммасини ўргатиш керак! Бошқаларнинг фарзандларини кузатаман, ҳар тарафлама эътибор бераман. Мақсадим, Худо ҳоҳласа, бўлажак фарзандимга бошидан тўғри тарбия бериш! Менимча, болага она қорнидан тўғри тарбия бериш керак, деб ўйлайман. Бола она қорнидалигидаёқ, у билан гаплашиб, тўғри тарбия бериш керак.
- Қўшиқларингиз ичида ўзингиз тан олиб айта оладиган плагиат борми? Плагиатга муносабатингиз?
- Бор, “Юрагим йиғлар” қўшиғим турк қўшиғидан олинган. Зийнат деган хонанда куйлаган. У қўшиқ бизга, Сардор ака Раҳимхонга ва менга жуда ҳам ёққан! Шу қўшиқни яхши кўриб қолганим учун куйлаганман, рейтинг учун эмас! Лекин, қўшиқ кўпчиликка ёқди! Муносабатим эса, агар кимдир яхши кўриб, ҳавас қилиб айтса, “фалончининг қўшиғини айтяпман” деб очиқ айтиши керак! Лекин, тан олмайдиганлар ҳам бор, мен бунга албатта қаршиман. Агар ўша қўшиқнинг муаллифи ҳаёт бўлса, иложи борича розилигини олган яхши. Лекин, агар муаллиф ҳаёт бўлмаса, ёки бошқа шаҳарда яшаса, розилигини олишнинг имкони бўлмаса, муаллифни барибир келтириб ўтиш керак. Ўзим Зийнатни Туркияда яшагани учун ҳам, манзили ва телефонини билмайман. Агар топиш имкони бўлса, ҳеч иккиланмай, қўшиғини яхши кўришимни тушунтириб, розилигини олган бўлардим!
-Дуэт куйламоқчи бўлсангиз, биринчи навбатда қайси жиҳатига эътибор бериб танлайсиз?
- Биринчи ўринда дуэтдошнинг овоз имконияти ва овозни бир-бирига тушишига эътибор қиламан. Агар бир-бирига овоз тушмаса, дуэт яхши чиқмайди. Хонандалардан дуэт айтиш таклифлари кўп бўлади, биринчи навбатда овозларимизни мос тушишига қарайман.
- Дуэтларингиздан ўзингизга энг маъқул бўлгани?
- Энг ёққан дуэтим Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек ака Назарбеков билан “Ака-сингил” дуэтимиз! Кейин эса, устозим Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон билан куйлаган дуэтимиз ҳам ёқди!
- Қайси жиҳатдан маъқул бўлди, бу дуэтлар? Овоз мос тушганлиги учунми, ёки уларнинг рейтинг даражаси юқорилигими?
- Озодбек акага таклиф биздан бўлганди! У пайтда рейтингни ўйламаганмиз, лекин барибир шундай санъаткор билан дуэт айтгач, танилиш мумкин эди! Менга биринчи навбатда мавзунинг ўзи ёққанди! Ака-сингил мавзуси, ҳеч ким куйламаган мавзу бўлган. Ғоя Сардор ака Раҳимхондан чиққанди. Озодбек акага ҳам мавзу маъқул бўлган. Чунки, севги-муҳаббат мавзусида дуэт куйлаш тўғри келмасди, бошқаларни такрорлаш бўларди! Бошқа деярли ҳамма мавзуларда айтиб бўлинганди! “Ака-сингил”нинг ғоясини биринчи марта Иқбол Муҳаммаджонов тайёрлаганларида, эшитиб йиғлаганман! Мавзунинг яқинлигими, таъсирлилигими, билмадим, роса йиғлаганман. Бу энг яхши кўрган дуэтларимдан, клипини ҳам яхши кўраман. Устозим Сардор Раҳимхон билан куйлаган дуэтимиз ҳам, мухлисларга ёқди. Бошида бирга дуэт куйламай, шунча йилдан сўнг куйлаганимизнинг сабаби, “шогирдини ўзининг рейтинги билан кўтармоқчи” демасликлари учун, Сардор ака ҳам, “ўзини кучи билан кўтарилсин, вақти келганда айтамиз” деган гаплари бўлганди. Шунинг учун ҳам, бошида мен билан дуэт куйлашни ҳоҳламаганлар. Дилсўз бўлиб, ўз ижоди билан танилсин, деганлар. Масалан, Озодбек Назарбеков билан куйлаган дуэтимиз ҳам, ўзимнинг “Бегим” қўшиғим оммалашганидан сўнг чиққан. Ўзингиз меҳнат қилиб, ўзингизни кўрсатгандан кейин дуэт куйласангиз бошқа гап.
- Айни вақтда ижодингизга нима етишмаётгандек?
- Менимча, янги клиплар суратга олдирмаётганлигим бўлса керак. Ҳар ой янги клип чиқара олмайман. Энди камчиликлар бўлса, аста-секин тўғрилаяпман. Яна нима етишмаётганлигини мухлислар айтишсин.
- Тақдирга ишонасизми?
- Албатта! Тақдир бор нарса! Турмуш ўртоғим билан битта туғруқхонада туғилганимиз, вақт ўтиб, учрашиб, бир-биримизга кўнгил қўйиб, оила қурганимиз ҳам, Тошкентга келиб ижод қилганимиз, орзуларимизга эришганимиз ва эришиб келаётганлигимиз, бахтимиз ҳам, бу тақдир!
- Хонанда ва актрисалардан сирдош дугонангиз борми?
- Зиёда, Малика Эгамбердиева, Юлдуз опа Турдиева дугона ҳам эмас, ҳақиқий опамлардек! Яна, Умидахон, актрисалар Асал Шодиева, Севара Солиевалар билан яқинмиз.
- Эндиликда бироз бўш вақтингиз пайдо бўлгани табиий. Бундан унумли фойдаланиб, ҳозирда қандай китоблар ўқияпсиз?
- Албатта, она ва болалар ҳақидаги китобларни! Бундан ташқари, кўпроқ шеърий китобларни ўқишни ёқтираман. Айниқса, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини кўпроқ ўқийман.
- Ижодига унча кўп бўлмай концерт бераётганлар ҳам бор. Сизга эса, ижод бошлаганингизга бу йил 6 йил тўлади. Яккахон концерт дастури ҳақида ўйлаб кўрдингизми?
- Концерт бериш ниятим бор! Бу борада таклифлар ҳам кўп бўляпти! Талаблар борлигидан хурсандман. “Қачон концерт қўясиз?” деб, савол берганлар ҳам кўп! Энди Худо ҳоҳласа, фарзандли бўлгач, кейинги йилга концерт бериш ниятим бор! Чунки, концерт қўйиш жуда ҳам масъулиятли! Куч йиғиб, эсда қоладиган концерт беришни ҳоҳлайман!
- Концерт берсангиз, тўлиқ жонли ижрода бўлиши мумкинми?
- Бўлиши мумкин! Ҳаммаси тайёргарликка, шароитга боғлиқ! Энди биринчи концертни тўлиқ жонли ижрода бериш қийин, чунки ҳаяжон жуда кучли бўлади. 100 фоиз жонли ижро бўлмаса ҳам, барибир орасида жонли ижрода қўшиқлар бўлади. Эсда қоладиган концерт бўлишини истаганим учун, вақт керак, деб ўйлайман.
Саида Вахобова
"Тасвир" газетасида чоп этилган