FATTOHHON.COM
« Все новости
Шундай инсонлар бўладики, ўзининг қисқа умри давомида ўз касбига бўлган садоқати, инсонларга бўлган меҳри ва инсоний фазилатлари билан ўзига ҳайкал қўйиб кета олади.
Бугун ёдга олмоқчи бўлган қаҳрамонимиз актриса Тамара Шокирова шундай инсон эди. “Бундай инсонлар ўлмайдилар, улар инсонлар қалбида мангу яшайдилар”, сўзлари айнан Тамара Шокировага атаб айтилгандек.
Тамара Шокирова 1955 йил 26 ноябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1970 йил 14 ёшида илк марта “Кўр ёмғир” фильмида суратга тушган. Сўнг, “Қўқон воқеаси”, “Хоразм афсонаси”, “Семурғ”, “Оловли йўллар” каби фильмларда суратга тушган. 1973 йилда у аллақачон “Ўзбекфильм”нинг маҳоратли актрисаси эди. 1983 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлган. Тамара Шокирова кўплаб фильмларда роллар ижро қилган, жумладан, “Меҳробдан чаён”, “Абу Райҳон Беруний”, “Интеграл”, “Еттинчи жин”, “Темир эркак” ва бошқалар...
Тамара Шокирова ижод кишиси эди, унинг роллари мухлислари кўнглида мангу яшаб қолди. Ҳалигача, Тамара Шокирова деганда, барчанинг кўз ўнгига “Меҳробдан чаён” фильмидаги иболи-ҳаёли, камтаргина ўзбек қизи Раъно келади!
Тамара Шокированинг қизи истеъдодли ва машҳур хонанда Райҳон ҳам, бугун санъат оламида ўз ўрнига эга! Иккинчи қизи Насиба эса, онасининг орзусини амалга ошириш ҳаракатида.
Тамара Шокировадек истеъдодли, кўплаб чиройли роллар ижро қилган ва муносиб фарзандларни вояга етказган инсонларни ўлган, деб бўлмайди.
Қизи Райҳон: - Онамлар жуда ажойиб она эдилар! Улардан кўра яхшироқ онани тасаввур қила олмайман! Чунки, улар бизни жуда яхши кўрар эдилар. Шунчалик яхши кўрардиларки, фақат бизнинг ҳаётимиз билан яшаганлар! Ҳаётлари бизнинг ҳаётимиз билан узвий боғлиқ эди, бизнинг муаммоларимиз, бизнинг муваффақиятларимиз билан яшардилар. “Энг муҳими сизлар, менга бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ!” дердилар. Уларни худди болаларини ҳимоя қила оладиган она йўлбарсга қиёслагим келади. Улар биз билан фахрланадилар, уйга меҳмонлар келганда, доим бизнинг фазилатларимиз, ютуқларимиз ҳақида гапирардилар. Масалан, синглимнинг мактабни аъло баҳоларга тугатганлиги, ёки менинг янги мусиқий альбомимни чиққанлигини ғурурланиб, қувонч билан гапирардилар. Биз бундан ҳаттоки, хижолат ҳам бўлардик. Чунки, онам булар ҳақида жуда катта иш қилинганидек, фахрланиб сўзлардилар. Ижодимнинг бошида, онамлар менинг хонанда бўлишимга қарши ҳам бўлганлар. Чунки, у вақтда мен институтда ўқиётган эдим. Лекин, кейин онамлар менинг ниятим жиддийлигини кўриб, тушуниб, ўзлари менга ёрдам бериб, қўллаб-қувватлай бошладилар. Уларсиз, бугунги эришган ютуқларимга эриша олмаган бўлардим. Болалигимдан онамнинг актриса, ижод кишиси эканлигини билиб, ҳис қилиб улғайганман. Чунки, кўпинча уларни съёмкага кетишларига тўғри келарди. Улар уйда бўлмаганларида, уларнинг йўқликларини, мен оғирроқ қабул қилардим, уларни жуда соғинардим... Онамлар эса, съёмка ишлари билан кетишларига тўғри келарди, чунки бу уларнинг касби эди. Ҳозир буни яхши тушунаман. Аммо, ўшанда мен жуда кичкина эдим ва онамсиз қолиш менга оғир эди. Шундай вақтларда мен ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилардим. Болалик вақтларимда, уйда бўлганларида, онамлар менга кўпинча, “кўчага чиқиб, ўртоқларинг билан, қизлар билан ўйна” деб, кўп гапирардилар. Мен эса, аксинча, “йўқ” деб, стул қўйиб, устига чиқиб олиб, деразадан кўчани, майдончада ўйнаётган қизчаларни тамоша қилиш билан кифояланардим. Чунки, мен оддий мактабдан ташқари, мусиқа мактабида ҳам таҳсил олардим ва табиийки, болаларга ўхшаб кўчага чиқиб ўйнашга вақтим етишмасди. Мактабдаги дарслар, бунинг устига қўшимча пианино машғулотларим, ҳаммасига улгуришга ҳаракат қилиб, кечқурун соат 22.00 ларда ухлардим. Онам менинг ҳаётимни ёрқин ранглар билан безатишга уринардилар. Масалан, бошқа жойларга съёмкаларга борганларида, менга у ерлардан чиройли совғалар, ўйинчоқлар олиб келардилар! Мен эса, ўша ўйинчоқларни ўйнамасдим, вақтим етмасмидими... Хуллас, ўйинчоқлар қутиларда ётарди, кейин эса, вақт ўтиб, уни бошқаларга бериб юборардик. Менга фақат шифокор ўйинини ўйнаш ёқарди, масалан, қўғирчоқларга укол қилишни, капельница қўйишни ёқтирардим. Мен уколлардан ҳам, бармоқдан қон олинишидан ҳам қўрқмасдим, йиғламасдим ҳам. Аксинча, шифокорларни ва шифокорликни жуда яхши кўрардим. Шунинг учун ҳам, кейинчалик, хонанда бўламан, деганимда онамлар ҳайрон қолганлар. Менинг қўшиқларимдан уларга энг ёққани, бу “Бахтли бўламан” қўшиғим эди! Бошида бу қўшиғимнинг сўзлари бошқача эди, яъни “Я не буду счастлива”, яъни, “мен бахтли бўлмайман”. Онамлар эса, “нега доим ғамгин қўшиқлар куйлаш керак?, яхшиси, аксинча куйлагин “бахтли бўламан” деб куйла! “Қачон бўлса ҳам, нима бўлганда ҳам, барибир бахтли бўламан!” деб куйла!” деганлар. Шундай деб, онамлар ўзлари қўшиқ матнини ўзгартириб берганлар! Онамлар менга ижод борасида жуда кўп керакли маслаҳатлар берганлар. “Бахтли бўламан” қўшиғим, ҳам улар туфайли, мана шундай ажойиб кўринишда, тингловчиларга тақдим қилинган ва бу қўшиқнинг машҳурлигида ҳам уларнинг ҳиссаси катта, деб ўйлайман! Онамлар менга худди бадиий раҳбардек эдилар, мен доим янги қўшиқларим борасида улар билан маслаҳатлашардим, улар “мана бу ерига нимадир етишмаяпти, бор қайта ишла” дердилар. Қўшиқларимнинг мукаммал чиқишида, уларнинг ҳиссаси катта бўлган. Онамлар суратга тушган фильмлардан менга энг ёққани “Ленинградцы дети мои” ва “Меҳробдан чаён” фильмларидир. “Ленинградцы дети мои” фильмида мен 2 ёшда, онамлар билан бирга суратга тушганман. Шунингдек, “Пароль-отель Регина” фильмида ҳам бирга роль ижро қилганмиз. Мен у ерда ўғил бола ролини ижро этганман. Бунинг учун, менинг сочларимни олдиришганди.
Қизи Насиба: - Ўз онамлардек онани мен бошқа ҳеч қаерда учратмаганман! Улар энг яхши она эдилар! Мен ўзим ҳам, насиб қилса келажакда, онамдек она бўлишни орзу қиламан! Шундай фарзандлари учун яшайдиган, болаларига ўз ҳаётини бағишлайдиган, меҳрибон, ақлли она бўлишни ҳоҳлардим. Мен каттароқ бўлган вақтимда онамлар бетоб бўлиб қолгандилар, мен кўпинча ёнларида бўлардим. Онамлар доим менинг ҳоҳишимга қарардилар. Мен кичкиналигимда роса расм чизишга қизиқардим. Мен санъат мактабида ҳам ўқиганман, кичкиналигимда ўзимнинг кўргазмаларим ҳам бўлган. Онамлар ҳам мени ҳоҳишимга қараб, рассом-дизайнер бўлишимни ҳоҳлаганлар. Лекин, опамларга сурат чизишим маъқул бўлмаган. Онамлар эса, мен тараф бўлганлар, “ахир қобилияти бор-ку” деганлар. Лекин, мен ўша кундан буён сурат чизмайман. Шундан кейин онамлар менга “шифокор бўласанми?” деганлар. Онамлар мен нимани ҳоҳласам, ўша нарсага йўналтириб, керакли маслаҳатлар берардилар. Онамлар, “ким бўлсанг ҳам, қайси касбни эгаллашингдан қатъий назар, инсонлар сени мақташсин! Ҳар бир ишингни чин дилдан бажаргин! Ким бўлишинг асосийси эмас, муҳими ишинг инсонларга манзур бўлсин, инсонлар, сен ҳақингда “яхши ҳам шундай мутахассис бор экан!” дейишсин!” деганлар. Шу гаплари ёдимда қолган! Ҳозир уларнинг маслаҳатига амал қилиб, шифокор бўлишга ҳаракат қиляпман! Шу соҳага ўқишга кирмоқчиман, тайёргарлик кўряпман. Менга онамлар роль ижро қилган фильмлардан, онамлар билан съёмкасига бирга борган “Тилсимой-ғаройиб қизалоқ” фильми кўпроқ ёқади. Чунки, у пайтлар онамлар билан съёмкаларда кўп юрардим. Ўзим ҳам, “Ўзбекфильм”, “Киночилар уйи”да ўсганман, десам ҳам бўлади. Чунки, онамлар у вақтларда фильмларда кўп чиқардилар. Мен онамлар билан 2 марта бирга рекламада суратга тушганман. 5 ёшимда чой рекламасида ва яна бир фотосессияли рекламада бирга чиққанмиз. Аммо, афсуски ўша рекламалардан ўзим учун нусха асраб қолмаган эканман...
Нозим Тўлахўжаев, актёр режиссёр: - Тамара Шокирова жуда ажойиб инсон, ажойиб актриса эди. Жуда гўзал, истеъдодли, меҳрибон аёл эди. Тўғриси, у ҳақида “эди”, деб гапириш оғир... Қолаверса, баъзида режиссёрлардан ҳам хафа бўлиб кетаман, негаки, Тамара Шокировани янада кўп фильмларга жалб этиш, унга янада ажойиб роллар бериш мумкин эди! Ундаги истеъдоддан тўлақонли фойдаланилмаган, назаримда. Чунки, у ёши каттароқ бўлгач, ўртароқ ёшли, оналар ролларини ҳам ижро қилиши мумкин эди! Унинг актриса сифатидаги диапазони универсал эди! У кўп планли актриса эди. У ҳар қандай ролни ижро қила оларди! Унга фақат ёшликда эмас, балки ёши катта бўлганда ҳам, турли ролларни бериш мумкин эди... Тамара ҳам қалбан, ҳам ташқи қиёфа тарафлама ҳам жуда гўзал инсон эди! Аммо, афсуски у билан кўп роль ижро қилмаганман. “Менинг катта акам” фильмида, “Жазирама остидаги уй”, сўнг Рустам Сагдуллаевнинг кўп қисмли “Ношукурлар” фильмларида бирга роль ижро қилганмиз. У билан иккита бош қаҳрамон бўлиб, биргаликда роль ижро қила олмаганлигимдан жуда афсусдаман. Қандайдир лирик драмада у билан бирга бош ролни ижро қилгим келарди. Бу менга армон бўлиб қолган. Актёрларни одатга кўра, доим режиссёр танлайди. Актёрлар, актрисаларнинг қисмати ҳам кўпинча драматик тақдирли бўлади. Таниқли юлдуз эканлигига қарамай, барча уларни севишига қарамай, улар мураккаб тақдир эгалари бўлишади. Тамара билан охирги марта “Ношукурлар” фильмида бирга роль ижро қилаётган вақтимизда у бемор эди. Одатда, баъзи актёр, актрисалар беморлик вақтида роль ижро қила олишмайди. Аммо, Тамарага гўёки бетоблик катта куч бергандек эди! Уни кўриб, ҳаттоки актёр, актрисаларнинг дарди бўлса, ўз ролини шунчалик кучли ижро қилар экан-да, деган фикрга бориш мумкин эди...
Тамара, нафақат ажойиб инсон, актриса, балки жуда ажойиб она ҳам эди. Унинг қизи, таниқли эстрада хонандаси Райҳон билан бир фильмда роль ижро қилиш насиб қилганидан хурсандман. Райҳондаги истеъдод, гўзаллик унга кўпроқ онасидан ўтган, деб ўйлайман. У билан “Кечир” фильмида бирга суратга тушганмиз. Райҳонда ҳам кучли актёрлик маҳорати бор, ўйлайманки, мен агар яна фильм суратга олсам, албатта унда Райҳонни роль ижро қилишини истардим. Райҳон ўзининг хонандалик фаолияти билан жуда ҳам банд ва ўйлайманки, балки кино унга унчалик ҳам қизиқ эмасдир? У шундоғам машҳур ва севимли хонанда!
Рустам Сагдуллаев актёр ва режиссёр: - Илк марта Тамара Шокировани “Интеграл” фильмида бош ролда суратга тушаётган вақтимда кўрганман. Шундай эпизод бор эди, фильмда, поездда вагонда кетаётганимда, вагон ойнасидан қараганимда, оқ келинлик либосидаги қизнинг йиғлаётганини кўраман. Қоп-қора қош-кўзли, киприклари узун, қора узун сочли, нозик ва гўзал келинчак, бу Тамара Шокирова эди! Орадан бир йил ўтиб, режиссёр Али Ҳамроевнинг “Без страха” деган фильмида бош роллардан бирини ижро қилди. Шундан кейин, бир фильда эпизодик ролларда, 1973 йилда эса, Равиль Ботировнинг “Мой добрый человек” фильмида бош ролларни ижро қилдик. Тамара жуда ажойиб инсон эди! Аммо, ўз айтганини қилар эди. Шу образни яратаман, деб астойдил ўзининг бор кучини берарди. Бир марта унинг отаси “Без страха” фильмида уни ролга ижро қилишга қўймаган, ўшанда биз ҳаммамиз унинг уйига бориб, отасидан “ҳаммамиз шу ердамиз, илтимос” деб, унинг роль ижро қилиши учун розилик сўраганмиз! Шундан кейин, отаси ҳам тушуниб, рухсат берганди. Тамара Шокирова билан Москвадаги кинофестивалларда иштирок этганмиз. Нимагадир иккимизни “энг таниқли ўзбек киноактёрлари” деб, айтишган. Бўлмаса, бир неча фильмларимизнигина кўришган, аммо яхши эслаб қолишган! Кўплаб журналларга интервьюлар олишган, телеведенияга таклиф қилишган! 1989 йилда Олмаотада “Тарвуз” фильмида эр-хотин ролини ижро қилганмиз. Мен ўзим суратга олган “Ношукурлар” фильмида Тамара Шокирова бош қаҳрамоннинг онаси ролини ижро қилганди. Ўшанда у оғир бетоб эди. Шунга қарамай, ўз ролини шунақа берилиб, маҳорат билан ижро қилдики, ҳайратда қолганмиз! Бу унинг охирги роли бўлиб қолди. Лекин, баъзи сабабларга кўра бу сериални экранларга чиқиши чўзилди. Худо ҳоҳласа, бу йил намойиш қилиш ниятидамиз. Тамара Шокированинг оиласини ҳам жуда ҳурмат қиламан. Отасини, онасини, ака-укаларини яхши танирдим. Жуда меҳрибон, босиқ, меҳмондўст оила! Онаси жуда пазанда эди. Тамара жуда камтар эди, жуда таниқли бўлса ҳам, ҳеч қачон манманлик қилмасди! Самимий эди! Роль ижро қилаётганда партнёрига катта ёрдам берарди! Бу кино оламида жуда катта фазилат саналади. “Кечир” фильмида мен Тамаранинг қизи машҳур хонанда Райҳоннинг отаси ролини ижро қилганман. Райҳон менга, “сиз менинг отамни яхши билардингиз” деб, шу ролга таклиф қилганди. Райҳон ўзига нисбатан жуда талабчан ва ақлли қиз! Унда актрисалик маҳорати бор! Ҳар бир нарсага астойдил ёндошади. Фильм яхши чиқиши учун бор кучини аямаган. Аммо, шундан кейин бошқа фильмларда роль ижро қилмади. Уларнинг оиласи билан борди-келдимиз бор, қизим билан Райҳоннинг синглиси Насиба дугоналар. Оилавий дўстмиз!
Исамат Эргашев актёр ва режиссёр: - Тамара Шокирова “Меҳробдан чаён”да Раъно ролини ижро қилганида 18 ёшда, жуда ёш эди! Раъно ролини рус тилида, мен эса ўзбек тилида ижро қилганмиз. Уни синглимдек ҳурмат қилардим. Уни турмуш ўртоғи Отабек Ғаниев билан мен таништирганман. Кейин, улар турмуш қуришди. Тамара Шокирова билан кўплаб фильмларда бирга роль ижро қилганмиз. “Меҳробдан чаён”, “Еттинчи жин”, “Беруний”, ўзим суратга олган “Темир эркак” фильми ва бошқалар. Тамарахон туғма қобилият эгаси эди! Ролга шу қадар киришиб кетардики, рус табиатли инсон бўлса ҳам, ўзбек қизи Раънонинг ибо-ҳаёси, характерини экранда тўлақонли кўрсатиб бера олди! Бундай истеъдодли инсонлар 100 йилда бир туғилади, деб ўйлайман. Тамарахон билан оилавий дўст эдик, борди-келдимиз бор эди. Унга ва оиласига жуда ҳурмат билан қарардим. 22 февраль куни мен уйимда, яқинларим билан туғилган кунимни нишонлаётган вақтимда, қўнғироқ бўлган ва менга унинг вафотини хабар қилишган... Тўғриси, эшитиб, қандай аҳволга тушганлигимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Тамарани жуда ҳурмат қилардим... Тамара жуда кучли аёл эди, у бир ўзи алоҳида уй қилиб, 2 қизини оёққа турғазди! Фарзандлари учун яшади! У нафақат аёл, балки ҳақиқий эркак ҳам эди. У билан бирга ишлаганимиздаги кўп хотиралар ёдимда. Масалан, бир гал ўзбек телеведениясида учрашув бўлди. Устоз актёр Наби Раҳимов, режиссёр Йўлдош Аъзамов, мен ва Тамара бордик. Тўғридан тўғри эфир бўлиши керак, чиқиб халққа гапириш керак, Тамарахон эса, ўзбек тилида гапира олмасди. Шунда режиссёримиз Йўлдош Аъзамов менга “Тамарага ўзбекча гап ўргатгин”, дедилар. Мен ҳам, Тамарага, “Тамарахон, Йўлдош акани, мени, Наби акани исмларини биласиз, улар билан битта фильмда суратга тушганимдан, “Меҳробдан чаён” деган фильмда суратга тушганимдан бахтиёрман” дейсиз, кейин мен сизни шу гапингиздан кейин ўзим гапни давом эттириб кетаман, дедим. У рози бўлди. Учрашув бошланди, Тамара “бахтиёрман” деб гапини тугатиши билан, мен “Тамарахон жуда тўғри гапиряпти” деб, давом эттириб кетдим. Кейин эса, уйга боргач, бу кўрсатувни кўрган Тамаранинг онаси эса: “Ёнингда гапирган, қандай аҳмоқ йигит экан, ўзбек тилида шунақа чиройли гапираётган эдинг-а, у сенинг гапингни бўлиб юборди!” дебдилар. Мен унга ёрдам бераман, деб ўшанда онасининг олдида айбдор бўлиб қолганман.
Жасур Шаметов режиссёр, клипмейкер: - Тамара Шокирова ҳақида менда фақат жуда яхши хотиралар қолган. Тамара опа, мен жуда ҳурмат қилган Райҳоннинг онаси, уларнинг уйида кўп марта меҳмон бўлганман, Тамара опа билан киноматография ҳақида кўп суҳбатлашардим. Унинг ижодий маҳорати, истеъдоди мени ҳайрон қолдирарди. Кўплаб фильмларини кўрганман, роллари, роль ижро қилиш маҳорати менга ёқарди. Унинг биргина инсонийлик фазилатларини олсак, ёзишга саҳифалар озлик қилади, десам ҳам бўлади. Жуда кўнгли тоза, беғубор, самимий ва жуда меҳрибон инсон эди. Тамара опани жуда ҳурмат қилардим, яхши кўрардим. Менга худди иккинчи онамдек эдилар! Менга ижод борасида жуда кўп керакли маслаҳатлар, тавсиялар берганлар! Охиратлари обод бўлсин! У кишининг вафоти, нафақат яқинларига, балки бутун ижод аҳли, кинотомошабинлар учун ҳам катта йўқотиш бўлган, деб ўйлайман. Тамара опа, ўзбек киносига актриса сифатида, ўзининг жуда катта ҳиссасини қўшган ижодкор эди!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова