FATTOHHON.COM
« Все новости“Орият доно” радиосида, журналист ва радиобошловчи Акмал Мирзонинг «Чой устида» дастурининг бу галги меҳмони “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси Матбуот хизмати раҳбари Одил Абдуқаҳҳоров бўлди!
Дастур тўғридан тўғри эфирда баҳс кўринишида кечди.
“Чой устида” дастурида Акмал Мирзонинг таклифига кўра, биз ҳам иштирок этдик.
Дастур бу гал бутунлай “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси фаолиятига бағишланди, десак адашмаймиз.
Дастур аввалида Акмал Мирзо эфир орқали, бу суҳбатни тинглаётган бошқа ОАВ вакиллари, бу суҳбатдан маълумот олиб, бермоқчи бўлишса, маълумотларни тўғри беришларини, тўғри ёндошишларини илтимос қилиб, айтиб ўтди.
Акмал Мирзо: - “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси нафақат санъатга алоқадор, балки санъатга алоқаси бўлмаган инсонларни ҳам қизиқтиради. Одил Абдуқаҳҳоров билан дастуримизда суҳбат уюштиришимиз бежиз эмас. Бу анча йиллардан буён кутилган суҳбат! Тингловчиларимиз бу суҳбатдан ўзлари кутган маълумотларни оладилар. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, жуда ҳам жарангдор ном! Бу мазкур ташкилотнинг айнан тўлиқ номими?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Албатта! Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июндаги 272 сонли қарорига асосан, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ташкил қилинган. ““Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси қандай ташкилот?”, деб кўпчилик қизиқади. Баъзилар ҳаттоки, “санъаткорларни лицензиясини олиб, лицензия берадиган ташкилот”, деб ҳам ўйлашади. Аслида, бу ташкилотнинг бир йўналиши лицензиялаш. Лекин, Бирлашманинг асосий мақсади, Ўзбекистон Республикасининг Миллий эстрада санъатини ривожлантириш борасидаги ишларни амалга ошириш. Яъни, Бирлашма Ўзбекистон Республикасида Миллий эстрадага оид бўлган барча масалалар бўйича, фаолият юритади. Биринчи, асосий мақсадларидан бири, миллий эстрада санъатини ривожлантириш, ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасидаги барча ўтказиладиган концерт фоалиятларига гувоҳномалар бериш ва уларни назорат қилиш, эстрада хонандаларига, яъни эндигина фаолиятини бошлаган, умуман ижодий фаолият олиб бораётган эстрада хонандаларининг фаолиятини лицензиялаш. Бир вақтнинг ўзида нафақат булар, балки Ўзбекистон Республикасида ўтказилаётган барча байрам тадбирларида, Давлат тадбирлари, умуман фестиваллар, кўнгилочар тадбирлар, барча тадбирларда бевосита иштирок этиш ва ушбу тадбирларда, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан лицензия олган барча санъаткорларнинг иштирокини таъминлаш.
Акмал Мирзо: - Ойдинлик киритиб ўтсангиз. Хонанда учун лицензия нима учун керак?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасида, хонанда фаолиятининг назорати бўлса, иккинчи навбатда хонанда фаолияти бўйича, давлатга бож тўлайди. Яъни, тўй хизматларига чиқади, турли хил байрам тадбирларида иштирок этади. Шулардан даромад олади ва даромадлардан давлатга бож сифатида тўлайди. Хонандалар 1,2,3,4,5,6 категориягача лицензия олишади.
Акмал Мирзо: - Демак, хонандаларга лицензия беришдан биринчи мақсад, бу назорат?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Назорат! Улар репертуарларининг назорати, қайсидир маънода кийиниш маданияти, саҳна маданияти, шуларнинг ҳаммасини устидан назорат ўрнатилади.
Акмал Мирзо: - Кўпчилик хонандалар кўз ўнгида, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси жиддий ташкилот, “Ўзбекнаво” деса, кўпчилик ёш хонандаларнинг хаёлига жуда жиддий ташкилотлар келади. Ундай хаёл келмаса, “лицензия берадиган ташкилот” дейишади. Шунга ойдинлик киритсангиз, нега хонандалар шундай деб ўйлашади?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Энди янги чиқаётган, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси фаолияти билан яқиндан таниш бўлмаган хонандалар тушунчасида шундай нарса бор. “Лицензия бўйича назорат ўрнатиш” деганда, бу ерда цензура эмас! Бу ерда, масалан, кийиниш маданияти, деганда миллий маданиятимиздан келиб чиққан ҳолда, шу нарсаларга эътибор берилади. Энди ўша хонандалар ҳам, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасига келиб, унинг фаолияти билан танишгандан кейин, фикрлари ўзгаради! Чунки, фаолиятимиз, жуда кенг қамровли фаолият!
Акмал Мирзо: - Эстрадамизни назорат қилиш, хонандаларни репертуаридан тортиб, одоб-аҳлоқи, кийиниш маданияти ва умуман ҳамма-ҳаммасининг назорати бошида “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси турибди. Тўғри, талабларга жавоб берган хонандаларга лицензия берилади. “Орият доно” радиостанциясида ҳам, бошқа радиостанцияларда ҳам, телевидениеда ҳам, лицензияси бор хонанданигина қўшиқлари ва клиплари томошабинлар эътиборига тақдим этилиши мумкин. Лекин, ижтимоий сайтлар, ҳамда шоу бизнесдаги “қора бозор”, яъни дисклар орқали тарқалиб кетиши ҳам бор. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, айнан мана шундай оммага қўшиқларни, клипларнинг тарқалишини ҳам назорат қиладими?
Одил Абдуқаҳҳоров: - “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан хонандага лицензия берилаётганда Ижодий кўмаклашувчи кенгаш томонидан ҳар битта хонанданинг 5 та қўшиғи тинглаб кўрилади. Талабда шундай, ҳар бир хонандада камида 5 та қўшиқ бўлиши керак. Ўша 5 та қўшиқдан бирортаси ҳам, маъно ва мусиқа, ҳамда ижро жиҳатидан талабга жавоб бера олмаса, ўша хонандага лицензия берилмайди. Яъни, қайтарилади ва у яна тайёргарлик кўриб, қайта келади. Энди ўша ижтимоий сайтларда, “қора бозор”да яъни, дискларда тарқалишига келсак, ҳар битта хонанданинг чиқаётган қўшиғини назорат қилиш, репертуарини мониторинг қилиш имконияти йўқ. Лекин, радиоларда, ҳамкорлигимиз йўлга қўйилган. Телевидениеда бадиий кенгаш бор, шу бадиий кенгаш томонидан кўриб чиқилган ҳолатда берилади ва шунинг ҳисобига ҳам, бу нарса анча тартибга тушди. Лекин, ўша айрим ижтимоий сайтлар орқали, ҳамда бошқа дискларда қўшиқларни тарқалишига келсак, бизда ҳар куни ижтимоий сайтлар мониторинги олиб борилади. Яъни, менталитетимизга тўғри келмайдиган қўшиқлар ижро этилаётган бўлса, албатта ўша сайтлардан олиб ташланади. Ёки, лицензиясиз хонанданинг қўшиқлари берилаётган бўлса ҳам, олинади. Аммо, албатта, ҳар биттасини назорат қилишнинг имкони йўқ! Қайсидир маънода, шунга ўхшаш ташкилотми, бўлимми очиш вақти келди, деб ўйлайман. Чунки, бу нарса анча ривожланиб кетди. Кўп жойга борсак, бизга саволлар беришади, чиқаётган баъзи клиплар юзасидан эътирозлар ҳам билдиришади. Лекин, ҳар битта клиплар бўйича, биринчи навбатда, ўша клипмейкерларнинг савияси жиҳатидан келиб чиққан ҳолда, клипнинг сценарийсини тайёрлаётганда миллий менталитетимизга хос бўлишига эътибор берилиши лозим. Телевидениеда яқинда бир учрашув вақтида, телевидение ходими, менга шу саволни беряпти, “нимага бизнинг миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган клиплар тарқаляпти? Телевидение орқали намойиш қилиняпти?”, дейди. Шунда мен айтдим, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси ҳар битта клипларни мониторинг қилмайди. Телевидениеда, ҳар битта телеканалда Бадиий кенгаши бор, ўша бадиий кенгашлардан ўтказиб чиқарилади. Нима учун бунга Телевидение жавоб бермайди?
Акмал Мирзо: - Ҳар битта телеканалнинг Бадиий кенгашида “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасидан битта вакил ўтиради-ку.
Одил Абдуқаҳҳоров: - Ҳар битта телеканалда эмас! “Наво” телеканалида яқиндан бошлаб, Бадиий кенгашга қўшилди. Ҳар бир телеканалнинг ўз Бадиий кенгаши бор. Агар таклиф қилишса, биз борамиз.
Акмал Мирзо: - Хонандаларнинг қўшиғини аудиоварианти радио орқали, видеоварианти телевидение орқали намойиш қилинишини “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси назоратга олган. Энди хонандалар ҳақида информация бериш, масалан, лицензияси тўхтатилган хонандалар ҳақида, бунга жуда кўп дуч келамиз. Ижтимоий сайтларда улар ҳақида бемалол “қаерга борди, бугун ким билан тушлик қилди” каби маълумотларни кўрамиз. Бундай олиб қаралса, уларнинг қўшиғини тингламаяпмиз, клипини тамоша қилмаяпмиз. Аммо, у хонанда ҳақида қолган ҳамма нарса бор. “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси, буларни ҳам назорат қиладими?
Одил Абдуқаҳҳоров: - “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси хонанданинг ижодий фаолиятини назорат қилади! Яъни, айтмоқчи бўлганим, лицензияси йўқ хонандаларимизнинг интервью бериш шахсий иши, унинг ҳуқуқи, ҳаттоки хонанда бўлмаган инсон ҳам, интервью бериши мумкин! Ўша ҳуқуқидан келиб чиққан ҳолда интервью бериши мумкин. Боя айтиб ўтдим, ижтимоий сайтлар билан ҳам биз ҳамкорликни йўлга қўяпмиз. Бу бўйича ҳам алоқалар ўрнатилмоқда. Лицензияси бўлмаса у билан интервью қилиш, бу ўзининг шахсий иши, шахсий фаолияти бўйича савол-жавоблар бўлади. Агар ижодий фаолияти бўйича бўладиган бўлса, албатта лицензияси бўлиши керак!
Акмал Мирзо: - Қандай ҳолатларда ижодкорнинг, хонанданинг лицензияси тўхтатилади?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Лицензия олинаётганда шартномага қўл қўйилади. Ўша шартномада белгиланган талаблар бор. Агар ўша талаблар бузилса, биринчи маротаба огоҳлантириш берилади. Иккинчи маротаба қатъий огоҳлантириш берилади. Учинчи маротабада эса, лицензия муддати вақтинча тўхтатилади.
Fattohhon.com:-Лицензия муддати тугатилгач, қанча муддатдан сўнг, яна лицензия берилади? Яна қайта лицензия олиш учун, хонанда нима қилиши керак?
Акмал Мирзо: - Лицензия муддати тўхтатилган пайтда, “қанчадир муддатга” деган банди ҳам бўладими?
Одил Абдуқаҳҳоров:- Лицензия муддати вақтинча тўхтатилади, вақтинча тугатилади. Бекорга эмас, Кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилади ва лицензия шартномаси талабларида кўрсатилган шартлар бузилган ҳолатларда, шундай бўлади. Яъни, бир неча маротаба қайта-қайта талаблар бузилган ҳолатларда тўхтатилади. Вақт ўтиб, ўша санъаткорнинг фаолиятига қаралади, ўша санъаткор ҳақиқатдан ҳам айбини тушуниб етганлиги, қолаверса, ижодда яна ўша олдинги хатоларни қайтармасдан бошқа янгиликлар, янги ижод қила бошлаганлигини кўрсатгандан кейин, албатта яна лицензия берилади. Энг кам лицензия фаолиятини тўхтатиш, 3 ойдан бошланади.
Акмал Мирзо: - Авваллари тўй маросимлари учун, гастрол концертлар учун алоҳида-алоҳида лицензия бўларди. Ҳозир эса, бир хил лицензия ва категорияларга қаралади.
Одил Абдуқаҳҳоров: - Албатта, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 июлдаги 196 сонли қарорига асосан, концерт тамоша фаолияти учун, ягона лицензия бланкаси жорий этилиб, илгари мавжуд бўлган рейтинг гуруҳи 6 тагача қисқартирилди. Шунингдек, ижодкорлик фаолиятида, профессионал ва ҳаваскор санъаткорларнинг куч ва имкониятларини инобатга олиб, рейтинг гуруҳлари бўйича, табақалашув такомиллаштирилди. Яъни, биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи рейтинг гуруҳлари бўйича лицензияга эга бўлган ижодкорлар, концерт дастурлари ташкил этиш, ўз асарларини теле ва радиоканаллари орқали узатиш имкониятига эга бўлса, бешинчи ва олтинчи рейтинг гуруҳлари бўйича лицензияга эга бўлган ижрочилар фақат аҳолига хизмат кўрсатиш (тўй маросимлари ва бошқалар) имкониятларига эга бўлишди. Яна бир тарафи шундаки, ҳаваскор ижрочиларнинг, яъни ўша 5-6 гуруҳ ижрочиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, 5 рейтинг гуруҳи бўйича давлат бож ставкаси 20 фоизга, 6 рейтинг гуруҳи бўйича давлат бож ставкаси 33 фоизга арзонлаштирилди.
Акмал Мирзо: - Сўнгги пайтларда жуда кўп қулоққа чалинмоқда! Уларга шундай таъриф беришган “нопрофессионал” десангиз, кулдиришни қойил қилишмоқда. Баъзи бир ҳолатларда гапларини эшитиб, “Ё тавба, шу гапни саҳнада гапиришяптими?” деб ёқангизни ушлайсиз. “Миллион” жамоаси ҳақида шов-шувлар жуда кўп, шу кунларда ҳам, яна шов-шувлар тарқалди. Яъни, ““Миллион” жамоаси билан “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси қаттиқ қизиқмоқда?”
Одил Абдуқаҳҳоров: - “Миллион” жамоаси билан ўтган йили ҳам, “лицензиясини олиб қўйишибди” деган гаплар тарқалган эди. Аммо, лицензия муддати тўхтатилган бўлса, бу йилги концертига рухсат берилмасди! Шу пайтгача лицензия муддати тўхтатилмаган, олиб қўйилмаган ҳам. Лекин, шу нарсани айтмоқчиман, кечагина “Миллион” жамоасининг фаолияти юзасидан жуда кўплаб эътирозлар бўлганлиги сабабли, уларнинг лицензиясини тўхтатиш ёки лизенция муддатини давом эттириш бўйича, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси қошидаги Бадиий кенгашга яъни, Ижодий кўмаклашувчи кенгаш аъзоларига таклиф киритилди. Таклиф, кенгашнинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилади.
Акмал Мирзо: - Уларнинг сўнгги концерт дастури борасидами?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Уларнинг сўнгги концерт дастури борасида, яқинда концерт дисклари чиққанидан кейин, бизга кўплаб эътирозлар келди. Ўша эътирозларни албатта инобатга олган ҳолатда, шундан келиб чиқиб, биз кенгашга уларнинг лицензияси тўхтатилиши, ёки давом эттирилиши бўйича, таклиф тайёрлаб бердик.
Акмал Мирзо: - Ҳар битта хонанда ёки жамоа концерт беришдан аввал, концерт репертуари билан“Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси тўла-тўкис танишиб чиқади-ку! Ахир репертуар билан дастур намойиш қилинишидан олдин таниш бўлгансизлар-ку!
Одил Абдуқаҳҳоров: - Албатта. Лекин, битта нарсани ҳам айтиб ўтишим керак, жорий йилдан бошлаб шу нарса йўлга қўйилди. Яъни, май ойидан бошлаб, ҳар битта дастур бўйича, концерт дастури камида 15 кун олдин “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасига тақдим қилинади. Дастур бўйича нимаики ижро қилинадиган, тақдим қилинадиган бўлса, ҳар биттаси тақдим этилади, бадиий кенгаш томонидан кўриб чиқилади. Бизга сценарий ҳам тақдим қилинади, сценарийда ҳар битта нарса ёзиб чиқилади. Афсуски, “Миллион” жамоаси концерт дастурида, сценарийда ёзилмаган айрим нарсалар ҳам бор...
Акмал Мирзо: - Бундан бир неча ойлар муқаддам “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасида раҳбар ўзгарди. Баҳодир Аҳмедов “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси раҳбари этиб, тайин этилди. Раҳбар ўзгаргандан кейин “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасида нима янгиликлар?
Одил Абдуқаҳҳоров: - “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасида март ойида Баҳодир Мажитович Аҳмедов Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари – “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори этиб тайинланди. Албатта, ўтган ойлар давомида ўзингиз ҳам гувоҳи бўлганингиздек матбуот орқали ҳам кўплаб янгиликлар бериб борилмоқда! Амалга оширилиши керак бўлган ишлар бўйича ҳам, кўплаб янгиликлар амалга оширилмоқда! Режалар тузилди. Асосий ишлардан бири, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан Жонли ижрони янада ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жонли ижрода концерт берган ҳар битта “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси хонандасининг харажатлари, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан қоплаб берилиши маълум қилинди. Яъни у ердаги зал ижара ҳақи, “Туркистон” саройида бўладими, “Истиқлол” санъат саройими, қайси концерт залида бўлишидан қатъий назар, барча харажатлар “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан қоплаб берилади. Бу биринчиси. Иккинчиси, мусиқа мактаблари бўйича бўлди. Санъаткорларнинг асосий келиб чиқиш замини, бу мусиқа мактаблари! Ҳурматли Президентимиз томонидан мусиқа мактаблари Республикамизда қайта ташкил этилиб, 300 га яқин мусиқа мактаблари, ҳозирги кунда замонавий талабларга жавоб берадиган мусиқа мактаблари сифатида, ҳар бир вилоят, туманларда ташкил этилди. Ўша мусиқа мактаблари ўртасида ҳамда, санъат коллежлари ўртасида жуда ҳам кўплаб ишлар амалга ошириляпти. Анча режалар қилинди. Қолаверса, кейинги режаларимиз 2015-2016 йилларда ҳам, Марғилон, Урганч шаҳарларида устоз-ҳофизлар Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, атоқли созанда, ҳофиз ва бастакор “Гулизорим”, “Самарқанд ушшоғи” ўлмас асарларининг муаллифи Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов номидаги Республика ёш хонандалар танловларини ҳамда, Бухоро шаҳрида эса, “Асрлар навоси” кўҳна миллий созлар, най, танбур, сато ижросидаги кўрик-танловни ўтказиш режалаштирилмоқда. Май ойидан бошлаб, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан лицензия бериш тартиби бўйича ҳам, ижодий кўмаклашув томонидан ўзгартириш киритилди. Ҳар битта 1,2,3,4 рейтинг гуруҳлари бўйича лицензия олмоқчи бўлган ҳар битта шахс, олдин ҳужжатлари кўрилади ва уларнинг қўшиқлари диск орқали эшитиб кўрилади. Энди ҳар битта лицензия оладиган хонанданинг жонли ижродаги овози, маҳорати, қолаверса, кийиниш маданияти, ҳамма тарафларига эътибор берган ҳолатда, лицензиялар берилади. Лицензия бериш тартибида ҳам, 1-4 категориягача бўлган лицензия олмоқчи бўлганлар, ўзлари келиб, жонли равишда ижро этиб, кейин лицензия олишади.
Акмал Мирзо: - Имтиёзли лицензиялар борми ва қандай хонандаларга берилади?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Имтиёзли лицензиялар бор. Биринчи навбатда шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда мусиқа мактабларида жуда ҳам кўп истеъдод эгалари бор! 300 га яқин мусиқа мактабларига “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан жорий йилда, ҳар битта мусиқа мактабига, чекка туманларидагигача биттадан эстрада хонандалари бириктирилди. Яъни, тажрибали, ўзининг маҳоратига эга бўлган эстрада хонандалари бириктирилиб, бундан асосий мақсад, у ердаги ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлаш бўлмоқда. Энди айрим ҳозирги кунда лицензия божларини тўлашга имконияти бўлмаган хонандалар ҳам бор, лекин улардан иқтидори, қобилияти бўлган хонандаларга “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан имтиёзли лицензиялар берилади. Нафақат, имтиёзли лицензиялар, балки уларнинг ҳақиқатдан ҳам ижоди бўлса, уларга “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасидаги мавжуд овоз ёзиш студияларида бепул қўшиқлар ёзиб берилади, имкониятлар яратилади.
Акмал Мирзо: - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жонли ижрода концерт берган ҳар битта “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси хонандасининг харажатлари “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан қоплаб берилиши, ҳақидаги эълонни Отабек Муҳаммад Зоҳиднинг концертида эълон қилганимда, залда қарсаклар билан бирга ҳайқириқлар ҳам янграган эди. Энди, бу эълондан кейин, хонандалар томонидан жонли равишда концерт бериш, “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасига, “жонли ижрода концерт бермоқчиман” деган мурожаатлар қандай бўлмоқда? Ўйлаб қарасак, бу эълондан сўнг, жонли ижрода концерт берган хонандалар, аввал ҳам жонли ижрода концерт беришарди! Улар учун зўр имконият бўлди! Авваллари фонограммада концерт бериб, сизлар яратган мана шу имкониятдан фойдаланиб, “энди ишлайлик” деганлар ҳам топиляптими?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Албатта! Мана Муниса Ризаеванинг октябрь ойида концерти бўлади. Биргина Муниса Ризаевани айтадиган бўлсак, бу йил биринчи марта концерт беряпти, лекин у ҳам жонли ижрода беряпти. Айрим мусиқалар ва синтез овозларни ҳисобга олган ҳолда, уларни жонли ижро қилишнинг имконияти бўлмаганлиги туфайли, “фонограмма”, деб эълон қилинди. Жонли ижрода концерт бераман, деганлар кўп. Энди қанчаси бунинг уддасидан чиқади, буни албатта вақт кўрсатади.
Акмал Мирзо дастур давомида “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасига таъриф бериб, уни шифохонага ўхшатишини айтиб ўтди.
Акмал Мирзо: - “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасини шифохонага ўхшатаман. Эстрада хонандалари, умуман ижодкорларда “юлдузлик” деган касаллик бор! Кимдадир ҳар замонда “хуруж” қилиб туради. Бу касаллик қачон бошланади? Эндигина ижод бошлаган вақтида продюсерини отасидан аъло кўрган хонанда, битта хит қўшиқ чиқаргач, энди унинг дўстига айланади. Энди унга “ўртоқ фалончи” деб мурожаат қилиш бошланади. Битта мусиқий альбом чиқарса борми, “сенсираш”га ўтилади. Баъзи бирларда эса, битта концерт дастури берса, унинг продюсери у хонанданинг шунчаки сумкасини кўтариб юрадиган бир инсонга айланади холос. Шу пайтда унинг “касаллиги”ни “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси “даволайди”! Кимдадир “даволаниш” муддати минимум 3 ой, кимдадир эса, агар касалликка “мустаҳкам, оғирроқ формаси”га чалинган бўлса, “даволаниш” давом этиши мумкин.
Fattohhon.com: - Қандай ҳолатларда концерт тўхтатилиши мумкин? Агар концертдастури давомида бирор хатога йўл қўйилса, қандай чора кўрилади?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Концерт “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан тўхтатилмайди. Концерт тўхтатилиши, концерт ташкилотчилари ёки хонанданинг ўзи томонидан тўхтатилиши мумкин. Бекордан бекорга эмас, албатта. Концерт тўхтатилишига асос бўладиган сабаблар бўлсагина тўхтатилади. Тўхтатилишидан олдин, тегишли мутасадди ташкилотларга эълон қилинади. Агар чипталар сотилган бўлса, чипталарнинг пуллари қайтариб берилади. Концерт тўхтатилиши учун “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасига хабар берилади, бу ўрганиб чиқилиб, асосли бўлса, рухсат берилади. Агар концерт давомида хатоликларга йўл қўйилса, биринчи мартасида тушунтириш хати ёзилади.
Акмал Мирзо: - Олдинда бизни Энг улуғ, Энг азиз байрамимиз, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 23 йиллик байрами кутмоқда. Байрам тантаналарида “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси масъул ташкилотлардан бири. Байрам тайёргарликлари ҳақида айтиб ўтсангиз.
Одил Абдуқаҳҳоров: - Албатта, Энг улуғ, Энг азиз байрамимиз Мустақиллик айёмига тайёргарликлар жуда қизғин давом этмоқда. Анъанага асосан, 31 август куни ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирларига анча олдин тайёргарликлар бошланди ва бугунги кунда Мустақиллик майдонида репетиция ишлари давом этмоқда. Бу йилгисини ўтган йилгидан асосий фарқи нимада? Биринчи навбатда шуни айтишим керакки, бу байрамни ўтказиш учун Германиядан янги махсус аппаратура олиб келинди. 180 тоннадан иборат бўлган аппаратура, чироқ орқали турли хил шаклларни берувчи, ҳар бир секторда биттадан махсус колонкалар ўрнатиляпти. Эстрада блокига тегишли бўлган маълумотларни берадиган бўлсак, янги қўшиқлар ижро қилиняпти. Янги овоз эгалари ҳам жуда кўп! Буларнинг ҳаммасини ўша куни дастур намойиш этилганда кўришингиз мумкин.
Акмал Мирзо: - Юртимизнинг катта байрам тадбирларига, тадбирларнинг бош режиссёрига “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси томонидан, тадбирда иштирок этиши учун, хонандалар таклиф этилади. Бунинг учун хонандадан нималар талаб қилинади?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Бунинг учун хонандадан ҳеч нарса талаб қилинмайди. Хонандадан фақат яхши қўшиқ талаб этилади. Хонандалар томонидан бу савол кўп берилади. Хонанда бунинг учун яхши ижод қилиб, халққа ёқадиган яхши қўшиқ бериши керак. Баъзи пайтлар хонандалардан қўшиқ сўраб, қийналиб кетамиз. Байрамга яхши, янги қўшиқлар керак. Хонандалар яхши ижод қилиб, яхши қўшиқлар яратсалар, бўлди. Битта сирни айтмоқчиман, бу йил дастурда янги истеъдод эгаларидан Рашод Раҳимов билан Гуласал Абдуллаева иштирок этишяпти. Булар ҳам чиройли дуэт қўшиқ айтишди, халққа ёқди, дастурга қўйиляпти.
Акмал Мирзо: - Шундай савол билан мурожаат қилишмоқда. Аввал 2 та лицензия бериладиган вақтда лицензия олишга мажбур бўлган, овоз кучайтиргичлар қўядиган инсонлар, созандалар, битта лицензия қилингандан кейин, лицензия олиши бекор қилиндими?
Одил Абдуқаҳҳоров: - Йўқ, бекор қилинмади! Асосийси, ушбу қарорга мувофиқ олдин фақат санъаткорлар, эстрада хонандалари лицензия олган бўлса, энди унинг ёнида юрадиган маъмурлар ҳам лицензия олишга мажбур бўлади. Қарорда кўрсатиб ўтилдики, маъмурлар ҳам лицензия олишлари керак бўлади! Санъаткор ҳам, санъаткорнинг ёнида юрадиган продюсер ҳам, даромад олади. Даромад олгандан кейин эса, давлатга бож тўлаши керак. 5,6, рейтинг гуруҳлари, умуман, тўй ва маросимларга чиқиши керак бўлган шахслар, хонандаларга 20 фоизга, овоз кучайтиргич ёки бошқа мосламаларни қўядиган шахсларга лицензия нархлари 33 фоизга арзонлаштирилди.
Шундан сўнг, дастурга нуқта эмас, вергул қўйган ҳолда Акмал Мирзо, дастурнинг бу сонини якунлади, ҳамда дастур давомида маълум бўлган яна бир сир, яъни 14 август дастур меҳмони бўлган “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмаси Матбуот хизмати раҳбари Одил Абдуқаҳҳоровни умр йўлдошининг туғилган куни эканлигини айтиб, тўғридан тўғри эфир орқали муборакбод этиб ўтди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, дастур давомида қўнғироқлар ва смс орқали келган саволларнинг чеки-чегараси бўлмади!
Аммо, дастур режа асосида олиб борилганлиги ва қолаверса, вақт кам бўлганлиги учун ҳам, бу саволларнинг аксариятига эфир мобайнида, Одил Абдуқаҳҳоров Акмал Мирзонинг саволларига бераётган жавобларида умумий жавоблар бўлганлиги учун, ўқиб эшиттирилмади.
Акмал Мирзо томонидан ҳам, бу галги эфир “дастурнинг энг кўп савол юборилган сони” деб, эътироф этиб ўтилди!
“Орият доно” радиосида, «Чой устида» дастурига таклиф учун журналист ва радиобошловчи Акмал Мирзога алоҳида миннатдорчилик билдирамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун Шерзод Холмуродов
ва Гулига алоҳида ташаккур