FATTOHHON.COM
« Все новости
Актёр ва режиссёр Муҳаммадали Искандаров эндиликда, Али Искандарий тахаллуси билан хонандалик фаолиятини бошлади! Унинг бу режасидан хабарим бор эди ва ижодкор тахаллус учун вариантлар ўйлаётган вақтда, унга “Али Искандарий” тахаллусини тавсия қилгандим. Ижодкор ҳам хонандалик учун шу тахаллусни танлабди. Қолаверса, Али Искандарий учун бутунлай бошқача имидж ҳам яратилган.
Али Искандарийнинг илк қўшиқлари “Кетма”, “Эркаламайму” (MC Drive билан дуэт) бастакор-аранжеровкачи Мардон Отажонов томонидан яратилган.
“Эркаламайму” MC Drive билан дуэтига режиссёр Равшан Норбоев томонидан клип ҳам суратга олинди! Операторлар Дилмурод Турдибоев ва Наримон Султонхўжаевлар бўлишди.
Хонандани саволга тутдим:
- Кўплаб актёрлар қўшиқ куйлаганда, томошабинлар томонидан “энди бу актёр ҳам куйлаб юборибди. Шу қўшиқ айтмаса нима бўларди?” деган фикрлар бўлади. Сизнинг мана шундай саволларга жавобингиз?
- Менинг жавобим, фикримча, ижодкор ўзининг кўп қиррали эканлигини сезса, бу борада ҳам ўзини синаб кўриши керак, албатта. Бу ўғирликка, ёки хатога кирмайди. Бу ўзимнинг ички дунёйим, масалан, мен Муҳаммадали Искандаров бўлиб шаклланган бўлсам, иккинчи меним ҳам бор, яъни бу хонанда Али Искандарий! Бундай ҳолат ҳар қандай инсонда бўлади, масалан, инсон жиддий бўлса, ичидаги иккинчи мени аксинча, олов характерли бўлиши мумкин. Мен шуни назарда тутяпман.
- Шу иккинчи қиррангизнинг шаклланишига нима туртки бўлди?
- Биласизми, мен Муҳаммадали Искандаров бўлиб, ўзим журъат қила олмаган қиррамни, мана шу Али Искандарий бўлиб, кўрсатиш фикридаман! Али Искандарий бу образ, жиддий актёр Муҳаммадали Искандаров эмас! Худди роль ижро қилгандек образ яратилди. Чунки, Муҳаммадали Искандаров костюм-шимдаги жиддий қиёфа, Али Искандарий эса, эркин ижодкор! Яъни, мен Муҳаммадали Искандаров бўлиб, у каби қўшиқлар куйлай олмасдим, назаримда. Муҳаммадали Искандаров бу мен, кинода, роль ижро қилганимда, режиссёрликда, Али Искандарий бўлса, мени проекциям, яъни мен истаган, мен амалга оширмоқчи бўлган тажрибам, ички дунёйим, образ! Бир қарашда Муҳаммадали Искандаров билан Али Искандарий унчалик фарқ қилмаслиги мумкин, аммо кейинчалик бу икки образ, бутунлай бир-биридан яққол фарқ қила бошлайди.
- Эндиликда фақат Али Искандарий бўлиб, хонандаликдаги фаолиятингизни давом эттирасизми, ёки режиссёр сифатида ҳам клиплар суратга олиш давом этаверадими?
- Йўқ, клиплар олишни давом эттиравераман! Аммо, фақат ўзимга ўзим клип суратга ололмаслигим мумкин! Шунинг учун ҳам, клипимни бошқа режиссёрларга суратга олдиряпман. Яъни, хонандаликни ҳис қилиш учун! Мана ҳозир ўз клипим учун хавотирланяпман, чунки унинг сюжети, треклари қандай чиқди экан, деб ўйлаяпман! Бу ҳам, хонандаларга хослик, назаримда! Чунки, хонандалар ҳам менга “клип суратга олиб беринг” дегач, мен ўша клипни суратга олганимдан сўнг, улар ўз клипи ҳақида қандай хавотир олиб, қайғуришса, мен ҳам ўша ҳолатдаман!
- Сизни энди хонанда сифатида тўйларда ҳам кўришимиз мумкинми?
- Ҳа, албатта! Тўйларда мана яқинда хонандалар Сардор Раҳимхон, Илҳом Фармонов, Равшан Собиров, Жамшид Абдуазимовлар билан кўришдик. Ҳаммалари самимий баҳо беришди. Энди, баҳони томошабинлар беришади. Билмадим, баъзи хонандалар фильмларда роль ижро қилишса, актёрлар гапиришмайди-ку. Шунга ўхшаб, менимча, актёрларнинг ҳам хонанда сифатида қўшиқ ижро қилишлари, эриш нарса эмас, назаримда. Ахир фильмларда фақат хонандалар бош ролларни ижро қилишган вақтлар ҳам бўлган. Энди тингловчиларга айтадиган сўзим, дарҳол фикр билдиришга шошмай, аввал қўшиқларимни тинглаб кўришса, тахминан 10 тача қўшиғимни тинглаб, кейин бир хулоса билдиришса, жон-жон деб, қулоқ солган бўлардим. Лекин, ҳали қўшиқларимни тингламай туриб, “шартмиди бу ҳам куйлаши” деган гапларга, тўғриси, эътибор қила олмайман. Чунки, бу ишим хонандаликка даъвогарлик эмас, бу мени ўз ички дунёйимдан келиб чиқиб қилаётган ижодим! Агар кимгадир манзур бўлса, хурсанд бўламан, албатта.
Мардон Отажонов бастакор-аранжеровкачи: - Мен клип суратга олиш жараёнида Муҳаммадалининг ўз образига характер бера олишига ҳайрон қолдим. Чунки, кўп хонандалар ролига характер бера олишмайди. Сабаби, улар актёр эмас. Муҳаммадали бўлса, ҳам куйлади, ҳам характер бера олди. Бу тарафлама, актёрлиги ёрдам берди, деб ўйлайман.
Феруза Фаттохова
АЛИ ИСКАНДАРИЙНИНГ ИЛК ҚЎШИҚЛАРИДАН БИРИНИ ТИНГЛАШ ВА КЎЧИРИБ ОЛИШ УЧУН!
1) АЛИ ИСКАНДАРИЙ& MC_DRIVE-ЭРКАЛАЙМИ-МР3
2) АЛИ ИСКАНДАРИЙ& MC_DRIVE-ЭРКАЛАЙМИ-МР3