FATTOHHON.COM
« Все новостиБугунги кунда эстрада санъатига боғлиқ ютуқлар ҳам, камчиликлар ҳам мавжуд. Уларни ҳисобга олган ҳолда, эстрада санъатини ривожлантириш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида, соҳага таъллуқли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 354-сон қарори лойиҳаси тайёрланган эди ва мазкур Қарор 2015 йил 9 декабрь куни имзоланди. Мазкур Қарор юзасидан келиб чиққан саволлар ҳамда ҳозирги кунда санъаткорлар фаолияти билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори ўринбосари Муроджон Маджидов билан суҳбатлашдик.
- 354–сон қарорга мувофиқ, лицензия борасида хонандалар ичида талабалар борлиги ҳисобга олиниб, талабаларга маълум бир имтиёзлар борлиги кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, агар дейлик, гуруҳлар ичида, гуруҳ аъзоларининг бирортаси талаба бўлса, бу имтиёзлар қандай белгиланади? Умуман, гуруҳларга лицензия битими талаблари бу борада қандай бўлади? Гуруҳ аъзолари умумий лицензия олишадими? (умумий бир гуруҳлиги туфайли) Ёки ҳар ҳар бир аъзоси билан алоҳида лицензия битими тузиладими?
- Юридик шахсларга лицензия берилишида, лицензияга юридик шахснинг номи ёзилганлиги билан бир қаторда, юридик шахс, яъни ижодий жамоа аъзоларининг ҳар бирини фамилия, исми, шарифлари кўрсатилади. 354-сон қарор билан тасдиқланган Низомда ҳам шу нарса тасдиқланганки, ижодий жамоадаги ҳар бир иштирокчининг мавқейидан келиб чиқиб, ҳар бирига алоҳида рейтинг гуруҳи белгиланади. Мисол учун, агар ижодий жамоада 5 киши бўлса, дейлик 1 киши хонанда, унга маълум бир рейтинг гуруҳи берилиши мумкин, қолган 4 нафар созандага бошқа рейтинг гуруҳи берилиши мумкин. Агар улардан бири талаба бўлса ва юқорида айтилган имтиёз талабларига тўғри келса, ўрнатилган тартибда, имтиёзга эга бўлиши мумкин. Агар лицензия юридик шахс томонидан олинса, яъни ижодий жамоа унга тегишли бўлиб, лицензия унинг ижодий жамоасига берилса ҳам, лекин унинг ичидаги ҳар бир ижрочига алоҳида рейтинг гуруҳи берилади ва ҳар бир ижрочига белгиланган рейтинг гуруҳлари асосан давлат божи тўлаш белгиланган. Ижодий жамоанинг барча аъзосини бир хил кўриш адолатдан бўлмайди, чунки уларнинг бирига берилган рейтинг гуруҳи давлат божи тўлови бошқаларга оғирлик қилиши мумкин. Масалан, 1 хонанда, 4 та созанда бўлса, ҳаммасига бир хил рейтинг гуруҳи бериб бўлмайди. Солистга бир рейтинг гуруҳи берилса, созандаларга бошқа рейтинг гуруҳи берилади. Чунки, рейтинг гуруҳлари бўйича тўланадиган давлат божлари миқдори ҳам табақалаштирилган. Лицензия олишда рейтинг гуруҳи нафақат хонандалар ва созандалар, балки раққосалар, DJ, бошловчи, сўз усталарига ҳам берилади.
- Унда лицензия битими талабларига риоя қилинмаган ҳолат, бирор гуруҳда юз берса, дейлик, гуруҳнинг бирор аъзоси лицензия битими талабларига риоя қилмасаю, қолганлари амал қилиб келаётган бўлишса, гуруҳнинг ўша аъзосини ёлғиз ўзини лицензиясининг амал қилиш муддати вақтидан олдин тўхтатиладими? Ёки, бу ҳолатда гуруҳнинг лицензия фаолияти (ҳамма аъзоларники) муддатидан аввал тўхтатиладими?
- Лицензия битими юридик шахс билан тузилганлиги учун ҳам, агар гуруҳнинг бирор аъзоси лицензия битими талабларига хилоф иш қилса, бутун гуруҳнинг лицензия фаолияти муддатидан аввал тўхтатилади. Чунки, гуруҳда, масалан, “ЭлДиДо” ёки “Уммон” каби трио, ёки икки кишидан иборат гуруҳни мисол тарзида олсак ҳам, қандай қилиб, 3 киши айтадиган қўшиқни гуруҳнинг 2 та ёки 1 та аъзоси куйлаши мумкин? Масалан, 4 та аъзоси бор гуруҳ, 3 ёки 2 аъзо билан ўша қўшиқни куйлай олмайди-ку. Шунинг учун ҳам, бундай вазиятда гуруҳ аъзоларининг ҳаммасини лицензия фаолияти муддатидан аввал баравар тўхтатилади. Чунки, ҳар қандай вазиятда лицензия битими талабларига риоя қилинган ҳолда иш юритилади. Жамоа ёки гуруҳнинг ҳар бир аъзоси лицензия битимига риоя қилиши керак!
- Рейтинг гуруҳи асосан нимага қараб белгиланади? Ижодкорнинг мавқейи, рейтинги, ижро маҳорати, билим даражаси, маълумоти?
- Рейтинг гуруҳини “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси эмас, балки Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши (кенгаш раиси Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо) қошидаги Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи белгилайди. Бу қисқа қилиб айтганда Бадиий кенгаш бўлиб, 15 нафар малакали мутахассисларда иборат ва унинг раиси Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Бахтиёр Сайфуллаев. Лицензия талабгори бўлган хонанда авваламбор, мурожаат билан келганда жонли ижрода куйлай олиши керак, телевидениеда чиқиши учун ҳам, бошланишига унга 4 рейтинг гуруҳи берилади. Чунки, 1 дан 4 гача бўлган рейтинг гуруҳларимиз, концерт-тамоша фаолиятига, шу жумладан концертга ва телевиденияга чиқиш ҳуқуқини беради. 5-6 рейтинг гуруҳлари эса, фақат тўй, ресторан, кафеларда аҳолига хизмат кўрсатиш ҳуқуқини беради, улар телевидениеда ва концертларда чиқиш ҳуқуқига эга эмаслар. 1 дан 4 гача рейтинг гуруҳида бўлганлар эса, нафақат телевидение ва концертлар, балки тўй ва ресторанларда чиқишларга ҳам ҳаққилари бор. Шунинг учун ҳам, талабгор мурожаат қилганда, ўзи юритмоқчи бўлган фаолиятнинг у ёки бу қисмини ёзиб бериши керак. Шундан сўнг, буни Бадиий кенгаш баҳолайди. Бошланишига, ўзи ёзган фаолият турига қараб, дастлаб 4 рейтинг гуруҳи берилади. Сўнг, фаолияти давомида ўсиб 1 рейтинг гуруҳигача чиқади. Албатта, маҳорати, концертлардаги иштироки, ўзи яккахон концерт ўтказиши ва аҳоли ўртасидаги оммавийлигига эътибор қаратилади. Эндиликда, 354- сон қарор бўйича, ҳар йили лицензия соҳиблари келиб, Бадиий кенгаш олдида ўз маҳоратини кўрсатиб, синовдан ўтадилар. Натижада, юқорида айтиб ўтилган жиҳатларга қараб, бир поғона юқори рейтинг гуруҳи олиши мумкин, ёки агар фаолиятида сустлик бўлса, бир поғона рейтинг гуруҳи пасайтирилиши мумкин. Агар мунтазам равишда лицензия битими талабларга хилоф фаолият юритган бўлса, ижоди талабга жавоб бермаса, унинг лицензия битими тўхталиши эмас, тугатилиши ҳам мумкин. Лицензия аввал 5 йил муддатга берилган, унгача келиб, жонли ижрода синов топширилмасди. 2014 йил май ойидан бошлаб, жонли ижродаги синов киритилди. Демакки, 2013 йилда лицензия олган ижодкорларни 5 йил муддати бор, деб 2018 йилгача кутилмайди-ку, шунинг учун уларнинг масъулиятини ошириш, уларга қайсидир жиҳатдан кўмаклашишга ҳаракат қилинмоқда. Улар жадвал бўйича ҳар чоракда, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Лицензия бошқармасига ҳисобот беришади. Яъни, нечта қўшиқ яратди, неча бор телевидениеда чиқиш қилди, концертлардаги иштироки ва ҳоказо. Шундан сўнг, келиб жонли ижрода синовдан ўтади. Юқорида айтиб ўтилганидек, оммавийлиги, ижро маҳорати ва рейтинг даражаси ошган бўлса, рейтинг гуруҳи кўтарилади, буларнинг акси бўлса, рейтинг гуруҳи пасайтирилади. Бу қарор 2015 йил декабрида қабул қилинди. Энди мана шу 2015 йил декабрида лицензия олган ижодкор, келгуси йилнинг декабрь ойида келиб, синовдан ўтиб кетиши керак. Унгача эса, биринчи берилган рейтинг гуруҳи бўйича давлат божини тўлаб, ижодий фаолиятини давом эттираверади. Лекин, бу қароргача лицензия олиб бўлган бўлса, январда яна қайта келиб, синов топширади, дегани эмас. Қароргача лицензия олганлар, 2016 йилнинг ўша лицензия олган ойида келиб, Бадиий кенгаш олдида жонли ижрода синовдан ўтишади. Синовдан сўнг эса, Бадиий кенгаш юқоридаги жиҳатлар бўйича, рейтинг гуруҳини кўтариши, ёки пасайтириши мумкин, сўнг берилган рейтинг гуруҳи даражасига қараб, давлат божи тўлайди. Мана энди, ҳақиқий сараланиш бўлади! Шу билан бирга рейтинг гуруҳлари, санъаткорга маълум бир ҳуқуқ ҳам беради. Фақатгина 1 ва 2 рейтинг гуруҳидагилар яккахон концерт бериш ҳуқуқига эга. 3 ва 4 рейтинг гуруҳидагилар эса, яккахон концерт бериш ҳуқуқига эга эмаслар, аммо гала-концертларда иштирок этишлари мумкин. 5,6 рейтинг гуруҳидагилар эса, телевидениега чиқиш ва концертларда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмаслар, улар ресторан ва кафеларда чиқишлари мумкин. Ҳар бир рейтинг гуруҳининг ўз талаби, тартиби мавжуд ва уларга мос келиш керак. Биринчи маротаба лицензия олиш учун эса, хонанданинг камида 2 та ўзининг қўшиғи бўлиши керак.
- Аввал, устоз санъаткорлар ёки халқ артистлари учун ҳам, лицензия тўлови борасида қандайдир маълум бир имтиёзлар бор эди. Эндиликда, 354-сон қарор бўйича, талабаларга маълум бир имтиёз бўлгани каби, устоз санъаткорлар ва халқ артистлари учун ҳам имтиёзлар борми?
- Устоз санъаткорлар ёки халқ артистларига аввал бўлган имтиёзлар, Ҳукумат қарорлари билан тасдиқланмаган имтиёзлар бўлган. Улар “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши қарорлари билан тасдиқланган бўлиб, ички ҳужжатларда бўлган эди. Ҳозирда амалдаги қонунчиликда бундай имтиёзлар кўзда тутилмаган. Лицензияни бепул олишда имтиёз фақат талабаларда бор. Аммо, устоз санъаткор бўладими, халқ артистими ёки хонанда, агар чиндан ҳам моддий ёрдамга муҳтож бўлса, Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси бор, шу жамғарма Низомида ёрдам кўрсатиш мумкинлиги белгилаб қўйилган. Кўрсатилган ёрдам ҳисобидан лицензия учун давлат божини тўлайдими, ёки янги қўшиқ яратадими, бу ўзига ҳавола этилади.
- Баъзи устоз санъаткорлар рейтинг тарафлама оммавий эмас, яъни ҳар куни тўй хизматларига чиқишмайди. Моддий тарафлама бироз кам таъминланган бўлиши ҳам мумкин. Лекин, лицензия битими бўйича, рейтинг гуруҳи олиши керак. Бундай ҳолатларда қандай ёрдам кўрсатилади?
- Биринчи навбатда қандай унвони бўлишидан қатъий назар, аҳоли ўртасидаги оммавийлиги, рейтинг даражаси паст бўлганлиги ҳисобга олинган ҳолда, уларга 4 рейтинг гуруҳи берилиши ҳам мумкин. Бунда лицензия учун давлат божи камроқ миқдорда тўланади. 4 рейтинг гуруҳи берилиши сабаби, чунки телевидение ва концертларда иштирок мумкин. Агар шунга ҳам қурби етмаса, унда Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармасига ариза билан мурожаат қилиб, махсус комиссия томонидан кўриб чиқилганидан кейин моддий ёрдам олиши ва лицензия учун давлат божини тўлаши мумкин.
- Ўтказилган мажлислардан бирида, телевидениедаги Бадиий кенгашда кейинчалик “Ўзбекнаво” ходими ҳам иштирок этади, деган фикрлар бўлганди. Бу амалга оширилдими?
- Афсуски, йўқ. Фақат “Менинг юртим” телеканали Бадиий кенгашида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан фақат бир вакил аъзо. “Наво” телеканалида эса, Бирлашмадан умуман ҳеч ким йўқ. Бошқа телеканалларда ҳам, йўқ. Биз бу борада 2014 йилда ҳам Телевидениега хат билан кўп бора мурожаат қилганмиз. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидан фақат Телевидениега чиқадиган санъаткорнинг лицензияси борми, йўқлиги тўғрисида сўрашади! Аммо, қайси телеканалда бирор саёз клип чиқса, доим бизга қўнғироқ қилишади! Лекин, уларнинг Бадиий кенгашида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси вакили йўқ! Хат билан бир неча бор мурожаат қилдик, аммо бу ижобий натижа бермади! Сўнг, бир йиғилишда, шу масалани муҳокама қилдик ва “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши билан биргаликда, Ягона Бадиий Кенгаш тузиш таклифини кўриб чиқиб, бу кўпчилик томонидан маъқулланди! Ягона Бадиий Кенгашнинг намунавий таркиби, намунавий Низоми ҳозирда тасдиқ учун тегишли ташкилотларга юборилган, яқин кунларда тасдиқланиши кутилмоқда! Бу масала, Адлия Вазирлиги билан ҳам муҳокама қилинган ва хонандалар учун ҳеч қандай тадбиркорлик фаолиятини чеклашга кирмайди! Қўшиқ, видеоклиплар кўпроқ тадбиркорлик маҳсулотидан ҳам кўра маънавий маҳсулот, деб ўйлаймиз. Шунинг учун ҳам, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси қошида Ягона бадиий Кенгаш тузилиши мақсадга мувофиқ бўлади! У ерда Ёзувчилар уюшмаси, Бастакорлар уюшмаси, Телевидение, Хотин-қизлар Қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ дан ҳам вакиллар бўлади, ҳамда Маънавият тарғибот Маркази бўлиб, яъни санъаткорлар клип суратга олдирмоқчи бўлсалар, унинг лойиҳасини, албатта, мазкур Бадиий Кенгашга олиб келиб кўрсатадилар. Хабаримиз бор, экран юзини кўрмаётган кўплаб клиплар бор, уларнинг айримларига катта маблағ ҳам сарфланган. Кўп ҳолларда, санъаткорлар, ҳаттоки унвонга эга, ибратли санъаткорлар ҳам, клипмейкерлар ёки бошқа бир ижодкорларнинг гапига кириб, катта маблағ сарф этиб, енгил-елпи, саёз клип суратга олдириш ҳолатлари учраб турибди. Бундай клиплар эса, Телевидениеда қабул қилинмайди! Баъзи ҳолларда эса, бундай қўшиқ ва клиплар, ўша санъаткорнинг рейтинги тушиб кетишига ҳам сабаб бўлади! Баъзида, эътирозларга сабаб бўлиб, Телевидениедан намойишдан олиб ташланади! Натижада, баъзи бир кафеларда, мониторларда намойиш қилиниши мумкин холос. Санъаткор эса, ўз пешона тери билан топган маблағини, бекорга сарф этган бўлиб чиқади. Шундай ҳолатлар юз бермаслиги учун, ижодкорларни бу тарафлама ҳам ҳимоялаш учун ҳам, Ягона Бадиий Кенгаш бўлса, санъаткор яратаётган қўшиғини ва унга маблағ сарфлаб олдирмоқчи бўлган клипи ғоясини олиб келиб, кўрсатгандан кейин, ўша қўшиқ бирор хориж мусиқасидан ўғирланмаяптими, клип ғояси олинмаяптими, менталитетимизга мосми ва бошқа ҳолатлар юзасидан тегишли маслаҳатлар берилади! Қўшиқ ёки клипи тайёр бўлгач эса, олиб келиб кўрсатса, ўзига хос тавсия вазифасини ўтовчи хулоса берилади! Яъни, Телевидениега бу қўшиқ ёки клипни берса бўлади, деган хулоса! Чунки, ҳеч қайси Телеканалнинг Бадиий Кенгаши биз ўйлагандек таркибга эга эмас, яъни, Ёзувчилар уюшмаси, Бастакорлар уюшмаси кабиларнинг вакиллари, Телеканаллар бадиий кенгашларида йўқ! Биз таклиф этаётган Ягона Бадиий кенгашда эса, ҳамма ташкилотлардан вакиллар бўлади, жумладан Телевидениенинг ўзидан ҳам! Натижада, Ягона Бадиий Кенгашдан ўтган қўшиқ ва клиплар, Телевидениега олиб борилганда, бирор сабаб билан, телеэкранда намойиш этилмай қолиши, қайтарилишининг олди олинади! Ҳозирда мазкур Ягона Бадиий Кенгашнинг намунавий таркиби ва Низоми тасдиқланишини ва 2016 йилда жорий қилинишини кутмоқдамиз. Бу ғояни маънавият ва маърифатга дахлдор барча ташкилотлар хурсанд бўлиб кутиб олишди ва қўллаб-қувватлашмоқда! Бу борада биринчи қадамимиз Жонли ижро бўлганди ва Жонли ижрони ўзини санъаткорман, деб билган санъаткорлар, биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлашди! “Ҳақиқий санъаткорлар лицензия олар экан”, дейишди! Албатта, бу “Ўзбекнаво” учун молиявий жиҳатдан қийинчилик туғдиради, чунки жонли ижро дейилгач, ўзига ишонмаганлар лицензия учун ҳужжат бермайди, натижада, дейлик, аввал 10 киши ҳужжат топширган бўлса, энди 5-6 та ҳужжат топширилмоқда. 2 таси талабга жавоб бермаганлиги учун ўтмади, дейлик, демак, 10 та талабгор ўрнига, 4 та лицензия талабгори давлат божи тўлайди. Аммо, молиявий жиҳатдан зарар бўлса ҳам, сифат тарафлама, фойда жуда юқори бўлади! Чунки, сифат ошади! Ҳаммаси Миллий эстрада санъатини ривожлантириш, сифатини ошириш, санъаткорларнинг ўзига бўлган масъулияти ошиши, ўз устида ишлашга ундаш мақсадида, амалга оширилмоқда!
- Ягона Бадиий Кенгаш тузилгач, унга топширилган қўшиқ ёки клип борасидаги, аввалига ўша ижод маҳсулини яратиш борасидаги ғоя, сўнг тегишли йўл-йўриқ, маслаҳатлар берилгач, тайёр бўлган ижодий маҳсулот, қанча муддатда кўриб чиқилади? Маълум бир муддат белгиланадими? Бу ишлаб чиқариш суръатини пасайишига олиб келмайдими? Асосан, бунга масъул “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бўлса, Бирлашмада штат борасида ходимлар камлиги маълум, бу Бирлашма учун ҳам қийинчилик туғдирмайдими?
- Энди, чиндан ҳам, ҳужжатларни қабул қилиш Бирлашма зиммасига юклатилиш эҳтимоли катта! Бу қайсидир масъул ходимга юклатилади, аммо унга бу борада қўшимча маблағ тўланмайди. Ягона Бадиий Кенгаш жамоатчилик асосида ишлайдиган бўлади, бу борада кўпчилик ташкилотлар ўз вакилларини жалб этишга тайёр! Чунки, телеэкранда ёки эфирда кетган битта саёз қўшиқ учун, нафақат “Ўзбекнаво” балки, бошқа ташкилотларга ҳам гап тегади! Кейин улар ҳам, шунча меҳнатни битта саёз қўшиқ йўққа чиқаряпти, деб афсусланишади. Шунинг учун, қийин бўлса ҳам, Ягона Бадиий Кенгаш зарур ва бу ғоя амалга оширилади. Ҳозирча қўшиқ ва клиплар ғояларини кўриб чиқиш, ҳамда тайёр ижодий маҳсулотларни кўриб чиқиш учун ҳам, тахминан 10 кун муддат режалаштирилмоқда! Ҳозирда бу Ҳукуматдан қандай таклиф тушишига ҳам боғлиқ, балки бир ҳафта муддат белгиланар, балки 15 кун? Ҳаммаси, ғоя тасдиқлангач, ишга туширилгач, маълум бўлади. Ҳозирда, лицензия беришда, Бадиий Кенгаш таркибида Ёзувчилар уюшмаси вакиллари ҳам бор, илгари қўшиқ матнларига кучли аҳамият берилмай, матн ёзилган саҳифалар топширилгач, фақат сақлаб қўйиларди. Эндиликда эса, улар Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган вакил томонидан синчиклаб ўқиб чиқилмоқда! Чунки, матнда ҳам, саёз, ёки таниқли ёзувчи, шоирларнинг шеърини ўғирлаб, бир қофияли сатрини олиб, ўзидан сўз қўшиб, шеърни ўзлаштириб олиш ҳолатлари кўп! Лицензия битими тузилганида, ижро маҳорати, овози, жонли ижрода куйлай олиши ҳисобга олинади. Аммо, ўша санъаткорни эртага бир бўлмағур қўшиқ тайёрлаб, уни радиоэфирларга бериб юбормаслигига ким кафолат беради? Шунинг учун ҳам, Ягона бадиий кенгаш бўлиши, бугунги кунда жуда ҳам муҳим! Бу албатта, осон кечмайди, чунки кўплаб қўшиқларнинг мусиқалари хориждан олинган, ўзгартирилган, оҳангидан ҳам ажратиб бўлмай қоляпти. Шунинг учун ҳам, вақтида тартибга солинмаса, Миллий мусиқа санъатимизни, миллий эстрадамизни йўқотиб қўйишимиз мумкин!
- “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Жонли ижро борасида қандай катта лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда? Масалан, аввал “Марди майдон” фестивали бор эди...
- Албатта, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг Жонли ижро борасида ўз лойиҳаси бўлиши керак! “Ўзбекнаво” тизимида, “Ягонасан, Муқаддас Ватан!”, яна бошқа бир қатор танловлар бор. Аммо, “Ўзбекнаво”ни ўз кўрик-танлови бўлиши керак ва биз ҳозирда мазкур ғоя устида ишлаяпмиз! Ҳозирча, номини ҳам, тартибини ҳам айтолмайман, лекин, 2016 йил албатта, “Ўзбекнаво”нинг жонли ижро борасида ўз лойиҳаси амалга оширилади.
- Йиғилишлардан бирида, 100 кишидан кам сонли томошабинлар билан кичик даврада кичик концерт ўтказиш мумкинлиги айтилганди, лекин бундай “концертларда” томошабинлар сони 300 тадан ҳам ортиб кетаётганлигига қандай қарайсиз?
- Юз кишидан кўп томошабин бўлган тадбир оммавий тадбир ҳисобланади. Вазирлар Маҳкамасининг 205-сон қарорига асосан, уни Ички ишлар идоралари билан шартнома қилиб, Ички ишлар идоралари ходимлари у ерга келиб, хавфсизликни таъминлаб беришлари керак. Концерт-томоша тадбирида 354-сон қарор бўйича, 100 киши ёки 50 киши иштирок этсин, деган гап йўқ. Бу хавфсизлик билан боғлиқ ҳолат, меъёр ўрнатилган. Балки, ташкилотчиларга ҳам оғир бўлмаслиги кўзда тутилган бўлиши мумкин. Чунки, 100 кишидан ортиқ томошабин бўлса, албатта оммавий тадбир ҳисобланади, ҳамда Ички ишлар идоралари билан шартнома тузилган бўлиши, хавфсизлик таъминланиши керак. Концерт-тамоша фаолиятига бир марталик лицензия бериш тўғрисидаги Низомда ҳаммаси батафсил берилган. Лекин, агар лицензия фаолият муддати тўхтатилган бўлса, нафақат 100 киши, балки 50 кишига ҳам концерт бериши, концерт-томоша тадбирини ўтказиши мумкин эмас! Чунки, “Ўзбекнаво” унинг сценарийсини кўриб, тасдиқлаб бериши керак. Янги қарор бўйича ҳам лицензияси бўлмаган, ҳамда рухсатнома олмай туриб, концерт бериш, оммавий-тамоша тадбири уюштириш мумкин эмаслиги белгиланган! Эндиликда, бу қарор бўйича, бепул, нотижорат мақсадида ўтказилаётган тадбирларга ҳам рухсатнома берилиши керак бўлади. Ҳаттоки, билет сотилмаган, таклифнома тарқатилган бўлса ҳам, барибир рухсатнома олиниши керак. Қолаверса, рухсатномада номи ёзилмаган хонандаларни ҳам ўша тадбирда иштирок этишлари ҳам мумкин эмас. 354-сон Қарор ижросини таъминлаш бўйича, Назорат режа тасдиқланган. Бу Назорат режада айтилганки, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари қарорларини чиқариш, яъни, бу қарор лицензияси бўлмаган санъаткорларни ресторан, кафе, тўйхоналарга киритмаслик, яъни улар билан ишламаслик тўғрисида, ресторан, кафе ва тўйхона раҳбарларининг масъулиятини оширишга қаратилган қарор! Биз уни намунавий тарзда ишлаб чиқдик, ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ҳам киритдик ва 14 та ҳудудга ҳам етказдик. 2015 йилда ўтган Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилишида кафе, ресторанларда, ҳар хил шоу балетлар, умуман маънавиятга тўғри келмайдиган ҳар хил қилиқлар, тўйларда урф бўлаётган ҳар хил одатлар ҳақидаги мавзу кўтарилиб, “буларга ўзи ким қарайди?” дейилган саволга ҳам, бу қарор муносиб жавоб бўлади! Чунки, ҳозирда ресторанларда ҳам лицензияси бўлмаган хонандалардан тортиб, шоу балетларгача бемалол юрибди, уларни албатта, ресторан эгаси билан пул борасида олди-бердиси, оғзаки бўлса ҳам ўзига хос шартномаси бор! Шоу балетлар келиб, у ерда пул йиғиб, ресторан эгасига ҳам ташлаб кетиши сир эмас! Эртага ресторанга келаётганларга у шоу балетлар қандай таъсир кўрсатади? Бунга ахир ўша ресторан эгаси ҳам масъул бўлиши керак! Шундан келиб чиқиб, бу қарорнинг ижроси жуда ҳам муҳим. Бу “Ўзбекнаво”нинг “Концерт-тамоша” бошқармасига юклатилган, вилоятларда бу қарорлар чиқарилиши билан бизга нусхаси юборилиши керак. Чунки, биз ўша Қарорни хат билан намунавий нусхасини Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бошқармаларига юборганмиз. Мисол қилиб келтираман, масалан, наҳорги ош тортишлар тартибга солинди, эндиликда наҳорги ошлар дам олиш кунлари соат тонгги 07.00 да, иш кунлари эса, соат 12.00 да ўтказилмоқда. Бу қарор юзасидан ҳам ресторанлар, тўйхоналар эгалари билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, тартиб йўлга қўйилади. Тошкент шаҳридаги кўплаб ресторан ва тўйхоналар ҳозирда бунга тайёр.
- Лекин, тўй эгаси ёки тўй эгасини танишлари, қариндошлари ўша лицензияси йўқ хонандани таклиф этиб қўйган бўлса, бундай ҳолатларда қандай йўл тутилади?
- Одатда ресторан ёки тўй эгаси келиб, тўй кунини белгилаганда, ресторан эгаси ҳам, мавжуд Қарор ва тартиблар ҳақида, тўй эгасига тушунтиради. Унга эслатма берилади, агар ресторанлар томонидан лицензияси йўқ хонандалар рўйхати тузилса, балки ўша рўйхат берилиши ҳам мумкин, ҳамда тўйига таклиф этаётган хонандалардан лицензияси бор-йўқлигини сўраш, тавсия этилади.
- Баҳор вақтида ўтказилган йиғилишлардан бирида, “Ўзбекнаво” ходимларидан бири томонидан “кузда концертнинг 60 фоизи бўлса ҳам жонли ижрода бўлмаса, концертга рухсат берилмайди”, “шу тартиб жорий қилинади”, деган мазмунда фикр бўлганди! Бу йиғилиш, ОАВ томонидан матбуотда ёритилган. Лекин, ўтган 2015 йил давомида тўлиқ фонограммада ўтказилган концертларнинг ҳам гувоҳи бўлдик. Ўша фикр амалга ошдими? Бу борада, жонли ижро, концертларни жонли ижрода ўтказиш борасида, умуман қандай янгиликлар бўлди?
- Бу ғоя ҳозирда кўриб чиқилмоқда! Шу ўринда, бу ғояни, тасдиқланган тартиблар билан адаштирмасликлари зарур! Ҳозирда концертда маълум бир фоиз жонли куйлансин, деган ҳеч қандай бир қоида йўқ! Фақат, амалдаги қонунчиликка кўра, баннерга “Тўлиқ жонли ижрода” ёки “фонограммадан фойдаланилади” деб ёзилади. Аммо, бизни ўзимиз, жонли ижрога фонограммада ўтказилаётган концертларни маълум бир қисми жонли ижрода бўлишини ҳоҳлаймиз, ҳамда бу борада юқоридаги ғояни кўриб чиқмоқдамиз! Лекин, ўйлайманки, ҳар бир ижодкорга эркинлик бериш керак, улар билан тушунтириш ишлари олиб бориб, уларни яхши шоир ва бастакорлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиб, уларни жонли ижрога тайёрлаб, рағбатлантириб борсак, тўғри йўл шу бўлади. Рағбатлантиришга келсак, ҳозирги кунда Тўлиқ жонли ижрода ўтказилаётган концертларга “Ўзбекнаво” томонидан имкон даражасида ташкилий ёрдам кўрсатилмоқда, зарур шароитлар яратиб берилмоқда.
-Давлатимиз томонидан санъаткорларга бериладиган мукофотлардан “Ниҳол”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон Халқ артисти” каби унвонларга тавсия этиш, умуман тартиби қандай амалга оширилади? Махсус комиссия тузиладими? Ташаббус қайси ташкилотлардан бўлади?
- “Ўзбекнаво” тизимини оладиган бўлсак, мукофот ва унвонларга тавсия этиш учун, таклифлар “Ўзбекнаво”нинг ҳудудий бошқармаларидан олинади. Бунда албатта, ўша санъаткорларнинг ижоди, халқ хизматида эканлиги, оммавийлиги, ижодий маҳорати, ҳаммаси эътиборга олинади. Бу ишлар ҳар йили март ойидан бошлаб амалга оширилади. Сўнг, олинган таклифлар Кадрлар бўлимида, умумлаштирилади, ҳамда махсус тартибий шаклда, ҳужжатлар тайёрланади, сўнг Катта кенгашга киритилади, ҳамда Кенгаш томонидан маъқуллангач, юқори ташкилотларга тақдим этилади. Юқори ташкилотларда турли соҳа вакилларидан иборат махсус комиссия бор, улар томонидан сараланади.
