FATTOHHON.COM

« Все новости

УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ: ДЎСТЛАРИМ КЎПЛИГИДАН ФАХРЛАНАМАН!  22.06.2014 17:05

Foto (9)  

Улуғбек Раҳматуллаев замонавий эстрада йўналишидаги қўшиқлари билан тингловчилар кўнглини забт этган хонанда. Унинг қўшиқлари таъсирчанлиги ва ўзига хослиги билан ажралиб туради.

  Foto (11)

- Шу кунгача, Ватан олдидаги бурчингизни бир фарзанд каби қанчалик адо эта оляпман, деб ўйлайсиз?

- Ватан олдидаги қарзимни уза оляпман, ёки уздим, дейиш бу нотўғри фикр, деб ўйлайман. Менимча, Ватан олдидаги қарзни ҳеч қачон, ҳеч ким уза олмаса керак, назаримда. Ахир Ватан она каби муқаддас. Оддий бир мисол, онангизни ўз елкангизда опичлаб, 7 марта Ҳажга олиб бориб келсангиз ҳам, сизни деб, ярим тунда, уйқудан кечиб, сизга берган оқ сутини бир томчисини ҳам қарзини уза олмайсиз, дейишади. Ватан бу она! Бекорга, она Ватаним, дейишмайди. Шу Ватанда туғилиб, ўз меҳнатим билан Ватанимнинг яхши кунларида хизмат қилаётганлигим, унинг ривожланишига озгина бўлса ҳам, ўз ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилаётганлигим, мени қувонтиради! Шу юртда туғилганлигимдан фахрланаман! Ота-онам шу ерда, энг қадрли инсонларим шу ерда! Яқинда бир нарсани ўйлаб қолдим, Ватанимнинг қаерига бормай, қайси бурчагига бормай, шу қадар яхши, илиқ кутиб олишадики, уларнинг менга бўлган меҳри, ҳурматидан, менга мухлислигидан, менга самимий сўзлаб, эъзозлаётганларида, мен хаёлан ўзимни бутунлай бошқа, бегона бир юртда тасаввур қилиб кўрдим. Ўзимни, ўша ерда кимман, деб ўйлаб кўрдим. Ўша дақиқада билдим, бошқа юртда ҳеч кимман! Ўша онда ҳис қилдимки, менинг кимдирлигим сабабчиси, мана шу Ватаним! Мен Ватанимга керакман, шу юрт сабаб, мен машҳурман, шу юрт сабаб мен тинч яшаяпман, шу юрт сабаб шунчалик бахтиёрман! Ватанимда эришаётган ютуқларимга жавобан мен ҳеч қачон қарзимни уза олмайман! Лекин, қарзимни уза олмас эканман, деб индамай юриш ҳам нотўғри! Қарзимизни уза олмасак ҳам, ўзингдан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилиб, керакли инсон бўлиб, яшашга ҳаракат қилишим, бу мени Ватанимга керак бўлган инсонийлигимдир. Аммо, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳамма инсонлар ҳам ўз Ватанини яхши кўравермайди. Лекин, мен билган инсонлар, мен муомалада бўладиган инсонлар, менинг яқинларим, мухлисларим, ҳаммаси Ватанини яхши кўрадиган, Ватан учун жон фидо қиладиган инсонлар!  Мен учун энг кераклиси Ватанимга керакли бўлиш! Ватанимга керакли санъаткор бўлиб ўтишдан фахрланаман! Мен жаҳон саҳнасига чиқаман, деб хорижга чиқиб кетиб, ўша ерда кун кечириб, ўша ерларни забт этаман, деб юрган инсон эмасман! Шу юртда машҳур бўлдимми, шу юртга хизмат қилишим керак! Бошқа юртларга сафар билан бориб, у ерларда ўзбек халқи ҳақида яхши таассурот ва фикрлар уйғотиб, келиш бошқа нарса. Лекин, ҳеч қачон бошқа юртда яшаб қолиб, у юрт саҳнаси учун ижод қилмайман! Шу юртда туғилдимми, шу ерда яшаб, ижод қилиб, бахтли бўлиб, барча ютуқларга фақат шу юртда эришишни ҳоҳлайман!

 

- Хорижда кўп бўласиз, у ердан Ватанга қайтганингизда, самолёт трапидан Ватан тупроғига оёқ қўйганингизда нимани ҳис қиласиз? Шундай вақтда кўнглингиздан қандай фикрлар ўтади?

- Бир гал дўстларимиз билан хорижга сафарга бориб, у ерда бироз узоқроқ қолиб, кейин юртга қайтганимизда, юртимизни шунчалик соғиниб кетганманки, самолётдан тушгандан сўнг, “ўз Ватанимиздан қўймасин” деб, ерга эгилиб, Ватанимиз ерини, тупроғини ўпганман... Қандай мамлакатга бормай, мен барибир 2 кундан кейин, ўз юртимни соғиниб қоламан! Нафақат трапга оёқ қўйишдан олдин, самолётда Тошкентимизни тепадан кўришим билан юрагим ҳаприқиб, тезроқ самолётни еримизга қўнишини истайман. Бу тушунчани тушунтириб, ҳис қилиб бўлмайди! Бу таърифлаб бўлмайдиган туйғу! Бу нарса фақат шу юртда бўлади! Шунча бошқалар орзу қиладиган юртларга сафарларга бордик, биламан, уларни болалигимда эшитганман, бир пайтлар боришни мен ҳам орзу қилганман, аммо самолёт ўша юртларни ерига қўнаётганда, юртимга қайтиб келаётгандаги бўлаётган ҳолатни сира ҳис қилмайман! У ерларда бундай ҳолат бўлмайди! Шунинг учун ҳам, ўйлайманки, “Тошкентнинг донини еган чумчуқ, Маккадан қайтибди” деган мақол ҳам, бежизга айтилмаган! Ёшим улғайгани сари, Ватаним учун янада кўпроқ жон куйдиришим, янада кўпроқ хизмат кераклигини ҳис қиляпман! Ниятим, юртимнинг энг керакли бўлган санъаткорларига ўхшаб юрай! Биринчи рақамлиси бўлай, демайман, бу нотўғри! Энг муҳими, шу юртимнинг керакли инсони бўлай!

 

- Кўп қўшиқларингиз ҳаётий. Бу ҳаётни кўп кузатганлигингизданми ёки, кўп ҳаётий тажрибага эга эканлигингиздан?

- Биласизми, яқинда бир инсон менга суҳбат чоғида, қўшиқларимни жуда яхши чиқаётганлигини айтиб қолди. Мен эса, бунинг сирини ўзим ҳам билмаслигимни айтдим. Шунда у инсон менга, “сенинг қўшиқларинг ҳаётий, ҳар бир кунимизга тўғри келади. Ҳаётда кўп учрайдиган мавзуларда куйлаётганлигинг сенинг ютуғинг бўлмоқда. Шу нарсага кўпроқ эътиборлисан!” деди. Мен агар бу нарсани ўзим билмаган ҳолатда қиляпман, десам ёлғон гапирган бўламан, албатта. Бу борада менга тўғри маслаҳат берган, бошидан менга тўғри йўл кўрсатган бу Фаррух Бадалбоев! Чунки, Фаррух акам менга илк қадамларданоқ шеър танлаш ва мазмунга эътибор беришни ўргатганлар. Зўр қўшиқ чиқиши учун энг кераклиси, самимий ва чин дилдан куйланса, мухлислар кўп бўлади, дердилар. Балки, бунга сабаб, мен ўзим ҳам ёшлигимдан осонмас нарсага ҳаракат қилганим, шеърларга нисбатан талабчанлигим, қолаверса, яқинларимнинг дуоси ва мухлисларимнинг дуоси сабабдир? Лекин, чиндан ҳам қўшиқларимнинг ҳаётий бўлишига ҳаракат қилаётганимни мухлисларим сезишмоқда, уларга манзур бўлишига сабаб бўлмоқда.

  Foto (15)

- “Нега маъюссан?” қўшиғингиз турли баҳсларга сабаб бўлмоқда! Бу клипнинг маъноси ҳақида ҳамма ҳар фикр билдиряпти. Сиз ўзингиз қандай фикрдасиз ва бу қўшиқ ғояси қандай яралди?

- Бу клипни Тимур Примкулов суратга олган. Бу клип менинг ижодимда бир неча йиллардан кейин кўрганингда ҳам, кўра оладиган, шундай ишлар қилганмиз, дея оладиган клипlarimdan biri бўлди. Тўғри, яхши клипларимиз кўп, аммо бу бутунлай бошқа йўналишда бўлгани мени қувонтиради. Ўз навбатида клип режиссёри Тимур Примкуловга раҳмат, дейман. Бу клипнинг яратилиши қуйидагича бўлди, мен Тимурга ўз ҳаётимдан бир нарсани айтиб бердим ва шундан илҳомланиб, шу клип яратилди. Биласизми, маъюслик сабаби фақат ёмонлик эмас! Масалан, инсон хурсандчиликдан ҳам йиғлайди, хурсандчилик кўзёшлари, дейди. Шунга ўхшаш, бир воқеа ўз ҳаётимда бўлган. Рафиқам билан турмуш қурганимизнинг илк ойлари эди. Рафиқам хурсанд, бир-биримизни севамиз, бахтлимиз, оиламиздагилар ҳам у билан яхши муносабатда, ҳаммаси яхши. Лекин, кечалари ухлаётганда, негадир унинг бошқа тарафга қараб, йиғлаётганлигининг гувоҳи бўлиб қолардим. Шундай пайтларда, бирор ери оғриётганмикан, деб хавотир олиб сўрасам, “ҳеч нарса” дерди. Кейин охири сўраб билдимки, кечки пайт кириши билан, ўзи туғилиб ўсган уй, ота-онаси эсига тушиб, уларни қўмсаб, соғиниб, йиғлар экан. Ана шунинг учун ҳам, кечки пайт маъюсроқ бўлиб қолиб, эртаси кун ёришиши билан яна ўзи билан ўзи овора бўлиб, кечки пайт, яна маъюс бўлиб қолар экан. Мана ҳозирги кунда уйимизга, оиламизга кўникиб кетди. Ўйлайманки, ҳар қандай қиз ўзга уйга келин бўлиб борар экан, бундай ҳолат менда бўлмаган, деса сира ишонмайман! Барибир, ўз ота-онаси, оиласи билан яшаган уйни, қандайдир вақт жуда ҳам кўп даражада эслайди ҳамда, бу нарса бироз  маъюслик олиб келади. Менинг клипимда ҳам, ўша қизни болалигида, ота-онаси ва ўзи бирга турган сурат тасвирланади ва охирида, ота-онаси йўқолиб, суратда ўзи қолади. Буни шундай бир фалсафий фикрда қилдикки, ёлғиз ўзи бу ерга келди, ота-онаси у ерда қолди. Маъюслиги ота-онасини ташлаб келганлигида бўлди. Бу ташлаб келиш, ёмон маънода эмас, шундай бир ширин азоб, бу вақтинчалик бўлади. Яна бир иккинчи тарафи, ота-онаси йўқ инсон ҳам, турмушга чиққанда, бахтли кунларини ота-онаси кўрмаганлигини эслаб, маъюс бўлиши. Мана шу 2 хил маъносини беради. Лекин, кўпроқ биринчи варианти, клипнинг асосий мазмунини ташкил этади. Бўлмаса, ўша қиз истаган пайти ота-онаси билан суҳбатлашиши, кўришиши мумкин, лекин энди улар билан бирга яшай олмайди. Мана шу ширин тушунчани биз амалга оширдик. Бу икки маъно ҳам, ҳаётда учрайдиган ҳаётий ҳолатлар!  

 

- Одатда, клип суратга олиш жараёнида, нимадан кўнглингиз тўлмайди?

- Биринчи навбатда ўзимдан! Чунки, мен ўзимга ўта танқидий назар билан қарайдиган талабчан инсонман. Ҳаттоки, клип суратга олинаётган операторлар, “ҳаммаси яхши, кўп ўйламагин, зўр” деб, минг таъкидлашса ҳам, мени қандайдир барибир кўнглим тўлмайди! Шу вақтгача бирор бир қўшиғим ёки клипимдан 100 фоиз кўнглим тўлмаган! Мен тўғрисини айтаман, беркитмайман. Тўғри, мухлислар учун бу нарса тўлиқ, мукаммал даражада бўлиб туюлиши яхши, лекин мен ўзим ҳоҳлаган, кўнглимдагидек, қўшиқни, ижод намунасини топмаган инсонман. Тахминан 70 фоиз кўнглим тўлиши мумкиндир, лекин 30 фоиз барибир кўнглим тўлмайди!

  Foto (4)

- Аммо кўпчилик, “Нега маъюссан?” клипингизни 100 фоиз мукаммал клип, дейишди. Ўзингизни қайси жиҳатидан кўнглингиз тўлмади?

- Биласизми, клип бу менинг ишим бўлмаганлиги учун, клипни суратга олган Тимур Примкулов ва у ерда компьютер графикаларини қилган Шавкат Эгамбердиев, менинг назаримда, ўз вазифаларини 100 фоиздан ҳам аъло даражада амалга оширишган. Бу менинг меҳнатим эмас, улар ўз ишларини жуда ҳам зўр қилиб қўйишган, деб ўйлайман. Аммо, менинг ўзимда, “бу қўшиқни бундан ҳам зўр куйлаш мумкинмиди?” деган фикр ҳам бор! Шундай бир хаёлдаман. Баъзилар, ўзингдан кўнглинг тўлмаслиги яхши, ижодга ундайди, дейишади. Мақсадим, кимгадир, ниманидир исботлаш эмас. Ўзим истаганим учун, шу касбни севганим учун қўшиқ куйлайман!

 

- Ўтган йилги концерт дастурингиздан қанчалик кўнглингиз тўлди?

- Тўғрисини айтаман, кутганимдан яхши бўлди! Мухлисларим мен куйлаган қўшиқларни ва мени тушунишди. Шунинг учун ҳам, мен уни, мен кутганимдан ҳам яхши бўлганлигини ўзим ҳис қилдим. Концерт бериш жараёнида ўзига хос қийинчиликлар бўлди. Ўша қийинчиликлардан мен бироз чарчаб қолдим. Қувватим етмаётгандек туюлди ва шу боис ҳам ўйладимки, кутганимдек бўлармикан, деган хаёлда эдим. Лекин, ўша қилинган меҳнат ва мухлисларимнинг қўллаб-қувватлаши, мени олдинга чорлади.

  Foto (16)

- Куз ойларида бўлиб ўтадиган концертингизга тайёргарликни ҳозирдан бошлаганингиз ростми?

- Ҳа, албатта! Ҳозирда ҳар 2 кунда янги концерт дастуримда куйланажак қўшиқларни ёзиш билан бандман! Ҳозирда янги аранжеровкачи ва шоирлар билан ишламоқдаман, 10 дан ортиқ янги қўшиқлар тайёрлаяпман. Янги саунд қилмоқчиман! Яъни, бу янги альбомимда аввал ишлатилмаган мусиқа асбоблари товушларидан фойдаланмоқчиман. Жуда романтик лаҳзалар ва эҳтиросли қўшиқларга алоҳида эътибор қаратяпман. Ҳозирда айнан саҳнада куйланадиган қўшиқлар устида ишлаяпман. Кейин эса, саҳна декорацияси ва шоу ҳақида ўйлайман. Чунки, концертга келган томошабин учун биринчи навбатда чиройли саҳна ёки либослар эмас, қўшиқлар қизиқ бўлади. Шунинг учун ҳам, мен биринчи навбатда ўз қўшиқларимни мухлисларга манзур бўлиши ҳақида бош қотираман. 

 

- Ўзингизга ўзингиз четдан назар солсангиз, Улуғбек Раҳматуллаевга мухлис бўлармидингиз?

- Йўқ, мухлис бўлмасдим, менимча.(кулади) ....

 

- Ўзингиз учун сабоқ олган хатоларингиз ҳам бўлганми?

- Жуда ҳам кўп. Олдин бирор бир нарса тўғрисида фикр юритишим сал тезроқ эди. Ҳозир шошмайман. Вақтга ташлаб қўйиб, кўпинча вақт орқали ўша нарсанинг ечимини ечишга ҳаракат қиламан! Юз берган камчиликлар оқибатида шу нарсани ўрганиб келдим. Бир хилларида ҳақиқатни ҳам жойида гапириш, бу аслида ҳақиқат эмаслигини ҳам тушундим. Бир хил ҳолатлар бўладики, сен ўша ерда ўзингни ҳақ эканлигингни исботлашга қанчалик кўп ҳаракат қилишинг, бу сен ҳақингда бутунлай нотўғри фикрлар кетиб қолишига сабаб бўлади. Илгари, ёниб кетардим. Ҳозир эса, ҳеч нарсани исботлашга ҳаракат қилмасликни ўргандим! Керакли инсонни ўзи тушуниб олади, унга исботнинг кераги йўқ. Ҳаётимнинг ҳар бир кунида бир нарсани ўрганяпман. қилаётганини, охири нима бўлишига нечадир фоиз кўзим етади. Бу ҳам бўлса, ўша тажриба туфайли, деб ўйлайман. Энг кераклиси, хато қилмасликка ҳаракат қиламан.

 

- Қандай инсонларга ачинасиз?

- Айнан бировга бир нарсани исботлаш учун яшаётган инсонларга раҳмим келади. Аламзадалик билан иш қиладиган инсонларга, бировнинг хурсандчилигида бирга хурсанд бўла олмайдиган инсонларга раҳмим келади. Бу нарсаларни энг катта камчилик, деб биламан. Шуни биламанки, қалбида кири бор, бировни кўра олмаслик хислати бор инсон кўкармас экан! У қайси соҳада бўлмасин, ўса олмас экан! Шундай инсонларни кўряпман, қилаётган ишида ҳаммага жаҳлда, аламзадалик билан ниманидир исботлашга ҳаракат қилаётган инсонларни тушунмайман ва уларга раҳмим келади! Ўзини бечора, ҳаётда тушкунликка тушган, қийналиб қолган инсон қилиб кўрсатиб, бошқаларни меҳрини қозонишга ҳаракат қиладиган инсонларга икки марталаб раҳмим келади!

  Foto (13)

- Машҳурлик сизнинг фикрингизча инсонни қай даражада ўзгартиради?

- Ҳар хил! Яхши ва ёмон тарафларга! Ёмон тарафда манманликка олиб кетиб қолиши мумкин, ўзини назорат қила олмаслик, бошқаларни менсимаслик, ҳаттоки инсонни ўз устида ишламаслигига ҳам олиб бориб қўйиши мумкин! Бўлди, энди кетди, бир умр шундай кетавераман, машҳур бўлдим, бир умр шундай бўлади, деб ўйлашга олиб келиши мумкин. Ёки, бунинг тескариси, машҳурлик инсонни кучли бўлишга, керакли инсон бўлишга ва машҳурли ортидан жуда кўплаб инсонларга фойда келтиришга ва ҳаётда сенга бериладиган имконият, дақиқалардан унумли фойдаланишга имкон беради! Менга мана шу иккинчи вариант ёқади ва шундай инсон бўлишга ҳаракат қиламан! Менга бугунги кунда эришилган ижодим, мухлисларимнинг қўллаб-қувватлашлари, эришилган машҳурлигим орқали мен, тўғрисини айтаман, жуда ҳам кўп ёшлигимдан қилган орзу-ҳавасларим, ёшлигимда қилишни орзу қилган эзгу ишларимни амалга ошириш учун, жуда ҳам кўплаб имконият берди!

 

- Ҳозирда тингловчиларни енгил-елпи қўшиқларга ўрганиб қолишмоқда, деган фикрларни кўп эшитамиз, фикрингиз?

- Ўзи енгил-елпи бўлган инсонга ақлли фикрлар қизиқ эмас, деб ўйлайман! Ақлли, фикр-мулоҳазали инсонга эса, енгил-елпи нарсалар қизиқ эмас! Шунинг учун ҳам, назаримда ҳамма ўзига керакли нарсани топади. Масалан, телевизорда енгил-елпи қўшиқ кетмоқда, шартмас ўрнингиздан туришингиз, пультни қўлингизга олсангиз бўлди. Бошқа каналга бемалол олишингиз, ёки ўчириб қўйишингиз мумкин. Шу нарсани кўрмасликка имкон бор. Шунинг учун ҳам, мен енгил-елпи қўшиқлар кўпайиб кетмоқда, деган фикрга сал қаршироқман. Аксинча, охирги пайтларда жуда зўр қўшиқлар, саундлар, аранжеровкалар кучаймоқда. Техника тарафлама ривожланиш кучли. Шунинг учун ҳам, енгил-елпи қўшиқлар кўпайиб кетяпти, деган фикр нотўғри, деб ўйлайман. Ҳамма ҳам яхши фикрламаслиги мумкин. Яхши фикрлайдиган инсонлар учун ижод қилинади. Боя айтганимдек, ижодкор шеър, мусиқа, қўшиқлари устида кўпроқ ишласа, қўшиқларининг савияси баланд чиқиши ва савия кучли орқали инсонлар савиясига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини биламан. Лекин, бу савиясиз қўшиқлар жуда кўпайиб кетяпти, дегани эмас!

 

- Сиз ўзингиз бугунги кунда тингловчиларнинг тинглаш маданияти қай даражада бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

- Оддий мисол, ҳар бир инсон бир иш қилаётганда, унга биринчи имкониятни бериш керак. Нимадир исботлаб қўйгандан кейин “сен зўрсан” деб, улуғлашни ҳамма ҳам билади. Қайси соҳада бўлишидан қатъий назар, ҳали ҳеч нарсани исботламаган, илк қадамларини қўяётган инсонни биринчи қилган меҳнатини охиригача тинглаб, “э, бўлмабди” деб юбормасдан туриб, маданият билан тинглаб кўриб, ҳолатдан келиб чиқиб туриб, фикр юритиш керак! Афсуски, ҳозир бирор танилмаган ёш хонанданинг қўшиғи ўхшамай қолса, дарров “бўлмабди” деб юбориб, унинг тақдирини ҳал қилиб қўя қолишади. Ундан қилиш, дейиш нотўғри, инсон, инсонга ёрдам бериши керак. Масалан, бир вақтлар баъзилар қўшиқларини “бўлмабди!” деб таърифлаган гуруҳлар, хонандалар бугунги кунда, элнинг севимли қўшиқчилари бўлиб етишишган. Улар руҳан синмай, ўз устида ишлаб, бугунги муваффақиятларга эришмоқдалар. Лекин, ўша вақтда ўйламай айтилган гаплар уларнинг ёдида қолган. Шунинг учун ҳам, тингловчининг маданияти, ижодкорни келажакда ўсиши учун жуда катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман!

  Foto (12)

- Шу кунгача ўз ижодингизда қайси ишни қилишга ўзингизнинг журъатингиз етмаган?

- Мен ўзимизнинг миллий мумтоз йўналишдаги қўшиқларимизни жуда ҳам яхши кўраман, ўз ижодхонамда ҳам кўп тинглайман. Устоз санъаткорларнинг бу қўшиқларини олиб, қайта куйлаб чиққим келади. Лекин, шу пайтгача ўша қўшиқларни куйлаганда бузиб қўйишдан қўрқиб, шу ишни қила олмаганман! Мана шунга журъат қила олмадим. Тўғри, жуда кўп инсонлар, мухлислар, “битта классик қўшиқ ҳам куйласангиз” дейишади. Лекин, мен ҳозир бу ишни қила олмайман, чунки мен ҳали бунга тайёр эмасман! Ҳамма қиляпти-ку, дейишади. Балки, ижро қилсам, мен ҳам яхши ижро қила оларман? Аммо, шундай деб, қилиб кетавермоқчи эмасман! Мен фақат зўр, маромига етказиб ижро қила олсамгина ижро қиламан! Олтин меросимизни бузиб қўйишни истамайман, ундан кўра бир мухлис сифатида тинглаганим яхшироқ! 

 

- Томошабиннинг меъдасига тегиб кетмаслик учун, хонанда нималардан сақланиши керак, деб ўйлайсиз?

