FATTOHHON.COM
« Все новости
19 декабрдан 25 декабрга қадар Ўзбекистон Давлат Консерваториясида, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган Ёш мақом ижрочилари Республика танловининг якуний босқичи ўтказилмоқда.
Мазкур танлов ёш авлодни миллий анъана ва қадриятларимиз, бой маънавий меросимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларни шаклланишида номоддий маданий мерос намуналаринидан самарали фойдаланиш, ёш авлод орасида етишиб чиқаётган истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган.
Танловнинг биринчи (ҳудудий) босқичлари 23-14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида ташкил этилди ва унда 18 ёшдан 31 ёшгача бўлган 454 нафар иқтидорли ва ижодкор ёшлар иштирок этишди.
Ёш мақом ижрочилари 4 та номинация-мақом ашула ижрочилиги (эркак хонандалар ўртасида), мақом ашула ижрочилиги (аёл хонандалар ўртасида), мақом чолғу ижрочилиги (якка созандалар ўртасида) мақом чолғу ижрочилиги (созандалар ансамбли ўртасида) бўйича куч синашдилар.
Иштирокчилар танлов шартига кўра, ўз дастурларини созандлар жўрлигида (ёки ўзи мусиқа чолғусида жўр бўлиш орқали) жонли тарзда ижро этишди. Шунингдек, созандалар ансамбли куйларни фақат ўзбек миллий чолғулари танбур, дутор, рубоб, уд, чанг, қонун, най, қўшнай, ғижжак, доира, ноғоралар ижро этдилар.
Мақом ижрочилари ҳудудий босқичларда ҳакамлар ҳайъатига воҳаларга хос асарлар, халқ ашулалари, ўзбек бастакорлари асарларидан намуналар, катта ашула, шошмақомнинг Талқин ва Нарсларидан ҳамда, мақом шўъба туркумларидан ҳамда сарахборлардан бири ва ихтиёрий асар куйладилар. Якка чолғу ижрочилари ҳамда созандалар ансамбли биринчи босқичда мақом чолғу йўлларидан икки қисм, ўзбек бастакорларининг асарларидан намуналар, “Мушкулоти Дугоҳ”, “Чўли Ироқ”, “Насрулойи” асарлари, шунингдек, мухаммаслардан ҳамда, мақомларнинг ашула бўлими туркумларидан бири ҳамда, сақиллар, сарахбарлардан тароналар ҳамда анъанавий усулда яратилган ихтиёрий асарни тақдим этдилар.
Ҳудудий босқичда муваффақиятли иштирок этган 64 та якка мақом ижрочилари ва созандалар ҳамда 2 та созандалар ансамбли республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритдилар ва улар ҳозирда, якуний босқичда, ўз иқтидорларини яна бир карра нуфузли Ҳакамлар ҳайъати ҳамда, кенг мумтоз санъатимиз ихлосмандларига намойиш қилмоқдалар.
Шунингдек, танлов иштирокчилари томонидан ижро қилинган асарларнинг мусиқаси, шеър матни савияси, ижро маҳорати, танлаган либослари ҳамда саҳна маданиятига ҳам Ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан алоҳида баҳо берилмоқда.
Ғолибларнинг ҳар бирига ўз ижод намунасини ёзиб олиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг овоз ёзиш студиясида бепул смена ажратилади.
Танлов якуни ва ғолибларни тақдирлаш маросимига эса, оз фурсат қолмоқда!