FATTOHHON.COM
« Все новости2015 йилни Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Кексаларни эъзозлаш” йили, деб эълон қилиниши, маънавий қадриятларимизга бўлган катта ҳурмат ва эътиборнинг яққол намунаси бўлди. 2015 йил 18 февралдаги “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши, кексаларимизга бўлган юксак меҳр-эътибор ифодаси бўлиб, мазкур давлат дастури асосида жорий йил давомида, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Чиндан ҳам, кексаларга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат, бизнинг маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас бўлаги, ҳамда азалий миллий қадриятларимиздандир.
“Кексаларни эъзозлаш” йили муносабати билан, 2015 йил якунида, Болалар “Мурувват” интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш Республика Жамоатчилик Кенгаши ғояси ва ташаббуси билан, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Вазирлиги, Соғлиқни сақлаш Вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ором“ ашула ва рақс дастаси ҳамкорлигида, “Кексаларга меҳр қўлларини узатайлик” шиори остида, пойтахтимиздаги шинам ресторанлардан бирида Хайрия тадбири ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 23 йиллик байрами билан ҳамоҳанг руҳда ўтди.
Мазкур хайрия тадбирида имконияти чекланган, саломатлигида нуқсони бор болалар, Республикамиздаги “Меҳр-мурувват” уйлари тарбияланувчилари, санъат усталари билан ижодий ҳамкорликда, ўз чиқишларини намойиш этдилар.
Тадбир бош режиссёри Гулнора Қўчқорова раҳбарлигида, уларнинг ижодий маҳорати, созларни эпчиллик билан чалишлари, санъаткорлар билан биргаликда куйлаган қўшиқлари, барчанинг олқишига сазовор бўлди.
Мазкур тадбир, имконияти чекланган болажонларнинг ўзларига ҳам шодлик бағишлади.
Хайрия тадбирида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов, Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Козим Қаюмов, Шуҳрат Воҳидов,
Абдурашид Йўлдошев,
Алишер Турдиев,
Тўлқин Жабборов,
Зиёда Қобилова, “Ниҳол” ва “Эътироф” мукофотлари совриндори Улуғбек Раҳматуллаев, хонанда Ҳилола Ҳамидова,
“Тошкент зеболари” рақс дастаси ва бошқалар иштирок этишди.
Санъаткорлар ижросидаги “Кексалар омон бўлинг” қўшиғи янграб, ўзига хос меҳр билан бошланган мазкур тадбирда Уруш ва меҳнат фахрийлари, Республикамизда турли соҳаларда ўз меҳнати билан ўрнак бўлган кексалар меҳмон бўлиб, санъаткорлар ва болажонларнинг куй-қўшиқларини тинглаб, дилдан ҳордиқ чиқаришди.
Бир зум ёшлик онларига қайтгандек бўлиб, ёшлар билан баробар рақсга тушиб, ўз қувончларини билдиришди.
Уларга фарзанд, шогирд сифатида меҳр кўрсатилди.
Тадбир якунида сўзга чиққан Ўзбекистон Халқ артистлари Эркин Комилов ва Рихси Иброҳимова ҳам, ҳеч бир мамлакатда юртимиздагичалик кексаларга ҳурмат-эътибор, эъзоз йўқлигини айтиб, кексаларга бўлган меҳр-оқибат ва юксак эътибор учун, Президентимизга миннатдорчилик билдирдилар. Кексаларга бунчалик юксак эҳтиром кўрсатилаётган Ватанимиз, Жаҳон Ҳамжамиятида янада юксалишига, юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги абадий бўлишига тилакдош эканликларини айтиб ўтдилар.
Хайрия тадбири хушкайфиятда, кўтаринки руҳда ўтди.
Имконияти чекланган болажонлар, ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари, кексаларимизга чексиз қувонч улашган бу каби хайрия тадбирлари, юртимиздаги юксак меҳр-оқибат намунасидир.
Кексалар билан ёш авлод ўртасида ўзаро меҳр, ҳурмат ва эҳтиром бўлган, инсонлари меҳрли, яхшиликлари бардавом юрт, ҳамиша тинч, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Ҳеч бир мамлакатда, бизнинг юртимиздагидек кексаларга бўлган эҳтиром, давлатнинг устивор йўналишлари даражасига кўтарилмаган. Муҳтарам Юртбошимизнинг “Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозим” сўзлари, миллий қадриятларимизга ҳамоҳанг бўлиб, мазкур анъана ёшларимизда кексаларимизга бўлган ҳурмат-эҳтиром туйғусини янада ошишига, ҳамда ёшларни келажакда Ватанимиз равнақи йўлида янада улкан ишларни амалга оширишларига руҳлантиради.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Мирсаид Зоҳидовга
миннатдорчилик билдирамиз
Хайрия тадбиридан барча фотолар: