FATTOHHON.COM
« Все новостиБугунги кунда«Беном» гуруҳи ижодкорлари Сарвар ва Комил тинимсиз ижод билан банд ва иккови “ажралиб” кетишгани, ёки гуруҳ бўлиниб кетгани йўқ! Гуруҳ аъзолари хонандалик фаолияти билан биргаликда, кўплаб эстрада юлдузларига қўшиқлар ёзишган ва ёзиб келишмоқда. Жумладан, Шахзода, Лола, Райҳон, Сардор Раҳимхон ва бошқалар... Лекин, эндиликда Сарвар ва Комил хонандаларга бошқа қўшиқ ёзмасликларини эълон қилишмоқда! Ҳаттоки, Россия шоу бизнесида Согдиана ва Ёлкага ҳам қўшиқ ёзишган ва бу қўшиқлар премьера бўлиши кутилаётган вақтда, гуруҳ аъзолари нега бундай фикрга келишди? Бунинг сабабини эса, суҳбатда маълум қилишди. “Диллашув” саҳифаси меҳмони Сарвар ва Комил!
- Бугунги кунда нималар билан бандсизлар?
- Албатта, тинимсиз ижод! Янги тароналар ва клиплар устида ишлаяпмиз. Ҳамманинг хабари бор бир йил танаффус қилдик. Энди ўша ижодий “бўшлиқ”ни тўлдириш билан бандмиз!
- Ижодингиздаги танаффус сабабини аниқ ўзингиздан эшитсак!
- Хабарингиз бор, биз кўплаб хонандаларга қўшиқлар ёзиб берамиз. Бир неча қўшиқлардан бутун бошли мусиқий тўплам, мусиқий альбомларгача ёзиш учун шартномалар тузилган эди! Бир вақт қарасак, 60 дан ортиқ қўшиқлар, ёзилиш учун тўпланиб қолибди! Биз эса, бу ёқда яккахон концертимизни ҳам эълон қилиб қўйгандик... Концерт кунигача аниқ эди... Лекин, ўйлаб қарасак, мутлақо концертга улгура олмас эканмиз, чунки бу ёқда шартномалар тузилган, қўшиқ буюртма қилган хонандалар “бизнинг ижод ҳам қолиб кетяпти” деб, талаб қила бошлашди. Энди лафз қилгандан кейин, барчасини вақтида қилиб беришга ҳаракат қилдик! Натижада ўзимизни ижодимизда танаффус бўлиб қолди! Ҳаттоки шу даражада вақт етишмай қолдики, ҳеч тадбирларда ҳам иштирок эта олмай қолдик! 2-3 йилдан буён телевизор кўришга ҳам умуман вақт йўқ! Фақатгина куни 5-10 минут интернетдан янгиликлардан бохабар бўлишга ажратамиз, гастролларда бўлсак, бироз бўш вақт бўлиб қолса газета ўқиймиз, янгиликлардан хабардор бўламиз. Эндиликда эса, буюртмаларни битириб олиб, бир неча халқаро танловларда қатнашишга пухта тайёргарлик кўряпмиз! Чунки, жонли ижрога ўтдик, бемалол танловларда қатнашишимиз мумкин.
- Бу орада “гуруҳ аъзолари уришди. Гуруҳ тарқалди, энди бирга ижод қилишмайди” деган гаплар бўлди! Бу чиндан ҳам пиармиди?
-Бу пиар эмас! Аслида ҳақиқатга яқин эди! Сабаби, биз ижод борасида ростдан ҳам тортишиб қолдик! Чунки, ўзимиз учун янгидан янги қўшиқлар ярата олмадик! Шартномалар кўплиги боис улгура олмай, бошқаларга кунига 3 та қўшиқ ёзган кунларимиз бўлди! Натижада, ўзимизга вақт етишмади! Вақт бўлганда эса, тортишиб қолавердик. Чунки, биримиз сокин қўшиқ куйлашни ҳоҳласак, иккинчимиз жўшқин, рақсбоп қўшиқ куйлаймиз, дедик. Тортишавериб, охири “Гуруҳни ёпамиз” деган фикрга келдик! Ўша кунлари шартномамиз бўйича, йил давомидаги охирги концертимиз Қозоғистонда, Чимкентда бўлиши керак эди. Концертга борганмиз, иккаламиз ҳам бир-биримиз билан гаплашмаяпмиз, совуқчилик тушган, гуруҳни шу концертдан кейин ёпмоқчи эдик. Шунда концертга борсак, мухлислар шунақа яхши кутиб олиб, олқишлашди! Шунда англадикки, совуқчилик ва гуруҳни тарк этиш, ёпиш, жуда ҳам ёмон иш бўлади! Ахир бу мухлисларни биз меҳнат қилиб, қанча тер тўкиб топганмиз! Бу кунларга етиш осон бўлмаган! Буни йўқотиш эса, жуда ҳам ёмон! Бундан ташқари, “Тарона рекордс”даги раҳбарлар ҳам, “шундоқ ижод” ни ташлаб кетасизларми, деб тушунтиришди! Қолаверса, Нукус шаҳрида “Биз буюк юрт фарзандларимиз” Ёшлар фестивалига борганимизда ҳам, мухлисларнинг стадиондаги бақириб, олқишлашларини кўриб, руҳланиб, гуруҳни йўқотмасликка ва ижодга қайтишга қарор қилдик! Бунинг учун 4 ой давомида пухта тайёргарлик кўрдик! Мана ижодга қайтдик!
- Ўзингиз ҳозиргина 60 дан ортиқ қўшиқларга буюртма олганингизни айтдингиз. Буюртмаларни вақтида бажаролмай қолганингиз эса, кўпгина гап-cўзларни ҳам келтириб чиқарди. Бунга муносабатингиз?
- Муносабатимиз: бир тарафдан ачинасиз, чунки хонандаларимиз, ижодкорлар, бастакорларга “товар” кўзи билан қарашар экан! Чунки, бир завод товар чиқарса, масалан, сиз завод раҳбари бўлсангиз бир кунда қанча маҳсулот чиқаришингизни аниқ айта оласиз! Масалан, “мана бунча совун ёки телевизор” чиқара оламан, дейилади! Ижодда эса, бунинг иложи йўқ! Масалан, бир ҳафтада битта қўшиқ қилиб бераман, деганингиз билан у кайфиятга, илҳомга ҳам боғлиқ! Ўзлари ҳам ижодкор бўла туриб, шуни тушунишмагани, одамни ҳайратга солади. Қандай қилиб ижодкор аҳли, ижодкор аҳлини тушунмаса? Лекин, биз иложи борича вақтида қилиб беришга ҳаракат қилдик! Майли, ҳар хил низолар ҳам чиқди, энди чиқаётган хонандалардан, тушунмай судлашишгача бормоқчи бўлганлари ҳам бўлди, аммо биз ҳамма нарсани вақтида улгурдик! Биз аслида буюртмаларни очкўзлик қилиб олиб ташламаганмиз! Ўзи аслида масалан, йил давомида бир мусиқий альбом, деб келишилган бўлса, хонандаларнинг концерти яқинлашса, “тезроқ бўл” деб, шошира бошлашади. Буни хонандалар яхши тушунишади. Шундай ҳолатлар, шошириб қўйди! Энди келажакда бундай ҳолатлар қайтарилмаслигини кўз-қулоқ бўлиб назорат қиламиз! Қолаверса, эндиликда гуруҳимиз фақат ўзи учун ижод қилади! Энг охирги буюртмаларнинг ҳаммаси битказилади ва гуруҳ бошқалар учун ижод қилмайди!
- Демак, бундан кейин бошқа хонандаларга қўшиқлар ёзиб бермайсизлар?
- Ҳа! Эндиликда шундай! Бошқалар учун бошқа қўшиқ ёзмаймиз! Ўзимиз учун ижод қиламиз!
- Бу қанча муддатга? Ёки...
- Бу аниқ! Гуруҳ ўзи учун ижод қилади! Ҳозирча, шундай ниятдамиз! Келажакда, (ўйланиб қолишади) билмадик... Вақт кўрсатади! Лекин, чиндан ҳам келажакка кафолат бериб бўлмайди! Лекин, гуруҳ яна аввалгидек муваффақиятли ижод қилиб, машҳур бўлиб кетса, балки яна ўйлаб кўрармиз! Аммо, ҳозир аниқ ўзимиз учун ижод қилмоқчимиз! Очиқ айтамиз, мана шунча хит қўшиқлар ёздик, ўша қўшиқларни балки ўзимиз куйлаганимизда, янада хит бўлиб, гуруҳимизнинг нуфузи ошган бўлармиди, деган фикрлар ҳам бор-да! Буни биз аввал ҳеч кимга айтмагандик, биринчи бўлиб, сизга айтяпмиз!
- Бу гапингиздан келиб чиқадики, ўз ижодингиздан кўнглингиз тўлмадими?
- Йўқ, кўнглимиз тўларди! Лекин, бизнинг ниятимиз, ўзбек шоубизнесини кўтариш эди! Яъни, ҳаммага сифатли қўшиқлар қилиб бериш. Бу катта гапириш эмас! Биз ўзимизни профессионал, деб ўйламаймиз! Лекин, ёшларбоп, халқбоп қўшиқлар қилишга ҳаракат қилганмиз! Ўзбек санъатида ўзимизнинг йўналиш бўлсин, ўз ҳиссамизни қўшайлик, деган фикрлар бўлган! Лекин, қўшиқ ҳам эгасини танлайди, барибир. Шундай қўшиқлар борки, гуруҳ куйласа хит бўлади, шундай қўшиқлар борки уни фақат яккахон хонанда айтиши керак! Қўшиқ ижодкорга ярашиши ҳам керак!
- Сизлар ҳақингизда, “Тарона рекордс” билан ҳамкорликни тўхтатишди, келиша олмай қолишди, деган гапларни ҳам эшитдик! Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Бу гаплар ҳақиқатга сал яқинроқ, лекин 100 фоиз эмас! Чунки, биз “Тарона рекордс” билан келиша олмай қолганимиз йўқ! Фақат шартномамиз муддати тугаган эди! 2015 йил июль ойида шартнома муддати тугади ва биз қайта шартнома туздик! Шартнома тугагани боис, “Тарона рекордс” барча давлат муассасалари ва ташкилотларга хат билан буни маълум қилиши керак эди. Бизга шартномани давом эттириш-эттирмаслик ҳақида савол беришганида, “ўйлаб кўрамиз” дегандик. Чунки, бошида айтдим-ку, ўшанда гуруҳни тўхтатиш ҳақида ҳам ўйлаётгандик. Ўша пайтда, мана шундай гап-сўзлар тарқалди! Биз ҳар доим айтганмиз, “Тарона рекордс” “Беном” гуруҳининг кўтарилишига сабаб бўлган ташкилот! Агар “Тарона рекордс” бўлмаганида, “Беном” гуруҳи кўтарила олмасди, деган ўзимизда қатъий фикр бор! Шунинг учун ҳам, “дарахт бир жойда кўкаради” деб, шартномани давом эттирдик! Шартнома эса, сентябрь ойидан бошлаб давом эттирилди! Ўзи аслида “Салом” қўшиғимизни премьера қилганимизда ҳам ҳамкорлик бор эди! Эндиликда шартнома узоқ муддатга тузилган, олдида катта лойиҳалар ўйланмоқда! “Тарона рекордс” 2010 йилдан буён ҳамкорликдамиз!
- Ҳозирги кунда бир вақтнинг ўзида Шахзода ва Райҳон билан ҳамкорликдасизлар! Бу жараён қандай кечмоқда?
- (самимий кулишади) Жуда ҳам қалтис савол бўлди! Тўғрисини айтамиз, жуда ҳам қийин! Чунки, иккови ҳам катта мега хонандалар! Уларни бирини биридан устун қўйишнинг иложи йўқ! Қийин кечаётган жиҳати, биз албатта, бир-бирига ўхшамаган тароналар қилмоқдамиз! Бу жараён ўзимизга ҳам жуда қизиқ! Бу икки зўр хонандаларнинг битта бастакор билан ишлаши, четдан қизиқ бўлмоқда!
- Уларнинг қўшиқлари бир-бирига ўхшаб қолмаслиги, бир хиллик бўлиб қолмаслиги учун қанчалик ҳаракат қиляпсизлар?
- Ўзи биз азалдан бир нарсага аҳамият берамиз. Бошқа бастакорларда ўз йўналиши бор ва масалан, икки хонандага қўшиқлар ёзишса, қўшиқларидан бир хиллик сезилади, биласиз, битта бастакор ёзган! Эшитсангиз, биттада мана шу ижодкор қилиб берган, дейсиз. Биз эса, бошидан ижодимиз бир-бирини қайтармаслигига эътибор берамиз! Фақат, эксклюзив тарзда бундай ҳолатлар бўлган, яъни, Шахзода “Сени севаман” қўшиғимизга ўхшатиб қўшиқ қилиб беринглар, деганда, “Юрак соғинар” деган қўшиқ қилинган. Энди бу, Шахзоданинг талаби бўлган! Қўшиқ ёққан ва ўхшаса ҳам, қилиб беринглар, дейилган. Лекин, бундай ҳолатлар кўп бўлмаган! Энди эса, Шахзода ва Райхонга ёзаётган қўшиқларимиз ўхшаш бўлиб қолмаслиги учун бунга 2 карра куч билан ёндошмоқдамиз!
- Икки хонанданинг вақти бир пайтга тўғри келиб қолаётган ҳолат бўлмаяптими мабодо?
- Бундай вақтлар ҳам бўлмоқда, бундай пайтда иккаламиз, иккига бўлиниб ишламоқдамиз. Ҳозирги кунда Комил ҳам, мусиқа ёзиш билан банд! Иккаламиз ҳам улгуряпмиз!
- Шундай пайтларда, бўлинишга тўғри келганда, қайси бирингиз, қайси хонанда билан ишлаяпсиз?
Сарвар: - Бундай вақт бўлиб қолганда, мен Райҳон билан, Комил эса Шахзода билан ишламоқда!
- Гуруҳингизни бошқа гуруҳлар ва хонандалардан ажралиб турган жиҳати? Бастакорликдан ташқари?
- Тўғри, ўзи бастакорлик бизни алоҳида касбимиз! Биз ўзимиз ҳам гуруҳни ва бастакорлик алоҳида-алоҳида кўрамиз! Гуруҳ тарафлама ажралиб турадиган жиҳатимиз, ижодни бошлаганимизда, 3-4 та кўзга кўринган гуруҳ бўларди. Ижодимиз гуллаганида эса, гуруҳлар сони шу даражада кўпайгандики, ақлга сиғмайдиган даражада эди! Яна, профессионал бўлмаган тарздагилар ҳам жуда кўп эди! Шундай давом этармикан, деб ўйлагандик ҳам. Менимча, ажралиб турадиган жиҳатимиз, бугунги кунгача гуруҳимизнинг мавжудлиги бўлса керак! Ҳозир эса, гуруҳлар сони жуда камайиб кетди! Биз эса, гуруҳимиздаги барқарорликни сақлаб қола олдик, деб ўйлаймиз.
- Шахзода билан анчадан буён ижодий ҳамкорликдасизлар, Райҳон билан эса, ижодий ҳамкорликни энди бошладингиз. Райҳонни бу ижодий ҳамкорликдан қанчалик кўнгли тўлди?
- Райҳоннинг ўзини бизга айтиши бўйича, у жуда ҳам хурсанд! Биз ҳам Райҳон билан дўстлик тарафлама яқин дўст бўлиб қолдик! Райҳон, “мен бошқа бастакорлар билан ишлашим мумкин, лекин у бастакорлар билан сизларчалик яқин бўла олмайман”, деган фикрларни ҳам билдирди. Райҳонга деярли ҳар куни бастакорлардан таклифлар тушади. Ҳаттоки, “текинга мусиқий альбом ёзиб берамиз” деганлари ҳам, машҳурлари ҳам борлигини ўзи ҳам айтган. Энди, бизни ижодий ҳамкорликдан у хурсанд ва ҳар гал янги қўшиқни тайёрлаб берганимизда, хурсандчилик билан кутиб олмоқда!
- Ижодкор сифатида ўзингиз тўғрисини айтинг, қайси бири билан ишлаш қийинроқ?
- Иккови билан ҳам ишлаш қийин! Чунки, иккаласини ҳам ўзига яраша талабчанлиги бор! Мисол, Шахзодада талабчанлик сўз тарафлама! Райҳонда эса, куй тарафлама! Қандайдир бир-бирини қайтармаган ҳолда, талабчанлиги бор! “Нимага сиз кўрсатган қўшиқ бошқача эдию, студиядан кейин бошқача бўлиб қолди? Сизники ёқимлироқ эди!” каби талаблари, шу каби тарафлари бор! Уларнинг жуда талабчанлигини кўриб, биз ҳам шоу бизнесда, ижодда ҳақиқий талабчан ижодкорларгина охиригача қолишини, тушуниб етдик!
- Негадир администраторингиз Баҳрул сизлардан чиқиб кетиб, яна қайтди?
- Бошқа гуруҳларда тарқалиш, гуруҳни тугатиш ҳақидаги гаплар бўлганда, бу каби маълумотлар охиригача, оммага чиқиб кетмаган! Бизда эса, “Беном” гуруҳи ажралади, тугатилади, деган гаплар оммага чиқиб кетгач, буни Баҳрулдан кўрдик! Бу хабар бошқа кимдан чиқади, бошқалардан бу гап чиқмайди, деган фикрлар бўлди. Бошқа тарафдан эса, бошқа ижодкорларни ҳам кўрсин, амалиёт бўлсин, тажрибасини оширсин, деган фикр ҳам бўлди. Баҳрулнинг ўзи ҳам, биз уни қайтариб олишимиз мумкинлигини билмаган эди! 3 ой давомида у бошқалар билан ҳам ишлаб, тажриба орттирди, ижод тарафлама ҳам ўсди! Шунчалик ўзгариб, бошқа янги нафас билан ижодга қайтдики, ундан, ишидан жуда ҳам қониқяпмиз!
- Демак, қайсидир маънода Баҳрулнинг чиқиб кетишига сир сақлай олмагани ҳам сабаб бўлибди-да!
- Бир тарафдан, ҳа! Лекин, иккинчи тарафдан Баҳрул ўзимизни укамиз, уни йўқотиш ниятимиз ҳам йўқ эди! Айтдим-ку, тажрибасини оширсин, бошқаларда ҳам ишлаб кўрсин, деган фикрда чиқариб юбордик. Агар кўрсангиз, бошқалар администратори чиқиб кетса, ҳаммаёққа жар солишади! Лекин, биз ундай қилмадик, чунки умуман уни йўқотиш, режамизда йўқ эди!
- “Беном” гуруҳи Сарвар ва Комил энди продюсерлик фаолиятини ҳам олиб боряптими?
- Ҳа, янги лойиҳамиз бор, исми Парвиз, у билан бир неча дуэтлар ҳам куйланди. Жуда ҳам тиришқоқ, ижодга чанқоқ, изланувчан бола! Шоу бизнесга ўзгача янги нафас билан кириб келиши кутилмоқда!
- “Диёр” гуруҳи билан ҳамкорлик қандай кечмоқда?
- “Диёр” гуруҳининг продюсери анча йиллар олдин, ижодни энди ҳаваскорлик тарзида бошлаган вақтларимизда жуда ҳам кўмаклашган инсон! Вилоятлараро биринчи концертларимизда жуда ҳам яқиндан ёрдам кўрсатган! Кейин у инсон, “Диёр” гуруҳини чиқарамиз, деган таклиф билан келдилар. Шу тарзда ижодий ҳамкорлик бошлаганмиз! Улар ҳозирда бошқа ижодкорлардан ҳам қўшиқлар олишмоқда, лекин биз ҳам қўшиқлар ёзиб беряпмиз! Уларни бошқалардан ҳам қўшиқлар олаётганининг сабаби, бизнинг улгура олмаётганлигимиз! Лекин, ижодий ҳамкорлигимиз бор, ҳар доим уларнинг ижодига қизиқамиз! Уларнинг ҳам бир неча янги қўшиқлари студияда тайёр бўлмоқда ва тез кунларда премьералари кутилмоқда!
- “Беном” ва “Диёр” гуруҳлари дуэт куйлашлари мумкинми?
- Албатта! Умуман, “Беном” гуруҳи ҳоҳлаган хонандалар билан дуэт куйлашлари мумкин. Фақат, ўша хонандани ҳаққоний шоу бизнесга чанқоқлиги бўлса, ижоди бўлса! Кимлар билан дуэт айтишимизни эса, келажакда вақт кўрсатади!
- Агар дуэт куйласангиз, биринчи навбатда нимага аҳамият берасизлар?
- Дуэт куйлаганда биринчи навбатда ўша хонанданинг йўналишига, ўзи қандай йўналишда дуэт куйлагиси келаётганига аҳамият берамиз! Агар ўша йўналиш бизга тўғри келса, овоз мос тушса, албатта куйлаймиз. Масалан, Парвиз билан дуэт куйлашимиз шундай бўлганки, ўша қўшиқни рэпсиз тасаввур қилишнинг иложи бўлмаган! Ўша жойига рэп қўшилганига “ким рэп куйлайди?” деб, Парвизни танлаб куйлаганмиз. Чунки, у пайтда Шаҳриёр бошқа давлатда эди. У ҳам яхши дўстимиз, лекин у бўлмагнига, Парвиз билан куйлаганмиз! Айтмоқчимизки, ўша қўшиқда ўша инсоннинг ўрни сезилса, ўша дуэт албатта куйланади.
- Янги фильм суратга олиш, роллар ижро этиш ниятингиз борми?
- Ўзи “Юрак йиғлар” фильмимизни бунчалик оммалашиши ва муваффақиятини кутмаган эдик! Ҳаттоки, телефон номерларимизни топиб, қўнғироқ қилиб, фикрларини айтганлар, миннатдорчилик билдирганлар ҳам бўлди. Ҳозирда бизни ҳаттоки кўчада ҳам ўша фильм қаҳрамонларининг номлари билан Али ва Беҳруз деб ҳам чақиришмоқда! Администраторимиз Баҳрул ҳам яхши актёр, актёрликка ўқиган, уни ҳам тўйларга борсак, Рустам, деб фильмдаги номи билан чақиришмоқда. Энди мухлисларнинг талабларига кўра, “давомини олинглар” ҳам дейишмоқда. Кўрамиз, балки талабларга биноан давомини олармиз, ёки янги фильм суратга оламиз. Ҳозирги кунда яхши сценарий борасида ўйлаяпмиз.
- Сарвар сиз фильм учун озганмидингиз? Энди эса, яна тўлишибсиз!
Сарвар: - (кулади) Албатта! Фильм учун озганман! 20 кило озишга тўғри келган! Энди биласиз, фильм бошидан суратга олинмайди! Баъзида ярмидан, охиридан қилиб суратга олинади. Суратга олиш ишлари объектма объект бўлгани учун ҳам, фильмда ҳар хил кўриниб қолганман. Чунки, озиш жараёнлари кетаётган эди. (кулади) Қаҳрамоним озғинроқ йигит эди. Озиш мен учун жуда ҳам қийин кечган! Ҳаттоки, 10-20 кунлаб, фақат сув ичиб, оч юришимга тўғри келган! Чунки, тез озишим керак эди! Охирги суратга олиш ишлари тугаши билан, “стоп” бўлди, суратга олиш тугади, дейишлари билан овқатланишни бошладим! (кулади) Кейин қарабсизки, аввалгидан 2 баробар кўпроқ вазн йиғиб олдим! Шифокорларнинг айтишича, бунақа озиш жуда ҳам зарарли бўлган экан! Мен эса буни билмаганман, шифокорлар билан маслаҳатлашмай ўзимча озмоқчи бўлганман! Шунинг учун ҳам, ҳозирги кунда шифокорлар билан маслаҳатлашиб, кўриклардан ўтиб, уларнинг маслаҳатларига кўра, махсус парҳез ва спорт билан озмоқчиман! Чунки, тўғриси, (кулади) ҳозирда жуда ҳам тўлишиб кетганман ва асосий мавзу, муаммо мен учун озиш бўлмоқда!
- Олдин қанча вазнда эдингизу ҳозир-чи?
- (кулади) Айтмайман! Сир, мухлислар эшитса, қўрқиб кетишади!
- Ўзингиз учун янги мусиқий альбом ҳам тайёрлаяпсизларми?
- Ўзимизга янги мусиқий альбомни аллақачон тайёрлаб қўйдик! Чунки, ижодий танаффусда барибир янги ғоялар, фикрлар келди! Янги мусиқий альбомимиз “Салом” деб номланиб, 18 та янги қўшиқ жой олган.
- Концерт бериш масаласи нима бўлмоқда?
- Бизда концерт бериш нияти, доим бўлган. Лекин, биз шошмаганмизю Бу ижодкорнинг карьерасида жуда ҳам катта нарса, деб ўйлаймиз. Чиқиб, шунчаки фонограммада концерт беришни эп билмаймиз, мухлислар фонограммани уйда ҳам эшитишлари мумкин. Альбомни сотиб олиб, уйда тинглашлари, клипларингизни кўришлари мумкин. Шунинг учун ҳам, биз пухта тайёргарлик кўриб, жонли ижрода концерт бермоқчимиз. Ҳозирги кундаги техникалар миллий эстрадада жонли ижрода куйлашга жавоб беради, лекин замонавий эстрадада куйлаш учун талабга жавоб бермайди! Биз эса, замонавий, модерн тарзидаги электрон мусиқалардан фойдаланганлигимиз, учун озгина талабга жавоб бермаслиги бор! Шунинг учун ҳам, биз энди ўша техникаларни йиғиб, тайёр турибмиз ва баҳор фаслига концертимиз бўлиши мумкин! 100 фоиз жонли ижрода бўлади!
- “Беном” гуруҳи эндиликда тўй ва тадбирларда фақат жонли ижрода куйлайди, деган гап бўлганди!
- Гуруҳимиз ижодга қайтганидан бери ҳаммаёқда жонли ижрода куйламоқдамиз! Масалан, “Попкорн” тақдимотида ҳам, “Юрак йиғлар” қўшиғимизни жонли ижрода куйлаганмиз.
- “Беном” гуруҳи ўз студиясини очдими?
- “Беном медиа продакшн” ижодий жамоасимиз. Бу барча эстрада вакилларимизга қўшиқлар ёзиб бериш, янги ғоялар, янги йўналиш, ҳаммаси бизда мужассам бўлганлиги учун ҳам, “Беном медиа” очдик. Қолаверса, бир нечта лойиҳалар бор, шогирдлар ҳам келмоқда. Ўзимиз ҳали шогирдмиз, десак ҳам, “сизнинг ёрдамингиз билан чиқмоқчимиз” деб келаётган кўп бўлганлиги учун, шундай ижодий марказ очдик.
- “Беном” гуруҳининг мақсади нима?
- Гуруҳимизнинг биринчи мақсади, биринчи навбатда Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш! Масалан, Араш Эронийлар ичида биринчи бўлиб чиққан санъаткор! Ёки турклардан Таркан чиққан. Бизнинг ҳам мақсадимиз, ана шундай йўналишда чиқиш! Яъни, модерн тарзида, дунё ёшлари ичида машҳур бўлиш ниятимиз бор. Албатта, яхши ният ярим мол, дейишади. Бастакор сифатида мақсадимиз эса, дунё бўйича янги йўналиш яратиш! Ҳар доим шу ўйлов билан бандмиз.
- Ижод учун нимадан воз кеча олмасдингиз?
Сарвар: - Биз ижод учун ҳамма нарсадан воз кечганмиз! Масалан, мен ўзим Дипломатия университетига шартнома асосида ўқишга кирган эдим! Уйдагиларни “ўқияпман” деб, алдаб, ижод учун ўқишни ташлаганман! Қўшиқлар ёзиб, ҳаётда ўзимиз меҳнат қилиб, ўз ўрнимизни топдик. Кейинчалик, бизни уйдагилар ҳам тушунишди! Лекин, менимча, ижод учун оиладан, яқинлардан воз кеча олмасдик, деб ўйлайман. Яна ҳаётда, ижоддан ҳам муҳимроқ бўлган туйғулардан ҳам воз кеча олмасдик, балки? Комил эса, ҳаттоки футболдан воз кечган! Жуда яхши футболчи эди! Мен унга, “футбол ёки ижод?” футболни танласанг, ўйнайвер, мен Тошкентга кетдим, бастакор бўламан, деганман.
Комил: - Нафақат футбол? Кўп нарсалардан воз кечишга тўғри келганди... Мен ҳам, Санъат институтига ўқишга кирдим, деганман. Аслида эса, қўшиқлар ёзиш, ижод билан банд бўлганмиз! Бухоро лигасида жамоада, ҳужумчи эдим. Футболчиликдан ҳам воз кечишга тўғри келгани ҳалигача ёдимда! Ҳалигача тренерим “сендан яхши футболчи чиқарди, бекор ташлагансан!” дейдилар.
-Шоу бизнесда яқин дўстларингиз борми?
- Жуда кўп эди. Лекин, охирги пайтда, шундай нарса сезилдики, шоу бизнес қандайдир алоҳида гуруҳчаларга бўлиниб олгандек. Охирги вақт, ҳамманинг ўз доираси бўлиб қолибди. Бир йил танаффус қилиб, қайтсак, шу сабаб бўлдими, ишқилиб, шоу бизнесдан дўстларнинг тўйларига борсак, шу нарса сезилди. Қандайдир, улардан чиқиб кетганимизни ҳам сездик. Лекин, ҳақиқий дўстларимиз, шоу бизнесда ҳамкорлигимиз давом этаётган хонандалар! Энг яқин дўстларимиз шулар, масалан, Муниса Ризаева билан жуда яқинмиз, у қўшиқларини оммага тақдим этмаган вақти, ҳар доим бирга эдик. Ўша “Қизалоқ” клипи ҳам унинг уйида суратга туширилган. Лола билан опа-укалар даражасида яқинмиз. Ҳаттоки, ҳар бир қўшиғини, клипи борасида, маслаҳатлашиб туради. Шахзода, Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаев, Шаҳриёр, Муҳаммадали Искандаров билан жуда яқин дўстмиз! Райҳон билан ҳам яқин дўст бўлиб қолдик.
- Қайси қўшиқларингиз икковингизни ҳам ҳаётингиздан олинган?
- Ёшликдаги севги ҳақидаги қўшиқларимиз! Улар мактабдаги севги ҳақида! Масалан, “Дард” қўшиғи! Лекин, қайси биримизнинг ҳаётимиздан олинганлиги, сир! “Сени севаман” қўшиғи ҳам шундай. Ўзи ҳамма қўшиқларимиз ҳаётдан олинган, ўз ҳаётимиз эмас, мухлислар ҳаётидан, чунки улар бизга хат ёзишади, ўз ҳаётларини, воеқаларни ёзишади, масалан, бир вақтнинг ўзида “бизнинг исмимизга қўшиқ айтинг” деб, 50 тача қиздан хат келган! Биз ҳам, “Нотаниш қиз” қўшиғида ҳамманинг исмини олиб айтдик! “Ёғади ёмғир” қўшиғи ҳам, келган бир хат асосида қилинган қўшиқ!
- Айнан ўша, “Ёғади ёмғир” қўшиғингиз ва унинг клипи ҳақида ҳар хил фикрлар бўлди! Бизнинг менталитетда ота-она ҳеч қачон ўз фарзандига ёмонлик тиламайди! Тўғри, сизлар ўша хат ёзган инсон ҳолатини қўшиқ ва клип орқали етказиб бердингиз. Аммо, ўзингизнинг бу борадаги шахсий фикрингиз қандай бўлди? Шу инсон ўрнида бўлсангиз, нима қилардингиз, ёки қандай маслаҳат берардингиз унга?
- Маслаҳатимизни ўша клипда акс эттиришга ҳаракат қилдик. Қандай қилиб? Ҳадеб бир нарсани таъқиқлайверсанг, одамни айнан ўша нарсани қилгиси келиб қолади. Чунки, таъқиқланган нарса шириндек туюлади. Ўша клипимиз ортидан танқидлар ҳам бўлди, “Ўзбекчиликка тўғри келмайдиган клип қилибсизлар” ҳам дейишди. Йўқ, биз клип орқали, бунинг ёмон оқибатини кўрсатиб бермоқчи бўлдик! Масалан, ҳинд фильмларида ёшлар, бирга қочиб кетиб, бахтли бўлиб, охирида ота-онаси кечирганини кўриб, ҳаётда ҳам шундай, деб хато ўйлашади! Биз эса, клипда реал ҳаётда бу нарсани қандай бўлишини, қандай қийинчиликлар келтиришини кўрсатдик! Бир йигит, бир қизни уйидан олиб қочиб кетса, уни нималар кутишини, нималарга тайёр бўлиши керак, нималар юз бериши мумкинлигини, намоён қилдик! Бунинг қандай катта хатолигини, охирини ўйлаб иш қилиш кераклигини клипда кўрсатмоқчи бўлдик! Барибир ҳам эриша олмайсан, чунки, ёшсан, бир ишнинг бошини тутмай, мустақил, масъулиятли бўлмай туриб, қўлингдан ҳеч нарса келмайди, деган фикр бор эди! Бу ўша ўзимизнинг менталитетда бўлаётган воқеа! Бу ҳодисани Қашқадарёлик мухлисимиз ёзганди, бу бўлган воқеа, ўша йигитни қизнинг ота-онаси судга берган экан! Биз клипда у ёғигача кўрсатмадик. Ўша йигит омон қолган бўлса ҳам, севгисини йўқотган! Агар ўша рақибига ўхшаб, тўғриликча, совчи қўйиб, тушунтирганида, балки қизнинг ота-онаси рози бўлишган бўлармиди? Ота-она рози бўлмаса ҳам, балки вақт ўтиб, кўндириш мумкинмиди? Муҳаббатига тўғри йўл билан курашиши керак эди!
- Ўзингизни четдан танқид қила оласизларми?
Сарвар: -О, албатта! Масалан, Комил мени доим, “семириб кетяпсан!” деб, танқид қилади! (кулади) Комил эса, охирги вақтларда ялқов бўлган! Бугунги куни ўтса бўлди, дейди, баъзида. Мен уни яна эътиборсизроқ, деб танқид қиламан. У мени ташқи кўринишим жиҳатидан, мен эса уни характер тарафлама танқид қилади. Ўзимизни кўп танқид қиламиз, ҳар бир қўшиқ ҳақида ўйлаймиз. Шу қўшиқ бизга ярашармикан, деган фикр бўлади. Энди эса, ижодда танқидни ҳам, ҳар бир нарсани кўриш керак экан, деб ўйлайман. Масалан, танқиддан йиқилиш керак эмас, туриб яна ва яна ҳаракат қилиш керак! Халқнинг реакциясини билиш керак!
- Орангизда келишмовчилик бўлиб қолса, ким биринчи узр сўрайди?
- Иккаламиз ҳам, “бўпти, эртага гаплашамиз” деб, ён берамиз. Бу бошқа энди чиқаётган гуруҳларга ҳам сабоқ бўлса керак. Гуруҳ бўлиш қийин, чунки икки инсоннинг характери ҳам, ҳоҳишлари ҳам ҳар хил бўлади. Келишиб ишлаш керак! Биз болаликдан дўст бўлиб, битта мактабда ўқиганимиз учун, келишиб олганмиз. Келишмовчилик бўлдими, мавзуни, гапни тўхтатиб, эртаси куни, тинчлангач гаплашиб оламиз. Чунки, инсоннинг жаҳли чиқса, нима қилаётганини билмай қолиши мумкин. Шунинг учун, асабийлашсанг, гапни тўхтатиш керак. Жаҳлдан тушгач, ўйлаб кўриш керак. Тўғри, бизда шундай кунлар ҳам бўлган, муштлашиб кетганмиз, ҳаттоки! Ажратишга одам ҳам йўқ! (кулади) Бир-биримизни уриб, кейин эса, 2 соатдан кейин роса кулганмиз! “Хумордан чиқдингми? бўлди” деб, яна ҳеч нарса бўлмагандек ярашиб, гаплашиб кетганмиз! Дўстлигимиз, ана шундай ҳақиқий эркакча, ака-укадек дўстлик!
- Битта қўшиқ ёзишингиз учун қанча вақт кетади?
Сарвар: - Масалан, Лоланинг “Love me” қўшиғини олсак, Лола бу қўшиқни буюртма бергач, 3 кун ўтиб, телефонда “қўшиқ тайёрми, уйингизга кетяпман, 20 минутда бораман” деган. Ўшанда, қўшиқни Лола келгунча, қўшиқнинг демо вариантини 20 минутда тайёрлаганмиз. У келиб қўшиқни тинглаган, ёққан ва “зўр қўшиқ бўлибди, узоқ вақт кетган бўлса керак-а?” деган. Мен ҳам сир бой бермай, “ҳа, кўп ўйладим” деганман! Қўшиққа кетган вақтни, мана энди айтяпмиз! Қўшиққа ўша куни кечаси шеър ёзиб, қўшиқнинг ўзи бутунлай 3 кунда тайёр бўлган! Ҳаммаси илҳомга боғлиқ! Энг узоқ ёзилган қўшиғимиз эса, Шахзоданинг “Қора кўзларинг” қўшиғи бўлган! Бу Шахзодага ёзган биринчи қўшиғимиз эди, 2 ой давомида ёзилган, чунки биз ўшанда Шахзодага нима ёқишини билмасдик. Бир неча марта ўзгартирганмиз, лекин натижаси муваффақиятли чиққан! Биласизми, бир секундда кўз олдингизга келган қўшиқлар бўлади, фақат уларга техникада, керакли овозларни топиб, қилишингизга вақт кетади.
- Қўшиқ буюртмачига ёқмаган вақтлари ҳам бўладими?
Сарвар: - Унда ўзгартирилади. Бунақаси лекин, жуда кам бўлади. Райҳонга аталган тўйбоп бир қўшиқ, бошида унга ёқмаган эди. Ўша куни офисдан у жуда ҳам хафа бўлиб чиқиб кетди. “Ҳамманикига ўхшаб қолибди” деди. Лекин, ўзи шундай қўшиқ буюртма қилганди. Ўшанда, битта қўшиқ биттада хаёлга келди, шундоқ ёзиб, телефон қилиб чақирдим. Бир соатда қайтиб келишди. Келиб, тинглаганда қўшиқ ёқди! Шу тарзда “Дилимо” қўшиғи пайдо бўлди! Шунақаси ҳам бўлади.
- Аввалги ижод ва бугунгисининг фарқи?
- Аввалги ижодимиз, озгина жиддийроқ ва ҳар хил мавзуларга қўл уришга қўрқардик! Ижод фақат саҳнада, деб ўйлардик. Ҳар бир вилоятнинг тўйлари ҳар хил экан. Биз ҳам ҳар хил тўйларда бўлдик. Ҳар хил концертларда иштирок этдик. Бошқа юртларда ҳам бўлдик. У ердаги юртдошларимизни кўрдик, ижодий талабларини эшитдик. Ҳаёт ҳар доим сиқилишлардан иборат эмаслигини, ҳаётнинг гўзал тарафларини кўрдик. Шундан сўнг, шўх-шодон тароналар куйлашга ўтдик! Ҳозир, шундай тароналар куйлаш билан бандмиз! Яқиндан “Рақс тушар” қўшиғимиз ҳам чиқди, бу қўшиқ ўзбегимнинг тўйлари, тўйларда бўладиган қизиқарли воқеалар ҳақида!
- Тошкентдаги ижодингиз қандай бошлангани ёдингиздами?
Сарвар: - 2002 йилда Тошкентда ижод бошлаганмиз. Ёдгор Мирзажоновга “Эркалай мени” қўшиғини ёзиб берганмиз. Ўша қўшиқнинг орасида, мен тожикча рэп айтганман. Фақат клипида бошқа бола чиққан. 2010 йилда эса, “Тарона” компанияси билан шартнома тузганмиз. 8 йил давомида қўшиқлар қилиб ўзимизни кўрсатганмиз. Биринчи марта келганимизда, 2002 йил “Тарона” компанияси бизни олмаган, шартнома қила олмаганмиз, қайтаришган. Кейин, “Шарқоний” гуруҳига кастинг бўлганда ҳам борганмиз. Яна қабул қилишмаган. 8 йил давомида, “Тарона” билан шартнома тузмоқчи бўлганмиз, ниҳоят 2010 йилда қабул қилишган! Шартнома тузилганда, қувончимизнинг чегараси бўлмаган! Интилган инсон, албатта мақсадига эришишига амин бўлганмиз!
- Ижод бошлаганингизга 13 йил бўлибди! Шу ўтган йиллар сизларни қанчалик “тарбиялади”?
Сарвар: - Ҳаётда жуда кўп нарсаларни кўрдик. Уйдагилар бир нарсани айтишарди: “Ўғлим, қайси бир соҳада бўлсанг ҳам, ўша соҳани биринчи рақамлиси бўлгин, ёки ўша соҳада ишламагин!” Биз мана шу 13 йил давомида, фақат ижод, қўшиқ ёзиш билан ўзимизни тарбиялаб бордик. Масалан, мени “Энг зўр бастакор” бўлиш ниятим бор эди. 2012 йил бир йўла 2 та номинация бўйича “Энг яхши бастакор” бўлиб, мукофотга лойиқ топилдим! Бунга албатта, меҳнат орқали эришилди! Бизда битта одат, таҳлил қилиш одати бор! Масалан, биринчи рақамли санъаткордан бошлаб, энди бошлаган хонандагача ижодини таҳлил қилиб кузатамиз. Ким нима ижод қиляпти, халққа нима ёқяпти?
- Танаффусдан сўнг, “Салом” таронасини чиқардингиз. Бу тарона ўзингизга қандайдир бир бегона туюлмадими?
Сарвар: - Бегонадек туюлди. Ҳаттоки, Комил билан тортишдик, у бошқа қўшиқ тарафдори бўлди. Бу қўшиқни менга битта тарафи, “Салом” деган сўзи ёққанди. Танаффусда эдик ва Шахзоданинг концертига тушганимизда, бошида неча йиллик хит “Ассалому алайкум” қўшиғи билан чиқдилар. Ўшанда хаёлга келди, ижодимизда “Салом” деган қўшиқ йўқ экан! Шунда, танаффусдан кейин бошқа қўшиқ билан кириб келинса, бўлмайди, деб ўйладим. Шунинг учун ҳам, танаффусдан сўнг, “Салом” деб, шу қўшиқ билан кириб келдик. Ҳозирда тўйларда ҳатто катта ёшли онахонларга ҳам маъқул бўлмоқда!
- Бу қўшиққа “ўзга сайёраликлар” аралашган клип суратга олиш кимнинг ғояси бўлди?
Сарвар: - Бу Комилнинг фикри! Қўшиқ мухлисларга ёққач, Комил клипини мен қиламан, деди.
- Оила қургач, дунёқарашингиз қанчалик ўзгарди?
Сарвар: - Оила қургач, иккимизда ҳам масъулият пайдо бўлди. Лекин, жуда катта ўзгариш бўлгани йўқ, чунки ҳар қандай инсон тўйдан олдин тайёргарлик кўрар экан, яъни тўйгача одам ўзгариб бўлар экан! Ҳамма нарсани ўйлаб кўрар экан!
- Рафиқангизга қандайдир бир шарт қўйдингизми, ёки улар томонидан ҳам сизларга бир шарт ёки илтимослар бўлдими?
-Жуда катта бир шарт ёки илтимослар бўлмадию, лекин табиийки ҳаётда охиригача бирга бориш, деган яхши ниятлар бўлди! Энди санъаткорлар ҳадеб гастролларда бўлганигами, омма орасида бўлганигами, жуда бир рашк кучли бўлар эканми, шунинг учун ҳам биз тарафдан битта шарт, яъни ишламайсизлар, уйда оила бекаси бўласизлар, дедик.
- Бундан келиб чиқадики, икковингиз ҳам оилада жуда рашкчисизлар?
Сарвар: - (кулади) Жуда! Бу тарафлама, икковимизнинг ҳам рафиқаларимизга жуда қийин!
- Икковингиз ҳам бир йилда ва деярли олдинма-кетин уйландингиз? Буни атайлаб қилдингизми? Ният қилганмидингизлар?
Сарвар: - Бундай ният йўқ эди! Кимники тўғри келса, ўшани тўйи бўлиши керак эди. Лекин, мени тўйим ўтгач, Комил ёлғизланиб қолдими, билмайман, чунки дўстлик тарафлама, ижод тарафлама, кўп вақт биз бирга эдик. Унга шуни таъсири сезилдими, кейин у ҳам тўйни тезлаштириб юборди!
- Икковингизни ҳам, рафиқаларингиз билан муҳаббат қиссаларингиз қандай кечган?
Сарвар: - Бу жуда ҳам шахсий!
- Севги ёки совчи?
Сарвар: - Севги туфайли! Меники, 2011 йил Лоланинг концертида танишганмиз! Бир газетада Шахзоданинг концертида, деб хато бериб юборишибди. Аслида, 2011 йил, 11 октябрь куни, Лоланинг концертида! Шунинг учун, буни унутиб бўлмайди! Бу кун тўй кунимиздан ҳам эсда қоларли бўлган!
Комил: - Мен «Жоним» гуруҳига кастинг бўлган вақтда танишганман! 3 йилдан сўнг, турмуш қурдик!
- Қачон шу инсон тақдирингиз эканлигига амин бўлдингиз?
Сарвар: - Менда унутилмайдиган воқеалар жуда кўп бўлган! Бунчалик хотиралар билан, ажрала олмайман, деган нарса бўлди! Ҳаттоки, шундай бир воқеа бўлган, бир ўзим 5 та йигит билан муштлашганман! Уларни уриб ташлаганимни бутун институт кўриб, бир ҳафтадан сўнг, институтдаги “КВН” га шу нарсани олиб чиқишган! Бутун институт кўриб, қарсак чалиб олқишлашган, ҳаттоки ўқитувчилар ҳам! Чунки, ҳамма кўрган воқеа эди! Бутун институтга шов-шув бўлиб кетган! Қўл телефонларигача олишган, лекин яхши ҳамки, бу пайтда интернет бу қадар эмасди, унчалик тарқалмаган! (кулади) Бундай воқеалар яна бўлган, шунда амин бўлганман!
Комил: - Бир кўришда муҳаббат бўлган, бир кўрганимнинг ўзидаёқ, шу тақдиримдаги инсонлигини сезганман!
- Рафиқангизга турмушга чиқиш таклифини қандай айтгансиз?
Сарвар: - Адашмасам, Шахзоданинг концертидан чиққандан сўнг, бир чиройли жойга овқатланишга кирганмиз. Ўшанда айтганман, тўғриси, кутмаган экан, йиғлаб юборган!
Комил: - Мен айтишдан аввал, биринчи совчи юборганман! Кейин совчи боргач, телефон қилиб, “совчини мен юбордим” деганман!
- Қайнотангизни касбингизга муносабати қандай бўлди?
Сарвар: - Мени қайнотам, санъатга қизиқар эканлар, гуруҳимизни билар эканлар, шунга эшитиб, хурсанд бўлганлар. Биринчи кўришганимиз ҳам, жуда яхши кечган, мен уларга ўз ҳаётимни айтиб берганман, шундан сўнг мени шахсиятимга жуда катта қизиқиш пайдо бўлган. Жуда яхши инсон, яхши муносабатдамиз. Икковимизнинг ҳам рафиқаларимиз, Тошкентлик.
Комил: - Мен ҳам қайнотам билан жуда яхши муносабатдаман.
- Икковингизни рафиқаларингиз бир-бирларига овсин бўладими?
- Ҳа, овсин бўлишган! Жуда яхши, яқин муносабатда улар ҳам! Ҳозирги кунда қўшнимиз!
- Ҳозирги кундаги шоу бизнес ҳақидаги фикрларингиз?
Сарвар: - Ҳозирги кунда, шахсий фикрим, назаримда шоу бизнес керакмас бўлиб бораётгандек, бунга сабаб шу хонандалар, ўзимиз, деб ўйлайман! Мисол учун, баъзи хонандалар халқни куттиради ва кейин эса, ўша кутилган нарса билан қониқтирмайди! “Э, янгилиги шу эканми?” деган гаплар бўлади. Шунинг учун ҳам, халқимизга санъатга бўлган олдинги меҳрини, қизиқишини тилаб қоламан! Ўзининг санъаткорларига сал аҳамият билан қарашса, ўйламанг, бу биргина бизни гуруҳ эмас, ҳаммада шу нарса сезилаётгандек... Ҳамма хонанданинг дарди шу! Олдин, билмадим, хонандалар ҳам ўз устида бошқача ишлашармиди? Балки, эндиликда яхши бўлиб кетар? Хонандалар кўпайиб кетгандек! Кўпайиб кетса, қизиқиш ҳам қолмайди. Аввалги санъатга ташналик кўринмаётгандек... Шунинг учун ҳам, халқимизга эътиборли бўлишни тилайман! Халқимизда яна бир гап мода, “мен ўзимизникини эшитмайман, хорижни қўшиқларини тинглайман”, худди шундай қўшиқларни эшитса, унинг обрўсини ошадигандек! Масалан, мана биз ҳозир Россиялик хонандаларга қўшиқ ёзиб беряпмиз. Согдиана, Ёлкага қўшиқ ёзиб бердик, премьералари кутилмоқда! Чин дилдан астойдил ижод қилсанг, хорижликлар ҳам сени тинглайди. Агар ўзимизнинг қўшиқларни ҳам меҳр билан тинглашса, шундай зўр шедевр қўшиқлар борки! Инсон ўз юртининг фидоийси бўлиши керак! Ўшанда юксалиш бўлади!
Саида Вахобова
"Тасвир" газетасида чоп этилган