FATTOHHON.COM
« Все новости
8 май куни «Пойтахт» бизнес марказида, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан “Миллий эстрада санъатини ривожлантиришда, матн ва мусиқанинг ўрни” мавзусидаги давра суҳбати, ҳамда 9 май Хотира ва Қадрлаш кунига, Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Бирлашма томонидан чоп этилган “Ўзбекистоним” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Ҳар қандай халқнинг энг бебаҳо бойлиги, бу унинг маънавиятидир. Маънавиятни ривожлантириш, бойитиш, ҳар бир инсоннинг юксак маънавий даражасини таъминлаш йўлида, санъат муҳим ўрин тутиши, шубҳасиз. Давлатимиз томонидан, санъатнинг барча турларини ривожлантириш, ҳамда бу борада зарурий шарт-шароитларни яратишга қаратилган Қарорлар ижросини таъминлаш, маънавиятни янада ривожлантириш мақсадида, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан мунтазам равишда хонанда, шоир ва бастакорлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилиб, ҳал этилиши зарур бўлган масалалар юзасидан чоралар кўрилмоқда.
8 май куни бўлиб ўтган давра суҳбати ҳам, хонанда, шоир ва бастакорларнинг ижодий ҳамкорлигини янада кучайтириш, “оммавий маданият” кўринишларига тақлид қилишнинг олдини олиш, мазмунан теран, мухлисларнинг дилига кириб борувчи қўшиқлар яратилишига қаратилди.
Мазкур давра суҳбатида Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари-“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Баҳодир Аҳмедов, Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо, ҳамда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артистлари, Ўзбекистон Халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар ва кўплаб хонандалар иштирок этдилар.
Давра суҳбатини Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо очиб бериб, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги Республикамиз бўйлаб кенг нишонланиб, бадиий кечалар ва учрашувлар ташкил этилганлиги, ҳамда унда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси санъаткорларининг сидқидилдан иштирок этганликлари ҳақида ўз фикрларини баён қилди:-“Муҳаммад Юсуфга бўлган эҳтиром, фақатгина бир шоирга бўлган эҳтиром эмас, балки бутун адабиётга бўлган эҳтиромдир. Шу туфайли ҳам, шоирнинг таваллуд айёмини халқимизнинг ўзи, жойларда ҳақиқий байрамга айлантириб юборди. Чунки, халқимиз, адабиётни, санъатни чин дилдан севади. Шундай адабиётга, санъатга ҳурмати баланд халқимиз борлигидан бошим осмонга етди.”
Шундан сўнг, Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо 9 май Хотира ва Қадрлаш кунига, Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Бирлашма томонидан чоп этилган “Ўзбекистоним” номли китоб ҳақида сўз юритди ва мазкур китобнинг тақдимоти ўтказилди. Мазкур китоб, Муҳаммад Юсуфнинг юртимизнинг таниқли хонандалари томонидан ижро қилиниб, халқимиз манъавий хазинасидан ўрин олган 22 та шеърларига басталанган қўшиқлар тўплами бўлиб, Бирлашма томонидан таълим муассасаларига бепул тарқатилиши ҳам кўзда тутилган. Мазкур китоб, давра суҳбати иштирокчиларига ҳам тарқатилди.
Шундан сўнг, давра суҳбати иштирокчилари мазкур китоб ҳақида ўз фикрларини баён қилдилар.
Китобнинг “сўз боши” муаллифи, Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев сўзга чиқиб, китоб ҳақидаги ўз фикрларини билдириб, Муҳаммад Юсуфга боғлиқ хотиралар билан бўлишди.
Шундан сўнг, мазкур давра суҳбатида Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари-“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Баҳодир Аҳмедов сўзга чиқиб, авваламбор 9 май Хотира ва Қадрлаш куни ҳақида сўз юритиб, бу байрам аввал “Ғалаба куни” дейилганлигини, лекин бу ғалаба асли қаердан, кимлар туфайли келганлиги, бунга сабабчи бўлган инсонларни нафақат эслаш, балки қадрлаш, эъзозлаш ҳам кераклиги, бундай фидоий инсонлар санъат йўлида ҳам борлиги, уларни ҳам, хотирлаб, қадрлаш ҳақида, ўз фикрларини билдирди.
Сўнг, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков сўзга чиқиб, “Ўзбекистоним” китоби ҳақида, ўз фикр ва таклифларини баён қилди. Шунингдек, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва санъаткорлар биргаликда, боғ барпо қилиш ҳақида, ҳамда у ерда ўтган санъаткорларнинг музейларини ташкил қилиш алоҳида таклиф билдирди. “Келажак авлод учун, устоз санъаткорлар ҳақида аниқ маълумот оладиган” эстрада санъати музейи ташкил қилиш, Хотира ва Қадрлашга оид йиғилишлар шундай жойда ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлиши, у ерда устоз санъаткорлар ҳақида аниқ маълумотлар бўлса, бугунги кунда санъатга кириб келаётган ёшлар, уларнинг ижодий фаолияти, ҳаёти ҳақида керакли маълумот олишлари мумкинлиги, ҳақида айтиб ўтди.
Бу фикр давра суҳбати иштирокчилари томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг, сўз, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира Ас-саломга берилди. Назира Ас-салом мазкур китоб учун миннатдорчилик билдириб, сатрлар қўшиқ ва оҳангларсиз жонли бўлолмаслигини, яхши қўшиқлар халқ учун руҳий муолажа эканлигини, шу ўринда китобда қўшиқ қилинган шеърларни ноталар билан берилганлиги ҳам, мақсадга мувофиқлиги, бу китобга жуда кўпчиликнинг меҳнатини сингганлигини, ҳамда мазкур “Ўзбекистоним” китобининг чоп этилиши, ўзи ва оиласи учун ҳам катта байрам эканлигини айтиб, миннатдорчилик билдирди.
Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари-“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Баҳодир Аҳмедов сўзга чиқиб, бугунги кунда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган кўплаб ишлар, режалар ҳақида фикр юритиб, “Яхшидан боғ қолади” деган фикрга асосланган ҳолда, санъаткорлар ва бастакорлардан эсдалик сифатида бир боғ барпо қилиш, у ерда ҳар бир санъаткор бориб, бир тупдан кўчат ўтказиши, ҳамда бу боғ ёш авлод ибрат оладиган маскан бўлиши ҳақида, ўз фикрларини айтиб ўтди. Шунингдек, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг келгусидаги режалари, ўз олдига қўйган эзгу мақсадлари ҳақида фикр юритиб, барча Давлат тадбирларида ижро қилинган қўшиқлар матнини, нотасини йиғиб, чиқариш, ҳамда бунинг амалий исботи, бугунги тақдим қилинган “Ўзбекистоним” китоби эканлигини билдириб ўтди. Шунингдек, мазмунан кучли ва яхши қўшиқ дунёга келиши учун, шоир, бастакор, хонанданинг ижодий ҳамкорлиги, уларнинг ўз вазифасига профессионал, маъсулият билан ёндошиши муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида ўз фикрларини баён қилди. Бундан ташқари, 2014-2015 йиллар давомида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Республикамиздаги мавжуд болалар мусиқа ва таълим муассаасаларининг ҳар бирига санъаткорлар бириктирилиб, улар иштирокида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ўтказилиши ҳақида фикр юритди. Мазкур лойиҳа асосида, мусиқа ва санъат таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш истеъдодлар орасидан энг муносиблари таниқли санъаткорлар “оталиғи”га олиниб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига имконият яратилишини билдирди. Яъни, санъаткорлар томонидан танлаб олинган иқтидорли ёшларга қўшиқлар танланиб, мазкур қўшиқлар, студияда ёздирилиб, уларнинг харажатлари Бирлашма томонидан қопланишини маълум қилди. Шунингдек, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси қошида, иқтидорли ёшларга амалий ёрдам кўрсатиш, истеъдодли санъаткорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, замонавий техник восита ва ускуналар билан жиҳозланган, барча имкониятларга эга Овоз ёзиш студияси ташкил қилинганлигини, ҳамда эндиликда, бу каби овоз ёзиш студияларини Республикамизнинг барча вилоятларида ташкил этиш, режалаштирилганлигини ҳам айтиб ўтди.
Шундан сўнг, Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан санъат йўлидаги фидоийларни ҳам қадрлаш кераклиги билдирилиб, 9 май Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан, Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан бир қаторда, марҳум санъаткорлар Муҳриддин Холиқов, Нуриддин Ҳайдаров, Охунжон Мадалиев ижоди ҳам ёдга олиниб, уларнинг ота изидан бориб, санъатда ижод қилаётган фарзандларидан Муҳриддин Холиқовнинг ўғли Одилбек Холиқов ва Нуриддин Ҳайдаровнинг ўғли Ҳожиакбар Ҳайдаровларга ҳамда, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира Ас-саломга эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, ўзбек санъатига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов,
ҳамда шу кунларда ўзининг таваллуд кунларини нишонлаган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Халқ артисти Маҳмуд Намозов ҳам, Бирлашма томонидан совғалар билан самимий табрикландилар.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Дилмурод Манноповга миннатдорчилик билдирамиз