FATTOHHON.COM

« Все новости

““ЎЗБЕКНАВО” ЭСТРАДА БИРЛАШМАСИ: КЕЧА ВА БУГУН” МАВЗУСИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИДАН! БАТАФСИЛ! 27.12.2015 23:22

  DSC_6019

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан куни кеча “Миллий матбуот маркази”да ““Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси: Кеча ва бугун” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

DSC_6043

Мазкур матбуот анжуманида Миллий Эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши аъзолари, Бирлашма масъул ходимлари, санъатшунос олимлар, таниқли хонандалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

DSC_6090

Матбуот анжуманини Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари – “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Фарход Ўктамович Джураев очиб бериб, Эстрада санъати ҳақида ўз фикрларини баён этди.

 DSC_6121

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Фарход Ўктамович Джураев: -Мустақиллик эълон қилингач, шу йилга қадар, Ўзбекистонда Эстрада санъатини ривожлантириш ва уни мувофиқлаштириш бўйича, ўнлаб қарорлар қабул қилиниб, уларда иқтидорли ёш хонандаларни кашф этиш, ҳамда қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам бор. Бугунги кунда Эстрада санъатига боғлиқ ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам мавжуд. Масалан, мусиқа асарлари ҳақида гапирадиган бўлсак, охирги пайтларда саҳнадан, кенг қатламли аҳоли ичида эътироз кўтарадиган, бадиий жиҳатдан савияси паст, юзлаб қўшиқлар оммага етиб бора бошлади. Бугунги глобаллашув даврини инобатга оладиган бўлсак, бундай савияси паст қўшиқлар, интернет орқали бир зумда минглаб тингловчиларга етиб бормоқда. Ҳамма камчиликларни ўйлаб, бартараф этиш мақсадида, Ҳукуматимиз томонидан, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан, Эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши аъзолари, санъаткорлар томонидан, Қарор лойиҳаси тайёрланган эди ва мазкур Қарор лойиҳаси 2015 йил 9 декабрь куни имзоланди.

Шундан сўнг, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Фарход Ўктамович Джураев бу матбуот анжумани, мазкур Қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида бўлиб, мазкур Қарорни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётганлигини маълум қилди.

DSC_6028

Матбуот анжумани давомида, “Ўзбекнаво” Эстрада бирлашмаси Бош директори ўринбосари Муроджон Мажидов, мазкур Вазирлар Маҳкамасининг “Концерт-тамоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 354-сон қарори билан йиғилганларни таништириб ўтди.

Мазкур қарор билан:

- Концерт-тамоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низом;

- Лицензия учун давлат божининг Ставкалари;

- Концерт-тамоша тадбирини ташкил этиш учун бир марталик рухсатнома бериш тартиби ҳақидаги Низом тасдиқланди.

Концерт-тамоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда ижрочиларга қўйиладиган мезон ва малака талаблари белгиланди, лицензия талаб ва шартлари кучайтирилди, аҳолига маданий хизмат кўрсатиш, хизмат кўрсатишда ижрочиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конкретлаштирилди.

Яккахон ижрочиларнинг малака (профессионал) сифатларини мунтазам ва холисона баҳолаш мақсадида ҳар йили (улар лицензия олган кундан бошлаб) ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи, яккахон ижрочиларнинг ижодий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни ўрганиши ва уларни жонли ижрода эшитиш тизими жорий этилди. Ўрганиш ва эшитиш натижалари бўйича яккахон ижрочининг рейтинг гуруҳи оширилиши, пасайтирилиши, олдинги даражада қолдирилиши, ёхуд, ижрочи малака талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, лицензиатга концерт-тамоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш рад этилиши белгиланди.

Мазкур қарор билан IV рейтинг гуруҳига тегишли бўлган ва таълим муассасаларида ўқиётган, ҳамда биринчи марта лицензия олаётган ижрочилар ушбу таълим муассасаларида таълим олиш даврида (тегишли тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда), бироқ лицензия берилган санадан бошлаб, кўпи билан бир йил мобайнида давлат божи тўламаслиги белгиланди.

Қарор билан концерт-тамоша тадбирини ташкил этиш учун бир маротабалик гувоҳнома ўрнига рухсатнома жорий этилди. Аввал фақатгина тижорат ва реклама мақсадларида ташкил этиладиган концерт-тамоша тадбирлари учун гувоҳнома берилган бўлса, энди нотижорат мақсадларда ўтказиладиган тадбирларнинг ҳам сценарийлари ва дастурлари мутахассислар томонидан ўрганилиб, бепул равишда рухсатномалар бериш белгиланди.

Шунингдек, қарор билан концерт-тамоша фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, маданий-оммавий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлашга қаратилган қатор чоралар кўзда тутилган.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори (“Концерт-тамоша фаолияти соҳасида солиқ солишни ва аудио-, видеокассеталарни тарқатишни, такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2001 йил 29 июндаги 285-сон ва “Концерт-тамоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 2003 йил 11 ноябрдаги 498-қарор) бутунлай, 9 та қарорнинг айрим бандлари ўз кучини йўқотди, 2 та қарорга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Матбуот анжуманида шунингдек, санъаткорларга лицензия бериш тартибини кучайтириш, ижрочиларга қўйиладиган талабларни ошириш, аҳолига маданий хизмат кўрсатишда, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш юзасидан ҳам, фикрлар билдирилди.

Концерт-тамоша тадбирлари, маданий-оммавий тадбирларни ташкил этишда, мазмун-моҳиятга алоҳида эътибор қаратилади. Эндиликда, қаерда қандай тадбир ташкил этилмасин, Маданият  ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ҳаммаси мувофиқлаштирилади. Концерт-тамоша фаолияти учун бериладиган лицензия талаблари кучайтирилди. Шунингдек, саҳна маданияти, миллий қадриятлар ва анъаналарга қатъий риоя этиш, ижрочиларнинг чиқишларида улар томонидан ножўя ҳатти-ҳаракатларга, жумладан, томошабинларга салбий таъсир кўрсатадиган ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик, тадбирни фақат “Ўзбекнаво” Эстрада Бирлашмасига топширилган сценарий асосида ўтказиш ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратилади. Қарорнинг шу каби бир қатор ўзига хос жиҳатлари ҳақида, матбуот анжумани иштирокчилари таништириб ўтилгач, мазкур Қарор юзасидан иштирокчилар ўз саволларига, Раҳбариятдан асосли жавоблар олишди.

DSC_6055

Жумладан, Жонли ижро ҳақида ҳам иштирокчилар томонидан саволлар бўлди. Бунга жавобан, Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши томонидан, яккахон ижрочиларнинг профессионал маҳоратини ошириш ва ижодини холисона баҳолаш мақсадида, ҳар йили жонли ижро асосида маҳорат синовлари ташкил этилиши, синовдан ўтолмаган санъаткорлар 3 ойдан сўнг қайта имтиҳон топшириши, айтиб ўтилди.

DSC_6023

Шунингдек, нима учун концертлар баннерларида “фонограммадан фойдаланилади” дейилса ҳам, концерт жонли ижрода бўлиши ҳақидаги саволга ҳам, концерт бошидан охиригача тўлиқ жонли ижрода бўлса ҳам, агар мабодо биттагина қўшиқ фонограммада бўлиб қолса, албатта, концерт баннерига “фонограммадан фойдаланилади”, деб ёзилиши шартлиги, чунки санъаткорлар концертларда тўлиқ жонли ижрода куйлай олишса ҳам, концерт белгиланган кунга етиб келиб, соғлиғи борасида муаммолар бўлиб қолса, ёки бирор техник сабаб юз берса, қонунга хилоф ҳолат юз бермаслиги учун ҳам, ўзига хос ҳимоя сифатида, баннерга шундай деб ёзилиши, агар концерт баннерида “тўлиқ жонли ижрода” деб турилиб, юқоридаги бирор сабаб ва вазият туфайли озгина минут бўлса ҳам, фонограмма кетиб қолса, қонунга хилоф бўлиши мумкинлиги ҳақида, айтиб ўтилди.

DSC_6076

Шунингдек, хонандалар Лицензия фаолиятини тўхтатилиши ҳақида ҳам саволлар бўлиб, уларга жавобан агар хонандалар томонидан Лицензия битимида назарда тутилган талаб ва шартлари бузилганда, хонанда номига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугатилиши мумкинлиги, ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, хонанда Лола Йўлдошеванинг номига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугатилганлиги ҳақида ҳам саволлар бўлиб, уларга ҳам мазмунли жавоб қайтарилди.

DSC_6093

Бундан ташқари, санъаткорларнинг маънавий қиёфаси ҳақида саволлар бўлиб, бу мавзуга ҳам, “Ўзбекнаво” Эстрада бирлашмаси Бош директори Фарход Ўктамович Джураев томонидан тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, йил сарҳисоби, 2015 йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича ҳам, саволлар бўлди ва “Ўзбекнаво” Эстрада бирлашмаси Бош директори ўринбосари Муроджон Мажидов томонидан йил сарҳисоби ва ўтказилган йиғилишлар бўйича, батафсил маълумот берилди.

DSC_6011

Келгусида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, ҳар ойда санъаткорлар учун маънавият соатлари ўтказилиб келинаётганлиги, санъаткорларнинг барча маданий тадбирларда фаоллиги, Эстрада санъатининг халққа яқинлиги ва уни тўғри йўналтирилиши кераклиги, бугунги кундаги баъзи қўшиқлар матни, Ягона Бадиий кенгаш ташкил этиш юзасидан ҳам саволлар ва фикрлар бўлди.

Мазкур Қарор Эстрада санъати ривожида муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз. Чунки, Қарор юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш режалаштирилган ва натижада, енгил-елпи, савиясиз қўшиқлар камайиб, санъаткорлар томонидан ҳақиқий ижодга бўлган эътибор, интилиш кучайиши кутилмоқда.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

DSC_6160

DSC_5975