FATTOHHON.COM
« Все новости“Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбари Аҳмаджон Умаров: - Фестивалдан асосий мақсад, Киноматография соҳасида истеъдодли ёш киноижодкорларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва малакасини ошириш, шунингдек уларни катта экранда ўз ижодларини намойиш этишга шароит яратиб беришдан иборат. Бу вазифаларни амалга ошириб келмоқдамиз. Фестивалда ғолиб бўлган ижодкорлардан ижодий гуруҳ шакллантириб, уларга келгуси йилда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан, тўлиқ метражли бадиий фильм суратга олишни топшириш режалаштирилган. Бу тўлиқ метражли бадиий фильмнинг суратга олиш ишлари профессионал киноижодкорлар раҳбарлигида бўлиб ўтади.
Адабиётшунос олим, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, Ҳайъат раиси Шуҳрат Ризаев: - Биз ҳаммамиз мана шу ҳафтанинг шукуҳи билан яшадик! Ҳафта давомида санъатимизнинг турли хил соҳаларидаги энг истеъдодли ёшлари ўз соҳаларида яратган асарларини намойиш этишди. Кўргазма бўладими, дизайн санъатими, кино ёки театр санъати бўладими, ҳаммасида қатор истеъдодли ёшларимиз бор эканлигидан қувондик! Ёдингизда бўлса, ўтган йили май ойи бошида “Камолот” ЁИҲ ҳамда, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамкорлигида Бўстонлиқда “Ёшлар ва Кино” Форуми ташкил этилган эди. Унда Республикамизнинг турли вилоятларидан кинога чанқоқ ижодкор ёшлар жам бўлишган. Ўшанда жуда кўп ёшларимиз, мунтазам равишда ёшларнинг кино фестивалларини ўтказиш масаласини ўртага қўйишган эди. Таклифлар инобатга олиниб, “Камолот” ЁИҲ ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамкорликда, “Ёшлар ҳафталиги” доирасида ушбу фестивални ўтказишга қарор қилишди. Эндиликда, биз ҳар йили Ёш киноижодкорларнинг «PROlogue» фестивалида иштирок этамиз, ғолибларни саралаймиз. Бу сафар Ҳакамлар Ҳайъатигача, Экспертлар Кенгаши 100 та фильмни қабул қилиб олиб, ундан 20 тасини Фестивалда намойиш этилиши учун ҳавола этишди! Биз Ҳакамлар Ҳайъати аъзолари эса, бу фильмларни кўриб чиқдик! Бизни қувонтирадиган фазилатли жиҳатлари кўплигидан суюндик. Ёшларимиз орасида ҳақиқий кинонинг нима эканлигини англашга, унинг сир-синоатларини билишга, жаҳон кино санъати тажрибаларини ва Миллий киномиз тарихини яхшилаб ўзлаштиришга интилаётган ёшлар борлигидан хурсанд бўлдик. Шу вақтгача, фильмларимизни “фақат маиший мавзулар, қайнона ва келин мавзуси” деган таъналар таъқиб қиларди. Бугунги ёшларимиз эса, маиший мавзуларга ўралашмай, кино зиммасидаги катта ижтимоий юкни ҳис қилиб, шу йўналишда фаолият олиб борганлар ва баҳолиқудрат фильмлар суратга олишган. Албатта, уларнинг савияси, бадиий қиммати ва даражаси ҳар хил! Энг муҳими, уларнинг ҳаммасида кўтарилган мавзулар давримизга ҳамоҳанг, долзарб! Ўзбекистон халқининг қалбида, онгида кечаётган жараёнларга ҳамоҳанг! Мана шуниси билан бу Фестиваль, ўзининг энг асосий вазифасини бажарди, деб ўйлайман. Бундан кейин ҳам, шу йўналишда давом этиб, халқимизнинг маънавий бисотини, миллий киномиз ривожини таъминлаб беради, деб ўйлайман. Мен Фестивалда иштирок этган 20 та фильмнинг ҳар бирини кўриб, ҳамма ижодкорларни ғолиб, деб билдим. Чунки, улар ўша 100 та фильмлар ичидан сараланиб етиб келишган ва уларнинг ҳар бири халқимизнинг юрагидаги бир дардини юзага олиб чиқамизми, деб интилганлари, уйғоқ виждон билан яшаётганликлари ва юксак маънавиятга интилаётганликлари, бизни қувонтирди! Шу маънода мен 20 та фильмнинг ҳам ижодий гуруҳларини ғолиб, деб ҳисоблаган бўлардим. Лекин, барибир қоидага амал қилишимиз керак, Низомга кўра 4 та номинация белгиланган, мана шу номинациялар бўйича 4 та фильмни саралаб олдик. Фестивалимиз бардавом бўлсин!
Кинорежиссёр Ҳилол Насимов:- Бу анжуман билан Ёшларимизни табриклайман! Чунки, сеҳрли кино оламига қадам қўяётган ёшларимиз учун бундан ортиқ туҳфа бўлмаса керак. Айнан шу нарсани чет эллик меҳмонларимиз ҳам, тараннум этишди. Улар 10 кундан буён ёшлар учун ўтказилаётган мана бу анжуманни кўриб лол қолишди. Мазкур анжуман “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Камолот” ЁИҲ нинг ташаббуси ва ташкилотчилиги остида бўлиб ўтди. Мен бу ерда тақдим этилган фильмларнинг барчасини кўрдим, баҳс-мунозарага сабаб бўладиган фильмлар, жуда ҳам чиройли режиссёрлик ишлари кўп. Афсуски, улардан фақат биргинасига “Энг яхши режиссёрлик иши” бўйича соврин топшириш керак бўлди. Бу ерда соврин эгаси бўлмаган ижодкорлар ҳам, ўзларининг асосий қадамларини қўйиб бўлдилар, деб ўйлайман. Уларнинг бундан кейинги қадамларига ишонч билдириб қоламиз.
Киношунос Феруза Нодирова: - Мазкур Фестиваль ёшларимиз учун жуда катта имконият бўлди! Бу Фестивалда ёшларнинг ҳам интилиши, ўзига хос изланишлари муҳим аҳамият касб этди. Фестивалда нафақат кинолар намойиши, балки кино билан боғлиқ кўргазмалар, маҳорат дарслари, кенг қамровли тадбирлар ўтказилди. Саралаш Кенгашига тақдим этилган фильмларнинг ичидан энг муносиблари танлов комиссиясига тақдим этилди ва Ҳакамлар Ҳайъати бу фильмларни бир неча номинация бўйича баҳолади. Бу фильмларнинг ҳар бири ўзига хос ва биз бу фестиваль орқали Ўзбек миллий киносининг истиқболини кўришга, эртанги Ўзбек киносининг анъаналарини давом эттирадиган янги истеъдодларни кашф этишга муваффақ бўляпмиз. Бу Фестиваль Ёшлар учун катта имтиҳон ҳам бўлди ва ёш ижодкорлар ундан муваффақиятли ўтишди! Ўйлайманки, бу Фестивалда иштирок этишнинг ўзи, иштирок этган ёш киноижодкорларга берилган юқори баҳо бўлди! Бу Фестивалдаги иштирок уларнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлади, ҳамда улар келажакда янада яхши кинофильмлар яратадилар, деган фикрдаман.
Киношунос Элмира Ҳасанова: - Бу фестиваль биз учун катта байрам! У жуда ҳам ёдда қоларли бўлди! Маҳорат дарслари “Ёшлар ижод саройи” ва “Ўзбеккино” Миллий агентлигида ҳам ўтказилди ва унда ёш киноижодкорлар билан биргаликда, тажрибали кино усталари ҳам иштирок этишди. Ўйлайманки, мазкур маҳорат дарслари давомида ёш ижодкорлар кўплаб янгиликлардан хабардор бўлишди. Қолаверса, дўстлашиб, келажак учун ижодий ҳамкорликларни ҳам келишиб олишди. Маҳорат дарслари давомида, қисқа вақт ичида, биз ёш киноижодкорлар билан 4 та қисқа метражли фильм ишладик. Ўз навбатида мен ёшларга шундай имконият яратиб берганликлари учун барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман. Мана шу 20 та фильм суратга олган ёшлар орасидан келажакда ўзбек киносининг фахри бўла оладиган ижодкорлар етишиб чиқишларига ишонаман. Барча иштирокчиларга ва бизга ёрдам берган ташкилотчиларга раҳмат! Барча ёш киноижодкорларга фаолиятларида омад ёр бўлсин!
Саида Вахобова