FATTOHHON.COM
« Все новости
2-қисм:
- Сизни хонанда Ботир Қодировнинг концертида кўргандим. Биринчи қаторда ўтиргандингиз. У ерда кўпчилик машҳурлар бор эди. Хонанда “Кеча ким эдиму, бугун ким бўлдим?” қўшиғини айтаётган эди. Кўплар бу қўшиқни ўйга чўмиб, хомуш бўлиб эшитаётган эди. Лекин, улар қаторида сизни бу қўшиқни кўзда ёш билан тинглаётганингизни кўрдим. Бугунги саволимнинг сабаби ҳам шу. Ҳар бир инсон, ёшлигида келажакда ким бўлишини озгина бўлса ҳам қалбан ҳис этади, назаримда. Бугунги кунда сиз санъатимизнинг фахрисиз. Саволим, сиз ёшлигингизда, қачонлардир шундай машҳур бўлишингизни кутганмидингиз, ёки бугунги кунлар сиз учун кутилмаган омад, бахтми?
Озодбек Назарбеков:- Бугун ҳақиқатдан ҳам, кутганимдан ҳам кўра бир неча марталаб кўпроқ нарсаларга эриша олдим, бу албатта бахт! Менда юқорига интилиш, албатта бўлган. Юқорига интилиш йўлида, содда ўзбекча қилиб айтганда, “сув келса симирдим, тош келса кемирдим” ўша олдимга аниқ мақсад қўйиб, шу йўлда нима иш қилиш керак бўлса, қилдим. Ҳаракат қилдим. Бугун ҳаётнинг энг қуйи поғонасидан энг юқори поғонасигача бўлган йўлни босиб ўтдим! Лекин, мана шу орада бўладиган ҳамма қийинчиликлар, бошқалар қандайдир, инсонга сабоқ бўлади, деб ўйлайман. Ҳаётидаги қийинчиликлардан сабоқ оладиганлар ҳам, олмайдиганлар ҳам бор. Агар инсон ўз ҳаётидан ўрганиб, хатоларини тузатиб борса, ўсиб борган сари шаклланиб боради. Яхшидан ҳам, ёмондан ҳам, ҳаммасидан топиб, ўрганиб, ўзимни шакллантирдим. Шу даражага етган бўлсам, ҳаммасини аслида сизлар ўргатдингизлар. Лекин, ёшлигимда катта-катта орзуларим бўлган, ҳақиқатда осмонга, юлдузларга қараб, орзулар қилиб, бедор ўтказган тунларим кўп бўлган. Ўша орзулар билан яшадим, мақсад сари ҳаракат қилдим, бу йўлда ҳар қандай меҳнатдан қочмадим. Инсон ишонч билан ҳаракат қилса, орзуларига эришар экан. Шунинг учун ҳам, ўша қўшиқ менга таъсир қилганди. Агар 15 ёшимда, бугунгидек инсон бўласан, деса, ишонмасдим! Боя айтиб ўтганимдек, ҳар қандай ижодкорни тарбиялайдиган бу журналистлар, ҳамда халқ! Инсон ҳамма нарсадан сабоқ олиб, хулоса чиқариб, шаклланиб боради.
-Сиз қўшиқларингиз шеърларини шоирлар билан ҳамкорликда танлайсиз. Мусиқаларини-чи? Бастакорлар билан ҳамкорликдамисиз, ёки ўзингиз ҳам ёзасизми? Чунки, сизнинг бошқа хонандалардан фарқингиз, миллий колоритни йўқотмагансиз, қўшиқларингизда дард бор. Сўзларни тушунган ҳолатда юракдан куйлайсиз. Ўша қўшиқлар билан бирга яшайсиз. Сизнинг ютуқларингиз мана шунда, деб биламан.
Озодбек Назарбеков:- Албатта, асосан бастакорлар билан ижод қиламиз. Масалан, Мусахон Нурматов, Иқбол Муҳаммад... Лекин, ҳар замонда, ўзим қўлимдан келганча, юрагим сезганча, мусиқа ҳам ёзиб, ижод қилиб тураман. Масалан, Машраб ғазали билан куйлаганим “Эшигингда” қўшиғининг мусиқаси, ҳамда “Севиб қолмасаммиди?” қўшиғимни сўзи ва мусиқаси ўзимники. Аммо, доим бастакорлар билан ижод қиламан. Бастакорларнинг ҳам куйни ҳис қилиш жиҳатида гап кўп. Улар ўша куй билан оҳангни мутаносиблигини сезишлари керак, деб ўйлайман.
- Бугунги кунда юртимиз бўйлаб, таваллуд айёми кенг нишонланган Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижоди ҳақида фикрларингиз?
Озодбек Назарбеков:- Ҳақиқатда Муҳаммад Юсуф нафақат ўзбек халқининг адабиёт, балки қўшиқчилик санъатида ҳам, алоҳида аҳамиятга эга эди. Биз санъаткорлар доим халқимизга яхши қўшиқ тақдим қилишга интиламиз. Бу борада ҳар гал қайтадан аввало Муҳаммад Юсуфга мурожаат қиламиз. Муҳаммад Юсуфнинг китобларини ўқиб, ўша ўзимиз ҳоҳлаган шеърларни танлаймиз. У кишининг кўп шеърлари қўшиқ қилиб бўлинган. Ҳаттоки, Муҳаммад Юсуфга шундай таъриф бераманки, у кишининг китобида охиридаги мундарижаси қўшиқ бўлмаган бўлса керак. Чунки, шоирнинг қўшиқ бўлмаган шеърлари жуда ҳам кам. Шундан ҳам, келиб чиқиб айтиш мумкинки, у инсон айниқса, қўшиқчилик санъатига жуда катта ҳисса қўшган. Шуни ҳам айтиб ўтмоқчиман, у инсон билан бевосита мулоқотда ҳам кўп бўлганман. Самимий инсон эди. Давраларда кўп суҳбатлашганмиз. Бунинг сабабчиси, устозим Муҳриддин Холиқов, у киши Муҳаммад Юсуф билан ижодий ҳамкорликда эдилар.
- Ҳар бир инсоннинг бахт формуласи бўлади. Сизни санъаткор сифатида учта сўздан иборат бахт формулангиз?
Озодбек Назарбеков:- (Ҳазил аралаш) “Мени кучлироқ сев”.
- Менинг назаримда, Озодбек Назарбеков доим ҳар бир нарсага эътиборли инсон. Мана шундай яшаш қийин эмасми, ҳар бир нарсага разм солиш, эътибор қилиб яшаш?
Озодбек Назарбеков:- Аслида сиз менга берган таърифнинг тескариси. Мен ҳеч нарсага аҳамият бермайман. Ҳеч ким билан ишим йўқ! Фақат ижод қиламан! Ҳаттоки, кунлик режамни ҳам ўзим тузмайман! Шунга ҳам бепарвоман. Мени йигитларим, ёрдамчиларим, бугун кечқурун эртага нима иш қилишимни айтишади. Фалон вақтда фалончи келади, фалон нарса бор, дегандек. Эртанги иш режам билан ҳам бир кун олдин қизиқаман. Шунда ҳам, эртага соат неччида уйқудан туришим кераклигини билишим учун. Ҳамма ишларим йўлга қўйилган. Энди ижодкор инсон, кўпроқ ижод билан шуғуллангани яхши. Кўп машҳур инсонларда невроз касали учрайди. Буни касб касаллиги ҳам, дейишади. Буни ҳаммаси шундан келиб чиқиши мумкин. Яъни, оила ташвиши, ижод, учрашувлар, ҳаммасини ўзим бошқараман, десам, улгурмаслигим табиий, касал ҳам бўлиб қолиш мумкин. Шунинг учун ҳам, ижоддан бошқа нарсага чалғимасликка ҳаракат қиламан. Ижод қилишим учун эса, ҳар куни иш бор. Масалан, ҳозирда янги альбом дисклари устида ишлаш керак, унга дизайн ўйлаш керак, келажак ижодий режалар кўп.
- Ҳаёт масаласида-чи? Ижод билан бандман, деяпсиз. Оилангиз, фарзандларингиз-чи? Бир тарафда ижод билан бандлик, бир тарафда оилавий ҳаёт, фаррзандларингиз, улар билан қанчалик вақт ўтказасиз?
Озодбек Назарбеков:- Бир тарафда ижод, бир тарафда ҳаётнинг бошқа талаблари ҳам бор. Тўғри, ижодимни яхши кўраман! Шунинг учун ҳам меъёр ушлашга ҳаракат қиламан! Лекин, шуни айтишим мумкинки, менинг оилам, фарзандларим мени соғиниб, кутиб яшашади. Чунки, уйқудан тураман, шошиб чиқиб кетаман, режадаги ишлар, учрашувлар, ижод. Кечаси қайтганимда, улар ухлаётган бўлишади. Майли, вақти келади, бирга ўтирамиз, дейман. Йилда 2-3 марта тоққа чиқиб, оилам билан дам оламиз, деб режалаштираман. Лекин, шу режаларимни ҳам 3 тадан 2 таси амалга ошмай қолади. Биттаси муваффақиятли бўлиб қолади.
- Ўзбек санъатидаги баъзи бачканаликларга қандай қарайсиз? Ўзбек санъатини юксалтиришдаги масъулият ва вазифам нимадан иборат, деб ўйлайсиз?
Озодбек Назарбеков:- Агар ўша сиз айтгандек, бачкана қўшиқларни ҳеч ким эшитмаса, улар яшамайди! Буни тўғри тушуниш керак. Уларни эшитмаса, қабул қилмаса, оммалашмайди. Ақли бор инсон, ундай қўшиқларни тингламайди, назаримда. Бу ўринда ундай қўшиқ куйлаган хонандаларни ўзини айблаш ҳам тўғри эмас, олдин тингловчи мухлисларнинг мусиқий савияси устида ишлаш керак. Фақат санъаткорни айблаб, фақат санъаткордан талаб қилавериш ҳам керак эмас. Тингловчиларнинг ҳам мусиқий савияларини ошириш керак. Талаб бўляптики, шундай қўшиқлар куйланяпти, назаримда. Буни мен ёки бошқаси, куч билан тўхтатолмаса керак, демак, халқ, жамият ўзи табиий йўл билан ҳал қилади. Бизнинг вазифамиз эса, иложи борича савияли қўшиқлар куйлашимиз, савияли қўшиқлар орқали томошабинларнинг мусиқий савиясини ошириш.
- Қўшиқларингизда ёш ижодкорларнинг шеърларидан ҳам фойдаланишингиз мумкинми?
Озодбек Назарбеков:- Ҳа, “Ozodbek.uz” сайтимиз бор, шеърларни сайтнинг электрон манзилига юборишингиз мумкин. Ёш ижодкорларнинг шеърларидан фойдаланамиз. Масалан, ҳозир ёш шоирлардан Муҳаммад Омон ажойиб шеър ёзган экан. “Қанча” қўшиғи, уни ҳам куйладим.
Шундан сўнг, Озодбек Назарбеков “Қанча” қўшиғини куйлаб бергач, учрашувни қуйидаги сўзлар билан якунлади: - Азизлар, қадрдонлар, Сизлар билан ўтган вақтимга заррача ҳам ачинмайман. Бахтимизга ҳамиша соғ бўлинглар, омон бўлинглар! Ҳар бирингларни чин дилимдан, яхши кўраман, ҳурмат қиламан. Яхши кунларда, хурсандчилик кунларда, яна дийдор кўришиш насиб қилсин!
Ижодий учрашув жуда ҳам кўтаринки кайфиятда ва файзли ўтди. Ижодий учрашув қарийб 3 соатга яқин давом этган бўлса ҳам, йиғилганлардан ҳеч ким зални тарк этгиси келмасди.
Озодбек Назарбеков ижодий учрашув давомида тингловчилар учун “Эшигингда”, “Энди севмайман энди”, “Сочию, қошию, кўзидин бошда ҳаводур”, “Бағдодда нима гаплар?”, “Биздан севги сиздан озорми?”, “Анжончасига”, “Қанча?” қўшиқларини жонли ижрода куйлади.
Санъаткор барча саволларга мулоҳаза билан оқилона жавоблар берди ва яна бир бор йиғилганларнинг ҳурматига сазовор бўлди.
Энг яхши савол эгаларига, хонанданинг плакати, Самарқанддаги жонли ижродаги концерт дастури DVD диски ҳамда, “Озодбек куйлаганда” китоби совға қилинди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Жамол Равшановга миннатдорчилик билдирамиз