FATTOHHON.COM
« Все новости
Актриса Зарина Низомиддинова бугунги кунда кино оламида ўз ўрнига эга актрисалардан. У актрисаликдан ташқари, хонандаликка ҳам қўл уриб, ҳозирда хонандаликда ҳам ўз ўрнига эга бўлиш учун астойдил ижод қилмоқда. Актриса яқинда турмуш қурганлиги ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлганлиги, унинг ҳаёти ва ижодига қизиқиш катта эканлигини яна бир бор исботлади.
- Ҳозирги кунда нималар билан бандсиз?
- Мен бош ролни ижро қилган “Хиёнат гирдоби” фильми катта экранларга чиқди. Унда салбий роль ижро қилдим. Чунки, актриса ўзини ҳар хил ролларда синаб кўриши керак, деган фикрдаман. Яқинда яна бир мен суратга тушган “Юрак йиғлар” фильмининг премьераси бўлди. Томошабинлар жуда яхши кутиб олишди! Ҳозирги кунда фильмларда суратга тушиш учун таклифлар жуда кўп бўляпти. Лекин, юрагим жиз этадиган роль бўлмаса, рози бўлмаяпман. Чунки, ҳамиша сонга эмас, сифатга эътибор қаратиб келганман! Бундан ташқари, хонандалик фаолиятимга ҳам жиддий эътибор қаратганман. Ҳозирда бастакор ва шоир Якзон билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. У менга янги қўшиқлар ёзяпти.
- Яқинда турмушга чиқдингиз. Актрисалик ва хонандалик фаолиятингизни давом эттирмоқдасиз. Турмуш ўртоғингиз рашк қилмайдиларми?
- Йўқ, аксинча! У киши мени касбимни тушунадилар ва ҳар доим қўллаб-қувватлайдилар, мени фикримни, қароримни ҳурмат қиладилар. Ҳеч қандай қаршиликлар, тушунмовчиликлар йўқ!
- Турмуш ўртоғингиз қандай қилиб кўнглингизга йўл топганликлари, кўпчиликни қизиқтирмоқда. Чунки, сизни мухлисларингиз ва сизни ёқтирганлар жуда кўплиги сир эмас.
- Мен турмуш ўртоғим ҳақида, ҳеч кимга ҳеч қандай интервью ҳам, фикр ҳам бергим келмаяпти! Чунки, кўпчиликдан, инсонлардан хафаман! Негаки, мени шу инсонга турмушга чиқишимга бунақа реакция қилиб, ортимдан ҳар хил гап-сўзлар қилишларини кутмагандим! Инсонлардан ўзим ҳақимда бунчалик ғаразли фикрларни кутмагандим! Бошида мен бемалол интервьюлар бериш ниятим бор эди... Лекин, кутилмаганда, инсонлар, шунақа гаплар гапира бошлашдики, эшитиб ҳайрон қолдим! Агар мен ўша ғийбатчи инсонлар айтгандек, ёмон ниятда бўлганимда, бунақа очиқчасига тўй қилдириб, турмушга чиқмасдим! Атрофга қарасангиз, кечирасизу, қанчалаб қизларни кимларгадир “иккинчи хотин” бўлиб олганлигини кўрасиз! Баъзилари очиқчасига, баъзилари эса, эл кўзидан яширинча, “иккинчи хотин” бўлиб яшашяпти! Бунақалар, санъат соҳасида ҳам, бошқа соҳаларда ҳам тўлиб ётибди! Негадир, уларни ҳеч ким гапирмайди?! Биров эътибор ҳам бермайди, билишса ҳам, кўз юмишади! Мен агар ўша ортимдан гапираётганлар ўйлагандек, “иккинчи хотин” бўлган бўлсам, нега очиқ тўй қилдирдим? Ҳеч қандай тўйсиз, бошқаларга ўхшаб, яширинча яшаб юриш осонроқ-ку! Агар мен ўша ғийбатчиларни гапларидагидек, ифлослик билан бировнинг оиласини бузган бўлсам, нималардир қилган бўлсам, икки дунёда ҳам, очиқ тўйим бўлмасди! Аксинча, яширинча тегиб олиш ниятида бўлмасмидим? Биринчидан, очиқдан очиқ катта тўй бўлмасди! Иккинчидан, фотосуратларга, видеоларга олишларига ҳам рухсат бермасдим! Ахир ҳамма кўрди, тўй қилдик, фотосуратлар тарқашини ҳам билганман! Ҳамма суратга олди, ҳеч кимдан тўйимни ҳам, турмуш ўртоғимни ҳам яширганим йўқ! Ўзи аслида, инсонлар ҳар хил гаплар гапиришмасин, ўзимга мос, ўзим каби ажрашган инсонга турмушга чиқяпман, инсонлардан яширадиган сирим йўқ, деб очиқчасига тўй қилдиргандим! Лекин, афсуски, гап-сўзлар бундан баттар бўлди! Тўғриси, шу кунгача, мен бунчалик душманим кўплигини билмагандим! Мана энди билиб олдим! Бир тарафдан хурсандман, негаки мен олдинда эканман, чунки мен ҳақимда шунчалик кўп гапиришяпти! Иккинчи тарафдан эса, жуда хафаман, инсонлар қанчалик ғаразли фикрда, ғазабда, ҳаётдан шунчалик ҳам хафа бўлишадими? Мени ҳаётимни муҳокама қилгунча, ўзларини ҳаётини йўлга солиб олишсин, дегинг келади. Мен яна бир марта айтмоқчиман, менинг шахсий ҳаётимга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Мени бошимда ўз ота-онам, ўз жигарларим бор! Мени шахсий ҳаётимга аралашишга фақат уларнинг ҳаққи бор! Улар мени қароримдан, ҳаётимдан рози, шундай экан, бошқаларни шахсий ҳаётимга аралашишларига йўл қўймайман! Бошқаларнинг фикрлари билан ҳам ишим йўқ! Бошқалар мени ижодимга қизиқишсин, ижодимга мухлис бўлишсин, шахсий ҳаётимга эмас! Шу кунгача ҳам, мен бировнинг фикри билан яшамаганман. Ҳамма ўзини билгани яхши, мени ортимдан гапириб, мени гуноҳларимни тўккунча, ўз ишини қилганлари яхши, назаримда. Яхшиси ўша гапираётганлар, ўзлари ўз ҳаётларини йўлга қўйиб, бахтли бўлишни ўйлашсин. Агар шунчалик мени ҳаётим қизиқтираётган бўлса, шунчалик мард бўлишса, келиб ўша гапларини юзимга гапиришсин-чи! Гапира олишмайди! Чунки, гаплари ёлғон, ғийбат ва буни ўзлари ҳам жуда яхши билишади! Ижтимоий тармоқларда мен ҳақимда нималарнидир ёзиб, ўзларини машҳур қилмоқчи бўлаётганлар, аслида ўзлари ғийбатчи инсонлар! Ҳаётни кўрган, тушунган, ақлли инсонлар, ижтимоий тармоқларда бунақа гапларни ёзиб юришмайди!
- Турмуш қуриш учун айнан шу инсонни танлаганингиз кўпларни ҳайрон қолдирди. Балки, шунинг учун ҳам, шундай гаплар чиққандир?
- Шу кунгача, жуда кўплаб инсонлар ортимдан юрган! Жуда кўпчилик совчи юборган! Улар орасида, жуда бадавлат, ёш, уйланмаганлари, турмуши бузилган ёш йигитлар ҳам бор эди! Лекин, мен биринчи турмушим бузилгач, иккинчи бор оила қурсам, ҳеч қачон ёш инсонга турмушга чиқаман, демаганман! Сабаби, мен ота-онамнинг ҳаётига ҳавас қилганман. Отам, онамдан 14 ёш катталар, отам онамни доим қўллаб-қувватлаб, тушуниб келяптилар, бахтли ҳаёт кечиришяпти. Уларни кўриб, мен ҳам ёши каттароқ инсонга турмушга чиқиш қарорига келганман! Худди шундай бугунги кунда турмуш ўртоғим ҳам мендан 16 ёш катталар. Мен буни нормал ҳолат, деб қабул қиламан. 14 ёш, 16 ёш, деярли бир хил нарса. Мен ўзим турмуш ўртоғим, мендан анча ёш катта бўлишини ҳоҳлаганман, ўзим истагандек турмушга чиқдим! Буни тушунмаган баъзи бир онги пастлар “отаси тенги одамга турмушга чиқди” дейишди. Қандай қилиб? Ахир отам 67 ёшдалар! Мен қандай қилиб 67 ёшли инсонга турмушга чиқишим мумкин? Мени ёшимга 16 ёшни қўшиб, турмуш ўртоғимни ёшини бемалол ҳисоблаб олиш мумкин! Бу нимани билдиради? Ўша ортимдан гапираётган онги паст инсонларни, қанчалик ифлос, ғийбатчилигини билдиради. Шундан келиб чиқиб, хулоса қилсак, аввал ўшалар ўз ниятини, фикрлашларини тўғрилашлари керак, назаримда. Ўша гапларни гапираётганлар, ёзаётганлар, тарқатаётганларнинг ўзлари шундай кимгадир “иккинчи хотин” ёки, фикран нотўғри ўйлайдиган онги паст инсонлар, чунки ўзини бошидан ўтмаса, ҳеч ким бунақа гап тарқатиб юрмайди! Мен агар “иккинчи хотин” бўлишни ҳоҳлаганимда, бундай тўй қилдириб, бу инсонга турмушга чиқмасдим! Мен айнан, ўзимдан ёши каттароқ, мени тушунадиган, санъатни қадрлайдиган, мени қарашларимни, фикрларимни ҳурмат қиладиган, қўллаб-қувватлайдиган инсонни кутдим! Учратдим ва турмушга чиқдим. Ўзимга тенгдош йигитлар, мендан ёши кичик йигитлар, менга керак эмас! Қўлидан бир иш келмай, кунини ижтимоий тармоқда ўтказадиган бекорчи йигитларни инсон қаторига ҳам қўшмаган бўлардим! Ундай инсонларга ҳаётимни ҳам, фарзандимни ҳам ишониб топшириш фикридан йироқман! Уларга оталикни ишониб ҳам бўлмайди! Чунки, ҳозирги ёшларнинг миясини фақатгина интернет эгаллаб олган! Ҳозир ёш йигитлар ичида оила қуришга муносиби борми ўзи? Фақат интернет, қўл телефони, ундан ташқари рашк қилиб, инсонни асабийлаштириб, ҳаётини барбод қилишдан бошқасига ярамайдиганлар тўлиб ётибди! Ортимдан гап тарқатаётган йигитларни кўплари, ўз вақтида мендан рад жавобини олганлар ҳам бўлиши мумкин! Чунки, мендан рад жавобини олганлар ҳам жуда кўп эди! Шунинг учун ҳам, айтмоқчиман, мен ҳаётда бировларнинг фикрлари билан яшамайман! Менга бировларнинг қўштирноқ ичидаги маслаҳатлари ҳам керак эмас! Маслаҳатлашсам, ўз ота-онам ва яқинларим билан маслаҳатлашаман! Агар кимдир гапирмоқчи бўлса, мени ижодим, ролларим ҳақида гапиришсин, лекин, шахсий ҳаётимни тинч қўйишсин! Фақат, шуни айтишим мумкин, ҳозир мен шахсий ҳаётда жуда ҳам бахтлиман! Кўз тегмасин! Қилган танловимда адашмадим!
- Ҳар бир инсон оила қургач, дунёқарашида ўзгариш бўлиши табиий. Сизда-чи?
- Ҳозирги кунда дунёқарашим деярли ўзгаргани йўқ. Биринчи турмушимдан ажралгач, фильмларда чиқиб юрган вақтларимда анча улғайдим, анча вақт ўтди. 5 йил турмушга чиқмадим. Олдинги интервьюда ҳам, айтгандим, “уйланмаган ёш йигитга турмушга чиқмайман, турмушга чиқадиган инсоним ўзим каби ажрашган бўлиши керак, тенг бўлишимиз керак” деганман. Тўғри, ажрашганлардан ҳам совчи келган. Аммо, ўйлаб қарасам, ёши мендан унча катта бўлмаган, масалан, 4-5 ёш катта, ажрашган инсонлар ҳам, ҳали ҳаётни кўрмаган, ҳаётга енгил қарашар экан. Ундайларга ҳаётимни, фарзандимни ишона олмаслигимга кўзим етди. Бир тарафдан, ўшанда ажрашгач, баъзиларга ўхшаб, тезда бир-икки йилда яна турмушга чиқиб кетмаганимга хурсандман! Чунки, яна хато қилишим мумкин эди! Ҳаётни кўриб, билиб, ҳозирги қилган танловимда адашмаганлигимга амин бўляпман!
- Келажакда кўп фарзандли она бўлишингиз мумкинми?
- Ҳаммаси худодан, лекин, менимча йўқ.
- Эндиликда муҳаббат туйғуси сиз учун қандай аҳамият касб этади?
- Бир кўришда юрак жиз этиб, уриб кетиб, севиб қолиш, мен учун йўқ нарса! Чунки, худди шундай турмуш қурганлар, тезда ажрашиб кетишаётганлигига кўп гувоҳ бўлиш мумкин. Чунки, бир кўришдаги муҳаббат вақтинчалик! Менимча, севги вақт ўтган сари келади, инсоннинг муносабати, меҳри орқали! Инсон бир-бирига бўлган яхши муносабати, бир-бирини тушуниши билан бир-бирининг меҳрини қозониши мумкин. Авваламбор, эру хотин бир-бирини тушуниши, ҳурмат қилиши керак! Агар бир-бирини тушунмаса, бошидаги бир кўришда муҳаббат, юрак уришлари, 2-3 ойда жуда тез ўтиб кетади. Бу исботланган! Ҳақиқий ҳаёт бошқа нарса! Афсуски, кўп ёшларимиз бу нарсани боши тақ этиб, деворга урилмагунча тушунишмайди! Афсуски, боши деворга теккач, тушуниб, афсусланишади! Масалан, мен ҳеч қачон севгини деб, ақлимни йўқотмаганман! Юрак алдайди! Айниқса, ҳозирги йигитларда ҳақиқий севги борлигига ишониб бўлмайди! Ижтимоий тармоқларда майдагаплик қилиб, актрисаларни ёмонлаб, ҳар хил гапларни ёзиб ўтиришади. Ҳозирда, менимча ҳақиқий севги йўқ!
- Сизда рашк туйғуси қанчалик кучли?
- Йўқ, мен рашкчи эмасман!
- Сиз актрисалик, хонандалик фаолиятингизни давом эттиряпсиз, энди яна оилалисиз. Ҳаммасига улгуриш қийин бўлмаяптими?
- Улгуряпман! Чунки, ўз уйимда ҳам, онам бизни иш қилдирмай, катта қилмаганлар! Ҳамма юмушларни ўргатганлар, уйда ҳам деярли ҳамма ишни қилардим! Шунинг учун, ҳозир ҳам қийин эмас! Агар инсон режа билан иш қилса, ҳаммасига улгуриш мумкин!
- Хонанда сифатида ҳам ижодни давом эттиряпсиз. Жонли ижрода куйлай оласизми?
- Ўзимни қўшиқларимни жонли ижрода куйлай оламан. Лекин, ҳали концерт ва тадбирларда хонанда сифатида иштирок этганим йўқ. Чунки, хонанда сифатида мени ҳали унчалик яхши билганлари йўқ. Қўшиқларим хит даражасига чиқиб, ҳамма мухлисларим куйлашса, ўшанда ҳамма билса керак. Ҳозирча хонандаликда ўзим қизиққанлигим учун ижод қиляпман. Лекин, интервьюларда, бирор жойда сўрашса, бемалол жонли ижрода куйлаб бера оламан. Чунки, хонанда ўзининг қўшиқларини албатта, жонли ижрода куйлаб бера олиши керак.
- Хонанда бўлгандан кейин, барибир тўй хизматларига ҳам чиқиш керак бўлади. Ҳозирги кунда тўй хизматларига чиқяпсизми?
- Ҳозирча йўқ, лекин балки келажакда чиқсам керак.
- Турмуш ўртоғингиз бунга рухсат бердиларми?
- Ҳали улар билан бу борада гаплашганим йўқ. Шунинг учун ҳам, аниқ жавоб бера олмайман. Улар ўзим учун куйлашимга рухсат берганлар. Тўйга чиқишга келсак, мен ўзим учун, масалан, уйда ўтирмаслик учун, чиқиш мумкин, бу ҳам халқ хизматида бўлишнинг бир кўриниши, деб ўйлайман. Аммо, бу борада ҳали турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашмадим ва шунинг учун ҳам аниқ жавоб бера олмайман.
- Ўғлингиз Темурхон турмуш ўртоғингизни қандай қабул қилди?
- Мени фарзандим, жуда ақлли, беғубор бир гул! Ўғлим ёши кичиклиги учун ҳам, янги оиламни тўғри қабул қилди.
- Илгари фильмларда суратга тушишингиздан аввал, сценарийларни ота-онангиз ўқиб кўришиб, сиз уларнинг фикрига қараб рози бўлардингиз. Эндиликда-чи?
- Ҳозир ҳам шундай. Турмуш ўртоғим, ижодимга аралашмайдилар, ижодимни ва фикрларимни ҳурмат қиладилар.
- Кейинчалик турмуш ўртоғингиз “шоу бизнесни ташланг” десалар, кўнармидингиз?
- У киши ундай демайдилар! Мени касбимни ҳурмат қиладилар, бошидан ижодни давом эттиришимга рози бўлганлар.
- Актриса сифатида ўзингиз қандай ролларни орзу қиласиз?
- Тўғри кўплаб роллар ижро қилдим. Лекин, актриса сифатидаги орзуйим тарихий роллар ижро қилиш!
- Сиз ташқи кўринишингизни тез-тез ўзгартириб туришни ёқтирасизми, ёки маълум бир имиджни танлаб, узоқ вақт унда юришни?
- Мен асосан, ўзимга ёққан ва ярашган нарсани қиламан. Ташқи қиёфани тез-тез ўзгартириб туриш ишқибози эмасман, фақат либосларимни ўзгартириб туришим мумкин.
- Бирор роль учун ташқи қиёфангизни ўзгартиришингиз керак. Лекин, у қиёфа сизга ёқмаяпти, роль эса маъқул. Ташқи қиёфангизни ўзингизга ёқмаса ҳам ўзгартиришингиз мумкинми?
- Албатта! Агар зўр роль бўлса, рози бўламан! Фақат, биттагина нарсага кўнмайман, яъни сочимни олдириб, кал бўлишга рози бўла олмайман!
- “Ўтган кунлар”даги Кумуш, “Меҳробдан чаён”даги Раъно ва “Маҳаллада дув-дув гап”даги “Енгил кавалерия” образлари. Шу образлардан қайси бирини танлаган бўлардингиз?
- Албатта, Кумушни!
- Суратга олиш ишларида энг қийналган фильмингиз?
- Одатда, совуқдан қийналган фильмларим бўлган. Лекин, энг суратга олиш жараёнлари қийин кечган фильмим “Паризод” фильми бўлган. Чунки, ўша фильмни суратга олиш жараёнида, ўғлим касал бўлиб қолганди. Сурхондарёда суратга оляпмиз, ўғлимни капельница қуйишга олиб бориш керак эди, суратга олиш ишларини ҳам қолдириб бўлмасди, ўшанда онам билан жуда ҳам қийналганмиз. Лекин, ижро маҳорати ва роль ижро қилиш бўйича, ҳеч қачон қийинчилик бўлмаган!
- Устоз актрисалардан қайси жиҳатларни ўрганиш керак, деб ўйлайсиз?
- Ўйлайманки, актрисалар, устозлардан ўзларига керак бўлган жиҳатларни оз-оздан ўрганиб боришлари керак. Лекин, тақлид қилиш керак эмас! Мен ўзим, ҳеч қачон ҳеч кимга тақлид қилмайман. Ҳар бир ижодкорнинг ўз услуби бўлиши керак, назаримда.
- Агар вақтни ортга қайтаришнинг имкони бўлса, яна актриса бўлармидингиз?
- Албатта! Хонандаликни ҳам вақтлироқ бошлардим!
- Сиз учун қайси бири устунроқ, моддий бойлик ёки муҳаббат туйғуси?
- Иккаласини ҳам тўғри йўлда бошқара олиш керак, деб ўйлайман! Бирини бирига алмаштира олмайман!
- Баъзи актёр, актрисалар режиссёр бўлишга интилишади. Сиз ҳам келажакда режиссёр бўлишингиз мумкинми?
- Йўқ, ҳеч қачон! Режиссёр бўлиш учун ҳам қобилият керак, ўзимда бундай нарсани кўрмаганман. Шунинг учун ҳам, режиссёр бўла оламан, деб айтолмайман.
- Ўз ролларингизни экранда кўрганингизда камчиликлар бордек туюладими?
- Ҳа, ролларимни экранда кўрганимда ўзим хато топаман, гарчи у роллар бошқаларга жуда ёқса ҳам!
Саида Вахобова