FATTOHHON.COM
« Все новостиАслан Гусейнов: - Шахзоданинг концерти юқори даражада ўтди! Мен доим бу универсал қобилиятга эга хонанданинг маҳоратидан ҳайратланганман. У Ўзбекистондан ташқарида ҳам машҳурликка эриша олди! Уни концертида, биргаликда дуэт куйлаб, ҳамкасб ва дўст сифатида саҳнада қўллаб-қувватлаганлигимдан хурсандман. Бу бир тарафдан мен учун қизиқарли бўлмоқда! Чунки, Ўзбекистон саҳнасида илк бор қўшиқ куйладим! Маҳаллий томошабинларни ўз ижодим билан ҳам таништириш имконияти бўлди. Тошкентдаги концерт залидан, томошабинларнинг олқишидан ўзим ҳам энергия олдим, десам бўлади. “Истиқлол” санъат саройининг концерт зали жуда ҳам ажойиб экан, у ердан фақат яхши тааасуротлар олдим. Бундай аншлаг, томошабинлар, мухлислар ижодкорнинг ўзига бўлган ишончини янада оширади! Яна келиб, бу ерда куйлаб, ижодий ҳамкорликни давом эттириб, қўшиқлар билан томошабинларни қувонтиргим келмоқда! Шахзодани навбатдаги муваффақиятли концертлари билан табриклайман! Менга Шахзоданинг турли тилларда куйлаган қўшиқлари жуда ҳам ёқади. Аниқ бир қўшиғини айта олмайман, ҳамма қўшиқлари ёқади. Чунки, ҳар бир қўшиғи ўзига хос, тингловчига ёқадиган қўшиқлар. Репертуарни дид билан танлайди. Агар Шахзода билан ўзбек тилида ҳам дуэт куйлаш имконияти бўлса, бундай таклифга рози бўлган бўлардим. Чунки, ўзим ҳам турли тилларда куйлашни ёқтираман!
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз: - Шахзоданинг ўзини ҳам, санъатини ҳам жуда ҳурмат қиламан. Мен кутиб юргандим, мазкур дуэт таклифи Шахзода тарафидан бўлди. Қўшиқ ҳам Шахзода тарафидан танланди. Бу дуэт ижодимда муҳим ўрин эгаллайдиган дуэт бўлди! Концерт менга ҳар тарафлама манзур, декорация, қўшиқлар, янгиликлар, ҳаммаси. Шахзоданинг ижодига омад тилайман!
Хонанда Дилмурод Мусаев: - Концертда миллий йўналишдаги блок учун бир неча қўшиқларни ўзгартириш, миллий йўналишга солиш керак бўлди. Шунда дуэт учун таклиф мен тарафдан бўлди. “Яна бир қўшиғим бор, миллий йўналишда. Агар истасангиз буни дуэт тарзида куйлаймиз”, дедим. Қўшиқни тинглаб кўргач, Шахзода, “албатта куйлаймиз, яхши қўшиқ экан!” деди. Катта раҳмат, биргаликда куйладик. Ўзим Шахзоданинг ашаддий мухлисиман, хонанданинг овози жуда ҳам чиройли. Дуэт қўшиққа ҳам овози тушишини, бу қўшиқ Шахзодага мослигини билардим. Чунки, унинг овозида қандайдир шира бор, ўз йўналишига эга. Концертни бир неча кундан буён тинглаяпмиз, ҳаммаси яхши, чиройли щтди. Концертда энг манзур бўлгани “Миллий” блокдаги қўшиқлар, айниқса, “Қўллар тепага” қўшиғининг янги версияси! Бу қўшиқни биргаликда қилганмиз. Қўшиқ ремикс қўшиқ эди, уни доира, танбур оҳанглари билан миллий йўналишга ўгирдик.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова