FATTOHHON.COM

« Все новости

ФАРҲОД ВА ШИРИН: ХАЁЛГА КЕЛМАГАН ИШЛАР БЎЛИБ КЕТДИ! 30.05.2014 20:35

Foto (14)

Фарҳод ва Ширин дуэти ҳозирда шоубизнесдаги энг фаол дуэтлардан бири! Дуэт ҳамиша гастроллар, янги қўшиқлар яратиш, янги клип суратга олиш ишлари билан банд.

  Foto (15)

- Ҳозирда ижодда қандай янгиликлар қилиш билан бандсизлар?

Фарҳод:- Янгиликлар жуда кўп. “Севгилим”, “Энг гуллаган ёшлик чоғимда” қўшиғини дуэт тарзида куйладик! “Бухоро-Самарқанд” қўшиғимизга ва бошқа янги қўшиқларимизга ҳам клип суратга олдирмоқчимиз. Яна “Қизғонаман” қўшиғимиз ҳам тайёр!

Ширин: - 4 та янги қўшиғимизга клип ғоялари ҳам деярли тайёр. Клип ғоялари ҳар доимгидек “9999” студиясига қарашли бўлади. “Севгилим” қўшиғимизга суратга олинадиган клипда тарихий севишган жуфтликларнинг образларини яратмоқчимиз! Нафақат, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун, балки яна бошқа кўплаб тарихий севишган жуфтликлар қиёфасида чиқамиз. Ҳамма замонлардаги севишганларни бир клипда жамламоқчимиз.

 

- Сизларни ҳам Халқаро танловларда иштирок этиш ниятингиз борми?

Фарҳод: - Албатта! Шундай ниятлар ҳам бор. Бу ҳар бир хонанданинг орзусида бўлса керак. Ҳаммасини вақт кўрсатади. Секин-аста ҳаммасига эришамиз.

 

- “Фарҳод ва Ширин дуэти тарқалди” деган гап-сўзларга муносабатингиз? Орангиздан гап-сўз ўтмаганмиди, нега ундай гаплар тарқалди?

Ширин:- Халқ ичида ҳар доим ҳар хил гаплар юради, бу табиий ҳол. Кимдир “Фарҳод ва Ширин озгина аразлашиб қолишибди”, деса, иккинчи бир инсон ёнидан қўшиб, бошқасига “қаттиқ уришиб қолишибди, гаплашишмаяпти” дейди. Учинчи одам эса, “тамом, ажралишибди” дейди. Бундай гапларга эътибор қилмасликка ҳаракат қиламиз. Биз ҳақимизда гапиришгани яхши, бир тарафдан бу ҳам ўзига хос “реклама”.

Фарҳод:- Биттаси бизни “ бирга оила қуришибди” деса, бошқаси болали ҳам қилиб қўяди. Яна бошқаси эса, “уришишибди” дейди. Аслида мана кўриб турганингиздек, аҳил ижод қилиб келяпмиз.

 Foto (13)

- Бундай гапларни эшитганингизда, ўзингизга қандай таъсир қилади?

Ширин: - Бир тарафдан кулгили. Ҳар доим бундай гап-сўзлар биз учун кулгили бўлади.

Фарҳод: - Бундай гаплар аввал ҳам бўлган. Бундан кейин ҳам бўлаверади.

 

- Ижодингизни бир маромда кетаётганлиги ўзингиз учун қандай туюлмоқда?

Фарҳод:-Охирги вақтларда жуда банд бўлиб қолдик. Концертлар, гастроллар, студия, янги қўшиқ, янги клип, деярли бўш вақт йўқ! Бундан бир тарафдан хурсандмиз! Бу ижодимиз яхши кетаётганлигидан далолат беради.

Ширин: - Бирданига ҳамма нарсага эришиш қийин, ҳамма нарсага бирдан эришилса ҳам, унчалик қадри бўлмайди. Секин-секин, поғонама поғона эришилса, қадрини биласиз. Хонанда бир-икки йилда ҳамма нарсага эришиб қолса ҳам бўлмайди. Чунки, мустаҳкам пойдевор керак. Устозларимиз ҳам бугунги кундаги мавқесига йиллар давомида эришишган. Шунинг учун ҳам, унчалик шошилмаслик керак, сонга эмас, сифатга, ижодга аҳамият бериб ишлаш керак, деб ўйлайман.  

 Foto (17)

- Афсонанинг ижодга қайтиши сизларга қанчалик таъсир қилди? Чунки, продюсерингиз битта. Ижод тарафлама “қизғаниш” бўлмадими? Афсонанинг шу кунларда камроқ кўринаётганлигини шу билан боғлашмоқда.

Ширин: - Йўқ, Афсона ижодга қайтганидан биз жуда хурсанд бўлдик! Сабаби, устозимизнинг юзлари ёруғ бўлди. Демак, устозимиз шунчалик яхши инсонки, Афсона ижодга ва у киши билан ҳамкорликка қайтди! Афсона билан биз ҳам жуда яхши муносабатдамиз, ҳаётда дугонамиз! Дўстона муносабатдамиз, ижод борасида бир-биримизга маслаҳатлар берамиз, холис ёрдам берамиз. Ҳеч қандай “қизғаниш”га ўрин йўқ! Афсонага келсак, унга бироз вақт керак! Масалан, бизда балки ҳеч ким сезмагандир, Бобур ака билан анчадан буён бирга ишлаймиз! Ижодимиз дарҳол кўриниб қолмаса ҳам, секин-аста, поғонама-поғона ўсди, очилиш бўлди! Афсонада ҳам, насиб этса, шундай гуркираш, ўсиш бўлади!

Фарҳод: - Бобур ака Бобомурод бизга қанчалик жон куйдирсалар, Афсонага ҳам шундай қайғурадилар!

 

- Афсона билан дуэт куйлаш ниятингиз борми?

- Бўлиши мумкин!

 

- Яккахон концертингизни тингловчилар кутиб қолишмадими?

- Тўғри кутишяпти, кўп жойда сўрашди ҳам. Лекин, тўғриси, бу йил янги қўшиқлар, клиплар, гастроллар билан банд бўлиб, вақт етишмаяпти. Аммо, келгуси йил худо ҳоҳласа, 2015 йилда яккахон концерт бериш режада бор. Қолаверса, концертимиз оддий концерт бўлишини ҳоҳламаймиз, ҳақиқий янгилик қилиш ниятидамиз! Концертимиз янгиликларга тўла, шоу бўлади! Орзуларимиз жуда ҳам кўп!

 

- Концертингиз тўлиқ жонли ижрода бўлиши мумкинми?

Ширин:- Тўлиқ жонли ижрода бўлиши ҳам мумкин. Лекин, бир тарафдан бизда рақслар кўп! Рақс тушиб, жонли ижрода куйлаш бироз қийинроқ. Бу тарафлама қийналиб қоламиз, деб ўйлайман. Чунки, ниятимиз концерт берсак, худди ҳинд санъаткорларидек ўзимиз куйлаб, ўзимиз чиройли, саҳналаштирилган рақсларга тушмоқчимиз!

  Foto (16)

- Баҳорни “севги фасли” дейишади. Ҳаётингиздаги кутилган инсон, ҳали ҳам келмадими?

Ширин:- (кулиб) Баҳор келгани билан бизнинг севгимиз фақат ижодимизга қараб келади! Биз ҳали ёшмиз, қиладиган ишларимиз кўп! Режалар кўп! Лекин, барибир қиз боланинг тақдири, пешонадан кўрамиз.

Фарҳод:- (кулиб) Жуда кўп “кутилган инсонлар” келмоқчи бўлишяпти! Лекин, биз ижоддан ортиб, вақт ажратолмаяпмиз! Чунки, ҳозирча фикру хаёлни ижоддан бошқа нарса билан банд қилолмаймиз! Ҳозир, фақат ижод, ижод, ижод! Биз ҳали ёшмиз, муҳаббатнинг ҳам ҳали вақти келади. Ҳали вақти келмади! Мен тахминан режамда 3 йилларни мўлжаллаяпман. Лекин, Ширинни билмадим. Тўғри, шахсий ҳаёт ҳам керак, оилада битта ўғилман, ота-онамга яхши келин керак, бунга эса, вақт керак, ҳали вақти ҳам келади.

 

- Кўнглингиздаги инсон қандай бўлишини ҳоҳлардингиз?

Ширин:- Кўнглимдаги инсон “мана шундай бўлсин” деб айтиб бера олмайман. Учратганимда, ўзим биламан.

Фарҳод: - Ўзим биламан. Менимча, агар ёқтириб қолсам, узоқ вақт кузатсам керак. Кейин синаб ҳам кўриш керак, биров билан узоқроқ вақт муносабатда бўлсангиз, кимлигини билиб оласиз. Бир кунда учрашувга чиқиб, кейин дарҳол турмуш қуриб кетавериш, бу бўлмайдиган иш! Узоқроқ вақт кўриб, гаплашсангиз, дилида нима борлиги билинади.

 

- Дейлик, шундай вазият бўлса, масалан, Фарҳод севиб қолган инсон, ундан Шириндан воз кечишини сўраса, ёки Ширин севиб, турмушга чиқадиган инсони Фарҳоддан воз кечишини талаб қилса, қандай йўл тутардингизлар?

Ширин:- Ижодимни тушунишини ҳоҳлардим, тушунтиришга ҳаракат қилардим. Агар тушунишни истамаса, унда ижодни танлардим. Энди Фарҳодга осон менимча, чунки эркак кишига шарт қўйиб бўлмайди!

Фарҳод:- Энди эркак киши, бу эркак киши! Оилани ҳам таъминлаши, оила боши бўлиш керак. Ҳаёт ҳам керак, ижод ҳам! Ижоддан ҳам кечмасдим! Агар чиндан севган одам, ҳурмат қилса, бундай шарт қўймайди!

 Foto (12)

- Муваффақият қозониш учун, инсонга асосан нима керак, деб ўйлайсизлар?

- Ҳар томонлама, омад, ҳаракат, ўз устида ишлаш, изланиш керак. Ҳамма нарсани инсон таҳлил қилиб кўриши керак.

 

- Ҳозирги кунда ижодимизга нима етишмаяпти, деб ўйлайсизлар?

- Бу ҳақида бизга ҳозирча ҳеч ким айтмаяпти. Буни атрофдагилар, мухлислар билишади. Мана шу нарса етишмаяпти, деб айтишса, биламиз. Авваламбор, бу гапни устозимиз айтишлари керак. Ҳозирча улар ҳам айтмадилар. Лекин, камчиликларимиз бор, деб ўйлаймиз. Чунки, ҳеч қачон инсон ўз ижодидан қониқмаган! Ўсишга ҳаракат қиламиз!

 

- “Ижодий портлаш” деганда нимани тушунасизлар? Ҳамкасбларингиздан қайси бирини шундай “портлашлар” қила олган, дейсизлар?

Ширин:- Бу халқнинг кўнглидан унутилмас бўлиб жой олиш, халққа ёқиш! Бирор ижод намунангиз халқ дилидан ўчмас бўлиб жой олиши!

Фарҳод:-Ҳамкасблардан Улуғбек Раҳматуллаевда шундай “ижодий портлаш”лар кўп! Яна Шохруххонда ҳам. Баъзи хонандаларда, бир “ижодий портлаш”дан сўнг, халқ меҳрини қозониб, кейин бир текис кетиш кузатилади. Лекин, ҳозир айтиб ўтган ҳамкасбларимда кетма-кет “ижодий портлаш”лар кўп!

 

- Ўз ижодингизга ўзингиз четдан қарасангиз, қайси қўшиғингизни “ижодий портлаш” дея оласиз?

- Фарҳод ва Ширин деган, сўз йўқ эди, “Ёшликда берган кўнгил” қўшиғи билан Фарҳод ва Ширин дуэти, деган сўз пайдо бўлди. Кейин “Санамжон”, “Шақ-шақи”, “Қалбим баҳори”, “Ота уйнинг остонаси” тилга тушди, оммага маъқул бўлди. Ҳаммаси тингловчиларга боғлиқ, назаримизда. Халқнинг кўзидан, сўзидан билиб олаверасиз. Лекин, биз қўшиғимиз зўр, деган фикрдан йироқмиз! Фақат, бу қўшиқларимиз оммага кўпроқ тарқалган, тингловчиларга кўпроқ манзур бўлган.

 

- Ижодингиздаги қайси қўшиқларингиздан кўнглингиз тўлган, қайси биридан йўқ?

- Қўшиқларимиз аслида жуда кўп, тақдим қилганларимиздан ҳам кўп! Лекин, кўнглимиз тўлмагани учун тингловчиларга тақдим қилмаганмиз, клип суратга олмаганмиз! Ўзимизга ёққанларига клип суратга олдирганмиз ва олдирамиз.

 Foto (11)

- Сизларни ҳаётда асабийлаштирадиган ҳолатлар?

Ширин:-Ишимизда қандайдир нотўғри ҳолатлар бўлса, ижодимизга тааъллуқли нотўғри ҳолатлар бўлса асабийлашишимиз мумкин.

Фарҳод:- Хизматлар ўз йўлига, лекин инсон ижодда кўп асабийлашади. Масалан, кутган нарсаси бўлмай қолса, қўшиқда, клипда, кўнгилдагидек бўлмаса, асабийлашиш табиий. Чунки, унга қанча меҳнат кетади!

Ширин:- Устозимиз бизга қўшиқ учун танланган шеърни ўқиб берганидаёқ биз унга қўшиқни, клипни тасаввур қиламиз. Агар тасаввуримиздагидек чиқмаса, албатта асабийлашамиз.

 

- Интернетга муносабатингиз?

- Интернет бу маълумотларни олиш учун яхши нарса! Керакли маълумотларни тез етказа оласиз, тез қидириб топасиз ҳам. Қолаверса, мухлислар билан ҳам доимий мулоқот мавжуд. Бундан ташқари, ҳамкасбларимизда ҳам, ижодини халққа кўрсатишнинг бир йўли.

 

- Унда сиз Ширин нима учун ижтимоий тармоқларда йўқсиз?

- (кулади) Чунки, бу нарса менга керак эмас! Вацап ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга ҳам қизиқмайман! Агар интернетдан бирор нарса керак бўлса, Фарҳоднинг телефонида интернет бор, ўшандан фойдаланаман.

 

- Демак, интернетга бекорчи вақт сарфлаш фикридан йироқсизлар?

Фарҳод: - Албатта! Ижтимоий тармоқларда бекорчи вақт ўтказишдан кўпчилик қоча олмаяпти! Шунга ўрганиб қолишяпти! Интернетдан фақат яхши тарафлама фойдаланиш керак!

 

- Унда интернет дўстликка қандай муносабатдасизлар?

- Бунга вақт кетказмаймиз!

 

- Лекин, Фарҳоднинг дўстлари ижтимоий тармоқларда анчагина.

- Улар асосан, мухлислар. Бунга биз ижобий қараймиз. Уларга жуда яхши муносабатдамиз. Аммо, вацап, телеграммларда адашиб танишиб қолишлар, ёки атайлаб сизга ёзиб, танишмоқчи, вақт ўтказиб гаплашмоқчи бўладиганлар бўлади. Ундай нарсаларга вақт кетказмаймиз. Вацапда ҳам менда фақат устозим Бобур ака, оиламдагилар ва яқинларим, яқин дўстларим бор. 

  Foto (9)

- Агар ижодда ўзгартириш имконияти бўлса, айнан нимани ўзгартирардингизлар?

Фарҳод: - Янада кўп ишлар қилган бўлардим. Инсон болаликда, то ота-онаси мажбурламагунча бир иш қилмас экан. Агар ҳаётни бошқатдан бошлаш имкони бўлганда, янада кўп нарсаларни ўрганардим. Ҳозир, нега вақтим кўплигида, баъзи нарсаларни қилмаганман, дейман. Масалан, ҳеч бўлмаса, 10 ёшимга қайтганимда, кўпроқ спорт, рақс билан шуғулланган бўлардим! Ҳамма мусиқа асбобларни тўлиқ чалишни ўрганардим! Жуда кўп китобларни ўқиб чиққан бўлардим!

Ширин: - Мен ҳам.

Фарҳод: - (кулиб) Лекин, одам яна ўша вақтга қайтиб қолса, барибир яна ўшандек қайтади ва бу ишлар ёдидан чиқиб, копток тепгани кўчага чиқиб кетади.

 

- Вақт етишмаслиги бу ... давом эттирсангиз.

Ширин: - Ижодкорнинг ҳаёти шу! Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас! Биз ўзимиз шу тақдирга рози бўлганмиз. Ўзимиз ижод йўлини танлаганмиз, ижодсиз ҳаётни тасаввур қила олмаймиз!

Фарҳод: - Кўп ухламаслик, вақт етишмаслиги, бу табиий ҳол. Кечаси билан студияларда қўшиқ ёзиш, янги қўшиқлар устида ишлаш, бу одат. Студия, йўл, гастрол, хизматлар, съёмка, яна студия ва яна... шу тарзда давом этаверади. Ўзимиз буни кўриб, билиб, санъат йўлига келганмиз, чунки ижод бу бизнинг ҳаётимиз!

