FATTOHHON.COM
« Все новостиМаданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда, Ёшлар маданият ва санъат маркази томонидан 18 февраль куни соат 19.00 да “Назм ва наво” кечаси концерт дастури ўтказилди.
Мазкур концерт миллий эстрада ва мақом санъати анъаналарини янада ривожлантириш, асраб-авайлаб ёш авлодга етказиш, санъат ихлосмандлари орасида тарғиб этиш ва оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.
Концерт дастурини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов ҳамда, актриса Дилноза Кубаева олиб боришди.
Концерт дастури бошланиши олдидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, ўз фикрларини баён этди.
Дастурни Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов раҳбарлигидаги, Юнус Ражабий номидаги "Мақом” ансамбли Алишер Навоий ғазали билан “Сумбули пурчуммидур” қўшиғи билан бошлаб беришди.
Концерт дастури давомида Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоларининг ҳам чиқишлари бўлиб ўтди.
Дастур давомида санъаткорлар Алишер Навоий ва Бобур ғазалларини куйга солиб, яратилган қўшиқлардан куйладилар.
Жумладан, Ўзбекистон Халқ артисти Замира Суюнова Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазали билан “Сенсиз мушкулдур”,
Ўзбекистон Халқ артисти Матлуба Дадабоева Алишер Навоий ғазали билан “Гулзорим”,
Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева Алишер Навоий ғазали билан “Ушшоқ”,
Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазали билан “Бошдин яна” қўшиғини,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев Алишер Навоий ғазали билан “Кимда бор”,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Файз Алишер Навоий ғазали билан “Оввора мен”,
Санъаткор Отабек Муҳаммад Зоҳид Алишер Навоий ғазали билан “Тараххум қилмадинг” қўшиғини,
“Ниҳол” мукофоти совриндори Малика Эгамбердиева Алишер Навоий ғазали билан “Қолмасун” қўшиғини,
Хонанда Баҳром Назаров Алишер Навоий ғазали билан "Ё раб" қўшиғини,
ҳамда Ўзбекистон Халқ артист Гулсанам Мамазоитова Алишер Навоий ғазали билан “Келгай” ва бошқалар...
Концертда “Наврўз” ашула ва рақс ансамбли раққосалари иштирок этишди.
Мусиқа, қўшиқ инсон онги ва қалбига таъсир этиб, уни юқори мақсадлар сари илҳомлантирадиган, эзгуликка ундайдиган куч бўлиб, миллий мумтоз мусиқамиз, қўшиқларимизда инсон руҳияти, маънавиятига ижобий таъсир ўтказишдек қудрат мужассам. Миллий мумтоз адабиётимизнинг дурдоналаридан яратилган мумтоз куй ва қўшиқларимиздан тузилган бундай концерт дастурлари, келажак авлод ёшлар қалбида, буюк маданиятимиз ва санъатимиздан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлайди!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Сардор Азимовга
миннатдорчилик билдирамиз