FATTOHHON.COM
« Все новости6 май куни “Алишер Навоий” номидаги Миллий кутубхонада Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков билан ижодий учрашув ва мазкур учрашув доирасида, “Озодбек куйлаганда” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Бу китобдан Озодбек Назарбеков томонидан 20 йил давомида куйланган кўплаб қўшиқларнинг шеърлари ўрин олган. Улар ичида матн муаллифи санъаткорнинг ўзи бўлган қўшиқлар ҳам бор.

Ижодий учрашув давомида Озодбек Назарбеков йиғилганларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтариб, шунингдек жонли ижрода бир қатор қўшиқлар ҳам тақдим қилди.
Йиғилганлар томонидан саволлар, жумладан қуйидагилардан иборат бўлди:
- Бошида “Ширин” қўшиғингиз билан ижодни бошлаганингизда устозингиз Муҳриддин Холиқовнинг ижоди, овозига тақлид сезилгандек бўлган. Кейин эса, ўз ижодингиз билан порлаб чиқдингиз. Ижодингизни бошлаганингиздан то бугунга қадар, битта позиция, темпни ушлаб келяпсиз. Чекинишлар бўлдими? Шундай пайтларда қандай йўл тутдингиз?
Озодбек Назарбеков: - Ҳар қандай ижоднинг ҳам бошланиши тақлиддан бошланади. Қайсидир ижодкорни яхши кўриб, тақлид қилиб, инсон шаклланиб борган сари, ўз йўналишини кашф эта бошлайди. Аввалига устозимиз Муҳриддин Холиқов билан изма-из ижод қилган бўлсак, кейинчалик ҳаётий тажрибалардан ва устозлардан ўрганган билимлардан келиб чиқиб, ўз йўналишимизда ижод қила бошладик. Лекин, чекинишлар йўқ-ку, аммо қандайдир бошқача йўналишда қўшиқлар ижро қилиш ҳаракатлари бўлган. Бироқ, улар ҳар доим ҳам кутилган натижани беравермайди. Қайсидир пайтларда танқидларга ҳам сабаб бўлади. Ижодкорларнинг танқид қилинишига сабаб ҳам, айнан мана шу изланишда йўл қўйилган хатолар сабаб бўлиши мумкин. Уларни ҳам жуда бир хато деб, бўлмайди, лекин у ҳам бўлса, мухлисларни зериктириб қўймаслик, ҳадеб бир услубда, бир йўналишда қолиб кетмаслик, учун! Тасаввур қилинг, мен Озодбек Назарбеков билан 40 йилдан буён яшайман, шунинг учун инсоннинг ўзида зерикиш пайдо бўлади. Сал ўзгартирсаммикан, бошқачароқ ижро қилиб кўрсаммикан, деган мақсадда сал ўзгаришлар бўлади. Кейин, шу пайтларда, мухлислар, дўстларнинг танқидий қарашларини яна бир ўрганиб чиқиб туриб, ўзимни топиб олишим керак. Айтмоқчи бўлганимки, мана шу қилинган хатолар ҳам, аслида мухлислар кўнглини забт этиш ниятида бўлади. Шунинг учун ҳам, бундай ҳолатларни жуда ҳам қўпол хатога йўйиш керак эмас. Энг муҳими, ўша хатони ўзимиз англаб етаётганлигимиз. Аммо, шундай ўз услубини, йўналишини ўзгартираман, деб ўзини топа олмай қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Лекин, шунақа пайтда барибир асосан мухлисларни, ҳақиқий дўст бўлиб бизнинг атрофимизда бирга ижод қилаётган инсонларнинг таҳлилларидан, уларнинг фикрларидан келиб чиқиб, шу хатоларни вақтида англаб етиб, тузатиб, ўзига мос йўналишида давом этиш керак.
- Бу йил 100 фоиз тўлиқ жонли ижрода концерт бердингиз. Мана шу жонли ижродаги концертга нисбатан масъулият қандай бўлди?
Озодбек Назарбеков: - Фонограммада ўтказиладиган концертлар аслида жонли ижрода бўладиган концертлардан бир неча марта оғирроқ бўлар экан! Мен буни бошидан ўтказган инсон сифатида ҳис қилдим. Жонли ижродаги концертнинг енгиллиги бор экан, енгиллиги деганим, бу ўша саҳнадаги ички ҳарорат, унинг завқини ҳеч қаердан топа олмайсиз! Унинг роҳатини бошдан ўтказиб, ҳис қилиб билиш мумкин. Оддий мисол, олдинги фонограмма орқали бўладиган концертларимизда шахсан менда 4-5 кундан кейин 6 куни ўзимда дастурдан зерикиш пайдо бўлар эди. Чунки, шунчаки чиқиб, фонограмма орқали ижро қилинганда бутун дастурни фонограмма бошқаради. Яъни, жонсиз нарса бошқаргандан кейин, жони йўқлигини ўзинг ҳис қилиб тургач, табиийки, бир ҳафтада зерикасан! Буёғига мажбурсан, сохта табассум, сохта ҳаракатлар, ўзингни мажбурлаб, саҳнада концертни 3 соат давомида бир амаллаб ўтказиб олиб, ўзим ҳам чарчаб қолардим. Лекин, бу сафар мана шу 18 кун давомида қайтага концерт бир кундан камайиб борган сари менда соғиниш кучайиб борди! Наҳотки концерт тугаяпти? Наҳотки яна бир кун ўтиб кетди? деган, соғиниш пайдо бўлди. Концерт тугагандан кейин ҳаттоки, бир неча кун ўзимга кела олмай юрдим. Соғиниш шунчалик бўлди! Шундай ҳарорат бўлар экан. Кейин, жонли концертда яна бир нарсани ҳис қилдимки, бошқа нарсаларга ҳожат қолмас экан. Яъни, дабдабали декорация, ёки 50 та раққосалардан иборат рақс ёки, бошқа нарсалар... Дастурни жони борлигининг ўзи, мухлисларга ҳам етарли бўлар экан!
- Бундан бир неча йил олдин Туркманистонга делегация билан борилганда, Туркманистон ва Ўзбекистонлик санъаткорларнинг концертини тамоша қилдик. У ерда сиз ҳам қўшиқ куйлагандингиз. Ўшанда Туркманистонлик санъат аҳли жуда бир тайёрланган эди. Бу танқид эмас-ку, аммо, биздан борган санъаткорлар концерт қўйганида ким бўлмасин, уларда жонланишни кўрмадим, назаримда. Бунга сабаб нима?
Озодбек Назарбеков: - Бу саволга жавобан мен сизга бир ҳақиқатни айтаман, шунинг ичидан ўзингиз жавоб топиб оласиз. Ўша сиз айтган концертдан кейин биз Тошовузга боргандик, шахсан мени қарийб, 20 та қўшиғимни ўша мусиқаси, минуси устига сўзларини ўзгартириб, ижро қилиб, унга клип олиб, эфирда айлантираётганларини олиб келиб, кўрсатишим мумкин. Беҳисоб шукурки, ҳали бизнинг қўшиқчиларимиз Туркманистондан қўшиқ ўғирлаб ижро қилмади. Буни беркитадиган жойи йўқ, бугун Ўрта Осиёда ўзбек эстрада санъати биринчи рақамда ривожланиб боряпти. Беркитадиган жойи йўқ, Қозоғистон бўладими, Туркманистонми, кўплар бизни қўшиқларимизни ўғирлаб, сал у ер буерини ўзгартириб, ўша сиз айтган Туркманистон Халқ артистлари ҳам куйлаб, клип олиб, ўша тадбирларда ҳам ижро қилишяпти! Бир томони ҳам борки, у ерда Давлат тадбирлари учун алоҳида ансамбль ташкил қилинган. Ўша ансамблнинг иши шу, фақат давлат тадбирларида йил 12 ой шуғулланишади. Улар доим шу тадбирга тайёр туради. Бизда ўша сиз айтган тадбир йиллар давомида биринчи марта бўлганлиги учун, бир ҳафта, 10 кун давомида тайёрланиб чиққанлигимиз учун, шундай бўлганди. Лекин, ўзбек ижодкорларининг шахсий ижодини олиб, ёки концерти, мени концертим ёки бошқа ижодкорларнинг “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтаётган концертларини, Ўрта Осиёда ҳоҳлаган давлатингизда бўлиб ўтаётган концертлар билан солиштириб кўрсангиз, биздаги концертлар савиясини ҳам, бошқа тарафларини ҳам, жуда баландлигини кўрасиз! Ижодий ўсиш, бизда жуда ҳам баланд!
- Қўшиқларингизни ҳар бир инсон мароқ билан эшитади. Қўшиқ яратаётганда сизда авваламбор қай бири пайдо бўлади? Ғоя, сўз ёки оҳанг?
Озодбек Назарбеков: - Мени ҳар йиллик режам, ғоям бор. Шу ғоя асосида ижод қиламиз. Яъники, ҳар йиллик ғоя, ўша янги концерт! Йил давомида ўша концертга тайёрланамиз. Концерт тақдим қилишнинг ҳам 2 хил усули бор! Биринчиси, бирор бир қўшиқ халқ орасида шлягер бўлади, оммалашади. Шунда қўшиқ учун концерт бериш бор! Иккинчи усули, концерт учун қўшиқ яратиш бор! Менда иккинчиси, концерт учун қўшиқ тайёрлайман. Концерт учун дастур тайёрлаганимда, табиийки, бу концертнинг устунлари керак бўлади. 3 соатлик дастурда, ижтимоий мавзуда, қайсидир муаммоларни ўз ичига олган, ҳар хил мавзуларда, концертни кўтара оладиган қўшиқлар бўлиши керак. Шунга мос шеърлар ёзилиши керак. Энди, орасида сал енгилроқ қўшиқлар ҳам бўлиши табиий. Чунки, мухлисларнинг талабларига ҳам эътибор қилиш керак, уларнинг талабларини ҳам қондириш зарур. Ҳар хил қўшиқлар бўлиши керак, оғирроқ, йиғлатадиган, ўйлантирадиган, шўхроқ, рақсга тушадиган, бир гулдаста бўлиши керак. Табиийки, гулдаста чиройли чиқиши учун, орасига хашак ҳам қўшилади. Шунинг учун ҳам, дастурда баъзи қўшиқлар ёрқинроқ чиқиши учун, бошқа қўшиқлар билан контраст бўлиши учун, сал ўртачароқ қўшиқлар ҳам бўлиши табиий. Аммо, бу ҳам бир ўзимнинг ишим эмас, ҳамкор дўстларимиз, кўпчиликнинг меҳнати билан амалга ошяпти.
Халқимизнинг бошқа халқлардан фарқи шундаки, халқимиз санъаткорларимизни ўзига хос эътиқод билан яхши кўради. Ўз фарзандини яхши кўргандек, яхши кўриб, меҳр қўяди. Бу билан бошқа Европа халқларидан фарқ қилади. Модомики, шундай эътиқод билан яхши кўрар экан, мана шу эътиқодга, халқ меҳрига муносиб жавоб қайтариш, шунга муносиб инсон бўлиш, менинг ижоддаги энг асосий шиорим! Шу ўринда, журналистлардан шу нарсани илтимос қилардим, демак, ўзбек халқи ўз санъаткорларини эътиқод билан яхши кўрар экан, ўша эътиқодни синдириб қўймаслик керак, назаримда. Яъни, санъаткорларни тўғри маънода тарбиялаш, уларни тўғри йўлга солиш, журналистларнинг вазифаси, деб ўйлайман. Бир нарсани журналистлар тўғри тушунишларини истардим, ёшлар ҳар доим ўз қаҳрамонларига эргашади. Шуни ҳисобга олиш керак. Баъзилар нотўғри интервьюлар берса, “шу гаплар сизга муносибми”, деб тўғри йўлга солиш, “сизга ёшлар эргашади, сизни номингиздан бундай мақола чиқара олмайман, шу гапингизни халққа тақдим қила олмайман”, деб, тўғри йўлга солиш керак, назаримда. Тўғри, баъзилар истеъдоди эвазига халқ эътиборига тушган. Демак, бу инсонни тарбиялаб бориш керак! Лекин, баъзида атайлаб, ўша инсонни ёмонроқ тарафини чиқариб, ўша газетанинг сотилишини ҳам ўйлашади. Аммо, баъзилар аслида ёшларнинг ишончини мажруҳ қилиб қўяётганлигини ўйлашмаяпти, назаримда. Чунки, ёшларимиз бугунги кунда “Ўргимчак одам”, ёки “Бетмэн”ларга эргашгандан кўра, ўзимизнинг қаҳрамонларимизга эргашганлари яхши, деб ўйлайман! Шунинг учун ҳам, журналистлардан шу масалага жиддийроқ қарашларини илтимос қилган бўлардим.

- “Дуовит” рекламасида суратга тушганлиги ҳақидаги ҳазиломуз саволга:
Озодбек Назарбеков: - Бу битта менга тегишли савол эмас. Чунки, бугун рекламасиз, ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Керак бўлса, бугунги учрашув ҳам, мана шу кутубхонага нисбатан, қайсидир маънода реклама ҳисобланади, назаримда. Илгари Оммавий Ахборот Воситалари давлат қарамоғида эди. Лекин, бугунги кунда рекламалар ҳисобидан фаолият юритади. Албатта, бу рекламалар учун машҳур инсонларни таклиф қилишади. Яқинда, “Fattohhon.com” сайти томонидан яхши савол бўлдики, “қайси маҳсулотларни реклама қилмаган бўлардингиз?”. Мен жамиятга зиён келтирадиган маҳсулотлар бўлса, умуман шуни кўриб, билиб туриб, реклама қилмаган бўлардим! “Дуовит” витаминига келсак, у бугунги кунда жуда ҳам машҳур, уни қайси компанияга тегишли эканлиги, уни тарихини ўрганиб чиқиб, кейин рози бўлганман! Бирор эътироз йўқ, ҳамда инсон саломатлигига зиёни йўқ, аксинча, қўшимча энергия бериб турадиган препарат бўлганлиги учун реклама қилганман.
