FATTOHHON.COM

« Все новости

ШАХСИЙ ҲУДУДГА НАЗАР! ДОСТОН УБАЙДУЛЛАЕВ! 25.06.2014 19:43

foto (9)

Одатда, шоубизнес соҳасидаги инсонлар, бошқалар назарида фақатгина ижод билан машғул бўлган инсонлардир. Улар баъзида бошқаларда, оилада қўлини совуқ сувга урмайдиган инсондек гавдаланишади. Айниқса, шоубизнесдаги эркакларни умуман, оила юмушлари, бола тарбиясидан бироз йироқда, деб ўйлашади. Лекин, бугунги лойиҳамиз, бундай фикрларни бутунлай инкор этади. Шоубизнес вакиллари нафақат меҳрибон ота, оила бошлиғи бўлибгина қолмай, балки баъзида фарзандларига қарашни ҳам, уддалай олишади!

foto (6)

“Ниҳол” мукофоти совриндори Достон Убайдуллаев 2 фарзанднинг отаси.

 

1. Ёш бола, чақалоқнинг кийимини алмаштириш қўлингиздан келадими?

 

2. Бир кун давомида ёш болага қараб тура оласизми?

3. Болангиз меҳмон келганида одобсизлик қилса?

4. Фарзандларни уришиш ва жазолашга муносабатингиз? Қандай йўл билан тарбия берасиз?

5. Муҳим ишингиз бор, аммо кичкина фарзандингизни сиз билан ўйнагиси келяпти. Қандай йўл тутасиз?

6. Болангиз яхши кўрган нарсангизни синдириб қўйди?

7. Болаларингиз нималарни яхши кўришларини биласизми? Масалан, ранглар, кийимлар...

8. Фарзандларингизни санъат йўлидан боришларига қандай қарайсиз?

foto (8)  

 

 

1. Қўлимдан келади, алмаштириб ҳам кўрганман. Энди оилавий шароит, бир оилада яшагандан кейин, ҳар хил ҳолат бўлиб қолиши мумкин. Масалан, рафиқам поликлиникага чиқиб кетган вақти, шундай пайтларда, бу ишни қилишимга тўғри келиб қолган.

foto (7)

2. Ҳозир болаларим катта. Энди, болага чақалоқлик вақтида қарай олмаслигим мумкин. Энди ҳозир катта ўғлим 8 ёш, қизим 5 ёш. Рафиқам бир ҳафта уйда бўлмаганида, 1 ҳафта икковига қарадим, боғчага, мактабига олиб бориб, қараб турдим.

foto (5)

3. Иложи борича меҳмоннинг олдида койимасликка ҳаракат қиламан. Ўзи олдиндан дадамлар ҳам бизни шундай тарбия қилганлар. Мен ҳам болаларимни шундай тарбия қилишга ҳаракат қиламан. Фарзандларимга ҳар доим “меҳмонлар олдида ўзингизни тарбияли тутинглар, одобсизлик қилманглар” деб ўргатаман. Ҳамманинг олдида уришмасликка ҳаракат қиламану, аммо четга олиб тушунтираман!

 

4. Тўғрисини айтсам, фарзандлар тарбиясига қаттиққўлман. Шахсий фикрим, албатта, менимча, бола тарбиясига сал қаттиқроқ туриш керак, деб ўйлайман. Чунки, бола барибир бола, уни эркалатиш керак, аммо талтайтириб юбориш керак эмас! Бола жуда ҳам эркаланиб кетмаслиги керак, назаримда. Болага болаликдан тўғри тарбия бериш керак, бўлмаса катта бўлганида, гап ўтмаслиги мумкин, деб ўйлайман.

foto (4)

5. Бу менинг уйимда жуда ҳам кўп бўладиган ҳодиса! Мен ҳам, Санжар акам ҳам болаларни жуда яхши кўрамиз. Аммо, мени вақтим кам бўлгани учун, болалар билан унчалик кўп бирга ўйнай олмайман! Вақт етишмайди. Шунинг учун ҳам, Санжар акам уйимга меҳмон бўлиб келсалар, менинг фарзандларим “Санжар амаким келдилар, маза қилиб ўйнарканмиз” деб хурсанд бўлишади. (самимий кулади) Мени фарзандларим ҳам, жиянларим ҳам, “адамнинг ишлари кўп” деб билишади. “Ада ўйнатинг” деса, “ишга кетишим керак” десам, болаларим тўғри тушунишади. Лекин, мен ҳам албатта, уларга вақт ажратаман ва ҳамма янги очилган жойларга олиб бориб, ўйнатиб келишга ҳаракат қиламан!

foto (3)

6. Иложи борича, сал қаттиқроқ қилиб, тўғри тушунтираман! Нима учун? Ўша ишни кейинги сафар қилмаслиги учун! Шу иши эсида қолсин, шу нарсани синдириб қўйганлигини ва бу иш нотўғрилигини тушунтириб қўйишимга тўғри келади.

foto (2)

7. Болалар каби, ўйингоҳлар, ширинликларни яхши кўришади. Рангларга келсак, қизим пушти рангни ёқтиради. Ўғлим аввал қора рангни ёқтирарди, сабаби мен қора машина ҳайдардим. Шунда ўғлим, нима расм чизса ҳам, қора рангда чизадиган бўлиб қолди. Ўша пайтларда боғча опалари, “психологиясига нимадир таъсир қиляптими?” деб,  бу ҳақида менга айтишгач, ўзим ҳам ҳайрон бўлиб, бироз қўрқдим. Кейин ўғлим билан “нега?” деб, сўраб, гаплашдим. Шунда ўғлим, “ада сиз қора машина ҳайдайсиз-ку, ўшанга мен шу рангни яхши кўраман!” деса бўладими? Ўғлим машиналарни жуда яхши кўради! Шундан кейин, оқ машина ҳайдай бошладим ва ранг-баранг кийинишга ҳаракат қиладиган бўлдим. Қарабсизки, ҳаммаси жойига тушди. Ҳозир ўғлим 2 синфда ўқийди.  Ҳар хил рангларни ёқтиради. Бундан келиб чиқадики, биз оталар ўз фарзандларимиз учун идеалмиз. Ҳар қандай ота-она ўз боласи учун идеал! Масалан, ҳаттоки ота қандай кийинса, болани ҳам шундай кийингиси келар экан. Мени ўғлим, костюм-шим, галстукни жуда яхши кўради. Мен костюм-шим кийиб, галстук тақиб, тўй-ҳашамларга, тадбирларга чиқиб кетаётганимда кўрадию, шундай пайтларда, уни ҳам шундай кийингиси келади. (самимий кулади) Унга ҳам галстуклар олиб берганман. Мактабда ҳаттоки, “бошқача кийиниб келса ҳам бўлади” дейишса ҳам, ўғлим ўзи ҳоҳлаб, менга ўхшагиси келиб, костюм-шим кийиб, оқ кўйлакка, галстук боғлаб, сипо бўлиб боради! Ҳаттоки, ёзги вақтларда ҳам, костюм киймаса ҳам, оқ кўйлак устидан нимчасини кийиб, галстук тақиб олади. Менга тақлид қилади. Бошқа болаларга ўхшаб, жинсини яхши кўрмайди. Менга ўхшаб классик услубда кийинишни ёқтиради.

foto (1)

8. Агар фарзандим санъаткор бўламан, деса ёрдам бераман. Санъатни яхши кўрган инсондан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Аммо, ўғлимда хонандаликка унчалик қизиқиш йўқдек, назаримда. Дадамлар ҳам ўғлимни шу борада уришадилар, “адангни сендек вақтида бутун Ўзбекистон танирди” дейдилар. Чиндан ҳам, 7 ёшимда “Тангалик болалар” фильми чиққанди. Ўғлим эса, 8 ёшда. Ҳаттоки, мактабидан вазифа қилиб берилган шеърни ҳам ёдлашга унча ҳоҳиши бўлмайди. Уни болалар гуруҳларига қатнашишга қизиқтиришга ҳаракат қиламан, лекин, у ҳаттоки “йўқ” ҳам демайди. Ишора билан “йўқ” дейди. (кўрсатиб бериб, кулади) Балки, ҳозирча қизиқмаётгандир? Балки эртага каттароқ бўлганида қизиқиш бўлиб қолар? Қизимда санъатга қизиқиш бору, ўзим ҳоҳламайман. Энди катта бўлиб турмушга чиққач, агар турмуш ўртоғи қўллаб-қувватласа, рози бўлишим мумкин.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова