FATTOHHON.COM
« Все новостиРежиссёр ва актёр Соҳиб Аббосхоннинг “Сўнгги нафасимгача” фильми 26 июлдан катта экранларга чиқади! Фильмда бош роллардан бирини актёр Беҳзод Муҳаммадкаримов ижро қилди. Фильмдаги роли ҳақида актёрнинг фикрлари билан қизиқдик.
Беҳзод Муҳаммадкаримов: - “Сўнгги нафасимгача” фильмидаги ролимни, ҳозирдаги ҳамма ролларимдан бошқачароқ десам бўлади. Бу ердаги ролимни, бош қаҳрамон учун драматик, трагиксифат роль дейишим мумкин. У фарзанди учун жонини беришга тайёр бўлган ота! Шундай оғир кечинмалари бор-ки! Ролни жуда оғир десам ҳам бўлади, чуқур драматик характерга эга! Энди охирида мақсадга эришилганини ҳисобга олмаса, менинг ролимни ўзини трагедия, деса ҳам бўлади, Хуллас, чуқур изтиробларни бошдан кечирадиган қаҳрамон! Актёр учун роль қийинроқ бўлса, қизиқарли бўлади. Бошида Соҳиб Аббосхон менга шу ролни таклиф қилганда, сценарийни ўқиб кўриб, ўзим таъсирландим. Мен яъни, актёр таъсирланяпманми, демак томошабинлар ҳам таъсирланса керак, деб ўйладим. Ўзим таъсирландимми, демак ишласа бўлади. Ўзингиз ҳам биласиз, кино жамоавий иш. Ҳар бир одамга боғлиқ. Режиссёр, оператордан тортиб, чироқ қўядиган ишчигача жамоа бўлиб уйғунликда ишланса, ўшанда натижа ҳам бўлади! Энди Соҳиб Аббосхон, ўзимизнинг укамиз, шогирдимиз, актёр сифатида, бирга кўп ишлар қилганмиз. Бу фильмда эса, режиссёр сифатида Соҳиб Аббосхон билан биринчи марта бирга ишладик! Ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади!
- Ролингизни чуқур драматик характерга эга, дедингиз. Ролингизда ўзингиз учун энг қийин бўлган ҳолат қайси бўлди?
- Мана шу фильмнинг кульминацион нуқтаси бор. Отанинг энг бир дарди ёриладиган жойи! “Операция муваффақиятсиз чиқди, қизингизни ...” дейдиган жойи бор, албатта тўлиқ айтмаймиз. Ана ўша жойи жуда қийин бўлди! Мана шуни ўйлаб, бошқа ишлар татимай, ҳаттоки томоқдан овқат ҳам ўтмади! Агар фильмнинг ўша кульминацион нуқтаси чиқмаса, бу ердаги бошқа меҳнат ҳам кўзга кўринмасди! Шунинг учун ҳам, энг қийин жойи ўша бўлди! Ўзи актёр сифатида қаралса, у унча-мунча актёрлар ўзи ҳоҳлаб ижро қиладиган роль. Актёрлар тилида айтганда чўмилиб, берилиб ўйналадиган роль! Энди бу ёғини экран кўрсатади.
Чиндан ҳам, фильмда Беҳзод Муҳаммадкаримов ролининг кучли юки, ўзига хос характери бор! Барчасига фильм катта экранга чиққач, ўзимиз гувоҳ бўламиз!
Саида Вахобова