FATTOHHON.COM
« Все новости4 декабрь куни Тошкент Тижорат ва тадбиркорлик коллежида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги куни муносабати билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муҳаммад Исмоил, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоир Ботиржон Эргашев, Тарихчи олим ва таржимон Назарбек Раҳимов, Тошкент Тижорат ва тадбиркорлик коллежи директори Шокиржон Дониёров иштирок этишди.
Ижодий учрашувни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоир Муҳаммад Исмоил ташкиллаштирди.
Ижодий учрашув давомида Ботиржон Эргашевнинг “Аллоҳимга айтиб бер”, Муҳаммад Исмоилнинг “То сўнгги нафасгача”, ҳамда Анвар Усмоннинг “Соғинч дафтари” китобларининг тақдимотлари бўлиб ўтди.
Ижодий учрашув давомида ижодкорлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида, Ўзбекистонимиз Мустақиллиги, тинч ва фаровон юртда яшаётганлигимиз, буюк аждодларимиз, миллий ғурур ва ифтихор туйғуси, юртдошларимиздаги ватанпарварлик туйғуси, тарихимиз, юртимиздаги тарихий обидалар, урфу одатлар, анъаналар, маданият ва маънавиятимиз ҳеч бир юртда йўқлиги, юртимиздаги тинчлик ва фаровонликнинг қадрига етиш ҳақида, ўз фикрларини баён этдилар.
Шоир Ботиржон Эргашев Ватанимиз тинчлиги, миллий ғурур туйғулари ҳақида сўзлар экан, “Ўзбекистон”, “Шукрона”, ҳамда талабларга биноан, уруш туфайли бевақт нобуд бўлган Сириялик бола ҳақидаги “Аллоҳимга айтиб бер” шеърларини ўқиб берди.
Эслатиб ўтамиз, “Аллоҳимга айтиб бер” шеъри, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков томонидан қўшиқ қилиб куйланган ҳамда, санъаткор бу қўшиқни 2015 йилги жонли ижродаги “Ардоғимдасиз” яккахон концерт дастурида куйлаган. Ҳозирда бу қўшиқнинг арабча, форсча, турк ва инглиз тилидаги вариантлари ҳам тайёрланмоқда. МАЪЛУМОТГА ЎТИШ!
Шунингдек, ижодий учрашув давомида шоир Ботиржон Эргашев ўзининг талабалик хотиралари билан бўлишар экан, бугунги гўзал ҳаётимизга шукроналик ҳисси билан яшашимиз кераклиги ҳақида, фикрларини билдирди. Ёшларнинг севимли мавзуси бўлган спорт, ҳамда футбол ҳақида сўз очиб, ҳар жиҳатдан ривожланган, дунё тан олган юртимизда, футбол борасида ҳам, Жаҳон чемпионатига чиқадиган ёшлар етишиб чиқиши кераклигини айтиб ўтди ва айнан шу мавзуда ёзилган “Нега ўзбек футболининг Пелеси йўқ?”, “Болажоним” шеърларини ҳам ўқиб берди. Ўз фарзандларининг ҳам футболга қизиқишларини ҳамда, ҳозирда футбол борасида сабоқ олаётганликларини айтиб ўтди. Суҳбат мавзуси интернетга бурилганида эса, интернетдан тўғри фойдаланиш кераклигига алоҳида тўхталиб, “марҳум устоз адиблардан Ўзбекистон Халқ Ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг бир гапи бор, “Пичоқ ошпаз қўлида иш қуроли, қотил қўлида ўлим қуроли”, демак, битта нарса, икки тоифа инсоннинг қўлида икки хил вазифа бажаради. Худди шу каби, интернет ҳам, худди шундай, яхшиликда фойдалансангиз, ундан гўзал нарса йўқ, агар ёмонлик, аблаҳлик қиламан, десангиз, интернетнинг ортидан келадиган ҳалокат ва фожеаларнинг ҳам чегараси йўқ. Шунинг учун ҳам, интернетдан оқилона фойдаланиш керак!”деб, таъкидлади.
Ижодий учрашув давомида Муҳаммад Исмоил шеъриятда муболағанинг ўрни, шунингдек, ҳаётимизда учрайдиган ҳар хил тоифадаги инсонлар, уларнинг баъзиларини таърифлашда муболағадан фойдаланилиши, шеър таҳлили, ҳамда нафс, ношукурлик ҳақида, кўпгина нохуш ҳодисаларнинг сабаби, айнан нафс ва ношукурлик бўлиши мумкинлиги тўғрисида ҳам, ўз фикрларини билдириб, нафсини тийган, ношукурликни унутган инсонгина ҳақиқий инсон бўла олишини айтиб ўтди. Шунингдек, ўзининг “Дўст қадрини билган инсонлар”, “Мени кучлироқ сев” шеърларини ўқиб берди.
Ўзбекистон Халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов ҳам ижодий учрашув давомида ўз хотиралари билан бўлишиб, бугунги фаровон ҳаётимиз қадри ҳақида фикрларини баён этди. Қолаверса, футбол ҳақида ҳам қўшиқ куйлаш истагини билдириб, шоирлардан шу мавзуда яхши бир шеър ёзиб беришларини илтимос қилди. Шунингдек, бир неча шўх, рақсбоп қўшиқлари билан барчанинг кайфиятини янада кўтарди. Санъаткорнинг қўшиқларига талабалар берилиб рақсга тушишди.
Тошкент Тижорат ва тадбиркорлик коллежи директори Шокиржон Дониёров, ҳам сўзга чиқиб, ўзбек халқи маънавият ва маданият тарафлама ҳам жуда бой халқ эканлигини, энг катта, ҳамда бутун дунёни ҳадя қилинганда ҳам алмашиб бўлмайдиган бойлигимиз-тинчлигимиз борлиги ҳақида, алоҳида таъкидлади.
Шокиржон Дониёров: - Одатда кўчага чиқиб кетаётганимизда, оиламиз хотиржамлиги ҳақида ўйламаймиз ҳам, хаёлимизга ҳам келмайди. Чунки, юртимизда тинчлик, оиламиз тинч бўлишини биламиз! Дунёда қанча юртларда эса, одамлар нотинч, қанча ёшлар таълим олишни истайди, имконият йўқ. Бизда бўлса, шукурки, тинчлик, бемалол ва хотиржаммиз, оддий кундалик ишларимизни хотиржам амалга оширамиз, оддийгина мисол, ҳоҳлаган таомимизни еймиз, ҳоҳлаган жойимизга боришни бугун ёки бошқа кунга бемалол режалаштирамиз ва ўша жойга борамиз! Ёшларимиз мактабларда, исталган ўқув юртларида таълим олиш имконига эга! Тинчлик бўлса, ҳамма нарса топилади! Тинчлик бўлмаса, ҳеч нарса ўтмайди, татимайди! Ҳаттоки, кўчада, қўшниникида оддийгина нотинчлик бўлса, томоғингиздан хотиржам таом ҳам ўтмайди, “нима бўлди экан?” деб безовта бўласиз. Биз тинчликка ўрганганмиз! Биз тинчликнинг қадрига етишимиз керак! Ҳар бир кунимизга шукроналик ҳисси билан яшашимиз керак, деб ўйлайман.
Ботиржон Эргашев: - Авваламбор, юртимиз тинчлигига кўз тегмасин! Менимча, йил 365 кун ўзбеклардек байрам қиладиган юрт дунёда бўлмаса керак! Ҳозир эса, Юртимизнинг асосий байрамларидан бири, Ўзбекистон Республикаси Конституция куни яқинлашмоқда! Бу шундай бир байрамки, масалан, ҳар биримизнинг шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатимиз, паспортимиз бор! Мана шу Конституция, менинг назаримда, миллатнинг, давлатнинг паспорти, тасдиқловчи ҳужжати!
Идрокимни адолатга қўшиб айтган дамда,
Инсон азиз бўлган гўша Ўзбекистон!
Ватанлардан кўпи борми, аммо бу оламда,
Агар битта Ватан бўлса, ўша Ўзбекистон!
Инсонни инсон, миллатни миллат қилиб шакллантирадиган нарса, бу ғурур! Инсонда ғурур бўлса, мен мана шу миллатнинг юзини кўрсатишим керак, миллатнинг бошини юксакларга кўтаришим керак, дейди. Дилида ғурури бор инсон, оиласи, ота-онаси, синглисини, аёлини, қизини ҳимоя қила олади! Ўзини оиласини ҳимоя қилган инсонни, юртни, Ватанини ҳимоя қилишига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ! Шунинг учун ҳам, ёшларимизда миллий ғурур туйғусини, янада ривожлантиришимиз зарур, деб ўйлайман.
Ижодий учрашувда, ёшларимизга юртимиз тинчлигининг қадрига етган ҳолда, ёшликдан унумли фойдаланиб, кўпроқ билим олиш, ҳамда келажакда юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишлари кераклиги ҳақида, ибратли фикрлар билдирилди. Ёшларимиз онгида, қалбларида Ватан қадри, ватанпарварлик туйғуси янада жўш уриши керак, деб ўйлаймиз. Инсоннинг ёшлик даври, ҳеч қачон қайтмайдиган давр! Ундан оқилона фойдаланиш, кўпроқ илм олиш ва юртимизга керакли ҳамда муносиб инсонлар бўлиш, ёшларимизнинг асосий вазифасидир!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова