FATTOHHON.COM
« Все новости“Орият доно” радиосида радиобошловчи Акмал Мирзонинг “Чой устида” дастурининг 1000 сони ўзига хос бўлди!
Бу сафар дастурнинг биринчи сонида иштирок этган футболчи, “Ўзбекистон кубоги” соҳиби, Ўзбекистон чемпиони, Ўзбекистон Миллий терма жамоаси етакчи футболчиси Одил Аҳмедов, 1000 юбилей соннинг ҳам меҳмони бўлди.
Акмал Мирзонинг “Чой устида” дастури, ҳафта давомида 5 кун эфирга чиқади ва унда шу кунгача кўплаб таниқли инсонлар меҳмон бўлишган! Жумладан, Иброҳим Тотлисасдан Митхун Чакрабортигача, юртдошларимиздан деярли барча санъат ва шоубизнес вакилларигача!
Радиобошловчи Акмал Мирзо ҳар гал дастурни ўзига хос қизиқарли йўналишда олиб боради!
Эндиликда, 1000 сонга қайтсак, эфир бошланиши олдидан, ўзига хос анъанага риоя қилинди. Яъни, Акмал Мирзо Одил Аҳмедов каби 9 рақам туширилган футболка кийиб олган бўлса,
Одил Аҳмедов эса, “Орият доно” белгиси туширилган футболкани кийиб олди.
Дастур бошланди. Акмал Мирзо эфирда радиотингловчилар билан саломлашгач, дастурни бошлаб юборди. Дастур тўғридан тўғри эфирда, баҳс кўринишида кечди.
Унда Акмал Мирзонинг таклифига кўра, меҳмон сифатида биз ҳам иштирок этдик.
Акмал Мирзо Одил Аҳмедовга мурожаат қилиб: - Ўзбекистонда футболчилар кўп, жумладан, юлдуз футболчилар ҳам. Лекин, сиз “Орият доно” радиосига энг яқинлардан бирисиз! Бу дастурга нафақат ўзбек санъати ва спорти юлдузлари, балки дунё санъати ва спорти юлдузларигача ташриф буюришган. Бу дастурнинг биринчи сонига биринчи сиз келгандингиз, сиздан сўнг, дунё футболи юлдузи Ривалдо ташриф буюрган.
Шундан сўнг, Одил Аҳмедов радиоэфир орқали барча билан саломлашиб, юбилей сонига таклиф учун Акмал Мирзога миннатдорчилик билдирди, ҳамда ўзининг энг яхши тилакларини айтиб ўтди.
Акмал Мирзо дастур бошида Одил Аҳмедов ҳақидаги шов-шувларга тўхталиб ўтди ва ундан бу гаплар ҳақиқат ёки шунчаки миш-миш эканлигига ойдинлик киритишини айтди.
Одил Аҳмедов: - Ҳали 100 фоиз бирор жамоа номини айта олмайман, аммо бир-икки кун ичида мухлисларим янгилик эшитишади. Бу қайси жамоа эканлиги ҳақида, бир-икки кун ичида аниқ маълумот тасдиқланади.
Акмал Мирзо: - Қайси клублардан таклифлар тушди?
Одил Аҳмедов: - Россия клубларидан, Араб давлатлари клубларидан таклифлар бўлди. Ўзимга маъқул команда ҳозирда Россия клубларидан бири бўлмоқда. Чунки, мен учун бегона чемпионат эмас! Ўзим ҳам ўша чемпионатда 4 йил тўп сурдим. Шунинг учун ҳам, Россия чемпионатида кейинчалик ҳам ўз фаолиятимни давом эттирмоқчиман.
Акмал Мирзо: - Бошқа клубга ўтиш, футболчи учун нолдан бошлаш бўлмаса ҳам, барибир қанақадир бошидан бошлаш, демакдир?
Одил Аҳмедов: - Энди, янги командага ўтганингиздан кейин янги коллектив, бошқа ўйинчилар, барибир ҳамма футболчига ҳам кўникиш учун вақт керак.
Акмал Мирзо: - Демак, Одил Аҳмедов учун Россия чемпионати, клублардаги шарт-шароитлар ҳам, уларнинг даражаси ҳам, имконияти ҳам, ҳаммаси сизга намоён ва таниш?
Одил Аҳмедов: - Ҳа, ҳаммаси мен учун таниш, албатта.
Акмал Мирзо Ўзбекистон Миллий терма жамоасининг “Уммон” билан ўйинига алоҳида тўхталиб ўтди.
Акмал Мирзо: - Ўзбекистон Миллий Терма жамоасининг сўнгги икки ўйини ва иккови ҳам бир миллий терма жамоа “Уммон” билан, шунга тўхталиб ўтсак?
Одил Аҳмедов: - (ўйланиб) “Уммон” билан бўлган ўйинда ҳеч бўлмаса, биттасида ғалаба қозонишимиз керак эди... Айниқса, Тошкентда бўлган ўйинда! Олмалиқда бўлган ўйинда кўпчилик дебют қилди, буни тушунса бўларди. Чунки, дебют бўлгандан кейин, барибир бошқа командада бошқача ўйнайди, терма жамоада бошқача ўйнайди. Биринчи ўйини бўлгани учун ҳам футболчи ҳаяжонланади. Шунинг учун ҳам, Тошкентдаги бўлган ўйинда ютишимиз керак эди! Чунки, ҳаммаси тажрибали футболчилар ва ҳаммаси олдин “сборный”да ўйнаганлар эди. Нимагадир шу бизда охирги пайтларда дарвозага тўп кириши жуда ҳам қийин бўлиб қолди. Балки, бу яхши ҳужумчиларнинг етишиб чиқмаётганлигидир? Балки, бу жамоавий ўйиннинг яхши бўлмаётганлигидир? Энди, бу ҳол, албатта, ўртоқлик учрашуви терма жамоа учун, кейинги ўйинларда чиқишимизга қанақадир дарс бўлди, деса ҳам бўлади. Чунки, нима устида ишлашимиз кераклигини, “Уммон” билан ўйинда кўрсатиб қўйилди.
Акмал Мирзо: - Улуғбек Бақоев, Максим Шацкий, Виктор Карпенко, булар учун ўша иккинчи ўйин, Ўзбекистон Миллий терма жамоаси билан хайрлашув ўйини эди... Ҳар битта ўйинчида нафақат ўзи ўйнаётган жамоа, балки умуман футбол билан хайрлашадиган вақт келади. Чунки, бу вақт ўтади, кетади. Тўғри, натижа умуман қониқарсиз. Лекин, қандайдир ўйинни ташкил этилиши, ўйин олди, ўйиндан сўнг, хайрлашувга мос бўлди, дея оласизми?
Одил Аҳмедов: - Мос бўлди, менимча, Улуғбек Бақоев, Максим Шацкий, Виктор Карпенколаргагина эмас, олдин ўйнаб кетган барча ўйинчилар учун бундай шароитлар қилиб берилса, яхши бўларди. Чунки, ўзбек футболи учун улардан ташқари, яна бир неча ўзбек футболи учун фойдаси теккан ўйинчилар ҳам бор. Тўғри, Улуғбек Бақоев, Максим Шацкий, Виктор Карпенко, барибир бундай ўйинчиларнинг чиқиши жуда ҳам қийин, уларга ўхшаган ҳужумчилар ҳозир жуда ҳам кам. Шунинг учун ҳам, уларга яхши шароитлар қилиб беришди, хайрлашув учрашувини яхши ташкил қилиб беришди. Ўйиндан кейин барча мураббийлар уларга ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Биз уларга байрам қилиб бериш ниятида майдонга тушгандик. Аммо, афсуски, ютқазиб қўйдик. Улар учун қандайдир байрам даражасини чиқариб бера олмадик...
“Орият доно” радиосига Саидолимхон Турдибоев кириб келди.
Саидолимхон Турдибоев эфирда барча билан саломлашгач, “Чой устида” дастурининг 1000 сонини асло ўтказиб юбориб бўлмаслигини, шошиб бўлса ҳам, етиб келганлигини, Одил Аҳмедов билан анчадан буён кўришмаганлигини, фақат интернет тармоғи орқали мулоқотда бўлганлиги, ҳозирда “Чой устида” дастури сабаб, кўришиб турганлигини ҳам айтиб ўтди.
Радиобошловчи Акмал Мирзо ўз навбатида “Ўзбекистон Миллий терма жамоаси” мавзуси давом этаётганлигини эслатиб ўтди.
Акмал Мирзо: - Сизга турли мавзуларда кўплаб саволлар берилади. Энг ёқимсизи қайси мавзу?
Одил Аҳмедов: - Ўйлаб кўрмаган эканман...
Одил Аҳмедов “фақат футбол ҳақида эмас, бошқа мавзуларда ҳам саволлар бўлса яхши бўларди”, деб фикр ҳам билдириб ўтди. Суҳбат давомида Саидолимхон Турдибоев, Жаҳон чемпионати ҳақида, Одил Аҳмедов қайси жамоага мухлислик қилишини, бунинг сабабини, қайси жамоаларни аутсайдер, қайси жамоаларни фаворит, ҳамда қайси жамоаларни чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида билиши ҳақида, савол билан мурожаат қилди.
Одил Аҳмедов: - Бельгиядан кўпроқ нарса кутаман, чунки улар бошқача ўйин намойиш қилишяпти. Албатта, ўзим Россия терма жамоасига мухлислик қиламан. Чунки, у ердаги ўйинчиларнинг ярмидан кўпи билан қадрдон дўстмиз. Дўстларимга мухлислик қиламан.
Саидолимхон Турдибоев: - Уларнинг имкониятларини қай даражада баҳолайсиз?
Одил Аҳмедов: - Ҳозирда улардан кўп нарса кутиш мумкин. Уларни балки нимчорак финалда ҳам кўришимиз мумкин бўлар? Чунки, яхши тайёрланган коллектив бор, ҳамда яхши мураббийга эга! Албатта, ҳеч қайси командага осон бўлмайди, бу ерда ким яхши тайёргарлик қилса, яхши ўйин намойиш этса, кучлироқ бўлса, ўша жамоа кейин босқичга чиқади. Ҳар битта жамоадан сенсация кутиш мумкин.
Саидолимхон Турдибоев бир мақола юзадан ўз фикрларини билдириб ўтди: - Ёқимли ва ёқимсиз хабар, деган тушунча бор. Кеча, Британия сайтларидан бирида, шундай бир мақолага кўзим тушди. “Мундиалга бора олмайдиган юлдузлар”. Бу рўйхат Одил Аҳмедовни ҳам кўрганимиз, қайсидир маънода ёқимли, негаки у, у ерда “юлдуз” дея эътироф этилган. Лекин, масаланинг иккинчи томони, “бора олмайдиганлар” рўйхатига киритилганлиги, қандайдир ёқимсиз, таассуфли ҳолат!
Яна савол-жавоблар давом этди.
Акмал Мирзо: - Баъзида шундай нарса келадими, дейлик, футбол жамоавий спорт тури эмас, балки индивидуал ҳаракат қиладиган спорт тури бўлганида...?
Одил Аҳмедов: - Албатта! Баъзида шундай бўлади, чунки индивидуал спорт турида, бу бир кишига боғлиқ! Дейлик, кураш ёки боксда, яхши тайёргарлик кўрса, чемпион бўлади. Футболда эса, агар 10 киши яхши тайёргарлик кўриб, бир киши яхши тайёргарлик кўрмаса ҳам, бу жамоавий ўйин бўлгани учун ҳам, ёмон таъсир кўрсатади. Шунинг учун, баъзида ўзим ҳам ўйлаб қоламан, қани эди футбол ҳам индивидуал спорт тури бўлса, бирга бир ўйналса? Лекин, барибир бу индивидуал спорт тури бўлганида, балки зерикарли бўларди... Чунки, бизда 11 га 11, яъни томошабинлар 22 та инсон майдонга тушганлигини жуда ҳам завқланиб кўришади.
Эфир давомида Акмал Мирзо тингловчиларнинг табрикларини ҳам етказиб, саволларни ҳам ўқиб эшиттирди.
Акмал Мирзо: - 6658 абонентидан келган савол, фаолиятларидан сўнг, ёки футболдан ташқари, нима иш билан шуғулланадилар? Мураббий бўлишлари мумкинми? Ёки, масалан, Азиз Ҳайдаров каби фермер?
Одил Аҳмедов: - Фаолиятни тугатгандан кейин, ҳозирги пайтда ўйлашим бўйича, барибир мураббий соҳасида ишлашни хаёлимга ҳам келтирмаганман. Чунки, биламан, мураббийлик қийин. Футбол соҳасида қоламанки, йўқми, барибир бу фаолиятим тугаганидан сўнг, ҳал бўлади. Чунки, ҳозир олдиндан бир нарса дея олмайман. Ҳар бир инсоннинг ўз хоббиси, ёки қизиқиши бўлади. Энди Азиз Ҳайдаров ўша нарсага қизиққан бўлса, бу яхши. Мени ҳам ўзимни кўп қизиқадиган нарсаларим бор. Буни мухлислар кейинчалик билиб олишади. Лекин, бу асло мураббийлик эмас!
Акмал Мирзо: - Шунча йиллик йиққан обрўйимни мураббийлик, битта хато билан тушириши мумкин, деб ўйласангиз керак. Чунки, мураббийга битта мағлубият етарли!
Одил Аҳмедов: - Шундай! Лекин, бунинг учун ҳам эмас, футбол соҳасидаги фаолиятимни тугатгандан кейин мураббий бўлиб ишлаш, умуман қўлимдан ҳам келмаса керак, деб ўйлайман.
“Орият доно” радиосига спорт шарҳловчиси, “Спорт” телеканали журналисти Даврон Файзиев кириб келди. Даврон Файзиев ҳам, “Орият доно” радиосини 1000 сони билан табриклаб, кўрсатув ёки эшиттиришни 1000 та сонгача олиб бориш жуда ҳам қийинлигини, ҳамда ҳамиша ўз мухлислари, тингловчилар аудиториясини сақлаб туриш ҳам осонмаслиги таъкидлаб, бундай ютуқ билан ҳам, Акмал Мирзо ва “Чой устида” дастури ижодкорларини ва “Орият доно” радиосини табриклади!
Шу ўринда Акмал Мирзо ҳам, “сизлар ростдан ҳам бу радионинг мезбонисизлар” дея, Саидолимхон Турдибоев, Даврон Файзиев, Мурод Ризаев, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Бобур Акмалов, Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот котиби Санжарбек Ризаевларга чуқур миннатдорчилик билдирди.
Даврон Файзиев: - Саволим терма жамоага тааллуқли. Яқиндагина йиғинлар ўтказилди ва терма жамоага бир қатор ёш истеъдодли футболчилар жалб қилинди. Шу ўринда Азим Аҳмедов ҳам терма жамоада ўз дебютини нишонлади. Мана шу ўйинлар борасида, албатта у ерда натижа биринчи ўринда эмасди. Мана шу ўйинда синовдан ўтказилган ёш футболчиларга сизнинг терма жамоа етакчиларидан бири сифатида баҳойингиз?
Одил Аҳмедов: - Дебют ўйини бўлгани учун ҳам ёш футболчилар терма жамоада ўзини анча йўқотиб қўйишди, десам ҳам бўлади. Барибир футболда терма жамоанинг юки оғирроқ. Менинг назаримда, тўхтаб қолиш керак эмас. Ёшларга барибир имконият бериш керак.
Акмал Мирзо эфир давомида тингловчилардан келган саволларни ҳам Одил Аҳмедовга бериб борди.
Акмал Мирзо: - (Аббос Мақсудалиев саволи) Укангиз билан Миллий терма жамоада битта позицияда ўйнадингиз. Ака сифатида эмас, футболчи сифатида унга қандай баҳо берган бўлардингиз? Азим Аҳмедовни келажакда Одил Аҳмедовдан ҳам ўтишига ишонасизми?
Одил Аҳмедов: - Мен унга доим “ҳаракат қилгин, сени менинг укам сифатида кўришмасин, ўзингни Азим Аҳмедов сифатида танишсин” деб айтаман. Ўша ўйинда, айтиб ўтганимдек, ҳамма дебют қилгани учун ҳам, ўзининг ўйинини ёрқин намойиш қила олмади. Лекин, барибир терма жамоадаги биринчи ўйин учун, ёмон эмас. Шунинг учун ҳам, ака сифатида эмас, футболчи сифатида ўртача баҳо берган бўлардим.
Акмал Мирзо: - Азим Аҳмедовни Миллий терма жамоамиз сафида, ўша битта бўлса ҳам ўйин ўтказганига, Одил Аҳмедовнинг укаси эканлигининг аҳамияти борми? Чунки, ўйингача кўплаб шов-шувлар бўлди.
Одил Аҳмедов: - Мен ўзим эришган даражага ўз кучим билан эришганлигим учун, укамни ҳеч қачон қўлламаганман. Ҳеч қачон “бу командага олинглар” демаганман. Қўлламайман ҳам, чунки ўз бошимдан ҳам кўп қийинчиликлар ўтган ва шуларни енгиб, шу даражага етишдимми, демак, унда ҳам, ҳаммаси ўзига боғлиқ. У ҳам ҳозирда ўз клубида асосий ўйинчилардан бирига айланиб боряпти. Унга доим, “менинг даражамдан ҳам ўтсанг, мен бундан хурсанд бўламан” дейман. Шуни ният қиламан ва мени даражамдан ҳам ўтишига тилакдошман.
Акмал Мирзо: - Оилада ҳам ўша ўйинлар ва танқидлар муҳокама қилинадими?
Одил Аҳмедов: - Оилада кўпроқ укамнинг яхши тарафини эмас, ёмонроқ тарафларини гапираман. Кўпроқ танқид қиламан. Чунки, ёмон тарафини гапирадиган инсонлар жуда ҳам кам бўлади.
Даврон Файзиев: - Агар Ўзбекистон чемпионатини ҳам кузатиб бораётган бўлсангиз, бу йилги чемпионат ҳақида фикрингиз? Агар кузатиш имкониятингиз бўлса, албатта...
Одил Аҳмедов: - Кузатиш имконияти унчалик йўғу, лекин асосан интернет орқали кузатиб бораман. Тўғриси, чемпионатда мухлисларнинг камайгани одамни ранжитади. Олдин “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ўйинида, “Пахтакор” стадионига одамлар сиғмасди! Шунинг учун ҳам, менимча, чемпионатда мухлислар келадиган ўйинларни кўпайтириш керак. Менинг назаримда, кучли командаларнинг кучи пасайиб, пастдагилар билан тенглашиб қолаётгандек... Шунинг учун ҳам, стадионга мухлисларнинг келишлари жуда ҳам камайиб кетди! Менимча, кучли ўйинларни кўпайтириш керак! Рақобат қила оладиган командалар кўпайиши керак. Шунда Ўзбекистон чемпионати ўсади! Ўзбекистон Терма жамоаси учун ҳам бу жуда катта ютуқ бўлади.
Даврон Файзиев: - Бу биринчи навбатда Ўзбекистон Миллий терма жамоаси билан ҳам боғлиқ. Шубҳасиз, Миллий терма жамоанинг ютуқлари мухлисларни стадионга қайтаради. Тўғри, чемпионат барибир кучли бўлиши керак. Бизнинг чемпионатда юлдузлар сони ҳам камайиб бормоқда. Чемпионатда рақобат пайдо бўлса, бу мухлислар учун ҳам қизиқарли бўлади. Чемпионатимизда ҳозир “Локомотив” ва “Пахтакор” етакчилик қилишмоқда. Бу йил “Бунёдкор”да пасайиш кузатилди. “Бунёдкор”нинг бевосита чемпионлик даврида сиз кузатгансиз. Қарама-қаршиликларда қатнашгансиз. Ҳозир эса, “Бунёдкор”да пасайиш, чемпионлар лигасида ҳам, нимчорак финалда тўхташи, Ўзбекистон чемпионатида ҳозир кучли иккиталикдан жой олмаганлиги, кўпчиликни ҳайрон қолдиряпти. Бу борада ҳам фикрингизни билмоқчи эдим.
Одил Аҳмедов: - Энди ҳозир “Бунёдкор”нинг олдинги составидан 90 фоизи йўқ, кўп ўйинчиларининг ёшлари ўтиб қолди, десак ҳам бўлади. Яъни, ўйинни ўзига оладиган ўйинчи йўқ, назаримда. Мисол, ниманинг ҳисобига улар чемпион бўлганди? Уларда Игнатий Нестеров, Лутфулла Тўраев бор эди... Ҳозирги пайтда шундай ўйинчилар йўқлиги учун ҳам, “Бунёдкор” қанақадир вазиятда ютқазиб турибдими? Шунинг эвазигами, “Бунёдкор”да орқага кетиш бўлди, назаримда.
Акмал Мирзо: - Клубларимизда тўп сураётган легионерлар ҳақида! Баъзида легионерлар ҳақида ўша ўйинни кўраётган вақтда сезиб қолишингиз мумкин. Бошқа пайт улар ҳақида, гап йўқ, деярли!
Одил Аҳмедов: - Энди, албатта, легионер бўлгандан кейин, Миллий чемпионат ўйинчиларидан кўра кучлироқ бўлиши керак. Легионерларнинг келишида, молиявий тараф ҳам кўп роль ўйнайди. Чунки, барибир яхши легионерни арзон нархга олиб кела олмайсиз. Ундан кўра, маҳаллий ёшларга имконият берган яхшироқ, деб ўйлайман. Бизда эса, арзонроқ бўлса ҳам, легионерга эътибор қаратишни яхши кўришади.
Саидолимхон Турдибоев: - Умуман олганда, футболимизда ғалати тенденция бор. Масалан, бирор бир жамоа кучайиши учун, бошқа жамоанинг юлдузларини ўша жамоага жалб этиш. Янги номлар кашф этиш борасида ишлар камроқ амалга ошириладию, лекин бошқа жамоанинг етакчиларини жалб этишади. Яъни, тайёрга айёр қабилида. Мана шу нарсадан қочиш учун ҳам, бир пайтлар “Нефтчи”да, бошқа жамоаларда кашфиёт бўлиб, кейин терма жамоага жалб этилган футболчилар ҳам бор. Ўша даврларни қайтариш учун нима қилиш керак, қандай ишларни амалга ошириш керак, деб ўйлайсиз?
Одил Аҳмедов: - Бунга яққол мисол қилиб, “Пахтакор” жамоасини келтириш мумкин. Ҳозир бу жамоага эътибор берсангиз, уларда бошқа клубларда ўйнаган футболчилар йўқ, уларнинг деярли кўп ўйинчилари ўз Академиясидан чиқиб келяпти! Бизда чемпионатда шундайки, ҳаттоки мураббийлар ҳам ёшларга ишонч билдиришмайди! Қўрқишади! Бу ёш болалар чиқиб, натижага таъсир қилиб қолиши мумкин, деган хаёл бўлади. Қўрқмасдан, ёшларни қўядиган мураббийлар жуда ҳам кам! Шундай ҳолатлар юз бермаслиги учун менимча, ҳар бир клубнинг ўз Академияси бўлиши керак. Ўша академияга кўпроқ эътибор бериб, масалан, ҳар битта жамоада 2 тадан ёш ўйинчилар етишиб чиқса, бундай нарсага чек қўйилади. Чунки, бизда қобилиятли ёшлар жуда ҳам кўп! Фақат уларни кўра билиш ва уларга имконият бериш керак!
Саидолимхон Турдибоев: - Одатда, футболчи ёш деганда, неча ёш назарда тутилади? Чунки, кўп кузатамиз, бизнинг футболда, “ҳали бу ёш, юлдузли онлари олдинда” дейишадию, лекин футболчи 24-25 ёшни уриб қўйган бўлади. Европада, жаҳон футболида бўлса, 17-18 футболчиларга шундай баҳо беришади.
Одил Аҳмедов: - Асосан, ёш деганда, 17,18,19 ёшларни назарда тутилади. 22-23 да порлаб кетадиган ўйинчилар ҳам бор, лекин булар жуда ҳам кам! Шунинг учун ҳам, ёш деганда мен ҳам, 17-18 ёшлиларни назарда тутдим. Ўша маҳал уларга эътибор берилса, уларда ўсиш даври бўлади, ўша вақтда ушлаб кетса, охиригача ушлаб кетиши мумкин!
Даврон Файзиев: - Жаҳон футболида бу борада кўплаб мисоллар келтириш мумкин! Бунга Англия яққол мисол, у ерда 17-18 ёшда футболчиларни асосий таркибга таклиф қилишади. Лекин, Англиядан фарқли равишда, Италия футболида бутунлай бошқача, у ерда 20 ёшдан кейин футболчи ўзининг чўққисига чиқади, асосий таркибга жалб этилади. Терма жамоага ҳам ёши анча катта бўлганида жалб қилинади. Италия терма жамоаси, ҳар доим ёши катта футболчилардан иборат терма жамоа сифатида танилган. Ҳозирги кунда мана шу жаҳон чемпионатида ҳам, Аргентина энг ўртача ёши катта жамоа экан. Яъни, ҳар бир мамлакатда футболчининг ўзига хос ўсиш тизими ишлаб чиқилганки, баъзи мамлакатларда жуда ёш давридан имконият берилади, баъзи мамлакатларда эса, аксинча, футболчи тўлиқ улғайиб, маълум бир даражага етиши керак. Лекин, мана шу ёшга етгунга қадар, футболчи шунчаки бўш юрмайди! Фарм-клублар бор! Сўнгги пайтларда Россия чемпионати ҳам ривожланиб бормоқда. Одил Аҳмедов Россия чемпионатида бир неча мавсумни ўтказди. Саволим ҳам шундан келиб чиқиб, Россия чемпионатидаги бугунги кундаги ҳолат? Чемпионат ниманинг эвазига ўсишга эришяпти? Ниманинг эвазига Европанинг юлдузлари таклиф этиляпти? Моддий тарафдан ташқари, кучли тарафлари нимада?
Одил Аҳмедов: - Ҳозирги пайтда Россия чемпионати кундан кунга ўсиб боряпти! Биринчидан Россия футболини кўтариш учун жуда ҳам қаттиқ эътибор беришяпти. Иккинчидан кучли легионерлар таклиф қилиняпти. Олдин кучли легионерлар ҳам бўлмаган ва Россия чемпионати ўртача баҳоланган. Ҳозирги пайтда эса, ҳар бир жамоанинг ўзига яраша мухлислари жуда ҳам кўп. Қайси жамоада ўйнашингиздан қатъий назар камида 10 минг мухлиси келади. Бу футболчига ўзини кўрсатиши учун қайсидир тарафлама ёрдам бўлади. Шунинг учун ҳам, Россия футболи кундан кунга ривожланиб боряпти. Энг асосий Россия чемпионатининг ўзига ҳам қаттиқ эътибор бериляпти!
Даврон Файзиев: - “Анжи” чемпионатни жуда ҳам яхши бошлаганди. Етакчилар қаторида борди. Ҳамманинг эътиборини ўзига тортди. Лекин, иккинчи даврадан кейин “Анжи”нинг ўйинида пасайиш кузатилди ва жамоа пастки девизионга тушиб кетди. Шундай гап-сўзлар ҳам бўлдики, жамоанинг ичида келишмовчиликлар, легионер футболчилар ҳамда, бевосита Россиялик футболчилар ичида қандайдир жанжал келиб чиқиб, жамоа қандайдир иккига бўлиниб қолиб, натижада юлдузлар кетиб, қолган футболчилар эса, вазифани уддалай олишмаган. Шу гаплар қанчалик ҳақиқатга яқин?
Одил Аҳмедов: - Мен бир-бири билан чиқиша олмаганлиги учун жамоа тарқалиб кетди, деб ўйламайман! Жамоанинг нима учун тарқали кетганлиги менга унчалик ойдинмас. Чунки, ўша акционер шундай қарор қабул қилди. Ўзининг шахсий муаммоси туфайли шундай қилган бўлса керак. Яна бир бор қайтараман, жамоанинг тарқалиб кетишига ички муҳит таъсир қилмади, деб ўйлайман.
Fattohhon.com: - Вақт ўтиб ҳар қандай инсоннинг қарашларида ўзгаришлар бўлади. Футбол оламига эндигина қадам қўйганингиздаги қарашларингиз бугунги кундаги қарашларингизга мос келадими? Ёки қарашларингизда ўзгаришлар бўлдими?
Одил Аҳмедов: - Биринчи қадам қўйган вақтдаги қарашларим билан ҳозирги вақтдаги қарашларим деярли ўхшаш. Чунки, футбол оламига қадам қўйган кунимдан бошлаб, нимаики орзу қилган бўлсам, нимаики мақсад қилган бўлсам, ҳозирги вақтда ўша нарсаларга эришиб келяпман.
Fattohhon.com: - Энг кўп маслаҳатлашадиган устозингиз ким? Футбол борасидаги асосий маслаҳатларни асосан кимдан оласиз?
Одил Аҳмедов: - Тўғрисини айтсам, футбол борасида маслаҳат олмайман. Бошқа масалалардаги маслаҳат оладиган инсонларим, бу албатта, ота-онам, бошқа оила аъзоларим! Асосан, улар билан маслаҳатлашаман!
Fattohhon.com: - Одил Аҳмедовнинг ҳаётдаги ўз шиори ва шу шиорга доим амал қиладими?
Одил Аҳмедов: - Шиорим, “Олдинга, олдинга ва фақат олдинга!” ва албатта, бунга амал қиламан!
Даврон Файзиев бугунги кун футболидаги ўзгаришлар ва Одил Аҳмедовни четдан кузатган журналист сифатида ўз фикрларини билдириб ўтгач, савол-жавоблар яна давом этди. Ўз навбатида Акмал Мирзо ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
Саидолимхон Турдибоев: - Футболчи бўлиш учун неччи ёшдан болани Футбол Академияси ёки футбол тўгарагига жалб этиш керак?
Одил Аҳмедов: - Энди биринчи навбатда боланинг ўзида қизиқиш бўлиши керак! Ўзида қизиқиш бўлса, боланинг ўзи фақат футбол билан яшашга интилади. Ўша вақтда буни ота-она кўриб, футбол мактабларига олиб борса, футболчи бўлиш учун имконият даражаси янада кўпаяди. Ҳозирги вақтда бизда болалар футболига жуда ҳам катта имконият бериляпти. Шунинг учун ҳам ёш танлаш керак эмас. Менинг фикримча, энг муҳими ўзида қобилият бўлиши керак.
Саидолимхон Турдибоев: - Ўзингиз футбол билан шуғулланишни неча ёшда бошлагансиз?
Одил Аҳмедов: - 6 ёшимдан бошлаганман! Маҳалламдаги мураббийларга бориб, футбол тўгарагига қатнашиб, кейинчалик улғайгач Республика Олимпия коллежига ўқишга кириб, кейин профессионал футболчилик фаолиятимни бошлаганман!
«Орият доно» радиосига Бобур Акмалов кириб келди.
Бобур Акмалов ҳам, Акмал Мирзони дастурининг 1000 сони билан табриклаб, эфирнинг бардавом бўлишига тилак билдирди.
Бобур Акмалов: - Шунча йил давомида легионер бўлдингиз, Россияда тўп сурдингиз. Ўша даврдаги Одил Аҳмедов ва ҳозирги вақтдаги Одил Аҳмедовда қанчалик ўзгариш бор? Қанчалик ўсишга эришдингиз? Атрофдагиларнинг сизга бўлган муносабати? Қанчалик фикрлар?
Одил Аҳмедов: - Россия чемпионатига кўчиб ўтганимдан кейин, бошимга мусофирчилик тушди. Шунинг учун ҳам, менинг ўзгаришим ёки ўзгармаслигим борасида менимча, ён-атрофимдагилар айтганлари маъқул. Ўзбекистонда кам бўламан. Шунинг учун ҳам, ўзим ёки бошқалар ҳақида бир нарса дея олмайман. Менимча, мен ҳақимда бошқалар ўз фикрларини билдиришса, мантиққа тўғрироқ бўларди.
Бобур Акмалов: - Ўзингиздаги юксалиш, ўша пайтдаги Аҳмедов ва бугунги кундаги Аҳмедовда қандай фарқ сезасиз? Мусофирчилик, легионерлик орқали нималарга эришганлигингизни ютуқ деб биласиз?
Одил Аҳмедов: - Энг аввало, бу албатта Ватаннинг қадрига етиш бўлди. Оила аъзоларингни, Ватан соғинчи! Аввал ёш бўлганман, энди эса 2 фарзанднинг отасиман. Шулар ҳақида гапиришим мумкин.
Кейинги эфир соати Жаҳон чемпионатига бағишланди.
Даврон Файзиев: - Жаҳон чемпионати бошланишидан олдин, унинг атрофидаги гап-сўзлар ҳам кўпайди. Масалан, Франк Рибери жароҳат олди, Марко Ройс жароҳат олди, кўплаб юлдузлар жароҳат олиб, терма жамоасига ёрдам бера олмасликлари маълум бўлди. Футболчи сифатида буни нима билан боғлиқ деб, ўйлайсиз? Айнан, жаҳон чемпионатига оз фурсат қолганида ҳар бир терма жамоада, етакчи футболчиларнинг жароҳат олиши!
Одил Аҳмедов: - Энди барибир футболчининг энг катта душмани, бу жароҳат! Қачон жароҳат олишингизни билмайсиз ва буни “страховка” ҳам қила олмайсиз! Энг аламли нарса, албатта, Жаҳон чемпионатига кетиш даражасида жароҳат олиш, энг катта йўқотиш бўлади! Бу нарсанинг олдини ҳам олиб бўлмайди. 2-3 секунд ичида бўладиган ҳолат! Лекин, футбол шуниси билан ҳам қизиқ. Жароҳатсиз, ёки қизил карточкасиз бўлмайди.
Акмал Мирзо: - Иккита футболчининг висол оқшомида ҳам, бахт тилаш, ғалаба тилаш, чиройли тилаклардан олдин, барча табриклагани чиққан футбол олами вакиллари, ҳеч қачон жароҳат олмасликни тилак билдиришди! Бундан келиб чиқиб, майдонда ҳаракат қилаётган вақтингизда, ўша ўзингизга белгиланган вазифалардан ташқари, хаёлингизнинг қайсидир қисмида “жароҳат” деган нарса ҳам турадими?
Одил Аҳмедов: - Йўқ, бундай нарса бўлиши керак эмас! Агар мияда “жароҳат олишдан қўрқаман” деган нарса бўлса, унда футболчининг ўйини ҳам ўхшамайди. Автоматик тарзда ўйинга киришиб кетганингиздан кейин бу нарса миядан чиқиб кетади. Ўйин вақтида кучли тўқнашувлар ҳам бўлади, уларга қўрқмай кириш керак. Ҳозирги пайтда асосан тўқнашувлар ҳам кўп бўляпти. Шунинг учун ҳам, футболда қўрқиш керак эмас.
Акмал Мирзо: - Бундан бир неча йил аввал сиз ўтирган ўринда, дунё футболи юлдузи Ривалдо ўтирган эди. Унга адашмасам Бобур Акмалов томонидан ўша Бразилия ва Туркия ўртасидаги ўйин, яъни Ривалдонинг симулация ишлатиши туфайли, Бразилия ғалабани олиб кетганлиги ҳақидаги савол берилганди. Ўшанда Ривалдога “нега шундай қилгансиз?” деган мазмунда, эътирозли саволлар ҳам кўп бўлган. Ўшанда Ривалдо “футболчи фақат ўша майдонда тўпни кимдандир қабул қилиб, кимгадир ошириб бериши, ёки келаётган ҳужумни қайтариш, фақат гол уриш ёки дарвозада туриши эмас, футболчи умуман, ўйнаши керак” деб жавоб берганди! Яъни, у ана шу нарсани ҳам футбол санъатининг ичига қўшиб юборди! “Буни аъло даражада баҳолаш керак, миллий терма жамоа, мамлакат шаъни турибди,” деган гапни гапирганди. Шунга ўхшаган вазиятларга муносабатингиз?
Одил Аҳмедов: - Энди футбол ўйнашни ҳам, бундай нарсаларни ҳам қилишни билиш керак. Футболчида актёрлик маҳорати ҳам бўлиши керак. Бизда бундай қобилият Александр Гейнрихда бўлган. Ўзини қандай тутишни биларди. Чунки, ғалаба қозониш учун, масалан, озгина оёғингизга тепдими, ўша вақтда йиқилишни ҳам билиш керак. Менимча, мен ҳам бу ҳолатга нормал қарайман. Лекин, бу нарсалар Араб давлатларига ўхшаб қилинадиган бўлса, менимча, керак эмас! Чунки, 10-15 минутлаб ётиб олиш, бу менимча, футбол ўйини эмас! Футболчи қанақадир ўз маҳоратини кўрсата билиши керак.
Бобур Акмалов: - Сиз майдон марказидаги энг зарур нуқтада ўйнайдиган ва киришиб кетадиган, футболчилар билан тўқнашувга кўп борадиган футболчисиз! Лекин, бахтингиз бўлса керак, чунки биринчидан қаттиқ тўқнашувларга борсангиз ҳам жароҳатларингиз кўп бўлмайди, иккинчидан сиз ўша ётиб олиш, симулация ишлатишдан жуда узоқ футболчи сифатида танишади. Лекин, сиз ўзингиз бундай ҳолатни оқлайсиз?
Одил Аҳмедов: - Энди, мен айтдим, менда бундай қобилият йўқ! Лекин, бу нормал ҳолат, деб биламан.
Акмал Мирзо: - Сизда рақиб жамоа мухлисларига ҳам ёқиш, деган тушунча борми? Шундай нарса хаёлга келадими?
Одил Аҳмедов: - Хаёлга келади. Энди, футболчида барибир маҳорат бўлиши керак. Масалан, оёғига тепади, футболчи ўша пайтда йиқилишни билмайди. Ёки “штрафной” ишлашни билмайдиган ўйинчилар ҳам кўп. Бу нарсаларни ҳам қилишни билиш керак.
Даврон Файзиев: - Менимча, бу ерда “Одил Аҳмедов симуляцияни маъқуллаяпти” деган фикр келиб чиқиши керак эмас! Ҳозир шундай фикр пайдо бўляпти. Одил Аҳмедов бу ерда бошқа нарса тўғрисида, яъни, (алоҳида таъкидлаб) “оёғига тепса, йиқилишни билиш керак”, демоқчи! Лекин, Ривалдонинг ҳолати, бу очиқ симуляция! Тўп кўксига тегса, юзини ушлаб ётиб олиш, умуман бошқа нарса! Одил Аҳмедовнинг айтиб ўтгани, шундай футболчилар ҳам борки, оёғига зарбани қабул қилиб олгандан кейин, югуришда давом этиб, кейин тўхтаб қолиб, ҳакамга “нега жарима бермадингиз” деб, мурожаат қилади. Яъни, ўз вақтида мурожаат қилмайди. Яъни, оёққа тепдими, вақтида йиқилиш керак! Қаҳрамонлик кўрсатиб, кейин ҳакамга эътироз билдиришдан фойда йўқ! Ҳаммаси ўз вақтида бўлиши керак! Футбол минглаб кичик деталлардан иборат! Ҳамма нарсани футболчи инобатга олиши керак, деган маънода, симуляция эмас, балки футболнинг нозик тарафларини ҳам чуқур ўрганиш керак, деган маънода айтиляпти. Футболчилардан Александр Гейнрихни ҳам симулянт сифатида эмас, келиб чиққан вазиятлардан жамоасига фойда чиқара оладиган футболчи сифатида кўриш мумкин. Яъни, оёғига тепилдими, Гейнрих йиқилади!
Даврон Файзиев: - Жаҳон чемпионати мавзусида, барчага бериладиган биринчи савол 32 та жамоа қатнашади. Кўпчиликнинг тилида 2-3 та фаворит! Одил Аҳмедовнинг қизиқишларига кўра, Барселона клуби мухлиси ва Испания футболига кўпроқ қизиқади, шундан келиб чиқиб, фаворитлар борасидаги фикрлар?
Одил Аҳмедов: - Энг асосий фаворит, албатта Бразилия! Улардан бир мен эмас, кўпчилик яхши натижа кутяпти. Кейинги фаворитлар, Испания, Аргентина ва Германия, деб биламан. Бу командалар чорак финалга борса, финалга чиқса ҳам ажаб эмас!
Бобур Акмалов: - Россия терма жамоаси ҳақида қандай фикр билдирасиз?
Одил Аҳмедов: - Россия терма жамоаси Португалияни ютиб, тўғридан тўғри Жаҳон чемпионатига йўлланма олди! Шунинг учун улар кейинги босқичга чиқса ҳам, ажабланмайман! Яхши мураббийи бор, яхши жамоа, шунинг учун ҳам уларнинг имкониятларини яхши баҳолайман!
Даврон Файзиев: - Баъзи терма жамоаларда шундай бир амплуалардаги ўйинчилар борки, масалан, Германияда, кўплаб юлдузлари бўлса ҳам, чемпионатда бош мураббий барибир Клозени чақиради. Бразилияда ҳам қайси мураббий ишламасин, доим Фред исмли таниш бўлмаган ҳужумчини чақиради. Шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, терма жамоанинг услуби ва бажариладиган вазифалар, балки клубдагидан фарқ қилар? У ерда балки ёш ҳам, роль ўйнамас?
Одил Аҳмедов: - Албатта, клубдагидан фарқ қилади. Чунки, чиндан ҳам терма жамоада мураббий бошқа ва ундаги тактика бошқа! Ўша тактикага тушадиган футболчини мураббийнинг ўзи қидиради. Қайсидир футболчи, масалан, ўз клубида ёрқин ўйин кўрсатса ҳам, терма жамоада тактикага тушмаслиги мумкин. Бошқаси эса, аксинча, клубда ёрқин ўйин намойиш қилмаса ҳам, терма жамоада тактикага мос тушади. Шунинг учун ҳам, мураббийлар ўша ўйинчиларга ишонч билдиришади.
Даврон Файзиев: - Сўнгги пайтларда Жаҳон футболида жисмоний тайёргарлик биринчи ўринга чиқмоқда. Масалан, сизнинг омадингиз бор экан, кам жароҳат оласиз. Тўғри, омад ҳам роль ўйнайди. Лекин, муҳими ўз устида жисмонан ишлаш, футболчи қанчалик жисмонан тайёр бўлса, 100 фоиз, шунчалик жароҳат олиш фоизи ҳам камайса керак. Қандай қилиб, камроқ жароҳат олишга эришдингиз? Ёки буни табиий, деб ҳисоблайсизми?
Одил Аҳмедов: - Ҳозирги пайтда чиндан ҳам жисмоний ҳолат биринчи ўринга чиқиб қолди. Ростдан ҳам, жисмоний ҳолат яхши бўлса, техника ҳолати ҳам яхши бўлади. Ёмон бўлса, ҳаттоки фикрлашингизгача ўзгариб кетади. Нима учун кўплаб йўқотишлар бўлади? Ўша жисмоний ҳолати ёмонлиги учун ҳам! Шунинг учун ҳам, ҳозир ҳамма чемпионатда биринчи навбатда чемпионатга эътибор қаратишяпти! Жароҳат олишлар ҳам кўпроқ ўша жисмоний ҳолатнинг яхши эмаслигидан келиб чиқади. Жисмоний ҳолат тарафдан, мен мураббийларнинг кўрсатмаси бўйича ишлайман. Берилган керакли вазифаларни бажараман, индивидуал шуғулланаман.
Бобур Акмалов: - Жисмоний ҳолат ҳақида гап кетганда, футболнинг ажралмас қисми ва муваффақият калити сифатида, айтдингиз. Лекин, Жанубий Корея ва Япония терма жамоалари футболчиларида жисмоний жиҳатдан ҳеч қандай оқсаш йўқ. Улар жуда ҳам тайёрланган. Кўп ўйинларда улар билан майдонга тушгансиз, рақиб ҳам бўлгансиз. Лекин, Осиё футболининг муаммоси нимада? Балки, сабаб, фақат жисмоний ҳолатга таяниб қолинганлигидами?
Одил Аҳмедов: - Энди Араб давлатларида жисмоний жиҳатдан яхши бўлса ҳам, иқлим, иссиқ, таъсир қилади. Иккинчидан айтиб ўтдим, ўша жисмоний ҳолатга кўпроқ мураббий эътибор қаратиши керак. Жисмоний ҳолатни бир хил ушлаб турадиган ҳар бир жамоанинг ўз мураббийлари бўлади. Шундай мураббийларни кўпайтириш керак. Ҳозир бундай мураббийлар Ўзбекистон чемпионатида жуда ҳам кам!
Бобур Акмалов: - Россияда собиқ клубингиз таркибида Европа майдонларида, жуда кўплаб машҳур стадионларда тўп суришга эришдингиз. Европа футболчиларининг жисмоний ҳолатларини, Россия ва биз билан солиштирсак, фарқи? Нимадан таассурот олдингиз, ҳайрон қолдингиз ва қойил қолдингиз?
Одил Аҳмедов: - Англияни олсак, энг биринчи эътибор берадиган нарсаси, бу жисмоний ҳолат! Шунинг учун ҳам, барибир у ёқдаги атмосферани кўриб ҳам, мухлисларни кўриб ҳам, одамни майдонда футбол ўйнагиси келади. Улардаги об-ҳаво ҳам, инсонни чарчатмайдиган, қанча югурсангиз ҳам чарчатмайдиган об-ҳаво. Энг ёққан нарса, Европада, бу ҳар қандай вазиятда ҳам, ўзининг командасини қўллаб-қувватлайдиган мухлислар! Шу нарсага ҳайрон қолдим.
Даврон Файзиев: - “Пахтакор” сафида бошқа рақамда ўйнайсиз, “Анжи” сафида бошқа рақам ва Миллий терма жамоада бошқа рақамда ўйнайсиз! Терма жамоада 9 рақамини танлашингизга сабаб?
Одил Аҳмедов: - Терма жамоага биринчи чақирилган вақтимда, биринчи бўлиб, 6 рақамини беришди. Кейин иккинчи чақирилганимда, 9 рақами бўш экан, шу рақамни беришди. Шу билан 9 рақамда қолиб кетганман!
Даврон Файзиев: - Ўзгартириш, дейлик, 25 рақамини олиш фикри бўлмаганми?
Одил Аҳмедов: - Энди Терма жамоада кўп жойларга борасиз, Осиё чемпионатига саралаш бўлганида ҳам, рақамлар 20 гача эди. 25 рақам бўлмаган! “25 беринглар”, деб сўраганман ҳам, аммо ФИФА 25 га рухсат беришмаган. Шунинг учун ҳам, 9 рақамида ўйнаганман.
Даврон Файзиев: - Баъзида мухлисларда шундай ҳоҳиш пайдо бўлади, “нега Одил Аҳмедовни ҳужумга сал яқин қўйишмайди” дейишади. Ўзингизда ҳам шу нарсага қизиқиш бўлмаганми?
Одил Аҳмедов: - Бўлган. Лекин, мураббий қаерга қўйишни ўзи билади. Мен ҳеч қачон мураббийнинг қарорига қарши чиқмаганман! Энг асосийси, бу фойдам тегиши!
Даврон Файзиев: - Ҳозиргача давом этиб келаётган фаолиятингиздаги энг сизга таъсир қилган, эсда қоларли, энг муҳимларидан бири шу, деган ўйин?
Одил Аҳмедов: - Ҳар битта ўйинга тушганимда, хаёлимдан “бу охирги ўйиним” деган фикр ўтади. Ўзим ҳам, “бу охирги ўйиним” деб тушаман ва шунинг учун ҳам, доим қўлдан келганча ҳаракат қилиб, ғалаба қозонишга интиламан! Лекин, битта ўйинни ажратиб кўрсата олмайман. Чунки, ҳамма ўйин мен учун муҳим.
Акмал Мирзо: - Мана бизни “Чой устида” дастуримизнинг 1000 юбилей сони, бунга биз сизни таклиф қилдик. Бу бизнинг истагимиз бўлган. Сизда ҳам шундай бўлганми? Қайсидир юбилей ўйин, у қаерда бўлиши, нечанчи дақиқада тўп уриш, шундай нарсалар борми Одил Аҳмедовда?
Одил Аҳмедов: - Нафақат мен, балки ҳамма битта жамоани юбилей ўйинида ўйнашни орзу қилса керак. Мен ҳам қайси командада ўйнашимдан қатъий назар, албатта, буни ҳоҳлайман. Инсон, тарихини ўзи яратади. Тарихга кириш ҳар бир инсон учун ёқимли нарса! Шунинг учун ҳам, албатта қайсидир командада юбилей ўйинида иштирок этиш, ёки юбилей голини уришни ҳоҳлардим.
Даврон Файзиев: - Жаҳон чемпионати ўйинлари, бизнинг вақт билан асосан тунда ўтказилади. Энг кечи, ҳатто эрталабга ўтиб кетади, эрталаб 06.00 да. Футболчилар эса, қатъий тартиб-интизомга риоя қилишади. Шундан келиб чиқиб, бундай ўйинларни кўрасизми, ёки уйқуни, кучни тиклашни афзал кўрасизми?
Одил Аҳмедов: - Соат 21.00 даги ўйинни кўришим мумкин, лекин ундан кечини кўра олмайман! Чунки, футболчи учун энг яхши тикланиш, бу кечқурунги уйқу!
Бобур Акмалов: - Охирги 4-5 йил ичида сизда тил ўрганиш, умуман инсонлар билан мулоқот, қанчалик ўзгарди?
Одил Аҳмедов: - Бошқа клубларга ўтасиз, бошқача атмосфера, бошқа инсонлар! Ҳаммасидан яхши жиҳатларни ўрганишни ўйлайсиз. Ўша “Анжи”да бўлган маҳалим ҳам, ўша ердаги футболчилардан профессионалликни, яхши томонларини кўп олдим. Россия чемпионатига чиқишим ҳам, ҳар томонлама ўсишимга ёрдам берди, десам ҳам бўлади.
Бобур Акмалов: - Фаолиятингиздаги мураббийлар? Қайси мураббийдан, Россиядаги, ўзимиздаги, қайси жиҳатларни олдингиз?
Одил Аҳмедов: - Шу даражага етишимга ҳамма мураббийларнинг ҳиссаси бор. Қайси мураббий билан ишлашимдан қатъий назар, ҳаммаси менга ўсишимда ёрдам берган. Фурсатдан фойдаланиб, ҳар бир мураббийимга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Булар ичида мени ҳайрон қолдирган мураббий бу албатта, Гус Хиддинг. Чунки, ҳақиқатдан ҳам профессионал мураббий! Мураббий қандай бўлиши керак? Футболчиларни ўз ўғлидек яхши кўриши керак, ўз ўғлидек танбеҳ бериши керак. Ўшандагина қандайдир натижага эришиш мумкин. Бу нарсаларнинг ҳаммасини Гус Хиддингда кўриш мумкин. Уни ҳақиқий психолог дейиш мумкин, ҳар бир футболчи билан бир хил муомалада бўлади. Ҳам ўйинга тайёрлай оларди, ҳам ҳар тарафлама яхши инсон.
Даврон Файзиев: - Худди шу саволни футболчилар тарафлама бермоқчиман. Шу вақтгача бирга тўп сурган футболчилар ичида ўзининг профессионаллиги, ўз устида ишлаши ва бошқа тарафлама ўрнак қилиб олган футболчингиз борми?
Одил Аҳмедов: - Бор, албатта. Бундай профессионализмни мен Самуэль Это’О да кўрдим. Чунки, чиндан ҳақиқий профессионал, ўз ишининг устаси. Ундан кўп нарсаларни ўргандим, десам ҳам бўлади.
Даврон Файзиев: - Баъзида шундай фикр пайдо бўладики, Это’О сингари юлдузларда эгоизм, яъни кўпроқ ҳамма нарсани ўз фойдасига буриш ва бу орқали жамоада, дўстликдан кўра, ўз мавқейини устун қўйиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Бу борада сизнинг фикрингиз, бу нарса қанчалик аҳамиятли? Ёки футболчи профессионал бўлиши керак, ўйнаши керак, муҳит, муносабат иккинчи даражали, деб ҳисоблайсизми?
Одил Аҳмедов: - Менимча, биринчи даражада муносабат бўлиши керак! Мен ўйнаган жамоада бу нарсани кўрмадим. Кимни қандайдир муаммоси бўлса, келиб Это’О га айтарди ва у ҳал қилиб берарди. Сиз айтган нарсани унда кўрмаганман!
Бобур Акмалов: - Фаолиятингиз кўз ўнгимизда ва кузатиб борамиз. Лекин, кўпинча, интервьюларда ҳаммаси яхши, деб эшитамиз. Ваҳоланки, фаолиятингизда қоқилишлар, вазиятлар, балки Россияда, клубда, балки ҳаётда сизни йиқитиши, йўлдан чалғитиши мумкин бўлган ҳолатлар бўлганми? Бу вазиятлардан қандай қилиб чиқиб кетгансиз?
Одил Аҳмедов: - Менда ҳам бундай вазиятлар бўлган. Россия чемпионатига борганимда ҳам, биринчи навбатда борган маҳалимни эслайдиган бўлсам, “Ўзбекистонлик футболчи келди” дейишдими, Ўзбекистонда Россия чемпионатида ўйнайдиган футболчи йўқ, деган тасаввур бор эди. Ўшани енгиш мен учун жуда ҳам қийин бўлди! Бу фақат мураббийларда эмас, футболчиларнинг орасида ҳам, бош директор, спорт директори, кўпларнинг орасида бўлди. Бу нарса, футболчи учун жуда қаттиқ психологик зарба бўлади. Шуни енгиш жуда қийин бўлди! Биринчи борганимда, биринчи Ўзбекистонлик футболчи бўлганим учун ҳаттоки футболчилар ҳам ишонишмаган! Ўз устимда ишлаб, ҳаракат қилиб, ўз ўйинларимни кўрсатиб, охири енгиб чиқа олдим.
Акмал Мирзо: - Ўзи умуман, Россияда ўзбек футболига нисбатан, футбол мутахассисларининг фикрлари қандай? Ёки Ўзбек футболи, Одил Аҳмедов, Шацкий, Денисов холосми?
Одил Аҳмедов: - Ўзбек футболи деган тушунчага эга! Лекин, барибир улар учун ўзбек футболчилари кам бўлганлиги учун ҳам, ўзбек футболчиси Россия чемпионатида ўйнаб кетишига ишонмайди! Ўзбекистонлик футболчини олгандан кўра, Бразилиядан олиб келганим яхши, деган тушунча уларда кўпроқ. Бизнинг футболчиларга ишонч йўқ, ўйинига унчалик ишонишмайди.
Даврон Файзиев: - Фаолиятингизнинг маълум қисмида шундай вазият рўй берган. “Пахтакор”га Осиё клублари, араб клубларидан жуда кўп таклифлар тушган. Билишимизга, бу таклифлар моддий жиҳатдан сизни тўлиқ қониқтириши мумкин бўлган таклифлар эди. Тўғри, Осиё қитъасидаги футбол билан Европа қитъасидаги футболни солиштириб бўлмайди, лекин ўша жамоаларнинг моддий жиҳати юыори эди, ҳамда у ерда баъзи жаҳон футболи юлдузлари бор бўлган жамоалардан ҳам таклифлар тушганди. Мана шу таклифларни рад этгансиз. Нима сабабдан?
Одил Аҳмедов: - Чунки, ёшлигимдан Россия ёки Европа чемпионатида ўйнашни орзу қилардим. Шунинг учун ҳам, мен агар Араб жамоаларига ўтганимда, бу мен учун армон бўлиб қоларди. Шунинг учун ҳам, биринчи ўзимни Россия чемпионатида синашни ҳоҳладим. Шунинг учун ҳам, Араб давлатларидан тушган таклифларга рад жавобини бердим.
Даврон Файзиев: -Ҳозирги кунга келиб, сиз ва Виталий Денисов, Европа клубларида юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқдасизлар. Босим бўлса керак, чунки ҳамма кузатиб боради. Бевосита кузатмаса ҳам, турли саволлар бўлиши табиий. Қолаверса, барибир ишонч бўлади. Бу нарсадан босим сезмайсизми? Бу ёрдамми, турткими?
Одил Аҳмедов: - Албатта, ҳар хил мухлис бор. Кимдир сизга ишонади, кимдир аксинча, сизнинг қоқилишингизни кутиб туради. Бундай нарсага ҳам дуч келганман, жароҳат олган маҳалда, ким қандайлигини ўз кўзингиз билан кўрар экансиз. Яхши тарафлама ишонч билдириш, бу футболчи учун жуда ҳам катта нарса! Ишонч билдирилдими, ишончни йўқотмаслик учун сиз 2 карра куч билан ўйнашга ҳаракат қиласиз! Шунинг учун, бу босим эмас, аксинча янада кучлироқ ўйнашим учун куч беради.
Даврон Файзиев: - Шу саволнинг давоми сифатида, Ўзбекистонда бўлган вақтингизда сиз билан суҳбатга тушиш, саволга тутиш ҳолатлари ҳам табиийки кўп бўлади. Қолаверса, бу ёқда оилангиз. Бу нарсалар масалан, бу ерга дам олишга келганингизда, аксинча чарчоқ ҳолатини келтириб чиқармайдими?
Одил Аҳмедов: - Йўқ, чунки бу йўлни ўзим танлаганман, ўзим ҳоҳлаганман! Шунинг учун ҳам, бу менга чарчаш эмас, аксинча ёрдам бўлади. Чунки, биз ҳам ёшлигимизда мухлис бўлганмиз. Ким биландир суратга тушишни, ёки дасхат олишни орзу қилганмиз! Шуларни ўйлайман.
Даврон Файзиев: - Демак, юлдузлик даражаси сизга оғирлик қилмаяпти?
Одил Аҳмедов: -Йўқ.
Бобур Акмалов: - Хабаримиз бор, ҳавас қиларли оилангиз бор. Ота-онангиз, рафиқангиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, умуман, футболчилик ва легионерлик фаолиятингизда уларнинг ёрдами, улардан келаётган кучни ҳис қилганмисиз? Энг асосий куч, бу барибир оиладан! Суҳбат якунига етаётган вақтда, эфирда уларни эътироф этиб ўтиш керак, деб ўйлайман. Оилангизнинг ёрдами сизга қанчалик қанот бағишлайди?
Одил Аҳмедов: - Албатта, уларнинг ёрдам биринчи ўринда, десам ҳам бўлади. чунки, сиз яхши натижага эришсангиз, атрофингизда одамлар жуда ҳам кўп бўлади. Ёмон натижа бўлганида эса, ёнингизда фақат оилангиз қолади. Чунки, сизни бир қарашда тушунадиган, юракдан мухлислик қиладиган, дардингизни тушунадиган, дардлашадиган, сизни деб ортингиздан борадиган ҳам, сиз ҳақингизда қайғурадиган ҳам, бу яқинларингиз, ота-она, ака-ука, рафиқангиз, болаларингиз бўлади. Уларнинг ёрдам билан ҳам шу даражага етдим, десам ҳам бўлади. Чунки, улар қаерда бўлишимдан қатъий назар, мени ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашади. Шунинг учун ҳам, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Менинг бахтимга соғ-саломат юришсин! Ота-онамнинг дуоси билан ҳам шу даражага етиб юрибман, деб ўйлайман. Оила аъзоларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман!
Даврон Файзиев: - Иккита фарзандингиз бор. Иккаласи ҳам ўғил. Уларда ҳам футболга қизиқиш борми? Бу қизиқишнинг кейинчалик пайдо бўлиши, сиз томонингиздан қўллаб-қувватланадими?
Одил Аҳмедов: - Катта ўғлимда футболга қизиқиш йўқ. Катта ўғлимга “футболчи бўласанми?” десам, “Йўқ, артист бўламан” дейди. “Ким футболчи бўлади?” десам, укасини кўрсатади. Шунинг учун ҳам, энг асосийси ўзида қизиқиш бўлиши керак. Мен мажбурлаб футболга олиб бормайман. Агар ўзида қизиқиш бўлса, мен йўналиш кўрсатиб, шароит қилиб беришим мумкин.
Дастур якунида Акмал Мирзо “Чой устида” дастурининг 1000 сонини мана шундай кўтаринки руҳда ўтиши учун шароит яратиб берганликларига “Орият доно” радиоси раҳбариятига, ўзбек футбол юлдузи Одил Аҳмедовга, дастур меҳмонларига, ҳамда сайтимизга миннатдорчилик билдириб ўтди, ҳамда 2000 сонида ҳам мана шундай дийдорлашиш насиб айласин, деб ният билдирди.
Биз ҳам “Чой устида” дастурига алоҳида таклиф учун, дастур муаллифи, радиобошловчи журналист Акмал Мирзога миннатдорчилик билдирамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Шерзод Раҳмоновга ташаккур