 

- Ижодга эндигина кириб келган Фарҳод ва Ширин билан бугунги Фарҳод ва Шириннинг фарқи?

Ширин: - Фарқи катта! Чунки, ҳар куни ҳар хил ақлли инсонлар билан суҳбатлашасиз, дунёқарашингиз ўзгаради. Дунёга бутунлай бошқача қарайсиз.

Фарҳод: - Ижод бизни бутунлай ўзгартириб ташлагани йўқ. Лекин, ижодни бошлаганимиздан буён ўтган вақт билан ҳозирнинг фарқи бор. Бошида кўп қийналганмиз. Ҳозир эса, анча яхши.

 

- Сизлар шу кунларда энг кўп ва тез ижод қилаётган хонандалардансизлар. Сонга кўпроқ эътибор қаратяпсизларми, ёки сифатга?

- Йўқ, биринчи навбатда сифатга эътибор қаратамиз. Лекин, кўп ишлаймиз. Бизнинг устозимиз Бобур аканинг бир одатлари бор, бизни умуман бўш вақтимиз қолишига йўл қўймайдилар! Бизга бўш вақт ажратмайдилар! Бўш вақтимиз бўлиши мумкин эмас! Майли, ухлашсин, чарчашди, дам олишсин ҳам демайдилар, бу тўғри маънода! Телефон қилиб, уйғотадилар, “ҳали ҳам ухляпсизларми?” дейдилар. Шунинг учун ҳам, бизда ҳам сон, ҳам сифат бўлса керак! Устозимиз, “сизлар ҳали ёшсизлар, ёшликда энергия кўп бўлади, кўп ишлар қилишингиз керак” дейдилар. Уларнинг фикрига қўшиламиз, чунки инсон ижод учун кўп нарсанинг баҳридан ўтиши керак. Масалан, дўстлар билан ўтиришлар, кафеларда овқатланиб, вақт кетказиб ўтиришлар йўқ! Фақат, ижод, фақат иш!

 Foto (10)

- Унда сизларда шахсий ҳаёт йўқ экан-да?

Ширин: - Йўқ, бизларни эришмоқчи бўлган мақсадимиз бор! Ўша мақсадларимизга эришганимиздан сўнг, шахсий ҳаётга ҳам вақт топилади. Ижодингизни ҳар тарафлама мукаммал қилиб борсангиз, эртага шахсий ҳаёт ҳам муаммо эмас, менимча. Ҳаммасига улгурасиз! Ёшингиз каттароқ бўлганда, кўп ютуқларга эришган бўласиз, ўша ресторанларга ҳам борасиз. Ҳаёт, бу фақат ёшликда ўйнаб қолиш керак, дегани эмас!

Фарҳод: - Ҳар ким ҳар хил танлайди! Ёшликда ишлаб, ҳаётда ўз ўрнингизни топсангиз, кейин оилали бўлган вақтингизда ҳамма нарсага эришган бўласиз! Оилангиз билан яхши яшайсиз.

 

- Ҳаётда нимани ҳеч қачон ёддан чиқармайсизлар?

Фарҳод: - Ота-Онани!  

  Foto (1)

- Сизни фикрингизча оила қуриш учун энг маъқул ёш?

Ширин:- Менимча, қиз бола учун 23-24 ёш, эркак киши учун 25 ёш.

 

- Модага қанчалик эътиборлисизлар?

Фарҳод: - Бўш вақтим бўлса, доим магазинма магазин кириб, чиройли кийимлар харид қилсам! (кулади) Магазинга бошқа нарса учун кириб, бутунлай бошқа нарсаларни олиб чиқиб кетаман! Кейин, “буларни олмоқчи эмасдим” дейман. Модага қизиқаман, интернетдан ҳам кузатаман. Қизиққанлигим учун ҳам, ҳозир тадбиркорликка қўл уриб, костюм-шим, либослар тикиладиган цех очдим! Санъаткорларимизга эълон, тикув цехимизда ҳамма турдаги либослар тикилади! Номи ҳам “Фарҳод ва Ширин”!

Ширин: - Модага эътиборлиман! Лекин, ҳамма нарса меъёрида бўлгани яхши!

  Foto (8)

- Фарҳод, сизнинг дадангиз ҳам санъаткор эканлар. Сизни танқид қиладиларми?

Фарҳод: -Оооо! Эртаю кеч, десам ҳам бўлади. Чунки, улар кучлироқ бўлишган, уларда мактаб ҳам бошқа бўлган. Ҳозир шоубизнес. Илгари эса, шоубизнес бўлмаган. Дадамлар ҳар доим, “сен кўпроқ изланишинг, янгиликлар қилишинг керак, кўпроқ шуғулланишинг, машқ қилишинг керак” дейдилар. Ўзлари ҳалигача торлари қўлида, уйда шуғулланадилар. Дадамлар 60 ёшдалар, лекин ҳалигача қўлларида тор, касбларини севиб, 2-3 соат қўшиқ айтадилар.  Шунинг учун ҳам, мени “10 минут овозни чиниқтиришга вақт топа олмайсан” деб уришадилар. Лекин, қўшиқларимиз ҳақида ҳар доим яхши фикр билдирадилар. Ҳар доим табриклаб, ютуқларимиздан қувонадилар.

 

- Фарҳод дадангиз билан дуэт куйлаганмисиз?

- Кичиклигимда Бухорода бирга куйлаб, клип ҳам суратга олдирганмиз. Яқин орада, “Тараннум” кўрсатувида бирга жўр овоз бўлиб чиқишни режалаштиряпмиз.

 

- Инсон бахти нимада, деб ўйлайсизлар?

Ширин: - Тинч, хотиржам, чиройли ҳаётда, самимийликда! Оила ва фарзанд, катта бахт! Болаларни жуда яхши кўраман!

Фарҳод:- Шириннинг сўзларига қўшиламан. Инсон бахти фарзандда! Ҳозир кичик болаларни кўрсам, дарҳол кўтариб оламан. 2-3 йил олдин бу нарса йўқ эди. Ҳозир ҳақиқий бахт шу эканлигини англадим.

 

- Икковингиз ҳам амал қиладиган принциплар?

- Ижодга жиддий қараймиз! Сусайиш йўқ!

  Foto (6)

- Сизнингча, санъаткор тингловчиларнинг меъдасига тегмаслик учун нима қилиши керак?

- Санъаткор ҳамиша самимий бўлиши керак. Унда инсонийлик сақланиб қолиши керак. Чунки, турли тўйларга, тадбирларга боради. Халқнинг ичига кирганда, муомала маданияти, ўзини тутишига қарашади. Ўшандан у ҳақида фикрга эга бўлишади. Санъаткор ҳамиша халқ билан! Муҳими, инсонийлик ва самимийлик!

 

- Ушалмайди, деб ўйлаган орзуларингиз амалга ошганми?

Ширин:- Менда жуда кўп бўлган! Ҳаттоки, хаёлимга келмайдиган даражадаги орзуларим амалга ошган! Шахсий ҳаётда ва ижодда ҳам! Масалан, Консерваторияга кириш орзу эди, кира оламан, деб ўйламаганман! Биринчи йил топширганимдаёқ ўқишга кирганман!

Фарҳод: - Менда ҳам. Масалан, Бухорода эканлигимда шоу бизнесга кириб келишни ўйламаганман ҳам. Бу етишиб бўлмас орзу эди! Буни жуда қийин, деб ҳисоблардим. Қанчалаб ўқиганлар бор эди. Лекин, мен кириб кетдим. Бу ҳам омад!

 

- “Аёл киши уйда ўтириши керак” деган фикрга муносабатингиз?

Ширин:- Биласизми, баъзи аёлларнинг ўзлари ишлашни ёки ўқишни исташмайди. Улар уйда ўтириб, болалар тарбияси билан банд бўлишни ҳоҳлашади.  Бу ҳаммани характери ва дунёқарашига боғлиқ.

Фарҳод: - Ҳамма ҳар хил. Баъзи аёллар ўзи ишбилармон бўлиб туғилади.  Айримлар эса, кичиклигидан ҳунарни, ёки уйда ўтиришни яхши кўради. Оилани ҳам, бизнесни ёки ишни ҳам эплайдиган қизлар бор. Лекин, уларга бироз қийинроқ, чунки оилани ҳам ишни ҳам эплашга вақт кетади.

 Foto (7)

- Фарҳод сиз келажакда рафиқангизни ишлашига рухсат берасизми, ёки уйда ўтирсин, дейсизми?

- (кулади) Ишлашига рухсат бераман. Лекин, менга кўпроқ эътибор керак! Бўлажак рафиқам пазанда бўлса, дейман. Чунки, кечаси 02.00-03.00 да хизматдан келсам ҳам, уйда овқат тайёр бўлса, дейман. Кейин, болани ҳам жуда яхши кўраман, худо ҳоҳласа, камида 3-4 фарзандим бўлса, тўғриси, кўп фарзандли бўлсак, дейман. Менга вақт ажрата олмаса, албатта хафа бўламан. Рафиқам, агар мендан ортса, майли ишласин!

 

- Ўзингиз овқат тайёрлашни билмайсизми?

Фарҳод: - Биламан, лекин ёқтирмайман. Лекин, агар фантазия қилиб, нимадир тайёрласам, нимадир бўлади! (кулади) Ҳар қалай, еса бўлади!

Ширин: - Лекин, мен ҳали овқат қилганингизни кўрмадим! (кулади) Лекин, мен иккаласини ҳам баробар эплашга ҳаракат қиламан!

 

- Гўзаллик, кўпинча инсоннинг ўзига муаммо туғдиради, дейишади. Муносабатингиз?

Ширин: - Тўғри, чиройли бўлиш кўпинча қийин, чунки атрофда ҳар хил инсонлар бўлади. Чиройлими, демак у яхши инсон эмас, дейдиганлар ҳам бўлади. Аёллар ҳақида ҳам шундай. Лекин, юзи чиройли инсоннинг қалби ҳам чиройли бўлади, менимча. Мен ўзим ҳеч қачон бирор аёлни хунук, деб ўйламайман! Ҳамма аёлларимиз, қизларимиз гўзал! Чунки, кўримсиз дейишган аёлни ҳам, агар яхшилаб қарасангиз, кўзи ёки бурни чиройли бўлиши мумкин, ёки феъл-атвори, муомаласи чиройли бўлади! Шунинг учун ҳам, ҳеч ким хунук эмас! Лекин, чиройли бўлишнинг қийин тарафлари кўп. Биринчидан, чиройли инсоннинг ошиғи кўп бўлади! Турмушга чиққач ҳам, эри бесабаб рашк қилади. Душманлари ҳам кўп бўлиши, сабабсиз кўра олмасликлар кўп бўлиши мумкин. Шу туфайли, шахсий ҳаётида ҳам муаммолар кўп бўлиши мумкин. Қолаверса, гўзал инсонга етиша олмаган ошиқлар, душманликка ҳам ўтишади. Лекин, яхши тарафлари ҳам кўп.

Фарҳод: - Шириннинг фикрига қўшиламан. Лекин, инсон санъаткор бўладими, бошқа касб эгасими, барибир кўриниши, муомаласи чиройли бўлгани яхши ва бунга шукур қилиш керак!

Ширин: - Мени биринчи навбатда шукур қиладиган нарсам, Оллоҳ бизни соғлом яратгани! Кўпинча, хайрия тадбирлари билан ногиронлар уйларига борамиз. Ўзи, бундай жойларга бориб туриш керак, ҳам дейишади. Шунда инсон ҳеч қачон ношукурлик қилмайди! Чунки, баъзилар қулоғим сал хунукроқ, кўзим чиройли эмас, деганларини эшитиб ҳайрон қоламан! Авваламбор, инсон ўша қулоғи эшитаётгани, ўша кўзлари кўраётганлиги учун ҳам шукур қилиши керак! Қўл-оёғи ишлаяпти, юряпти, соғлом, беҳисоб шукур қилиш керак!

Фарҳод: - Тўғриси, доим соғлигимизга, шундай соғлом эканимизга ҳамиша шукур қилиб яшашимиз керак!

  Foto (2)

- Қанчалик сир сақлай оласизлар?

Ширин: - (кулиб) Мен ҳеч сир сақлай олмайман! Ўзимнинг ҳам ҳеч қандай сирим йўқ! Лекин, агар биров ишониб, муҳим сир айтса, сир сақлайман, албатта!

Фарҳод: - Мен сир сақлашни биламан! Менчалик сир сақлай оладиган инсон йўқ! Лекин, тўғриси, бировни сирини эшитишни унчалик ҳоҳламайман. Бировга айтиш мумкин бўлмаган маълумотни олишни ҳоҳламайман. Бировга айтилмайдиган бўлса, менга ҳам айтиш нега керак?

Ширин: - (кулиб) Искандарнинг шохи ҳақидаги ривоят ҳам бору, шунга ўхшаб, ўзингни ичига сиғмаган нарса, қандай қилиб бировнинг ичига сиғади?

 Foto (5)

- Дуэтда зиддиятлар ҳам бўлиб турадими?

Фарҳод: - Ижод борасида баҳслашамиз. Аввал тушунмасдим, кейин билдимки, бу асабдан, чарчаганлигимиздан бўлар экан. Бир-биримизни бироз тушунмай қоларканмиз. Шунинг учун ҳам, шундай пайтда, яхшиси, ҳеч нарса гапирмай, баҳсни тўхтатиб, уйга бориб, дам олиб, ухлаш керак. Кейин, эртаси куни, тетик фикрлаб, тезгина осон бир ечимга келамиз. Биз ўзи сира ҳам қаттиқ баҳслашмаймиз!  

 

 

- Мабодо аразлашилса, ким биринчи гапиради?

Фарҳод:- (кулиб) Мен! Мендан ўтса ҳам, ўтмаса ҳам.

Ширин: - Фарҳоднинг шу феъли яхши, биринчи бўлиб гапириб кетади. Узоғи билан 10 минут гаплашмай тура оламиз, холос!

 

-Мухлислар билан қанчалик яқинсизлар?

Ширин: - Ҳозир менга Фарҳод қанчалик яқин ўтирган бўлса, шунчалик!

Фарҳод: - Мухлислар билан яқинмиз, чегара қўймаймиз. Одам ажратмаймиз.

 

- Ашаддий мухлисларингиз сизларни қидириб, топиб келган вақтлар бўлганми?

Фарҳод: - Самарқандга концертга борганимизда, бир меҳмонхонага тушганмиз. Ўша ерда бир неча кун яшаганмиз. Ўшанда, мухлисларимиз билиб қолишиб, кўпчилик бўлиб, келишган ва бизни концерт вақтига яқин чиқишимизни, меҳмонхона ёнида атайлаб кутиб туришган! Биз у ерда эканимизни ҳеч кимга айтмаганмиз, лекин улар билиб топишган ва атай келишган. Чиққанимизда кутиб олишиб, дасхатлар олиб, бирга суратларга тушишган. Кутилмаган бўлган!

Ширин: - Бизни Самарқандлик бир мухлисимиз бор, исмлари Шавкат ака, ёшлари катта, биз у кишини “адажон” деймиз. У киши бизни ҳали кўрмай туриб, радиода “Ёшликда берган кўнгил” қўшиғимизни эшитиб, ёқтириб,  мухлис бўлиб, “мен уларни топаман” деган эканлар. Шундай деб, бизни топдилар, ҳар гал Самарқандга борганимизда уйларига таклиф қиладилар. Агар Самарқандга борганимизда уйларига кирмасак, биздан жуда қаттиқ хафа бўладилар. У киши билан борди-келдимиз бор, мени туғилган кунимга, Фарҳоднинг опасини тўйига, Бобур акани тўйларига келдилар. “Мен сизларни кўриб турмасам, сизларсиз ҳаёт қизиқ эмас” дейдилар. Шу даражада бизни яхши кўрадилар. Ҳаттоки, туғилган кунимда келиб, табриклаб, ўша куни Самарқандга қайтиб кетганлар.

  Foto (4)

- Баҳор фасли ижодингизга қанчалик таъсир кўрсатади?

- Баҳорда чиройли клиплар суратга оламиз. Бу фаслда севгини ҳам чиройли кўрсатса бўлади! Қолаверса, бизнинг Ўзбекистонимиз шундай чиройлики, айниқса, баҳорда янада чиройли бўлади. Биз ёш бўлишимизга қарамай, Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларига, вилоятларидаги туманларигача борганмиз. Чўл дейсизми, боғми, сув, ҳаммаси бор! Айниқса, баҳорда Ўзбекистонни айлансангиз, таърифига тил ожиз! Шу Ўзбекистонда эркин, тинч, ўқиб, ишлаб, ижод қилиб яшаяпмиз, ҳеч қачон Ўзбекистонимизга кўз тегмасин! Биз Ўзбекистонни жуда яхши кўрамиз! Буни сўз билан тушунтириб бўлмайди! Буни фақат ҳис қилиш мумкин! Ҳаммага шундай ҳис насиб қилсин!

 Саида Вахобова

1951081621_7_0

Фотолар учун Х Frame media production студияси фотограф Аҳрор Назировга миннатдорчилик билдирамиз

Foto (3)