FATTOHHON.COM

« Все новости

"ҚУДАЖОНЛАР"! "СОВЧИЛАР АГЕНТЛИГИ" 13.04.2012 07:30

 5 март соат 18.00 да Алишер Навоий (собиқ Панорама) киносаройида "Қудажонлар" бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

 

Премьера бошланишидан олдин киносарой эшиги ёнида, баъзи фильмлар премьерасида анъана бўлгандек, карнайчи-сурнайчилар гуруҳи, атрофни карнай-сурнай наволарига тўлдирдилар.

Фильм продюсери ва бадиий раҳбари Саида Раметова ва ўғли актёр, хонанда Азиз Раметов, премьерага келган томошабинлардан табрикларни қабул қилиб, баъзи меҳмонларни шахсан ўзлари ичкари кинозалга кузатиб ҳам қўйдилар.

 

Премьерани актёр Фатхулла Маъсудов очиб берди.

Ижодкорлар таништирувидан олдин хонанда Ҳосила Раҳимова "Ўтов" қўшиғини ижро этди. Қўшиқ вақтида ҳамма премьерага келган таниқли санъаткорлар ва актриса Саида Раметованинг ўзи ҳам берилиб рақсга тушишди.

Киноижодкорлар саҳнага таклиф қилинганда, актёрлар қўлида гул билан чиқишиб, саҳнада аёлларга тақдим этиб, байрам билан табриклашди.

Фильм продюсери, ғоя муаллифи ва бадиий раҳбари Саида Раметова

Фильм постановкачи режиссёрлари: Александ Гамиров, Валижон Умаров

Потановкачи оператор: Хушнуд Ғаниев

Ролларда: Саида Раметова, Азиз Раметов, Жумадилла Раметов, Дилбар Икромова, Алия Тулпанова, Ботир Муҳаммаджонов, Маҳфуза Боботиллаева, Абдураим Абдуваҳобов, Муяссар Бердиқулова, Беҳзод Муҳаммадкаримов, Зуҳра Ашурова, Фатхулла Маъсудов, Ҳамид Тошпўлатов, Вазира Юнусова, Меҳриддин Раҳматов, Гулчеҳра Носирова, Жамила Ғофурова, Мадина Мумтоз, Севара Ҳамроқулова

 

Фильм намойиши олдидан, Саида Раметова саҳнада барча томошабин аёлларни 8-март аёллар байрами билан табриклади.

 

Фильм актриса Саида Раметованинг тўй-ҳашамларда, одамлар орасида, кўрган-кечирганлари асосида, комедия жанрида суратга олинган бўлиб, унда азалий мавзу, қуда-андачилик, ўғил уйлантириш ва қиз узатиш каби анъаналар, қизиқарли комедия тарзда кўрсатиб берилган. Фильм бош қаҳрамони Саида Раметова ёлғиз ўғлини уйлантириш ниятида, ўғил эса ўзи севиб қолган қизникига совчиликка боришга ундайди. Саида Раметовага ҳам қуда тараф маъқул, лекин қизнинг бувиси, унинг молпарастликка, бўлажак қуданинг молу давлатига қизиқишини кўриб, рамзий маънода "касалсиз" деб, рад этади. Шундан сўнг, фильм воқеаларининг асосий қисми бошланади. Нима қилиб бўлмасин, ўз ўғлини бадавлат хонадон қизига уйлантириш истагидаги бу она, "Совчилар агентлиги"га мурожаат қилади ва шу тарзда унинг "саргузашт"лари бошланади. Агентлик ходимаси ҳам, бу аёлнинг ўғлига ёрдам қилиш истагида, аёлни турли хонадонларга "қиз бор" деб, жўнатади. Аёл у ерларда тавбасига таяниб, ўғлининг кўнглига қарамай хато қилганлигини, аслида бахт молу дунёда эмас, оддий инсоний муҳаббатда эканлигини англаб етади.

 

Фильмда баъзи эпизодларда юмор томонлама бироз ошириб юбориш ҳоллари кузатилган бўлса ҳам, улар орқали молпарастлик иллати танқид остига олинган.

Фильмда комедик топилмаларга кенг ўрин берилган, актёрлар импровизацияси ҳам ўз ўрнида ишлатилган. Фильм динамика ва юморга бой.

Фильмда миллий қадриятларга алоҳида аҳамият берилган. Шунигдек, инсон қаерда яшамасин, барибир ўз она юрти фарзанди эканлигини, ўз тилини унутмаслиги, ҳамда ўз юрти анъаналарига риоя қилиши кераклигига урғу бериб ўтилган.

 

premeraqudajonlar26.jpg

 

Фильмга актёрлар ансамбли жуда мос танланган, лекин актрисалар Саида Раметова, Маҳфуза Боботиллаева, ҳамда актёр Азиз Раметовларнинг ижроси бошқаларникидан кучли эканлиги билиниб турибди.

Фильмдаги топилмалардан бири, қушлар билан боғлиқ эпизод бўлиб, фильм ижодкорлари бу эпизод орқали "қушнинг ҳам уйи бузилмасин" деб ишора қилишлари, ҳамда шу билан бирга фарзандларни, ёшларни қушларга қиёслашлари, рамзий маънода жуда ҳам маъноли чиққан, назаримда.

Юз марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал дейилганидек, фильм ҳозирда "Алишер Навоий" киносаройида намойиш этилмоқда!

Саида Вахобова тайёрлади

premeraqudajonlar27.jpg