FATTOHHON.COM
« Все новости4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги залида, Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг ОАВ вакиллари ва блогерлар билан ҳамкорлик юзасидан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Вазир Озодбек Назарбеков тизимдаги муаммолар ва камчиликлар, жумладан айрим кўзбўямачиликлардан тортиб, Маданият соҳасидаги коррупциянинг асосий сабаби ҳақида ҳам очиқ-ойдин фикрларини билдирди. Шунингдек, эндиликда мақолаларда соҳанинг фақат ижобий тарафлари эмас, камчиликларини ҳам ОАВ томонидан дангал ёритилиши кераклиги ҳақида фикр юритиб, йиғилганларни ҳамкорликка чорлади.
Йиғилиш давомида Маданият вазирлигидаги бошқарма бошлиқлари ҳам сўзга чиқиб, тизимдаги айрим камчиликларни баён этишди.
Жумладан, Республикадаги Қўғирчоқ театрлари муаммолари ҳақида, вилоят театрлари тўғрисида сўз борди. Театрларда репертуарларни янгилаш, Маданият вазирлигига қарашли ўқув юртларидаги муаммолар, “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси фаолияти борасидаги фикрлар, кадрлар масаласи, Музейлар ва маданий мерос объектлари борасидаги муаммолар, Мақом санъати тарғиботи борасидаги таклифлар, Консерваторияни янада ривожлантириш борасидаги таклифлар, шунингдек, келгусидаги режалар ҳақида айтиб ўтилди.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков кечаги ва бугунги кун Маданият соҳаси ҳақида фикр билдирар экан: “Жамиятнинг маданий салоҳияти ислоҳ бўлмас экан, бошқа соҳалар ҳеч қачон ислоҳ бўлмайди!” деб, “Маданият ходими ким ва унинг зиммасидаги масъулият қандай бўлиши, ҳамда унинг зиммасидаги масъулиятни, жамият ва соҳа вакиллари англаб етиши зарур”лигини таъкидлаб, “Умуман маданиятли одам ким?” деган саволга аниқ жавобни айтди.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков “Маданият соҳаси бугунги кунда ўз вазифасини унутибю қўйган”лиги ҳақида жон куйдириб мисоллар келтирди. Бундан бир неча йил олдин мажбурий меҳнат борасида сўзлаб, ҳаттоки ўзи ҳам, танқидга қолганлигини айтиб ўтди. Бундан ташқари, айнан маданият билан ҳаттоки гастарбайтерлик кайфиятига ҳам чора топиш мумкинлигини билдирди. “Бугунги кунда вилоятлардаги ота-оналарнинг ҳам, ёшларнинг ҳам, энг катта орзуси тезроқ паспорт олсаю, тезроқ Россияга кетса!” деди, Озодбек Назарбеков. “Уларнинг бундан бошқа катта орзуси йўқ! Инсоннинг орзуларини кенгайтириш учун, олдига катта марралар қўйиб, орзулар қилиши учун эса, маданият керак! Маданият орқали уларнинг онги, фикрлашини ижобий тарафга ўзгартириш керак!” Шунингдек, Озодбек Назарбеков хорижда пул ишлаш мақсадида қўштирноқ ичида ўтказилиб, ҳаммага сертификат берадиган фестиваллар, улардаги “лауреат” бўлиб келиб, бу ерда Консерваторияга бюджетга ўқишга кирмоқчи бўлган, аслида ўзи ҳам алданиб қолган айрим ёшлар ва уларни ҳақиқий истеъдодлардан фарқлаш кераклиги, бундай фестиваллар рўйхатини тузиш кераклиги ҳақида ҳам айтиб ўтди. Бундан ташқари, муаллифлик ҳуқуқи масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, “плагиат” фақат қўшиқ борасида эмас, балки сериаллар борасида ҳам мавжудлиги, ҳамда бу ҳолат муаммо келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Шунингдек, учрашув давомида Маданият вазири Озодбек Назарбеков эндиликда кутилаётган янги режалар билан ҳам бўлишди. Жумладан, “Баҳор” рақс ансамблининг қайта тикланганлиги, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Ўзбекистон давлат хореография Академияси ташкил этилиши, концертларда электрон билетлар муомалага киритилиши, ҳамда сентябрь ойидан Қорақалпоғистонда ташкил этиладиган махсус Опера мактаб-интернати, Республикада 4 та махсус Мақом интернатлари очилаётганлиги, Мақом йўналиши Консерваториядан олиб чиқилиб, алоҳида Мақом Академияси очилиши ҳақида ҳам айтиб ўтди.
“Ҳамкорлик вакцинаси” учрашуви, Маданият соҳаси ва ОАВ ҳамкорлиги йўлга қўйилиши ҳақидаги хулоса билан якунланди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Маданият соҳасида янги давр бошланмоқда! Бу айнан Маданият соҳасининг ислоҳ қилинишидир! Бу эса, нафақат санъат, балки жамиятнинг барча соҳа ва тизимларига ўзининг ижобий таъсирини ўтказиши табиий.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Видеолавҳалар инстаграм тармоғидаги Fattohhoncom, Saida_Vahobova_ , Ruslan_admin_Fattohhoncom ва Fattohhoncom_videolar профилларида!
Шунингдек, Facebook тармоғида Феруза Фаттохова, Саида Вахобова профилида!
УЧРАШУВДАН ТЎЛИҚ ВИДЕО ЯҚИН СОАТДА Youtube даги FATTOHHON.COM РАСМИЙ КАНАЛИДА!