- Одатда, баъзи ижодкорлар битта қўшиғи машҳур бўлса, ўша қўшиқдан 9 тасини яратишга ҳаракат қилади. Натижада сериал бўлиб кетади, ҳамда мана шундай сериал ижод қилиш, томошабинларнинг меъдасига тегиб қўйиши мумкин. Менинг назаримда,  санъаткор сал сирлироқ бўлиши, ҳамда ҳамма ерда ҳам кўринавериши керак эмас, деб ўйлайман. Жуда кўп кўрилган нарсанинг ҳам қадри қолмайди. Соғинтириб ижод қилишга ҳаракат қилиш керак.

 

- Ижодингизда қабул қилинган нотўғри қарор ҳам бўлганми?

- Бўлган, ижодкор, ана шундай қабул қилинган нотўғри қарорлардан хулоса чиқариб, фикрлаши ошади, ўзгаради, кучли бўлади! Оддий мисол, ижодимда умуман куйлашим керак бўлмаган қўшиқларни ҳам куйлаб қўйганман! Уларни санаб ўтишим шарт эмас, аммо улар менга катта зарар олиб келмаган!

 Foto (3)

- Агар ҳозир ишингизда бирор ўзгартириш киритиш керак бўлса, нимани ўзгартирган бўлардингиз?

- Тўғри фикрлаган инсон, вақтни ўзгартиришга ҳаракат қилади. Чунки, агар 24 соатни 34 соат қилиш имконияти бўлганда эди, ана шуни қилган бўлардим! Сабаби, ижоддан ташқари, оила деган тушунча бор! Оиламга ҳам кўпроқ вақт ажратишга ҳаракат қилган бўлардим. Ота-онамни, фарзандларимнинг ёнида кўпроқ бўлган бўлардим! Айнан вақт сабаб, баъзи дақиқаларда оилам ёнида бўла олмайман. Шундай пайтларда бир нарсани ўйлайман. Инсонни бировга фойдаси тегмаганига яраша, зарари ҳам тегмаслиги керак! Зарари бор, инсонлар ҳам бор, ана шундай эмаслигимдан хурсанд бўламан! 

  Foto (10)

- Саҳнага ҳар гал чиққанингизда нимани ҳис қиласиз?

- Биринчи навбатда албатта, ҳаяжон! Кейин, қўрқувни ҳис қиламан. Бундай бўлмасину, лекин мабодо саҳнага чиқсаму, ҳеч ким эътибор қилмаса-чи, деган фикр келади.Шундай масъулият билан қилинган ҳар қандай ишнинг натижаси яхшироқ бўлади, деб ўйлайман., ўша ерда ҳаммани хурсанд қилиб, кетишга ҳаракат қиламан!

 

- Ҳозирги кунда аёлларнинг кучли бўлишлари урфга киргандек. Сизнинг фикрингизча, ҳозирги кунда ўзбек аёли кучли бўлиши керакми?

- Аёл киши, албатта кучли бўлиши керак! Чунки, шундай аёлларни биламанки, шу аёл сабаб турмуш ўртоғи турли қийинчиликларни енгиб ўта олган! Шу аёлнинг далдаси билан кўплаб тўсиқларни енга олган, ҳаётда қоқилиши мумкин бўлган ҳолатларни, айнан шу аёлининг иродаси кучлилиги сабаб енгиб ўта олган инсонларни биламан! Оиласи бахтли бўлиши учун ҳам, аёл киши ҳар тарафлама кучли бўлиши керак! Масалан, менинг турмуш ўртоғим, ўзига ишончи кучли, иродаси кучли бўлса, бу менга фақат яхши. Чунки ҳаётим давомида мени қандай кунлар кутаётганлигини мен билмайман! Агар рафиқам ҳам кучсиз бўлса, мен ҳам ўша ишни кўтара олмасам, унда ҳаёт ҳам бўлмай қолади. Шунинг учун оилада, эркак ҳам, аёл ҳам барават кучли бўлганлиги яхши, назаримда. Лекин, бизнинг менталитетимизда бир нарса борки, ҳар доим оилада эркак киши оила боши бўлади, аёллар эркакларни улуғлайди. Эркак киши оилада биринчи ўринда туради. Оиланинг ишонган тоғи, бу эркак киши бўлади. Эркак кишининг оиладаги улуғлигини унутмаган ҳолатда, аёл киши кучли бўлиши керак. 

 

- Шу кунларда ижтиомий тармоқлар орқали ҳам гувоҳ бўляпмиз. Сизни ҳаттоки, хорижда ҳам дўстларингиз бор экан?

- Мана яқинда бразилиялик футболчи мухлисим, “Мени кечир” қўшиғимни куйлаб чиқди. Мени бундай хорижий дўстларим ҳам борлиги сир эмас. Биласизми, бир файласуф айтган экан, “ёнингда дўстларингни қолмаслигига асосий сабабчи ҳам ўзингсан! Дўстларингдан айб қидирма!”. Мен аввал дўстларимни санар эканман, бир, икки, учта ёки бир нечта дўстим бор, дер эканман. Буни қарангки, мен жуда адашар эканман! Менинг дўстларим жуда ҳам кўп экан, аслида. Боя айтганимдек, дўстларни ҳар кун кўриш ҳам, шарт эмас экан. Одатда биз ҳар куни кўрадиган инсонимизни, “бу менинг энг ишонган дўстим, чунки у ҳар куни мен билан, у ёшлигимдан мен билан бирга” деймиз. Йўқ, биз учун дўст, бу узоқлардан бўлса ҳам, бизнинг хурсандчилигимиз ҳам, қайғуйимизга шерик бўладиган инсонлар экан. Мени бутун дунёда аввал мухлис бўлиб, кейин эса дўстлашган дўстларим кўп экан! Қолаверса, юртимизда ҳам, менга дўст инсонлар кўп экан! Мен бундан жуда ҳам хурсандман, ҳар бир инсонни дўстлари кўпайсин! Тўғри, ичида энг яқинроқлари бўлади. Аммо, бу дегани бошқаларига эшиттириб, “сенлар бунчалик яқин эмассанлар” дейиш, бу нотўғри фикр! Шунинг учун ҳам, ўйлайманки, инсоннинг дўсти кўпайиши ва камайиши ҳам ўзига боғлиқ. Бугунги кунда менинг дўстларим  кўпайганлиги, демак, бу менинг ютуғим!

  Foto (8)

- Одатда, дўст фақат қийин кунингда туриб бера олиши керак, дейишади. Аммо, сенинг хурсандчилигингда бирга қувонган инсон аслида сенинг дўстинг, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Муносабатингиз?

- Нимага энди дўст фақат ёмон кунингда ёнингда турсагина дўст бўлади? Бу фикрни ўзи нотўғри, деб ўйлайман. Бу чегаралаш ва олдиндан мақсад билан гапириш! Менинг оғир кунимда ёнимда бўлишсагина дўст бўлишади, дегани! Кўряпсизми, ниятнинг ўзи нотўғри! Ҳамма нарса ниятга боғлиқ, яхши ният қил, яхши нарсага ҳам эришасан! Муносабат, яъни талаб ва истакларга қурилган дўстликнинг охири вой! Яъни, мен сенга бундай қилгандим, эсингдами, энди сен ундай қилмайсанми, қабилида, бу дўстлик эмас, ҳақиқий олди-берди! Шунинг учун ҳам, мен талаб ва истакларга қурилмаган ҳолда дўстлашиш керак, деб ҳисоблайман! Шундай дўстлар кўпайсин! Дўст фақат кулфатда эмас, хурсанд кунингда ҳам ёнингда бўлсин! Хурсанд кунда, сенинг хурсандчилигинг унинг ҳам кўнглига сиғиб, сен билан бир дастурхонда овқатлансин! Бу дегани, дўстларинг хурсандчилигингда кўпайиб қолади, дегани эмас! Дўстинг оғир кунингда ёнингда бўлмай қолса, сени ундан хафа бўлишга ҳаққинг йўқ, деб ўйлайман. Чунки, ўйлаб кўр, балки бу унинг қўлидан келмагандир? У ҳали кучсиздир? Балки, имконияти бўлмагандир? Ёнингда ҳеч ким қолмаган тақдирда ҳам, оила аъзоларинг бўлади. Шунинг учун ҳам, инсон дўстлик борасида, чегаралар қўйиши яхши эмас! Мен дўстларим кўплигидан фахрланаман!

Саида Вахобова

Foto (7)

  Foto (5)