FATTOHHON.COM
« Все новости
"ЯГОНАМ" ФИЛЬМИ ПРЕМЬЕРАСИДАН! 09.02.2013 11:55

9 февраль куни “Алишер Навоий” собиқ Панорама кинотеатрида режиссёр Музаффар Эркиновнинг “Ягонам” фильми премьераси бўлиб ўтди.


Премьера олдидан, кинотеатрлардаги анъанага кўра, ўзига хос кичик мини концерт ўтказилиб, унда хонанда Шароф Муқимов, ёш хонанда Фарангиз фильм саундтрекини ва яна бир ёш хонанда йигит ўз қўшиқларини тақдим қилишди.

Шароф Муқимов дўсти режиссёр Музаффар Эркиновни янги фильм премьераси билан табриклади.

Премьерани радио ва телебошловчи журналист Акмал Мирзо олиб борди.

Киноижодкорлар саҳнага таклиф қилиндилар ва ижодкорларни фильм режиссёри Музаффар Эркинов таништирди.

Фильмда бош ролларни актёр Адиз Ражабов, актриса Зарина Низомиддинова ва янги чеҳра, дебютант Содиқ Рустамов ижро қилишган.

Шунингдек, фильмда Матёқуб Матчонов, Маҳфуза Боботиллаева, Муҳаммадисо Абдулхаировлар ҳам турли образдаги ролларни ижро қилишган.

Ҳайрон қоларли тарафи, Адиз Ражабов ва Содиқ Рустамов фильм премьерасига бир хил ранг ва фасондаги костюм-шим кийиб келганликларидир. Ҳаттоки, кўйлаккача бир хил.

Улардан бу ҳақида сўраганимизда, бир-бирларининг қандай кийинишидан мутлақо бехабар бўлганликларини, кийимларни бир хил бўлиши, бу ҳақиқий тасодиф эканлигини билдиришди.
Фильм намойиши бошланди.
Фильм мелодрама жанрида суратга олинган.

Фильмнинг ютуқларидан бири, бу ундаги актёрлар гуруҳининг тўғри танланганлиги. Яъни, Адиз Ражабов ва Зарина Низомиддинованинг ўз ролларини ишонарли ижро қилганликларидир.

Айниқса, Адиз Ражабов салбий қаҳрамон ролини маромига етказган. Фильмда яна бир асосий қаҳрамонни дебютант Содиқ Рустамов ижро қилган бўлиб, буни муваффақиятли дебют дейиш мумкин.

Чунки, ёш актёрнинг ижоди профессионал актёрлар ижроси орасида йўқолиб кетмаган, аксинча у ўз маҳорати билан уларга тенглашишга ҳаракат қилган.
Фильмда болалар уйи мавзуси, ҳақиқий дўстлик мавзуларини кўрсатишга уриниш бор. Лекин, афсуски нима учундир, фильм “инсон ҳаётда бадавлат бўлсагина ўз севгисига ҳам, мақсаду орзуларига ишонади” деган ғояни илгари сургандек, назаримизда. Масалан, фильм қаҳрамони болалар уйи тарбияланувчиси бўлган йигит, ямоқчи ва камбағалик вақтида, қизнинг отаси қизи унга турмушга чиқишига қатъиян қарши эди! Лекин, орадан вақт ўтиб, ямоқчи йигит, тадбиркор дўсти туфайли бойиб кетиб, ресторан эгаси бўлгач, у ҳеч иккиланмай йигитни қабул қилади, қизини ҳам кечиради. Йигит, бадавлат бўлиб кета олгани учун ҳам, имконияти бўлиб, қизнинг курсдошларини йиғиб, шу орқали қизни яна қайта топа олади. Фильмда, дўстликдан ҳам кўра, “бой бўлсанг мақсадингга етасан”, “бой инсон ҳамма орзусига эришади” деган ғоя, асосий планга олиб чиқилгандек, таассурот уйғотган, назаримизда.
Шунингдек, фильмдаги Адиз Ражабов қаҳрамони, ўз рақибини дўстларига урдириш эпизоди, “Телба”, “Қалбим ўғриси”, “Ромео ва Жульетта” фильмларини эслатади. Ўша ҳолат, яъни, ҳаттоки ёмғир ёғиб турганлиги, тун, йигитларни олиб келиб урдириш, ҳаммаси, айнан ўхшашдек...
Фильм финали эса, ҳинд бадиий фильмларини эслатади, назаримизда. Уйдан чиқиб кетган қизни 3 йил ўтгач, бадавлат йигит билан кўриб кечирган қаттиққўл отани, шунча йил давомида қизини излаб кўриш, ҳаттоки хаёлига ҳам келмадимикан? Ёки бунга қизни асраб олганликлари сабабми? Ўз қизи бўлганида тезда излаб топишармиди?
Фильм ниҳоясида ҳинд фильмларидек, фильмнинг ҳамма қаҳрамонлари йиғилганликлари ва бахтли жуфтликнинг муҳаббати ғалаба қозонганлигидан мамнунликларини ифода этилиши ҳам, назаримизда, ҳинд фильмларига хос бўлган хусусият. Фильм монтаж камчиликларидан ҳам ҳоли эмас, имконият бўлмаганми, ёки рухсат берилмаганми, аэрапорт эпизоди монтаж қилинган ва бу монтаж эканлиги аниқ билиниб турибди...
Ҳар қандай фильм тақдирини томошабинлар ҳал қиладилар. Лекин, профессионал ижодкорлар фильм суратга олганда, балки шу жиҳатларини ҳам ўйлаб кўрсалар, мақсадга мувофиқ бўларди, деган фикрдамиз.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
ПРЕМЬЕРАДАН ВИДЕО ВА ФОТОЛАР:
1. ШАРОФ МУҚИМОВ
КЎРИШ ВА КЎЧИРИБ ОЛИШ УЧУН!
2. ФИЛЬМ САУНДТРЕКИ ЁШ ХОНАНДА ФАРАНГИЗ ИЖРОСИДА
КЎРИШ ВА КЎЧИРИБ ОЛИШ УЧУН!
ФОТО: