FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошевнинг “Истиқлол” санъат саройида 2 кун давомида бўлиб ўтган “Устозим шу халқ” деб, номланган концерт дастурининг икки куни ҳам муваффақиятли ўтди!
Концерт кунлари санъаткорнинг дўстлари, яқинлари, самимий табриклашди!
Концертнинг биринчи кунида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков, продюсер Даврон Соипов,
Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳосила Раҳимова,
Илҳом Фармонов, хонандалар Адҳам Солиев,
Абдулла Қурбонов, иккинчи кунида эса, Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон, “Ниҳол” мукофоти совриндори Улуғбек Раҳматуллаев, “Сурхон” гуруҳи ва бошқалар меҳмон бўлишди.
Абдурашид Йўлдошевнинг яқин дўсти “Ниҳол” мукофоти совриндори Достон Убайдуллаев эса, дўстининг ёнида, саҳна ортида бўлиб, астойдил қўллаб-қувватлади.
Лекин, сўз устаси Шукурилло Исроиловнинг талаби билан саҳнага ҳам чиқишига тўғри келди!
Концертни Абдурашид Йўлдошев “Ўлкам” қўшиғи билан бошлади.
Дастурни “Орият доно” радиосидан Акмал Мирзо олиб борди ва томошабинлар саломлашиб, дастурни бошлаб олгач, санъаткорга концерт номи юзасидан савол билан мурожаат қилди.
Абдурашид Йўлдошев ҳам, бунга жавобан ёшликдан неча-неча устозлардан таълим олганлиги, шу соҳада, шу кунга қадар, халқимиздан кўп нарсаларни ўрганганлигини айтиб, уларнинг ёнида ҳамиша таъзимда эканлигини билдириб, томошабинларга таъзим қилди.
Шундан Акмал Мирзо “хонанданинг бугунги дастури ҳам шу халқ учун!” дея, концертни давом эттириш учун навбатни яна Абдурашид Йўлдошевга берди.
Асосан, қўшиқлар мазмунига ишонган санъаткор, концертда янги ва севимли қўшиқларидан куйлади. 1 блокда, “Сени ўйламоқ бир ширин”, “Ҳар қарашингда юрагимда қолиб кетасан”, “Дарё”, “Хаёлим ўзингда”, “Тамоша қил”, “Нози қолди”, “Робия бону” қўшиқлари янгради.
Санъаткор “Робия бону” қўшиғини кичик қизига бағишлаб куйлаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Айтиш мумкинки, бу қўшиқ барча оталар номидан қизларига бағишлаб куйланди.
Биринчи блок тугагач, санъаткор саҳнага устози Мусахон Нурматовнинг тўнғич фарзанди Юсуфхон Нурматовни таклиф этди ва у “Лайло” қўшиғини куйлади.
Сўнг, Акмал Мирзо шу вақтгача саҳнада гапирилмаган бир гапни айтиб ўтди: “Бутун дунёда хонандалар концерт дастурларини ҳавола этадилар. Лекин, Ўзбекистондан ташқари, бирор мамлакатда концерт бераётган бирор хонанда ўз ҳисобидан 5 қаторгача бўлган жойларга ҳамкасбларини таклифнома бериб, таклиф этмайди! Бу бирор миллатда йўқ! Фақатгина концерт ташкилотчилари томонидан бирор ҳамкасб хонанда концертда иштирок этсагина, таклиф этилиши мумкин. Ёки ҳамкасблар ҳам чипта сотиб олишлари керак. Фақатгина бизнинг хонандаларимиз, концерт ташкилотчиларидан ўзларининг ҳисобларидан ўз концертига ўзлари таклифнома сотиб олиб, ҳамкасбларига тақдим этадилар! Бу билан фақатгина шуни айтмоқчиманки, хонандаларга доим ҳам осон эмас!”
Шундан сўнг, Акмал Мирзо концертга ташриф буюрган ҳамкасб санъаткорларни томошабинларга таништириб ўтди.
“Марҳум санъаткор Рустам Қори Турсуновнинг “Зуҳром келмади” қўшиғи Абдурашид Йўлдошевни сизу бизга танитган. Бугун ҳам, мана шу устознинг қўшиқларидан бири сизларни эътиборингизга ҳавола этилади!” деб, Акмал Мирзо 2 блокни очиб берди.
Абдурашид Йўлдошев 2 блокни Рустам Қори Турсуновнинг “Боғ кўча” қўшиғини ўз талқинида куйлаб бошлади. 2 блок давомида, “Бармоқларинг бирам нозик”,
“Хабаринг йўқ” (Зиёда билан дуэт), “Онам ҳам “онам”, деб, йиғлар...”, “Кўнгил учун”, “Соғиндим”, “Сендан ўзга” қўшиқлари янгради.
“Она” қўшиғидан аввал “Она” ҳақида таъсирли шеър ўқилди.Санъаткор “Оналаримиз бизни кўзимизданоқ қараб тушуниб олишади. Дунёдаги энг меҳрибон, яқинимиз” дея, саҳнадан тушиб,
онасига гул ҳам тақдим этди.
2 блок тугагач, сўз устаси ва актёр Шукурилло Исроилов ўзининг ажойиб ҳазиллари билан томошабинларнинг кайфиятларини янада юқори кўтарди!
Шунингдек, Абдурашид Йўлдошевнинг яқин дўсти Достон Убайдуллаевни ҳам саҳнага чақириб, самимий ҳазиллашди! Достон Убайдуллаев ҳам ўз навбатида, дўстига самимий тилакларин билдирди!
3 блок давомида Абдурашид Йўлдошев “Кўзларинг учун”, “Мастонагинангман”, “Куласан-да”, “Ой қиз”, “Бугундан бошлаб”, “Қизил гул”, “Озорларингдан”, “Майли” қўшиқларини куйлади.
Концертни санъаткор “Оҳ,мени Ватаним бу” қўшиғи билан якунлади.
Концертда “Тумор” рақс гуруҳи раққосалари иштирок этишди.
Концерт режиссёри “Эътироф” мукофоти совриндори, режиссёр Ҳайдарали Қосимов.
Самимий санъаткорнинг концерти ҳам, самимий, кўтаринки руҳда файзли ўтди.
Абдурашид Йўлдошев: - Жуда ҳам хурсандман! Беҳисоб шукур! Кутилган натижа бўлди! Бизнинг мақсадимиз, ниятимиз келган меҳмонлар маза қилиб, қўшиқ тинглашса дегандик. Барчага раҳмат!
-Бу концертингиз ўзингизни назарингизда аввалгисидан қайси жиҳатлари билан фарқланди?
- Аввалги сафар, илк концертим бўлганлиги учун, олдиндан қандай бўлиши ҳам билинмаган! Бу йил эса, озгина вақт, бир йил бўлгани билан,оз бўлса ҳам, малака бор! Нималардир кутилди, албатта. Репертуар ҳам, ўзимга ёққан қўшиқлардан тузилди! Ҳамма қўшиқларимни ўзим маъқул кўрганлигим учун ижро этдим!
-Концертда жонли ижро масаласи?
-Энди, бу концерт съёмка учун фонограммада бўлди. Лекин, келгусида 100 фоиз жонли ижрода концерт қиламиз.
-Концертда, саҳнада сиз учун энг кутилмаган ҳолат қандай бўлди ва қандай қилиб, вазиятдан чиқдингиз?
-Энди кутиладию, лекин энг кутилмагани бу Шукурилло акамни нима дейишларини, нимани гапиришларини билмайман! Қандайдир қизиқ гап гапиришларини кутаман, лекин айнан нима дейишларини билмайман! Аммо, бу қийинмас, тўғрисини айтсам, хурсандман! Шу ўринда Шукурилло акам Исроиловга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман! Ҳамма мухлисларимизга ҳам катта раҳмат, шунчалик ҳурмат қилиб келганликлари, қолаверса, концерт давомида қўллаб-қувватлаган касбдош дўстларимиз, яқинларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Сардор Азимовга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз