FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаева ва синглиси Гули Асалхўжаева 19,20,21 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида “Ёнима бўлишингиз бахт менга”, деб номланган янги концерт дастурини ҳавола этишмоқда. Ҳозирда концертга тайёргарликлар авжида! Мавлуда Асалхўжаева “Қайнона ва келин” сериалида бош ролни ижро қилмоқда. Ҳозирда ижодий янгиликлар билан банд бўлган опа-сингиллар “Диллашув” саҳифасида!
- Шунча йилдан сўнг, концерт бериш фикри қандай юзага келди?
Мавлуда Асалхўжаева:- Мен ўзи 2-3 йилдан буён концерт бераман, деб юргандим. Лекин, кутилмаганда онам вафот этдилар. Кейин эса, вақт ўтиб, ўтган йили кузда концерт бериш ниятида эдик. Аммо, бироз улгура олмадик ва эндиликда, ният холис экан, баҳорда концерт беряпмиз!
- Нима учун опа-сингил бирга концерт беряпсизлар?
- Ўзи Гули (Гулбаҳор) яккахон концерт бериш ниятида эди. Лекин, мен биргаликда концерт беришни таклиф қилдим. Чунки, мухлисларга биргаликда қизиқарлироқ бўлади, деган фикрдаман. Биргаликда концерт бериш ғояси, мендан чиқди!
- Биргаликдаги концерт бўлгандан кейин албатта, дастурнинг қандай бўлиши, ҳамда дастур давомидаги сизларнинг чиқишларингиз томошабинларни қизиқтиради.
- Албатта, дастур бир бўлса ҳам, мен алоҳида, Гули алоҳида чиқади! Икковимизнинг ҳам тайёрлаган янги қўшиқларимиз бор! Концерт дастури ҳам ўзига хос, чўзилиб ҳам кетмайди. Ўша белгиланган вақтида икковимиз ҳам, ўз қўшиқларимизни ижро қилиб бўлишга улгурамиз. Қўшиқларимиз жуда ҳам кўп бўлгани учун ҳам, саралаб олиб, мухлисларга ёқадиганларини куйлаймиз! Концерт режиссёри Фарҳод Бадалов. Продюсер Даврон Соипов.
- Концертнинг ўзи бошқа концертлардан қайси жиҳатлари билан фарқланади, деб ўйлайсиз?
- Энди мени аввалги концертимдан анча вақт ўтган, шунинг учун ҳам, анча катта фарқи бор, албатта. Чунки, олдинги вақтда ундай декорациялар йўқ эди. Ҳозир эса, янгиликлар катта! Энди, албатта, фарқларни мухлисларнинг ўзлари концертга тушганда, ўзлари кўришади! Тайёргарликлар ҳам катта бўлмоқда! Қўшиқларда ҳам, ўзгаришлар катта! Масалан, дуэтлардан Манзура билан учинчи дуэтимизни ижро қиламиз! Хуллас, сюрпризлар кўп!
- Ижтимоий тармоқлар орқали ҳам, “нима учун концерт жонли ижрода эмас”, деган саволлар ҳам келиб чиқмоқда!
- Мен ўзим ҳам “жонли ижро қилсак яхши бўларди” дегандим. Чунки, жонли ижрода ўзингиз ҳам, бемалол, маза қилиб қўшиқ айта оласиз! Аммо, бир-икки жонли ижрода берилган концертларга ҳам тушдим, тинглаб кўрсам, жуда ҳам шовқин, овоз ҳам бир эшитилиб, бир эшитилмаётгандек... Одамларнинг қулоғи ҳам фонограммага ўрганиб қолганми, билмадим, “бунча шовқин? Қўшиқ айтолмаяпти!” ҳам дейишяпти. Жонли ижро учун овоз аппаратуралари овозни тингловчиларга чиройли етказиб бериши керак! Баъзи ҳолларда шуни етказиб бера олишмаяпти-да. Баъзида, овозингизнинг баланд-пастлигини ҳам тўғрилаб бера олмайди! Овозни яхши етказиб берадиган, овоз созлайдиганлар йўқ! Улар фонограмма қўйишга ўрганиб қолишган! Аммо, барибир концертда бир неча қўшиқлар жонли ижрода бўлади! Лекин, мен учун жонли ижрода куйлаш осонроқ! Чунки, фонограммада куйлаганингизда, битта айтганингиз қолади. Аммо, жонли ижрода, образга кирасизми, кейинги сафар овозингиз янада бошқача чиқади! Қўшиқларнинг нолаларини ҳам чиройли айта оласиз! Шунинг учун ҳам, мен ўзим доим жонли ижрода куйлашни ҳоҳлардим! Лекин, тинглаб кўрсам, баъзилар жонли ижрода айтганда, оғир қўшиқларда мусиқа ва овоз текис кетяпти, аммо шўх қўшиқларда, шовқин қўшиқни “еб” кетяпти. Мен ўзим шовқинни кўтараман, яхши чиқаётганлигини биламан. Лекин, томошабинлар фонограммага ўрганиб қолганлар, буни эшитишолмаяпти. Масалан, бир жойда бир зўр санъаткор жонли ижрода қўшиқ айтяпти, мен хурсанд бўлиб, “зўр айтяпти” деб, тинглаб ўтирибман! Биттаси бўлса, “опа, шу қўшиғини ёмон ёзиб қўйибдими?” дейди. Мен “ёмон ёзгани йўқ, жонли ижрода айтяпти!” дедим. Кўряпсизми, фарқига бормаяпти! Унга, “фонограмма эмас, ахир жонли-ку!” десам, “ундан кўра фонограмма айтсин!” дейди. “Нега? Жонли ижрода яхши эмасми?” десам, “Шовқин, яхши эшита олмаяпман” дейди. Ҳайрон қолдим, унақалар кўп. Баъзи жойларда жонли ижрода куйласанг, югуриб келиб, “сал шўхроғини, бошқачароғини айтинг” дейди. Мен ўзим кўпинча, минус устига, яъни мусиқа устига куйлайман! Лекин, шундай пайтда ҳам келиб, “фалон қўшиқни қўйиб беринг!” дейишади. Жонли ижрода куйлаётган бўлсанг ҳам, фонограмма, деб ўйлашяпти! Шунчалик фонограммага ўрганиб қолишган! Жонли ижрони ҳам қаттиқ туриб, талаб қилишмайди!
- Демак, сиз томошабинлар ҳали жонли ижрога бутунлай ўрганмаган ва талаби ҳам йўқ, демоқчисиз?
- Бизни тушунганлар, жонли ижрони тушунганлар “жонли ижрода куйланг” дейишади. Баъзилар эса, “йўқ, фонограммани қўйиб бераверинг” дейишади. Кўпинча, аввалги севимли қўшиқларингизни айтиб беринг, дейишади. Айтиб бераман! Ҳаттоки, янги концерт дастуримга ҳам “севимли аввалги қўшиқларингиздан қўшинг, улар бизга ёшлигимизни эслатади” дейишмоқда. 1991 йилда куйлаган қўшиқларимдан бир нечасини попурри қилиб куйлаяпман. Уларни неча йил аввал куйлаган бўлсам ҳам, бирор сўзи ёддан чиқмаган! Томошабинлар сўрашса, бемалол жонли ижрода куйлаб бераман! Лекин, агар овоз томошабинларга яхши етказиб берилса, ҳамма ҳам жонли ижрода куйлаш тарафдори! Ўзи фонограммани ёздиришга, маблағ ва вақт кетади! Ундан кўра, шартта созандаларни йиғиб, жонли ижрода куйлагани яхши эмасми?!
- Лекин, бошқа ҳамкасбларингиз аксинча, жонли ижрода куйлашга кўпроқ маблағ кетади, дейишади-ку! Бир ой аввал созандалар билан бирга репетицияни бошлаш керак, уларга маблағ тўлаш керак, дейишади.
- Уларни бирга ишлайдиган, ишончли созандалари бўлмаса керак. Лекин, бизда жонли ижрода куйласак, арзонроққа тушади! Энди, яна бир жиҳати ҳам бор, биз кўп йиллардан бери ижод қилиб келаётган санъаткор бўлганлигимиз учун ҳам, халқимиз бизга ўрганганлиги учун ҳам, саҳнадаги ҳаяжон унчалик эмас. Аммо, янги чиққан, ҳали ўрганмаганларни саҳнада кучли ҳаяжон босади-да, овоз чиқмай қолади! Кейин эса, “фальш” кетади! Қалтираб, битта қўшиқни ҳам айтолмайди! Қўшиқ ҳам яхши чиқмайди! Бизда ундай эмас, ўрганганмиз! Баъзилар эса, ҳаттоки “фальш” айтаётганлигини ҳам билмайди, айтиб кетаверади. Жонли ижрода айтяпман, овозим зўр чиқяпти, деб ўйлайди. Ундайлар айтолмайди. Менга эса, жонли ижрода куйлаш қийин эмас! Масалан, Гулсанам Мамазоитованинг жонли ижроси яхши! Бемалол айтади!
- Аммо, сиз аппаратура, овоз яхши етказиб берилмаслигини айтяпсиз. Аммо, бошқа ҳамкасбларингиз жонли ижрода концерт беришяпти-ку!
- Гулсанамнинг концертига борганман, яхши чиқади! Барабан, бошқа чолғу асбобларини овозларини кейинчалик ТВга чиройли қилиб етказиб берадими, улар ҳам яхши чиқади. Аммо баъзи бир бошқаларникида, билмадим, телеэкран орқали кўраётганда яхши чиқмаётгандек туюлади. Аслида, концерт зўр бўлган бўлади! Агар ҳаммада ҳам шундай бўлганда эди, билинмасди. Агар ҳамма жонли ижрода концерт берса эди, ҳаммада шундай деб, бирдек қабул қилишарди. Бирида жонли ижро, бирида фонограмма, натижада фарқини ажрата олишмаяпти! Тўғри, жонли ижродаги концертни ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор, ойлаб репетиция қилинади! Ўша куни касал бўлиб қолса, овози чиқмай қолиши мумкин. Биз ҳам жонли ижрода куйлаганимизда, шамоллаб, овозимиз бўғилиб қолган вақтлар ҳам бўлган. Энди, бу концертимизда, агар эртага жонли куйласам, овоз аппаратурада яхши чиқмай қолса, деган маънода фонограммадан фойдаланилмоқда. Бўлмаса, мен ҳамма қўшиқни жонли ижрода куйламоқчи эдим! Мен танловда қатнашаётганим йўқ-ку! Севимли мухлисларимга концерт беряпман, маза қилиб, улар учун куйламоқчиман! Яна бир тарафи ҳам бор, агар сиз жонли ижрода куйлаётганингизда бу ёқда мусиқачиларингиз яхши чиқариб бера олишмаса, сиз эшитмасангиз, фальш айтишингиз мумкин! Чунки, ҳеч нарсани эшитмайсиз. Хорижда бунинг учун хонандалар қулоғига махсус мослама тақиб олишади ва ўзларини, мусиқани эшитишади. Бир сафар шундай ҳолат бўлганди, жонли ижрода куйлаш керак. Саҳнага чиқдим, “Сегоҳ”ни куйлашим керак, қўшиқни бошладим, ҳамки, менга саҳнада ҳеч қандай мусиқа эшитилмаяпти! Узоқдан биттагина доиранинг товуши эшитиляпти! Тарақ-тарақ, қилади холос. Илож йўқ, куйлайвердим, мусиқа йўқ, авжига қандай чиқаман, дейман... Ёнимга қарасам, бир қиз қўшиққа рақс тушяпти, бир кулгим келади, чунки менга ҳеч қандай мусиқа эшитилмаяпти-да! Қолаверса, у қўшиққа рақсга ҳам тушиб бўлмайди! Хуллас, куйладим, фальш айтганим йўқ! Бошқа одам бўлса, балки айтмай, тўхтаб ҳам қоларди... Ташқарига чиқсам, ҳамма “ҳеч нарса эшитаётганимиз йўқ” дейди. Сабаби, аппаратда ўтирган овозни яхши чиқармаган-да! Мусиқа яхши эшитилмаган. Санъаткор яхши куйлаши учун, аппаратлар ҳам яхши бўлиши, овоз ҳам яхши етказиб берилиши керак. Аммо, кейинги концертимни нима бўлишидан қатъий назар тўлиқ жонли ижрода бермоқчиман!
- Оилавий ҳаётда қандай янгиликлар?
- Набираларим кўпайяпти! (кулади) Тўртта эди, бешта бўлди! Ўғлим қизли бўлди. Исмини Марьямхон қўйдик! Ҳозир 3 ойлик бўлди. Энг катта набирам эса, 7 ёш бўлди.
- Фарзандларингиздан санъаткорликни давом эттирадиган давомчингиз бўлмадими?
- Йўқ! Лекин, қизимнинг жуда ҳам овози чиройли! Бошида унга санъаткор бўласанми, деганимда йўқ, деганди. Турмушга чиқди, фарзандли бўлди. Бир-бир ўзи учун қўшиқлар куйлаб, ёзиб қолади. Овози чиройли! Олдин қаерда эдинг, деб қўяман. (кулади) Масалан, бировнинг қўшиғини минусовкага куйлаб беринг, деса, мен қийналишим мумкин, қизим эса, бемалол айтиб, куйлайверади. Лекин, у санъат соҳасини танламади! Бошқа соҳада фаолият олиб бормоқда! Жиддий киришмади!
- Набиралардан- чи? Нима деб ўйлайсиз?
- Уларнинг ҳаммасида овоз ҳам, қизиқиш ҳам бор. Қўшиқлар айтишади. Аммо, катта бўлганида, ким бўлишади, билмайман. Аммо, улар ичида қизимнинг қизи Мадина жуда бошқача, 5 ёшга киряпти, овози ҳам бошқача! Балки, шундан чиқиб қолиши мумкин! (кулади) Набираларим бари ширин! Уларни қўлимга олганимда, жуда хурсанд бўлганман! Шу кунларга етдик, деб шукур қилганман, жуда бошқача бўлганман! Неварали бўлгач, одам бошқача бўлар экан! Кечаси билан ўйлайдиган бўлиб қолар экансиз, бирор жойларга борсангиз ҳам, фақатт набираларга нарса олишн бошлар экансиз!
- Санъаткорнинг бахти нимада, деб ўйлайсиз?
- Биринчи навбатда мухлисларга эга бўлса, мухлислари уни ҳурмат қилишса! Ҳамма санъатини уларга етказиб берса! Оиласи соғ-саломат ва яхши бўлса! Мен ўзим, кимдир ижодимнинг қадрига етса, дейман. Санъаткорнинг ижодини қадрига етишса, бахтли бўлади, деб ўйлайман!
- Концерт олди ҳаяжондан ташқари, нимани ҳис қиляпсиз?
- Мухлисларимни тезроқ кўришни кутяпман!
- Сиз учун саҳна қадри?
- Саҳна бу катта даргоҳ! Шунча йил концерт қўймадим, концертга тушганимда йиғлагим келарди. Санъаткор саҳнани жуда ҳам соғинади! Тўй, байрамлар, улар умуман бошқа нарса! Катта саҳна, умуман, бошқа нарса! Санъаткор учун, у энг орзу қилган нарсаси! Саҳнада қандай санъаткор эканлигингизни бу ёқда ўтирган мухлислар билади. Саҳна санъаткор учун энг қадрли ва қадрдон даргоҳ!
- Ўзингизни кучли аёл, деб биласизми? Ёки аёлнинг кучи ожизлигидами?
- Мен аёл кишининг кучи онгида, оилани олиб кетишда катта роль ўйнайди, деб ҳисоблайман. Бу билан аёл оилада эридан кучли бўлиши керак, демоқчи эмасман. Аёл киши ҳамма нарсага қодир бўлиши керак, ўз оиласини маҳкам ушлаши, садоқатли, умр йўлдошига вафодор бўлиши керак, деб ўйлайман. Оилага енгил қараши керак эмас. Масалан, мен кўп нарсани тўғри тушунаман ва енга оламан. Тўғри гап бўлса, ўз тўғрилигимни билдираман. Заиф, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган бўлишни ҳоҳламайман. Баъзилар, уйда ўтиради, ишламайди, болага қарайди, барибир бўш вақти бўлиши табиий. Ҳозир ҳамма нарса бор, уйда ҳам тикишини, бирор нарса пиширишни ўрганиш мумкин. Бу эса, инсоннинг ўзига ишонч бағишлайди. Мен ўзим ҳам ҳамма нарсага ҳаракат қиламан ва ҳар тарафлама кучсиз бўлиб қолишни ҳоҳламайман.
- Қўшиқ ва клипларда асосан, нимага эътибор қаратасиз?
- Ҳозирда сюжет клиплардан ҳам кўра, кўпроқ трекли клипларга эътибор қаратяпман. Кўпроқ миллий либосларимизда чиқишга ҳаракат қиламан. Ҳозирда негадир бир хилроқ сюжетли клиплар кўпайиб кетган. Бир хил воқеа айланиб чиқиб келаверади. Аммо, трекли клиплар ҳам бир хиллашиб кетаётгандек. Лекин, осонроқ туюляптими, чиройлироқ чиқяптими, трекли клиплар кўп олиняпти. Билмадим, замонга қараб-да...
- Ижро қилаётган қўшиқларингизга танқидий назар билан қарайсизми?
- Кўпига танқидий назар билан қарайман. Баъзида, мен ҳоҳлаган нарса чиқмайди. Аммо, томошабинларга ҳавола этаман, чунки жуда кўпчиликдан сўрайман. Менга ёқмаган нарса уларга ёқади ва мақташади. Ўзимнинг ёқтирган қўшиқларим эса, буни кейинроқ қиламан, деб қолиб кетади. Кўпроқ бошқалар ёқтирганига қарайман. Ёқмаганини 2-3 марталаб тўғрилатиб келаман. Ёқмаганини эса, афсуски, тўхтатиб қўя олмайман. Ундай қилса бўларди, бундай бўларди, дейман. Кейин, уни худди мен ўйлагандек камчиликларини ёзишади. Демак, мен ўша камчилигини билганман. Ўзим ҳам тўппа-тўғри, деб тан оламан. Бир неча йил аввал бир клипимни олиб бўлишгач, укам, яқинларим билан кўрсак, укам, “опа, столни тепасига чиқдингиз, бу яхшимас” деди. Ие, дедим, бир журналист бор эди, ҳали клипим чиқмасдан мен ҳам шуни унга айтиб қўйибман, у ҳам ҳали клипим чиқмасдан ёзиб юборибди. Клип эса, ҳали йўқ! Мен ўзим айтиб қўйибман. Клипни ўша жойи олиб ташланган, лекин ёзиб бўлинган. Ўзимни хатойимни ўшанда билдим. Узр, хатойимни билдим, сизларга ёқмаган бўлса, тўғрилайман, деб узримни сўрадим.
- Ўз қўшиқларингизни тинглаганда нимани ҳис қиласиз?
- Ўзимга ёқадигани бўлса, тинглайман, оғирроқ бўлса, йиғлаб ҳам оламан! Ота, она тўғрисидаги қўшиқларимни эшитиб кўпроқ йиғлаганман.
- Сизнинг фикрингизча, идеал аёл қандай бўлиши керак?
- Идеал аёл биринчи навбатда, одобли, ибо-ҳаёли бўлиши керак. Ўзига қарашни ҳам, ишини ҳам яхши билиши керак. Энг муҳими ёлғончи бўлиши керак эмас! Ғийбатчилик ва чақимчиликдан жуда йироқ бўлиши керак. Аёл киши ҳам гапига жавоб бера олиши керак. Виждонли ва намунали бўлиши керак. Баъзи катта ёшлиларни кўраман, тор, очиқ кийимларда, бир-бири билан шовқин солиб уришган, уларни кўриб, уялиб кетасан! Одамларга ҳам, босиқ, сипо кийинган, одобли аёллар ёқади. Баъзида жуда калта кўйлак кийган қизларни кўрсам, чақириб айтаман, тушунтираман, жуда бўлмаса, “қоп-қора колготка билан кий, шу кўйлакни, яна мендан хафа бўлмагин”, деб тушунтираман. Биз кабилар айтмаса, уларга ким айтади? Балки, эшитиб, ўзига хулоса чиқарар?
- Ўзингиз ҳақингизда эшитган энг ноўрин миш-миш?
- Ундай нарсаларга кўп эътибор қаратмайман. Аммо, бир гал бундай дейишибди: “Мавлуда Асалхўжаева уйда набираларини боқиб ўтираверса бўларди, овози йўқ унинг! Лабини шиширган!” деб, ёзишибди. (кулади) Мен неччи йилдан буён қўшиқ айтсам, агарда овозим йўқ бўлса, ҳаётда санъаткор бўлмасдим! Лабим эса, туғилганимдан буён шундай кўринишда! Ҳеч қачон шиширмаганман! Табиатан шундай, мен ўзим уни йўқота олмайман. Буни олдин “дўрдоқ лаб” дейишарди, биз эса, ингичка лабни яхши кўрардик. Мен бу лабимни ҳам шиширсам нима бўлади? (кулади) Невараларини боқиб, уйда ўтирсин эмиш, мен ижодни яхши кўраман, ижодсиз яшай олмайман, шунинг учун ҳам, санъаткор бўлганман!
- Бугунги кун санъаткорларига нима етишмайди, деб ўйлайсиз?
- Баъзиларига устоз етишмайди, назаримда. Айримлари устозларнинг гапига қулоқ ҳам солмайди. Айримлари эса, “бошқачароқ устоз”ларнинг гапига қулоқ солади. “Очиқ кийим кийиб, у ёқдан буёққа юрсанг бўлди” деганнинг гапига кириб кетаверади. Овозни ҳар куни репетиция қилиб туриш керак, меҳнат қилиш керак, деган нарсаларни билмайди. Агар бирортасига тўғри насиҳат қилиб айтсанг, “бу қариб қолди, кўра олмасдан гапиряпти” дейди. Баъзилари тўғри тушунади. Лекин, тан олиш керак, ҳозирги санъаткорларга ҳамма шароитлар бор! Катта концерт залларигача, имкониятларгача бор! Илгари, 10 йиллаб, 25 йиллаб ишлаб, кейин саҳнага чиққанлар ҳам бор. Шукурки, Мустақил бўлганимиздан сўнг, ҳамма шароитлар, имкониятлар яратиб берилди! Мени ҳозирги ёшларга ҳавасим келади! Фақат бу имкониятлардан тўғри фойдаланиб, устоз кўриб, меҳнат қилиш керак! Аммо, баъзиларига тан бераман, ижодни жуда яхши олиб боришяпти! Яхши овозли санъаткорлар жуда кўп! Ёшлар эса, яхши қўшиқлар танлаши керак, халқ меҳрини қозониши керак. Халқ билан баравар ёнса ёниб, куйса куйишингиз керак! Кейин, кўча кийимида саҳнага чиқиш керак эмас. Мен кийимларимни ўзим билан олиб олардим. Бир гал бир хонанда “гап кийимда эмас, овозда” деган. Лекин, саҳна маданияти, ҳам бор. Тўғри гап овозда, аммо ташқи кўринишингни ҳам овозингдек чиройли қилиб бориш керак. Ўша ерга чиройли, маданият билан кийиниб келмаганинг, сен тингловчиларни ҳурмат қилмаганинг бўлади. Бу ҳам маданиятга киради. Энг муҳими, халқ, мухлислар меҳрини, ҳурматини қозониш, деб ўйлайман.
- Ўзингизни ҳам шогирдларингиз борми?
- Шогирдликка олишимни сўраб, кўп ёшлар келишади, баъзиларига ўргатганман ҳам. Энди биласизми, ўргатганингни қилмагандан кейин, сен ҳам шу ишни қилгинг келмай қолар экан. Шогирд бўлгандан кейин, ҳаммасини тўплаб ўргатиш керак. Аниқ шогирдим, деб тан олганим йўқ.
- Ҳозир айни вақтда ижодимга нима етишмайди, деб ўйлайсиз?
- Агар ҳозир менга қолса, Москвада Алла Пугачевалар билан ишлайдиган бастакорлар, аранжеровкачилар билан ишлаган бўлардим! Ёки, масалан, Истамбулдаги энг яхши бастакорларнинг қўшиқларини ҳам сотиб олиб айтишим мумкин, қурбим етади, шукур! Аммо, барибир сотиб олиб айтсангиз ҳам, бу ерда “ўғирлаб айтди” дейишади. Мени ижодимга яхши шоир ва бастакорлар етишмаётган эди, аммо ҳозир ҳаммаси бор! Агар бизда ҳам, яхши бастакорлар, аранжеровкачилар кўп бўлса, бизнинг ҳам ижодимиз янада баланд бўлади! Олдин, шоирлар, бастакорлар жуда кам эди, ҳозир анча кўп. Масалан, Аҳад Қаюмнинг ҳам 2 та шеърини қўшиқ қилдим. Секин-секин ўйлаганларимиз амалга ошяпти. Ҳозир мавзу ҳам кўп, қай бирини танлашни ҳам билмай қоласан.
-Ҳеч санъатни тарк этаман, деган фикр бўлмаганми?
- Йўқ, ҳеч қачон! Мен болалигимдан қўшиқ айтганман, дадам раҳматли рухсат бермаган тақдирда ҳам, Педагогика институтига кираман, деб Санъат институтига ўқишга кирганман. Педагогика билим юртини битириб, мактабда дарс берганман. Ҳамма мени ёшлигимни кўриб, 10 синфда ўқийди, дейишарди. (кулади ва жиддийлашиб) Ўзим эса, биринчи синфларни ўқитардим. Концертлар бўлса, биринчи бўлиб кириб, қўшиғимни айтиб олиб, кейин уйга бориб олардим. Агар кеч қолсам, “пед.совет” бўлди, дердим. Шу даражада қўшиқ айтишни, санъатни яхши кўрардим. Хаёлимда фақат санъаткор бўлиш бўлган. Аммо, албатта оиламнинг шаъни, ғурури доим биринчи ўринда эди! Турмуш қуриш ҳақида ўйлаганимда эса, санъатимни давом эттира олишим учун, санъаткорга турмушга чиқаман, мени санъат йўлидалигимга рухсат берсин, деганман. Ниятим холис экан, умр йўлдошим Давлет ҳам санъаткор, қўшиқ айтарди, у мени ҳар томонлама тушунади. Ҳеч қачон уришмаймиз ҳам, санъатни ташлайман, ҳам демаганман.
- Мухлислар фикри сиз учун қанчалик муҳим?
- Мавлуда Асалхўжаевани, Мавлуда Асалхўжаева қилган унинг мухлислари! Менга мухлислар фикри, жуда муҳим. Агар бирор фикрни биттасиданмас, 3-4 тасидан баравар эшитсанг, дарров ўзингни тўғрилаб олишинг керак, деб ўйлайман. Мухлислар сени қанчалик ҳурмат қилишса, сен шунча эгилишинг керак. Тўғри, баъзи жойларда одам кўпайиб кетиши мумкин, аммо доим “расмга тушайлик” деса, мухлисларнинг илтимосини рад этмаганман. Инстаграмда ҳам синглим Гулининг профили бор, унга мухлислар савол ёзишса, мен ҳам синглим орқали жавоб бераман.
- Бу йил “Соғлом она ва соғлом бола” йили. Сиз она сифатида фарзанд тарбиясида энг муҳим жиҳат нима, деб ўйлайсиз?
- Она сифатида фарзандларига ота-она доим яхши муносабатда бўлиши, эътиборли бўлиши керак, деб ўйлайман. Биринчи навбатда, яхши тарбия бериши керак. Она боласини қаерга бораётгани, нима қилаётгани ва кимлар билан дўстлашаётганини аниқ билиши керак. Бу тарафлама тарбияни қаттиқ ушлаш керак. Масалан, мен ўзим қизимни кичиклигида бирор ёққа борса, албатта кимнидир ёнига қўшиб берардим. Доим ўртоқларини суриштирардим. Фарзандингизни ўзгариши уни кимлар билан ўртоқ бўлишга боғлиқ. Назорат, албатта бўлиши керак, деб ўйлайман.
-Характерингизда ўзингизга ёқмаган ва панд берган жиҳат?
- Ишонувчанлигим! Панд берган жиҳати ҳам шу, ҳаммани ўзимдек, деб ўйлайман. Бирор санъаткорни биров менга ёмонласа, ёки бошқалар гапираётганини эшитиб қолсам, дарров жаҳлим чиқади ва “нимага ёмонлаяпсиз?” дейман. Ҳаттоки, ўша инсон чиндан ҳам ёмон бўлса ҳам, мен “ундай инсон эмас” деб, ёнини оламан. Аммо, афсуски, мен ундай эмас, деб бошқалар ёмонлашдан қайтарганларим эса, кейинчалик мени бошқалар билан қўшилиб ёмонлаб гапирганларини ҳам эшитганман. Майли, кейин, яхши бўлади, дейман. Бир одатим ҳам, шарт юзига айтиб қўя қоламан. У ҳам, дарров эмас, 3-4 марта индамайман, кейин ошиб кетса, шартта юзига тўғрисини айтаман. Кўпчилик мени тўғри айтасиз, дейди. Бировга ёмонлигим йўқ, тўғрисўзман. Менда кўролмаслик ҳам йўқ. Ҳамма хонандаларга, “ишла, қўшиқ айт” дейман. Кимдир зўр қўшиқ айтса, ёш бўлса ҳам, ўзига айтаман, “зўр қўшиқ айтибсиз”, деб мақтайман, табриклайман. Нима учун кўролмаслик қилиш керак? Сен ҳам ишла, ютуққа эришасан! Баъзилар эса, куйиб-ёниб, янги қўшиқ чиқара олмай, ортда қолиб юраверади. Ундан кўра, ишлаш керак. Ҳар бир санъаткор ўз овоз йўлини топиши керак. Ўз вақтида биздан олдин келиб, “вақтим йўқ” деб, талашганлар ҳам бўлган, вақт ўтиб, тушунганлар ҳам бўлди. Мен агар мендан ўтган бўлса, кечирим ҳам сўрашим мумкин. Қолаверса, жуда ҳам эътиборлиман, бирор жойда қўшиқ куйлаётсам, одамлар мени нима деб, гапираётганликларини ҳам биламан. Ҳар қаторда ўтирганларини ҳам кўраман. Ҳаттоки, ўйнайдиганларни ҳам, ўйнамайдиганларни ҳам биламан. Менга қандай қарашаётганлигига қараб ҳам қўшиғимни бошлайман. Сал бошқачароқ бўлса, ўша ерга бориб эринмай яхши гапимни гапириб келаман. Туфлиларим машинада туради, бир гал шошиб, сал эгнимдаги либосимга мос бўлмаганини кийган эканман. Қарасам, ўтирган бир неча аёллар, бир менга, бир оёғимга қарашади. (кулиб) Уларга қараб, “Машинада қолиб кетибди” дедим, шу нарсани гапирганлар ҳайрон қолиб, “Қаердан билдингиз?” дейишди! Ўз камчилигимни ўзим ҳам биламан. (самимий кулиб қўяди)
- Бизнес борасида ҳам ўзингизни синаб кўриб “Баҳор 777” кафесини очдингиз.
- Тадбиркорлик ҳам бир санъат, ўзига яраша экан. Уни ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор экан. Ошпаздан тортиб, таомигача танлаш керак экан. Бугун, қийинчиликлар ўтиб кетди! Кўпроқ аёллар келишади, яхши кунларини ўтказишади, уларни хурсанд бўлиб кетишларига эътибор қаратаман. Бу кафени очиб, бир неча инсонларни иш билан ҳам таъминладим. Ҳозирда кафеда иш яхши кетяпти. Хурсандман.
-Шу йиллар давомида санъаткорларга хос бўлган ва хос бўлмаган одатлардан воз кеча олмадингиз?
- Мен бозорларга, магазинларга бориб, либослар, материал харид қилишни яхши кўраман. Ҳозирда камроқ бораман. Чекладиму, аммо воз кеча олмадим. Мухлислар билан гаплашиб ҳам кетавераман. Айни харид қилаётган вақтимда “Сиз Мавлуда Асалхўжаевамисиз?” деса, “ўхшайман” деб қўяман. (кулади) Агар аниқ таниб, ортимдан келишса, “Ҳа, бўпти, ўзимман” деб, гаплашиб кетаман. (ўйланиб) Воз кечганим, (ўйланиб) билмадим, балки фарзандларим кўпроқ бўлармиди? Кўпроқ ижод билан банд бўлиб, кўп фарзанд кўрмагандирман, балки? Шу тарафлама воз кечган бўлишим мумкин.
- Ҳаётда ва ижодда нимадан куч оласиз?
- Албатта, оиламдан! Фарзандлар, қариндошлар, яқинлар, дўстларим қўллаб-қувватлашади!
- Ўз дардингиздан яралган қўшиғингиз борми? Энг кўнглингизга яқини?
- Кўп! (ўйланиб қолади)
- “Қайнона ва келин” сериалига суратга тушиш қандай бўлди? Сериал продюсери ҳам сиз экансиз?
- Менга бу таклифни айтишди, сценарийни беришди. Бошида репетиция қилиб кўрдик, қарасам, ўз характеримга мос жиҳатлари бўлгани учун ҳам, “бўлди, бу ролни ўйнайман ва продюсерлик ҳам қиламан” дедим.
- Ўзингиз ҳаётда қанчалик талабчан қайнонасиз?
- Келинимга унчалик талабчан эмасман! Чунки, мен кўпроқ келинларга раҳмим келадиган қайнонаман. Ўйлаб қарасам, ака-укаларимнинг аёлларига Гули иккаламиз, ҳеч бир қайнсингиллик ҳам қилмаган эканмиз. (кулиб) Онам раҳматли ҳам жуда яхши қайнона эдилар, ҳеч келинларни иш қилсин, демаганлар. Аксинча, ўзлари ҳамма ишни қилиб қўяверардилар, келинлар, “мана бу ишни қилиб қўйибдилару” деб, хижолат бўлиб қолишарди... Жуда яхши аёл эдилар раҳматли... Ҳозир ҳам укаларим рафиқаларига сал қаттиқ гапириб қолишса, мен уларни уришаман! Ҳеч қачон аёлингни дилини оғритма, дейман! Келинлар ноҳақ бўлса ҳам, мен улар тарафидаман! Мени келиним ҳам яхши, ҳаммаси жойида!
- Сериалда нима учун синглингиз Гули Асалхўжаева ҳам иштирок этмаяптилар?
- Сериалда Гулининг ҳам роли бор! Синглим ролини ўйнайди. Кейинги қисмларда қўшилади! Сериал мухлисларимизга ёқса, хурсанд бўламиз! Чунки, ҳамма ҳар хил ўйлаши мумкин, чунки қандай чиқаётганини мухлислар биладилар!
- Концертга сиз қандай янгиликлар киритяпсиз?
Гули Асалхўжаева: - Албатта, янги қўшиқлар! Қолаверса, опамлар билан дуэт ҳам куйлаяпмиз! Кўп дуэт айтганмиз, аммо буниси бошқача! Опа-сингил ёшликни эслаб, вақт ўтган сари, болаликни эслаб, ортга қайтиб қолгингиз келади-ку, шундай, хаёлан болалигингизни эслаб қўясиз. Дуэт шундай ҳаётий қўшиқ! Бу 4-5 йил олдин олинганди, аммо куйлашга ҳеч тўғри келмаганди, унинг яратилиши ва куйланиши шу концертимизга тўғри келган экан! Мухлислар кўнглидан жой оладиган ҳаётий қўшиқлардан бири бўлади, деб ўйлаймиз.
- Кейинчалик, Сиз ҳам ўзингизнинг яккахон концерт дастурингизни беришингиз мумкинми?
- Ўз яккахон концертимга ҳам таклифлар бўлган. 3-4 йилдан буён бўлиб келмоқда. Лекин, опам билан маслаҳатлашган ҳолда, мухлислар учун бошқача қизиқарли бўлади, деб “дуэт концерт” берганимиз, маъқул, деган фикрга келдик! Бундан аввал ҳам, 2008 йил Опам билан “дуэт-концерт” берганмиз! Келгуси йили, алоҳида-алоҳида концерт бериш ниятидамиз!
- Атрофдагиларнинг фикрига қанчалик аҳамият берасиз?
- Фикр билдиришса, агар ижод тарафлама бўлса, тўғри фикр бўлса, инобатга оламан, тўғри қабул қиламан. Ўзим ҳоҳлаганимни қилиб кетавермай, атрофдагиларнинг ҳам фикрини ўйлаб, хулоса қилиб чиқаман.
- Концертда фонограмма бўлса ҳам, опангиз бир неча қўшиқларни жонли ижрода куйламоқчиликларини айтдилар. Сиз-чи?
- Мен ҳам бир неча қўшиқларимни жонли ижрода куйлаш ниятидаман! Жонли ижро муҳим, албатта.
- Санъат йўлида қайси ишни қила олмаган бўлардингиз?
- Саҳна бир покиза жой, аммо, ҳар хил йўллар билан санъатга кириб келиш ҳам бор. Санъатда ҳар доим тўғри йўл билан, ҳаққоний, мухлислар билан саҳнада қандай бўлсангиз, ортида ҳам, шундай бир хил бўлиш тарафдориман. Санъат ортидан, санъатдан фойдаланиб, ҳар хил нотўғри иш қилмаган бўлардим.
- Опангиз билан ҳозирда концертга тайёргарликларингиз авжида! Опа-сингилсизлар, ижод борасида, ҳар хил баҳс, ёки тортишув юзага келмаяптими? Агар шундай бўлса, ким биринчи ён босади?
- Тўғри, опа-сингилларда баҳслар бўлиб туриши мумкин. Аммо, бизда опам катта бўлганликлари учун ҳам, кўнглимга қарайдилар. Биз унчалик тортишмаймиз ҳам. (кулиб) Мен ҳам уларнинг кўнглига қараб, иккимиз ҳам, бир-биримизга меҳр билан муносабатда бўлиб, доим бир-биримизни тўғри тушуниб келамиз. Опам ҳар хил нарсага мен билан тортишмайдилар. “Гули мана бундай қилиш керак” десалар, “хўп” дейман, ён босаман. Ўз опа бўлсалар, (кулиб) ҳеч қачон тортишишга бормаганмиз!
- Ташқи қиёфангиздан мулойим, назокатли, нозик аёлдек таассурот қолдирасиз. Аслида –чи?
- Ҳаётда ҳам, одамларни кўнглини оғритиш ёки бақир-чақир қилишдан узоқроқдаман! Жаҳл қилмайман, яхшилик билан, яхши гаплар билан ҳал қилишга ҳаракат қиламан! Кўринишим қандай бўлса, ҳаётда ҳам шундайман!
- Муваффақият қозониш учун ижодкорга нима керак?
- Ижод қилиш, меҳнат, изланиш керак! Кучли меҳнат қилиш керак!
- Концерт тайёргарликлари билан бир вақтнинг ўзида ҳам, фарзандларга, оилага вақт ажратиш осон бўлмаётган бўлса керак?
- Ҳам концерт, ҳам оила, фарзандлар, албатта, аёл саньаткорга оилали бўлгандан кейин қийинроқ бўлади! Оилани ҳам, санъатни ҳам бирдек олиб кетиш керак! Бунга, мен ўрганиб ҳам кетганман! Икковини тенг олиб бориш керак, деган гапга амал қилишга ҳаракат қиламан! Шундай бўлиши керак, деган гап сингиб кетган! Ўрганиб кетганлигим учунми, ҳозир менга унчалик қийин эмас! Аммо, бошида қийин бўлган, фарзандларга вақт ажратиш, меҳр бериш керак, бироз қийналганман. Лекин, ҳозирда ҳаммасига бемалол вақт топяпман! Озгина бўш вақтим бўлди, дегунча фарзандларимга қараб, улар билан гаплашиб, улар ёқтирган таомларни тайёрлаб беришга ҳаракат қиламан! Ўзи ҳаммасига улгуриш қийин, аммо мен бунга ўрганиб кетганман! Анчадан буён санъатда бўлганим учун, бу менга ҳар кунги одат бўлиб кетган. Санъатда ҳам, оилада ҳам ҳаракатчан ва эпчилроқ бўлиш керак! Ҳаракат қилса, улгурса бўлади!
- Фарзандларингиз ҳаммалари ўғил, келажакда қандай қайнона бўлишингиз мумкин?
- Яхши қайнона бўламан! Ҳозирдан шундай дейман! (кулади) Яхши бўлсам, улар ҳам яхши бўлишади! Яхши қайнона, деганда, янги келинни бошидан тарбиялаб, ўз оилангиз муҳитига ўргатишингиз керак! Чунки, бегона оиланинг фарзанди, сизнинг уйингизда худди осмондан тушгандек бўлиб қолади. Ўзим ҳам, келин бўлганман, тушунаман. Бошқа муҳитга келиб қолгандан кейин, келинга ўргатиш керак, “бизнинг хонадонда мана бундай бўлади”, деб тушунтириш керак. Бирор нарсани билмас экан, деб уришишни бошласангиз, жанжалга айланиб, кетаверади. Унинг ўрнига оилангизнинг қонун-қоидаларига ўргатиш керак. Ҳеч ким она қорнидан ҳамма нарсани ўрганиб туғилмайди.
- Қўшиқларингиз ичида, ўз дардингиздан яралган қўшиқлар борми?
- Йўқ! Аммо, ўзбек оилаларида бўлган, халқнинг ичидан олиб, юз берган баъзи ҳолатлар, воқеаларни, халқ кўнглига қараб, куйлаганман.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
"Тасвир" газетасида чоп этилган