FATTOHHON.COM
« Все новостиШу кунларда кетма-кет хит қўшиқлар яратаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхоннинг “Маликам энди қара!” қўшиғи яқиндагина муваффақиятли премьера бўлган эди ва бу қўшиқ, бугунги кунда “Ўзбегим таронаси” радиосининг “Радио Uz Top-20” Хит парадида биринчи ўринни эгаллади! Бу муваффақият билан Сардор Раҳимхонни чин дилдан табриклаймиз!
“Маликам энди қара!” қўшиғига ҳам клип суратга олинмоқда. Аммо, у клип ҳақида кейинроқ батафсил маълумот берамиз!
Бугун эса, Сардор Раҳимхон ўзининг яна бир янги “Жамилахоним ёмонлар” қўшиғига клип суратга олдирди!
Клип режиссёри Рустам Муродов
Клипда шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Қурсия Эсонова, актриса Дилбар Назирова, хонандалар Достон Убайдуллаев, Манзура, «Божалар» Жаҳонгир Позилжонов, режиссёр ва актёр Жавлон Шодмонов, Сomedy Uz резидентлари «Ҳасан Ва Ҳусан» триоси, актёр Умид Искандаров, модель Нилуфар суратга тушишди!
Нима учун қўшиқ номи “Жамилахоним ёмонлар!”? Бу қўшиқ фақат аёлларга бағишланганми? Бу мавзуда Сардор Раҳимхон билан суҳбатлашдик.
Сардор Раҳимхон: -
Илк бор сурхонча йўналишда қўшиқ куйладим! Бу менинг ижодимда янгилик! Қўшиқ шеъри Аҳад Қаюмники, ғояси эса, ўзимга тегишли. Учқун Шарипов мусиқаси ва аранжеровкаси. Қўшиқ ҳам антиқа, клип ғояси ҳам! Халқимизга манзур бўлади, деб ўйлайман. Назаримда, шу кунларда, тингловчиларга, мухлисларга озгина яхши кайфият, хурсандчилик етишмаётгандек. Шунинг учун ҳам, бу галги қўшиғим, ҳазиломуз, кайфиятни кўтарадиган қўшиқ бўлди! Одатда, ҳамма сурхонча куйлаганлар, сурхонча кийиниб қўшиқ айтишади. Мен эса, авваламбор, шунинг аксини қилгим келди! Яъни, аксинча замонавий, рокерларга ўхшаб кийиниб, сурхонча куйлайман! Шунда, назаримда ноодатий ва кутилмаган бўлади! Чунки, оддий, ҳамманинг кўзи ўрганган нарсани берсангиз, унча қизиқарли бўлмайди, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, ҳар тарафлама янгилик қилишга ҳаракат қилдик. Рустам ака Муродов билан ҳамкорликда, ҳамфикрликда бир тўхтамга келдик. Клипда суратга тушаётган таниқли инсонларнинг ҳаммаси, клипда менинг гапимни маъқуллашади! (кулади) Яъни, улар ҳам “Жамилахоннинг ёмон”лигини таъкидлашади! Мен Жамилахон мисолида, деярли ҳамма аёлларни айтганман!
- Бу қўшиқ ва клип орқали, аёлларни чиндан “ёмон”ламоқчимисиз?
Сардор Раҳимхон:
- Ҳа! (кулади) Нимага? Чунки, аёллар ўз эрини бекордан бекорга ноўрин рашк қилаверишади! Бу қўшиқ рашкчи аёлларга бағишланган! Айниқса, бугунги кунда халқ орасида бир фикр жуда ҳам оммалашган, яъни гўёки, уларнинг назарида, “ҳамма санъаткорлар “юради”, 2-3 тадан хотинлари бор” деган гаплар кўп. Мен шуларга қарши, мана шу “Жамилахоним ёмонлар” қўшиғимни куйладим! (Хиргойи қилади)
“Жамилахоним ёмонлар, доим душман томонлар,
Фалончи “юради”, деса, нега мендан гумонлар?”
Қўшиқнинг ҳамма сўзлари ҳазиломуз! Жуда ҳам актуал мавзу! Кайфиятни кўтарадиган рақсбоп тарона! Энди, “Жамилахоним ёмонлар” деганимизни сабаби, (кулиб, ҳазил билан) Жамилахон аёл киши ва уни “ёмонлар” деб, сизлаймиз, чунки, ҳар ҳолда (кулади) “хотинидан қўрқмаган эркак, эркак эмас” дейишади. Шунга, Жамилахонни ёмонлигини ҳам “сиз”лаб, айтиб ўтдик.
Рустам Муродов клип режиссёри: -
Сардор Раҳимхон билан кўпдан буён бирга ижодий ҳамкорликда ишлаб келамиз! Ўзимнинг укамдек! Клип ҳақида бирга ўйлаб, миллийлик билан замонавийлик уйғунлигида бўлишини ўйладик. Клипда машҳурларнинг тушиши ғояси эса, Сардор Раҳимхондан чиқди. Клипни суратга олишга бир кун кетяпти. Аммо, унга тайёргарликка 15 кунча вақт кетди. Қолаверса, энг қийини бу клипни суратга олиш учун жой топиш бўлди. Биз махсус декорация қурмадик ва табиий жой топмоқчи бўлдик. Аввалига бошқа жойда суратга олмоқчи эдик, лекин кутилмаганда мен, мана шу ҳозир суратга олаётган жойимизни топдим!
Клип учун Сардор Раҳимхон кун бўйи 10 соатдан ортиқ бир размер кичик оёқ кийимини кийиб, тик оёқда туришига тўғри келди! Оёғи қаттиқ оғриб кетганига қарамай, хонанда суратга олиш ишларини тўхтатмади! Қолаверса, ҳаво жуда иссиқ, аммо Сардор Раҳимхон клипдаги имиджи туфайли қалинроқ кийиниб олишига тўғри келди! Хуллас, клипнинг суратга олиш жараёнлари хонанда учун осон кечмади!
Қийинчиликларга қарамай, клипнинг суратга олиш жараёнлари жуда қизғин ва юқори кайфиятда ўтди! Айниқса, клипдаги айрим рақс ҳаракатларини Сардор Раҳимхон томонидан таклиф қилиниши ҳам кутилмаган бўлди! Нафақат Сардор Раҳимхоннинг клипдаги чиқиши, балки у ерда кўринган барча машҳурларнинг чиқишлари ҳам ўзгача бўлди!
Демак, Сардор Раҳимхондан рашкчи аёллар учун махсус тайёрланган, энг ноодатий клипни кутиб қоламиз!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова