FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг 14 майдан 18 майга қадар «Истиқлол» санъат саройида бўлиб ўтган “Юрагимга яқинсиз” деб номланган концерт дастури ўз ниҳоясига етди.
Концертнинг ҳар бир куни ўзига хос бўлди.
Алишер Файз концертнинг илк кунида томошабин сифатида меҳмон бўлган санъаткорлар ичида, устози Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбековга алоҳида миннатдорчилик билдириб, саҳнада таъзим қилди.
Хонанда концертнинг ҳар бир кунида меҳмон бўлган санъаткорларни алоҳида томошабинларга эълон қилиб борди.
Концерт декорацияси саҳна ортидаги катта яхлит монитордан иборат бўлди.
Концерт дастурини сўз устаси Ботирхон Имомхўжаев олиб борди. У хонандани саҳнада эълон қилгач, Алишер Файз “Имкон” қўшиғини куйлаб, саҳнага чиқиб келди.
Сўнг, томошабинлар билан саломлашиб, “Юрагимга яқинларим, фақат сизлар учун куйлаймиз” дея, концертни давом эттирди.
Хонанда биринчи блокда “Рангида”, “Кўрмадим” (Чустий ғазали), “Кел, бугун кўришамиз”, “Райҳон”, “Ёргинамнинг кўйлаклари ҳўл бўлмасин”, “Ёрни севиб афсона бўлдим” қўшиқларини куйлади.
Иккинчи блокда, “Гулбаҳорим”, “Жанон сенинг қошинг”, “Жигарларим”, “Индамадим”, “Она мени дард ютиб, туққанингизга раҳмат”, “Онам билан бутун бағрим сурури”, “Ёндим дема, куйдим дема”, “Доирангни чал” қўшиқлари янгради.
Учинчи блок эса, дубляж устаси, актёр Санжар Саъдуллаев мусиқа садолари остида ўқиган “Сенинг кўнглинг қачон оламан?” шеърий фонограмма билан бошланди.
Сўнг, Алишер Файз учинчи блокда “Бахтлимисан айт?”, “Гўзалим онасининг эркаси”,
“Жоним қизим” (хонанданинг ўзи куй чалиб ижро қилди), “Ҳай, ёр-ёр ёрингман”, “Кабутарим мактубимни етказ” (Хоразмлик рафиқа ҳақида), “Баковулинг бўлойин”, Бухороча қўшиқларни куйлади.
Хонанда концертни “Соғлом бола” йилига бағишланган қўшиқ билан якунлади.
Блоклар оралиғидаги танаффусда сўз устаси Ботирхон Имомхўжаев ва Маъмурбек Холмедовлар, Ғанишер Лафз ва Паркентзода бўлиб, қизиқарли номер намойиш қилишди. Айниқса, санъаткорларни турли русумдаги телефонларга ўхшатишгани томошабинларга манзур бўлди.
Концерт кунлари давомида Алишер Файз укаси Хуршид Турдиевни ҳамда, ёш хонанда Жавоҳир Абдужабборовларни оммага таништирди.
Рақслар “Паризода” рақс гуруҳи томонидан ижро қилинди.
Айниқса, рақслардан “Кўрмадим” қўшиғига саҳналаштирилган икки раққоса ижросидаги рақс, ўзининг жўшқин ва ўзгача ҳаракатлари билан ёдда қоларли чиққан! Икки раққоса гўёки мусобақалашаётган рақибалардек рақс тушишди!
“Райҳон” қўшиғини Алишер Файз устози Озодбек Назарбековнинг “Райҳон сенга уйланаман” қўшиғининг давоми сифатида куйлади. Қўшиқ кўплаб олқишларга сабаб бўлди!
Алишер Файз бу қўшиқни куйлаб, Райҳоннинг фарзандлари дунёга келгани билан қутлаб, дилдан табриклади!
“Жигарларим” қўшиғини куйлашдан олдин, бундан узоқ йиллар олдин бўлган бир воқеани сўзлаб берди. Ўшанда узоқ бир жойга ишлагани бормоқчи бўлиб, устози билан хайрлашмоқчи бўлганида, устози “қўй ука, дуч келган одамни ширин сўзига учиб, унга эргашиб кетиш яхшиликка олиб келмайди. Ундан кўра, шу ерда қолиб, яхшилаб ижод қил!” деб, бу фикрдан қайтарганини айтди. “Мени яхши инсон ўшанда хатодан қайтариб қолган” деб, Ватандан узоқда бўлган юртдошлар тилидан “Жигарларим” қўшиғини куйлади.
“Она мени дард ютиб туққанингизга раҳмат” қўшиғини мусиқасиз жонли ижро қилиб берди. Қўшиқдан аввал, бир дўстининг онаси билан содир бўлган ибратли воқеани ҳам айтиб берди.
Хонанда “Бахтлимисан айт” қўшиғини куйлагач, “бахтлимисан?” деган саволга “ҳа” деб, жавоб бериш ҳаммага насиб қилсин, дея томошабинларга яхши тилак билдирди.
Концерт кунларидаги томошабин меҳмон бўлган санъаткорлар, жумладан, Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мавлуда Асалхўжаева, Қиличбек Тожиев, Яҳё Мўминов, хонанда Зиёда, актриса Ҳалима Иброҳимова, хонандалар Шахзода, Нилуфар Усмонова ва бошқалар.
Концерт давомида албатта, томошабинларнинг олқишлари ва хонандага тақдим қилинган гуллар тўхтамади.
Саида Вахобова