FATTOHHON.COM
« Все новости
«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», севимли Райҳоннинг она бўлганлиги барчани қувонтирди. 1 май куни дунёга келган эгизак ўғилларига Райҳон Ислом ва Имрон, деб исм қўйди. Ҳозирда оналик бахтидан масрур Райҳон, турмуш ўртоғи билан биргаликда фарзандларини тарбия қилиш баробарида, ижодни ҳам баробар олиб бормоқда. Бугунги “Диллашув” саҳифасининг меҳмони Райҳон.
- Оналик бахти муборак бўлсин! Эгизак ўғилли бўлдингиз. Адашмасам, аввалги интервьюда болаларингизни “май ойи ўрталарига дунёга келишса керак” дегандингиз. Улар эса, 1 май куни туғилишди. Фарзандларингиз қўлингизга олиб келишганида, уларнинг юзларини кўрганингизда нималарни ҳис қилдингиз?
- Ўзи ўша куни тўлғоқ ҳам кутилмаганда бошланди. Биз эрталаб шифокор кўригига боргандик. Ҳаттоки, кечқурунга бир тўйга қўшиқ куйлашга боришим керак эди. Анча аввал олиб қўйилганди. Хуллас, менга шифокор кўригида “ҳаммаси жойида, ҳали вақт бор” дейишганди. (кулади) Кейин қарабсизки, бироз ўтиб, тўлғоқ тутиб қолди. Туғруқхонада менга Москвалик шифокорлар қарашди. Улар атайлаб чақирилганди. Улар учун менинг кимлигимни мутлақо аҳамияти йўқ, мен улар учун фақат фарзандларини дунёга келтираётган оддий аёл эдим! Дастлабки дақиқаларда қандайдир ўзим ҳам тушуна олмадим. Тушунарсиз туйғулар оғушида эдим. Дастлаб, чақалоқларимни кўрганимда, бу менинг фарзандларим эканликларига ҳам ишона олмадим. Кейин эса, ҳушим ўзимга келиб, булар менинг фарзандларим эканликларини англаб, “булар менинг фарзандларим, ниҳоят улар дунёга келишди!” дедим, кўзларимга қувонч ёшлари келди ва уларни қанчалик кучли яхши кўришимни юрагимдан ҳис қилдим! Ўша дақиқаларда улар менинг ҳаётим мазмуни эканликларини ҳис қилдим! Ўша лаҳзаларда ниҳоят, ҳақиқий ҳаёт мазмуни нима эканлигини тушундим... Олдин доим “Ҳаёт мазмуни нима? Биз нима учун дунёга келганмиз?” деган саволга жавоб излардим. Бугун эса, она бўлгач бу саволга жавоб топдим! Ҳаётимиз мазмуни, бу бизнинг фарзандларимиз эканлигини англадим! Фарзандларимни илк бор қўлимга олганимда, Яратганнинг ҳақиқий мўъжизасини ҳис қилдим! Болалар, бу чинакам мўъжиза! Синглим Насиба мен билан эди. Биринчи бўлиб, холамга, кейин бошқа қариндошларга хабар қилишди. Турмуш ўртоғим Йигитали ташқарида кутаётган эди, ундан суюнчи олишгач, маълум вақтдан сўнг ёнимга кириб, болаларимизни қўлига олганида, кўзларига ёш келиб йиғлади! Унинг қувончи чексиз бўлди! У ташқарида бўлса ҳам, чин дилдан дуо қилиб, мени руҳан қўллаб турди! Ўзимга келгач, биринчи бўлиб, неча йиллик яқин дугонам Ширин Ғофуровага хабар қилдим! Шоу бизнес оламидан эса, биринчи бўлиб, хонанда Нилуфар Усмонова бу ҳақида инстаграммга ёзиб табриклади! Кейин табриклар, смслар бошланди! Шундан кейин биз ўзимиз ҳам, ёзиб эълон қилишга қарор қилдик!
- Болаларингизни чилласи тўлиқ чиқмай, яъни 40 кун бўлмай туриб, тўй хизматларига чиққанингиз ҳақида инстаграммда ёза бошлашди... Қийин бўлмадими?
- Энг муҳим 20 кунлик катта чиллани ўтказиб олдик! Сўнг, мухлислар қўйишмади, илтимос қилиб келаётганларни рад эта олмадик. Қолаверса, анча аввалдан таклиф қилинган тўй хизматларини бекор қилишга виждоним йўл қўймади. Мен ҳар доим ўз ишимга доим масъулият билан ёндошаман! Бировга ваъда бердимми, қандай ҳолат юз беришидан қатъий назар, албатта устидан чиқаман! Тўйлар ҳам, олдиндан олиб қўйилган бўлгани учун, қанчалик қийин бўлмасин, масъулиятни ҳис қилдим, инсонларни ранжитгим келмади!
- Болаларингизни қачон, ҳеч бўлмаса суратларини мухлисларингиз ва бошқалар кўришлари мумкин?
- Қачонгача кўрсатмайман, билмадим... Йўқ, ҳали... қўрқаман! Ҳаммани фикри, қараши ҳар хил! Назар-нафас, деган нарсалар, кўз тегиши дегандек... Энди, билмадим, баъзи хонандалар болаларини суратларини кўрсатишяпти. Ҳаммада ҳар хил. Балки, мен ёшим туфайлими, бу нарсага бошқача ёндошаётгандирман? Менимча, ҳали вақт бор...
- Одатда эгизакларга Ҳасан ва Ҳусан қўйишарди! Сизларда эса, Ислом ва Имрон?
- Исмларни синглим Насиба танлади! Ўзи туғилмаган болага исм танлаб бўлмайди, деса ҳам, синглим бундай ирим-сиримларга ишонмади! Биз ҳам “туғилмаган болага нарса олиб бўлмайди” деган иримларга ҳам амал қилмадик ва кўп нарсаларни ҳам олдиндан сотиб олдик! Бунинг учун ҳамма яқинлардан гап ҳам эшитдик. Мени болали амакиваччам, мендан ҳеч нарса сотиб олмасликка сўз ҳам олганди... “Болаларинг туғилсин, кейин бемалол чиқиб, сотиб олаверасан” деди. Лекин, ўйлаб кўринг, бола туғилгач, қаерга чиқаман? Ахир камида 20 кун уйда чилла вақти бўлади! Чиндан ҳам 20 кун ҳеч қаерга чиқмадим! Мен бўлса, болаларимга атаб сотиб олаётган ҳар бир нарсамни ўзим маза қилиб танлагим келганди! Мени шундай одатим бор, ҳамма нарсани ўзим танлашим керак! Ўзим ушлаб кўриб, аҳамият билан танламоқчи эдим. Аммо, кўп нарсани Америкадан буюртма қилишимизга тўғри келди. Натижада, кўп нарсалардан норози ҳам бўлдим, “агар шу нарсаларни буюртма қилмай, ўзим бориб, ушлаб кўриб танласам, сира сотиб олмаган бўлардим” ҳам дедим. Чунки, болаларга келганида, албатта энг яхши нарсани харид қилиш керак, деб ўйлайман. Энди, эгизакларга “Ҳасан ва Ҳусан” деб исм қўйиш анъана, лекин унга қатъий риоя қилиш шарт эмас, деб ўйладик. Шунинг учун ҳам, биз бу одатга риоя қилмадик. Лекин, биз Оллоҳга яқин мусулмон исмларни танлашга қарор қилдик, чунки, ўйлайманки, болаларимиз, бу фақат унинг мўъжизаси! Шунинг учун ҳам, синглимни танлови билан шундай исмларни танладик. Худо ҳоҳласа, фарзандларимизни ҳамиша Оллоҳ ўз паноҳида асрасин!
- Болаларингиз кимга кўпроқ ўхшашади? Сизга ёки эрингизгами?
- Отасига, яъни эримга! (кулиб) Айниқса, янги туғилган вақтлари уларни қўлимга олганимда, ғирт эримнинг нусхаси (копия) эди! Ҳозир эса, Ислом бироз менга ўхшашроқ, бизнинг авлодга тортяпти! Аммо, барибир отасига кўпроқ ўхшайди! Иккала ўғлимнинг характери икки хил! Чунки, улар икки тухумдан пайдо бўлишган эгизаклар! Яъни, бир-бирига мутлақо ўхшашмайди, ташқи кўриниш тарафлама ҳам, ҳаттоки характер тарафлама ҳам! Биринчи бўлиб, Ислом туғилди, ҳақиқий эркатой, инжиқроқ, ҳамда талабчан! Унга бирор нарса зарур бўлса, шу заҳоти қилиниши керак! Шу заҳотиёқ памперсини алмаштириш керак, қорни очдими, дарҳол овқатлантириш керак! Бўлмаса, дарров йиғини бошлаб юборади. Одатда, чақалоқлар “инга” деб йиғлашарди, у эса қандайдир бошқача баландроқ овозда йиғлайди! Шу заҳоти ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, у тарафга қараб югурамиз! Имрон эса, бутунлай бошқача, оғир-босиқ, сабрли, унча кўп йиғламайди.
- Болаларга қараш қийин бўлмаяптими, энага ёлламадингизми?
- Тўй хизматларига чиқа бошлагач, бир қариндошимиз келиб ёрдамлаша бошлади. Мен ҳам энагаликни унга топширдим. У ёш бўлса ҳам, тажрибали, чунки ўзининг ҳам фарзандлари бор. Лекин, тўй хизматларига чиққанимдагина ва кунига 2 соатгина ухлаб олиш учунгина, болаларни унга қараб туришга ишонаман! Қолган ҳамма пайт чақалоқларимга ўзим қарайман, памперсигача ўзим алмаштираман! Ҳозирда болаларимни суньий овқатлантиришга ўтказдим! Тўғри, тунлари ухламай болаларга қараш қийин, лекин, ҳозир анча ўрганиб қолганман. Икки соатча ухлаб, дарров кўзимни очаману, чақалоқларимга қарайман. Тунда эрим Йигитали ҳам ёрдам беради. Болаларни овқатлантиргандан кейин, уларни тикка кўтариб олиб, (кўрсатиб беради) қорни дам бўлмаслиги учун ҳаво чиқартириш керак экан. Мен уларни шундай кўтариб юравераман, аммо ҳеч ўхшамайди! Кейин Йигитали қўлига олиб, кўтарса, унда бир пасда амалга ошади. Шунда мен “нега, менда ўхшамайди? Нима бирор тугмаси борми, ўшани босасизми?” дейман. Эрим ҳам кулиб қўя қолади. Шунинг учун ҳам, болаларни овқатлантириб бўлишим билан, дарров эримни уйғотаман!
- Болаларингизни ясли ёки боғчага берасизми?
- Болаларни албатта, боғчага бериш керак, деб ўйлайман. Чунки, бу нарса уларга одамлар билан мулоқотни ўрганишида ёрдам беради. Болаларни яхши катта қилганимиз билан, биламанки, масалан, менинг тарбиямда улар жуда эркатой бўлиб ўсишлари аниқ! (кулиб, кўрсатиб беради) Бошимга чиқиб олишлари ҳам мумкин, магазинда “олиб берасиз” деб йиғлайдиган, жуда эрка болалар бўладию, худди шундай болалар бўлишади! Буни яхши биламан. Шунинг учун ҳам, уларни албатта, боғчага беришимиз керак! Чунки, болалар боғчасида дисциплина бўлади! У ерда улардан бошқа болалар ҳам бўлади ва уларни жуда эрка бўлиб кетишларига йўл қўйилмайди! Улар ҳам бошқа болаларга қараб, тартиб-қоидаларга риоя қилиб, ўзларини таққослаб, мулоқотда бўлиб, нормал ўсишади. Шунинг учун ҳам, боғча тарбияси керак, деб ўйлайман. Менимча, болаларимизни 3 ёшдан боғчага берсак керак. Болалар боғчаси боланинг ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Доим уйда ўтиришганидан менимча, фойда йўқ. Эрим ҳам бу ёқда, уларни қўлига олиб, (кўрсатиб беради) “Бу эркак киши” дейди! “Қанақа эркак? Бу ахир ляля, чақалоқ!” дейман! Эрим эса, “йўқ, бу эркак киши, уни ҳақиқий эркакдек катта қилиш керак” дейди.
- Фарзандларингиз дунёга келгач, ҳаётингизда яна қандай ўзгариш бўлди?
- Илгари мен тўлиқ 9 соат ухлашим керак эди! Уйқумни ҳам йўқотдим! Ҳозир эса, бир соат уйқу ҳам етарли! Бир соатгина ухласам ҳам, ўзимни тетик ҳис қиляпман! Демак, агар Оллоҳ сенга фарзанд берса, ўзи сенга уларни катта қилиш учун куч-қувват ҳам берар экан! Албатта, осон эмас, аммо, бу бахтли қийинчилик! Ёқимли чарчоқ! Фарзандларим дунёга келгач, умуман инсон сифатида ҳам бутунлай ўзгардим! Ҳаётда бўлаётган ҳодисаларга ҳам, бугун бутунлай бошқача нигоҳ билан қараяпман! Позитив, меҳр билан! Ўзингни яхши тарафга ўзгартира олсанг, тақдиринг ҳам ўзгарар экан! Бу ҳаммаси ҳомиладорлигимдан бошланди! Бўш вақтимда интернетдан кўплаб мақолаларни ўқиб шундай хулосага келдимки, инсон доим ҳаммага яхшилик тилаб яшаши керак экан! Шунда унинг ҳаёти ҳам яхши тарафга ўзгарар экан! Агар ҳамма нарсадан хафа бўлиб, ҳадеб асабингни бузавермасанг, ўзингни кўплаб касалликлардан ҳам, асрар экансан!
- Аёл она бўлгач, одатда эрига вақт ажрата олмай қолади! Бунга эрингизнинг муносабати? Хафа бўлмаяптиларми?
- Ҳозир оилада иккимиз учун ҳам биринчи ўринда болаларимиз! Эримга кам вақт ажратяпман, тўғри. Чунки, бизда иккита чақалоқ! Улар ҳеч қачон иккови битта вақтда овқатланмайди, бир вақтда қорни очмайди. Масалан, биттаси йиғлайди, памперсини алмаштирамиз, памперсини алмаштирганда, дарров кейингисини тақмай, аксинча, бир пас эркин ётқизиб қўяман, терлаб кетмаслиги, иссиқлик тошмаслиги учун шундай қиламан, бу соғлиги учун фойдали. Кейин, бироз ётгач памперсини тақаман, бир пас кўтариб юраман, эркалайман, овқатлантираман, кейин Йигиталига бераман, ҳаво чиқариши учун, (кулади) кейин ўрнига ётқизиб, ухлатамиз! Кейин бироз дам оламиз, десак, худди кутиб тургандек иккинчиси уйғониб, йиғлайди! Дарров унисига ўтамиз ва бояги ишлар қайтарилади! Ҳар 3 соатда чақалоқларни овқатлантириш керак! Қарабсизки, тинимсиз, худди конвейер каби тўхтамаслик керак! Шу тарзда кун тугамайди! Қандай кеч бўлгани, қандай тонг отганини билмай ҳам қоламиз! Шунинг учун эримга ҳам, ҳаттоки ўзимга ҳам вақт ажрата олмаяпман! Лекин, эрим мени тушунади ва хафа бўлмайди. Xозир бу вақтдан, яъни болаларни катта қилишдан завқланяпман, менга ёқяпти, бу ўзи қисқа вақт, чунки вақт тез ўтяпти, болаларимиз тез ўсишяпти. Бошқа тарафдан эса, “вой, бир ой шунча тез ўтдими? Йўқ, яна бир оз чақалоқ бўлиб туришсин, уларни чақалоқлигида яна бир оз парваришлай” дегим келади.
- Бола тарбиясида ўзингиз қабул қилган қоидангиз?
- Мени битта қоидам бор, болаларимни жонимдан ортиқ севиш, бўлди! (кулади)
- Инстаграммдаги профилингизда машина ҳайдаб кетаётган суратингиз тагига “паркка кетяпмиз” деб ёзиб қўйибсиз. Болаларингизни паркка олиб чиқдингизми?
- Ҳа, буни шифокор ёзиб берди. Болаларимга тоза ҳавода сайр керак экан. Чунки, ҳомиладорлик вақтимда менда кислород етишмовчилиги (кислородная голодания) бўлганди. (кайфияти бироз тушиб) Бу нарсани вужудимдаги болаларимга ҳам таъсири бўлиш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман! Шу нарса болаларимга ҳам бироз таъсири бўлгани учун, шифокорлар тоза ҳавода сайр қилиш керак, деб тавсия қилишди! Бизни эса, ишонасизми, (кулиб) болаларимни айлантириш учун буюртма қилган аравачаларимиз ҳалиям етиб келмади! Шунинг учун ҳам, синглим Насиба менга “кел, болаларни паркка олиб борамиз, у ерда дарахтлар кўп, тоза ҳаво, кислород кўп” деди! Биз болаларимизга махсус таблеткалар беришни ҳоҳламадик ва табиий равишда тоза ҳавода сайр қилишсин, деб уларни синглим билан биринчи марта паркка олиб бордик! Бошида, ўзи уларни ҳовлига олиб чиқиб, ҳовлимизни ўзида кўтариб, олиб юрмоқчи эдик. Аммо, худди атайлаб қилгандек, шу пайтда қўшнимиз уйини бузиб, қайта қуряпти! Ҳаммаёқ чанг! Шифокорлар буни кўришиб, “агар чақалоқларни бурнига чанг тўлиб қолса борми? Кейин тозалаб ололмайсиз” дейишди. Шунга ўйлаб кўрсак, ҳали аравачамиз йўқ, ҳовли чанг, мумкин эмас, хуллас, паркка боришдан бошқа чора қолмади. Синглим эса, бир парк тавсия қилди, аммо у ерга бир бориб, бошқа бормайдиган бўлдик! (кулади) Маълум бўлишича, синглимни ўзи у ерга биринчи бориши экан, эски парк, тўғри дарахтлар кўп, аммо сайр қилиб, ўйнаб юрган болалар йўқ, бир тарафда катта ёшлилар нарда ўйнаб ўтиришибди, қандайдир хосиятсиз жойга ўхшади. Майли, келдик, айланиб кетайлик, деб одам кам, дарахт кўп тарафида дам олиб ўтирсак, сал нарироққа бир ғалатироқ йигит келиб ўтириб олиб, (кўрсатиб беради) бизга қандайдир ўқрайиб қараб ўтирса бўладими? Мен ҳам, хавотир билан бир пас қараб турдим. Кейин йигитни кузатишидан қўрқиб синглимга “Наси, ундан қўрқяпман, шубҳали қараяпти” дедиму, болаларни олиб, синглим билан қочдик! (қаттиқ кулади) Кейин синглимга “топган паркинг учун раҳмат! Зўр бўлди!” дедим. Хуллас, паркка болалар билан биринчи сайримиз шу тарзда “ниҳоясига етди”!
- Синглингиз Насиба болаларингиз туғилгунча синглингиз уйда эркатой бўлган. Энди-чи?
- Насиба болаларим учун иккинчи она, энг яқиним ва энг катта ёрдамчим! У чақалоқларимизни шундай кучли яхши кўрадики! Мен чарчаб қолган пайтларим, айниқса, тунда у болаларга қарайди! Масалан, бугун тунда ҳам, мени роса уйқум келиб кетганда, у мени ўрнимга “навбатчилик”ка турди! Ҳафтада 2 марта у мени ўрнимга тунда болаларга қарайди! Мен шу кунлари кечаси тўйиб ухлашим мумкин! Бунинг учун Насибага катта раҳмат! У ёш бўлса ҳам ҳамма нарсани билади! Қойил қоламан, тўғриси. У бу йил СамПига ўқишга кирмоқчи, тайёргарлик кўряпти, ҳозирдан ўзини шифокордек тутади, (кўрсатиб беради) мен ҳаттоки болаларга нима мумкину, нима мумкинмаслигини, шифокордан кейин, ёдимдан чиқиб қолса, доим Насибадан сўрайман! У бўлса, тушунтириб, кўрсатиб беради! Тўғриси, уйда мен эмас, у катта опага ўхшайди! Мен унга тўлиқ ишонаман!
- Синглингиз шифокорликдан ташқари яна нималарга қизиқади?
- У яна фотографияга қизиқади, фотоаппаратда жуда ҳам ажойиб суратлар олади! Суратларни кўриб, ҳақиқий профессионал фотограф, дейсиз! У фарзандларимни шундай чиройли суратга оладики! Яқинда болаларимнинг фотосессиясини ҳам қилибди. Болаларимиз 1 ойлик бўлганида, у менга зўр сюприз тайёрлади! Америкадан махсус альбом буюртма қилиб, болаларимизга фотосессия қилиб, шу альбомга жойлаб, ўзи ламинация қилиб, изоҳлар ёзиб, тайёрлабди. Альбом “1 ой ичида” деб номланган. Унда болаларимизни туғилганидан то бир ойлик бўлгунча суратга олиниб жойлаштирилган! Совға қилганида жуда қувондим, жуда ҳам ажойиб!
- Келажакда болаларингизни санъат соҳасини танлашса, масалан, актёр ёки хонанда бўлишса, рози бўлармидингиз?
- Йўқ! Уларнинг шифокор бўлишини орзу қиламан! Менимча, бу инсонларга ёрдами тегадиган энг керакли соҳа ва албатта, юқори масъулият! Бу энг муҳим соҳалардан бири. Масалан, ўз синглимни олсам, у ҳам шифокор бўлишга ҳаракат қиляпти, инсонларга ёрдам беришни истайди. Менимча, бу энг ажойиб касб!
- Ҳамкасбларингиздан Лола, Манзура бизнес соҳасига ҳам қўл уришди. Сизда ҳам шундай ҳоҳиш-истак борми?
- Йўқ! Мен аввалроқ ҳаракат қилиб кўрганман! Мактаб очганимда жуда кўп маблағга куйиб қолганман. Мен тўғри режа, ҳисоб-китоб қила олмаганман! Ижоддан орта олмаганман! Кимдир ёрдам бериши керак экан! Ёки бу борада катта тажриба керак. Балки, мен бутунлай ижод кишиси бўлганим учун, молиявий масалалардан узоқда бўлганлигим учун банк, солиқ борасида ҳам ҳеч нарсани тушунмайман.
- Ҳомиладорлик вақтингизда ҳам ижодни тўхтатмадингиз. Қийин бўлмадими?
- Тўғри ижодни тўхтатмадиму, аммо барибир озгина сокинлик бўлди! Қўшиқлар ва клиплар орасида танаффуслар бўлганлиги сезилиб қолди. Ҳаттоки, менинг фан-клубим менга “нега йўқолиб қолдингиз?” деб, огоҳлантириб ҳам туришди. Ҳозирча, ижодимни ривожлантириб боряпман. Ниҳоят, менга янги клипимни тайёр бўлишини ваъда қилишмоқда! Агар ҳаммаси яхши бўлса, худо ҳоҳласа, уни шу кунларда томошабинлар эътиборига ҳавола этаман!
- Сизнинг саҳнавий либосларингизга эрингизнинг муносабати? Масалан, сал очиқроқ либос кийсангиз...
- Муносабати яхши. Мен ундай очиқ либослар киймайман. Турмуш ўртоғим фақат калта либос кийганимни ёқтирмайди. Фақат шундагина “нима кийдинг?” дейиши мумкин. Бундай пайтда, либосимни бошқасига алмаштиришга ҳаракат қиламан.
- Адашмасам, турмуш қураётганингизда матбуот анжумани ўтказганингизда, турмуш ўртоғингизни бошқа севги саҳнаси бўлган клипларда суратга тушмаслигини айтиб ўтгандингиз. У киши сизга бу ҳақида ваъда ҳам берган экан.
- Ҳа, лекин эрим, ўз сўзида турмади. У менга ваъда берганди, лекин ваъдасида турмади! У барибир севги саҳнаси бор ролларни ўйнаяпти! У “роль ижро қилиш, менинг ишим, касбим, сен мени тушунишинг керак, бу ахир роль холос-ку”, дейди! Лекин, тўйгача бу борада ваъдалари бошқача эди, умуман бундай роллар ўйнамайман, деганди, ваъдасида турмади! Тўғри, тушунаман, бу эримнинг иши, аммо бу мен учун ёқимсиз ҳолат! Тушуняпсизми? Мен ўта рашкчи эмасман, эримни тушунаман, аммо мен учун унинг бундай ролларни ижро қилиши, бу ёқимсиз ҳолат! Ахир эри экранда бўлса ҳам, бегона қизлар, аёлларнинг кўзларига тикилиб, уларга севги изҳор қилиб, қўлларидан ушлаб, қучоқлашса, қайси аёлга ёқади?! Билмадим, ўша ёнидаги партнёр аёлни ўлдириб қўйгиси келса керак, камида! (кулиб юборади) Такрор айтаман, рашкчи эмасман, лекин менга ҳам бундай ҳолатларни кўриш ёқмайди! Уни шундай ролларини кўриб қолсам, кейин асабийлашаман, у билан гаплашмай қўяман, қарабсизки аразлашиб ҳам қоламиз. У эса, менга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилади. “Бунга хафа бўлмаслик керак, бу ишим, бу пайтда суратга олиш майдонида 500 та одам қараб турган бўлади, экранда партнёр билан фақат иккимиз бўлсак ҳам, ахир ўзинг шу соҳадан бўлсанг, суратга олиш ишларида қанча одам бўлишини ўзинг яхши биласан. Бундай пайтда қандай севги ва романтика бўлиши мумкин?” дейди. Мен эса, тўғрисини айтсам, бир актёр дўстимдан “суратга тушаётган вақтингизда, ўша бирга роль ўйнаётган актриса билан ўртангизда қандайдир туйғулар пайдо бўладими?” деб, сўраб кўрганман. У менга очиқчасига жавоб берган: “Қайсидир маънода албатта, ҳақиқий севги бўлмаса ҳам, қандайдир ёқтиришлар бўлади. Бўлмаса, ролингни қандай ўйнайсан?” деган! (бироз асабийлашиб) Мен эса, “Нима? Шунақами?” деб, бу ҳақида эримга айтсам, у, “ўша актёрда шундай бўлса керак, менда ундай эмас! Менда ҳеч қандай эмоция туғилмайди!” дейди!
- Уришиб қолганингизда, ҳеч сиз ҳам биринчи кечирим сўраганмисиз?
- (ўйланиб қолади) Фақат бир марта! Лекин, нимагалигини сўраманг, айтмайман! Тўғрисини айтсам, менда бирозгина мағрурлик бор. Биринчи кечирим сўрай олмайман. Қолаверса, айб эримдан ўтган бўлса, унинг ролларини деб, аразлашган бўлсак, албатта у киши кечирим сўрайди-да! Лекин, мен ҳам эримни тўғри тушунишга ҳаракат қиламан!
- Агар эрингиз билан битта фильмда бирга роль ижро қилишни таклиф қилишса?
- Агар реал, ажойиб, зўр сценарий бўлса, албатта, рози бўлардим. Фақат ҳеч қачон ҳаётда ўқимаган, кутмаган, такрорланмаган, ҳеч ким ҳеч қачон ҳали суратга олмаган мавзу бўлиши керак!
- Алишер Файз “Райҳон” қўшиғини сизга бағишлаб куйлаганидан хабарингиз борми?
- Ҳали у қўшиқни эшитмадим! Лекин, қўшиқ тингловчиларга манзур бўлганидан хабарим бор! Алишер Файз билан бошқа-бошқа услубда ижод қиламиз ва шунинг учун бўлса керак, жуда кам кўришамиз, шунинг учун ҳам кам мулоқотда бўлганмиз. Лекин, шунга қарамай, шу қўшиқни ижро қилгани учун миннатдорман.
- Ўзингизни қайси қўшиғингиз эрингизга аталган? Унинг ўзи сизни қайси қўшиғингизни ёқтиради?
- “Тебя искала” шу қўшиғим эримга бағишланган. У эса, мени қўшиқларимдан энг ёқтиргани “Юрагимдасан”!
- Туғруқдан сўнг, ўз ташқи кўринишингизни жуда тез тиклаб олганингиз сири билан кўпчилик аёллар қизиқишмоқда. Чунки, “туғруқдан сўнг, қоринни йўқотишга бир неча ой кетади, Райҳонда эса, қорни тезроқ йўқолди” ҳам дейишяпти. Шу сир билан бўлиша оласизми?
- (кулади) Биринчидан, мен ҳам ташқи кўринишимни тез тиклаб олгани йўқ! Тўғри, шу кунгача ҳам, анча оздим. Парҳез қиляпман, жуда кам овқат еяпман. Кейин эса, асосий сирим, махсус кийимлардан фойдаланяпман! Лекин, барибир қорним йўқ бўлгани йўқ, билиняпти! Шунинг учун ҳам, ҳозир иложи борича камроқ таом ейишга ҳаракат қиляпман. Чунки, аввалги оғирлигимга қайтиш учун яна 9 кг озишим керак! Лекин, худди атайлаб бўлаётгандек, мени энди доим овқатлангим келяпти! Уйда ҳам қандай овқат тайёрлашларидан қатъий назар, менга ўша энг ширин таом бўлиб туюляпти. Масалан, кеча уйимизда палов тайёрлашди. (кулади) Кечки пайт овқатланишим мумкин бўлмаса ҳам, озгина тотиб кўраман, бўлди, деб кейин ўзимни росмана тўхтата олмадим! Ўзи озаётган вақтингда, жуда овқат егинг келар экан!
- Ўз пардоз сумкачангизда доим нимани олиб юрасиз ва ҳеч қачон ёддан чиқармайсиз?
- (кулади) Тўғриси, мен ўзим билан пардоз сумкаси олиб юрмайман. Уйимда косметика воситалари бор. Ўзи кўзгуга ҳам кўп қарамайман. Пардоз қилиб уйдан чиқиб кетаман, бўлди.
- Машҳур инсонлар ҳақида гап-сўзлар ҳам кўп бўлиши табиий. Ўзингиз ҳақингиздаги ҳар хил гап-сўзларга муносабатингиз?
- Илгари бундай гапларга қаттиқ аҳамият берардим. Ҳаттоки, йиғлардим ҳам. Энди эса, ҳаётимни қайта кўриб чиқдим. Ўйлаб қарасам, мени чиндан яхши кўрганлар, менинг яқинларим, менга яхшилик тилаган инсонлар, бундай гап-сўзларга барибир ишонишмайди! Мени ёқтирмаганларнинг эса, мен ҳақимда нима дейишларини, мен учун барибир, аҳамияти йўқ! (жиддий) Кўп гап-cўзлар бўлди! Бир аёл мени бачадонимни олиб ташлангани тўғрисида ёзди, ҳаттоки мени саратон билан хасталанган, деди. Мен буни ҳаттоки, инстаграммга ҳам қўйдим. Ким нима деган, нима деётган бўлса, ўз виждонига ҳавола! Энг муҳими эса, менинг энг қимматли икки мўъжизаларим ёнимда! Эрим билан бахтли яшаяпмиз! Қолгани муҳим эмас! Ундай гап-сўзларни ўйлаб топаётганларнинг ўзлари ҳаётда бахтсиз инсонлар, шунинг учун ҳам, шундай гапларни гапиришяпти, деб ўйлайман! Чунки, инсон ўзи бахтсиз бўлсагина бировлар ҳақида ёмон хаёлга бориб, турли ёмон гапларни ўйлаб топади. Бахтли инсонлар эса, бу ҳақида ўйлашни хаёлларига ҳам келтиришмайди! Уларни биров ҳақида бир нарсалар ўйлаб топиб, ёзишга вақтлари ҳам бўлмайди. Шундай бўлса ҳам, мен ўша мен ҳақимда гапирадиган ундай инсонларга бахт тилайман! Улар ҳаётда ҳақиқий бахт нималигини билишсин, англаб етишсин, ҳис қилишсин! Шундагина кўнгиллари юмшаб, бошқаларга ҳам сал меҳрлироқ бўлишади!
- Бугунги кундаги бахтлилигингиз ва муваффақиятингиз сири нимада?
- (меҳр билан) Менинг фарзандларим! Ҳаммага бахтли бўлишларини тилайман! Ҳар бир инсоннинг ўз бахти бўлади. Ким учундир бу бахт, болалар, ким учундир севимли касби, иши, ёки севган инсони! Менда буларнинг ҳаммаси борлиги учун беадад шукур! Шундай экан, ҳар бир инсон ўзини ҳамиша бахтли ҳис қилишини тилайман! Дунёдаги ҳамма болажонлар доим соғ-саломат бўлишсин! Агар менга Оллоҳ, “ҳоҳлайсанми, дунёдаги ҳамма болалар соғ-саломат бўлишади, лекин фақат бунинг эвазига сени олиб кетаман”, деса мен “ҳа” деб сўзсиз рози бўлардим! Менинг энг катта орзуйим, дунёдаги ҳамма болажонлар доим соғ-саломат бўлишсин!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова