FATTOHHON.COM

« Все новости

“АФРУЗ” ГУРУҲИ: ЎЗГАРИШ БЎЛАДИ! 30.07.2014 00:36

foto (10)

“Афруз” гуруҳи ўз ижодини бошлаганига бу йил 11 йил бўлади. Гуруҳ йигитлари  шоу бизнесда ўзларининг қўшиқларидан ташқари, ўз одоби, камтарлиги билан ҳам барчанинг ҳурматида. Бу йил гуруҳнинг иккинчи хонандаси Музаффар ҳм уйланди ва ўз тўйини “Наврўз” ресторанида нишонлади. Эндиликда эса, гуруҳ хонандалари янгидан янги қўшиқлар устида ишлашмоқда. Бугунги “Диллашув” саҳифасининг меҳмони “Афруз” гуруҳи.

 Foto (21)

- Икковингиз ҳам оилалисизлар. Ўз жуфтингизни учратишингиз қандай кечди?

Жамшид: - Бўлажак рафиқам магазинда сотувчи бўлиб ишларди. Исми Камола, уни магазинга борганимда кўриб қолганман. Кўз-кўзга тушганда ёқтириш бўлган. Тақдир тақозоси билан ўз бахтимни топганман. Тўғриси, зўрға гаплашганмиз, рафиқамнинг дугонасини танирдим. У ҳам яхши қиз эди, ўша дугонаси орқали гаплашиб, ҳаммаси бўлиб кетган... (уялиб самимий кулади) Мен ўша дугонасига “менга шу дугонангиз ёқиб қолди” деганман. Кейин гаплашиб, кўриб, билиб дегандек, оила қурдик.

 

- Лекин, кўпчилик санъаткорга ишонмайди. Умумий олганда, санъаткорми, хонандами, актёр ёки умуман санъат соҳасидаги инсонларга ишоч йўқ, дегандек фикрлашади. Бўлажак рафиқангизни ниятингиз жиддийлигига ишонтириш қандай кечган?

Жамшид: - Менимча, ишонтириш, ишонтира олиш, инсоннинг ўзига боғлиқ бўлса керак, деб ўйлайман. Ҳар бир инсон ҳар хил бўлганидек, ҳар бир санъат соҳасидаги инсонлар ҳам ҳар хил. Ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ.

 

- Илк танишув қандай бўлган?

Жамшид: - Биринчи бўлиб унга қўнғироқ қилганман. Нима деганим ҳозир аниқ ёдимда йўқ. (самимий кулиб) Лекин, жиддий гапирганман, сўрашиб, “кўнглимга ёқиб қолдингиз” деганим ёдимда. Тўғрисини айтганман.

 

- У киши неча кунда жавобини айтганлар?

Жамшид: - Жавобини айтмаган! Вақт ўтган, кейин совчи юборганман!

 foto (14)

- Уни мухлислардан қандай қилиб, ажрата олгансиз? Яъни, кўпинча қизлар хонандаларга хонанда бўлгани учунгина қарашади, инсон сифатида эмас, деган фикрлар бор. Яъни, хонандалиги учун яхши кўришади, аммо инсон сифатида у билан бирга яшай олмасликлари мумкин, деган фикрлар ҳам билдиришади.

Жамшид: - Энди у менинг санъат соҳасида бўлганим учун гаплашмаётганлигини сезганман. У менинг қўшиқларимни эшитмайди. Ҳалигача у мен ўзим қўйиб бермасам қўшиғимни эшитмайди. Эшитиб баҳо бериши мумкин, лекин унақа санъат соҳасида бўлганим учун мени яхши кўрмаган.

 

- Қизиқ, унда рафиқангиз кимнинг қўшиқларини эшитадилар?

Жамшид: - Ўзбек хонандаларининг қўшиқларини эшитмайди. Айтмоқчи бўлганим, санъаткор бўлганим учун менга турмушга чиқмаган, мени яхши кўрмаган. Мен буни сезганман. У менга “санъатингизни яхши кўрмайман” ҳам демаган. Рафиқам билан 5 йил гаплашганмиз, 4 йилда унга ўрганиб, уйланиш қарорига келганман.

 

- Рашк у кишида кучли бўлса керак. Чунки, аёлларда рашк кучлироқ бўлади.

Жамшид: - Ҳа, аниқ! (кулади)

 

- Музаффар сиз яқинда уйландингиз. Сизда бўлажак рафиқангиз билан танишиш қандай кечди?

Музаффар: - Жуда ҳам қизиқ бўлган. Хизматга борган маҳалим ўша ерда бир содда қизни кўриб қолганман. Пардоз ҳам қилмаган, сочлари ҳам оддийгина, ўзи ширингина, одобли бир қизни кўрганман. Ўшанда юрагим жиз этган. Администраторимиз орқали ўша қизнинг оналарини телефон номерини олганман. Кейин у қизнинг оналарига менинг онам қўнғироқ қилганлар, совчи бўлиб бориш ниятларини айтганлар. У тараф ҳам, “қилик уйга совчилар келади” деб, боришларига “майли” дейишган. Кейин уйимдагилар совчиликка боришди, қиз уларга ҳам ёқди. (уялиб кулиб қўяди) Онамларга ҳам қиз ёқиб, бизни бир-биримиз билан кўриштиришди. Кўришиш жараёнида бир-биримизга ёқдик. Шу билан тўй бошланиб кетди.

 Foto (8)

- Бўлажак рафиқангизнинг айнан қайси жиҳатлари сизни ўзига тортди?

Музаффар:- Соддалиги, тик қарамай, ерга қараб туришлари. Кўришганимизда умуман гапирмаган! Мени ҳам опачам, синглим бор. Қиз бор уйдагилар, барибир қизларнинг характеридан билишади. Шунинг учун ҳам, яхши, одобли қиз эканлигини билдим. Менга у ҳар тарафлама ёқди.

 

- Ўзингизни унга қайси жиҳатларингиз ёққан, деб ўйлайсиз?

Музаффар:- Менимча, тўғри гапиришим, ҳаммасини очиқ айтишим ёққан бўлса керак, деб ўйлайман. Лекин, кўп нарса гапирганим йўқ. “Ўқишларингиз яхшими?” деб сўрадим.  Тақдир насиб қилган экан, тўйимиз бўлди. Ҳозир жуда ҳам бахтлимиз.

 

- Ҳозирги кунда “Афруз” гуруҳи ижодида бир хиллик юзага келаётгандек... Ўзингизга шундай сезилмаяптими? Қандайдир “портлаш” бўлмаётгандек...

- Тўғри, ижодимиз давом этяпти. Аммо, ижодий “портлаш” қилишга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, “Ла-ла-ла” қўшиғимизга Балида клип суратга олдирдик. У ерда 2 та қўшиғимизга клип суратга олинган. Яъни, “Шалола” қўшиғимизга ҳам. У клипда фақатгина меҳмонхонада, ичкарида ва биноларнинг олдида бўлган. “Ла-ла-ла”га эса, оролнинг ўзида суратга олинди.

 foto (12)

- Негадир клипларингизга жиддий эътибор бермайдиганга ўхшайсизлар. Бошқа давлатларда, дам олишларда суратга олинади.

- Сиз айтгандек, бизни бурилиш қилмоқчимиз. Яъни, “портлайдиган” қўшиқ қилиш ҳаракатидамиз. Бу йўналишимиздан сал бошқача сокин қўшиқ бўлади. Ўз йўналишимиздан чиқиб кетмаймиз, аммо ўзгариш ҳам бўлади. Бундан ташқари, унга сюжетли клип суратга олиш ниятидамиз. Инсонлар ўша клипни кўрганида, тушуниб етадиган, қолаверса миллийликка ҳам ёндошиб клип суратга олдирамиз. Шу вақтгача ижодимизда сюжетли клип бўлмаган. Кичик мини сюжетли клиплар бўлиши мумкин, аммо тўлиқ сюжетли клип бўлмаган.

 

- Нега? Бунга жиддий аҳамият бермаганмисизлар?

- Билмадик, балки ёш бўлганимизгадир? Энди бу ёғига сюжетли клиплар суратга оламиз. Бизнинг томошабинларга сюжетли клиплар жуда ҳам ёқади ва буни ўзимиз ҳам сезяпмиз. Лекин, 11 йил ичида 24-25 та клип суратга олганмиз, лекин сюжетли клип суратга олмабмиз. Олдинлари қўшиқларимизни кассета вариантида чиқарганмиз. Дисклар йўқ эди. Битта мусиқий альбом чиқарганмиз, номи “Умр соати” эди. Аслида бу иккинчи альбомимиз ҳисобланади. Олдингиси кассетада чиққан, номи “Севади”. 2006 йил “Туркистон” саройида концерт берганмиз, 13-14 февраль, яъни 2 кун. Ўшандан кейин, 2007 йил “Умр соати” мусиқий альбомимизни чиқарганмиз. Аммо ҳисобласак, 3 та мусиқий альбомга етадиган қўшиқларимиз бор. Лекин, навбатдаги янги мусиқий альбомни концертимиздан олдин чиқаришни ҳоҳлардик. Ичида 30 тами, 50 тами ҳамма янги қўшиқларимиз жамланади.

 

- Ижодни бошлаган вақтларингиз устозингиз ким бўлган?

- Ўша пайтларда шоир, бастакор ва хонанда Шаҳноз бизга кўп ёрдам, маслаҳатлар берганлар. Ундан ташқари, Рашид Ҳолиқов жуда кўп қўллаб-қувватлаганлар. У киши бошидан охиригача қўшиқларимизни эринмай эшитиб, маслаҳатлар берганлар. Кейин у кишининг укалари раҳматли Рауф Холиқов ҳам бизга жуда катта туртки берганлар. 2006 йил устозимиз Фаррух ака Зокировнинг “Келибди” қўшиғини ижро қилганмиз. Ҳозирги кунгача хизматларда бу қўшиқни кўп сўрашади, ижро қилиб келяпмиз.

 

- Навбатдаги яккахон концертингизни қачонга мўлжаллаяпсизлар?

- Яхшилаб ижод қилиб, келгуси йилга мўлжаллаяпмиз. Сиз айтгандек ижодий “портлаш” қилиб, халқ ўзи бориб, концертимизга билет сотиб оладиган даражага етгач, шу нарсани сезганимиздан кейин концерт қўйиш ниятимиз бор.

 foto (11)

- Гуруҳда ҳеч тортишувлар бўлиб турадими?

- Камдан-кам бўлиб туради. Бўлса ҳам, бир-биримизни тушуниб, келишиб кетамиз. Узоққа чўзилмайди.

 

- Гуруҳда ким лидер?

- Бизда ҳеч ким лидермас! Гуруҳлар нега бўлиниб кетади? Шу нарсани кўп ўйлаймиз. Гуруҳда кимдир “мен лидерман” деса, ўша гуруҳ тез бўлиниб кетади. Мана биз ижод қилаётганимизга 11 йил бўлган бўлса, шу 11 йил ичида, кўп гуруҳлар бўлиниб кетди. Сабаблари, “мен лидерман” дейиш, пул, манманлик аралашиши, “мен зўрман” деган фикрлар уйғониб қолади. Шу нарсани сезганмиз. Шунинг учун ҳам биз бундай нарса бизда бўлмаслигига интиламиз. Ёшлигимиздан бирга мактабда ўқиганмиз, ҳеч қачон “мен зўрман” деган нарса уйғонишига йўл қўймаймиз. Доим аҳилмиз.

 

-Энг узоқ уришиб қолинган вақт? Ким биринчи бўлиб ярашади?

- (кулишади) Узоғи билан 2-3 соат! Ярашиш эса, кўришганда гаплашиб кетаверамиз! Эсдан чиқиб кетади! Агар шунақа вақтда тўй хизмати бўлиб қолса, унда администраторимиз орқали кўришиб оламиз ва яна гаплашиб кетаверамиз.

 

- Унда чигалли вазиятлар бўлиб қолса, ҳал қилувчи сўзни ким айтади?

Музаффар:- Бу шундай бўлади, агар мен тушунмаётган бўлсам, Жамшид менга тушунтиради. Агар Жамшид тушунмаса, “ўртоқ бу, мана бундай” деб тушунтираман. Мен хато қилсам, Жамшид тушунтириб тўғрилайди. Қўшиқларда ҳам, шахсий ҳаётда бўладиган маслаҳатларда ҳам ўзаро фикр алмашамиз.

 foto (9)

- Бошқа гуруҳлардан ажралиб турадиган жиҳатларимиз қайси, деб ўйлайсизлар?

- Билмадик, буни мухлислар айтганлари маъқул. (ўйлаб) Энди, фикримизча, битта ажраладиган тараф, тўй хизматларига борганда доим костюм-шимда борамиз. Ижод тарафлама ҳам йўналишимиз бошқа гуруҳлардан бироз фарқ қилиши мумкин. Баъзи гуруҳлар сокин йўналишда куйлашади, шўх куйлашмайди, масалан. Бизни қўшиқлар эса, кўплари шўх. Чунки, биз хизматларда кўп бўламиз, шундай шўх қўшиқлар куйлашни ҳоҳлаймиз. Сокин қўшиқни эса, 2-3 йилда битта чиқарамиз. Энди бу йилдан ҳар йили бир-иккитадан сокин қўшиқ чиқармоқчимиз. Бундан ташқари, ижодга ўзгартириш киритиш ниятидамиз. Ота, она ҳақида, Ватан ҳақида қўшиқлар яратишимиз керак ва яратмоқчимиз!

 

- Қўшиқ танлаганда, биринчи қайси жиҳатига эътибор берасизлар?

- Биринчи мусиқасидан бошлаймиз. Мусиқаси кўнгилга ёқса, ўшанга шеър ёздирамиз. Ўзи бизда кўпинча шеър билан мусиқа баравар келади. Масалан, сокин қўшиқларимизга кўпинча Тоҳир Малик ёзади (ёзувчи Тоҳир Малик эмас!), “Умр соати” қўшиғимизни ҳам ўша инсон ёзганлар. Шўх қўшиқларимизга эса, мусиқа ва аранжеровка Жасур Бадалбоев, ғоя Элдор Қаюмов, ҳамда аранжеровка, ғоя Бобур Умаров билан ишлаймиз. Энди бу ёғига Иқбол Муҳаммад билан ҳам ишлаш ниятимиз бор.

 

- Ўзингиз яратган қўшиқларингиз ҳам борми?

- Йўқ, қўшиқнинг яратилиш жараёнида фикр бера оламиз. Аммо, ўзимиз мусиқаси, шеъри, аранжеровкасини яратган қўшиғимиз йўқ.

 foto (13)

- Қўшиқларингиздан айнан қайси бирини ўзингиз “ташриф қоғози” дея оласизлар?

- 2003 йилда яратилган “Дурдона” қўшиғимиз. Уни худди ўзимиз яратгандек бўлиб кетган. Чунки, у қўшиқни мактаб жараёнида, 10 синфларда куйлаб юрганмиз. Мактаб директоридан гап эшитсак ҳам, шу қўшиқни куйлаб юрардик. Шунинг учун ҳам, худди ўзимиз яратгандек. Энди, кўпчиликка ёққан “Умр соати” аслида севги ҳақида бўлиши керак эди. Шеър ҳам 2 та эди, биттаси “Умр соати”, иккинчиси севги ҳақида. Юрагимизга ёққани учун ҳам, “Умр соати”ни танлаганмиз.

 

- Музаффар билан Муниса Ризаева ҳақидаги гап-сўзларга ойдинлик киритсангиз?

- Муниса Ризаева бизнинг яхши ўртоғимиз, ҳамкасбимиз! Яхши инсон, жуда яхши ижодкор! Биз уни ҳурмат қиламиз. У “Афруз” гуруҳининг яхши дўсти. Энди, ҳар хил миш-мишлар ҳар доим, ҳамма ҳақида бўлади. Муниса Ризаева ҳам, биз ҳам санъаткормиз, у бизнинг ҳамкасбимиз. Ҳамкасб бўлгач, тадбирларда бирга суратга тушиб қолишимиз мумкин. Масалан, “Эътироф” тақдирлаш маросимида ҳам ёнма-ён бирга ўтириб қолдик. Суратга олишди. Бобур Умаров, Муниса Ризаева ҳамда биз, дўстлик, ҳамкорликда “Ла-ла-ла” қўшиғимизни яратгандик. Бобур Умаров билан биз аранжеровка жараёнида бирга ўтирган вақтимиз эди, ўша пайтларда Бобур Умаров Муниса Ризаевага алоҳида қўшиқ ёзаётган эдилар. Муниса ўша қўшиқ юзасидан келиб қолди ва бизнинг мусиқани эшитиб, “менга шунга бир ғоя келиб қолди” деб, ўша ернинг ўзида микрофонни қўлига олиб, ғоясини айтди. Бобур Умаров шу ғоя орқали “Ла-ла-ла”нинг шеърини ёзди. Шундан сўнг, вазиятдан келиб чиқиб, қўшиқ, ижод юзасидан Муниса Ризаева билан кўп учрашадиган бўлиб қолдик. Муниса Ризаева  билан бирга дуэт ҳам куйладик, бу янги дуэт “Гап йўқ, лекин...” деб номланади. Бу ҳам гап-сўзларга сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу қўшиқнинг ғояси Элдор Қаюмовга, аранжеровкаси Жасур Бадалбоевга тегишли. Ижод юзасидан кўришиб қолган вақтимиз, “Элдор ака, бир дуэт ёзиб беринг” деб Элдор Қаюмовга мурожаат қилгандик. Муниса Ризаева ҳам, биз ҳам “ёзиб берсангиз зўр бўларди” дегандик, Элдор ака ҳам ўша ернинг ўзида шеърини ёздилар. Бу қўшиқ премьерасини кузга мўлжал қилиб турибмиз. Чунки, ҳозир бошқа қўшиқларимиз бор. Бу қўшиққа клип суратга олиш ҳам режада бор. Сюжетли клип бўлади.

 

- Гуруҳ аъзоларини алоҳида, яккахон қўшиқ қилиш ниятлари бўлганми?

- Йўқ. Бундай фикр бўлмаган. Энди баъзилар бошидан яккахон бўлишни орзу қилган бўлади. Гуруҳ бўлиб, чиқиб олишни мўлжаллаган бўлади. Бизда ундай эмас, бошидан гуруҳ бўлганмиз.

 

- Бир-бирингизнинг камчиликларингизни айта оласизларми?

Музаффар: - Жамшидни тез жаҳли чиқади, лекин бу камчилик эмас! Ҳар битта инсонни ўз характери бўлади. Шу одати бироз ёқмайди. Негаки, ҳар хил вазият бўлиб қолиши мумкин. Лекин, менимча ҳеч қандай камчилиги йўқ, яхши инсон.

Жамшид: - Музаффарда камчилик эмасу, баъзи нарсани “мана бундай” деб тортишиши бор. (кулади) Аммо, бу иши кўпинча тўғри чиқади.

Музаффар: - (кулади) Мен нотўғри нарсага талашмайман! Чунки, ростдан шунақа бўлиши мумкин. Лекин, доим келишиб кетамиз.

 foto (8)

- Ҳар бирингиз ўзингиз тан оладиган камчиликлар-чи?

Жамшид: - Тез жаҳлим чиқишини ўзим ҳам биламан! Кам гапираман. Лекин, булар камчиликка кирмаса керак.

Музаффар: - Камчилигим, кўп ухлаб қоламан! (кулади) Чарчаганимдан бўлса керак. Барибир ҳар битта инсонда камчиликлар бўлади.

 

- Сизларда ижод куннинг қайси қисмидан бошланади? Чунки, одатда ижодкорлар учун куннинг иккинчи ярмидан бошланади.

- Бизда ҳам шу. (кулишади) Лекин, ҳозир икковимиз ҳам оилалимиз, шуни билганимиз учун ҳам, ижодни вақтлироқдан қилиб қўйгандик. Ҳозир уйга вақтлироқ киряпмиз. Лекин, ижод барибир кечқурун. Чунки, ҳар битта ижодкор инсон, масалан, аранжеровкачими, шоирми, кечқурун ишлайди, ижод қилади. Студияларда ҳам  овоз ёзишлар кечқурун бўлади. Чунки, томоқлар ишлаб турган пайт бўлади. Эрталаб эса, томоқда хрип бўлади. Шунга қўшиқларни тушликдан кейин, ёки кечқурун ёзилади.

 

- Икковингизни ҳам рафиқаларингизга қайси қўшиқларингиз ёқади?

Музаффар: - Рафиқам қўшиқларимиз ҳақида умуман фикр билдирмаган. Ўзим ҳам сўраб кўрмаганман. Лекин, ҳамма қўшиқларимизни олдиндан эшитиб келган экан. Менга айнан “мана бу қўшиғингиз ёқади” демаган.

Жамшид: - Мен сўраганимда, рафиқам “Умр соати” деганди.

 foto (6)

- Оила қуришдан олдин қандай фикрда эдингизу, ҳозир дунёқарашлар қанчалик ўзгарди?

Жамшид: - Оила қуришдан олдин инсон жуда ҳам бемалол бўлади. Уйга кеч келади. Оила қургандан кейин ҳаётга, ҳамма нарсага жиддий қарайсиз. Уйга ҳам вақтлироқ қайтишга ҳаракат қиласиз.

Музаффар:- Оила қуришдан аввал кўпроқ дўстлар даврасида бўлардик. Ҳозир ҳам дўстлар даврасидамиз. Оила қургач, бир инсон сиз учун келади. Унинг кўнглига қарашингиз керак. Вақтингизни у билан ўтказишингиз керак, ахир у сиз учун қадрли. Бу вазифа эркак кишининг вазифаси бўлади. Шунинг учун ҳам, тезроқ уйга келиб, рафиқамнинг кўнглига қарай, дейсиз. Чунки, зиммангизда масъулият бўлади. Ўзингизни назоратда ушлашингиз керак.

 

- Турмушдан кейин қайси одатингизни ташлашингиз қийин кечди?

Жамшид: - Мен барибир жаҳлим тез чиқадиган одатимни ташлай олмадим.

Музаффар: - Овқатланишда режимга риоя қилмайман. Чунки, ишимиз шундай. Шу режимни барибир жойига қўя олмадим.

 foto (5)

- Ҳеч ўз касбингизда рақобатни сезганмисиз?

Музаффар:- Ҳеч кимни рақобат, деб ўйламаганмиз. Баъзилар чиққанига кўп бўлмай, кибрга, манманликка, “юлдузлик касали”га берилиб кетади. Шунга жаҳлим чиқади. Санъаткор кўп, лекин ҳеч ким бир хилда эмас.  Масалан, Ботир Қодировнинг бир қўшиғи бор, “кеча ким эдиму, бугун ким бўлдим?” деган. Шу қўшиқни кунига 30 марталаб эшитаман! Шу қўшиқни Ботир Қодиров билан тўйимизда ҳам бирга ижро қилдик. Нимагаки, кеча ростдан ҳам ким эдигу, бугун ким бўлдик? Бу қўшиқнинг маъноси жуда ҳам кучли. Айтмоқчи бўлганим, кўплар ўзгарган. 2 та қўшиқ чиқардим, хит бўлди, ҳаммага ёқди, энди мен зўрман, деб ўйлашади. Унақа эмас! Биз ўзимиз кўриб келяпмиз, 11 йил ичида нечта хонанда чиқиб, нечтаси синди! Бу нарсага халқ сабабчи! Бизларни кўтарадиган ҳам, туширадиган ҳам халқ! Шунинг учун, илтимос қилардимки, санъаткорлар, майли, озгина ўзларини халққа санъаткор сифатида кўрсатсалар ҳам, аммо, санъаткор санъаткорга ўзини “звезда”дек тутиши, менимча, яхши эмас! Бу билан, кимдир “звезда”, кимдир “ўрта” демоқчи ҳам эмасман! Шукурки, ҳамманинг ўз мухлиси, тинглайдиган инсонлари кўп. Ақллилик ҳам қилмоқчи эмасман! Санъаткорларга илтимосим, ҳамма бир-бирини ҳурмат қилсин! Ҳамма бир-бири билан фикр алмашсин, суҳбатлашсин, қўшиқлар ҳақида фикрларини билдиришсин. Янги чиқаётган хонандалар бошида “ака-ака” қилиб туришади-да, 2 йилдан кейин ўзларини олишни бошлайди. Бунақа  бўлиш керак эмас! Мен шунақаларнинг исмларини айтиб ўтирмоқчи эмасман! Ҳаёт давомида шунақа инсонларни ҳам кўрдик. Бу нарсани уларга боғлаб бериб қўймаган. Ҳоҳлаган вақтда ҳеч ким бўлмай қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам, санъаткорлар бир-бирларини ҳурмат қилиб, бир-бирларининг ижодидан хурсанд бўлишларини истардим! Масалан, мен бировни ўзимга рақиб деб, “бундан зўр ижод қилишим керак” деган нарса бўлмаган! Биз фақат қўшиғини эшитамиз, “яхши, зўр қўшиқ чиқибди, яхши қўшиқ яратиш керак”  деймиз. Соғлом рақобат бўлган жойдагина, яхши санъат бўлади. Қандай рақобат? Соғлом рақобат! “Мана бу қўшиғинг яхши чиқибди. Мен ҳам шундай яхши ижод қилишим керак экан” деб, ўзи учун ижобий баҳолаш, назаримда. “Мен сени рақиб деб биламан” деб, у инсонга бошқача назар билан қараш эмас! Ижодкор, ўзини ижодда кўрсатсин! Ҳаммани ўзига яраша мухлиси бор. Ҳеч кимнинг мухлисини, ҳеч қачон бошқаси тортиб ололмайди. Масалан, Абдували Ражабовнинг мухлисини мен тортиб ололмайман! Ёки мени мухлисимни бошқаси олиб қўя олмайди. Ҳар битта инсон ўз фикри билан, ўз мустақил фикри бор! Лекин, халқ ичида бир нарса ҳам бор. Битта санъаткорни яхши кўриб туриб, кейинги санъаткорни ҳам яхши кўришади. Бу мухлис ҳисобланмайди! Бундай мухлисларга гапим бор, битта санъаткорни яхши кўрдингизми, уни ижоди бўлмаётган вақтда ҳам, уни қўллаб-қувватланглар! Ундан бунга сакраш, менимча, тўғри эмас. Масалан, мен ўзим Тоҳир Содиқовнинг мухлисиман, ҳозир ҳам уларни мухлисиман. У инсоннинг ижодини ҳурмат қилганман, ҳозиргача ҳам ўзларини ҳам, ижодларини ҳам ҳурмат қиламан! Рашид Холиқов устозим бўлсалар, болалигимда Тоҳир Содиқовни тинглаганман.

 

- Тоҳир Содиқов билан дуэт куйлаш фикри бўлганми?

- Бўлган! Ижодни давом эттиряпмиз. Балки, энди амалга оширармиз. У кишини ҳурмат қиламиз, суҳбатлашганмиз. Биз ҳақимизда ўз фикрларини ҳам билдирганлар. Биз ҳам қўшиқлари ҳақида айтсак, тўғри қабул қиладилар. Жуда яхши инсон!

 

- Ўзингиз илк машҳурликни қачон ҳис қилгансизлар?

- Бу нарса “Дурдона” қўшиғимизлда бўлган. Бу қўшиқни магнитофонда тинглашаётганини эшитганмиз. Бу қўшиқни ёнимиздан айтиб ўтиб кетиш ҳолатлари бўлган. Бу 2005 йил бўлган, шунинг учун ҳам 2006 йилда концерт қўйганмитз. Концерт қўйганимизда бизни клипимиз ҳам бўлмаганди. Аммо, инсонларнинг таниб, ҳурмат қилиб, мухлислик қилишлари, бизни қувонтирган, куч берган.

 foto (4)

- Илк дасхат берган вақтингизни эслай оласизми?

Жамшид: - “Туркистон” саройида 2003 йилда, 25 майга “Болалар шоу” чиққанимизда, эсимда бор. Саҳнага биринчи чиққанимиз, Тоҳир Содиқовнинг “Болалар шоу”сида иштирок этганмиз. Ўша йили ўзимиз ҳам битирган вақтимиз, шоу 24 майда бўлганди. Ўша шоуга бизнинг синфдошлар ҳам тушишганди.

 

- Саҳнага илк марта чиққанда, нимани ҳис қилгансизлар?

- Наҳотки, ўша ўзимиз орзу қилган Тоҳир Содиқовнинг концертида, саҳнада турибмиз? деган, ҳиссиёт бўлган! Одамлар бизни қандай кутиб олишади? деган, ҳислар бўлган.

 

- Ижоддан ташқари, ёки ижод билан бирга, бошқа бизнесингиз ҳам борми?

- Ҳозирча йўқ. Аммо, ижод билан бирга шундай бошқа бизнеслар қилиш ниятимиз ҳам бор.

 foto (3)

- Оила аъзоларингиз фақат қўллаб-қувватлашадими, ёки танқид ҳам қилишадими?

Музаффар:- Танқид ҳам қилиб туришади. Масалан, онамлар “мана бу қўшиғинг ёқмади. Мана бу клипинг ёқмади, кўп қизлар билан тушибсан” деб айтадилар.  Чунки, ижод намунамиз тайёр бўлиши билан мен ўз уйимга, Жамшид ўз уйига олиб чиқиб кетамиз. Уйдагиларга кўрсатилади, фикр билдиришади. Онамлар “Ай-ай” қўшиғимизни клипида кўп қизлар билан чиққанмиз, ўша бўйича гапирганлар: “жуда кўп қизларни олиб юборибсиз, бунақа клип олманглар” деганлар. Онамлар “Умр соати” қўшиғимни жуда яхши кўрадилар.

Жамшид:- Бизнинг уйда, адамлар кўп танқид қиладилар. Яхши қўшиқ бўлса ҳам, “бўлади, нормал чиқибди” дейдилар. Адамларга “Дам бу дам”, “Умр соати” қўшиқларимиз ёқади. “Ўйлама” қўшиғимизни “яхши чиқмабди” деганлар.

 

- Гуруҳдаги тартиб-қоидалар?

Музаффар:- “Биз ҳоҳлардикки, бизга ҳеч ким тегмаса, биз ҳам ҳеч кимга тегмаймиз”. Бунинг сабаби, ҳар хил инсонлар бизга гапириб, орамизга совуқчиликлар туширмоқчи ҳам бўлишади. Энди, ҳар хил инсон бор. Ўшанақалар бизга яқинлашишмасин, деймиз. Биз ўзимиз ҳам ҳеч кимнинг ортидан ёмон гап гапирмаймиз. Бировга гапирмоқчи бўлсак, юзига гапирамиз. Ҳеч қачон бировнинг ортидан ёмон гап гапирмаганмиз! Биз ҳам ҳоҳлардикки, бизнинг ҳам ортимиздан гапирмай, юзимизга келиб гапиришсин!

 

- Гуруҳда продюсер борми?

- Йўқ, администоратор бор, Азиз Ҳошимов. Биз ўзимизга ўзимиз продюсермиз. Продюсер билан ишлаш борасида кўп таклифлар бўлган. Лекин, ҳаммани ишлаётган одамларини кўриб, биз тинчгина ўзимизга ўзимиз продюсер бўла қолайлик, деган фикрга келганмиз. Бошидан ўзимиз бўлганмиз.

 foto (2)

- Гуруҳ ижодида плагиат борми?

Музаффар: - (кулиб) Тан оламиз, “Керагимсан ёрим”ни мусиқасини кўчирганмиз.Энди ижод бошлаган вақтларимиз эди. Яъни, солосини олганмиз. Чунки, буни барибир халқ билади.

 

- Кинода роль ижро қилишга муносабат?

- Агар яхши фильмларда жиддий роллар бўлса, бор маҳоратимизни ишга солиб, ижро қилиб берган бўлардик.

 

- Рекламага беэътибордексизлар...

Музаффар:-Энди тўй қилдик, мен опачамни, синглимни узатдик. Шундай пайтларда сал беэътибордек бўлиб қолдик, сал тўхташ бўлди. Энди, бизда ҳеч қачон тўхталиш бўлиши керак эмас! Шуни мақсад қилиб қўйганмиз! “Афруз” гуруҳи, “олтин ўрталик”да бўлишни маъқул кўрамиз. Онамлар ҳам айтадилар, “ўртада бўлинглар, халқ назарида бўлинглар” дейдилар. Шу нарса кўпроқ миямиздами, биз ҳам ўртада, халқ назарида бўлишни ҳоҳлаймиз.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

 foto (1)