- Хонандаларнинг лицензия фаолияти муддати тугатилиши, сўнг яна қайта лицензия битими тузилиши борасида, дейлик, Лоланинг лицензияси ҳали қайтарилмаганлиги, турли саволларни келтириб чиқармоқда!
- Лицензия битимини муддатидан аввал бекор қилиниши, лицензия битимидаги талаб ва шартларга асосан, ўша талаб ва шартларни бузганлиги учун, лицензия фаолияти муддатидан аввал тўхтатиладиган бўлса, қайтиб берилиши, яъни лицензия битими яна тузилиши, ўша хонанда ўз айбини тушуниб, ўзининг дунёқараши ва ижодида бир ўзгариш қилишга тайёр бўлганидан сўнг амалга оширилади. Бу борада ҳеч қандай муддат йўқ! Хонанда Лола Йўлдошеванинг лицензияси борасидаги саволларга келсак, бу хонанда ижтимоий тармоқларда турли мазмунда гаплар ёзди, суратлар жойлади. Биринчидан, уни кийиниши ва ҳаёт тарзига ҳеч ким ниманидир ўргатмоқчи бўлаётгани йўқ, қолаверса, бу “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг шахсий ҳоҳиши ҳам эмас! Бундай деб, фикрлашнинг ўзи мантиққа тўғри келмайди! Ҳамманинг хабари бор, ўшанда хонанда Лола Йўлдошеванинг лицензия фаолияти муддатидан аввал тўхтатилганда, интернет тармоғидан фойдаланувчиларнинг ўзлари иккига бўлинди! Ярми хонанда тараф бўлишса, ярми “аксинча, тўғри қилишибди” деб, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тараф бўлишди! Ҳар хил фикрлар ҳам бўлди! Лекин, биз ўйлаймизки, Халқ маънавияти ва ёшлар тарбияси учун ҳам, бу хонандани тартибга чақириш керак эди! Саҳнада, концертда бўлса ҳам, бундай очиқ либосда чиқиш, маънавият ва маданият қоидаларига тўғри келмайди, деб ўйлаймиз. Чунки, унинг бу чиқишини ёшлар кўради ва омма кўз ўнгидаги хонанда бўлганлиги учун ҳам, ёшларнинг унга тақлид қилиш эҳтимоли ортади. Инсон ўзи йўл қўйган камчиликни тан олишни билиши ҳам керак! Ҳаттоки, хорижга борганда ҳам, очиқ кийинганлигини интернет тармоқларида ҳам, кўплар ёзишди. Биз юқоридаги мавзуда бир неча бор йиғилишлар ҳам ўтказдик, ҳозир санъаткорларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси, ёшларнинг тарбиясига ва ижтимоий шаклланишига кўп таъсир кўрсатаётганлиги сир эмас! Чунки, айрим санъаткорлар томонидан қимматбаҳо машиналарда, хорижга саёҳатга борганида, ҳашаматли ресторанларда ўтирганлигини ва бошқа нарсаларни кўз-кўз қилиб, интернет тармоғига жойлаш, уларни кузатаётган томошабинларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Негаки, хорижга, шундай ресторанларга боришга ҳамманинг ҳам қурби етмаслиги, бундай суратлар уларнинг ҳаттоки ғашига тегиши ҳам мумкин. Ахир ҳамма ҳам топган маблағини шунга сарф қила олмайди-ку! Яна буни устига очиқ-сочиқ кийимларда чиқилса! Буларни тартибга солиш керак эмасми? Биз, ҳеч қандай таъқиқлов ёки чеклов қўяётганимиз йўқ! Санъаткорлар халқ назаридаги инсонлар! Улар билишлари керак, уларнинг шу юришлари, мавқелари халқ ортиданми, демак, халқнинг ғашига тегмасликлари керак, деб ўйлаймиз. Чунки, одамлар ҳам, “хонандаларни тўйга чақирсак, фалон пул сўрашади? Қаранг, қандай машиналарда юриб, қандай жойларда ўтиришибди? Булар жуда ўзларидан кетиб қолишяпти!” дейишмоқда! Биз шундоқ ҳам хонандаларни тушунишга ҳаракат қиляпмиз, ижод аҳли, ўзларини кўрсатишлари керак, топган маблағининг ҳаммаси ўзига кетмайди, ижод қилади, ижодига, қўшиқларга, клипларга сарфлашади, деймиз. Лекин, шунда улар, кенг оммага мана бундай очиқ-сочиқ кўринишда, ҳар хил гаплар билан чиқиб туришса? Буни “шахсий иш” деб, таъкидлашса? Биз бу борада йиғилишлар ўтказдик, санъаткорларга халқ кўз олдидаги инсон эканликларини, ёшларга ўрнак бўлишлари кераклигини, тушунтиряпмиз. Лекин, бу дегани, “Ўзбекнаво” уларни шахсий ишларига аралашяпти, дегани эмас! Улар халқ назаридаги инсон эканликларини, ёшлар улардан ибрат олишини ҳисобга олиб, шунга муносиб бўлишлари керак! Ахир эртага ёшлар уларга эргашишяпти, улардан ибрат олишяпти, уларга ўхшашни ҳоҳлашяпти! Биз шунинг учун ҳам, санъаткорларга фақат меъёрни билинглар, деб эслатяпмиз! Буни кимлардир ўз рейтингини ошириш учун, бошқача талқин этишлари шарт эмас, деб ўйлайман. Чунки, бу назорат эмас! Хонанда Лола Йўлдошеванинг лицензиясига келсак, унга лицензияси қайтариб берилса, эртага “қўрққанидан қайтаришди” ёки “барибир қайтариб беришар экан” деб, яна меъёрдан ошмаслигига ким кафолат беради? Лицензияси қайтарилган хонандалар, ўз ишларидан тўғри хулоса чиқариб, ижодларини давом эттиришмоқда! Интернет тармоғида хонандаларни ўзларини тутишлари борасида ҳам Лицензия битимига тартиб-қоидалар киритилган, уларни интернетда ҳам анча томошабинлар кўришади. Бу ёқда Телевидениега эътибор қаратсагу, бу ёқда улар интернетда бемалол менталитетимизга хос бўлмаган суратлар жойлаб юришса? Ахир ҳозирги глобал даврда интернетдаги маълумотлар, ёшлар ўртасида тезроқ тарқалиши ҳеч кимга сир эмас! Инсон ҳам, ижодкор ҳам, яхши тарафга ўзгариши учун, авваламбор, ўз фикрларини, дунёқарашини яхши тарафга ўзгартириши, қайси халқ, қайси миллат фарзанди бўлса, шу халқнинг маънавияти ва маданиятини ҳурмат қилган ҳолда, уни эъзозлаётган шу халққа муносиб фарзанд бўлиши керак, деб ўйлайман!
- “Ўзбекнаво” томонидан ўтказилаётган йиғилишлар, негадир хонандалар борасида тор доирада бўлиб қолаётгандек? Чунки, йиғилишларда ҳар сафар фақатгина бир неча намунали санъаткорлар иштирок этишмоқда! Бу эса, одамларда, “ахир Ўзбекистонда қанча кўп санъаткорлар бор-ку” деган фикрлар келиб чиқишига ҳам сабаб бўлди!
- Тўғри санъаткорлар кўп! Биз фақат намунавий санъаткорларни таклиф этаётганлигимиз, қолганлар ҳам шунга интилсин, шулар каби намунавий бўлсин, булардан ибрат олсин, деган мазмунда бўлмоқда! Кейин, менталитетимизда ўзига хос андиша бор. Қандай қилиб, танқид қилинаётган санъаткорни олиб келиб қўйиб, кўпчилик олдида, уни аёвсиз танқид қиласиз? Ахир биринчи навбатда, бу ўша санъаткорни руҳан синишига сабаб бўлади-ку! У балки, ўша қўшиқни продюсери, администратори тавсияси билан куйлагандир? Ёки, ўша клипни клипмейкер тавсиясига кўра, ўйламай суратга олгандир? Танқидлардан пушаймон бўлиб, хулоса ҳам чиқаргандир? Шундай вақтда уни олиб келиб, кенг жамоатчилик олдида яна танқид қилинса? Аммо, тартибга чақирилиши керак! Бу борада биз бошқача бир йўл тутмоқдамиз! Ўша саёз қўшиқ ёки клип чиқарган хонанданинг ўзини алоҳида чақиртириб, матбуот ходимларисиз, ёши катта, ибратли, бир неча устоз санъаткорлар билан кичик суҳбат ўтказиб, тартибга чақиряпмиз! Натижада хонанда ўз хатосини тушуниб, устозлардан насиҳат ва керакли маслаҳатлар олиб, ўзига тўғри хулоса чиқармоқда! Нафақат санъаткорнинг, балки ҳар қандай инсоннинг ҳам кўнгли нозик бўлади! Ўз хатосидан пушаймон бўлиб турган вақтда, яна уни чақириб, кенг жамоатчилик ёнида танқид қилинса, руҳан тушкунликка тушиши, ҳаттоки ижоддан воз кечиб юбориши ҳам мумкин! Агар у истеъдодли хонанда бўлса, атрофидагиларнинг талаби ёки таклифи билан шундай хатога йўл қўйган бўлса, унга яна имконият бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш керак, деб ўйлайман. Йиғилишларда кўпинча баъзи санъаткорларни кўп иштирок этишига келсак, улардан бир нечаси Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши аъзолари, яна бир нечаси Бадиий кенгаш аъзоси, шунинг учун ҳам улар йиғилишларда иштирок этишади! Чунки, улар йиғилишларда кўтарилган мавзулардан, фикрлардан хабардор бўлишлари керак!
- Хонанда Жасур Умиров ва унинг администраторининг сурати тарқалган эди. Бу борада кўпчиликда, “бунга нисбатан чора кўрилдими?”, деган савол туғилди.
- Албатта! Хонанда “Ўзбекнаво”га чақиртирилиб, тушунтириш хати олинди! Огоҳлантирилди! Агар яна бир марта шундай ҳолат содир этса, лицензия фаолияти муддатидан аввал тўхтатилиши мумкин.
- Давлат тадбирларида намунали, эл севган санъаткорлар иштирок этишади. Бу яхши, албатта. Аммо, негадир эстрада йўналишида ижод қилаётган ёрқин хонандалар камроқ кўринаётгандек... Масалан, Шахзода, Райҳон, Шохруххон, дегандек...
- Энди Давлат тадбирларининг ўз формати бор. Эътибор берсангиз, масалан, нега баъзи телеканаллар Мақом йўналишидаги концерт дастурларини намойиш этишмайди? Чунки, “ўз форматимиз бор” дейишади. Давлат тадбирларида ҳам формат бор, биринчи дастурлар лойиҳаси “Ўзбекнаво” томонидан тайёрланади. Унга эстрада йўналишида ижод қилаётган хонандалар ҳам киритилади. Тайёргарликлар давомида, қўшиғи концерт дастурига мос тушмагани учун, дастурдан чиқиб кетади. Одатда барча хонандалардан янги қўшиқлар сўралади. Бастакорлар, шоирлар, ҳамда санъаткорлар иштирокида йиғилишлар қилиб, “Қачон ҳамкорликда ишлайсизлар? Қачон яхши қўшиқлар бўлади?” мавзусида ҳам суҳбатлашдик. Чунки, яхши қўшиқлар бўлса, албатта тадбирларда иштирок этиш мумкин. Лекин, хонандалар “Ўзбекнаво” таклифи ва тавсияси билан дастурларга киритилиб, қўшиғи дастурга мос келмай қолиб, чиқиб кетиб қолишади. Ўзининг муаллифлик қўшиғи йўқ, эски қўшиқни қайта ишлаган, ёки қўшиқ мазмуни дастурга мос келмай қолади. Ҳаммаси яхши қўшиққа келиб тақалади. Кўпчилик, тўйбоп қўшиқ яратишга ҳаракат қилади. Агар яхши Ватан ҳақида қўшиқлар яратса, бемалол дастурларда иштирок этиш мумкин. Ахир Давлат тадбирларини бутун дунё кўради! Давлат тадбирлари бу, Давлатнинг юзи ҳисобланади! Шунинг учун ҳам, уни ўзига яраша талаблари бор ва буни тўғри тушуниш керак! 2 та қўшиғи оммалашиб, 10 та томошабин қарсак чалса, Давлат тадбирига чиқиши керак, дегани эмас!
- Ҳозирда кўпчиликни бир савол қизиқтирмоқда. “Миллион” жамоасининг лицензияси қайтариладими?
- Уларнинг лицензия фаолияти муддатидан аввал тўхтатилган, бунинг сабаблари борасида матбуотда кўп бор маълум қилинди. “Миллион” жамоаси бизга мурожаат қилиб, ижодида қандайдир ўзгариш ҳам қилиши керак. Балки, ҳозир уларнинг ижодида ҳозир тўхташ бўлдимикан? Агар ёзма равишда бизга мурожаат қилишса, аризаси Бадиий кенгашга киритилади ва кўриб чиқилади. Бундан ташқари, ижод борасида ҳам изланиш керак, кўчада кўрган ҳазил-ҳузуллар билан ижод бўлиб кетавермайди.
- Хонанда концерт бериши учун қачондан рухсатнома олиши ва қачондан бошлаб концерт кунларини эълон қилиши мумкин?
- Реклама ва тижорат йўналишидаги концерт, ҳамда тадбирларга рухсатнома берилиши учун, ўша концерт белгиламоқчи бўлган кунидан, энг камида 30 кун аввал ариза берган бўлиши керак. Одатда, хонандалар 2-3 ой олдин ариза беришади. Сўнг, рухсатнома олингач, реклама баннери ишлаб чиқилади. У ҳам тасдиқдан ўтиши керак. Сўнг, реклама қилиши, кунини аниқ айтиши мумкин бўлади. Рухсатнома олмай туриб, концерт кунларини эълон қилиш мумкин эмас! Биринчи бўлиб, ўша концерт ўтказмоқчи бўлган “Истиқлол”, ёки “Туркистон” саройиданми, бўш кунларни аниқлаши керак бўлади. Сўнг, ўша кунига концерт режалаштириб, бизга ариза билан мурожаат қилади. Концерт сценарийси кўриб чиқилиб, рухсатнома берилади ёки рухсатнома бериш рад этилади. Ҳокимиятга ҳам ариза бериш керак, ҳокимият томонидан оммавий тадбир учун рухсат олинади, Ички ишлар идоралари томонидан эса, хавфсизлик масалаларини ҳам ҳал қилиш керак бўлади.
“Эътироф 2015” тақдирлаш маросими ҳақидаги саволлар:
-“Эътироф 2015” тақдирлаш маросими ғолиблари қай тартибда ва нимага асосланиб сараланди ва ғолиб қандай аниқланди? Нима асосда мукофотланди? Чунки, ғолиблар тақдирлаш маросими учун кутилмаганда, ҳеч кимга маълум қилинмай эълон қилинганлиги, кўплаб саволларга сабаб бўлди!
-Номинациялар бўйича номзодлар соҳаларга бўлган ташкилотлар томонида берилади. “Эътироф-2015” тақдирлаш маросимига тайёргалик кўриш ва уни ўтказиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси йиғилиш баёнида ҳар бир тегишли ташкилотларга номинациялар бўйича 5 нафардан номзод бериш белгиланган. Масалан, кино актерлари бўйича “Ўзбеккино”дан, театр актерлари бўйича “Ўзбектеатр”дан, эстрада хонандалари бўйича “Ўзбекнаво”дан, рассом ва ҳайкалтарошлар бўйича Бадиий академиядан, спортчилар бўйича Cпорт федерацияларидан;
Номзод танлашда албатта унинг йил давомидаги фаолияти, эришган ютуқларига аҳамият қаратилади.
Ҳар бир номинация бўйича ҳамма номзодларни томошабинларга таништирмасликнинг асосий сабаби, ўтган йилларда тақдирлаш маросими 4-5 соатга чўзилиб, томошабинларни толиқтиргани ва уларнинг эътирозидир. “Эътироф-2015” тақдирлаш маросимини тайёрлашда унинг ўртача 2 соатда давом этиши бўйича, режиссёрлар гуруҳи томонидан таклиф этилган ечимдир.
- Мазкур мукофотга нима учун бу йил асосан ёшлар сазовор бўлишди? Улардан айримларининг ўтган йиллар давомидаги меҳнатлари самараси, унчалик ўзга ташланмаганлари ҳам бор. Ахир улардан кўра, ўтган йил давомида кўп ва самарали ижод қилган, бошқа хонандалар, санъаткорлар ҳам бор эдилар-ку, деган саволлар томошабинлар томонидан жуда кўп бўлди!
- Хабарингиз бор, анъана тарзида халқ эъзозидаги устоз санъаткорлар ва марҳум санъаткорларга ҳам, эъзоз билдириб, "Эътироф” мукофотини уларнинг яқинларига тақдим этмоқдалар. “Эътироф-2015” тақдирлаш маросимида ҳам, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳамроқулов ва Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Нуриддин Ҳайдаровга ҳам эъзоз билдирилди. Ёшларга берилаётган эътибор эса, уларга билдирилаётган ишонч, деб биламан. Албатта тақдирлаш борки, ҳамманинг кўнглини олиб бўлмайди. Бу менинг шахсий фикрим.
- 2015 йилда номинацияга қўйилган номзодлар ҳеч қаерда эълон қилинмади ва улар овозга ҳам қўйилмади! Овоз бериш амалга оширилмади! Буларнинг сабаби?
- “Эътироф-2015” мукофоти тақдимотини ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёнига кўра Ижодий гуруҳ шакллантирилган. Ушбу Ижодий гуруҳга ҳар бир йўналиш бўйича 6-7 нафардан соҳа мутахассислари ва намоёндалари киритилган. Номзодларга кенг жамоатчилик томонидан овоз бериш ташкил этилмаганини қандайдир ғараз ниятда амалга оширилган деб ўйламасликни сўрардим. Тадбирни ташкил этиш муддати қисқа бўлганлиги сабабли ғолибларни аниқлаш Ижодий гуруҳ томонидан амалга оширилди. Ушбу тақдимотни ўтказиш йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда, ўйлайманки келажакда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда номзодларга овоз бериш ҳам йўлга қўйилади.
- Ғолибларни аниқлаш учун комиссия тузилдими? Тузилган бўлса, комиссия аъзолари кимлар бўлишди?
Юқорида айтиб ўтганимдек “Эътироф-2015” мукофоти тақдимотини ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёнига кўра, Ижодий гуруҳ шакллантирилган. Ушбу Ижодий гуруҳга ҳар бир йўналиш бўйича 6-7 нафардан устозлар, соҳа мутахассислари ва намоёндалари киритилган.
- “Эътироф” мукофоти, аввал ғолиб бўлган ижодкорга, келгуси йил яна қайта берилиши мумкинми? Ёки бу борада чекловлар бўлдими?
“Эътироф” мукофоти Низомига кўра, ушбу мукофот бир маротаба тақдим этилади. Аввал “Эътироф” мукофотига сазовор бўлганлар кейинчалик қайта ушбу мукофот учун номзод этиб киритилишига йўл қўйилмайди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
"Тасвир" газетасида чоп этилган