FATTOHHON.COM
« Все новости16 май куни “Ғунча” ва “Алишер Навоий” киносаройларида “Муҳаббатимсан” фильми премьераси бўлиб ўтди.
Премьера олдидан анъанага кўра, мини концерт намойиш қилинди. Мазкур концертда хонандалар Рухшона, Шоира Отабековалар ўзларининг сара қўшиқлари билан томошабинларга хуш кайфият бағишлашди.
Шундан сўнг, бошловчи Олимжон Каримов фильм ижодкорларини саҳнага таклиф этиб, таништирди.
Фильм режиссёрлари Дурдона Тўлаганова ва Жонрид Сагдиев
Фильмда бош ролларни Сетора Алимжонова ва Али Отажоновлар ижро этишган.
Шунингдек, Ўзбекистон Халқ артистлари Саидкомил Умаров, Азиза Бегматова, Марьям Ихтиёрова ва бошқа ижодкорлар турли хил характердаги ролларни ижро қилишган.
Таништирувдан сўнг, Ўзбекистон Халқ артисти Саидкомил Умаров сўзга чиқиб, ўз фикрларини баён қилди ва ижодкорларга миннатдорчилик билдирди.
Шундан сўнг, фильм намойиши бошланди.
Фильмда муҳаббат асосий мавзу қилиб танлангандек кўринса ҳам, аслида ота ва қиз ўртасидаги муносабатларга алоҳида урғу берилган. Одатда, қизларни отанинг юрак қонидан бунёд бўлади, дейишади. Ота учун ўғилдан ҳам кўра, аслида азизроқ ва меҳрибонроқ қиз бола бўлади. Табиийки, ҳар бир ота ўз қизининг бахтли бўлишини, уйидан унинг фотиҳасини олиб чиқиб кетишини истайди. Аммо, акси бўлса-чи? Кутилмаганда жонидан азиз бўлган қизини юзига оёқ босишига қайси ота чидай олади? Қизини оқ қилиб, тошбағир бўлиб кўринган отанинг аслида юрагидаги дардни ким ҳам била олади? Қиз-чи? Отасини норози қилиб, бахтга эриша оладими? Муҳаббат туйғуси отадан ҳам устунми?
“Муҳаббатимсан” фильмини кўргач, ана шу саволларга жавоб топиш мумкин, деб ўйлаймиз.
“МУҲАББАТИМСАН” ФИЛЬМИ 17 МАЙДАН ЮРТИМИЗ КИНОТЕАТРЛАРИДА НАМОЙИШ ЭТИЛМОҚДА!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Шерзод Раҳмоновга миннатдорчилик билдирамиз