- Бир журналда чоп этилган интервьюдаги, ижодкорнинг муҳаббати ҳақидаги савол-жавобга ойдинлик:
Озодбек Назарбеков: - Бу интервьюга 2-3 йил бўлди! Бу суҳбат ёдимда. Лекин, у журнални ўқимаганман. Ижодкор ҳақида гап кетганда, ижодкор севиши, севиб яшаши, унинг ижодига катта манфаат беради. Бу шоирларга ҳам, ёзувчиларга ҳам, хонандаларга ҳам, айни муддао. Чунки, севиб яшайдиган инсонда инсонларга таъсир қиладиган ширин дард бўлади! Бу оҳангда ҳам кўринади, овозига ҳам кўчади, ижодига ҳам таъсир қилади, деган маънода фикр билдирилганди. У интервьюда сиз айтгандек, 4-5 аёлни баравар севиш ҳақида гап кетмаган! “Доим севиб яшаш керак” дейилган, лекин улар билан турмуш боғлаш ҳақида ҳам гап кетмаган. “Лекин, севиш, хўп, уйда рафиқангиз бўлса, буни қандай тушуниш керак?” дейилган саволга, мен “буни эркак киши, аёл кишини тўлғоқ тутишини қанчалик тушунмаса, сиз ҳам мени шунчалик тушунмайсиз” деб жавоб берганман.
- Ҳеч санъат туфайли, кўзёш тўкканмисиз?
Озодбек Назарбеков: - Санъат учун йиғлаганман! Кўп йиғлаганман! Бунга сабаб бўлган бир воқеани ҳам айтиб беришим мумкин. Ўшанда 2 қиздан кейин ўғлим туғилганди. Бир ярим ёшида, эмлангандан кейин, иситмалаб мазаси бўлмай қолган. Ўшанда кўп қаватли уйда турардик. Пастда болалар майдончасида юрганида, хайрлашиб тўй хизматига кетдим. Бир пайт тўйда хизматидаман, составдаги йигитлар бир кўчага чиқишади, бир ичкарига киришади. Тўй эгаси билан гаплашишади, у асабийлашади. Мендан ниманидир беркитишяпти. Хуллас, воқеа шундай бўлибдики, ўша эмланган дори, ўғлимга акс таъсир кўрсатган. Шифокорлар “отасини чақиринглар” дейишган, “умид йўқ” деган маънода. Лекин, тўйнинг эгасини рози қилиб, мени олиб чиқиб кета олишмаяпти, у “йўқ” деб оёқ тираб турибди. Хуллас, машинада касалхонага кетяпмиз, бир кўнглим “мен бир оддий дўконда ишласам бўлмасмиди, бошқа касб қилсам бўлмасмиди” деган нарса йўл-йўлакай кўнгилдан ўтган. Жуда ҳам қаттиқ йиғлаб борганман. Вазият шунақа бўлган. Борсам ўғлим ҳали ўзига келмаган, аппарат ичида ётибди. Ўшанда, ўша вазиятда кўнгилдан шундай нарсалар ўтган, бир тарафда севган касбим, бир тарафда фарзандим. Бундай ҳолатлар жуда ҳам кўп бўлади. Бу энг кўзга ташланадигани эди. Лекин, бундай вазиятлар кўп бўлади. масалан, уйингизга қадрли меҳмон келиб қолади. Бошқа вазиятлар кўп бўлади. Лекин, санъаткорнинг ўрнини бошқаси боса олмайди. Бошқа соҳаларда эса, бошқача. Айнан, санъат, санъаткор, ўзи уруғ сочади, ўзи парваришлайди. Ўзи мевасини йиғиштириб, ўзи сотади. Директор ҳам ўзи, ишчи ҳам ўзи. Шунинг учун, ҳамманинг ишини қилиши керак. Мана шу тарафлама кўп ҳолатлар бўлади. Лекин, ўз касбимни шу даражада яхши кўришим, кўпинча, мана шундай сиқилишларга олиб келади. Ҳаёт бошқа нарсани талаб қилади. Шунинг учун, мана шундай вазиятда қолиш ҳолатлари бўлади. Лекин, барибир санъатни яхши кўришим, менинг бахтим!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун X Frame media production студияси фотограф Жамол Равшановга миннатдорчилик билдирамиз
(ДАВОМИ ЭРТАГА!)